text
stringlengths
1
1.49M
timestamp
stringlengths
9
10
source
stringlengths
21
684
Агата Мери Кларисса Миллер 1890 йилда Англияда таваллуд топган. Болалигида жуда уятчан қизалоқ бўлган. Катта акаси ва опаси бирга ўйнашар, Агата эса ўз тасаввуридаги қаҳрамонлар билан ёлғиз қолишни ёқтирарди. Мактабда ҳам аълога ўқимасди, жуда тортинчоқ эди. XIX-XX асрларда қизларни кўпроқ турмушга узатишга тайёрлашар, мусиқа, рақс, қўл меҳнати каби ҳунарларга ўқитишарди. Агата Кристи умрининг охиригача қўпол имло хатоларига йўл қўйган: шунгa қарамай бу адибанинг ижодий карьерасига соя солмаган. Қиз яхши куйлар, аммо уятчанлиги туфайли омма қаршисига чиқишга чўчирди. Тортинчоқ ва одамовилиги ҳам унинг келажагига рахна сололмади, тақдир унга кутилмаган туҳфалар тайёрлаб қўйганди. Биринчи жаҳон урушига қадар ёш Агата тез тез инглиз аристократлари доирасидаги кечаларга бориб турарди. Париж пансионатида ўқиш давомида қизнинг ўзига бўлган ишончи ортди, ташқи кўриниши ҳам ёқимли эди. Шундай кечалардан бирида қироллик лейтенанти Арчибалд Кристининг нигоҳи Агатага тушгани ҳам бежиз эмас. Бу туйғулар ўткинчи эмасди. Ёшлар тез орада унаштирилдилар, тўйни ҳам узоқ чўзишмади, сабаби Арчи тез орада урушга жўнаши лозим эди, Агата эса Лондонда қолишга мажбур бўлди. Келин-куёв висолга тўймай туриб, айрилдилар. Агата ҳам чалғиш ва маъсулиятни ҳис этган ҳолда ҳарбий госпиталда ишлай бошлади. Илк марта хаёлида туғилган ҳикояларни шу ерда ёзиб қўядиган бўлди. Кун давомида дори дармон ва жароҳатлар билан тўқнашиш туфайли унинг қотиллик ҳақдаги асарлари дунёга кела бошлади. Машҳур Эркюль Пуаро номли қаҳрамон ҳам шу асно яратилди. Агата унинг ташқи кўринишини ифодалар экан, уни кўчада кўриб қолган реал шахсга қараб яратди, у Белгия қочоқларидан бири эди. Орадан вақт ўтиб, Арчибалд урушдан қайтди ва оиласини боқиш учун тадбиркорлик қилишга уриниб кўрди. Агата унга қиз фарзанд туҳфа қилди, унга Розалинда деб исм қўйишди. Лекин улар яшайдиган хонадон оила учун торлик қиларди. Тадбиркорлик ишлари ҳам юришмади. Шундай моддий қийинчиликлар даврида эри Агатага ҳазиллашиб деди: “Ёзганларингни чиқариб кўрамизми?” Шундан сўнг Агата ёзувчи бўлишга уриниб кўрди. Аммо “Стайлздаги сирли ҳодиса” асарини олтида нашриёт рад қилди. Арчи уни еттинчи нашриётга олиб боришга ундади… Ҳа, Арчи ҳақ экан: романни чоп этишди, ҳатто 25 инглиз фунтида гонорар ҳам беришди. “Энди сен бойиб кетасан”, деди Арчи ишонч билан. Агата ҳам илк китоби чиққанидан сўнг ижодкорликни хобби эмас, касб қилишга аҳд қилди. Олти йил давомида, яъни 1920-26 йилларда Агатанинг олтита романи чоп қилинди. Пуаро образи эса машҳурликда Шерлок Холмс даражасига етай деди. Агата ва эри ижара муаммосидан қутилиб, шаҳардан шахсий уй ҳарид қилишди, ҳатто машинали бўлишди. Ҳаётининг ёруғ кунлари узоққа чўзилмади. Аввалига Агатанинг онаси вафот этди. Бунга кўникишга улгурмай туриб, яна бир бахтсизлик юз берди. Арчибалд Кристи бошқасини севиб қолганини маъқул қилди: голф ўйинидаги шеригини… Жанжал чиқди. Арчи эшикни зарб билан ёпиб чиқиб кетди ва тонгда қайтди. Аммо хонадон бўм бўш эди: Агата хат ташлаб кетганди. У машинада Йоркширга кетганини ёзган эди. Рафиқасининг ортидан борган Арчи фақат бузилган автомобил билан тўқнашди. Адиба йўқолиб қолганди, оилавий жанжал криминал жараёнга айланди. Бу пайтда Агата Кристи Англияда номдор ёзувчи эди, уни қидириш ишларига маҳаллий полиция аралашди, 15 минг киши эса кўнгилли сифатида қидирув ишларида қатнашди. Албатта, биринчи гумон бу бевафо эрда эди, бироқ Кристининг чиндан ҳам бунга алоқаси йўқ экан. Орадан ўн кун ўтди. Агатани санаториядан топишди. Шу вақтга қадар аёл бу ерда физиотерапия муолажалари олар, фортопиано чалар, умуман вақтини чоғ ўтказарди. Бироқ энг ғалатиси шунда эдики, адиба бу ерга Тереза Нил исми билан рўйҳатдан ўтганди. Тереза – эрининг маъшуқаси эди. Икки йил ўтиб у Арчибалд билан ажрашди. У ўз қарори борасида умирининг охиригача ҳеч қандай изоҳ бермади. Бир ишончли журналистга Агата ҳеч нимани эслай олмаслигини айтганди, шу тариқа унда амнезия бошланди. Агата Кристининг вафотидан сўнг британиялик олимлар унинг охирги қораламаларини кўздан кечириб, у Альцгеймер ҳасталигига дучор бўлганини аниқланди. Аммо унинг набираси Метью Причарднинг фикрича, бу шунчаки миш-мишлар. “Мен бувимнинг йўқолиб қолганини ўзим билан ҳам, онам билан ҳам, бошқа одамлар билан ҳам муҳокама қилмаганман, баъзан одамлар ўзларини ўта бахтсиз ҳис қилганларида ғалати ишлар қилишади”, дейди у. “Фақат бир гапни айтишим мумкин: бувим омма эътиборини тортиш учун ҳаракат қилмасди: ўзига ҳам, китобларига ҳам. Ўша пайтда у жудаям ғамгин бўлган ва унинг ўрнида бошқа одам бўлганда ҳам узоқларга кетиб қолган бўларди”. Бахтсизликдан ҳалос бўлиш учун Агата ишлаш ва саёҳат қилишга қарор қилди. У Шарқ экспресси поездига чипта сотиб олди ва Боғдодга йўл олди. Айнан ўша ерда, Ироқда, адиба архитектор Макс Маллоуэнни учратди. Макс қадимий шаҳарни таништириш учун унга гид бўлиб ёлланганди. Бутун мавсум давомида у ёнида бўлди: мамлакатни таништирди, қадимий цивилизация тарихи ҳақда сўзлаб берди, ҳатто топилган бош суякларини ҳам кўрсатди. “Ўшанда мен бунинг оқибати қандай тугаши ҳақда кўп ўйлардим. Макс жуда ажойиб инсон эди. Шунчалик хотиржамки, юпатишга шошилмасди. У гапдан кўра амалда ўрнак эди. Керакли ишни қилар, бу эса тўғри танлов бўларди”, деб ёзганди Агата ўз биографиясида. Хуллас, мавсум тугагач, археолог уни Англияга кузатиб қўядиган бўлди. Кейин эса аёлнинг қўлини сўради. Агата ҳам йигитни севиб қолганди, бироқ турмуш қуриш таклифини дарҳол қабул қилмади. У оила қуришдан чўчир, аввалги хатосини такрорлашни истамасди. Бунинг устига уларнинг ёшида катта фарқ бор эди: Макс 25да, Агата эса 40 ёшга кирганди! Ўртадаги ўн беш йилга қарамай, туйғулар кучли келди, улар муносабатларини никоҳ билан мустаҳкамлашга қарор қилишди. Агата энди бу ришталарни яширмай, ҳазил қила бошлади: аёлнинг ёши қанчалик улуғ бўлса, археологга шунчалик қадрли бўлади. Уларнинг турмуши бахтли кечди. Макс ва Агата биргаликда яқин Шарқни кезиб чиқишди, адиба сафар давомида кўплаб детективларини қоғозга туширди. Улар умр сўнггигача бахтиёр яшашди. Агата Кристи 1976 йил, 85 ёшида вафот этди. Икки ўтиб ўтиб Макс ҳам у дунёга риҳлат қилди. Адибанинг вафотидан сўнг Эркюл Пуаро ҳақдаги сўнгги романи ва автобиографияси нашр қилинди. “Яратган эгам, эзгуликка тўла умр ва менга берилган меҳр муҳаббат учун сенга ташаккур”, деб туганганди у сўнгги қораламаларини. Кристининг 60 та детектив романи, 6 та психологик романи, 19 та ҳикоялар тўплами нашр қилинган. Барча китоблари 4 млрд.дан ортиқ ададда дунёнинг юзлаб тилларига таржима қилиниб сотилган. Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.
2019-10-17
http://nodirabegim.uz/archives/949
Инсон умрининг йиллари фасллар монанд ўтиб борар экан, узоқ хотиралар қатидаги ноқис туйғулар ҳам, энг инжа ҳислар ҳам унутилиб боради. Доғу қишнинг аччиқ изғиринлари бағрида бош кўтарган бойчечакларни кўрганингизда буни баҳорнинг илк муждаси ўлароқ қабул этасиз, кейин бинафшалар, лолалар, лолақизғалдоқлар бош кўтаради ва баҳорнинг бутун тароватини бошқа кўплаб гуллар ила қалбингиз оҳангларига муҳрлайди. Ҳар гал баҳор келганда, табиатнинг бу зебо нуқси кўнгилни болалик даврларидаги энг нажиб чоғлар каби хушнуд этаркан, фонийлик чақириғининг бу гўзаллик ва нафосат ичида илғамай ўтказиб юборасиз. Ёз келганда гуллар даври баҳор каби унут бўлади, яшиллик чачвонини ёйиб июнь кириб келар экан, баҳор дарахтларини шохларидаги гуллар мевага айланганини шоҳиди бўласиз, энди бизни на бойчечаклар, на бинафшалар, лолаю лолақизғалдоқлар ҳайратга солмайди, улар аллақачон гуллаб битади, эҳтимол келгуси йил учун ўзидан нишон қолдириб кечагина хотираларимизни ҳаёжонган солган лаҳзалар билан бирга ёдимиз лавҳидан ғойиб бўлади. Аммо агар эътибор қилсангиз баҳор гуллари ўрнини энди ёз гуллари эгаллайди. Буни одамлардан ҳам кўра, нектар йиғадиган арилар эҳтимол кўпроқ сезса керак. Алоҳа бу ёз гуллари бағрида қанот қоқиб юрган рангин капалаклар ҳаётнинг бу мунаққиш лаҳзаларини эҳтимол кўпроқ ҳис этар. Яратганнинг инояти билан нозик эстетик ҳиссиётларимиз замирида гўзалликни англашга бўлган онг сфераларимизда ёз гулларининг нигоран жозибаси инъикос этаркан, биз табиатнинг бу кўҳлик ва зебонишин салоҳиятидан ҳайратга тушамиз. Ҳар гал ёз келганда, мен таътил олиб Китобга, Оқсувдарё бўйидаги муаззин манзилларга умрнинг ажиб лаҳзаларини ўтказиш учун қайтарканман, табиатнинг ироник музайянлигидан қайта ва қайта нафосат туйғуларини ҳис қиламан. Бу ҳиссиётлар назмимда ҳеч шубҳасиз ёз гуллари билан ҳам бевосита боғлиқ. Қуёшли кунларда дарё соҳиллари бўйлаб гуллаб ётадиган караҳиндибалар кўкдаги адашига тақлид ўлароқ миллионлаб сариқ қуёшчалар каби порларкан, бундан баҳри дилингиз очилади. Караҳиндибалар эса мутлақо жой танламасдан ёзнинг бошидан шунчалик қийғос гуллайдики, сиз уларни дарё соҳилларида, яйдоқ ялангликларда, тоғларда, ўрмонда, шаҳарда, ҳамма жойда кўришингиз мумкин. Улар тошлар орасидан, асфальтларни ёриб, бино ғиштларининг жимитдек келадиган ёриқларида чангу-ғуборлар иниб ёмғир сувлари тушиши натижасида маълум тупроқ қатламига айланган жойларни ҳам ўсиш учун бир имкон деб биладилар. Халқ тилида момақаймоқ деб аталувчи бу гуллар «Asteraceae» оиласига мансуб, баландлиги 10-30 см бўлган кўп йиллик ўт ўсимлик бўлиб, унинг илдизи нисбатан йўғон, илдиз бўғзи тукли, камроқ силлиқ кўринишда ҳам табиатда учрайди. Момақаймоқлар таркибида фосфор тузлари, кальций, калий ва темир моддалари кўплигини илмий таҳлиллар аллақачон исботлаган. Мен онамнинг караҳиндиба гулларини йиғиб сояда қуритганларини ва заминни қорлар қоплаган совуқ кечаларида иссиқ печка ёнида ундан дамлама тайёрлаб ичганларини кўрганман. Шундан мен буни жуда фойдали гиёҳ эканлигига ишончим комил. Лекин буни онамдан нима учун ичилишини ҳеч қачон сўрамаганман, халқ табобатидан ҳам уни махсус ўқиб-ўрганиб кўрмаганман. Узоқ тоғли қишлоқларда караҳиндибалардан қизлар гулчамбар тўқиб сочларига тақадилар, бу гўзал ва нафис тоғ қизларининг чиройига ўзгача латофат бағишлайди. Инсоннинг табиат билан узвийлигини, унинг гўзаллик билан боғлиқ эстетик ҳисларининг меҳвари сарвари коинотни табиат деб аталмиш манбаси билан қанчалар чамбарчас боғлиқлигини шу каби хусусий ҳолатлар одамнинг кўнглига солса ажаб эмас. Ёзнинг тароватли тонгларида Оқсув бўйидаги соҳиллар бўйлаб очилган караҳиндибаларга қарарканман, исканаликлар қоқигуллар деб атайдиган бу ёз гулларининг нафосатига чўмиб, ажойиб инглиз шоири Фрэнсис Томпсон (1859-1907)нинг «Момақаймоқ» ҳақида ёзган бетакрор шеърини эслаб завқланаман. Oh, there were flowers in Storrington On the turf and on the spray; But the sweetest flower on Sussex hills Was the Daisy-flower that day! «Daisy» инглиз тилида «Момақаймоқ» ҳа, караҳиндиба, қоқигул, ёки қоқиўт, аммо у ажнабий тилда жуда гўзал ва нафис янграйдиган ва кенг тарқалган қиз номини ҳам билдиришини айтиб ўтмоқ жоиз. Мен Фрэнсис Томпсоннинг биографиясини яхши билмайман, унинг Дэйзи исмли қизга ошиқми-йўқми хабарсизман, аммо унинг бу ажойиб шеърида бунга шундай нафис ишоралар борки, шоир илҳомида нажиб ҳисларини бир-бир хотирларкан, қачонлардир, Сторрингтонда очилиб ётган турфа гуллар ичидан Сассекс тепалигидаги энг дилга хуш келадиган гул — «Daisy»(«Момақаймоқ») эканлигини таъкидлайди. Эҳтимол, у шу гул тимсолида ёшликдаги муҳаббатини хотирлаётгандир, ким билсин, ахир орадан қанча даврлар ўтиб кетди. Мен эса, Сассекс тепалигидан жуда йироқда бўлган, аммо худди ўша ердагидек гўзал ва оромижон Оқсув бўйида ўтириб, юз йиллардан кейин шоирнинг шеърларини ўзимнинг дақиқ туйғуларим билан қиёслаяпман, уни Дэйзи деган қизга битганмикан деб ўйлаяпман. Ф.Томпсоннинг ўша шеърида: «The sea’s eye had a mist on it» деган ғаройиб мисра бор, бу денгизнинг кўзида туман бор эди, деган маънони ифодалайди. Ҳа, энди орадан шунча йиллар ўтди, шоир ўтиб кетган, ҳадемай биз ҳам ўтиб кетамиз, лекин она замин мавжуд бўлса, денгизларнинг юзида туманлар қолади. Баҳор ва ёзнинг ғаройиб гули бўлган момақаймоқлар Фрэнсис Томпсон каби, Шерзод Комил Халил сингари яна қанчалаб келажак шоирларини ҳайратга солади, уларнинг кўнглида шеър ҳиссини, адабиёт жозибасини уйғотади. Караҳиндибалар ҳақида ўйлаганимда мен уларни нафақат Оқсув бўйида, Искана даштларида, Сўқори тоғларида, ҳаётимнинг йигирма йили ўтган Тошкентнинг сўлим боғларида, ҳатто қуюқ дарахтлар қуршовидаги ёзувчилар шаҳарчаси Переделкинода, батаҳқиқ мен гоҳи ёлғизлик ва умидсизлик надоматлари ичида кезадиганим — Москва дарёси соҳилларидаги дарахтзорлар ва майсазорларда ҳам бирдек кўп ва хўб ўсишларини хотирам қатидан чиқариб юборолмайман. Момақаймоқлар сингари ёз гуллари ҳақида одам нажиб хотираларга берилганда, яна кўплаб ёз гуллари хаёлинг меҳварида айланадики, уларнинг пушти, зарғалдоқ, мовий кўк рангли, алвон, тўқ қизил, бинафшасимон тажаллийси ва яна кўплаб табиат ато этган сирли-синоатли рангларга эга эстетик нафосат бахш этилган гуллар хаёлингга келадики, надомат билан уларни барчасининг ҳам номларини билмаслигингдан пушмон бўласан. Атрофимиздаги цивилизация ва технологик тараққиёт ривожланиб борган сари одамзод табиатдан айри тушиб, ўз муддаолари ва тирикчилиги ғамида она заминнинг ҳайратлари ва мўъжизалари бўлган ёз гулларини пайқамай ўтиб кетади. Энди қизларга гуллар эмас, кўпроқ пул муҳим, муҳаббатнинг романтик туйғуларида табиатнинг бу каби инжа нафосатини ҳашамат ва қулайликлар, қимматбаҳо машиналар ва ресторанлар шукуҳи босиб кетади. Одам кўнгли, унинг ёз гуллари каби куз келиши билан қовжираб сўладиган қисқа умри, худди китоблар каби энг тийрак нигоҳли қизларга ҳам эриш туюлади. Аммо кўнгли ўлмаган одам, хушбўй нозбўйларни, бетакрор қизил настурцияларни, кўк осмон рангидаги васелик гулларини, алиссумнинг оқ, бинафшаранг кичкина чечакларини, декоратив тўқ сариқ календулаларни, айниқса нафис гулғунча очадиган сиёҳранг петунияларни, гултожихўрозга ўхшаб кетадиган аммо у каби осмонга бўй чўзиб эмас, ерлаб ҳокисоргина ўсадиган қизил гулли сальвияларни, майсалар устига тушадиган енгил оқ қор каби таъассурот берадиган лобелия гулларини, оқ гуллари қатида сариқ қуёш каби меҳварга эга, аммо сочадиган нурлари бинафша ранг каби оқ гулларига ғаройиб чизиқ каби чизилган виолаларни, оч бинафшаранг тукли ёввойи фаселияларни, виолани эслатадиган аммо оқ гулбаргларида сариқ меҳвар доира шаклида қоплаган лимнантес дуглас гулини, пуштитоб оқиш чирмовуқгулларни, игнабаргли пояга эга ғоройиб оч кўк рангда гуллайдиган нигеллани, бизлар маҳаллий халқ тилида номозшомгул деб атайдиган мирабилисларни қандай унутиши мумкин?! Мирабилиснинг қора уруғлари пишиб етилган вақтлари биз болалигимизда уларни кейинги йилда гулзоримизга экиш учун эринмай ерга тўкилгандагина пишиб етилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиб йиғиб олардик. Мирабилис очилганда шом капалаги келиб ундан нектар йиғарди. Ой чиқиб, қоронғулик бостириб келаркан, катталар арвоҳ капалак ҳақида сўзлаб юрагимизга ғулғула соларди. Биз мирабилис гулларидан нектар йиғаётган олачипор оқ кулранг шом капалагини арвоҳ капалак деб ўйлардик. Оқсув бўйидан тунда учиб келадиган хира пашшалардан буткул ҳимояланиш учун деразаларга тўр тутиб ёки уларни буткул ёпаётганимизда уйдаги электр чироғи ёруғлигига интилиб учиб келадиган катта капалаклар келганда биз болалар мирабилис гулидан нектар йиғадиган шом капалаги билан бу капалакларни солиштирардик ва арвоҳкапалак ҳақидаги баҳсларимизни давом эттирардик. Маҳаллий халқ тунда учиб келадиган капалакларни «шапалак» аксинча кундузги ёз гулларидан баҳраманд бўладиган бу эстетик гўзаллик шоҳидларини эса чинакам капалак деб ҳисоблашарди. Шапалаклардан фарқли ўлароқ капалаклар Яратганнинг эстетик яратиқлари бўлган ёз гулларига кўпроқ ошуфта экан, биз уларни атрофимиздаги қизлар билан солиштириб, рамзий қиёслар қиламиз. Капалаклар гулларга, шапалаклар эса тунги электр чироққа ошуфталигини назарда тутарканмиз, сунъий яратиқ билан табиий яратиққа ошуфталикни назардан қочира олмаймиз. Алалхусус, одамзод яратган қимматбаҳо ҳашаматларга ўч қизлар тунги чироққа ошуфта шапалакларни эслатмайдими? Табиатнинг чинакам ижоди бўлган ёз гулларига ошуфта камёб қизлар-чи, улар сизга ҳам капалакларни эслатадими?! Рамзлар ва қиёсларга мурожаат қилсак эслатади албатта. Аммо мен Переделкинодаги ёзувчилар уйида ёзув столимда ўтирганча, бадиият ва тафаккур муроқабаларига бериларканман, ёз гуллари ҳақида буларни эмас, билъакс ўзгача туйғуларни хотирлайман. Ҳа, биз одатда баҳор гулларини эслаймиз, қайси гул, қачон гуллашигача кузатганмиз, кўнглимиз баҳорга ошуфта бўлгани учун бу фаслда рўй берадиган ҳар бир он, ҳар бир фурсатни юракда сақланиб қоладиган алоҳида этюдлари билан эслаб қоламиз. Мен Москвада — Нагатинский бульварида ўн бешинчи мартда совуқ қорлар бағрини ёриб чиққан оқ гулли бойчечакни кўргандим, аммо яхши эслайманки, сариқ гулли бойчечаклар болалигим ўтган Исканадаги боғимизда февралдаёқ чириган хазон япроқлари остидан бош кўтарарди. Худди шундай хотира этюдлари ҳаммамизда ҳам бинафшалар билан, лолалар билан, лолақизғалдоқлар билан ҳам бор десам муболаға қилмаган бўламан. Бироқ ёз гуллари билан хотиралар ва алоҳида кузатувлар батаҳқиқ кам бўлса ажаб эмас. Инсон умри давомида бу худди биринчи муҳаббатни эслаб қолишга ўхшайди. Баъзан уни фақат шунчаки кўргансиз, ҳатто унга севаман деб айтмагансиз, ёки у сизни рад этган, бироқ шу ҳис, шу туйғу қалбингизда абадий яшайди, уни унута олмайсиз, ўқтин-ўқтин йиллар қатидан бу ҳис билан боғлиқ туйғулар ўша бойчечаклар ва бинафшалар каби потраб чиқаверади. Аммо ҳаётингизда кейин учраган, эҳтимол умр йўлдош бўлган, ардоқли дўст бўлган қарама-қарши жинс ореинтацияларига нисбатан муҳимлик туйғуси биз номини ҳам билмайдиган ва уларга кўп ҳам эътибор қилавермайдиган ёз гуллари каби хотираларимиз қатида чуқур муҳрланмаслиги одамни ғалати ҳолга солади. Куз келиб қовжираб сўлган ёз гуллари хазон фаслни юзимизга сочганида эҳтимол биз гул фаслдан йироққа тушганимизни бу жудоликни бутун фожеаси билан англармиз, ё ўшанда ҳам биринчи муҳаббатимизни хотирласак керак ажабо! Шундай паллаларда бир таважжуҳ юрагингни ғижимлайди: ахир баҳор ўтиб кетган, ҳаётимизда кейинчалик учраган кўплаб ажойиб аёллар ёз гуллари каби нега унутилишга маҳкум?! Нега бу бешафқат қисмат ёз гулларини эмас, билъакс, худди илк муҳаббат каби баҳор гулларини ёдимизга солаверади?! Бу синоатга тўла саволларга менда айтарли жавоб йўқ. Куз аллақачон келган, ёз гуллари эса батаҳқиқ хазонга дўниб бормоқда. Хўш, сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?! 2022. Москва-Переделкино.
2022-03-10
http://nodirabegim.uz/archives/4896
Болалигимда овсар бўри ва эпчил қуённинг саргузаштларига бағишланган “Сеними, шошмай тур!” деб номланган кўп қисмли, машҳур мультфильм телеканалларда кўп айланарди. Ана ўша мультфильмнинг қайсидир қисмида кадр ортида рус қўшиқчиси Юрий Антоновнинг “денгиз, денгиз, бошпанасизлар олами” деб бошланадиган хониши янграр, кадрда эса овлоқдаги денгиз соҳили ва бир абгор ҳолдаги рамақижон мўйсафид намоён бўларди. Бир пасдан сўнг балиқ учун ташланган чолнинг қармоғига ичига қўлёзма солиниб, ташқаридан маҳкам беркитилган шиша идиш илинар ва буни мурғак вужудим ўша кезлари бир мўъжизадек қабул қиларди. Кейин болалигимга борибми ёки ростдан мўъжизаларга ишонибми, кўпинча мактабдан қайтгач, юқоридаги мультфильм таъсирида уйимизнинг орқа тарафидан оқиб ўтган сой олдига шошардим. У ерда отам ясаб берган ва учига чувалчанг қадалган қўлбола қармоқни сой тубига ташлаб, кунни кеч қилардим. Сой четидаги ажриқлар устига узоқ вақт чўк тушганча тоқат қилиб, чурқ этмай ўтирсам-да, бахтга қарши унга ғайриоддий нарса тугул итбалиқ ҳам илинмасди. Буни хазм қила олмай энсам қотганча қармоқни қайта-қайта унинг тубига отар, чувалчангларни янгилар, омадим келар деб турган жойимни ўзгартирардим. Зерикиб кетсам-да сабр қилиб, ўлжа илинжида тишимни тишимга босиб, кутишда давом этардим. Бу болалик хотираларим ичидаги энг ажабтовури эди. Яқинда Қора денгизнинг кўп асрлик жозибаси ва тилларда достон бўлган маҳобатини кўриш шарафига муяссар бўлганимда ҳам турли туман хотираларим қатидан ушбу- бир қадар кулгули, бир қадар ачинарли хотира ажралиб чиқди-да, дам ўтмай вужудимни эгаллаб олди. Хиёл жилмайдим, ҳам кўнглим бузилди. Бошқа томондан яна ўша тўққиз яшар болакайга айланиб қолгим келди. Буни чунонам истадимки, ўзим қўнган меҳмонхонанинг сергап эшик оғасига илтимос қилиб қаердандир қармоқ буюртма қилдирдим. Уни қўлимга олгач, шаталоқ отиб соҳил томонга чопдим. Ҳансираб бориб, нафасимни ростлаб-ростламай уни денгизга ташладим. Кўкдаги зич жойлашган тимқора булутлар сабаб ёмғир ёғиши эҳтимоли ортгани учун шекилли соҳил чўмилиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадида тўпланадиган сон-саноқсиз, ярим яланғоч шинавандаларсиз ҳувиллаб ётарди. Денгиз ўтган кунлардан фарқли равишда нотинч, тўлқинлари гўё от каби пишқириб қирғоққа қаттиқ уриларди. Ташлаган қармоғимни у ҳар гал қирғоққа суриб юборар, мен эса қайсарлик қилиб уни бор кучим билан у томонга қайта отардим. Чамаси беш ёки олтинчи марта қармоқни суриб юборганида, унга нимадир илингани диққатимни тортди. Чунки қармоқ оғирлашди. Оғирлашганини дарров қўлим ҳис қилди. Уни авайлаб ўзим томонга тортдим. Ҳаяжонланганимдан бурун катакларим кенгайиб, каттароқ балиқ илинган бўлса у билан мақтаниб суратга тушишга ва уни ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаштиришга зоҳиран тараддуд кўра бошладим. Бироқ, илинган нарса балиқ эмасди. Бу кичкинагина, занг босган темир қутича эди. У маҳкам ва зичлаб беркитилган бўлиб, ўртасида қотиб, пўпанак босиб кетган денгиз ўтлари қуршовида алмисоқдан қолган қулф осилиб турарди. Қўлга киритилган ўлжам наздимда мўъжизанинг ўзгинаси эди. Айни лаҳзада ўзимни ўша мультфильмдаги балиқчи чолдан кам ҳайратланган сезмадим. Синчиклаб қаралганда ўрта асрларда бирорта зодагон ёки қароқчига тегишли бўлгани кўриниб турган қутини тезроқ очгим келди. Нафсим ҳакалак отиб, ичидан бирорта олтиндан ишланган буюм ёки тилла тангалар чиқса ажаб эмас, деган фикр тинчимни ўғирлади. Бошқа томондан уни соҳилнинг ўртасида очиш кўзимга хавфлидек туюлди. Бирорта маҳаллий кўзи ўйноқи турк ёки қизиқувчан ажнабий кўриб қолгудек бўлса, ўлжамга кўз олайтиришидан чўчидим. Шу сабаб уни қўлтиқлаб, пусганча соҳил четидаги қоялар томон юрдим. Уларнинг орасида хилват гўша бўлиб, у ерга баланд қояларнинг сояси тушиб турар, маҳаллий аҳолининг ҳам, сайёҳларнинг ҳам у томонга айтарли йўли тушмасди. Амаллаб манзилга етгач, қулфни дуч келган тош бўлаги билан уриб очдим. Унинг ичига сув сизиб кирмагани мени қойил қолдирган бўлса, ўзим кутган хазина ўрнига бир четида ётган револьвер хафсаламни пир қилди. У тахминан ўн саккиз-ўн тўққизинчи асрларда ишланган бўлиб, ранги ўчган, стволи уринган, темирдан ишланган қўндоғи занглаб кетганди. Хафсалам пир бўлса-да, уни яхши пулга аукционда сотишим, бирорта пули кўплигидан томи кетган аҳмоқ унга анчагина маблағ сарфлаши мумкинлиги бирдан кайфиятимни кўтариб юборди. Шу сабаб унга шоша-пиша қўл чўздим. Аммо қўл теккизишим билан гўё ток ургандек бўлди-да, кўзларимдан ўт чақнаб ортга тисарилдим. Унинг қўндоғида худди инсон юрагига ўхшаш нимадир ураётгандек дук-дук қиларди. -Бир кун келиб дардимни эшитадиган инсон боласини учратишимга ишонардим,- деди шу пайт қандайдир ингичка овоз теварак-атрофни тутиб. Мен тўрт томонимга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Алаҳсирамаяпманми ишқилиб, деб ўзимни чимчилаб кўрдим. Эс-ҳушим жойида эди. -Эй одам боласи,- деди бояги овоз яна ҳайратимга ҳайрат қўшиб.- Нега қўрқув ичидасан? Гапирадиган револьвер отиладиганидан хавфсизроқ-ку! Овоз қутидан келар, револьвер баайни одамдек сўзларди. Ногаҳон у жойини ўзгартириб бурилди-да, худди одамга ўхшаб керишди ва бир уриниш билан қутидан сакраб ташқарига чиқди. -Икки асрдан ошиқ давом этган сукунат бузилди,- деди кўзларим ола-кула бўлиб уни кузатаётганимга аҳамият бермай пинагини ҳам бузмасдан.-Сарвари оламга хамду-санолар бўлсин! У қоя устида худди одамдек бир-икки у ёқдан бу ёққа бориб келди. Орада денгиз томонга тикилиб, одамлардек бош қисмини қимирлатиб қўйди. -Бўйнимдаги шармисорликни икки асрдан бери кўтариб юрибман,- давом этди қутининг четига суянаркан энди бўғиқ овозда. Мен шилқ этиб чўккалаб қолдим. Қўлларим шалвираб икки ёнимга тушди. У менга парво қилмас, олисларга тикилгандек денгизнинг сарҳадсиз кенгликларидан кўз узмасди. -Аввалига ҳаммаси жойида эди. Герхард ота( у каминани ясаган уста) мени ясаб бўлгач, ташқи кўринишимга ишлов берди ва чиройли қилиб безатди. Артиб ва тозалаб, давлат хизматидаги бир олифта зобитга тутқазди. Зобит билан бошдан кечирмаган саргузаштларим қолмади ҳисоб. Қанчадан қанча тутқич бермас давлат жиноятчиларини, пихини ёрган қароқчиларни, ватанини сотган хоинларни, тадбирли жосусларни, кўзи қонга тўлган инқилобчиларни Тангри таолонинг ҳузурига жўнатдим. Зобит мени ўқласа ва нишонни тўғри олса кифоя эди. Пақ этиб отилардим ва мўлжалга олинган инсонни жонини олар, камдан кам ҳолларда ярадор қилардим. Тез орада зобит ҳам, мен ҳам машҳур бўлиб кетдик. Зобит билан биргаликда мақтов ва олқишларга сазовор бўлдим. Зобитдан ҳам кўра менинг омадим келгандек эди гўё. Бошимга бахт қуши қўнганини, энг яхши мерганнинг қўлида эканимни ҳис қилар, у билан янгидан янги саргузаштлар қаърига киприк қоқмай отилардим. Атрофдагилар ҳам кўпинча мени кўргиси келар, қўлларига олиб у ер-бу еримни кўздан кечиргач, ҳавас кўзлари билан зобитга қайтариб беришар ва унинг елкасига “офарин” дегандек қоқиб қўйишарди. Зобит мансуб бўлган армияда ҳам биринчи рақамли револьвер эдим. Бошқа револьверлар турли гурунглар ва давраларда менчалик кўп тилга олинмас, шаҳарда шаънимга тинмай қадаҳлар кўтарилар, эртакнамо саргузаштларим тилдан тилга кўчар, очиғи, бундай машҳурлик мен каби оддий револьверни бир қадар кибрли ҳам қилиб қўйганди. Зобит ҳукумат хавсизлиги учун бўлган жангларнинг бирида бошидан яраланиб, омонатини Яратган эгамга топширгач, бир такасалтанг аслзоданинг қўлига тушдим. У ниҳоятда бой-бадавлат бўлиб, мени тун-у кун қизил қайрағочдан ясалган нақшинкор ёзув столининг бежирим тортмасида сақларди. Унга камдан кам керак бўлар, лозим топилгандагина қора фракининг ён чўнтагидан жой олардим. Асосан оқшом пайти кўча бўйлаб сайрга чиққанида ёки тўрва халтасини ортмоқлаб узоқ шаҳарларга борганида унга ҳамроҳлик қилардим. Аслзодалар даврасида ўтирганида ҳам, ҳатто маскардларда ҳам унга бир-икки ҳамроҳлик қилган пайтим бўлган.Унинг каретасида отларнинг дупур-дупурини эшитиб кетиш менга завқ бағишлар, бошқа шаҳарлар ва одамларни кўриш эса бу завқ ҳиссини икки баробарга оширарди. Лекин у билан қонни қиздирадиган, ҳаёт ё мамотни ваъда қиладиган саргузаштларни деярли бошдан кечирмасдим. Шунгами дейман у билан бениҳоя зерикардим. Унинг ихтиёрида бўлган кунимдан то қазосигача атиги икки марта менга эҳтиёж сезгани, шунда ҳам дуэлда иккита гўрсўхтани бошини еганимни айтишим мумкин. Афсуски, у кекса, бунинг устига қарзлари кўп одам эди. Куни битиб қазо қилгач, унинг буюмлари кимошди савдосига қўйилди. Улар қатори мен ҳам. Каминани у ердан бир камгап заргар сотиб олди. Бу инсон чинакамига ўз ишининг устаси бўлиб, тилладан турли ўлчам ва кўринишдаги узук ҳамда билагузуклар, аёллар тақинчоқларининг хилма хил турларини ясарди. У кўчада менсиз юришдан қўрқарди. Чамаси унинг душманлари кўп бўлиб, шунга кўча-кўйда муттасил хавфсираб, Рим императори Август каби зирҳли кийимда, қўлини чўнтагига солганча мендан олмай, кўзлари юрган йўлида олма-кесак териб юрарди. Ҳатто баъзи ҳолларда мени ёстиғи остига қўйиб уйқуга кетар, уйғонганида ҳам биринчи бўлиб менга қўл югуртирарди. У айтарли даражада зўр мерган эмасди. Шунгадир балки уйига ўғри тушганида у мендан яхши фойдалана олмагани натижасида қоқ юрагидан ўқ еб, ҳаёт билан видолашди. Ўғрилар тилла буюмларга қўшиб, мени ҳам ўзлари билан ола кетишди ва бир кўзи ўйноқи баққолга пуллаб юборишди. Мен йилдан йилга эскириб бораётганимни, янгидан янги револьверлар ишлаб чиқарилиб, ўрнимга даъво қилаётганини теран англаб яшардим. Нархим қимматлиги учун эмас, эскирганим боис баққолнинг дўконида деярли қўл теккизилмай ётар, бундан ичим ёнар, баъзида бир хиллик қобиғида ўзимни қўярга жой топа олмай қолардим. Қанчадан қанча давлат жиноятчилари ва хоинларни, қароқчилар ва жосусларни, ўғри ва ўзига бино қўйган аслзодаларни нариги дунёга жўнатган мендек донгдор револьверга энди иш топилмас, рости, бундан андак таажубланардим ҳам. Ниҳоят, бир куни баққолнинг дўконидан қутулишнинг иложиси бўлди. Кўринишидан жуда нимжон, ўрта бўй, бошига упа сепилган парик кийган, табиатан йиғлоғи ва сентиментал инсонларга хос бўлган феъл- атвор соҳиби бўлган, ғирт бўшашган бир йигит мени арзонга сотиб олди. -Револьверни нима қиласан, Вертер?- деди баққол у узатган пулларни хушнуд ҳолда санаб оларкан. -У дардимни олади,- деди йигит кетаётиб томдан тараша тушгандек. -Йигит дардини вино билан жононлар олишмайдими?- деди баққол унинг ортидан тиржайиб қараб қоларкан. У билан сайру саёҳатга чиқаман деб ўйладим бошида. Кўз олдимда кенгликлар, тоғ ва адирлар, кўллар манзараси гавдаланди. Баайни дилижанс ғилдирагининг тақир-туқури қулоғим остида чалинди. Натижада анча-мунча энтикдим. Йигитни муҳим топшириқларни бажарадиган касб эгаси ёки жилла қурса махсус почта идораси ходими деб тахмин қилдим. Лекин унинг кулбасига келгач, тарвузим қўлтиғимдан тушди. У шоиртабиат ва девонасифат бир инсон эди. Темир каравотига беҳол чўкиб, қўллари билан юзини яширганча кутилмаганда пиқиллаб йиғлаб юборганини кўриб, мутлақо янглиш фаразга борганимни англадим. Биринчи кеча у мени ёстиғи остига яшириб қўйди. Бўкиб, оёқда туролмайдиган даражада маст бўлиб ароқ ичди. Оқ қоғозга шеърга ўхшаш нималарнидир қоралади шекилли, ёзиқларни овозини кўтариб ўқиди. Ўрнидан туриб, Дон Кихот сингари кўзга кўринмас ким биландир баланд овозда баҳслашди ва қўлларини пахса қилиб урушди. Тонг отгач , мени чўнтагига яширди-да, шаҳарнинг бошқа чеккаси сари йўл олди. Йўл бўйи немисларда кўп учрайдиган бир қизнинг исмини Инжилнинг пурмаъно оятларидек такрорлаб кетди. Бир уйнинг деразаси яқинига келгач, илкис тўхтади. Иккиланиб ичкарилади. Унга уй бекаси пешвоз чиқди. Аёл ёш ва келишган, ёшига номутаносиб равишда оғир ва вазмин эди. Унинг қаршисида йигит пича сукут сақлаб ўтирди. Назаримда сўзамоллигини йўқотди. Кейин шартта туриб, лом-мим демай уйдан чиқиб кетди. Кечқурун ўз кулбасида яна дув-дув ёш тўкди. -Лотхен азизам,- деди шойи дастрўмоли билан салқиган кўзларини артиб дераза орқали кўчага назар соларкан.- Сени севаман, севаман, жонимдан ортиқ кўраман. Аммо ўртамизда Альберт бор. Ўрнидан туриб менга қўлини чўзди-да, дераза томонга яқинлашди. -Альберт ё сен, ё мен ўлишим керак,- деди нишонга олиш учун қўллари қалтираб мени кўча томонга тўғриларкан.- Афсуски, Лотхенга сен кераксан. Демак бу ерда ортиқча ва ўлиши керак бўлган ягона инсон менман. У шундай деб бир пайт мени чаккасига тиради ва кўз очиб юмгунча анчадан бери қўл тегмаган тепкимни босди. Орадан ҳеч қанча ўтмай унинг қонга беланган жасади ёнида, тана қисмимга сачраган қон изларидан кайфиятим тушиб, кутилмаган зарбадан сира ўзимга келолмай, инсон боласи биринчи марта менга бундай шармисорликни раво кўрганига азбаройи кўника олмай, юзим қизариб ётардим. Бировнинг хотинини севиб қолиб, ишқ азобларига бардош беролмай арши аълога кетишни ихтиёр қилган инсоннинг умрига зомин бўлганим кўп йиллик фаолиятим давомида илгари учрамаганди. Йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўйим ва гард юқмаган шаънимга бу шунчалик шармандалик олиб келардики, бошқа донгдор револьверларнинг қулоғига етгудек бўлса, улар донг қотиб кулишлари тайин эди. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди деганлари бор гап экан. Бу воқеа кўп ўтмай бутун мамлакатга тарқалди. Бунинг оқибатида обрўйим тўкилди, шаънимга тош отмаган нусхалар қолмади. Тенгқурларим ҳам, кеча тухумни ёриб чиққан револьверлар ҳам бири олиб, бири қўйиб устимдан кулишди. Уларнинг мазахлари ва гап-сўзлари ҳосиласи ўлароқ депрессияга тушиб қолдим. Бу ерда ягона нажот йўли узлатга чекиниш эди. Қолаверса, ҳеч кимга керагим ҳам бўлмай қолган, кундан кунга одам боласини замонавий револьверларга эҳтиёжи ортиб борарди… Револьвернинг ҳикоясини тингларканман, кўз олдимдан Гётенинг машҳур асари ўтди. Ҳажми катта бўлмаган, ўлгудек сентиментал роман. Асар бош қаҳрамони Вертернинг йиғлоғи табиати асарни мутолаа қилишим мобайнида кўп бора асабимга теккани ва бир неча бор ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам учрамайдиган сўзлар билан сўкинишга мажбур бўлганим хотирамда жонланди. -Бу ҳаётдан чарчадим,- деди револьер баногоҳ.-Шармисорликни кўтариб юришдан ҳам. Бу сафар уни ҳеч иккиланмай, дадил қўлимга олдим. У худди одамдек тикиларди. -Эрлик аёлларни севиб қоладиган сўтак Вертерлар туғилавераркан, то қиёматгача револьверларнинг шармисорлиги давом этаверади,- деди у синиқ овозда. -Нафақат револьверларнинг,- дедим унга жавобан.-Арқонлар, баланд кўприклар панжаралари, осмонўпар бинолар томлари, бир зумда ёнадиган автомашиналарга қуйиладиган ёқилғиларнинг ҳам. Унга ҳамдардлик билдиргандек қўндоғига кафтимни оҳиста босдим. -Энди мени қайтариб қутига солмай, шунчаки денгизга улоқтир,-деди у ялингандек. Дастлаб бу ишга қўлим бормади. Вақт ўтиб унинг илтижоли боқиб турган ҳолатидаги ўтинчни тушундим. Кўп яшаса инсон боласига тириклик оғирлик қилиб қолади-ю, револьверга нима бўпти. Унга ачина-ачина кучимни ўнг билагимга тўпладим-да, бир ҳаракат билан уни денгиз томонга улоқтирдим. Бир оздан сўнг сувнинг шалоплаши эшитилди ва у кўздан ғойиб бўлди. Ўша куни тонггача мижжа қоқмадим. Кўзимга уйқу келмади. Эртасига меҳмонхонага яқин ердаги жамоат кутубхонасига кириб, кутубхоначи аёлдан Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини сўрадим. У асарнинг туркча вариантини қўлимга тутқазди. Китоб муқовасини диққат билан кўздан кечирдим, ичини обдон варақладим. Туркчани яхши билмасам-да, ҳижжалаб ўқишга уриндим. Асар сюжети яна ёдимга тушганди, рости, бу сафар ҳам худди олдингидек Вертерга ачинмадим. Аксинча, асабим таранглашди, ғашим келди ва туриб-туриб эндиликда денгиздан мангу бошпана топган бахтсиз револьверга ачиндим. Денгиз тубидан абадий жой олишдан олдин айтган унинг сўнгги сўзларида, дарҳақиқат, жон бор эди. Бу фоний дунёда эрлик аёл ишқида ёниб ва куйиб, кейин ишқ азобига бардоши етмай ўз жонига қасд қиладиган Вертерлар туғилавераркан, фақатгина инсониятнинг буйруғини бажарадиган револьверларга қисмат шармисорликни тақдим этаверади.
2022-10-24
http://nodirabegim.uz/archives/4913
Эндигина октябр ойининг тенг ярми ўтганига қарамасдан кун жуда совуқ. Тоғ томондан изғирин шамол эсиб турибди. Назаримда, қор ёққанга ўхшайди. Zаҳри бизгача етиб келиб турибди. Уйдан чиқар эканман, ўйланиб қоламан. Соябон олсаммикин ёки йўқ? Негалигини ўзим ҳам билмайману, лекин негадир соябонни доимо ортиқча матоҳ деб ўйлаганман. Айниқса ҳозирги ҳолатимда. Чунки, ёмғир шивалаб жуда майин ёғиб турибди. Бекат уйимга бир қадам. Бир пасда етиб оламан. Кейин, соябонни йиғиштириб қўяман. Автобус борадиган манзилимнинг шундоққина рўпарасида тўхтаб ўтади. Қарабсизки, соябонни очишга ҳам улгурмайман. Қайтишда яна шу аҳвол. Қолаверса, соябон остида ёмғирнинг асл тароватини ҳис қилиб бўлармиди?! Келишилган қаҳвахонага, ҳар доимги ўзимиз ўтирадиган жойимиз — катта ойнавандли дераза ёнидаги икки кишилик столга келиб ўтирдим. Ортидан оппоқ рутубатли тутун қолдириб кетаётган асабий машиналар, соябонларини маҳкам тутиб олганларича аллақаерларга шошилаётган безовта одамлар, кунлар ўтгани сари баргларидан мосуво бўлаётган ҳорғин дарахтларни кузата бошлайман. Ҳаёт қайнайди. Ёмғир эса эзилиб ёғаверади. Ён атрофида содир бўлаётган воқеа — ходисаларга пинагини ҳам бузмасдан давом этаверади. Куз шамоли дарахтларни силкитади. Бирин — кетин тўкилаётган сарғиш — қизил барглар ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмаклар, юзи ювилиб ялтиллаб турган асфальт йўлларга чиппа ёпишади. Пароканда ҳаёлларимни ён — атрофимдан йиғиштириб оламанда, офицант йигитни имлайман. — Илтимос, қаҳва! Американо. Ширинлик ҳар доимги мевалигидан олиб келинг! Шоколади керакмас! Шу тобда офицант йигитчани яна кимдир чақиргани диққатимни тортади. Ўрта бўйли, тўладан келган, 35 -40 ёшлар оралиғидаги эркак йигитчага норози қиёфада нималарнидир уқтириб олдидаги қаҳвали финжонни суриб қўяди. Йигитча хўп маъносида бошини ирғаб финжонни чаққонгина оладида, жўнаб қолади. Эркак эса анчайингина оқ оралаб қолган сочини бармоқлари билан асабий тараганича, билагидаги соатига қараб қўяди. Беихтиёр кузатиб ўтирганимни сезиб қолди шекилли, тунд қиёфаси бир зимда тарқаб, менга жилмайиб бошини ирғаб қўйди. Мен ҳижолат тортиб шу заҳоти бошимни эгиб, телефонимга қараган бўламан. Ваниҳоят, офицант йигитча қаҳвам ва ширинлигимни олиб келдию, шоша — пиша таниш эркак томон юрди. У қачонки, патнисдаги қаҳвани тутқазиб, ҳалиги эркак унга янада асабийроқ қиёфада тикилгандагина, мен қаҳвамни янглиш олиб келинганидан воқиф бўлдим. Американо ўрнига Копучино. Беш дақиқа ичида биз ҳеч қачон кўришмаган, умримда суҳбатлашмаган инсон билан ёнма — ён ўтирардик. У жилмайиб қўлидаги қоп — қора аччиқ қаҳвани мен томонга суриб қўйди. — Қўл ҳам теккизмадим. — Албатта, ахир Американо билан Копучинони фарқлаш учун таътиб кўриш шарт эмас, нигоҳ ташлашни ўзи кифоя.- жилмайдим мен ҳам, -Узр, боя беихтиёр кўзим тушди. Нега қаҳвангизни қайтардингиз? — Шакари кам экан!- пешонасини тириштирди у.- Яна етмаганига сизни қаҳвангизга алишиб қолганини қаранг!-яна юзи ёришиб жилмайди.- Қандай ичасиз бу заҳарни? — Қаҳвани шунчаки бир тетиклаштирувчи ичимлик сифатида ичадиганлар унга шакар, сут, қаймоқ каби кераксиз, қаҳвани асл таъмини бузадиган қўшимчаларни солиб ичишади. — Жуда ақилли гап бўлди!- истеҳзо билан кулди у, — Мободо, файласуф эмассизми? Бу ҳазил аралаш айтилган сўз ва унинг юзидаги ним табассум ҳамда ортидаги масхараомуздек туюлаётган ифода туйқус жаҳлимни чиқарди. — Ҳа, топдингиз, файласуфман. Сиз туришингизга қараганда масхарабозга ўхшайсиз. Қаҳвангизни ичиб бўлдингиз шекилли? Кутаётган одамингиз ҳам келиб қолади, чамамда!?- сумкамдан китобимни олдимда варақлай бошладим. У юзи ёришиб кулди. -Ҳавотирланманг, ҳеч кимни кутмаяпман. Вақтим эса бемалол! Қандай китоб экан?- китобга ишора қилди. Қовоғимни солиб китобни кўрсатдим. Унинг юзи янада ёришди. Кўзлари қувнаб кетди. Юзига қизиллик югурди. — Кўринишидан қизиқ китобга ўхшайди. Нега «Мона Лиза табассуми»? — Китоб ҳикоялар тўплами. Ҳикоялардан бирининг номи билан аталган. — Муаллифи ким экан? Қани кўрсам бўладими? Унинг севимли китобимга қизиқаётганини кўриб, яқиндагина сўзлари туфайли пайдо бўлган асабийлигим, гинам тарқайди. Ўзим ҳам ҳайрон бўламан. Жуда тортинчоқман. Одатда, атрофдаги бегона инсонлар билан келишиб, гаплашиб кетишим жуда қийин. Одамлар орасида доимо аурам ичидаман. Аммо, негадир бу инсон билан бемалол суҳбатлашиб турибмиз. Қизиқ! У китобни эринмасдан варақлаб чиқди. Орқа муқовасидаги ёзувчи ҳақида берилган маълумотни қандайдир тушунарсиз, масхаралашми ёки бепарволик биланми ўқий бошлади. — Шерзод Ортиқов.-менга қараб тиржайди,- Тасодифни қаранг адаш эканмиз…1985 йил Марғилон шаҳрида туғилган…Эшитмаган эканман, бу ёзувчи ҳақида. -Мана эшитдингиз. Энди китобимни беринг! — Шошилманг, еб қўймайман китобингизни. Келинг, шу китоб ҳақида гапирингчи. Жуда қизиқиб қолдим. Олиб ўқисаммикин деб турибман. -Албатта олиб ўқинг!- унинг бу сўзидан қувониб кетдим.- Агар билсангиз, мен бу китобдаги ҳикояларнинг 70%ини нашр этилмасидан олдин ўқиб бўлгандим. Қолган 30%ини кечадан ўқиб бошладим. -Йўғе, қандай қилиб? -Муаллифнинг ижтимоий — ижодий саҳифасига икки йилдан буён аъзоман. Ҳикоялар жойланиб бориларди. Мен ўқийверардим. — Ашаддий мухлисаси экансизда муаллифни? — Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Аммо, мен шунчаки мухлиса эмас, ўзимга устоз деб биламан муаллифни. Унинг юзига яна ўша асабимни эговлайдиган истеҳзоли кулги ёйилди. -Билингки, aнглаш, ўрганиш, билиш учун тирик устознинг этагидан тутиб, ортидан бир умр эргашиб, эркдан айрилиб юриш шарт эмас! Ана кутубхоналар китобга тўла. Китоблардан ўрганиш керак. Манфаатларсиз беминнат ўргатади. Маслаҳатим китоб ўқинг! -Албатта, китобдан яхши устоз бўлмайди. Аммо, ўша китобларни ҳам бир пайтлар қайсидир тирик ёзувчи ёзганку. Жуда кўплаб ижодкорларни ўзи билан бир замон ва маконда яшаган устози, ижодига меҳр қўйиб, ўқиб — ўрганган инсони бўлган. Бундай инсонлар кўпинча руҳий яқин, қарашлари, фикрлари ўхшаш инсонлар бўлишади. Хуллас, устознинг саҳифасидаги ёш ижодкорларга берган йўл — йўриқлари, айниқса бадиий танқидга мойилиги, ижоди менда меҳр уйғотди. — Бу китоб ҳақида нима дейсиз?-деди у қўлидаги китобни кўрсатар экан. — Ўқиб чиқсам кетган вақтимга ачинмайманми? -Бу китоб ҳикоялар тўплами. Ҳар бир ҳикоянинг ўз олами бор. Мен китобдан ўрин олган «Юрагимдаги қабрлар» ҳикоясини гарчи муаллифнинг энг яхши асари ҳисобламасамда, биринчи ўринда тилга олмоқчиман. Чунки, ҳудди шу ҳикояни қайсидир адабий сайтда ўқигач муаллифни қидириб бошлаганман. Илк бор ўқиганимда ўзгача бир руҳдаги ҳикоя бўлиб туюлганди. Бадиий бўёқларсиз реалистик руҳда ёзилишига қарамасдан, ўқиётганингизда қаҳрамонлар, ҳикоя муҳити, туғёнлар сизни ўз оламига тортиб кетади. Бир сўз билан айтганда, муаллиф ижодидан француз прозасининг ифори яққол уфуриб туради. «Қаҳва юқи» ҳикоясини эса мен муаллифнинг ташриф қоғози ҳисоблайман. Мазкур ҳикояни ўқиётганимда ўша серёмғир рутубатли кунда қаҳвахонада бош қаҳрамон эмас мен ўтирганман. Телефон ичига тушиб қолган ҳам мен бўламан. Ота — Онамга дийдорнинг заъфарон соғинчини раво кўриб азоб бераётган ҳам мен бўлиб чиқаман. Эҳҳей қанчалаб оғриқларим, дардларим бўй кўрсатмади дейсиз! -Сен ҳам ижодкормисан? Таърифларинг бошқача, ёки соҳанг адабиёт билан боғлиқми? -Ажойиб, танишганимизга неча соат бўлдию, сенсирашингизни қаранг ҳуддики юз йиллик қадрдондай! -Менга шуниси маъқулроқ. Сизлаш узоқлаштиради. Самимийликни йўқотиб қўясан. Сен бошқа гап. Бемалол кўнглингни очишинг, яқин суҳбатдош бўла олишинг мумкин. -Фикрларимиз бир жойдан чиқаётганини қаранг. Қўққисдан сенсирашингиз «Пушаймонлар фасли»даги Бахтиёрни ёдимга солди. Биласизми, муаллиф бу ҳикоясида ўзининг табиатини бош қаҳрамон — рассом йигитга сингдирган деб ўйлайман. Тиксўз, қўрс, жанжалкаш мусаввир. Ҳаётда бу каби инсонларни кўпчилик ёқтиришмайди. Мен эса аксинча ўйлайман. Аслида, Бахтиёр яхши инсон. У ҳаётнинг бор азобларини тотган, инсоният дардлари, оғриқларини чуқур ҳис этган ҳақиқатга тик боқа олувчи софдил инсон. Ҳақиқатлар эса одамларга ҳеч қачон ёқмаган. Асл инсоний ҳислатларинг сабаб сени ёқтирмасалар қандай яхши. У хо-холаб кулади. Қаҳвадан бўшаган финжонимга ишора қилади. — Аччиқ қаҳвани хуш кўрувчилар ҳаммадан ўзгача фикрловчи, аураси ниҳоятда мустаҳкам бўлган тундроқ, тўғрисини айтсам тушунарсиз инсонлар бўлади деб эшитгандим. Тўғри эшитганман шекилли. -Балки, аммо, боя айтганимдек, қаҳвага кераксиз унсурларни қўшиб истеъмол қиладиганлар, асл қаҳва таъмини, унинг фақатгина танага эмас, руҳга ато этувчи сурурини ҳеч қачон ҳис қилишолмайдилар. Сохта мазани сезадилар холос. Ҳуддики, «Қаҳрабо кўзлар, нозик бармоқлар» ҳикоясидаги истеъдодли ва мафтункор пианиночи аёлнинг ҳаёти каби. Китобдаги ҳикоялар ичида ҳудди шу xикоянинг финиши чин маънода «портлаган». Тасаввур этинг, югуриш мусобақасида энг олдинги маррада кетаётган абжир ва чаққон спортчини ғолиб деб турганингизда, охирги ҳал қилувчи сонияларда ярқ этадию, охирида келаётган, ҳеч кимни ҳаёлига ҳам келмаган иштирокчи финиш чизиғини биринчилардан бўлиб босиб ўтади. Ажойиб! -Гапларинга қараганда, тўплам фақат севги -муҳаббат, «ўлдим — куйдимлар»дан иборат эмасга ўхшайди? Айниқса, олди — қочди, сафсатабозликни ўзгинаси бўлган мотивациядан иборат бўлган асарларни жиним суймайди. — Ҳикояларда жуда кенг қамровли долзарб муаммолар — ижтимоий, инсоний оғриқларимиз, яширин ёки очиқ, барчамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаяпдию, кўз юмиб кетаётган дардларимиз очиқланади. Шу маънода, яна бир ҳикоя ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Бу ҳикояни ўқиганимда ҳудди жанг майдони катта шахмат тахтасию, икки баҳайбат махлуқ рақибликда доналарни сурмоқда. Тўғрироғи, уларнинг бармоқларига шахмат доналари бўлмиш ҳарбий жангларга масъул шахслар, отлиқлар, пиёдалар ип ёрдамида боғланиб ўйнатилаётгандек ҳисни туйдим. Гуёки, муаллиф ўша қирғинбарот машъум урушга боргану, бошдан оёқ жангга шайланиб, елкасига автоматини илиб олиб жангда қатнашган. Ёв чекинган пайтда эса окопда ноутбугини тиззасига қўйганича «Сталинград қарғиши»ни ёзаверган. Жанг саҳналарини ўқийверганим сари Ремарк услуби ва реалистикасини ҳис этавераман. Назаримда, муаллиф ижодида Ремаркнинг ҳам таъсири бор. Чунки, иккиси ҳам руҳий яқин — реалист ижодкорлар. Менимча, асл сабаби ҳам шунда. Яна бир хулосам, олган энг катта дарсим десам ҳам бўлади, айнан шу ҳикоя туфайли мен адабиёт, адаб эмаслигини, ижодкор ҳаётда борини, ҳақиқатни, ҳаттоки, кўча одами бўлиб жаргон сўзларни, керак бўлганида одамлар уят деб ҳисоблайдиган(айниқса биз ўзбекларда шундай ҳисоблашади) ноодатий сўз ва таърифларни келтириши мумкин экан. Ахир асарнинг асл моҳияти бу эмас. Ҳаётни борича, тўлиғича очиб бериш, ҳикоя ғоясини ўқувчига рўйи — рост етказиб бериш деб ўйлайман. У кулимсиради. Китобни ёпиб олдига, стол устига қўйди. -Демак, тушунишимча, китоб бошдан- оёқ мукаммал ҳикоялардан иборат эканда?! — Мукаммаллик яратганга хос. Банда эканмиз мукаммал, айбсиз бўлолмаймиз. Энди сизга айтмоқчи бўлиб турган гапимни сўраб қолдингиз. Агар мен китобдаги илк ҳикояларни қаердадир муаллифсиз ўқисам, уланинг муаллифга тегишли эканлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган бўлар эди. Бу ҳикоялар муаллифнинг ҳозирги мукаммал ижод намуналарига ўхшамайди. Нисбатан бўш ёзилган. Услуби ҳам ўзгача. Сабаби нима биласизми? Бу ҳикоялар анча йиллар олдин ёзилган. Мен ҳудди шу ҳолатдан ҳам улкан куч олдим. Демак, ижодкор ёзавергани сари камолотга эришиб бораверар экан. Демакки, тинмасдан меҳнат қилаверсам мен ҳам ўзим ҳавас қиладиган, улардек ёза олишимни ҳаёлимга ҳам келтира олмайдиган даҳо ижодкорлар сингари ёза олар эканман! Гарчи, китобдан ўрин олган ҳикояларнинг аксариятини олдиндан электрон кўринишда ўқиган бўлсамда, асл китобда қайтадан тартиб билан мутолаа қилганим менга янада кўпроқ тушунча, янги фикрлар ва энг асосийси, катта мактаб бўла олди. -Сенга қойилман! Устозим деб турибсан, аммо, танқидни ҳам ўринлатяпсан. -Булар танқид эмас, менинг ҳақиқатларим, қарашларим. Ёлғонни, сохта мақтовни кимга кераги бор? Хушомадни эса кўргани кўзим йўқ. Кўнглимда борини айтаман қўяман. Қолаверса, шахсиятга даҳл этмайдиган, ўринли адабий танқидни ҳақиқий ижодкор тўғри қабул қила олади. У соатига қарайди. Самимий жилмайиб, китобни қўлимга тутқазади. -Боришим керак, кечикишни ёқтирмайман. Кел, хайрлашишдан олдин сенга бир маслаҳат берай. Кўпроқ китоб ўқигин. Изланишдан тўхтама. Ижодкорнинг қора меҳнатига чидасанг, ҳаракатдан чекинмасанг, истеъдодинг бўлса, ҳатто Толстойдек ҳам ёза олишинг мумкин. Айтганча, сен кимни кутаётгандинг? -Ўзимни! -Сизчи, қаерга шошиляпсиз? Ёлғизсиз? -Чўққига! Билиб қўй, фақат ёлғизликдагина ўзинг истаган чўққига эришишинг мумкин! Хайр! Омадингни берсин! — Хайр! У кетганидан кейин ҳам қаҳвахонада анча вақт қолиб кетаман. Китобни варақлайман. Ҳаёлларга бериламан. Ўрнимдан қўзғалмоқчи бўлиб, китобни ёпар чоғимда бош муқова ичидаги шарикли ручкада ёзилган сатрга кўзим тушади. Ҳайрон қоламан. «Муаллифдан эсдалик учун!» /Ш.Ортиқов/
2022-10-27
http://nodirabegim.uz/archives/4922
Турфа хил эътиқодлар, дин ва мазҳаблар, хуллас калом, сиз ва менга ўхшаган юмалоқ бошли одамлар орасида юрадиган гап — сўзлар ва миш — мишларни тўғри деб тасаввур этсак ҳамда айни ҳозирги яшаб турган умримни энг сўнгиси(омадни қаранг) яъни еттинчиси деб ҳисобласакда, ўша ғайриоддий қарашлар, мўжизалар айланиб юрувчи каллани бир чеккага олиб қўйиб чуқур ўйлаб кўрсак, сизни билмадиму мен олдинги олти ҳаётимда ҳам мусиқачи бўлганман. Ҳа, ҳа аниқ биламан, мусиқа билан яшаб, мусиқадан нафас олганман ва мусиқа учун жон фидо қилганман. Балки, 1678 — йил Венецияда айни баҳор чоғида Жованни Батиста оиласида шошилганимча 7 ойда дунёга келган қизил сочли (Россо), нимжон, касалманд болакай Антонио Лусио Вивалди аслида мен бўлгандирман. Ўша буюк итальян бастакори, руҳоний ва скрипкачиси, Барокко мусиқаси басталовчиси, чолғу концертрлари, хор учун асарлар ва 40 дан ошиқ опера муаллифи сифатида машҳурликка эришган ҳам мендирман? Скрипка учун махсус ёзилган, мен учун ниҳоятда севимли бўлган, руҳиятимга мос келувчи «Тўрт фасл» компзицияси ва операларини Венеция, Мантуя ва Венада концертларида ижро этиб машҳурлукка эришган мусиқачи, бутун умр астмадан қийналсада матонат билан мусиқага умрини бахшида этган ҳамда ҳаётининг охири қашшоқликда ўтган даҳо ижодкор Вивалди менинг илк туғилишим бўлгандир? Балки, Австриянинг Залсбург шаҳрида созанда, ўқитувчи, композитор Леополд Мотсартнинг истеъдодли, кучли мусиқий хотира эгаси, виртуоз(пианиночи, скрипкачи) созанда, моҳир дерижёр, композитор, 5 ёшидан илк мусиқий асарларни ижод этган, 6 ёшида бутун европа бўйлаб гастрольларда бўлган машҳур мусиқачи ўғил Волфганг Амадеюс Мотсарт ҳам менинг дунёга иккинчи бор келган қиёфам бўлгандир? 600дан ортиқ композициялари — симфония, концерто, камер, пианино, опера ва хор учун ёзилган мусиқий асарлар ҳам менинг кучли мусиқий салоҳиятим билан яратилгандир?(орзуга айб йўқ!) «Фуқаронинг уйланиши» опера — комедияси, «Дон Жуан» опера — драмаси, «Сеҳрли флейта» миллий опера эртаги менинг заҳматларим эвазига дунёга келган дурдоналардир? Буюк олмон композитори, пиониночи ва дерижёр Людвиг Ван Бетховен учинчи ёки тўртинчи дунёга келишим бўлгану, фортопиано концертлари, «Патетик» фортопиано сонатаси, квартетлар, учинчи (Қаҳрамоннома), бешинчи симфониялар, Геётенинг «Эдмонт» фожиасига ёзилган мусиқа ва ҳакозо охири кўринмайдиган мусиқий асарларни яратган ҳам каминадир? Менинг севимли мусиқаларимдан бўлмиш «Элиза учун» ва «Ой»сонатасини фортопианода жўшиб ижро этгандурман балки? Қулоқларим эшитмай қолсада ижодимни, мусиқамни тарк этмаган, илҳом келмаганида бошимдан муздай сув қуйиб бетакрор мусқий асарлар яратиш мендан бошқа телбага ярашмаган бўларди назаримда. О, «Бахт» сонатаси, «Ёмғир вальси», «Баҳор» ҳамда «Куз» вальслари Шопен ва менинг руҳларимиз уйғунлигида яратилган мусиқий асарлар бўлганига ишончим комил. Полшада дунёга келиб, кейинчалик Францияда яшаган бўлсакда ватанпарварлик билан суғорилган, ҳалқчил, романтик ижодимиз билан поляк мусиқасини дунёга танитганимиз ҳам бор гап! Миллий оммабоп рақслар (полонез, мазурка ва бошқалар)ни бадиийлаштирган, скерсо, чолғу баллада, этюд, прелюдия, ноктюрнларни бадиий тугал асар даражасига кўтарган, баъзи концертлар ва сонаталаримизда Бетховен анъаналарини давом эттирган ҳам иккимиз бўлганмиз. Хуллас калом, балки, оддий скрипкачи ёки ўзим севиб тинглайдиган виолончель ижрочиси бўлиб дунёга келгандирман? Фортопианода куйлар чалиб, бахтдан сармаст бўлгандирман? Аммо, биласизми, мен ким бўлиб туғилишимдан, дунёга неча маротаба келишимдан қатъий назар Онам ягона бўлган. Ҳар сафар, қайси макон ва замонда туғилсамда мени ўз Онам дунёга келтирган. Тарбиялаб вояга етказган, орзуларим сари етаклаган. Суйган, эркалаган, эрк ва илҳом ҳадя этган. Отам ва Онам иккиси нечта ҳаётим бўлса, барчасида мен билан ёнма — ён бўлишган. Бу борада тахмин қилмайман, аниқ фактларни ҳам келтиролмайман. Юрагимга қулоқ тутаман. Кўнгил сезади. У ўзига яқинларни шу заҳотиёқ таниб олади. Сизга Онам ҳақида гапириб берадиган бўлсам, Онам оддий аёл. Оддий хизматчи оиласида туғилиб ўсган. Мактабни аълога битириб, қизил диплом — олтин медальга тавсия этилган. Бу ўша вақтларда имтиҳонсиз институтга кириш имтиёзини берган. Аммо, бобомни чақиришиб, медальнинг яхшигина тўлови борлигини айтишган. Бобом фарзанди учун рози бўлган. Онам эса ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад этган. Воз кечган. Ахир бу менинг Онам, оддийгина бир қишлоқ қизи… Эсимни таниганимдан буён Онамни кўпинча тандир ёнида, ўчоқ бошида, тоғорада кир юваётган ёки сигир соғаётган маҳалида, ё ҳовлимиздаги турфа — хил гулларини парвариш қилаётган, супуриб — сидираётган, ё бўлмаса қайсидир гўдак синглимни қучоғида озиқлантираётган ҳолатларида кўрдим. Биласизми, мен мусиқага бўлган илк меҳримни қачон ҳис этганман? Қулоқларимга инган илк мусиқам нима бўлган? Онам менга алла айтганини эслай оламан десам, ғирт ёлғон гапни гапирган бўлиб чиқаман. Хотирамда озгина нуқсон борлиги бор гап. Сабаби, илк хотираларим етти ёшимда мактабга борган чоғларимдан бошланади. Улар ҳам элас — элас. Шеърлар ёд олишга ҳам ниҳоятда қийналардим. Хуллас, Онам кечалари эмизикли гўдак синглимни ухлатиш учун бешикни оҳиста тебратар, бешик ҳам ғичир — ғичир қилганича жўр бўлар, шунчалар маҳзун алла айтардиларки, 7 — 8 ёшли қизалоқ бўлишимга қарамасдан, дардларини чуқур ҳис этар, ётган жойимда юм — юм йиғлардим. Қаерда бўлмай, Онамнинг ғамгин, меҳрга йўғрилган алласи қулоқларим остида мусиқа каби жаранглаб тураверарди. Ҳудди шу оҳанг, шу мусиқа менинг қалбимни забт этган илк мусиқа бўлиб қолди ва мусиқага бўлган улкан муҳаббатимнинг дебочаси бўлди. Менинг Онам оддийгина Она эди. Ҳеч бир олийгоҳни битирмаганди. Оддийгина уй бекаси эди. Ўқийдиган китобларининг сон — саноғи йўқ эди. Бадиий китоблари, айниқса, шеърий тўпламлари тарбия этаётган фарзандлари каби қатор — қатор эди. Алишер Навоийдан ўқирдилар. Муҳаммад Юсуф энг севимли, шеърларини кўзларига ёш олиб ўқийдиган шоирларидан бири эди. Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналарини қўлларидан қўймас эдилар. Отамнинг кутубхонасидан ўрин олган китоблар Онам иккисининг орасида талаш бўларди. Рўзғор ташвиши билан бозорга борсалар китобсиз қайтмасдилар. Ҳар хил эртак китоблар, расмли, шеърий рисолалар, болалар учун ойнома журнал ва газеталар олиб келардилар. Менинг Онам оддийгина уй бекаси эди…Озода, қўли ширин пазанда, батартиб аёл эдилар. Биз фарзандларининг уй вазифаларимизга ёрдам берарди. Рус тили, француз тили(мактабимизда француз тили ўтиларди) математика, физика, тарих, адабиёт сингари барча фанларни ўзлаштиришимизда ёрдамларини аямас эди. Рус тилида равон гапирарди. Франсуз тилидан матнларни таржима қилиб берардилар. Адабиётдан иншо ва баёнлар ёзишни ўқитувчимдан эмас, Онамдан ўргандим. Мусиқадан ноталарни ҳам Онам ўргатдилар. Қалбимга мусиқа ва адабиётга бўлган илк муҳаббат уруғини қадаган ҳам Онам бўлдилар. Менинг Онам оддий аёл эди…Шундай суратлар солардики, кўзларингиз қувнаб, ҳайратингиз ошарди. Биргаликда суратлар солардик. Деворий газеталар чиқарардик. Мактаб танловларида қатнашиб мукофотлар олардик. Онам менинг мусиқага бўлган чексиз муҳаббатимдан воқиф эди. Аслида, Отам ҳам мусиқа шинавандаси эди Рўбоб чалиб қўшиқ айтардилар баъзида. Эски, пластинкали патефонлари, замонавий магнитофонларигача бор эди. Лекин, Отам кун бўйи ишда бўлардилар. Давлат иши, раҳбарлик осон эмас ахир. Шу сабабли, кўпроқ Онам биз билан бирга эди. Онам мени ҳеч қандай изоҳларсиз ва гап — сўзларсиз тушуна олган ягона дардкашим бўлган. Йўқ, биз ҳеч маҳал бир — биримизга дардларимизни айтиб йиғлашмаганмиз. Онам ва менга нигоҳлар кифоя бўлган. — Болажоним, қанийди имкони бўлсаю, Отанг ва мен рўзғордан, ўн фарзанд ташвишларидан ортсакда, сени шаҳарга мусиқа мактабларига берсак. Орзу қилган фортопианони меҳмонхонамиз тўрига жойлаштириб, шавқу — завқ, бир олам бахт билан ижро этаётган куйларингни тинглаб ўтирсак. Сени мусиқачи ёки хонанда бўлишингни шунчалар хоҳлайманки — дейди Онам ғамнок нигоҳлари билан. — Ғам чекманг, Онажоним! Барча инсонлар орзулар билан яшайдилар. Орзулар рўёби эса эгасининг тинимсиз ҳаракати ва интилишига боғлиқ. Камдан — кам ҳолларда тасодифлар ҳамда мўжизалар рўй беради. Натижада, орзулар амалга ошиши мумкин. Бу ҳолатни балки, бир сўз билан омад деб ҳам аташимиз мумкиндир? Демак, менинг орзуларим аллақачон, дунёга келганимдаёқ амалга ошган эканда! Нега дейсизми? Сабаби, мен омад билан бирга туғилганман. Отам ва сизнинг фарзандингиз кўринишида… Магнитофон қулоғини бурайман. Етти маҳаллани кўчириб қўшиққа жўр бўламан. Тинч ва озода (кўпинча ағдар — тўнтар) уйда сингилларим билан чувиллашиб рақсга тушамиз. Сиз чарчоқдан бироз дам олиш учун ётган бўлсангиз ҳам индамайсиз. «Жим ўтир!», Бошимни оғритма!», «Тўполон қилма!» каби, мен ҳозирда болаларимга юз марталаб такрорлайдиган сўзлар сизнинг руйхатингизда йўқ эди. Болалигимда тушунмаганман. Ҳозир ёшим қирқдан ошиб, она мақомига эришиб, 3 нафаргина боланинг ташвишларига чидай олмай асабийлашар эканман, ҳайратланаман. Қандай қилиб сиз каби ҳалим ва меҳрибон бўлиш мумкин? Ахир сизни ташвишларингиз меники билан солиштирганда осмон билан ерчалик фарқланар эдику? Ўн фарзанднинг ҳар бирига етадиган улкан меҳрни, эътибор кучини қаердан олгансиз? Менга ҳам айтинг! Бизнинг бу каби тез — тез уюштириб турадиган концертларимизни ёнгинамизда дам ола туриб кузатиб ўтирардингиз. Кўзларингиздаги қувонч, бахт бизга ҳам кўчар эди. — Болам, биринчи айтган қўшиғингни яна айтиб бер!- дердингиз. Мен озроқ уялиб турардимда (бу табиатимдан ҳечам қутулолмадим) сиз учун, ҳа фақат сиз айтганингиз учун куйлашга ҳаракат қилардим. -Сен қўшиқ айтиб берсанг чарчоқларим чиқиб кетади! — дердингиз жилмайиб. Улғайдим. Аммо, на мусиқачи, на хонанда бўлдим. Қистовингиз билан мактабимиздаги мусиқа тугарагига аъзо бўлганим ҳам, байрамларда ҳаяжондан дир — дир титраб айтган севимли қўшиқларим ҳам бунга ёрдам беролмади. Сиз эса ҳамон мени руҳлантиришдан чарчамасдингиз. Мусиқа мени ичимда эди Она! У ташқи оламда асл жозибасини, тароватини йўқотар эди. Руҳиятим билан боғланган эдию, қачондир мени ўзим англаб етмаган оламимга етаклаши керак эди. Менинг Онам! Оддий аёл эди…У фарзандларини сўзсиз тушуна оларди. Ҳа, оддийгина Она эди, болаларига бутун умрини бахшида эта олган. Ўзини унутиб фарзандлари учун яшаб ўтган оддий аёл! Нигоҳларида меҳр — муҳаббатдан ўзга кучлироқ туйғуни сиғдиролмаган, фарзандлари, оиласи учун орзуларини, хоҳишларини юрагига дафн этган оддийгина Она! — Мастурам, қўшиқ айтиб бер!- дедингиз бир куни шаҳри азимдан зиёратингизга борганимда. Мен жилмайиб қўяқолдим. Кўзларингизда айбдорлик, афсус кўланкаси лип этганини пайқадим. — Сен қўшиқ айтмай қўйдинг! Шу биргина ҳитобингизда қанчалар оғриқ, ҳавотир ва менга беролмайдиган нечалаб саволларингиз янгради. Яна жилмайдим. Она, айтинг, барчасини, ичингизга ютган дардларингиз, армонга айланган орзуларингиз, фарзандларингиз учун фидо қилган умрингиз ғам -ғуссаларини тўкиб солинг! Мен эса тинмасдан куйлайман. Болалигимдаги каби жўшиб, рақсга тушиб куйлаб бераман. Энди мен сиз истасангиз мусиқачи, ёки хонанда, буюк рассом, пианиночи, ё бўлмаса ўзим севиб тинглайдиган виолончель ижрочиси бўлишим мумкин. Самоларда парвоз этишим, истанг, дунёни забт этишим мумкин. Қўлларимга сиз тутқазган қалам ва қоғоз орзуларимизни рўёбга чиқаради. Биргаликда, ёнма — ён, бир — биримизни тўлдириб қадам ташлаймиз; Онам, мусиқа ва мен…
2022-12-11
http://nodirabegim.uz/archives/4937
Ким айтди Моцартнинг “Орзу реквиеми” фақат белгиланган вақтда турли филармониялар, радиостанциялар ёки академик опера театрлари залида, одатда уларнинг исталганида сочи оқариб, қоқсуяк бўлиб қолгунча виолончел чалиб ўтадиган ориқ, мижғов, бир оёғи гўрда бўлса-да, хотинбозлигини йиғиштирмаган чоллар-у скрипкасини қийшайтириб жағига тираб оладиган, кўзойнакли, бетгачопар, ўлгудек шуҳратпараст, элликка қараб кетаётган қариқизлардан иборат бўладиган оркестрлар томонидан ижро қилинади деб? У тинимсиз равишда курраи заминнинг ҳар ерида ва вақт деб аталмиш улуғ оқсоқолнинг бисотидан улашилаётган ҳар бир сонияда, очиқ осмон остида бир маромда айланиб чарчамайдиган Она Ернинг дуч келган бурчагида, унда неча асрлардан бери гоҳ аҳил, гоҳ тарқоқ ҳолда яшаб келаётган, турфа ирқ, дунёқараш, менталитет ва турмуш тарзидаги одамлар орасида, муҳташам саройлар ва кулбаи вайроналарда, тош ётқизилган топ-тоза кўчалар ва пана-пастқам ерларда, исқирт қовоқхоналар ва бир неча юлдузли меҳмонхоналарда, осмонўпар бинолар томида-ю сийрак ҳаво сабаб нафас олиб бўлмайдиган конларда, гоҳ одамларнинг сарҳадсиз хаёлларида, гоҳ хиргойига айланиб лабларида, гоҳ моҳир қўлларидаги минглаб ҳужайра ва толаларда, гоҳ ширин уйқуга чўмган пайтлари тушларида мукаммал ижро қилинади. Моцартнинг мазкур-кўмилган орзуларга ўқилган мотамсаро баёнотни дилга жо қилгувчи куйи қонуний ўғрилик ва жирканч педофиллик кўп кузатиладиган болалар уйининг йиллар давомида ёғинчарчилик туфайли ранги ўчган, ҳатто у ер бу ери занглаган, эгилиб-букилган темир панжарали дарвозасидан ташқарини кузатиб турган саккиз-тўққиз яшар болакайнинг мурғак қалбида мунгли бир оҳангда садо беради. Устидаги сариқ рангдаги кийими ва паст бўйли бўлгани сабаб теграсидаги сарғайган дарахтлар ҳамда оёқ остидаги хазонларга қўшилиб кеч куз манзарасига сингиб кетган болакай панжарага маҳкам ёпишганча болалар уйи ёнида жойлашган кўп қаватли турар жойга тегишли спорт майдончасидан кўз узмайди. У ерда беташвиш, қиқир-қиқир кулиб ва шаталоқ отиб ўйнаётган тенгқурларига ҳавас кўзи билан боқади. Уларнинг ҳар бирида гўё бахтиёр болаликнинг теран моҳиятини илғаб, ҳали вояга етмаган вужудини алланечук титроқ босади. Спорт майдончасидаги болалар ўзаро қувлашмачоқ ўйнашади, майдонча ўртасида тўп тепишади ёки велосипед ҳайдашади. Ота-оналари уларни четдан кузатиб туришади. Орада ўйинқароқ болаларни ўйиндан чалғиб, “ота” ёки “она” деб қийқирганча уларнинг ёнига чопиб боришларини кўрса болакайнинг митти юраги ҳам орзиқади, ҳам оҳиста санчиб қўяди. У нафақат ноябрнинг фарахбаш ва хазин кунларида, балки қишин-ёзин уларни тўхтовсиз равишда кузатади. Имкон топилди дегунча шу ерга келади ва панжара олдидан соатлаб узоқлашмайди. Гупиллаб қор ёққанида ҳам, шаррос ёмғир қуйганида ҳам, кучли шамол эсганида ҳам, қуёш қиздириб турганида ҳам унинг икки кўзи ўша майдонча томонда бўлади. Болалар ва уларнинг ота-оналарини у ерда бўлиши аҳамиятсиз. Ҳаво айниб ёки диққинафас бўлиб, ҳарорат паст ёки юқори бўлган пайтлари улар кўриниш беришмаса ҳам болакай уларни майдончада хаёлан тасаввур қилаверади. Лаблари худди ўша болалар каби билинар-билинмас “ота” ёки “она” деб пичирлайди. Ўзи кўрмаган падари бузруквори билан уни дунёга келтириб, қисматнинг совуқ қўлига ташлаб кетган волидасини хассос қалби сўроқлайди. У туриб-туриб болаларнинг бирортасини, ҳатто оёғини оқсаб босадигани ёки доим бурни оқиб юрадиганини ҳам ўрнида бўлиб қолишни истайди. Уларни опичлаб олган ёки қўлларидан етаклаган ота-оналар ва уларнинг ёнида ирғиб-ирғиб ёки қўшиқ хиргойи қилиб, ўзи ёдлаган шеърларини айтиб кетаётган болаларнинг кетидан термулиб қоларкан, хонасига қайтиб киргач тасаввурида ҳозир бу болакайлар ўз ота-оналари билан бирор бир шинам кафеда ширин таомлар еб ўтиришганини, истироҳат боғидаги мўъжаз атракционларда хушнуд вақт ўтказишаётганини ёки деворларига мультфилм қаҳрамонларининг расмлари туширилган гулқоғоз ёпиштирилган хоналарида улардан эртак эшитиб уйқуга кетишаётганини тахмин қилади ва кўкси остида тепаётган жажжи юраги эзилади. Моцарт умрининг сўнггида яратган реквием атрофга ҳар сафар куз оқшоми чўкканида, кун бўйи тинмаган одамларнинг тиқилинчи боис ҳидланиб кетган автобус деразасидан ёмғирга бўккан заминни маъюс кузатиб кетадиган ёш йигитнинг юрагида дод-фарёд қилаётган инсонга тақлидан бўғиқ оҳангда янграйди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, тақдири оммага ҳавола қилинса бутун ҳаёти гўёки олдинда экани таъкидланадиган йигирма тўрт-йигирма беш ёшлардаги йигит мудом машина мойининг бўғиқ ҳиди анқийдиган қўлини жағига тираб олганча юрагида ижроси бошланган реквиемни хаёлан тинглаб кетади. Кунда саккиз-ўн соат давом этадиган, уни она сути оғзидан кетмаган пайтидан ўз исканжасига олган, дам олиш кунларисиз ишлагани туфайли бениҳоя тинкасини қуритадиган, ўпкасини машина тутунига тўлдириб, қўлидан тортиб юз-кўзигача машина мойидан бебаҳра қолдирмайдиган зерикарли иши кўз олдидан ўтади. У эслагани сари юзини бужмайтириб, тишларини асабий ғижирлатади. Кўча-кўйда якка ҳолда ёки тўдалашиб кечки сайрга чиққан, елкасига портфель осган, шўх-шодон жилмайиб ёки ҳазил-ҳузул билан бир-бирини сийлаётган талабаларга нигоҳи тушса бир энтикиб қўяди. Бир пайтлар шулардек бўлишни жону дилидан истаганини, талабалик бахтига эришиш учун интилганини ва бу йўлда заҳмат чекканини, охири эса бошига эрта тушган тирикчилик ғами уни бир ўпқон каби ютиб юборганини, суяги қотмай туриб худди катталардек эрталабдан кечгача ишлашга мажбур бўлганини эслайди. Натижада, юрагидаги реквием энг авж нуқтасига чиқади ва у титраётган қўллари билан автобус ўриндиғини чангаллаганча ҳаётга бўлган чексиз нафратини босишга ҳаракат қилади. Ушалмаган орзуларга аза тутишга ундайдиган Вольфининг ушбу реквиеми ҳавога кўтарилган самолётнинг кабинасидан булутлар ортида қолган ватанини ҳорғинлик билан кузатиб қолаётган ўттиз-ўттиз беш яшар йигитнинг ҳам қулоғи остида баланд оҳангда жаранглайди. У қўлидаги “грин кард”ни маҳкам ғижимлаганча тобора узоқлашаётган она юртини ҳали манзилга етиб улгурмай, бир неча минг метр тепаликда соғинишни бошлайди. Ҳадемай ўзига пешвоз чиқадиган уммон ортидаги жаннатмакон диёрни хаёлан йўқлаб ўзини шодумон ҳис қилмайди, аксинча юраги батамом сиқилади. Бошқа томондан, дорилфунунни тамомлагач мусаффо ва қордек оппоқ орзулар билан ишга кирганини, у ерда эса шўролардан қолган ва ҳануз олқишланадиган сарқит- авторитар бошқарув тизими, умрида бирор китобни бошидан охиригача ўқимаган, тарбияни қаерда ҳатм қилгани номаълум сўконғич раҳбар, маҳаллийчилик балоси, таниш-билишчилик каби офат уни энг гуллаган чоғларини заҳарлаганини, қонини худди зулукдек сўриб олганини, охирида эса худди занжирни эслатадиган бу тизим уни писта-пўчоғидек кўчага улоқтириб юборганини хотирасида жонлантиради ва суяклари зирқираб, кўзидан ўт чақнаб кетади. Абдулла Авлонийнинг нажот таълим ва тарбияда деган гапларига сўнгги бор мурожаат қилади, бир ўзи изидан чиққан бу ижтимоий тизимда ҳеч нимани ўзгартира олмаганини, ҳар қанча истамасин кучли оқимга қарши сузишнинг иложиси бўлмаганини, вақти келиб худди қора қарғалар оқ қарғани чўқилаб нобуд қилишгани каби ўзи ҳам мағлуб бўлганини тан олади. Олов бўлиб ёнаётган танасини совутиш учун стюардесса келтирган муздек минерал сувдан ютоқиб ҳўплайди, дастрўмоли билан терлаб-пишиб кетган юз-кўзини артади, лабларини қонталаш бўлиб кетгунча тишлайди. Юракни ўртайдиган реквием самолёт кабинасининг ҳар бир бурчагидан гўё отилиб чиқаётгандек уни тинглагиси келмай қулоқларини беркитиб олади, “грин кард” эса мажақланган ҳолда оёқлари остида ётади. Оҳ, “Орзу реквиеми”… У шаҳарнинг гадой топмас еридаги майхонанинг хира, шифтдаги чироғи липиллаб турган, ширакайф одамлар оғзидан сигарет тутуни аралаш таралаётган жаргон сўзлардан қулоқ том битадиган, деразасига сарғайиб кетган газеталар қўлбола қилиб ёпиштирилган хонасининг бир бурчида ўтирган-эллик ёшни қоралаган, ориқлигидан устидаги эски костьюми эгнида осилиб турган, соч-соқоли ўсган кишининг қалбида ҳам илкис чалинади. Ҳеч кимга қўшилмай, бир чеккада ёлғиз ўзи ўтирган бу киши сценарийга ўхшаш нарсалар ёзилган қоғозлар уюмини стол устига қўйиб олганча уларга фаромуш назар солади. Қоғозларнинг увадаси чиққан, баъзилари йиртилган. Ҳар бирининг остига қайд этилган “1999”, “ 2004”, “2012” каби рақамларни кўриб, улар анча йиллар олдин ёзилганини тахмин қилиш мумкин. Кекса сценарист вино шишасининг иккинчисини бўшатишга шайланаркан, олис ўтмишда қолган ҳаётини кўз олдидан ўтказади. Москвадаги кинематография институти ВГИКни тамомлагач, не-не орзулар билан кино оламига қадам қўйгани, Тош шаҳардаги кинога алоқадор ташкилотга сценарист бўлиб ишга киргани беихтиёр шуурини йўқлаб келади. Шунда бир пайтлар марионеткалар жамланган бадиий кенгашдан асоссиз равишда кетма-кет рад этилган сценарийлари тақдири юрагини тилка-пора қилади. Мустақилликни мадҳ этувчи пафосли, сиёсатга хизмат қилувчи замоннинг пўкак қаҳрамонлари гавдалантирилган бўм-бўш, жаҳаннамда ҳам мавзуси эскирмайдиган урф-одатлар ва анъаналар ҳақида сийқаси чиққан сценарийлар тасдиқланган даврда унинг тарихий шахслар, ўзбекнинг яқин ва олис тарихи, жамият ва шахс ўртасидаги зиддиятдан сўз очувчи, шахснинг ёлғизланиши-ю изоляцияси ва қатор мавзулар ҳақидаги тош босадиган сценарийларига жой топилмагани шунча йилдан кейин ҳам қалбига бир дунё ғуссани жойлайди. Оскар, Канн, Венеция каби фестивалларда қатнашишни орзу қилмайдиган, ҳалигача кино ичида нима қилиб юрганини тушунмайдиган, кераксиз мавзудаги фильмларга катта маблағ ажратиб, кераклисига сариқ чақани ҳам раво кўрмайдиган мутасаддилар ва ўртамиёналикдан юқорига кўтарила олмайдиган, гуруҳбоз ва қуруқ, ўз устида ишламайдиган, Ингмар Бергман ёки Микеланжело Антониони каби маэстроларнинг тажрибасини ўрганмайдиган режиссёрларни истеҳзо билан хотирлайди. Сўнг ўз қадрига ва турғун ҳолатга келиб қолган миллий кинематографияга балки минг биринчи марта ачинибми ёки тўлиб кетган аламларига бир малҳам сифатидами, кўп ўтмай иккинчи шишани ҳам бўшатади. Оёқ ости хазонларга тўлиб кетган, кеч кузнинг дилни ўртайдиган сийратига тикилганча ўриндиқда қимр этмай ўтирган мўйсафиднинг юрагида ҳам ушалмаган орзуларга жаноза ўқийдиган реквием ижро этилади. Гўё бу кўзга кўринмас оркестрга шахсан Тосканини дирижёрлик қилаётгандек, у анчайин юқори савиядаги ижро орқали мўйсафиднинг юрагидаги эзгин хотираларга хаёлан қоришиб кетади. Бир умр ўзбекни ҳар қандай мафкуралардан холи тарзда, уларга манқуртларча бўйсунмай, ўз шахсий фикри ва мустақил йўлига эга бўлишини орзу қилиб келган мўйсафид тақдирга тан бергандек кўзларини бир нуқтага тикканча шу туришида ўлимини кутаётгандек таассурот қолдиради. Шўролардан олдин туркпарастликка, шўролар пайтида бир умр Марксизм-Ленинизм мафкурасига хизмат қилган халқ эндиликда истиқлолнинг дастлабки ўттиз йиллигидаёқ бир неча мафкурани пайпоқдек алмаштиргани, битта мафкурага қизиқиши ва хизмат қилиши беш йилга ҳам бормагани унинг дилини хуфтон қилади. Айни пайтда ўтган асрнинг бошларида вужудга келган жадидчилик мафкурасини янгича талқинда ўзига мослаб , унга сиғинаётган, ўзини неожадид деб овоза қилаётган, сиёсий нўноқлиги оқибатида ўз вақтида ўн мингдан ортиқ Фарғона водийси аҳолисини бошини еган жадидчиликни айни пайтда ҳокимият тепасига ва давлатнинг бошқарувига киритиш зарурлигини, шу йўлгина миллатнинг тараққиёти ва фаровонлигини белгилаб берувчи кучлигини вайсаётган, саёз тафаккурида русофобия ва шовинизм авж олиб, худди бир пайтлар Гитлер қилган хатони такрорлаб, туркпарастлик ва туркийларни орийлар дейишга шайланаётган халқнинг шўрпешона зиёли қатлами ҳақида ўй суриб на кулишини, на йиғлашини билади. Уларнинг газеталардаги бақир-чақирлари, телевизордаги мунозаралари, минбарлардаги пафосли чиқишлари, ёзаётган макулатура китоблари ва диссертациялари, шўроларнинг тарбиясини олган, доимий ширакайф юриши ва бачкана феъл-атвори сабаб аҳлоқан жадидчилик қолипига умуман тушмаган ёки паранжи ташлаш-у ишчиларни уйғотиш орқали шўроларга хизмат қилишни ўз бурчи деб билган икки-уч шоирни жадид бўлган эди даъво қилишлари, халқнинг тирикчиликдан ортмаётган қатламини эса худди бир вақтлар Пантуркизм ва Марксизим-Ленинизм мафкурасига мафтун бўлгани каби уларга кўр-кўрона эргашаётгани ҳамда қулоқ тутаётгани, уларнигина хақ дейишга ахборот оқими кўмагида мажбурланаётгани наздида бир беъманликдек туюлади. Қачон ўзбек бирор бир мафкурадан холи тарзда яшаркин деб ўйга толади. Бу ушалмаган орзуси ўлим ёқасида ҳам юрагини тирнайди… Орзу реквиеми тинмайди. Жон бераётган Моцартнинг бошида бошланган хомаки нусхаси мукаммал кўринишда, асрдан асрга ўтиб Ер юзининг исталган бурчагида, ҳар дақиқада юзлаб, минглаб, миллионлаб одамларнинг юрагида ижро этилаверади. Бу одамлар ушалмаган орзулари ёки бой берилган хомхаёлларига куйнинг ибтидосида аза тутишади, унинг интиҳосида эса уларни тинчгина кўмиб ё яшашда давом этишади, ё кеч кузнинг мана шундай дилгир кунларидан бирида омонатларини эгасига топширишади.
2023-01-17
http://nodirabegim.uz/archives/5007
( ) Мен учун охирги йиллар жуда қақшатқич келди. То шу кунгача умрнинг қандай ўтиб кетаётганини ҳеч қачон сезган эмасман. Худди ҳамма қариб ўлиши мумкину, фақат мен абадул-абад ёш қоламан деган иштибоҳ юрагимнинг туб-тубларида яшарди, вақтнинг атрофга ўтказаётган ҳукми ҳаммага тегишли бўлиши мумкину мени четлаб ўтишига қандайдир телбавор ички хотиржамлик билан ишонардим. Йигирма саккиз ёшимда уйланганимда синфдошларим билан мени таққослаган келиннинг дугоналари мен каби ёш бир йигитни шу одамлар билан бирга ўқиганидан ҳайратга тушишганди. Дарҳақиқат, табиатан мен жуда ёш кўринардим. Иттифоқо, пойтахтнинг турли университетлари ва институтларида фалсафа, социология, маданиятшунослик ва ижтимоий антропологиядан лекциялар ўқиб юрган вақтимда мен эндигина йигирма уч ёшга кирган йигитча эдим, пўримроқ кўриниш берадиган костюм-шим ва бўйинбоғ тақардим. Албатта бу ўзимга ёқар эди дея олмайман, аммо катта ёшли кўриниш лектор учун мақбул деб ҳисоблардим. Шунга қарамай ўтган йиллар давомида ёшлик элексири менинг ҳаётимнинг ажралмас бўлаги каби менга доим ҳамроҳлик қилганини катта ҳиссиёт ва қониқиш билан туйдим. Зерикарли лекторлик ишидан воз кечиб, мен ўзимнинг бутунлай ёзувчиликка бағишлашга қарор қилганимдан кейин ҳам мен қачондир сочларимга оқ туша бошлашини ва шунда улуғвор қиёфа касб этишим мумкинлигини чамалардим, аммо бу ҳол қирқ ёшимгача юз бермади. Вақтнинг тенгқурларимга кўрсатаётган ваҳшиёна таъсири мендан олисдалигидан ҳайратга тушардим. Бироқ қирқ ёшга ўтарканман, бир куни ойнага боққанимда сочларимдаги илк оқ толаларни кўрдим. Шунда илк бор ҳаётимнинг абадий эмаслигини, ёшлик ўтиб, умрнинг ғамғусор йиллари яқинлашаётганлигидан вақт менга хабар бераркан, юрагим шиғ этди. Мен шунда, шу вақтгача нима қилганимни, қанча олтин даврларни шамолга совуриб юборганимни, ҳаётимнинг энг гуллаган пайтларини беҳуда нарсаларга сарф қилганларимни ўкинч ва аянч билан эсладим. Энг ёмони энди ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмасди. Маиший муаммолар, турмушнинг арзимас орзулари инсон умрини, инчунун, мен каби ёзувчини, ҳаётини сарф қилиб юбориши учун даҳшатли фожеа эканлиги аён бўлди. Тўғри буни анча олдин тушунгандим. Кейинги ўттиз йилда Москвада яшаб ижод қилаётган классик ёзувчимиз Темур Пўлатов Тошкентга борганида, ижодимни янги поғонага кўтаришим учун муҳитни ўзгартириш ва фақат адабиётга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, мени Москвага, ёзувчилар шаҳарчаси Переделкинога чорлаганида мен бу таклифни бир истак ўлароқ қабул қилдим. Оиладан, яқинлардан узоққа кетиш ва бу мискин ҳаётимда туб бурилиш қилиш осон бўлмади, аммо ортиқ ўзимга қарши боролмасдим. Биқиқ адабий давралар, ҳасад ва кўролмаслик касалига чалинган ижодкорлар муҳитида мен мутлақо бегона эдим, ҳеч қандай адабий гуруҳ ва тўдаларга мансуб бўлмаганим учун, уларнинг сохта пиар ва ўз-ўзини мақтовчи салафлари ичида ўзимни мутлақо тасаввур қилолмасдим. Мегашаҳарга кўчиб ўтганимда, мен энди бутунлай йўқ бўлиб кетсам керак, ижодий муҳитдан мосуво бўлиб, ёзолмай қолсам керак деган қўрқувда эди. Бироқ ҳамма нарса бунинг тескарисини кўрсатди. Мен ёзиш учун мутлақ максимал имкониятга эга бўлдим. Аммо яқинларимнинг соғинчи, боламнинг болалиги кечаётган энг яхши даврларида ёнида бўлолмаслигим менга қаттиқ азоб берарди. Бундай кезларда мен ёзувчиликдан воз кечиш, бир оддий инсон ўлароқ яшаш, ижод иддаоларидан бутунлай юз ўгириб, уйга қайтиб кетишни ва жимгина ному-нишонсиз йўқолиб кетишни ўйлардим. Иккисидан бирини танлашдек, экзистинциал танлов қаршисида қоларканман, мен иккита одам бўлиб яшардим: улардан бири цивилизациямиз маҳсули бўлган алоқа воситалари орқали ҳар куни яқинларини кўриб, эшитиб гаплашар, масофалар узоқ бўлсада, улар билан маънан яқинликни ҳис қилар ва қўлидан келиши мумкин бўлган имкониятлари билан уларга далда бўлар, бошқаси эса, бир шафқатсиз ёзувчи ўлароқ, умрининг сониялари қоғоз қоралаб ўтказар, шеърлар, балладалар ёзар, публицистик адабий мақолалар қоралар, ҳикоялар, эсселар, очерклар битар ва юрагини қон қилиб ётган романлари устида ишларди. Кунлар ойларни, фасллар эса йилларни қувиб ўтарди. Вақт эса худди қумсоат каби келажакни ўтмишга қуяр, бу тезлик оқимига ҳеч нарсага улгуриб бўлмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турарди. Илгарилари мен олифтаарчилик билан фақат илҳом келса ёзаман, ўзимни мажбурлаб ҳеч қачон ёзмайман деган иштибоҳда қалам тебратган бўлсам, эндиликда унча-мунчага қадам ранжида қилмайдиган илҳом отлиқ кўнгил иронияларини кутиб ўтиришга менинг вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди. Бир нарсани билдимки, муайян тажрибага эришганингда, ёза олиш имкониятинг, инчунун, сен қанча хоҳласанг шунча ёзиш салоҳиятинг бўй кўрсатар экан. Фақатгина муайян режа асосида ишлаш, муайян соатларни ёзув столи устида ўтказиш, мен қилишим мумкин бўлган энг ажойиб воқейлик эдики, шубҳасиз бу менга адабий маҳсулдорликни оширишга хизмат қилган бўларди. Мен эса ниҳоятда тартибсиз ўқир ва тартибсиз ёзардим. Ҳолбуки мени ўқиш ва ёзишдан ортиқ нимадир қизиқтирмасди. Адабиёт ҳаётимни асосий мақсадига айланганига чорак асрдан ошганди. Аммо энди яшаш учун умр соатлари борган сари камайиб бориш хавфига дучор бўлганимда, тартибсиз яшаш ва ёзишдан ўзимни қутқаришим керак бўларди. Алалхусус, мен ҳаётимни тартибга солиш ҳақида ўйлай бошладим. Узоқ яшаш имконига эга бўлиш одамга, хусусан, ёзувчига кўпроқ асарлар ёзиш имкони ҳам эканлигини рад эта олмасдим. Қолаверса, душманларингдан узоқ яшаш имконига эга бўлишинг, қандайдир маънода улар устидан маънавий ғалабангни ҳам англатади. Улар сени эмас, сен уларни вақтнинг бешафқат ғаладонида забун бўлишини кўришинг, сенга нисбатан улар амалга оширган тубанликлар учун қисматнинг қаҳрига дучор бўлганини кузнинг салқин ҳавосида бир финжон кофе ичганча кузатиш имконига эга бўлиш ҳамдир. Бундай паллаларда сен файласуфона фикрлар юритасан, эҳтимол, бирон фалсафий трактат қораларсан; ким билсин, ахир ҳамма нарса бўлиши мумкин. Воқеатан, ҳаёт ҳеч кимга абадий берилмаган. Христиан мифологиясидаги Агасфернинг борлигига, ёки ислом дини ҳукм сурган мамлакатлардаги Хизрга бўлган ишонч истисноли ҳолатлар эканлигини ва уларни рационал тасдиқлаш имкониятига эга эмаслигимизни назарда тутсак ва бу кибр ҳамда риё тўлиб-тошган дунёда биз учун қанча фурсат қолганини чамалаш ихтиёрига эга бўлмаганимиздан сўнг, эҳтимолий умримизни қанча қолганини қайдан ҳам билардик. Балки, душманингдан олдин ўлиб кетарсан, у сен ҳақингда ўтганингдан сўнг, бўлмағур гапларни сайраб юрар; албатта, мен умрни Яратган томонидан аввалдан белгилаб берилган деган имоний ишончга эгаман. Шунга қарамай, шарқона донишмандлар ичикиш эҳтиёжи билан айтган: «Ўзини асраганни, Худо ҳам асрайди», деган фикрларида ҳам маълум ҳақиқатлар борлигини инкор этолмайман. Алалхусус, ҳаётимни тартибга солиш ҳақида узил-кесил қарорга келарканман, халқ табобати ва замонавий медицина инсон организми учун зарарли деб топган кимёвий усулда қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларидан, инчунун ўзим илгаридан нисбатан кўп истеъмол қиладиган шакар ва кока-коладан ва шунга ўхшаш нотўғри овқатланишга доир мазахўракликлардан бутунлай воз кечишга қарор қилдим. Иложи борича табиий маҳсулотларни овқатланиш рационида кўпайтириш, соғлом бадан тарбия билан шуғулланишга қатъий риоя қилишни, одатга айлантиришга ўзимни ишонтирдим. Ёзувчилар шаҳарчасидан ишхонамга эрталаб икки соатда жамоат транспортида борардим. Бу ҳолат кечки қайтишда ҳам такрорланарди. Демак, ҳар куни деярли тўрт соат ҳаракатда бўламан. Яқин оралиқ масофаларда пиёда юраман. Бу моддалар алмашинуви ва организмнинг жисмоний фаоллиги учун зарур. Мен ишонаманки, бу каби юришлар Харуки Муракамининг кунлик югуришларидан кам аҳамиятга эга эмас. Агар мен муҳожирликдан Тошкентга қайтадиган бўлсам, юришдан воз кечиб, мактаб стадионида ёки паркда югуришим мумкин. Ўзимни шу фаолиятга тайёрлар эканман, мен ёзувчилик ишларимни ҳам тартибга солишни, ёзув столида йигирма тўрт соат ичида саккиз соатлик иш режимига эга бўлишга эътиборимни қаратдим. Саккиз соат оила учун ишлаш, саккиз соат дам олиш ва саккиз соат ижодий иш билан банд бўлиш. Бу максимализация. Ахир Бальзак ўн олти соат ишлаган кунига, бу соатларни ярмига эга бўлиш маҳсулдорлик учун мени муайян маънода қаноатлантирарди. Бундан камида албатта рози бўлолмайман. Яна қирқ ёшнинг миёнасида бундан камига рози бўлиш ўлчовли умримизнинг олтин сонияларини ҳудудсиз вақт оқимига нодонларча сочиб юбориш билан тенг эмасми?! Темур Пўлатов менга нуқул кўп таъкидлайдиган гап: «Мен қирқ ёшимгача асосий асарларимни ёзиб бўлганман. Сен шеърларинг ва ҳикояларингдан бошқа нима ёздинг?!» Яна нималар ёзганман, сиз билмайсиз, — пичирлайман ичимга. Аммо бошқа томондан бундай гаплардан кейин бироз зил кетасан. Хаёлингга қирқ ёшга етмасдан вафот этиб кетган сенинг адабиётдаги кумиринг Томас Вульф гавдаланади. «Қўнғироқ нимадан бонг ураётир»ни ёзганда Хеменгуэй неча ёшдалигини эслайсан ва ўзингга савол берасан: -Мен-чи?! Пессимизм юрагингни қора доғ каби қоплайди. Бетўхтов чекасан сигарет. Сўнг яшаш ҳақида ўйлайсан, узоқ яшаш ҳақида. Сигаретни эзғилаб улоқтирасан. Тирик ёзувчи ҳамма нарсага эришиши мумкин. Ўлгандан кейин ихтиёр сенда қолмайди. Шунинг учун тирик қолиш муҳим, инчунун, узоқ яшаш ҳам. Ахир Айтматов оламшумул романларини эллик ёшдан кейин ёзганини эсла. Қирқ йиллик туғилган кунимни нишонлашни ният қилганимни жаз мусиқаси маэстроси Сергей Летовга айтганимда, у бу ёшда ирим қилиш кераклигини, иложи бўлса, нишонламаслик муҳимлигини шипшиганди. Ёмон руҳлар бор, бу ёшни нишонлаб бўлмайди деганди, хотиржам бир ишонч билан, аммо мен Москвадаги шарқона чойхонада бунга терс ўлароқ юбелийни дўстлар даврасида нишонладим. Қолаверса, шу ёшда бир қанча хавфли қадамларни ташлаётганимни инкор этолмасдим. Коронавирус тарқаётганига қарамай, энди мен таъассуфки, ниқоб тақмай қўйгандим. Яна мен ижтимоий антропологик тадқиқотлар учун йўқолиб кетаётган халқларни ўрганиш учун илмий тадқиқот сафарига тез орада жўнаб кетишни айни қирқ ёшда режалаштириб турибман. Мен минглаб чақирим масофаларда ҳаво кенгликларидан самолётда учиб ўтаман ва ўзим билмайдиган, кўрмаган одамлар дунёсига ташриф буюраман, у ерда мени нима кутаётганини, қандай қисматга рўпару келишимни билмайман. Яшаш ва ёзиш тўлқинлари баъзан шундай пародоксал тарзда режалар билан ҳаётинг аъмолларини қарама-қарши қилиб қўядики, сен ҳаётингни ўзинг эмас, қисмат чархпалаги бошқараётганини тушуниб етасан. Аммо сенда бир нарса мавжуд, бу – ихтиёр эркинлиги, ўз қисматингни ўзинг танлашинг, ўзингни белгилаш эркинлиги бор. Ёзиш учун албатта яшаш керак, ёзмоқчи бўлган нарсаларингни ўз кўзинг билан бориб кўришинг, бу икки карра ишонч, ўзингга ҳам, ўқувчиларга ҳам, ахир бундан ортиқ бахт борми ёзувчи учун; тасаввурларингда жонланган манзаратни, одамларни, характерларни кўрганингда асар янада жонли, янада ишончли чиқишига шубҳа йўқ. Мен шунга ишонаман. Бас, шундай экан, нега хатарли сафарга чиқмаслигим керак?! Мен қўрқоқ эмасман. Ҳар бир инсон Яратган берган умрни ҳар қандай ҳолатда ҳам яшаб ўтади. Қаерда бўлсам ҳам имконим даражада ўзимни асрайман, сафарларда бўламан, бораман, кўраман, яшайман ва ёзаман. Ўтган йиллар нима бўлса бўлиб ўтди. Афсусланган билан ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмас. Энди қолган умр ва келажак йилларини мазмунли ўтказиш мен учун муҳим. Чет элларда босилаётган асарларим, менинг ижодий интилишларимнинг самараси, ёзиш йўлидаги меҳнатларимнинг юзага чиқиши. Мени ўттиз ёшимдан ўзга тилларга ўгира бошлашди, бу жараён давом этмоқда, демак, мен ҳам ёзишда давом этишим керак. Бунинг учун саёҳатлар керак, ўрганишлар лозим. Интилишлардан чекинмаслик, ижодий ғояларни арзон баҳоламаслик, қаламни сотмаслик керак. Қирқ ёшдан эса ортиқ чўчимаслик лозим. Менга бу борада ким ёрдам берганини айтайми?! 1998 йилда, нобель мукофоти лауреати бўлган, ажойиб португал ёзувчиси Жозе Сарамаго: «Агар мен олтмиш ёшимда вафот этганимда эди битта ҳам асар ёзмаган бўлардим,» — деган у. Ҳа, худди шундай. Айнан Жозе Сарамаго илк ижодини қирқ ёшдан кейин бошлаган ва кейин ажойиб натижаларга эришган улуғ ёзувчи. Унинг илк романи адашмасам эллик беш ёшида ёзилган. Мен эса, аллақачон, ўттиз уч ёшимда илк романимда ёзгандим. Яна қўлимда неча йиллардан бери ишлаб келаётган иккита романим бор. Демаккки, Сарамаго кечикмаган экан, оптимистик руҳ берадиган интилиш кучини ўзимда сақлаб қоламан. Ахир қирқ ёшга кирган бўлсам нима бўлибди, осмон узилиб ерга тушармиди?! Ё, атом уруши бўлиб ҳаммамиз йўқ бўлиб кетамизми?! Дариғо, қирқ ёшимда мен ҳозирда шундай глобал хавф бўлган мамлакат ҳудудида турибман. Юрагимда эса ҳали қанча инжа орзуларим ҳилвираб турибди. Яшашга куч берадиган, ёзишга қувват бўладиган бу туйғулар ҳеч қачон шуҳратпарастлик ва манманликдан эмас, билъакс, яшашга бўлган интилишдан, ўлимни тик қаршилаш туфайлидир. Зеро, ижод – ўлимни бутунлай рад этиш, узоқ умрга интилиш, худди ўлмайдигандек яшаш демакдир. Бир сўз билан айтганда ижод – ўлимга қарши исёндир. Ёзишнинг табиати, ёзувчининг бетин асар қоралашининг фитрати шундан иборатдир. Қирқ ёшнинг нари-берисида бунга моне бўладиган бошқа жўялироқ сабабни кўрмаяпман… 2022. Москва-Переделкино.
2023-01-18
http://nodirabegim.uz/archives/5026
Стефан Цвейгнинг новелласида ҳам сени учратганим кечагидек эсимда. Новеллада у сени баҳоли қудрат, барча икир-чикирлар ва қисматингни оқ-қора чизиқларигача маҳорат билан тасвирлаганди. Унинг тасвиридаги Сен билан менинг тасаввуримдаги Сен деярли фарқ қилмасдинг. Мисол учун Сени кўрмагандим, ҳатто исмингни ҳам билмасдим. Цвейг ҳам шикаста ва хассос кўринишингни ўқувчига тўлиқ тасаввур берар даражада тасвирламаган, Сенга бирор бир исмни ўйлаб топмаган, қисматингни шунчаки учинчи шахснинг ҳаётини гапирган кишидек баён қилганди. Новеллани ўқигунча бу телба ҳаётимда Сени учратиб бўлгандим. Отам бир пайтлар ётган бешикда онамнинг ширали алласидан таралаётган садо остида уйқуга чоғланган пайтларим шарпанг атрофимда худди балет раққосалари каби оёқ учида айланар, қаршимда тўхтаб, сассиз равишда узун қўллари билан пантомима унсурларини кўрсатгандек ҳаракатланар, шу тарзда гўё Сен мени еру-кўкка ишонмай эркалаётгандек бўлардинг. Ухлаган пайтларим юзимда қайноқ ва меҳрли бўсаларинг тафтини туярдим. Буни мен бир маромда туйиб, қимтинган лабларимнинг четидаги кулгичимда чуқурча ҳосил қилганча ширингина кулиб қўярдим. Илк қадамларимни ташлаб, йиқилиб-йиқилиб, ҳайратдан кўзларимни катта-катта очганча қиқир-қиқир кулиб юра бошлаганимда шарпанг худди қучоғини кенг ёзиб, шодон ҳолда мени ўзига чорлаётгандек бўлар, мен ўйлаб ҳам ўтирмай жажжи танамдаги бор кучимни тўплаб Сен турган томонга интилардим. Онам ҳар сафар атрофига фариштачаларнинг қиёфасидаги ўйинчоқлар осилган аравачага солиб, кабутарлар тўпланадиган майдончага мени олиб борганида, турфа ранг кабутарлар атрофимда гирдикапалак бўлиб учишаркан, шарпанг ҳам худди фаришта мисоли уларга қўшилиб учаётгандек бўлар, мен қизиқувчан нигоҳим билан уларга эмас кўпинча шу шарпангга эътибор қаратардим. Шунда Сен бу ҳаётга эндигина келган мендек гўдакни асраб-авайлашга сўз бераётгандек қўлларингни кўксингга босганча ўз ўқинг атрофида айланар ва ҳаводан кафтларинг кўмагида мен турган ерга бўсалар юборардинг. Бирор нарсадан чўчиб кетиб йиғлаб юборсам эса онамга ўхшаб қўлларингни бир-бирига ишқалардинг-да, мени астойдил тинчлантиришга уринардинг. Аммо ҳечам юзинг кўринмасди. Бўй-бастинг билан оппоқ ҳарир либосда қаршимда гавдалансанг-да, негадир юзингни кўра олмасдим. Мактаб чоғларимда ҳам доим мен билан бирга бўлардинг. Меҳрибон аёл, ғамхўрим ва дардкашим сифатида доим ёнимда юрар, папка кўтарган, жимитдеккина, бўйнига алмисоқдан қолган бўйинбоғни осиб, оёғига товонидан сув ўтадиган пойабзални кийиб олган болакайдан шарпанг бир қадам ҳам силжимасди. Эсимда… Мактабимизда аълочи ўқувчилар доскаси бўларди. Унга ҳар бир синфдан фанларни энг зўр ўзлаштирган ўқувчилар сурати тартиб билан жойлаштирилиб, остига мактаб раҳбариятининг ташаккурномаси ёзиб қўйиларди. Шу доскадан ўрин олиш учун рангли фоторасмга тушиб келишимни айтишганида, зўрға рўзғор тебратаётган отамдан пул сўрай олмагандим. Пулим йўқлиги учун расмга туша олмагач, ўрнимга бошқа ўқувчи ўша доскадан ўрин олганини кўриб, ҳўнграб йиғлаб юборган пайтим Сен мени бир пасда овутгандинг. Елкамга қоқиб тасалли берганча, ҳаётим олдиндалигини уқтириб, омадли ва бахтли кунларим ҳали мени сўроқлаб келажагини тушунтиргандек бўлиб қилгандинг бу ишни. Ўртоқларим яланғоч аёллар расмини томоша қилишга мени мажбур қилишган пайти даҳшатдан кўзларим ола кула бўлиб , югуриб қочиб кетганимда ёки отамнинг шўролар замонидан қолган эски бўйинбоғини тақиб юрганим боис қимматбаҳо бўйинбоғ тақиб келадиган катта синф болаларининг мазахига чидолмай уришганимда, ортимдан шарпанг қолмаган ва йўл-йўлакай бағрингга босиб, мактаб стадиони четида анча вақт қонаётган бурним билан биргаликда жароҳатланган митти қалбимни ҳам тинчлантиргандинг. Ўшанда романтиклигим ва бани одамга бўлган ишончимга қалбим кенгликларида қаттиқ путур етганлигини сезган бўлсам-да, Сенга буни билинтирмаган ва ўша ердаги ўриндиқда папкамдан болиш сифатида фойдаланиб ёнбошлаганча шарпанг билан соатлаб дардлашгандим. Алдаб нима қилдим. Талабалик пайтимда ҳам Сен мен билан бирга эдинг. Кўряпсанми, Цвейгнинг новелласини ўқимасимдан олдин ҳам Сени танирдим, меҳрибон аёл. Талабалик пайтимни кўп эслашни истамайман. У омадсиз ва азобли ўтган.Бироқ, Сени хаёлан ҳис қилиб, яқин инсонимга айланиб қолган шарпанг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб, ўша азобларимдан қутулишга уринардим. Бу бор гап. Фан олимпиадаларига ўқитувчиларнинг такасалтанг болалари йўл олган, баҳо қўйишда таниш-билишчилик ва коррупция аралашган, енгилтак қизларнинг бачкана ва тутуриқсиз эҳтиросга асосланган изҳорларидан дилим оғриган, безган,толиққан лаҳзаларда иккиланмай Сенга суянардим. -Исминг нима?- дердим Сенга бўм-бўш аудитория ёки институт ҳовлисида ўтирарканман. Сен индамасдинг, бош чайқардинг, холос. -Онамдек меҳрибонсан,- давом этардим шундан сўнг.- Нега мен бошқача, атрофимдаги мана бу одамлар ва ҳаёт бошқача? Сен индамасдинг, яна жимгина бош чайқардинг. Бошингни ерга эгиб, гоҳида уни баланд кўтариб. Ишонасанми, вақти келиб Сен ҳақингдаги ўша новеллани ўқиганимда, кўзларимга ёш келганди. Қандай бундай бўлган, билмайман. Катта бўлгач дийдаси қотиб, такаббурлиги билан ном қозонган мен каби бир ношуд қўққисдан йиғлаб юборган ва кўз ёшлар сабаб хираланган кўзларимни пирпиратиб сендан эркак зоти учун кечирим сўрагандим. -Кечир! Шу биргина сўзни юз-юз эллик марта такрорлагандим. Тушимда, ўнгимда. Ҳар бир ташлаган қадамимда. Юрганимда ҳам, ўтирганимда ҳам. Тинмай такрорлардим. Тинмай. Буни йиллар ўтган бўлса-да хотирамда яхши сақлаб қолганман. Ўша новеллани ўқиганимдан сўнг негадир уяладиган, виждоним қийналадиган бўлиб қолганди. Гўё шарпангга ортиқ қарашга ботинолмагандек ҳар сафар кўзларимни олиб қочардим. Сен ёнимда турсанг-да, ўзимни гўё ён-атрофимда Сен йўқдек тутардим. Ичимда эса новелладаги ёзувчини лаънатлаб, гўрига ғишт қалар, мен ҳам унинг каби бўлиб қолишим мумкинлигини, Сенга ўхшаган бошқа ўнлаб аёлларга қисматингга монанд қисмат тақдим этишим мумкинлигини ўйлаб ич-этимни ердим. Бу тушунтириш ёки изоҳлаш душвор бўлган улкан уқубат, руҳнинг уқубати эди. Гоҳида тунлари, ҳамма осуда уйқуга кетган кезлари қоғоз қоралаб ўтирганимда, шарпангни доимгидек ёнимда тасаввур қилардим. Шунда ер ёрилса-ю, ичига кириб кетсам қаниийди, деб юзим шувут бўлар, лавлагидек қизарар, юрагим безовта уришни бошлар ва тасаввуримда ўша ёзувчи эркакдек ўзимни худбин ва номард кимсага тенглаштирардим. Бунинг самараси ўлароқ, фурсат ўтиб ёзгим келмай қолар, ортиқ бир сатр ҳам ёзишни истамасдим-да, финжондаги қаҳвани ичиб, қизариб кетган кўзларим билан тонггача бемақсад ўтираверардим. Бу каби тушкунлик ҳолатига кўп тушардим. Гоҳида эса ёзмасдан шунчаки эски гитарамнинг торини чертиб “тра-ли-ва-ли” ни хиргойи қилар ёки эплолмасам-да, синиқ мольбертни рўпарамга қўйиб олиб, ҳовлидаги сарғайган токларнинг баргини ажи-бужи қилиб чизишни ихтиёр қилардим. Булар шунчаки юрагимга қилчалик хотиржамлик бағишланиши учун қилинадиган юмушлар эди, холос. Гарчи энг ёмон гитара чолғучиси ёки энг истеъдодсиз рассом бўлсам-да, Сенинг олдингда бу жиҳатларим билан ўзимни камроқ гуноҳкор санар, шундай дақиқаларда ўша ёзувчининг гуноҳини гарданимга олмаётгандек руҳимда ажиб бир енгиллик вужудга келганини илғардим. Бу билан қимматли вақтимни беҳуда сарфлаётганимни, умримнинг саноқли қолган соатларини ҳавога совураётганимни теран англасам-да, бошқа тайинли чорани кўрмасдим. Чунки яна ёзишни, қоғоз қоралашни бошласам, Сен билан боғлиқ қора хаёллар фикру зикримни банди қилиб, юрагимни эзишни бошлар ва ўша ёзувчини бисотимдаги бор жаргон сўзлар билан овози баланд-у йўғон бўлган опера қўшиқчиларига ҳавас қилганча сўкишга киришиб кетардим. Шунга қарамай елкамдаги оғир тош ҳеч енгилламасди. Бу тош Сени олдингда эркак зоти қолдирган гуноҳнинг оғир юкидан ҳосил бўлган дард эди. Мен уни ҳар сония, ҳар ерда, ҳар қандай вазиятда кўтариб юрардим. Шунга мажбур эдим. Шу боисдан энкайиб юрар, энкайиб ўтирар, энкайиб гапирардим. Ҳатто шундай вазиятлар бўлардики, бу тошнинг оғирлигини енгиллатиш учун, аниқроғи олдингдаги эркак зотининг гуноҳини ювиш учун ҳамма нарсага тайёрдек сезардим ўзимни. Қурбим ва умрим етгунча ҳокисор аёл зотига яхшилик қилишга эртак қаҳрамонлари каби тантанали қасам ичардим. Шундан сўнг, ғалати ва ғайриоддий қарорлар чиқаришни бошлардим. Маданий тадбирларда хипчабел, сўнгги урфда кийиниб, пардоз ва соч турмагининг мукаммал турида кўриниш берган аёллар бир ерда қолиб, бир четда ҳуркиб ўтирган, энг хунук ва кўримсиз қизларни вальсга таклиф қилар, уларнинг белларидан аста ва назокат билан қучиб зал ўртасида ҳаракатланарканман, жилмайганча жудаям очилиб кетишганини қулоқларига шипшитардим. Бу олдингдаги ўша ёзувчининг гуноҳини бир қадар камайтиришга бўлган уриниш бўларди, холос. Худди шундай тарзда эски китоблар сотиладиган растага бориб, у ердаги қари, нафақахўр, касалманд рус кампирларидан улар қўйган нархдан икки баравар кўпроқ тўлаб китоблар сотиб олардим. Суви қочган кулча нонни кавшаб ўтирган бечора кампирлар шунда “сиз кўп бердингиз”, деб ортимдан чопиб келишарди. Мен худди ўшандай жилмайиб, пулларни уларга рози бўлиб берганимни, совуқда туриб китоб сотишаётгани учун уларга раҳмим келганини гапирар, иқроримни эшитган бу муштипар номаълум аёллар бўлса кўзларига ёш олиб, ҳаққимга дуо қилишарди. Бу билан яна таъкидлаганимдек, олдингдаги эркак зотининг гуноҳи ювишга уринардим. Бироқ, натижа кутилгандек чиқмасди. Елкамдаги тош енгилламас, аксинча янада оғир тош босиб бораверди. Чунки мен ҳам ўша ёзувчига ўхшаб қолишдан чўчиб яшаётганимни қанча кўп ўйлаганим сари, бу тошнинг оғирлиги шунча кўп тош босаётгани кундек равшан бўлиб қоларди. Мен ўша ёзувчига ўхшаб қолишдан, сенга ўхшаган бирор шўрлик аёлнинг юрагини синдириб, эркак зотининг гуноҳига ўз ҳиссамни қўшишдан азбаройи чўчирдим. Шунгами дейман бир томондан юқоридаги ғалати ва тушунарсиз қарорлар ичида юрсам, бошқа томондан ўзимни аёллардан олиб қочар, баланд тутар, масофа сақлар, бирортасини ўзимга яқин йўлатмасдим. Улар бўлса буни бошқача талқин қилиб, мени кибр ва такаббурликда айблашни тўхтатишмасди. Мен уларга ҳатти-ҳаракатларимнинг аниқ сабабини айтолмасдим. Яна битта номаълум аёл қисматини кўтаролмайман деб уларга баралла гапиролмасдим. Ғурурим йўл қўймасмиди ё телбага чиқаришларидан безирмидим, аниқ билмайман. Шунчаки оғиз очолмасдим. Назаримда, ҳозир ҳам шундай. Ҳозир ҳам бир сўз дейишим қийин. Бунинг ўрнига эски китоблар растасига бораман-да, доимгидек Кафка ёки Фолкнернинг китобларини сотиб оламан. Ёки бўлмасам эндиликда ҳафталаб эмас ойлаб бирор сатр ёзолмай, мольберт қаршисида қаҳвадан ҳўплаб ўтириб, гитарани қўлтиғимга қистирганча хиргойи қилиб, тунларни кунларга бемақсад улаб чиқаман. Номаълум аёллар эса ўзларининг соф, ишонувчан ва содда қалблари билан яп- янги шармандали қисматлари сари шахдам ва чўчимай, орқаларига ўгирилмай, югуриб кетаверишади. Новелладаги ёзувчига ўхшаш эркаклар ҳам бир туклари ўзгармай, ўша ҳолларича қайта-қайта дунёга келаверишади. Чиркинлашиб кетган ҳаёт чархпалагини тўхтатиб қўйишнинг сираям иложи йўқ. У шу йўсинда давом этаверади. Бундай шароитда фақат гуноҳларни ювиш мумкиндек, ҳар гал авлодлар алмашаётган пайтда фақат шу жиҳатгина бизга чинакам мерос бўлиб қолаётгандек туюлаверади.
2020-02-11
http://nodirabegim.uz/archives/3205
Адабиётни шеърият ва насрга ажратиш проза пайдо бўлгандан сўнг бошланди, таъкидлаш жоизки, фақат прозадагина адабиётни кенг миқёсли ишлаб чиқариш мумкин эди. Ўшандан бери шеърият ва наср одатда мустақил, умуман олганда, бир-биридан айро йўналиш сифатида қаралади, аслида улар бир бутун адабиётни ташкил қилса ҳам. Қайсидир маънода «насрий шеър» ёки «ритмик наср» ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар уларни ажралмас ҳолда идрок этишни тақозо қилаётган бўлсада, айримлар бу борада «қарз олиш психологияси» ва «қутбланиш» ҳақида фикр юритмоқда. Шуниси қизиқки, воқеликка бу тахлит қараш бизда ташқаридан танқид қилиш орқали юкланмайди. Бу қараш, аввало ёзувчиларнинг ўзлари томонидан адабиётга локал ёндашувининг самарасидир. Тенглик тушунчаси санъат табиатига ёт, чунки ҳар қандай ижодкорнинг тафаккури иерархикдир. Ушбу иерархияда шеърият насрдан, шоир эса наср ёзувчисидан устун туради. Бу шунчаки поэзиянинг насрдан ёши катталигида эмас, билъакс, даражотнинг табиий баландлигида, айтайлик имконияти чекланган шоир ўтириб олиб мақола ёзиши мумкин, худди шу вазиятда бўлган наср ёзувчисини шеър ҳақида ўйлаши қийин. Ҳатто наср ёзувчиси муносиб шеърий матн яратиш учун барча фазилатга эга бўлса ҳам, поэзияга насрга қараганда анча ёмон пул тўланишини у яхши билади. Истиснолардан ташқари ҳозирги замоннинг барча озми-кўпми таниқли ёзувчилари версификацияга алоҳида эътибор беришган. Баъзилар, масалан, Набоков сингарилар — умрларининг охирларигача, ўзини ва атрофидагиларни у шоир эканлигига беҳуда ишонтиришга уринди. Аксарият ёзувчилар поэзиядан ўзини йироқ тутишига қарамай, лаконизм ва уйғунлик сабоқлари учун шеъриятга ҳурматини сақлайдилар, шунга қарамай уларни шеърга фақат ўқувчи сифатида қараган деб бўлмайди. Йигирманчи аср адабиётида ажойиб наср ёзувчиси буюк шоирга айланган ягона ҳолат Томас Харди эди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фаол тажрибаси бўлмаган наср ёзувчисига улуғворликка мойил оҳангдор сўзлашув тажрибасини фақат шеъриятдан орттириш мумкин. Носир шеъриятдан нимани ўрганади?.. Сўзнинг ўзига хос вазн контексига боғлиқлигини, фикрлашнинг йўналишини, руҳнинг юксак ҳолатини ўз-ўзидан мавжуд бўлган равшанликда яшириш хавфини намоён этишни ва ҳакозо. Шоир насрдан нимани ўрганади?.. Бироз тафсилотларга эътиборни, маҳаллийлик ва бюрократиядан фойдаланишни, камдан-кам ҳолларда композиция техникаси (бу борада унга яхши ўқитувчи мусиқа аслида) ўрганиши мумкин. Аммо унисини ҳам, бунисини ҳам, ҳатто бошқаларини ҳам шеъриятнинг ўзи (уйғониш даври шоирлари бунга яққол мисол) амаллай олади. Бу назарий жиҳатдан мумкин, айтиш жозки, насрнинг аралашувисиз ҳам буни назарий тарафдан эпласа бўлади. Тақриз эҳтиёжи, ёки оддийгина почта хабарини айтмаса ҳам шоир ҳам ҳамма қатори эртами-кеч ҳамма одамлар сингари қаторда ёзишга мажбур бўлади. Бундан ташқари наср ёзишга шоирнинг бошқа сабаблари ҳам бор, уларни қуйида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз: Биринчидан, шоир фақат бир кун насрда бирор нарса ёзишни исташи мумкин. Наср ёзувчисининг шоирга нисбатан азоб чекаётган камситилиш мажмуаси, наср ёзувчига нисбатан шоирнинг устунлик мажмуаси гарчанд ҳеч нарсани кафолатламасада, шоир кўпинча носирнинг асарини ўзиникидан кўра жиддийроқ нарса деб билади. Гарчанд ҳар доим ҳам бундай қилишни имкони йўқ, бунинг учун насрий асарни кўриб чиқиш керак. Бундан ташқари насрда бошқа ҳеч қайси адабий тур етказа олмайдиган сюжетлар мавжуд. Учдан ортиқ персонажнинг баёни эпосдан ташқари ҳар қандай шеърий шаклга қаршидир. Тарихий мавзудаги мулоҳазалар, болалик хотиралари (шоир бу ерда ўлик билан тенг деярли) ўз навбатида насрда табиийроқ туюлади. «Пугачёв қўзғалонининг тарихи», «Капитан қизи» кабилар романтик мавзулар учун миннатдорчиликдай туюлади, айниқса романтизм даврида… Бироқ романнинг ўрни шеърлар тобора кўпайиб бораётганлиги билан тугайди. Шоирнинг ёзувчига айланишидан шеърият қанча йўқотиши маълум эмас, аммо бундан наср катта фойда кўриши аниқ. Эҳтимол ҳамма нарсадан яхшироқ бўлган Марина Цветаеванинг насрий асарлари бу саволларга жавоб беради. Клаузевицнинг ибораси билан айтганда, гарчи бошқа усуллар билан бўлсада, Цветаева учун наср шеъриятнинг давоми эди. Тарихий жиҳатдан унинг насри нима ўзи?! Биз бу насрга ҳамма жойда — унинг кундаликларида, адабиётга бағишланган мақолаларида, уйдирма хотираларида биз бунга дуч келмоқдамиз. У шеъриятни насрга ўтказиш билан шеърий фикрлаш методологиясини наср матнига ўтказишга киришгани намоён бўлади. Цветаеванинг иборалари шунчаки, предметга асосланган предмат принципи асосида эмас, балки шеърий технологиянинг ўзи асосида яратилган, яъни: товушли киноя, илдиз қофия ва бошқа семантик ёндашувлар шулар жумласидан. Дарҳақиқат ўқувчи доимий равишда чизиқли (аналитик) ривожланиш билан эмас, балки фикрнинг кристалга ўхшаш (синтетик) ўсиши билан шуғулланади бу матнларни ўқиганда. Шеърий ижод психологиясини ўрганувчилар учун бундан яхшироқ лабораторияни топиш мумкин эмас. Бир сўз билан айтганда жараённинг барча босқичлари ниҳоятда катта карикатуранинг умумий режасида намоён бўлади. «Ўқиш», — дейди Цветаева, — «бу ижодда иштирок этиш». Бу албатта шоирнинг гапи. Лев Толстой бундай демаган бўларди. Ушбу баёнотдан сезгир -ҳеч бўлмаганда ўртача даражада эҳтиёткор бўлган муаллифнинг (ва бундан ташқари аёлнинг мағрурлигидан ниҳоятда бўғилиб, тобора кучайиб бораётганидан чарчаган шоирнинг ғуруридан ноумид бўлган ёзувини фарқ қилади. Шоирнинг насрга бўлган мурожаатида — бунда ўқувчига ўзини тушунтиришда «apriori», «oдатий» алоқа шакли — тезликни пасайтириш, тезликни алмаштириш, умуман ўзини тушунтиришга доимо бир сабаб бор. Чунки ижодга қатнашмасдан уни идрок қилиш мумкин эмас. Агар қатнашмасак, тушуниш ҳақида гапириш ўринли бўлмайди. Уитмен айтганидек: «Буюк шеърият фақат буюк ўқувчилар билан мумкин». Цветаева насрга мурожат қилиб ўқувчига сўз-фикр-ибора нимадан иборатлигини кўрсатади; кўпинча иродасига қарши ўлароқ, у ўқувчини ўзига яқинлаштиришга ҳаракат қилади, уни ўзига тенглаштиради. Цветаева насри методологиясининг яна бир изоҳи мавжуд. Маълумки ҳикоя жанри пайдо бўлганидан бери ҳар қандай асар ё ҳикоя ё роман деб аталган. Роман битта нарсадан қўрқарди, унга ишончсиз деб танбеҳ беришларидан. Демак, ё реализм истагини ё композицион завқни танлаш керак. Охир-оқибат ҳар бир ёзувчи бир нарсага интилди: йўқолган ва ҳозирги вақтни босиб ўтиш ёки ушлаб қолишни ихтиёр этишди. Шоирда бунинг учун барча имконият бор, аммо наср ёзувчиси учун бундай дея олмаймиз. Цветаева насрга ўтгач, унга онгсиз равишда шеърий нутқ динамикасини юклади, асосан, қўшиқнинг динамикасини берди. Буни вақтни қайта ташкил қилишнинг бир шакли деб айтиш мумкин. (Шеърлар сатри қисқа бўлганлиги учун ҳеч бўлмаганда битта ҳақиқатни айтишга чоғланади. Унда ҳар бир сўз учун камида икки ё учта семантик юк мавжуд. Кўп маънолар тушунишга уринишнинг тегишли сонини, яна кўп марта назарда тутади. Буни ҳатто вақт бирлигида асослаб бўладими? Аммо Цветаева ўзининг прозаик нутқини ишонарли эканлигига кўп ҳам аҳамият бермайди: унда баённинг мавзуси қандай бўлишидан қатъий назар технологияси бир хил. Бундан ташқари унинг ҳикоя қилиш услубидаги қатъийликнинг асосида одатда монолог қуввати сақланади. Шу билан бирга у ҳам профессонал наср ёзувчиларидан, ҳам насрга ўтган бошқа шоирлардан фарқли ўлароқ, у бу жанрнинг пластик инерциясига бўйсунмайди, ўзини мажбурлаб унга ўз технологиясини тиқиштиради. Одатда бу ўйланганидек, ўзига ҳавас қилишдан эмас, балки у учун шеър ва ҳикоядан муҳимроқ бўлган интонацияга берилиб кетишдан келиб чиқади. Қисқаси бу содиқлик эффекти жанр талабларига риоя қилиш натижаси ҳам бўлиши мумкин, ёки айтилаётган овоз тембрига реакция ҳам бўлиши мумкин. Иккинчи ҳолда, сюжетнинг ишончлилиги ҳам, сюжетнинг ўзи ҳам одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат сифатида тингловчилар онгида фонга қайтади. Овоз тембри ва унинг интонацияси қавс ташқарисида қолади. Саҳнада бундай эффект яратиш қўшимча имо-ишораларни талаб қилади. Қоғозда, яъни насрда бу драматик аритмия усули билан, кўпинча номинатив жумлаларни мураккаб жумлаларга алмаштириш орқали амалга оширилади. Бу ерда шеъриятдан қарз олиш элементлари аллақачон кўринади. Ҳеч кимдан ва ҳеч нимадан қарз олишга ҳожат бўлмаган Цветаева нутқининг ўта тизимли сиқилишидан бошланади ва у шу билан тугайди. Минимал типографик воситалар билан Цветаева насрининг лисоний экспрессивлиги даражаси ажойибдир. Муаллифниг «Казонованинг тамом бўлиши» пьесасидаги Казанованинг характеристикаси ҳақидаги қуйидаги эслатмани эслайлик: «Хўжайин эмас — шоҳона.» Энди тасаввур қилинг Чехов бунга қанча вақт сарфлаган бўлар эди?! Ахир бу атайлаб сарфланган иқтисод — қоғоз, сўзлар, инстинктив қисқаришлар эса саъй-ҳаракатлар натижаси эмас, албатта. Цветаева шеъриятни насрда давом эттириб уни йўқ қилади, аммо улар орасида мавжуд бўлган чизиқни оммавий онгда, шу пайтгача синтактик равишда эшитиб бўлмайдиган лингвистик жабҳада юқорига кўтаради. Ва айтиш мумкинки, шеъриятга қараганда услубий жиҳатдан боши берклик хавфи анча юқори бўлган наср бу ҳаракатдан фақатгина фойда кўради: у ерда Цветаева ўзининг синтаксисининг нозик ҳавоси билан насрга тезланиш беради, натижада инерция тушунчаси ўзгаради. Бир тарафдан «Телеграф услуби», «Онг оқими», «Суперматн адабиёти» ва бошқа шу каби йўналишларга бу гапларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг замондошларининг асарлари, кейинги ўн йилликнинг муаллифлари ҳақида гапирмаса ҳам уларнинг асарларига бундай таърифлар қўлланилиши мумкин. Ностальгияси ва моҳияти бир хил бўлган тарихий ҳамда адабий қиммати туфайли ҳам уларни жиддий ўқиш мумкин ҳатто. Лекин бошқа тарафдан фақатгина Цветаева яратган адабиётнигина суперматн адабиёти, агар ахлоқий оқимда оқаётган бўлса онг оқими ва ҳатто унинг тиниш белгиларини асосий белгиси бўлган — чизиқчага кўра телеграф услубига ҳам қиёслаш мумкин. Чизиқча Цветаева учун ҳодисаларнинг ўзига хослигини изоҳлашда ва ўз-ўзидан ўзига хос равшанликка сакрашга хизмат қилади. Бироқ бу белгининг яна бир вазифаси бор: у XX аср рус адабиётидаги жуда кўп нарсаларни кесиб ташлайди. «Марина кўпинча шеърни юқори S дан бошлайди», — дейди Анна Ахматова. Цветаеванинг насрдаги интонацияси ҳақида ҳам худди шундай айтиш мумкин. Унинг овозининг хусусияти шу эдики, нутқ деярли ҳар доим октаванинг ўша учидан, яъни юқори қисмидан бошланарди. Сиз у ерда рўйхатдан ўтинг, шундан кейин фақат пастга тушиш, ёки ўзингизни энг яхши баландликда тасаввур қилишингиз мумкин, аммо унинг овози шу қадар фожеали эдики, у товушнинг ҳар қандай давомийлиги учун кўтарилиш ҳиссини келтириб чиқарарди. Бу ҳолат менинг таржимаи ҳолимга яхшиям юқмаган. Мен у билан шунчаки тасодифан учрашдим, унга ҳамроҳ бўлдим, унинг бу тембрини «Ёшлик шеърлари»дан ҳам билиб олса бўлади. Албатта, биографик насрда овозга эришишдан бошқа нарса йўқ бўлиши мумкин. Аммо унда овоз воқеани қувиб чиқарди: унинг овозининг тезлиги. Тажриба ҳар доим кутишдан орқада қолади, аммо унда санъат ва ҳақиқат ўртасидаги фарқ одатда қўшилиб кетади. Худди шу тарзда ҳақиқий санъатдан фожеали нарса йўқ. Бу фожеа лириканинг тескари томони, ёки ундан кейинги босқич. Инсоннинг тўғридан-тўғри тажрибаси қанчалик драматик бўлмасин реал инструментлар унга соя солади. Шоир бу бир кишида одам ва инструментларнинг комбинациясидир. Биринчисининг иккинчисидан аста-секинлик билан устунлиги. Ушбу устунлик ҳисси, овоз учун, уни англаш учун — тақдир учун жавобгардир. Эҳтимол бу гаплар шоирнинг насрга, айниқса автобиографик насрга бўлган мурожаатини тушунтириш учун керакдир. Цветаева иши бу тарихни қайта ёзишга уриниш эмас, бунга энди кеч, лекин буни тарихга, болаликка қайтиш деб баҳолаш мумкин. Бироқ бу ҳамма нарса маълум бўлганда эмас, балки «ҳали бошланмаган нарса», шафқатсиз давр томонидан ҳаётнинг ўртасида ушланиб қолган шоирнинг болалиги. Шу маънода автобиографик наср, умуман наср бу — муҳлат. Ҳар қандай чекиниш сингари у ҳам лирик ва вақтинчалик чекинишдир (Бу чекиниш ҳисси ва унга хизмат кўрсатувчи фазилатлар — унинг аксарият адабиётга оид эсселарида кучли автобиографик элементлар билан бир қаторда мавжуд). Бу унинг эсселарини анча катталаштиради. Аслида Цветаеванинг кундалик ёзувларидан ташқари барча насрий ёзмалари ретроспективдир, уларни ўқиётган китобхон фақат орқага қараб нафас ростлаши мумкин. Шу маънода унинг насридаги деталнинг роли умумий оқим билан қиёслаганда шеърий нутқ энг суст қиёфада гавдаланади. У ёзган «тургеневча» вақт, жой ва ҳаракат шароитлари «авангард» кўриниш касб этган. Ҳатто пунктуациялар ҳам қўшимча юк олган. Шундай қилиб воқейликни тугатган нуқта унинг адабиётда бўлмаган жисмоний якунини, чегарасини, бир сўз билан айтганда, воқейликни бузилишини кўрсатади. Ҳикоянинг ўзи томонидан тартибга солинадиган нуқта, жарликнинг яқинлиги ва муқаррарлиги, муаллифнинг ўзи учун берилган чегаралар ичида мукаммалликка интилишини купайтиради ва ҳатто қисман вазифани соддалаштиради, уни кераксиз нарсалардан воз кечишга мажбур қилади. Ортиқча нарсаларнинг бекор қилиниши, ўз-ўзидан шеъриятнинг биринчи қичқириғи — товушнинг ҳақиқатдан устунлиги, борлиқнинг моҳиятан фожеали онг маҳсули эканини англатади. Ушбу йўл давомида Цветаева рус тилида, эҳтимол жаҳон адабиётида энг узоққа борди. У рус тилида, ҳамма замонлар учун, алоҳида ажралиб турадиган, атрофи образли айтганда девор билан алоҳида ажратиб олинган алоҳида ўринни эгаллайди. Унинг ёнида наср ёзувчи сифатида турган ягона зот бу Осип Мандельштамдир. Цветаева ва Мандельштамнинг наср ёзувчилари сифатидаги параллеллиги ҳақиқатан ҳам ажойиб. «Вақт шовқини» ва «Мисрлик Марк»ни, «Автобиографик наср», «Шеърият ҳақидаги мақолалар» ва «Данте ҳақидаги суҳбат» каби Цветаева эсселарини Мандельштамнинг «Саёҳат», «Арманистон», «Тўртинчи наср» ва «Кундалик саҳифалари» билан қиёслаш мумкин. Сюжетдан ташқари услубий ўхшашликлар, ретроспектив, лингвистик, метафорик ихчамлик, аниқ жанрдан ҳам кўпроқ муайян йўналишли, гарчи Мандельштамда бироз анъанавийроқ бўлса ҳам бу икки муаллиф насри бир-бирига яқин. Бироқ ушбу услубий ва жанрлар аро яқинликни, икки муаллифнинг таржимаий ҳолларидаги ўхшашлик, ёки даврнинг умумий иқлими билан изоҳлаш бир қадар хато бўлар эди. Худди «иқлим», «давр» каби соф даврий тушунчалар билан бўлгани каби биография ҳам ҳеч қачон олдиндан маълум бўлмайди. Цветаева ва Мандельштамнинг насрий асарларидаги ўхшашликнинг асосий элементи уларнинг ҳиссий туйғулар билан ҳаддан ташқари тўйинганлиги билан боғлиқ, кўпинча улар акс эттирувчи соф лингвистик ҳолатларда бу тўйинганлик юқори пафосда кўринади. Нафақат битикларнинг «зичлиги» жиҳатидан балки мажозий зичлик томондан, балки иборалар динамикаси бўйича ҳам улар шу қадар яқинки, умумий «изм»га мансублик нуқтаи назаридан шунга қарамай шубҳаланишимиз турган гап. Айтайлик, Мандельштам акмеист бўлса, Цветаева ҳеч қачон бирон-бир йўналишга мансуб бўлмаган. Ҳатто унинг танқидчиларини энг жасурлари ҳам унга ёрлиқ ёпиштиришга лойиқ эмас эдилар. Цветаева ва Мандельштамнинг насрдаги ўхшашлигини калити уларнинг бошқа шоирлардан фарқлилиги, уларнинг тилга бўлган муносабатида, яна ҳам аниқроқ айтсак, тилга қатъийроқ боғланганлигида намоён бўлади. Шеърият энг яхши тартибдаги энг яхши сўзлар эмас, бу тил мавжудлигининг энг юқори шакли. Техник жиҳатдан албатта у ўзига хос тортишиш кучи юқори бўлган сўзларни энг самарали ва муқаррар кўринадиган кетма-кетликда жойлаштириш учун пастга тушади. Идеал ҳолда эса у сўзларнинг массаси ва тортишиш қонунларини тил томонидан инкор этилиши ва керакли сўзларни танлаб сўзнинг бош моҳиятига интилишдир. Ҳар қандай ҳолатда бу тилнинг ўз жанр йўналишларига, яъни у пайдо бўлган соҳалари томон ҳаракатланишидир. Шеърий нутқни ташкил этишнинг энг сунъий кўринишлари — терциналар, секстиналар, децималар ва бошқалар бўлиб, булар аслида барча тафсилотлари билан табиий кўпликдир, дастлабки Сўздан кейин акс-садонинг қайтишидир. Шу жиҳатдан Мандельштам Цветаевага қараганда ташқи кўринишидан анча расмийроқ шоир сифатида асосий кучи бўйсунувчилик бандида бўлган экстрастрофик, умуман экстримал фикрлаш кам бўлмаган, акс-садо такрорланадиган, овоз кучидан халос қиладиган насрга муҳтож эди. Наср мавжудлигини шартларидан бири ҳар бир оғзаки сўзнинг қандайдир даражада давом этишни талаб қилишидан келиб чиқади. Сиз уни турли йўллар билан давом эттиришингиз мумкин: мантиқий, граматик, фонетик ёки қофия орқали. Мана шу тарзда тил ривожланади, агар унда мантиқ бўлмаса, фонетика унинг ривожланишини талаб қилади. Вақтнинг мавжудлиги туфайли нутқ ҳеч қачон тугамайди ва бундан кейин айтиладиганлар кўпроқ қизиқ бўлиб бораверади. Шунга қарамай вақтнинг борлигини нисбий дейиш мумкин. Нутқнинг мантиқи шундай ва Цветаева шеъриятининг асоси ҳам худди шундай. Унда доим жой етишмайди: бу нафақат поэзияда, хотираларида ва ҳатто академик жиҳатдан энг юқори нотада ёзилган эсселарида ҳам бирдек тегишли. Унинг шеърлари мураккаб жумла принциплари асосида қурилган, насри эса граматик безовталиклардан иборат ва буткул тафтологиядан холи. Кундалик ҳаётда битта воқеани икки марта, уч марта айтиб бериш жиноят саналмайди. Аммо насрда қоғоз устида меҳнат қилаётгангизда сиз бунга қодир эмас. Тил сизга кейинги қадамни ҳеч бўлмаса услубий жиҳатдан ташлашга мажбур қилади. Бу сизнинг ички ишларингиз эмас, бу санъатнинг ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш мурвати, санъат шу йўл билан ўзини дегенерация хавфидан халос қилади. Шоир ушбу қадамни қанчалик кўп бажарса, шунчалик кўп яккаланиб қолади. Йўқ қилиш услуби охир-оқибат услубни суистеъмол қилишга қаратилгандир. Агар Цветаева бўлмаганда эди бирон бир адабий носталгия бизни бу қадар ўзига тортмасди ва наср ҳамма қатори кўриниш касб этарди, бироқ биз аввал бошдан тил билан бизни қаерга бошлаётган шоир билан мулоқот қиламиз. Цветаева учун наср ҳеч қачон бошпана эмас, руҳий ёки услубий жиҳатдан озодлик шакли ҳам эмас. Унинг учун наср бу — изоляция доирасини, яъни тил имкониятларини атайлаб кенгайтиришдир. Бу ўзини ҳурмат қиладиган ёзувчи ҳаракатланадиган ягона йўналишдир. Чунки мавжуд бўлиши мумкин бўлган барча санъат аллақачон яратиб бўлинган.Адабиёт тафаккурнинг лингвистик экваленти бўлганиги сабабли, Цветаева нутқдан жуда узоқлашиб, ўз даврининг энг қизиқарли мутафаккири бўлиб чиқади. Бирор кишининг қарашини ҳар қандай хулосавий тавсифлаш, айниқса улар бадиий шаклда ифодаланган бўлса, муқаррар равишда карикатурага тортилади; зеро синтетик ҳодиса аналитик ёндошишга қилинган ҳар қандай уриниш атайин ҳалокатга учрайди. Шунга қарамай Цветаеванинг қарашлари тизимини безовталик фалсафаси деб таърифлаш жуда катта хавф туғдирмайди, чунки у чегарадаги вазиятни эмас, чегара вазиятларини тарғиб қилади. Бу позицияни на стоик вазияти, ҳатто эстетик-лингвистик тартибга солган ҳолда ҳам на экзистенциал вазият деб аташ мумкин эмас, чунки бу мазмун моҳиятини ташкил этувчи ҳақиқатни инкор этишдир. Шу маънода унинг асосчилари ва издошлари фалсафий маънода топилмайди. Унинг замондошларига келсак, агар ҳужжатли далиллар бўлмаса эди Лев Шестов асарлари билан танишишни тавсия қилиш мумкин эди. Афсуски Шестовни бу бахтга дахлдор қилолмаймиз. Марина Цветаевага очиқча таъсири бўлган ва буни шоиранинг ўзи тан олган ягона мутафаккир бу Василий Разановдир. Аммо агар бундай таъсир ҳақиқатан ҳам содир бўлган бўлса, унда у фақат услубий жиҳатдан бўлган бўлиши керак, чунки Разановнинг идроки ўта шафқатсиз, шу билан бир қаторда кальвинистик, Цветаеванинг кўп қутбли руҳидан бу нарсани топиб бўлмайди. Зеро онгни кўп нарса белгилайди. Шулардан бири тилдир. Кальвинни эслашга мажбур қиладиган ўзига хос нарса ўзига нисбатан шафқатсизлик бўлса, Цветаевада буни тескарисини кўриш мумкин, айниқса, бошқа ёзувчиларни баҳолашдаги асоссиз саҳийлиги, албатта, бу аввалом бор тарбия маҳсули, шу билан бирга шоирлар ўртасидаги профессонал муносабатларнинг акси ёки давоми. Бу унинг тили. Бироқ таълим масаласига келсак, Цветаева рус ва немис тиллари устун бўлган ҳолда уч тилда таълим олганлигини унутмаслик керак. Бу албатта танлов муаммоси эмас. Рус тилини маҳаллийлиги тушунарли. Лекин Ҳайнени хоҳлаган ва хоҳламаган ҳолда асл нусхдан ўқиган бола буни ташқаридан ўрганади. Ташқи томондан бунга интилиш лингвистик хусусиятга эгалиги ва бунинг асосида тил ётишини тушунтириб ўтиришни ҳожати йўқ. Шоирга нисбатан бу интилиш кўпинча мафкуравий-синкратик хусусиятга эга бўлади, чунки фонетика ва семантика истисноларидан ташқарида улар ўртасидаги муайян ўхшашликлар бўлади. Ушбу ўзига хослик онгни шундай тезланув билан таъминлайдики, у ўз эгасини Платон таклиф қилган поэтик даражотдан анча юқорига чиқариб қўяди. Аммо бу ҳаммаси эмас. Ушбу хаёлий ёки кўпинча — ҳақиқий ҳаракатга ҳамроҳ бўлган ҳар қандай ҳис-туйғулар худди шу шахс томонидан таҳрир қилинади; ва шакл — фактнинг ўзи ҳам — бу туйғу ифодалари юқорида айтиб ўтилган ўзига хосликдан эстетик боғлиқликка айланади. Умуман олганда ахлоқшунослик эстетикага боғлиқ бўлиб қолади. Цветаева ижодида диққатга сазовор бўлган нарса, унда ахлоқий баҳолашнинг мутлақо эркинлиги, бу ниҳоят юқори даражада лингвистик сезгирлик билан амалга оширилганлигида намоён бўлади. Ахлоқий тамойил ва лингвистик детерминизм ўртасидаги курашнинг энг яхши намуналаридан бири унинг 1932 йилда нашр этилган «Шоир ва замон» мақоласидир. Бу ҳеч ким ўлмайдиган ва ҳар икаласи ҳам ғалаба қозонадиган жанг ҳақидаги битиклар бўлиб, ушбу мақола Цветаева ижодини тушуниш учун ҳал қилувчи масалалардан бири бўлиб, унда мавҳум категориялар томонидан бизнинг онгимизни эгаллаб турган позицияларга фронтал семантик ҳужумнинг энг ҳаёжонли мисолларидан бири (бу ҳолда вақт ғояси) келтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Бундай маневрларни билвосита забт этиш шундан иборатки, адабий тил мавҳум тушунчаларнинг камдан-кам учрайдиган ҳавосидан нафас олишни ўрганади, шу билан бирга фонетика ва ахлоқни қандай қўллашни ҳис қиласиз. Графика билан тасвирланган Цветаева санъатининг бутун улуғворлиги тўғри бурчак остидан кўтарилган билан эгри бўлиб қолармиди? Унда тўғри чизиқ ғояси юқорироқ, нотани баландроқ тутишнинг доимий истаги туфайлидир (Аниқроғи октава ва эътиқод). У ҳар доим ҳамма нарсани ақлга сиғдирадиган ва тушунарли қилиб гапиради. Унинг шеъриятида ҳам насрида ҳам ҳамма нарса баландда ва ҳеч кимда икки томонлама туйғу қолдирмайди. Цветаева — бу даврнинг асосий маънавий тажрибаси, ифода этиш мақсади эмас, балки унинг воситаси бўлган ноёб ҳолатдир. Албатта, унинг ишлари санъат материалига айланганда шундай. Шоирнинг шеърга қараганда, фикрнинг изчил ривожланиб бориши иллюзиясини яратадиган насрга мурожатининг ўзи, гўё энг муҳим маънавий тажриба энг муҳими бўлмаслигини билвосита далили бўлиб чиқади. Бундан юқори сифатли тажрибаларни ўтказиш мумкин, ўқувчини насрга қўлидан ушлаб, шеър билан итариш керак бўлган жойга олиб бориш мумкин. Охирги мулоҳаза — ўқувчига ғамхўрлик қилиш ғоясини ҳисобга олиш керак, чунки бу фақат Цветаеванинг ҳақиқатини ва умуман олганда дунё тартибини тасалли йўсинида асослаш(иложи бўлса энг юқори даражада)нинг асосий тенденцияси билан рус адабиёти анъаналарига жорий этиш учун бизнинг ягона имконимиздир… Цветаева ҳақиқатан ҳам рус адабиётида ундан жуда йироқда тургандек ажралиб туради. Нафақат ахлоқ, балки эстетика томондан ҳам белгилаб қўйилган ҳақиқатларни рад этиш, бизни адабиётимизда жуда ғайритабиий жараён. Албатта, буни унинг ватан ва ундан ташқарида яшаганлиги билан боғлаш мумкин. Эҳтимол гап бошқа нарса ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Бизнинг тилимиз янги семантика ва фонетикага муҳтож эди, Цветаева бизга энг аввало мана шу нарсани берди. Рус адабиёти илгари юз кўрсатмаган мутлақо бошқа ўлчовга эга бўлди. Ушбу ўлчовда ҳақиқатни оқлаш, ёки қабул қилиш имконсиз, чунки дунё тартиби фонетик жиҳатдан жуда фожеали. Цветаеванинг сўзларига кўра, ҳатто унга фойда келтирсада, нутқнинг ўзи фожеали ҳолатга мойил худдики йиғлаётгандек. Шунинг учун адабиётга дидактик позитивизм шу қадар талаб қилинадики, бу йўлда Цветаеванинг ўзгача ёзиши барча ижтимоий оқибатлари билан ажойиб янгилик бўлиб чиқди. Цветаеванинг таржимаи ҳоли фақат илгари вафот этган замондошларининг таржимаи ҳоли билан қиёсланади. Аммо адабиёт учун янгилик бўлган нарса миллий онг учун янгилик эмас эди. XX-асрнинг буюк рус шоирларининг бутун галактикасидан Н. Клюевни ҳисобга олмаганда, Цветаева фолклорга энг яқин ва мотам услуби унинг ижодини тушуниш калитларидан биридир. Клюев томонидан муваффаққиятли ишлаб чиқилган фолклорнинг декоратив, яъни салон йўналишини бир чеккага суриб, фолклорнинг мазмун-моҳиятига ва вазият кучи билан механикасига мурожат қилди у. Поэзияда ҳам насрда ҳам монологни доимо эшитамиз, аммо Цветаеванинг монологи бу образнинг монологи эмас, балки суҳбатдошнинг йўқлиги натижасида келиб чиққан монологдир. Бундай нутқларнинг ўзига хослиги шундаки, маърузачи айни вақтда тингловчи ҳамдир. Фолклор — чўпоннинг қўшиғи, бу унинг ўзи учун мўлжалланган нутқдир, яъни қулоқ оғизни эшитади. Демак ўзини эшитиш орқали тилнинг ўз-ўзини билиш жараёни амалга оширилади. Аммо Цветаева шеъриятининг насабномаси нима билан изоҳланган бўлишидан қатъий назар, унинг мевалари билан озиқланган ўқувчилар онгида юкланган маъсулият даражаси, рус ўқувчиларини ушбу масъулиятни ўз зиммаларига олиши натижасида фолклор ва муаллифлик адабиёти борасидаги бу даража ошди ва ҳамон ошиб бормоқда. Шу маънода Цветаева ёзган ишлар мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам шу кунгача мавжуд бўлмаган ва кузатилган эмас. Алқисса сиёсий жиҳатдан назарий таҳқирланган миллатни қадр-қимматига унинг маданий меросини бостириш орқали жиддий зарар етказиш мумкин эмас. Аммо Россиянинг қонунчилик анъаналари, танлов институтлари ва бошқалар мавжудлигидан мамнун бўлган халқлардан фарқли ўлароқ, ўзини фақат адабиёт орқали амалга оширишга қодир ва ҳатто танилмаган майда муаллифларнинг асарларини бекор қилиш ёки мавжуд бўлмаганларга тенглаштириш орқали адабий жараёнларни секинлаштиришга уринишини миллатнинг келажагига қарши қаратилган генетик жиноятлар билан тенг деб биламан. Шу жиҳатдан Цветаевани насрга ўтишга ундаган сабаблар қандай бўлишидан қатъий назар, рус шеърияти ушбу ўтишдан қанчалик ютқизмасин унинг насрга мурожат қилгани учун ундан фақат миннатдор бўлиш керак. Бундан ташқари, шеърият деярли ютқизмади, яъни шаклга ютқизсада, қувват ва моҳият нуқтаи назаридан Цветаевани ўзига содиқлигини сақлаб қолди. Ҳар бир муаллиф, ҳатто инкор қилиш орқали ҳам ўзидан олдинги муаллифларнинг постулатларини, ғояларини ва ҳатто эстетикаини ривожлантиради. Цветаева ҳам насрга мурожат қилиб ўзини ривожлантирди, бу — аслида ўзига бўлган муносабат эди. Гарчи унинг изолюцияси аввалдан ўйланмаган, лекин тил мантиғи, тарихий шароитлар ва замондошлари туфайли мажбуран амалга оширилди. Дарвоқе, унинг ҳеч қачон эзотерик шоир эмаслигини айтишим керак. Унгача XX-аср рус шеъриятининг ғайратли овози йўқ эди. Ҳа, айтмоқчи эзотерик шоирлар наср ёзмайди одатда. Унинг рус шеъриятининг асосий оқимларидан ташқарида қолганлиги ҳам бир яхши ҳолат аслида. Шундай қилиб у бизнинг севимли Рилкенинг севимли Пастернак томонидан таржима қилинган шеърида айтилганидек, «черковнинг чеккасидаги сўнги уйда» деразасидан ёруғликка ўхшаш нур таратиб, черковнинг черков катталиги ҳақидаги тушунчаларимизни ўзгартириб юборди.
2020-12-20
http://nodirabegim.uz/archives/3446
Қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суроннинг уяси бўлган катта шаҳарларда қанақа билмадим-у, лекин кичик-кичик шаҳарлар, тараққиётдан узилиб қолган туманлар ва чекка қишлоқларда хўрозлар жанги ҳалигача аҳён-аҳёнда учраб туради. Одамларнинг қўл жангидан деярли фарқ қилмайдиган бундай жангларда худди улар каби иккита хўроз бир-бирини ўласи қилиб калтаклайди, устига чиқиб тепкилайди, сакраб тумшуғи ёки жағига туширади, киприк қоқмай қонини тўкади. Ютган хўроз қаҳрамонга айланади ва олқишларга кўмилади, ютқазгани бошини хомуш эгади ва мабодо қайтиб жангларга ярамаслиги тахмин қилинса шўрва учун майда бўлакларга бўлиниб, қайнаб турган қозонга ташланади. Уларнинг жангини атрофга йиғилган йигирма-ўттиз, баъзида юз чоғлик бекорчи шинавандалар бақир-чақир қилиб, ҳис-ҳаяжонларини жиловлай олмай, ашаддий мухлислик иштиёқи билан ёнганча атрофни ларзага келтириб кузатишади. Наздиларида қизиқарли касб этган жанг таъсирида улар ёруғлик тезлигида ўзлари устидан бутун назоратни, ўзларини бошқариш хусусиятини йўқотишади. Жониворлар эгаларини энди тасаввур қилаверинг. Табиийки, улар атрофдагилардан фарқли равишда жангга янаям синчков, икки карра ҳаяжонланиб эътибор қаратишади. Бири тиз чўкиб олиб, кафтини ерга ура-ура сочини юлади, хўрозини қарғайди, бўралаб сўкади, ўзини ер юзидаги энг ношуд ва омадсиз ҳисоблаб Худога зорланади. Иккинчиси икки юзи ял-ял ёниб жониворини таҳсинга кўмади, қарсак чалиб ҳар бир ҳаракатидан сўнг руҳлантирадиган сўзларни маржон каби ипга тизади, кўз тегмасин деб лаблари чети тупукка тўлганича “cуф сенга паҳлавоним” дейишни канда қилмайди. Алалоқибат, ютган жонивор эгаси хушнуд, ютқазганники хафсаласи пир бўлади. Баъзида мен ҳам шу хўрозлар жангини гувоҳи бўлиб тураман. Кичик шаҳарда яшаганим боис қўшни маҳаллалардаги ёки ўзимизнинг кўримсиз гузарда бу ҳол ойда бир рўй бериб туради. Қиш чилласида атрофга паға-паға қор ёғаётганида ҳам, кеч кузда оёқ остига хазонлар тўкилиб аччиқ ифори димоққа урилган пайтда ҳам, эрта баҳорда шиғалаб ёмғир ёғаётганида ҳам, ёз жазирамасида қуёш тепадан ерни қиздириб ётганида ҳам мабодо молиявий томондан даъвогар ва ташкилотчилар келишса жанглар ўтказилади. Қизиқиш ўлсин-а, қизиқиш. Йўлдан ўтаётиб гоҳида машинамни четга олиб, моторини ўчираман-да, бир гуруҳ қизиқиб келган бекорчилар орасига мен ҳам ўзимни ураман. Кўпинча мен бош суққанимда жанг яримлаган, хўрозлардан бири юз-кўзи қонга беланиб, абгор ҳолатда жангни давом эттираётган, иккинчиси унинг заиф ҳимоясини ёриб ўтиш учун тинимсиз пайт пойлаб, қулай фурсатни қўлдан бой бергиси келмай ирғиб-ирғиб ҳужумга ўтаётган бўлади. Мен улардан кўра ҳам атрофдаги одамларга назар соламан. Уларни деярли нуқсонга айланган кузатувчанлигим билан бирма-бир сийлайман. Барчасининг диққати жангда, лаблари, оғзи, бурни ёки кўзлари қимирлаб пирпираса-да, шўрпешона жониворларнинг ҳатти-ҳаракатларидан сира кўз узишмайди. Бу жанг уларга олам-олам лаззат бағишлаётганини мастона сузилган кўзларидаги шодонликни турли ракурсларда берилаётган ифодасидан илғаш қийин эмас. Биргина мен бу лаззатни ҳис қилмайман, холос. Уларни кузата туриб, ораларида Габриэль Гарсия Маркеснинг Полковнигини учратаман. Ҳа, ўша “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” асаридаги хўрланган ва ҳақоратланган қарияни. У одамлар орасида кўзга ташланиб-ташланмай мисоли сояда турганича бир қўлтиғидаги нимжон ва ориқ хўрозига, бир муросасиз жанг ўтказаётган дароз ва қадди тик хўрозларга тикилганича мулзам тортади. Қўлидаги хўроз ўша асардаги хўрознинг ўзгинаси. Маркес амаким тасвирлаган хўроз. Қуйиб қўйгандек, икки томчи сувдек унга ўхшайди. Полковник ўзи ва хотини еб-ичмаса-да, биргаликда оч қолишса-да, ҳатто кунлаб туз тотишмаса-да, мунтазам егуликлар билан парвариш қилиб турилган хўроз. Полковник буюк жанглар учун мўлжал қилиб, астойдил боққан хўроз. Полковник ҳукуматдан ўзига бир песо ҳам нафақа тайинланавермагач, эртанги куни ва келажагини таъминлаш учун бор умидини тиккан хўроз. У Полковникнинг қўлтиғида мунғайиб туради. Шу ҳолатда жангни кузатади. Ҳуркиб, лекин диққат билан. Гўё жанг ўтказаётган хўрозларнинг алпларга хос бўлган жуссасини, чаққон ҳаракатларини ва қонга тўлган қўзларидаги ваҳшийликларини кузатаётиб, тобора эгаси бағри остига чўкиб кетаётгандек, у ерда йўқ бўлиб мангуликка сингиб кетишни-да бўйнига олгандек туюлади. Полковник ҳам ундан кам мунғаймайди. У ичига ботиб хунук киртайган кўзлари, шарти кетиб парти қолган, энкайган гавдаси, қуруқшаб оқариб кетган сочлари ва жониворини оҳиста ушлаган қоқсуяк қўллари билан тобора кичрайиб ер остига кириб кетаёгандек сезади ўзини. Хўрозлар жанги эса шиддатли тусда давом этади. Полковникнинг хўрози ҳатто мағлуб бўлишга яқин турган хўроздан ҳам заиф, кучсизга ўхшайди. Шу ерда йиғилганларнинг барчаси буни таъкидлашга шайдек орада унга масхараомуз қараб-қараб қўйишади. Полковник ўзи ҳам буни илғагандек аламли бир хўрсинади. Шунча кундан бери ўзи емай- ичмай унга луқма тутгани, егуликлар келтириб қорнини тўйғазгани яхши жангчи бўлиши учун сираям кифоя қилмаганига очиқ осмон остида иқрор бўлади гўё ва ўзини бир фурсат йўқотиб дами ичига тушиб кетади. Лабларини тишлаганча хўрозига ачинади. Шу тобда уни манави даҳанаки жангга ташласа увол кетишини, ғолиб бўлишга яқин турган хўроз уни қандайдир сониялар ичидаёқ уриб-тепкилаб чалажон бир аҳволга келтиришини ўйлаб юраги батамом сиқилади. Руҳиятида қўққис иккиланиш юзага келади. Одамнинг қонини ичадиган шубҳа ва гумонлар билан ўтмаслашган ақли мунозарага киришади. Виждони хўрозини қўлтиқлаб бу иблисона даврани кечиктирмай тарк этишини уқтиради. Очқаган қорни уйга бирор бир егулик олиб бориши лозимлигини, уйда ҳатто қотган нон ҳам қолмаганини зўр бериб таъкидлаб, фақат хўрози жангда қатнашибгина уни ютса бу амалга ошиши мумкинлигини қулоғига шипшитади. Даҳанаки жанг четида ақл, виждон ва ошқозоннинг муросасиз баҳси кузатилади. Полковникнинг вужудидаги бу муросасиз жанг вақт ўтган сари талатўп ва пўртанани атрофга юзага чиқаради ва мўйсафиднинг борлиғини остин-устун қилиб юборади. У нима қилишини билмай янаям руҳан чўкади, худди ердан бошигина ташқарига чиқиб тургандек фақат оқарган сочлари кўзга ташланишни бошлайди. Бир пайтлар не-не юртларни забт этган, буйруқларига минглаб жонлар қулоқ солган, оғзидан чиқадиган битта гапи шамолнинг йўналишини ўзгартириб, керак бўлса дарё сувни тескари оқишини таъминлаган, ҳарбий чўрткесарлиги ва жиддий қиёфаси одамлар юрагига ваҳима ва даҳшат солган, кафтида бутун бошли мамлакат тақдири яширинган, қанчадан қанча лой ва қонларни лўккилаттиб кечган Полковник бир лаҳза иложсиз, мушкул бир аҳволда қисмат чарҳпалагида айланади. Айланади, айланади, айланади. Охири у бир қарорга келади. Ортига ўгирилади-да шиддатли якунни ваъда қилиб турган жангни тарк этади. Оёқларини керганча авайлаб қадам ташлаб, бошини қуйи солганча ер чизиб, хўрозини қўлтиғига маҳкам қистириб. Унинг ортидан мен ҳам эргашаман. -Полковник,- дейман ортидан қолмай уни изма-из таъқиб қиларканман. -Ахир, уйингизда ҳечам егулик йўқ-ку! Барча умидингиз шу хўрозингиздан эмасмиди? У менга шошилмай ўгирилади. Томоғини қириб йўталади. Ингичкалашган овози билан минғирлайди. Балки ғўлдирар. Ўзбекча гапирадими ёки испанчами- фарқи сезилмайди. У саволимни тушунади. Тушунгандек бошини ирғайди. Шунга яраша жавоб беришга тараддудланади. Ҳатто ҳазин жилмайиб қўяди бир-икки. Қўлтиғидан паноҳ топган ва кўзларини ортиқ қўрқув таъсирида катта-катта очмаётган хўрозига синиқ нигоҳи билан шунчаки узоқ тикилади. -Яхшиси бандаргоҳга бораман,- дейди шундан сўнг менга бошини буриб.- Балки ниҳоят бугун почтачи кема менга мактуб олиб келар. У почтачи кема бугун ҳам, эртага ҳам, ҳатто индинига ҳам унга мактуб олиб келмаслигини, бу кема юкхонасида бўлган минглаб ранг-баранг почта маркалари ёпиштирилган конвертлар орасида унга аталган шапатидеккина бўлса-да конверт бўлмаслигини яхши билади. Шунга қарамай ўзини умид билан руҳлантиради ва шундоқ кўриниб турган тоғ тизмаларига қарайди (бизнинг кўчада ҳаво очиқ пайтлари пурвиқор тоғлар худди яқиндек кўриниб туради). Ортидан мен ҳам ўша томонга диққатимни қаратаман. Бир пайт бу осмонўпар тоғлар ўрнида мавжланаётган улкан уммон қад ростлайди. Бандаргоҳ пайдо бўлади. Полковник бандаргоҳ четига турганча олисларга кўзини тикиб хаёлга чўмади. Ширин хаёлга эмас, албатта. Аччиқ хотираларга йўғрилган хаёлга. Эҳтимол ўтмишда-ёшлик ва камолотга тўлган йилларида дарё-дарё қон кечиб ҳукумат учун аёвсиз жанг қилган йилларини эслар. Эҳтимол унга юз песоми, икки юз песоми, қанча бўлмасин нафақа тайинлаш ҳақида ўйламаётган, буни ҳеч хушига келтирмаётган, миллат олдидаги катта хизматларини буткул унутган ҳукуматни ўйлар. Эҳтимол бор умидини берган хўрозини қандай қилиб жуссаси, тумшуғи ва жағини мустаҳкам қилишни, уни ҳақиқий жангчи қилиб вояга етказиш учун яна нималар қилиши кераклиги хусусида бош қотирар. Ҳар ҳолда у ўйчан алпозда сувлари кўм-кўк, тепасида чағалай ва балиқчи қушлар чирилдоқ овозлари билан кетма-кет балиқ овлаётган уммонга сассиз боқиб туради. Лоҳас, толиққан қиёфада, ўзини унутар даражада. Уммон кенгликларида бўм-бўш нигоҳи сув устида эшкаксиз қайиқдек чайқалиб-чайқалиб боради. Бағрида бўзчининг мокисидай бориб-келиб юрган, эснаган одамни ёдга солувчи секин сузиб юрган почтачи кемаларни, нафақат уларни, балки дуч келган турли-туман, катта-кичик кемаларни шуурида сўроқлайди. Уларнинг ҳар бир матроси, лоцмани ёки капитанигача саволга тутиб, ўзига бирор мактуб бор-йўқлиги хусусида суриштиради. -Полковник, сизга мактуб йўқ,- дейишади барча худди келишиб олгандек. Капитан ҳам, лоцман ҳам, ёшу-қари матрослар ҳам. У бундан қаноатланмай, кўнгли жойига тушмай хаёлан кемалар палубасига ирғиб тушиб, улардаги ҳар бир хонадан тортиб юкхоналаргача эринмай титкилаб чиқади. Маркеснинг асарида қилмаган ишини қилиб почта жомадонидаги минглаб конвертларни шартта очади ва уларни сурбетларча овоз чиқариб ўқиб кўради: -Бу мактуб Давос хонимга, бу Перейрага, бу Кастильога, бу Луис Алфьонсога, бу Тереза кампирга… Аммо улар ичидан номига битилган мактуб чиқмайди. Афсуски, мамлакатнинг турли бурчаклари ва ташқарисидан юборилган, конвертларга солинган мактублар орасида номига битилган мактуб ҳеч қачон бўлмайди ҳам. Ҳукумат унга бирор бир нафақа тайинламаган бўлса-да, келгусида тайинлаши ёки бу ишни кўриб чиқаётгани ҳақидаги мазмунни ўз ичига олган мактубни ҳам йўлламайди. Агар шундай бўлганида эҳтимол Полковникдаги жони узилаётган, мўрт умид жонланиб енгилмас бир кучга айланган, шунда у ортиқ бечора хўрозига ўзи ва хотинининг эртанги кунини ишониб топшириб қўймаган бўлармиди. Мактуб эса йўқ, шундай мазмундагиси ҳам. Ёки ҳукумат уни ҳадеб умидлантиравермай, бира тўла унга нафақа тайинланмаслигини ҳам лўнда қилиб ёзиб юбормайди. Шундай бўлганида у ҳадеб мақсадсиз тентираб, ўлик кўчаларни қишин-ёзин кезганича бандаргоҳга келиб, кўзлари тўрт бўлиб почтачи кемани илҳақ кутмасди. Почтальон оғзига нафасини ичига ютганича қараб, бамисоли отаси қўлидан ўзига аталган хўрозқандни олишни кўзлаган ёш боладек оғзи тамшанмасди. Хотини иккиси аниқ тақдирга тан беришарди. У барибир умидини сўндирмайди. Балки қўлтиғи остида энди кўзларини юмиб олган хўрозига чин дилдан ачинар. Бояги жангдаги дароз хўроз уни шаксиз сониялар ичида тор-мор келтириб, патларини юлиб, қонга белаб ташлайди. Шундан сўнг у танаси шалвираб, ярим жон бўлиб, пиёзли шўрвага гўшт бўлишдан бошқа нарсага ярамай қолади. У рўй бериши муқаррар ёки эҳтимоли юқори бўлган шу қисматни кўз олдига келтириб хўрозига ичи ачишади. Уни даҳанаки жангларда қатнаштириш учун тоблаб, боқиб, парвариш қилаётганидан мудраб ётиб бирдан уйғонган виждони қийналади. Хотини ва ўзи емай уни келгусидаги жанглар учун жуссасини куч-қувватга бой бўлишини мақсад қилганидан юзи шувут бўлиб иззалиги сарҳад билмайди. Ҳукумат нафақа тайинламагани учун эртага оч қолмасликни ўйлаб шу забонсиз жониворни ўзини якка-ю ягона боқувчиси сифатида кўраётганидан уялиб, суяк-суякларигача зирқираб оғрийди. -Яхшиси бандаргоҳга бораман, -такрорлайди у юқоридаги сўзларини илкис билинар-билинмас.- Балки ниҳоят бугун почтачи кема менга мактуб олиб келар. У бунга шубҳаланиб турганимни ҳис қилади. Ич-ичидан ҳис қилади ҳолатимни. Худди гапларини бир қулоғимдан киргазиб иккинчи қулоғимдан чиқариб юборгандек, боз устига энсам қотиб турганимдан қалби азобланади. Кейин якунига етган хўрозлар жанги томон кўз қирини ташлайди. Менга ҳам қўлларини пахса қилиб, “у ерга қара” дегандек ишора қилади. -Бундан кўра ҳукуматнинг нафақа тайинлашини бир умр кутганим яхши эмасми?! – давом этади сўнг бошини чайқаб-чайқаб овозини кўтарганича.- Бандаргоҳда эрталабдан кечгача мактуб кутиб ўлиб кетганим яхши эмасми?!
2021-01-14
http://nodirabegim.uz/archives/3617
Кеча расм албомларни кўраётиб, мана шу суратларни топиб олдим. Роппа-роса бир мучал ёшини яшашибди ўзиям. 2004 йилда Зоминда, ёш ижодкорларнинг VII-семинарида қатнашганимда тушган эканман. Уларни томоша қилаётиб, ўша кунларнинг ҳаяжонли хотиралари қалбимда уйғонди. Кўкка ўрлаган тоғлар бағридан шаршара бўлиб оқиб тушувчи зилол сув тоғлар пойини зерзавқ сойга айланиб ювиб ўтар, бу каттагина сойни маҳаллий халқ Ўриклисой деб аташаркан. Атроф табиат шунчалар мафтункор ва унинг гўзаллигини кўзларимга шу қадар жойлаб олган эдимки, мана ўн икки йил ўтиб ҳам кеча кўргандекман, гўё. Аммо, бу жозибани ифодалаш учун ҳозир ҳам муносиб таъриф топа олмайман. Ана шу Ўриклисойнинг икки қирғоғи бўйлаб семинарда қатнашувчилар учун палатка шаклидаги уйчалар тикланган, ҳамхонам Моҳидил опа иккимиз жойлашган уйчанинг рўпарасида – сойнинг нариги томонида Абдулла Ориповнинг каттагина “палатка”си жойлашганди. Тадбирнинг иккинчи куни кечга яқин тоғ сайридан қайтгач, Моҳидил опа икковимиз деразадан шундоққина кўриниб турган шоирнинг қўноқгоҳига бормоқчи, суҳбатини олмоқчи бўлдик. Аммо, буюк шоирнинг хаёлан ҳам салобати шунчалар босар эдики, бир муддат қандай борамиз, нима деймиз каби саволлар билан тараддудланиб қолганимиз ҳали-ҳали эсимда. Сўнг бир амаллаб журъат йиғиб олдикда, сойнинг нариги бетига ўтдик. Абдулла бобо бу пайтда икки ўнг оёғи ярмигача сувга кириб турган сўри тиргагига суяниб ўтирганча қуёш аста ботиб, олис чўққилар узра сўнгги шуълалар рақс тушаётган манзарага тикилиб қолган, хаёл билан бўлиб бизнинг у тарафга ўтганимизни ҳам пайқамаган эди. “Шоирнинг ўйини бузма, балки шу лаҳзада қалби ва онгининг туташ бир ерида янги бир шоҳ асарнинг тарҳи чизилаётгандир!” (Ойбек, “Навоий” романи) деган ўй миямда чақиндек чақнади-ю, менимча Моҳидил опада ҳам шу ўй кечди, тўхтаб қолдик. Бир лаҳза хаёлимдан “ортга қайтсакчи” деган ўй ўтди ва шу ўй таъсирида ҳаракатимни ҳам ўзгартирган бўлсам керак, Моҳидил опа биқинимдан чимчилаб, “Ўзи базўр шу ергача келдик, энди қайтмаймиз!” деб шивирлади. Сўнг мендан нажот йўқлигини сезгач, ўзи аста томоқ қирди-ю, салом берди. Мана шунда шоир биз томонга ўгирилди-ю, хаёлчан анча тикилиб қолди. Кейин тадбирда кўргани ёдига тушдими, алик олганча, бизни сўрига таклиф қилди. -Келинглар, ўтиринглар. Мен ҳозир елкамга бирор нарса илиб чиқай, сал салқин тушди, назаримда,- Абдулла бобо шундай деркан ичкарига кириб кетди. Кўп ўтмай, эгнига қалин жемфер кийиб чиқди. Сўрида ўтирибмиз, дам Моҳидил опа менга, дам мен унга, дам иккимиз шоир бобога, дам ўртадаги ноқулай жимликка ўз шовқини билан халал беришга уринаётгандек кўринаётган сойнинг асов тўлқинларига қараб қўямиз. Устоз шоирнинг қаршисида сўридан оёғимни осилтириб ўтиришга ўзимда ноқулайлик сезиб, ўртароқ сурилиб ўтирдим, аммо қаники руҳимдаги диққатпазлик тарқаса! -Хўш, қизларим, қаердансизлар? – Бухородан,-иккимиз ҳам баробар жавоб берибмиз. Шоирнинг бояги бироз тунддек кўринган хаёлчан чеҳраси ёришди. -Пирлар юртидан экансизларда! Икковингиз ҳам назм бўйичами? -Ҳа,- яна бирваракайига гапирдик. – Хўш, сен ўқи-чи бирор нарса,– бояги хаёлчанлик билан менга қаради. Сўнг бошидаги такясини қўлига олиб, қайта кияркан, яхши бир нарса эшитишга тайёрлангандек, кўзларини юмиб, сўри тиргагига суянди. Мен ўзимча Абдулла Ориповга шеъримдан ўқиб бериш илинжида шеър дафтаримни қўлтиқлаб, сойдан ўтган бўлсамда, буни кутмагандек довдираб қолдим. Қўлим титраганча, дафтаримни варақларканман, ўзимнинг назаримда зўр бўлган шеърларимдан эмас, бутунлай бошқа шеърни ўқий бошладим. Тўрт бандлик шеърни ўқиб бўлгунча, шу кўриниб турган тоғлардан бирини ағдариб, орқалаб келгандек қора терга ботдим. – Ҳм… Шеър ёзаётганда, умуман ижод қилаётганда нимани ҳис қиласан? – Шеърим тугаб, орада бирон дақиқалик жимлик ҳукмрон бўлгач, кўзларини очмай, сўради. Мен ҳайрон бўлиб, Моҳидил опага қараб қўйдим. У ҳам тушунмагандек қараб турар, қийин саволга жавоб излаган талабадек қўлидаги қоғозларни ковлаштирарди. (Ўшанда чиндан ҳам Моҳидил Пўлатова БухДУда филология факультетининг иккинчи курс талабаси, мен эса мактабни тугатиш арафасидаги ўсмир қиз эдим). Ҳарчанд уринмай, шеър ёзаётганимда нимани ҳис қилишим шу тобда хотиримга келақолмас, миямдаги хаёлларим алғов-далғов эди. Аксига олгандек, келганимдан бери мени мафтун қилган бу тиниқ сувли сой бетизгин шовуллаши билан шу дамда умуман ёқмай қолганди. Нима бўлса-бўлар дедим-у, миямга келган фикрни айтдим. – Мана шу сой каби тўлганликни, тизгинсизликни, гоҳида ўзимни ҳам ҳалок қилишга қодир пўртанани ҳис қиламан. Абдулла бобо шу дамда кўзларини очди, менга бир муддат тикилиб қолдида, сўнг узоқ қорли чўққига қараганча, давом этди. -Ана ўша пўртананинг номи дарддир. Ана ўша тўлганлик ижодкорни қўлига қалам олишга ундайди. Аммо, сен ўша лаҳзада ўзингдан ўтиб турган дардни шундай тасвирлашинг, шундай ифодалашинг керакки, сенинг ўқувчинг ёзганингни ўқиётиб, ўша оғриқни ҳис қилсин. Ўшанда ёзганларинг инсонлар қалбига етиб боради. Кейин шеригим ўз шеърларидан ўқиб берди. Унга ҳам шу каби маслаҳатлар бўлди. Сўнг устоз бугунги адабий жараён, жамият ривожида унинг ўрни ҳақида бир қанча фикрларни айтди. Бу пайтда кеч тушиб қолган, қаерлардандир узоқ-узоқлардан ёввойи қушларнинг ғалати сайрашлари эшитиларди. Сойнинг нариги тарафидаги уйчаларнинг барчасининг чироқлари ёнган, кечки ҳаёт қайнашни бошлаганди. Қайсидир бирида магнитофондан шўх бир қўшиқнинг садоси эшитиларди. Сўнг устоз билан хайрлашиб, ортимизга қайтдик. Ҳа-я, ундан олдин бизни “чегара”нинг нариги тарафига юришимиздан руҳланган бир неча тенгдош қатнашчилар аллақачон бу ёққа ўтишиб, сўри атрофини эгаллаб олган, биз бошлаб берган шеърхонлик ўз-ўзидан адабий гурунгга айланиб кетганди. Сўнг ушбу лаҳзаларни тарихга муҳрлаш учун расмга тушгач, хонамизга қайтдик. Абдулла Ориповнинг ўша сўзлари тадбир якунигача, ундан кейин то шу кунгача қулоғимда ҳамон жаранглаган каби туюлади. Гоҳида ўзимни мажбурлаб бирор қатор ёзмоқчи бўлганимда ёки тузган қаторларим ўзим учун ғайритабиий, носамимий туюлганида негадир сой бўйидаги ўша суҳбат бот-бот ёдимга тушаверади…
2021-03-21
http://nodirabegim.uz/archives/3872
Ирқчилик ҳақида гапириш ёки ёзишни ўн тўққизинчи асрдан бошлаган дуруст. Ундан олдин ҳам эмас, кейин ҳам. Зеро шу асрдагина бир аср олдин фаранг диёрида шаклланиб, тараққий этган Маърифат даврининг таъсир кўлами фоний дунё сарҳадлари бўйлаб кенг ёйилган, бунинг самараси ўлароқ, аср бошидан уни инсониятнинг маънавий қиёфасига хавф солувчи катта иллат деб тушуниш турли миллат вакиллари онгига қўрғошиндек қуюла бошлаган ва унга қарши курашишга бел боғлаган инсониятнинг шу вакилларидан ташкил топган гуманистлар қатлами майдонга чиқишига замин ҳозирлаганди. Олмон шоири Генрих Гейненинг бир шеъри бўларди. Унда мустамлакачилар томонидан кемада мажбуран Оврўпога олиб кетилаётган Африкалик қуллар тақдири қаламга олинади. Чексиз ва синоатли уммонда қуллар орасида безгак тарқаб, бирин-кетин улар жон беришади. Сафлари камаяди, кема палубаси ўликнинг бадбўй ҳидига тўлиб кетади. Шунда кема эгаси бўлган қулдор савдогар улардаги ўлим ҳолати хафақонликдан деган хулосага келиб, уларни оммавий рақсга тушишларига топшириқ беради. Ким рисоладагидек ирғиб ва сакраб рақсга тушмаса, малайларига ўшани қаттиқ жазолашларини тайинлайди. Шу тариқа хаста, очликдан силласи қуриган, чалажон шўрлик қулларни мусиқага жўр бўлиб рақсга тушишдан бошқа чоралари қолмайди. Қулдор ва қул ўртасидаги муносабатлар ўн тўққизинчи асргача тахминан шундай кўринишда эди. Ер юзининг қайси қисмида бўлишидан қатъий назар қора танли қуллар ҳаводан олаётган нафасларигача, соч толаларидан тортиб тирноқларигача оқ танли хожаларига қарам, ўз ирода ва ҳохишларидан ташқарида умр кечиришга маҳкум этилишганди. Уларни гўё Яратган эгам ҳам эсидан чиқарган, улардаги эрксизлик ҳолатига табиий ҳолдек деб қаралиб, яқинлашиб келаётган юксак инсоният тамаддуни остонасида ҳам аҳамият беришга арзимас бир чўпчакдек қадрсизлик билан сийланганди. Ирқчиликка қарши берилган энг катта зарба 1860-1865 йиллар оралиғида АҚШда бўлиб этган фуқаролик уруши пайтида юз берди. Ўшанда Қўшма Штатларнинг Шимолий ва Жанубий округлари ўртасидаги аёвсиз жанглар асосан бир томондан қора танлилар гарданига тушган, уларнинг навқирон ва мўйсафидларини ўз ичига олган қулдорлик тизимини бекор қилиш, уларга эркинлик беришни ёқлаб чиқиш, бошқа томондан эса буларга қаршилик кўрсатиш оқибатида рўй бериб, мамлакат бўйлаб фуқаролик урушини келтириб чиқарди. Урушда қайси тараф ютиб чиққани тарихдан маълум ва бу ғалаба буюк шахс ҳамда давлат арбоби Авраам Линкольннинг жони эвазига қўлга киритилганини ҳам кўпчилик яхши билади. Ўн тўққизинчи асрда жанговар ҳаракатлардан ташқари ирқчилик ҳақида кўплаб бадиий асарлар ҳам ёзилиб, бу орқали унга маънавий-руҳий зарба бериш, одамларнинг маънавиятида унга қарши иммунитетни шакллантириб, тарбиялаш каби ишлар ҳам олиб борилганидан кўпчилик хабардор. Шунга жавобан саҳифаларида бу иллат қоралаб ёзилган ва муаллифи қарашлари унинг устидан ўқилган оғир ҳукмга менгзалган, ўз даврининг бу иллатни аёвсиз очиқловчи залворли адабий полотносига айланган, гуманизмга дахлдор бўлган ҳар қандай давра ёки муҳитда қўлма-қўл бўлиб ўқилган китоб — Гариет Бичер Стоу қаламига мансуб “Том тоғанинг кулбаси” асари нашр қилинди. Бу асар ўша йиллари қора танлилар учун том маънода Инжил ёки Таврот билан бир қаторга қўйилиб, зулматдаги нур, қисматларини ўзгартирадиган дастуриламал, уларни ниҳоясиз жарлик остонасидан юлқиб олиб, саодатли эрк томон элтадиган муқаддас йўл ўрнида эъзозланди. Ўн тўққизинчи асрда бу мавзуда пишиқ-пухта қилиниб ёзилган яна икки асар дунёга келди. Булар Марк Твеннинг “Гекльберри Финн” ва “Овсар Вильсон” романлари бўлиб, уларда улуғ ҳажвчи тўлақонли бўлмаса-да, ҳар ҳолда қора танлилар қисмати, изтироблари ва қайғулари, орзулари ва армонларини аччиқ юмор билан трагикомедик услубда тавсирлаб, таҳлил қилиб берди. Айниқса, “Овсар Вильсон” даги алмаштирилган оқ танли ва қора танли чақалоқлар тарихи уни ўқиган исталган одамни гоҳ кулдирса, гоҳ йиғлатди. Шунга қарамай ирқчилик йигирманчи асрга ҳам ўтди. Жанговар ҳаракатлар ортига беркинган адолат, адабий асарлар ортига беркинган маънавият катта куч эмасликлари маълум бўлди. Авраам Линкольн танасига қадалган ўқдан ўлиб кетаверди. Марк Твен ҳам кексайиб, ёшини яшаб, омонатини топширди. Шунга қарамай худди ўн тўққизинчи аср бошида бўлганидек, йигирманчи аср бошида ҳам инсониятнинг илғор гуманистик қатлами яна жонланди. Улар Агата Кристи ёзган “Ўнта негр боласи” асарини ирқчиликка хос бўлган ном дея баралла жар солиб таъкидлашди ва қатъий туриб талаб қилишганча “Ҳеч ким қолмади” деган номга ўзгартирилишига эришишди. Агата хоним қанчалик таниқли, инжиқ, ўлгудек қайсар бўлмасин, уларга ён беришига тўғри келди. Асарининг тарихий ва машҳур номи ўзгарди қўйди. Нашриётлар бу асарнинг янги ададларини шу ном билан чоп этишдан бошқа чоралари қолмади. Бу қатламдан Уильям Сарояндек дардчил адиб етишиб чиқди ва у ирқчилик мавзусидаги ихчам ҳикоялари билан атрофидагиларни ўйлашга, мулоҳаза килишга ундади, керак бўлса ҳайратлантирди ва кўзларини ёшлади. Бу қатламдан Ленгстон Хьюздек исёнкор ва хассос шоир етишиб чиқди. У ўзининг латиф, бетакрор ва ғамгин лирикаси билан ирқчиликка қарши ўз замонасининг муносиб ва улкан овози бўлди. Бу қатламдан Мартин Лютер Кингдек фидойи ҳуқуқ ҳимоячиси етишиб чиқди. У ҳаддан ташқари кўтаринкилик ва пафосга йўғрилган бўлса-да, ўзининг заҳар томиб турган публицистик памфлетлари ва омма олдидаги таъсирчан чиқишлари билан ирқчиликнинг инсонийликка зид томонларини ҳеч иккиланмай фош этиб ташлади. Ва ниҳоят бу қатламдан Уильям Фолкнер етишиб чиқди. Уильям Фолкнер йигирманчи аср жаҳон адабиётининг йирик вакилларидан бири экани сир эмас. Унинг ижодини салмоқли қисмини ирқчиликка қарши ички исён ва фарёд эгаллаб туради. Адиб Биринчи жаҳон урушидан чиққан “завол топган авлод”нинг бир қисми эди. Шунга қарамай, Хемингуэй, Томас Вульф ёки Фитцжеральдлардан фарқли равишда бу мавзуда ёзишдан кўра кўпроқ ирқчилик хусусида ёзишга ўзида зиёдроқ мойиллик сезди, бунга ўша пайтдаги АҚШда янгитдан ва замонавий кўринишда хуруж қилган ирқчилик сабаб бўлиб хизмат қилди. Чиндан йигирманчи асрнинг ярмига келиб АҚШда ирқчилик ўзининг кульминацион нуқтасига кўтарилди. Мамлакат бўйлаб қора танлиларни камситувчи қарорлар, фармойишлар чиқарилиши бировнинг парвойига ҳам келмай қўйди. Фақат оқ танлилар учун мўлжалланган кафе, ресторан, барлар ташкил қилинди ва у ерга қора танлиларни киритмаслик сиёсат даражасига кўтарилди. Африка қитъасидан келтирилган қора танли гўдаклар қафасларга солиниб, оқ танлиларга кўнгилхушлик қилишлари учун бир маҳлуқдек кўрсатиш, уларни цирк ёки ҳайвонот боғидаги ҳайвондан фарқламаслик одат тусини олди. Фолкнер мана шу оғриқли йилларда ижод қилди. Унинг икки асари борки, улар ирқчилик сари гўёки ёғдирилган тош, битилган тавқи лаънат ва ўқилган қоралаш далолатномасини англатади. Булар “Августдаги ёруғлик” ва “Авессалом, Авессалом” романлари бўлиб, ҳар иккисида ирқ масаласи глобал умумбашарий муаммо сифатида ўқувчига ҳавола қилинади, қаҳрамонларнинг ўйлари, кундалик турмуш тарзи, дунёқарашларида бу масала кун тартибига қўйилади ва ўша даврдаги Америкадаги ижтимоий вазиятга ранг-баранг палитрада реал чизгилар берилади. Бу асарларида Фолкнер ўзининг илк жиддий асари “Сарторис” романидаги ғоясини янаям бойитади. Ўша асарда Фолкнер ўзи ўйлаб топган макон-Йокнапатофадаги қулдор аристократларнинг таназзулини кўрсатган бўлса, бу икки асарда куни келиб бутун бошли инсониятни кабир маънавий фожеага етаклайдиган ирқчилик масаласига кўпроқ урғу берилади. Фолкнер вафот этганига ярим асрдан ошди. Ярим асрдан бери у орамизда йўқ. Биз билан фақат китоблари- меросининг асоси бўлган ирқчиликка қарши ёзилган асарлари яшайди. Инсоният ҳануз уни энтикиб ва диққатини бир ерга жамлаб ўқийди, ижодини изчиллик билан ўрганади, жамоавий тарзда бўлмас-да, ҳар ҳолда тарғиб қилади, унинг мероси асосида докторлик диссертацияларини ёқлаб, катта-катта монографиялар ёзади. Аммо йигирма биринчи асрга келиб ҳам ирқчилик масаласида вазият ўзгармай қолди. Ўн тўққизинчи асрда буни маърифатнинг тақчиллиги, жоҳилликнинг кенг томир ёйгани, асрий феодал тузум қобиғида инсониятнинг суяги қотганлиги билан изоҳланди. Йигирманчи асрда эса бу иллатни қисқа вақт оралиғида бўлиб ўтган жаҳон урушлари сабаб руҳан ва жисман мажруҳ бўлиб қолган одам болаларини фикрлаш, ўйлаш ва тафаккур қилишни истамай, ҳаётдан ёппасига лаҳзалик баҳра олишга киришиб кетгани билан изоҳланди. Хўш, йигирма биринчи асрда-чи? Буни нима билан изоҳлаш мумкин? Янги асрга келиб инсоният ҳар томонлама тараққиётга эришди. Онг ва тафаккур жиҳатидан ҳам, маънавият ва аҳлоқ жиҳатидан ҳам эндиликда тамаддуннинг юқори чўққиси кузатилмоқда. Адабиёт ва фан бу борада етакчиликни аллақачон ўз қўлларига олишган. Лекин ирқчилик ҳамон бор, ҳамон мавжуд. Инсонларни оқ ва қораларга ажратиш онда-сонда эмас, ҳар қандай жамият ҳаётининг деярли кундалик ҳаётида учрамоқда ва ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шу инсоният бир пайтлар “Том тоғанинг кулбаси”даги қора танли Том тоғани инсонийлиги учун яхши кўриб қолган, Марк Твен романларидаги трагикомедияга ҳайриҳохлик билдирган, Агата Кристининг “Ўнта негр боласи” романи номини ўзгартириш лозимлигини талаб қилган инсониятми?! Шу инсоният Уильям Сарояннинг кичик ҳажмдаги гуманистик ҳикояларини ўқиб, улардаги ожиз ва нотавон қора танли болакайларга ачиниб йиғлаган, Ленгстон Хьюз шеърларини ўқиб таъсирланган, Мартин Лютер Кингнинг нотиқлик санъати қаршисида қарсак чалиб руҳланган ва ниҳоят Фолкнер билан биргаликда ёстиқдек келадиган романларнинг ичидан ирқчиликка юқори баритонда лаънатлар ўқиган, уни таг-томири билан ўпириб ташлашни мақсад қилган, бу бало инсониятни боши берк кўчага етаклаши мумкинлигини тахмин ва таҳлил қилган инсониятми?! Гоҳида шундай риторик саволларни тўртта томонимга бергим келади. Машриқдан тортиб Мағрибгача. Рост, бақириб шундай қилгим келади. Мен йигирма биринчи асрда кечаётган глобал ижтимоий оқимда сузарканман, очиғи ўзимни тобора пастга чўкиб кетаётгандек ҳис қиламан. Ёпишгани ҳатто хас топилмайди ён-атрофимда. Ҳайратдан кўзларимни катта-катта очаман. Эҳтимол, Фолкнер ҳам боқий дунёдан оёғи остидаги фоний дунёни кузата туриб ҳайратланаётгандир. Менимча, у қазо қилганидан сўнг йиллар ўтиб, асарларида кўтарилган бу глобал мавзу ўлмаслигини тушунган, аммо унинг тантанаси бу чирк босган заминда юз бериши янги асрда ҳам қийин бўлишини кўра бўлмаган. У башоратчи адиб эмасди, албатта. Бу борада Жюль Верн ёки Уэлльс билан беллаша олмасди. Аммо ич-ичидан ўз олдига қўйган миссияси ғалаба қилишига ишонарди. Юқорида айтганимдек йигирма биринчи асрни кузатарканман, ирқчилик ҳануз йўқ бўлиб кетмаганига гувоҳ бўламан. Олдинги асрларда қандай ҳолатда бўлса, ҳозир ҳам шундай. Давлатлар томонидан миллионлаб нусхаларда ёзилаётган қонунлар одамлар томонидан миллионлаб ёзилмаган қонунларга, гуманизмнинг озчилик тарафдорлари вандализмнинг кўпчилик тарафдорларига қарши курашиб яшамоқда. Қўпол қилиб айтганда қоралар оқларга қарши курашмоқда. Худди ўтган асрларда бўлгани янглиғ. Худди Гейне тасвирлаган кемадаги қуллар ва Том тоғанинг кулбаси янглиғ. Худди Уильям Сарояннинг жулдурвоқи қора танли болакайлари, Ленгстон Хьюз шеърларидаги оғриқли сатрларда дунёга келган етимликдаги танҳо овоз янглиғ. Ва ниҳоят, худди Фолкнернинг романлари ёзилган хаёлий Йокнапатофанинг қора тупроғи янглиғ. Бу кетишда тамаддуннинг гултожи дея пахта қўйилаётган асримизда ҳам тахминан ўтган асрдаги ҳолат такрорланади. Фолкнер-чи, ютадими ё ютқазадими? Фолкнер Биринчи жаҳон урушида қатнашган. Оддий аскар сифатида. Уруш нималигини чуқур англаган, уни инсоният бошига солган кулфатлари-ю уқубатларидан бир оддий инсон сифатида тўла-тўкис хабардор бўлган. Тарихдаги қонли муҳорабалардан бирини бутун даҳшати унинг кўз олдида намоён бўлган. У ҳам бошқа миллионлаб аскарлардек кунни кун, тунни тун демай қон кечган, окопларда қишин-ёзин тонг оттирган, қўлига қурол олиб жанггоҳга отилган, боши ва ёнидан визиллаб ўтаётган ўқларнинг жон олувчи овозини эшитган, гумбурлаган тўплардан қулоғи том битган, танкларнинг судралиб келаётган қиёфасидан ваҳимага тушган, тепасида қувлашмачоқ ўйнаётган аэропланларни юраги така-пука бўлиб кузатган, ўзидан четроққа снаярд келиб тушгач, ҳириллаб жон берган инсон овозини, узилган қўллар ва оёқларни, очиқ кетган қора кўзларни, инсон танасидан оқаётган лахта-лахта қонлар-у ташқарига отилиб чиққан ичак-чавоқларни ўз кўзлари билан кўрган. Фолкнер ҳам аскар бўлган, шубҳасиз. У урушдан бошқалар каби жисман мажруҳ бўлмай, тўрт мучаси соғ чиққан бўлса-да, руҳан мажруҳ бўлиб чиққан. Қаламкаш дўстлари каби, бошқа миллионлаб инсонлар каби. Шунда ҳам у “завол топган авлод” деб аталажак ўзининг авлодидан тубдан фарқ қилган, гуманизмга, инсониятни таназзулдан олиб чиқилиши лозим деб ўзи ўйлаган ақидага собит қолган. Фитцжеральд мажруҳ руҳини даволаш учун қаҳрамони Шоввоз Гетсби сийратига ўзини кўчирганида, Хемингуэй “Қуёш барибир чиқаверади” асаридаги қахрамонлари билан хаёлан кафеларда айш-ишрат қилиб, буқа жангларида қатнашиб юрганида, Ремарк эса алкоголь, сигарет ва фоҳишалардан иборат бўлган муҳит атрофида эрталабгача санқиганида Фолкнер гуманизм ҳақида бош қотириб ёзув столида ўтиришни ўз бурчи деб билган. У уруш йилларида гуманизмни улуғлаб ёзишни аллақачон кўнглига тугиб улгурганди. У “завол топган авлод” вакили бўлса-да, гуманизмни бу хаос ичида ҳам тантана қилишига имони комил эди. Ҳатто, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб Гитлер бошчилигидаги шовинистлар жаҳонни бир муддат зир титратишганида ҳам бу ақидасидан чекинмаганди. Ирқчиликка қарши адабиёт орқали курашиш ундаги мана шу ақиданинг маҳсули бўлиб, ҳафтасига бир неча юз доллар эвазига Голливуд учун арзон сценарийлар ёзган пайти ҳам бу миссиясидан воз кечмаган, шу миссияси учун бундай қурбонликка виждони заррача қийналмай рози бўлганди. У Голливуд учун сценарийлар ёзарди, у ерда кинони саноатга айлантирган продюссерлар унинг ёзувчилик маҳоратини оғзиларидан бол томиб мақташарди, аммо у бунга эътибор қилмас, кеча-ю кундуз шу улуғ миссияси учун курашишда давом этар, уни бир куни тантана қилажагини, одамлар оқ ва қора таналаридан қатъий назар шу осмон остида бирдамлик, аҳиллик ҳамда тинч-тотувликда яшашларига ишонарди. Шу ерда Фолкнерни йиллар этагидан тутиб ҳаётда яшамаган-у, гўё у билан шахмат ўйнагандек тавассур қиламан. Айтайлик, ҳаёт оқ доналарда, Фолкнер қора доналарда. Бу кўп партияли ўйин эмасдек, фақат битта партиядан иборатдек ва ўша партия ҳали ҳануз тугамагандек таасурот уйғонади. Партия худди Алёхин ва Капабланка ўртасидаги тарихий шахмат ўйинга ўхшаб шиддатли ва эҳтиросларга бой тарзда кечади. Қора донадаги пиёдаларни уриб чиқараётган оқ донадаги фил, от, фарзин ва зобитлар, шунингдек шоҳнинг ўзи ҳам асрлар давомида инсониятнинг қонини зулукдек сўриб келган қулдорлар ва вандализм лашкарларига, қора донадаги пиёдаларни ҳимоя қилаётган қора донадаги шу фигуралар эса инсониятнинг гуманист қатламига ўхшайди. Бу партия қачон бошланганини фахмлаш мушкул. Балки Фолкнер улғайиб, катта ҳаётга қадам қўйганида у ўз ибтидосига эга бўлгандир. Балки, уруш йилларидаги ва ундан кейинги даврнинг яланғоч кўриниши билан совуқ нафасини адиб туйган пайтлари у ўзига жалб қилгандир. Балки, завол топган авлодга қўшилмай ватанида бошланган парокандаликни, уни ичидан емирилаётганини ижодхонаси деразаси олдида соатлаб кузатиб ўтирганида Фолкнер унга қизиқиш билдиргандир. Ҳар ҳолда, бу партия Алёхин ва Капабланканикидан фарқли равишда қисқа муддатда тугамади, узоқ йиллардан бери якунига етмай келмоқда. Ҳатто, Фолкнер қазо қилгач ҳам. Бу партия қанчадан қанча ҳаётнинг мураккаб комбинацияларини, Фолкнернинг унга жавобан сицилянча ёки испанча ҳимояга ўхшаш ҳимояларини, мот қилишга яқин келган шафқатсиз ҳаёт билан ундан моҳирона чиқиб кетган кўнгилчан адибни кўрди. Аммо якунига етмади, ютган ва ютқазган тараф аниқланмади, эндшпилгача Фолкнер яшамади. Бироқ, унинг асарлари шубҳасиз яшайди, ҳаёт билан бу чўзилиб кетган шахмат партиясини эндиликда улар давом эттиришади. Эндшпилнинг эса фурсати қачон келиши маълум эмас.
2021-04-05
http://nodirabegim.uz/archives/4017
Катэна , бир кун келиб сизга ичимдаги борини тўкиб соламан деб кўнглимга тугиб қўйгандим. Бундан мени нима тўхтатиб турган, нимани кутганман, бугун бу саволга жавоб тополмаяпман. Балки кўнглингизни оғритишдан андиша қилгандирман, ахир нима бўлганда ҳам мен сизни тик қарашга мажбур қилмоқчи бўлган ҳақиқат – бир қизалоқни эрта улғайтирган ҳақиқатлар эди. Катэна, энди сиз йўқсиз. Аввал сиз қачондир йўқ бўлишингиз мумкинлиги ҳақида ўйламаганман. Бугун тонг саҳар яна қаттиқ бақириб уйғониб кетдим (бу касаллигим сиз ва аямгагина маълум бир фалокатдан бери мен билан). Тушимни эслолмайман, нега бақирганимни ҳам. Кейин эса доимгидек эрталабгача ухлолмайман… Ўлганлар билан гаплашиб бўлмайди, аммо уларга истаганча сўзлаш мумкин, шундай эмасми? Улар жавоб бермайдиган тингловчи. Аввал айтишга журъат этмаган бўлсам, демак, менда бу хислат бўлмаган. Айни пайт эса қоғоз қоралаётган эканман, ўша ухлолмаслик касалим сабаб ва кўнглимдаги бир тугунни ечмоқ – мақсад. Мактубим сизга етиб боришига эса жавоби келмаслигига ишонганим каби ишонаман, катэна. Катэна, бугун ҳақиқатга тик қарамоқчиман! Ҳеч бўлмаса, бир марта кўнглимдагиларни оқ қоғозга ошкор тўкмоқчиман. Одатда биз сўзлардан ўз ҳисларимизни, ҳақиқатда ҳис қилаётганларимизни, ўйларимизни яшириш учун фойдаланамиз. Биз, инсонлар шунчалик қўрқоқ, журъатсизмизки, ҳатто иккинчи ё учинчи шахс йўқ бўлган қоғоз қаршисида ҳам ўз ички “мен”имизни очгани журъат этмаймиз… Катэна, сиз мени ўзингиз тўғри деб билган қадриятлар қолипи ичида катта қилдингиз. Бу қолипга сиғмагани фақат менинг ўй-хаёлларим ва фикрларим бўлди. Хайриятки, ҳаёт ўзи ва бошқа Одам болалари каби мени ҳам иккиюзламачиликка ўргатолган. Буларнинг ичида камёб бўлгани – ҳақиқатни сизга атадим… Катэна, яхшиямки, сиз ўлгансиз, акс ҳолда мен сизни яхши кўришимни, яхши кўргандаям қўрқув, бир мутелик билан яхши кўришимни англаб етмасдим. Худди бандиликда туғилган қуш ўз қафасини севгани каби… Афсуски, биз, Одам фарзандлари ҳақиқатнинг ҳаётимиздаги асл ўрнини у йўқолгачгина теран англаб етамиз. Катэна, сизга бу мактубим етиб боришини истаган ҳолда уни ёқиб юбормоқчиман. Бу дунёда аввал бор бўлиб, сўнг йўқ бўлган нарсаларнинг ҳаммаси у дунёга йўл олишига ишонаман. Зеро, бу ҳаётда ишонч-у умиддан бошқа ҳеч нимам йўқ менинг, ҳатто истеъдодим ҳам. Мен фақат унинг ва бошқа кўплаб ижобий жиҳатларнинг менда борлигига ишонаман. Кўряпсизми, катэна, менда фақат ишонч бор, холос. Катэна, менинг исмимни сиз қўйгансиз. Нега айнан шу исм? Буни билмайман. Ҳеч сўрамаганман ҳам. Ва исмим олдидан дадамнинг эмас, аямнинг фамилиясини гувоҳномамга ёздириб келганингизни ҳам сабабини сиздан сўрамаганман. Нега? Чунки сиздан қўрқардим. Ҳа! Катэна, мен сиздан ҚЎРҚАРДИМ. Бунинг сабабини ҳам билмайман. Балки оиламиздаги ҳамма сиздан қўрққани ёки ҳурмат қилгани учундир. Аммо ҳамма набираларингиз бобосининг номини олганда нега айнан мени ҳужжатимни шундай тўғрилаб келгансиз? Балки аям билан менинг тез орада кетишимизни билиб шундай қилгандирсиз… Ҳа, мен эсимни ота уйимда эмас, онамнинг отасини уйида танидим. У ерда ҳамма менга меҳрибон, уларнинг эрка, арзандаси эдим. Бироқ доим дадамга кетгим келарди. Биласизми, катэна, нега шундай қилардим? Чунки ҳамманинг дадаси бор эди. Киноларда кўргандим: қизчалар дадаси томон югурар, дадалар эса қизалоқларини қучоғига олиб кейин осмонга отишарди. Менинг ҳам шундай дадам бўлишини истагандирман, эҳтимол. “Болалигимни эсласам, илиқ ёз кечалари ёдимга тушади”, деган эди ёзувчи Ўткир Ҳошимов. Мен эса болалигимни эсласам, Сиз ёдимга келасиз. Чунки сиз унда ажралмас ўрин тутгансиз. Илк олам ҳақидаги тасаввурим қаердан бошланганини билмайман, лекин энг биринчи эслайдиганим – Сиз. Эсингиздами, оч яшил, енги калта, майда қавиқ чопонингиз бор эди? Ўшани менинг устимга ёпиб, оёғингизда аллалаб ухлатардингиз. Оёқ учида ёстиқ, кўрпачам оёғингиз, кўрпам ўша чопон, бу менинг илк хотирам. Бешик эмас, аямнинг кўкраги эмас, уйимизнинг ёғоч шифти эмас. Сизнинг оёқда аллалаётганингиз. Шу воқеани эсласам, қулоғим остида аллангиз жаранглайди. “Аллооо, аллооо, алла, ҳей, Талқооон, талқооон, талқон туй”… Бу сўзларнинг маъносини набирангиз кейин англаб етганди, катэна. Кичкиналигидан оғзи ёпилмайдиган қиз бўлганман, буни эслолмайман-у аммо аям айтарди. Менгинани жим бўлмаганим учун “талқон туй” деган экансиз. Талқонни оғзига олган одам жим бўларкан. Ҳозир ҳам ўшандайман, мен оғзимда талқон туёлмай ўлиб кетсам керак, катэна. Аям билан дадамни ажрашиб кетишларидан мен сақлаб қолган бўлсам керак. Ўзингиз шундай деган эдингиз-ку? Мен ўшанда ўтган воқеаларни яхши эслаб қолганман-у, лекин ҳозир ёзишни истамайман. Чунки ёзиш – у кунларни қайтадан яшаш, ҳаммасини, ўзингникига қўшиб аянгнинг ҳам изтиробларини ҳис қилиш, деганидир. Сиз буни қаердан ҳам билардингиз?!. Ҳа-я, аям Сизнинг кўнглингиздагидек чиқолмаган эпсиз келин. Унинг бундан ҳам катта гуноҳи – ўғлингиз уни севгани эди. Сиз ўзингиз танлаган оила билан қуда бўлиб келгансиз, ҳамма фарзандингиз тақдири шундай ҳал қилинган. Бир дадам бу муқаддас анъанани бузган. Ва кейинги ҳаёти давомида бунинг бадалини тўлаб яшади. Наилож, “кемага тушганнинг жони бир”, деганларидек, бу бадални оилавий, бирга тўладик. Сиз на аямни ва на мени хушладингиз. Ҳали дунё ҳақида тасаввурим тугал бўлмай туриб, бошқа набираларингиздан мени ажратишингизни ич-ичимдан сезар эдим. Аямнинг бошидан озмунча оғир кунлар кечмаганига сочларига эрта тушган оқ далолат. Эслайдиганларимга асосланиб ёзаётган бўлсам Сиз, ўшанда эртага бировнинг эшигида сағира бўлмаслигим учун аямни қайтариб олиб келишларига кўнгансиз. Бу менга қилган энг катта яхшилигингиз бўлгандир, эҳтимол. Аммо мен сизни ёмон кўрардим. Эсингиздами, катэна, кичкиналигимдан телевизор жинниси эдим. Уйимизда битта сизнинг даҳлизли хонангизда телевизор бўларди. Мен эса ўша оқ-қора телевизор тагида эртадан кечгача бўлса ҳам ётаверардим. Сизга бу ишим ёқмасди. Бирон жойга кетсангиз, телевизорнинг ўчириб ёқадиган бурагичини яшириб кетардингиз. Мен эса уйни ағдар-тўнтар қилиб бўлса ҳам уни топардим. Сиз буни пайқамасдингиз. Кечқурунлари кино кўриб ухлаб қолсам, соат неча бўлишидан қатъи назар елкангизга опичиб, дадам ва аямларнинг хонаси остонасида қолдирардингиз. Елкангизда кетаётиб кўзимни очмасдим, аммо ҳис қилардим юрагингизнинг дук-дукини. Ва қулоғим остида қолган кавушингизнинг тақ-тақи… Ковуш! Сизнинг ковушингиз кўп эди-а, катэна? Қаерга борсангиз ўша ерга мос ковушингиз бўларди. Мен эса уларни кийишни яхши кўрар, ковуш судраб юриб катта бўлгандим… (аммо менга сизнинг кавушингиз тегмади). Ишонасизми, тушларимга киради кавушнинг бир меъёрдаги тақ-тақ овози. Тақ-тақ… Кўз олдимга келади сизнинг оёқни букмай босишингиз, гавдангизни тик тутишингиз, қўлингизни орқага қилиб юришларингиз. Ооо, кимлар ҳавас қилмасди сизга. Ҳатто, “Қарисам, Саломат момодек бўламан”, деганлар ҳам бор эди. Мен эса сизни ёмон кўрардим… Эсингиздами, ҳовлимизни тўлдириб экилган анорзор. Бутун туманга машҳур эди анорларимиз. Ҳар туридан бор эди ўзиям. Мен сув эмас, анор ичиб катта бўлдим, десам ҳам бўлади. Ёзин-қишин бизнинг уйдан анор аримаган. Ўша анорларнинг энг сарасини омборхонанинг тепасига, шифтга илиб чиқардик. Бу ишни эринмай қилишарди янгаларим. Пастга, ёғоч чорпоя устига эса урилган, “тиржайган”, майда – бир сўз билан айтганда, ўзимиз ейдиганни қолдирардик. Мен ҳеч қачон ўша жойдан анор емасдим, катэна. Бўйим етмайдиган шифтга бензиндан бўшаган бакни думалатиб келиб, устига чиқиб, айри чўпни топиб, энг сарасини олиб ердим. Қўлим етадиган жойда ҳам анор бор эди, лекин мен бўйим етмайдиганига осилардим. Катэна, сиз буни билмасдингиз, билганингизда чўп билан қувардингиз, биламан. Аммо мен ўша пайтдан ўзимга қийин йўлдан юришни маъқул кўрган эканман. Доим бўйимдан баланд дорга ҳаракат қилиб келишим ўша болалигимдан бери бор экан. Агар ўшандаёқ кўриб қолиб, таёқлаганингизда, балки бу одатимни ташлармидим, билмадим… Ҳар йилги анъана – Янги йил байрамида барча оила аъзолари сизнинг хонангизда йиғилардик. Сиз вафот этган йилнинг байрам кечасида мен болалигим ўтган уйга кириб бордим. Борингизда базўр келган мени йўғингизда нимадир судраб келди, катэна. Уйга киришга шошмадим, ҳовлини, тандирхонани, омборхона томонларни, чорпояни, дарахтларни томоша қилиб ташқарида қолдим. Ҳаво совуқ, осмон қоп-қора. Шунда аввал сира бу ҳақида ўйламаган бир манзара эътиборимни тортди. Қишда кўмиб қўйилган ўша анорларнинг ҳаммаси – қабрларга ўхшаркан, катэна! Сизсиз ҳовли-жой қабристонга ўхшаркан, катэна. Мен эса… мен эса сизни ёмон кўрардим! Бунга етарлича сабабларим ҳам бор эди ахир. Ўшанда неча ёшда эканлигим эсимда йўқ. Сиз мени ўзингиз билан ҳеч қаерга олиб бормасдингиз, аммо мен ўзимга етганча қайсар эдим: ортингиздан қолмасдим. Ўша куни туғилган куним эди. Куз. Октябрь. Ҳаво жудаям ажойиб. Сизнинг ота юртингизда тўй бўлаётган эди. Ҳамма қариндош-уруғ машиналарга миниб тўйхонага – узоқ йўлга отландик. Мен йўлларни яхши кўраман. Буни билмас эдингиз сиз. Қанчалик узун бўлса, қанчалик нотаниш бўлса, шунча яхши эди у йўллар.Ўша ерда мен ҳам борлигим, сизлар билан бирга тўйга кетаётганимдан шунчалар хурсанд эдимки, буни туғилган кунимга сиз томонингиздан берилган совға деб қабул қилдим. Машинада ёш болалардан мен ва аммамнинг қизи Райҳон бор эдик холос. Олис йўлни ҳали целлофани олинмаган янги “Дамас”да босиб ўтарканмиз, аммам “Райҳон орқада ўтиролмайди, юраги кўтарилиши мумкин”, деб қолди. Шунда бугунги байрамона кайфиятдан маст бўлган мен “Майли, менинг ўрнимга ўта қолсин, мени йўлда кўнглим айнимайди”, дея Райҳон билан ўрин алмашиб олгандим. Буни аммам аслида шундай бўлиши керакдек қабул қилди. Сиз эса: – Ҳа, энди сен икки уйни орасида энанг билан боровриб, келовриб йўлга кўникиб кетгансан-да… – дедингиз. Бу гапни шундай оҳангда айтдингизки, ҳамма шарақлаб кулиб юборди. Назаримда, ҳатто машина ҳам сизларга қўшилиб менинг устимдан кулаётгандек эди ўша пайтда… Сизлар маза қилиб кулардингиз… Мен эса ўша ерда ёлғизлигимдан, ҳимоясизлигимдан, чиндан ҳам бошқаларга ўхшамаслигимдан, набираларингиз ичида фақат мени ёмон кўришингиз ва камситишингиздан хўрлигим келиб йиғлагандим… Катэна, ўшанда мен йўлда бора-боргунча йиғлаб кетганман. Аммо буни ҳеч ким, ҳатто жуда ҳам синчков бўлган сиз ҳам сезмагандингиз. Биласизми, нега? Чунки машинанинг ойналари ланг очиқ, мен ойна олдида ўтирар, юзимни забт билан урилаётган шамолга тутиб келардим. Шамолнинг кучи билан кўзёшларим кўзимдан оқмай туриб қуриб қолаётганди. Мен овоз чиқармасдан, юрак-юрагимдан йиғлардим, шамол эса кўзёшларимнинг ташқарига чиқишига йўл бермас эди… Тўй ҳам, туғилган кун ҳам, машинага ўтириш чоғида юрагимда олов бўлиб ёнган байрамона кайфият ҳам расво бўлган эди… Шунчаликки, ҳатто табиатнинг мен севган гўзаллиги ҳам кўзимга кўринмас, октябрнинг мафтункор манзаралари энди кўзимга сизнинг телевизорингиз сингари оқ-қора кўринарди. Мен сизни шунчалар ёмон кўриб кетгандимки… 23 ёшда эдим… Баҳор. Мен ёмон кўрган фасл… Навоийда эканимда сизнинг зинадан йиқилиб, юролмай қолганингизни эшитдим. Саксон беш яшарлик кампир ўжарлик қилиб катта зинадан ўзингиз тушмоқчи бўлибсиз. Сиз доим ҳамма нарса ўз назоратим остида бўлади, деб яшаб келдингиз. Ҳолбуки, вақт ва кексалик сизга мутлақо бўйсунмас эди. Сиз эса буни ҳеч қачон тан ололмасдингиз. Токи йиқилгунингизга қадар… Мен сизни кўргани бордим. Сизнинг пастак эшикли, кичик даҳлизли хонангизга бош эгиб кирдим. Вассачўпли шифт уй ичидаги печкадан чиққан тутун туфайли бир оз қорайган. Уй деворлари эса қора тутуннинг изини яшириш учун оқланганлиги билиниб турарди. Ичкарига кирарканман, кўзим дастлаб рўпарадаги деворга дидсизларча осиб қўйилган учта расмга тушади. Уларнинг бири кататам бўлса, қолганлари Сизнинг ота-онангизнинг суратлари эди. Улар ҳозир ҳам ўша жойда – рамкага боғланган иплари осилиб турибди. Фарқи шундаки, ҳозир бу ипларга вақт ўз ҳукмини ўтказган, улар аста-секин чириб боряпти. Сурат остида эса иккита сандиқ бор. Бу сандиқлар мен учун ўша кунга қадар жуда ҳам сирли эди. Болалигимиздан бизга берилган тарбия натижасимикин, негадир сизнинг нарсаларингизга қўл теккизмас эдик. Қўрқар эдик шекилли. Ҳозир ўйлаб қарасам, қўрқувдан ҳам кўра кўпроқ ҳурмат, эҳтиром туфайли экан бу… Аммо бу сандиқ мени ҳамиша ўзига тортиб турарди. Мен болалигимда уларнинг бирини Зумраднинг, иккинчисини эса Қимматнинг сандиғига ўхшатардим. Негаки, сандиқнинг зулфинига калит тиқилса, сандиқ қопқалари жуда ҳам ёқимли куй садолари остида тепага кўтарилиб очиларди. Уларнинг ичида нималар бор: бу менга ҳамиша қоронғи бўлган. Ўша куни қарасам, сандиқлардан бирининг оғзи қия очиқ, фаҳмимча, ичидаги нарсаларнинг кўплигидан беркилмаган эди. Устига бир нечта кўрпа-кўрпачалар йиғилганига қарамай, сандиқнинг қопқаси бир оз кўтарилиб турарди. Эшикдан кириб келишим билан сиз менга кўзларингизни қисиб, узооооқ тикилдингиз. Салом берганимдан кейингина мени танидингиз, юзингиз қувончдан порлаб кетди, хира тортган нигоҳларингизда ҳам табассум жилва қилди. Сиз мени кўрганингиздан хурсанд эдингиз ўшанда, катэна. Доимгидек уйдагилар, қўни-қўшни, курсдошларим-у устозларимгача – ҳамма-ҳаммани сўрадингиз. Сизнинг хотирангизга ҳавас қилса арзирди: ҳеч ким ва ҳеч нимани ёддан чиқармасдингиз. Кўришмаганимизга анча бўлганди. Мен илк бор сизда ҳам кексалик аломатлари акс эта бошлаганини ўшанда ҳис қилдим. Назаримда, сиз ўлим билан юзлашгандан – у ҳақида ўйлай бошлаганингиздан сўнггина қарий бошлагандингиз. Мен аҳволингиз қандайлигини сўрадим, сиз эса доимгидек табассум билан “Яхшиман, мана, Худо деб ўтирибман”, дея жавоб бердингиз. Кўнглим бир оз жойига тушган бўлса-да, аммо кўзингизни юпқа, сийрак тумандек парда қоплаганини кўриб турардим. Аллақандай чўкиб қолгандек туюлдингиз менга. Ўша куни сиз билан биринчи марта чин дилдан суҳбатлашаётганимдан ўзгача бир роҳат, хотиржамлик туйганман, катэна. Худди мен орзу қилган меҳрибон, мени ҳам эшита оладиган, самимий, ҳазилкаш катэнага айланиб қолгандингиз ўшанда. Аёл киши учун оила биринчи ўринда эканлигини, қолган ишлар, ўқиш, иш, карьера (бу сўзни айтолмай мени кулдирганингиз ҳамон эсимда) — ҳаммаси кейинчалик бўлаверишини айтгандингиз. Ўшанда шу мавзу ҳақида гап бораркан, мен сизга “Ҳаётим аямникидек бўлишини истамайман, шунинг учун эрга тегишга шошмайман”, дегандим. Мен азбаройи суҳбатимизга берилиб кетиб, кўнглимдагини сизга, аслида умуман айтмаслигим керак бўлган инсонга айтиб юборгандим. Аммо мен икки кучли аёл зиддиятидан жабр кўрган учинчи аёл сифатида шундай қарорга келиб бўлгандим, катэна. Буни сиздан яширишдан бир маъни ҳам кўрмасдим. Сизнинг кўзларингиз бошқача ёнганди ўшанда, ҳуу аввалларда менга танбеҳ берган пайтлардагидек ёнди. Фарқи шундаки, энди у кўзлардан олов сачрамасди. – Аянг ёшлик қилган. Характери тез эди…. Мен тарбиялашга уриндим. Ҳаммаси бекор, агар ўзингда, қонингда бўлмаса… Лекин сенда бизнинг қон бор. Аянгга ўхшамайсан, сен бизларга ўхшайсан. Эҳ-ҳеээ ота-бобонг қандай бойлар, қандай ўқимишли одамлар ўтган… Бу гапларни айтиб сени ҳам бошингни шиширмоқчимасман. Лекин билишинг керак…— дея мен гоҳ ўзингиздан, гоҳ бошқалардан эшитган шонли ўтмишимизни айтиб бергандингиз. Аммо мен булардан фахр ҳиссини тўймаганман… Ҳар холда, сизчалик. – Сени тўйингни кўргим келяпти, – дедингиз аллақандай бир мунгли оҳангда. Сиз умуман бошқа мавзуда гапираётгандингиз, шунинг учун бу менга ғалати туйилди. Эҳтимол оҳанги ҳам. Ва уй тепасидаги сандиқларга ишора қилдингиз: – Менинг сепимдаги сандиқ, ичи сенга атаб йиққан сепга тўлди. Қара, ана, оғзи ҳам ёпилмай қолган. Бу сени сотадиган пайт бўлди дегани, – кулдингиз мириқиб. Елкаларингиз силкиниб, ясама тишларингиз ҳам кўриниб кетди. Ўша манзара ҳамон кўз олдимдан кетмайди, катэна. Шундай дилдан суҳбат қуришимизни қанчалик орзу қилганман, ахир. Лекин сиз буни билмасдингиз. Одам одамга бериши керак бўлган энг осон, энг арзон нарса – меҳрни нега бунча кеч топдим сиздан? Нега бунча эрта йўқотдим? Бу воқеалар мени таъсирлантириб, бир лаҳза сиз ҳам омонат бўлиб қолганингизни, олдинги гиналарни ортга ташлаб, ёнингизга тез-тез келиб туришим кераклигини англадим. Ўшанда ўз ўйимдан ўзим чўчидим. Ахир мен хаёлга келтирганларим ҳаётимга ҳам кириб келарди-да! Омонат экан, катэна, ҳамма нарса омонат экан. Одамлар, муносабатлар, қўлингда бор бўлган ҳамма нарса. Мен буни энди тушуниб етдим. Омонатим, рости мен шу нарсалар ҳақида хаёл қилаётганимда роппа-роса бир ҳафтадан сўнг жума куни эрталаб жонингиз узилишини ўйламагандим. Ҳаммамиз қақшаб қолдик, ҳатто сиз менга кўрсатган, ичи ўз қўлингиз билан тиккан нарсаларга лиқ тўла қора сандиқ ҳам. У яримочиқ оғзи билан дооод деди, менга шундай мунгли қўшиқ куйлаб бердики, кўзёшларимни тўхтатолмадим. Виждоним унинг пойида тиз чўкиб йиғлади. Азада гапириб йиғламоқ расм экан, мен – бутун умр кўз ёшларини ичига оқизиб яшаган қиз – тилим танглайимга ёпишди, катэна! Нима демоққа, қайси бирини гапирмоққа, нимадан бошламоққа ақлим лол қотди, катэна. Ўшандан бери бийрон тилим танглайимга чиппа ёпишган, кўнглимда тугун, ўзим учун ёзмоқдан бошқа бирон чора тополмадим. Ўлим – мен кўп ўйлайдиган, туб моҳиятига фақат ўлибгина етоладиган сирим. Биласиз, мени сир-синоатлар доим ўзига тортган… Биз қачондир юзма-юз кўришамиз ўшанда. Сизга олдин айтолмаган, мактубимга ҳам сиғмаган бир дунё айтадиган гапларим бор, катэна. Ўшанда сизни яхши кўришимни ўз-ўзингизга айтаман. Унгача эса шуларнинг ўзи кифоя. Унгача эса мен ҳали бир ҳаётни муносиб яшаб ўтишим керак. Худди сиз каби! Шевада “катта эна” дегани. Шевада “катта отам” дегани.
2021-07-29
http://nodirabegim.uz/archives/4240
Ижодкорнинг ёзган ҳар сўзи келажагига таъсир қилади, деган фикрларни аввал ҳам кўп эшитардим-у, мағзини чақишга сира уринмасдим. Аввал қоғозда, бугун эса ҳаётимда рўй бераётган нурли тақдирим сабаб бугун ўйга толдим. Оҳунжон Мадалиев «Кетаман бу ердан бош олиб» дея куйламаганида, Муҳаммад Юсуф лолақизғалдоқлари билан эрта хайрлашмаганида ёки «Йиғлашни ҳам билмас, менинг қизларим» дея хавотирини ошкор этмаганларида, балки ҳозир орамизда бўлар эдилар. Айтмоқчи бўлганларим асло айрилиқ ҳақида эмас. Мен ўзим яратган нурли ҳикоям, нурли хотираларимни бўлишмоқни истадим. Сира ёдимдан чиқмайди, ўша фарахбахш кун, чиройли гуллаган дарахт ва унга маҳлиё бўлган гўзал. Ҳужжатларимни топшириш учун университетга келдим-у, бироз вақт кутишимга тўғри келгач атрофни айланиб, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш истаги туғилди. Бу истак туғилгани учун ўзимдан, гўзаллиги билан иккимизни-да ром этган, шу кундан сўнг менинг севимли, энг қадрдон сирдошимга айланган павлония дарахтидан, бизларни учраштирган ўша кун ва бир умрлик бахтимнинг сабабкори университетимдан беҳад миннатдорман. Ёдимда, ўқув даргоҳим ҳақида илк таассуротларим уйғониш арафасида учратганим, бетакрор гуллаган дарахт, унга маҳлиё бўлиб ёнига келганимни ҳам, Тангри яратган икки гўзаллик қаршида лол-у ҳайроналигимни ҳам ҳис этмаган париваш. Мен авваллари қишлоқда сира бундай ўзига ром этгувчи дарахтни учратмаган эканман ва бундай малакни ҳам: узун сочлари эртакдаги маликаларникидек битта қилиб ўрилган, қайрилма киприклари, ўсмали қошлари, бошига ярашиғлиқ гулдор дўпписи-ю атлас кўйлаги… Шаҳарда ҳам шундай гўзаллик тимсоллари бор эканда, ҳатто қишлоқда ҳам учратмаганман бунақасини, хаёлимга келган фикрни қандай қилиб овоз чиқариб айтиб юборганимни сезмай ҳам қолибман. У дарахтга маҳлиё бўлиб ҳатто келганимни ҳам сезмаган экан, тасодифий овоздан чўчиб кетди. — Ҳа, павлониялар менинг энг яқин дўстим, улар мени ҳам ўзига ром этган, — деди сўзларимни дарахт ҳақида деб ўйлаб. Шундай қилиб бу гўзал мени ўзига буткул ром этди, уни эса павлония. Биз тез-тез дарахт олдида учрашиб қоладиган бўлдик, у тасодиф деб билар эди, мен эса атай келишини соатлаб пойлаб чиқардим. Кўнглимни ром этган қизни суҳбатга чорлаб, дунёқарашининг кенглигидан кун ўтгани сайин тобора унга ипсиз боғландим. — Павлония — хаёлий гўзаллик кашф этиб гуллайди, у фақат кўкка бўй чўзади, худди менинг орзуларимдек, у ер шаридаги дарахтлардан тез ўсиши сабаб ажралиб туради, бизнинг суҳбатларимиз шу дарахтдан бошланиб, шу дарахт билан якунланаверди. Ахийри, дўстлашиш борасида пир-у комил бўлиб кетган ошнам тавсияси билан фақат қизни қизиқтирадиган мавзуларда суҳбатлашишим лозимлигини англадим. Ҳофиз таъкидлаганидек: «Кимгадур ёқар лола, ким атиргул шайдоси». Менинг хаёлларимни ўғирлаган малак эса павлониянинг адоси. -Павлониянинг ўсиш тезлиги йилига 5 метргача боради. Унинг турлари ва навлари жуда кўп: Катальпа павлонияси, узунчоқ павлония, Фаргез, Фартуней, Каваками, Шань Тонг павлонияси, толали павлония дея санай кетдим. Элонгат павлонияси энг тез ўсувчи турларидан, совуққа чидамлилиги бўйича етти иқлимни ҳайратда қолдиради, оч пушти, бинафша рангида гуллаб, фақат кўкка бўй чўзади, дедим сўзларимни давом эттириб. Ундан сифатли ёғоч, кўп миқдорда биомасса, такрорланмас гўзаллик олиш мумкин, у муҳаббат дарахти, дедим интернетдан излаб топган маълумотларимга ўз туйғуларимни ҳамоҳанг қилиб. Унинг ёғочи дунё бозорида қарағайдан икки ҳисса қиммат туради, ундан қурилишда, мусиқа асбоблари ясашда, мебелсозликда кенг фойдаланилади, бу дарахтдан олинган ўтин ёқилганда жуда кучли иссиқлик тарқатади, кўп давлатларда газ ўрнини босувчи ёнилғи деб тан олинган. У ўрмонларни қайта тиклаш учун бебаҳо дарахт, барглари жуда катта ва мол учун яхши озуқа бўлади. Унинг гулларидан жуда фойдали ва хушбўй ҳидли асал олинади. — Шунча маълумотларни қаердан топдингиз, ҳайратини яшира олмади қиз. Буларни фақат сиз учун ўрганаяпман, ахийри, шу орқали кўнглини билишга уриндим. Чиндан ҳам бу дарахт аввалига мени унчалик қизиқтирмаган, ҳатто номини ҳам сиздан билгандим дея ҳаммасини мардлик билан тан олдим. У табассум ҳадя этди. Баҳор яқинлашиб, курсдош йигитлар қизларни қандай хурсанд қилиш борасида бош қотира бошладик. Ахир, 8 март яқин эди. Ҳамма суйганига нима совға қилиш ҳақида ўйлаган чоғда менинг мақсадим аниқ. Унга битта бўлса-да павлония кўчати ҳадя қиламан. Жуда кулгили бўлиши мумкин, бироқ унинг боши осмонга етиши тайин. Буёғи талабачилик, ҳам ўқиб, ҳам ишлар эдим. Йиғиб-терганим ўйлаган совғамга камлик қилиши хаёлимга ҳам келмаган эди. Бу дарахт қиммат эканини ўқиганим бор эди-ю, бу даражада деб ўйламаган эдим. Бошим қотиб турган маҳалим, университет эълонлар доскасида бир хабарга кўзим тушиб, нигоҳим чақнаб кетди: » Сиз ижодкормисиз? Табиат гўзаллигидан баҳра олишни, ундан илҳомланиб ҳис-туйғуларингизни қоғозга туширишни яхши кўрасизми? Унда сиз университет томонидан ташкил этилаётган “Павлония гуллаганда” номли мақолалар танловида иштирок этишингиз лозим». Танлов ғолибларига пул мукофотлари борлигидан бир қувонсам, танловда ғолиб бўлиб унинг ҳурматига сазовор бўлиш асосий истагим эди. Биз биргалашиб маълумот излашга тушдик. Ҳатто бу танлов тақдиримни ҳал этди, десам муболаға бўлмас. Павлония илдизи ўзи тик бўлса-да, горизонталь ўсгани сабаб кенг майдонларга экилиши лозимлигини, ҳатто кесилганидан сўнг ўзини жуда тез тиклаш хусусияти борлигини билиб хаёлимга бу гўзаллик ортидан тадбиркорлик қилиш фикри ҳам туғилди. Қишлоқда бўш ётган бир гектар еримиз чақиндек ёдимга тушди. Хуллас, изланишларим самараси танловда ғолибликни қўлга киритдик. Гўзаллик ва нафосат байрамида ҳамма қизлар хурсанд, йигитларнинг чўнтаги қуриган. Кимдир катта гулдор қутидаги совғасини кўз-кўзласа, яна бошқаси қўлидаги қимматбаҳо соат, узук билан мақтанар эди. Қўлимда зўрға етишган, қимматбаҳо кўчатим билан олийгоҳ остонасида пайдо бўлдим. Ҳамма ҳайрон, курсдошларим «Ана, павлония жинниси келди»,- дея масхара ҳам қилишди. Уни хурсанд қилишни ўйлабману, дугоналарининг олдида байрамга кўчат совға қилсам ҳижолат бўлиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмабди. Совғамни қандай бериш йўлларини излай-излай охири топдим. Кутубхонадаги доим биргаликда китоб мутолаа қиладиган ўриндиғимизга кўчатни суяб, унга мактуб ёздим: «Кутубхонадаги жойимизга бориб, совғангизни олинг. Байрам муборак!» Хат ёздим, деганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз-а, орадан бир ўқув йили ўтди ҳам-ки, бу ўжар қизнинг телефон рақамини ололганим йўқ эди. Эртасига 8 март байрам муносабати билан дам олиш куни эди. Талабалар ўз вилоятларимизга йўл олиш арафасида совға ҳақидаги фикрини билиш ва рақамини олиш учун ёнига келдим. — Совға учун раҳмат, қанчалар қувонганимни тасвирлаб беролмайман, деди ниҳоят. Бир амаллаб рақамларимизни алмашиб, хайрлашдик. Уйга етиб келганимда телефонимга хабар келди: » Яхши етиб олдингизми? Энди бизнинг уйда ҳам павлония гуллайди». Деканатдан манзилини олиб, онамга у ҳақида айтишга ҳам улгурган эдим. Ниятим жиддий, уни йўқотишдан жуда қўрқар эдим, ёзган хабаридан сўнг у ҳам менга бефарқ эмаслиги маълум бўлди. «Ҳали бизнинг кўп павлониячаларимиз бўлади, эртага онам совчиликка борадилар, хафа қилиб қайтарманг яна» дея мақсадимни ёздим. Бечоранинг шу тобдаги қизариб, уялганини кўз олдимга келтириб қувончим ичимга сиғмасди. Эхххх, бу кунларга етгунча павлония ҳақида қанча мақола, ҳикоя ёздим ўзимга аён. Ўқишни якунлашимизга файзли бир тўй қилдик, «Журналистлар оиласи» дунёга келди. Павлониячилар оиласи, десам ҳам бўлади. Хайратланаяпсизми, ўша мен совға қилган дарахт кўчатларидан бўш еримизга ўтқазиб, улкан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганмиз. Ҳозир павлониядан ёғоч ишлаб чиқарувчи кичик цехим ҳам бор. Ёш тадбиркор сифатида ютуқларга эришиб, даромад манбаимни ошириб келаяпман. Бундан ташқари, бирин-кетин икки эгизак павлониячаларимиз дунёга келиб, оиламиз қувончига-қувонч қўшишди. Шунинг учун «Павлония — менинг ҳаётим мазмуни» десам адашмайман. Ҳар павлония гуллаганда, бизнинг муҳаббатимиз ҳам кўзларимизни қувнатаверади. Борингга шукур, павлония.
2022-11-04
http://nodirabegim.uz/archives/4673
Ярим тун. Ёзмаганимга ҳам бир ҳафтадан ошибди. Стол — стулим, ноутбугимни тартибга келтирган бўламан, китобларимни тартиблайман, ёзишга тутинаман. Қани энди кела қолса! Бошимни чангаллайман, уйқуси аллақачон ўчиб кетган кўзларимни ишқалайман. Бу илҳом деган арзанда ўзимдан ҳам инжиқроқ ва гап уқмас чиқиб қолди; хоҳласа келади, хоҳламаса йўқ. Баъзида, бир кўриниш бериб — бермай жуфтакни ростлаб қолади. Начора, усиз бир сатр ҳам ёзолмайман, ахир. Шу туришимда ноутбук қаршисида бир соатча асабийлашаман, ёзаман, кетидан ўчираман. Охир оқибат қўлимга неча кундан буён мени кутиб, китоблар қаторида термулиб турган, ҳали оҳори тўкилмаган, чироқ ёруғида муқовасининг ҳали у, ҳали бу юзаси ярақлаб қўяётган китобни қўлимга оламан. Совға қилишганига бир ҳафтадан ошибдики, ўқишга ҳеч ҳафсала қилмайман. Балки, ёшлик чоғларим, 13 — 14 ёшимда бу китобни ўқиб чиққаним сабабли ўқишга шошилмаётгандирман. Биласизми, ўша вақтларда ушбу романни қандай тушунганимни ҳам эслолмайман. Ёдимда қолгани йиллаб тўхтамасдан ёғишда давом этган ёмғир, зах тортиб пўпанак бойлаб кетган кўк, яшил, сиёҳранг бўлиб, заҳил ҳид таратаётган, чириб, нураётган уйларнинг деворлари, дарахтларнинг ёмғир таъсирида шишиб, яънада қорамтирроқ кўринаётган тўқ жигарранг ғадир — будир таналари ҳуддики ҳозиргина кўриб тургандек кўз олдимда номоён бўлиб турибди. Майда микроскопик, сарғиш — яшилсимон, ёпишқоқ сув ўтлари ер юзасини юмшоқ, сирпанчиқ, эски увадаси чиқиб кетган гиламдек қоплаб олган. Кимсасиз паст — баланд томли қишлоқ кўчаларидан кўнгилни ағдарувчи ботқоқсимон, нам рутубат анқийди. Эпидермамдаги ташқи таъсиротларни сезувчи рецепторлар таъсирланиб жунжикаман, юрагим увишиб, қалтирайман. Бутун дунё кимсасиз қолган — у, ер сайёрасидаги якка — ёлғиз, танҳо инсонман гўё. Кўксимдан тортиб, онгимга қадар ҳувиллайди. Бу ҳиссиёт ўша ўсмирлик чоғимда, китобни берилиб ўқиётганимда мени чўлғаб олганди. Ҳис этсамда тушунмаган эдим. 25 йил ўтибди ҳамки, асардаги қаҳрамонлар исми, қолган воқеалар ривожи ёдимдан ўчиб кетган бўлсада, юқоридаги тасвирлар, ҳиссиётлар шу ҳолича турибди.(Китобни очиб қарамасдан таърифини келтирдим. Ёдимда борича) Энтикаман, саратоннинг иссиққина кечаларидан бири бўлишига қарамасдан танам музлаганини ҳис этаман ва деразани ёпишга чоғланаман. Пардани суриб, ортимга қайтар маҳалимда дераза ойнаси майингина чертилади. Чўчиб тушаман. Стулга жойлашар эканман, ўзимдан куламан, болаликдаги фобияларимдан ҳеч қутилолмадим — да. Деразани чертаётган узун тирноқли алвасти шу заҳоти, оппоқ, нозик бармоқли илҳом парисига айланади. Ҳаёлларимни қуваман. Деразадан кимнингдир шарпаси кўринади. Қандайдир ғайриихтиёрий куч ойнани очишга ундайди. Очганим заҳоти хонага сарғиш — кулранг туман оқиб киради. Хона марказига етгач, йиғилиб одам қиёфасига киради. Аммо, тарқоқ, гоҳ йиғилиб, гоҳ ёйилиб турган қиёфанинг юз — кўзи, эркак ёки аёл, ёш ёки қари эканлигини англолмайман. — Хайрли, кеч!- ҳозирги замонавий овоз созловчи ускуналарда созланган, чўзиқ, эркак ёки аёлга тегишли эканлигини ҳам англаб ололмайдиган, тушунарсиз, акс садоли товушда дейди у. — Салом!-дедим овозим қалтираб,- Сен.., сен кимсан? — Мени жуда яхши биласан! Одам зоти борки, барчаси билади. Вақти — вақти билан мени чорлаб туришади. Шу заҳоти ёнларида пайдо бўламан… — Бўлди тушундим, демак, сен ҳаёлсан! -Мен ҳаёлдан ҳам тезроқ қанот қоқаман!-дейди у ижодхонамга хира зарғалдоқ рангини туман каби ёяр экан, — Хоҳлаган замон ва маконга қадам ранжида этишим мумкин. Аммо, кимни ёнига, қачон боришим менинг ихтиёримдан ташқарида, қачонки улар, яъни менга муҳтож инсонлар чорлашар экан, сонияларга қолмасдан, миллисонияларда қошида ҳозир бўламан. — Мен сени чақирмадим шекилли, нега бу ердасан?- дейман ижодхонамни тамоман қоплаб олган қуюқ, сарғиш туманни кафтларим билан ҳайдар эканман, — Назаримда, манзилда адашдинг! — Мен ҳеч қачон янглишмайман!- дейди у ишонч билан жиддий оҳангда. -Чорладинг, келдим. Мен ўйланиб қоламан. У эса ортидан самолёт каби из қолдириб, ижодхонам бўйлаб изғийди. -Кел, яхшиси, амалий тарзда танишиб оламиз.- дейди у қўққисдан чўзиқ, ингичка овозда кулар экан, -Бақрайиб туришинга қараганда, юз йилда ҳам кимлигимни англолмасанг керак! Одамларга ҳайронсанда, деярли, доимо ёнидасан, аммо, юзинга қараб довдираб туришади. Тайёрлан, китобинг ҳам қолиб кетмасин, асқотади. Учдик! Китобимни қўлимга олишга зўрға улгуриб қоламан. Деразадан учиб чиқдикми ёки кинолардаги дарбадар арвоҳлар каби тўғридан тўғри деворни ёриб ўтдикми англолмай қоламан. Юқорига кўтарилаётганимизни ҳис этиб, юрагим алланечук бўлиб кетаверади. Пастда қолаётган гугурт қутисидек уйлар, тунги чироқлар ёруғида ғира — шира кўринаётган дарахтлар, иланг — биланг ипдек чалкашган йўллар, онда — сонда учраб қолаётган, ҳаракатланувчи нуқталардек кўринаётган машиналарга назарим тушган заҳоти юрагимни кучли қўрқув эгаллайди. Кўнглим беҳузур бўлиб бошим гир — гир айлана бошлайди.(акрофобиям оқибати) Бошим тепасидан аввалига чуқур ҳурсиниш эшитилиб, кейин озроқ асабий овоз эшитилади. — Хотирам қурсин, касалингни унутибман! У шундай дейдида, енгил ҳаракат қилиб атрофимни сариқ тумани билан ўрайди. Енгил тортаман. Энди хўрозларнинг элас — элас эшитилаётган қичқириқлари, итларнинг акиллашлари, хуллас, шаҳар четидаги асл табиат овози ортда қолиб, машиналар, завод ва фабрикалар, тун ярмида ҳам ухламаган бедорларнинг турли — туман овозлари эшитила бошлайди. Сариқ туман сийраклашиб қаергадир қўнаётганимизни ҳис этаман. — Уларни кўряпсанми?- дейди у майин ва ширали аёл овозида. Мен у айтган томонга эмас унинг юзига тикиламан. У сочлари денгиз тўлқинларидек мавжланаётган, шахло кўзли, сочидан тортиб, юзларигача лимондек сарғайиб кетган, гўзал аёл қиёфасида эди. — Менга эмас, у ёққа… Ахир, бу ўша шаҳар марказидаги улкан кўприкку, ана ярим тун бўлишига қарамасдан устидан машиналар ғизиллайди, остида эса тумонат одам, ҳаёт қайнайди. Кўприк остини шу қадар қуюқ, қорамтир, бадбўй сарғиш — яшил туман қоплаганки, одамлар шарпалар каби у ёқдан, бу ёққа ғимирлайди. У улкан қанотини силкитади. Кўприк остидаги туман шу заҳоти йўқолади. Туман бағридаги одамларнинг кўпчилиги аёллар эканлигини кўраман. Ярим яланғоч, қайсидир елкаси очиқ, калта кўйлакда, яна қайси ниҳоятда тор бўлган тиззаси йиртиқ шимда, қайси эса.., аммо барчасининг афт -ангори бир хилда; аёвсиз бўёқ чапланган башаралари тош каби қотган, сохта киприкларни зўрға кўтариб турган кўзлари ҳиссиз, бўм — бўш, дўрдоқ, шиширилган лаблари совуқ ва жирканч тарзда тиржаяди. Бутун вужудидан ачимсиқ балчиқ ҳиди билан бирга, пўпанак босган, тўқ зарғалдоқ тутун буруқсийди. Семиз, ёғ босган эркак билан тортишиб турган патак сочли, кир қиёфали(бу ердаги аёлларнинг барчаси шу абгор аурада) пакана аёлни ёнимга имлайман. Унинг ўрнига узун кўйлакли, оппоқ, бўйнига қадар рўмол танғиб олган, дўмбоқ юзи бўёқ кўрмаган, нурли, сипогина, ёши анчагина ўтиб қолган аёл жилмайиб ёнимга келади. — Менда ишингиз бормиди, сингилжон! Уялманг, илк келишингиз шекилли? Менга бошдан оёқ тикилиб олади, — Яахшии, кўзларингиз ёшингизни айтиб турибди, аммо, ёш кўринаркансиз. Қойил! Келинг, гаплашиб оламиз!У нима демоқчи бўлаётганини дарҳол тушунаманда, жирканиб афтимни бужмайтираман ва шу заҳоти унга қўлимдаги китобни кўрсатаман. — Ўқиганмисиз?! — Албатта, мана шу ердаги барча аёллар, мижозларимиз билан биргаликда ўқиганмиз!- дейди у ҳаяжонланиб. Кейин қаҳ — қаҳ отиб кула бошлайди.- Ахир бу бизнинг асаримиз — ку, муаллифи ҳам биз каби жононларнинг мижозларидан бўлган деб эшитганим бор. Сенлар ўзларинг оппоқдек, жирканиб қарайсанлар. Мана, энг машҳур асар биз ҳақимизда! — Бекорларни айтибсан!- дейман мен ҳам асабийлашиб, — Билмасанг, билиб ол, асар сен ўйлаган нарса ҳақида эмас! Қоч, китобга қўлингни теккизма! -Йўқол кўзимдан! — дейди у ортимдан бир қанча ҳақоратли, куракда турмайдиган сўзларни қалаштирар экан, жазавага тушиб. Нур таратиб турган, жонли аеропланим томон шошилар эканман, мен ҳам қарздор бўлиб қолишни истамайман. -Оғзингни ёп, шаллақи! Қаттиқ ғазабланганимдан қалтираб кетаман. Учиб кетар эканмиз ортга қарайман, сарғиш, қорамтир туман кўприкни тамоман қоплаб олиб, отилиш тараддудидаги вулқон кули сингари қайнаб биланглайди, сўнгра ҳар томонга отила бошлайди. Кейинги саёҳатларимиз жуда тезлашиб кетади. Ним қоронғу хоналарида ғужанак бўлишиб, хурсинишиб ухлашаётган ўсмир йигит — қизлар, мактаб ёшидаги болалар, норасида гўдаклар қизғиш — заъфарон туман ичида зўрға кўзга ташланадилар. Уларнинг бечораҳол ётишларидан юрагим ачишади. Чиқиб кета туриб, ярим тун бўлишига қарамасдан бино ҳовлисида йиғлаб ўтирган ўсмир қизга кўзимиз тушади. «Нега йиғлаяпсан!»-деган савол ортиқча эканлигини ҳис этганим ҳолда, тўғридан — тўғри беришим лозим бўлган саволга ўтаман. — Балки, ўқигандирсан?!- дейман китобни тутиб. У маъюс бош силкийди,- Ҳа, нега ўқимай? Ахир бу китоб биз ҳақимиздаку, асар муаллифи ҳам биз каби бўлган. Гарчи, Ота — Онасиз бўлмасада ўн бир фарзанддан бири бўлган. Меҳрибон бувиси, полковник бобосининг меҳр — эътиборига қарамасдан,маълум вақтга бўлсада Ота — Она меҳрига жуда муҳтож бўлган. Мен эса Ота — Онам кимлигини ҳам билмайман… Қизнинг калта қирқилган тимқора сочини силаб, кўз ёшларини артаманда, кейинги манзилга шошиламан. Навбатдаги манзил қариялар уйи бўлиб, тун ярмидан оққанига қарамасдан қариб бир тутам бўлиб қолган онахонлар, анчагина кексайиб қолган, аммо, бардам — бақувват, тетиккина отахонлар тун қушлари — уккилар сингари у ёқдан, бу ёққа судралишади. Ана дам олиш хонасидаги юмшоқ диванда 4 — 5 чоғли қария кинофильм томошаси билан банд. Барчасининг кўзларида ёш йилтиллайди. Томоша баҳона юракларини бўшатиб олишади. Ёруғ, кенг хоналардан бирида икки кампир бири олиб, бири қўйиб фарзандларини мақташади. Атрофидаги сап — сариқ тутуннинг қуюқлигидан кислород етишмовчилиги туфайли бўғила бошлайман. Энди ёнимдаги қанотли шеригим ҳассасига таянган, кемшик тишли қарияга айланиб, хоналар, узун даҳлизлар бўйлаб, мункайиб уча бошлайди. Даҳлиз адоғидаги сўнгги хонадан кулги овози эшитилади. Эшикни чертиб, секингина кириб бораман. — Болажоним, келдингми? Сени бирам соғиндимки, ҳар куни тушимга кирасан. Яхшиям келдинг, болагинамдан ўргилайина ўзим!- момо тўзғиган сочларини тузата бошлайди. Ёстиғи устидаги китобни қўлимга оламан. — Холажон, бу китобни ўқияпсизми? -Албатта, болажоним, юз йилдан буён ўқийман. Ёдингдан чиқдими, сенга ҳам ўқиб берганман. Бу китоб мен ва сен, иккимиз ҳақимизда. Аввалига мен сенга раво кўрдим, кейин сен жавоб қайтардинг. Кампир қаҳ — қаҳ отиб кула бошлайди. «Қайтар дунё экан!»- Кулишдан тўхтаб ортимдаги туманли кампиршога ўдағайлайди. -Яна шу ердамисан? Бор кет, мени тинч қўй, барчамизни ўз ҳолимизга қўй, тошюрак! Хонадан қочиб чиқиб, жўнаб кетар чоғимизда ортимиздан маъюс кўзлар, ялинчоқ, титраган овозлар кузатиб қолади. — Илтимос, қизим, ўғлимга айтинг мени олиб кетсин. — Ўтинаман, боламга етказинг, бир мартагина келсин, жуда соғиндим. — Жон болам, мана бу хатни боламга етказинг… Касалхоналар, хонадонлар, кўчалар барча — барчасига ҳаёл тезлигида учиб — қўнаверамиз. Китобимни кўрсатишдан, савол беришдан чарчамайман. Кимдир елка қисади, қайсидир юзи қизариб, «шарманда» деб хитоб қилади, яна қай бири китобни у ёқ, бу ёғини кўрадида, анқовсираб анграяди. Фиғоним фалакка ўрлайди. Оч сариқ, зарғалдоқ, заъфарон, қизғиш туман буруқсиб, тутаб, бостириб кела бошлайди. Биз юқорига ўқдек отилиб учиб кета бошлаймиз. Қайсидир нуқтада тўхтаймизу, кўз ўнгимдаги туман тарқайди. Атрофга, оёқларим остига тикиламан. Сўнгсиз коинотдаман, олисларда қолган ер курраси сарғиш туман ичида кўриниб — кўринмай ҳорғин айланади. Ҳамроҳим кўз ўнгимда, йиғилиб — ёйилиб гоҳ аёл ёки эркакка, гоҳ ҳасса таянган қарияга, гоҳи ўсмир ва болакайга айлана бошлайди. — Ички дардларинг, туғёнларингни ташинга чиқармасдан кўтариб юришинг, ҳаттоки мени ҳам ҳайратлантириб юборади. Яхшиямки, ўй — ҳаёлларингни ўқий оламан. Қани кетдик! Оппоқ, кенг ва ёруғ хонада пайдо бўламиз. Девордаги уфққа туташиб кетган сарғиш лолазорлар тасвири туширилган календарьга кўзим тушади. 2014 — йил 1 — апрель. Миямда нимадир ярақлайди. Ички овозим бесаранжом типирчилайди:» Икки ҳафтагина қолибди!» Шошилиб хона марказида жойлаштирилган махсус, тиббий ускуналар билан жиҳозланган ётоққа қарайман. Оқиш — кулранг, жингалак сочлари пешоналари қадар ёйилган, қуюқ, қалин қошлари, текис калталанган ярашиқли мўйлови нурли чеҳрасига янада файз бағишлаб турган қарияга кўзим тушади(86 ёшли чолга сира ҳам ўхшамайди) У сарғиш касалхона кийимида, бутун вужудидан тилларанг ёғду таратиб ухлайди. Туртиб чиққан ёноқлари, ўрадек тортилиб кетган қоқ чаккаларига қараб, эзилиб кетаман.(Жудаям озиб кетибди.) -Нега?!- дейман ҳамроҳимга қараб,- Мен бу кунни кўришни зинҳор истамагандим. Мен унинг 1967 — йилдан бошлаган, ижодхонасида 18 ой давомида бош кўтармасдан ёзган нодир асари » Ёлғизликнинг юз йили»ни дунёга келишини, умр йўлдоши меҳр билан олиб келган қаҳвани қандай ҳўплашини, уларнинг бир — бирига меҳр -муҳаббат билан боқишларини кўришни истагандим. Асарини машаққатлар билан тугатгач, тирик афсонага айланган адибнинг чексиз қувончини, бахтдан порлаётган кўзларини кўрмоқчи эдим. Нега мени сўнгги манзилга олиб келдинг!? — Чунки, сен кўришни хоҳлаган, унинг ҳаёти ва ижодига сўнгсиз машҳурликни олиб келган ушбу вақтларда ёнида мен йўқ эдим. У ҳаётининг сўнги, ўлим билан рўбару бўлган, қарилик деменсияси — хотира сусайишидан аъзият чекиб, хотираларини йўқотган, (ўзини унутса ҳам муҳаббати, рафиқаси Мерседесни унутмаган) ўпка саратони туфайли дахшатли оғриқларга бардош берган кунлардан бошқа ҳеч бир кунида ёлғизликни ҳис этмади, мени ёнига чорламади. Мен эса ўзим иштирок этмаган лаҳзаларни сенга тортиқ этолмайман. Умидимни узиб, ҳамон ухлаётган Маркеснинг юзига тикиламан, секингина пичирлайман. -Алвидо, азизим Габриел! Жойимдан қўзғалаётган онимда у мажолсизгина кўзини очади. Тимқора кўзлари кулади, қуруқшаган лаблари ёйилади. Салобати босиб, кучли ҳаяжон сабабли, унга бир умр айтишни истаган дил сўзларим, беришим лозим бўлган охири йўқ саволларимни унутаман. — Ҳамшира, ягона муҳаббатим, қалбим нурини чақириб берсангиз!- дейди у менга маъюс термулиб. -Наҳотки, Мерседес хонимни эслаяпсизми?- дейман таажубланиб. — Албатта, юракда бир умр яшаб келган муҳаббатни унутиш мумкинми ахир?! Ҳеч бир касаллик ёки вазият монеълик қилолмайди бунга… Кейин ортимда янада қуюқлашиб, бесаранжом типирчилаётган заъфарон туманли ҳамроҳимга имо қилади. -Аслида, ёлғизлик барчамизнинг руҳиятимиз, юрагимизда бир умр биз билан бирга яшайди. Вақти — вақти билан бош кўтариб турадиган ёлғизлик хуружини ўткинчи ҳою — ҳавас, ҳайвоний ҳирс билан эмас, руҳий яқинлик, соф меҳру — муҳаббат билангина мағлуб этиш мумкин. Дастхат қўйдириш ниятида қўлимдаги китобнинг муқовасини очганим заҳоти, атрофимни туман қоплайди. Унга айтмоқни истаган қалб сўзларим тилимда қолади… Кимдир елкамдан туртади. Китобим саҳифаларидан уйқусираб бош кўтарар эканман, мунчоқ кўзлари, узун сунбул сочлари — ю, бутун вужудидан тиниқ зарғалдоқ ранг, майин ифорли туман тарқатиб, майус боқиб турган жажжи қизалоғимга кўзим тушади. -Ёлғизим! — пешонасидан ўпиб қучаман. Бағримга олиб, ётоқхонамга йўл оламан. Ижодхонамни бутунлай қоплаб олган туман сийраклаша бориб, аста — секин деразадан ташқарига сирғалаётгани ва субҳидам шабадасида ёйилиб — йиғилиб, қай манзилларгадир шошилаётган шарпасини ҳис этаман.
2022-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/4789
Мен Томас Вульф асарлари билан тахминан асримиз бошларида унинг «Бир роман тарихи» эссесини ўқиш асносида тасодифан танишган ва шу-шу ёзувчи дунёсини англашга, уни билишга қизиққан, асарларини топиб ўқий бошлаган, унинг услуби ва ёзиш техникасига мафтун бўлган ва 2016 йилда «I left poetry»(«Мен шеъриятдан кетганман») шеърий тўпламим АҚШда Шимолий Королинада босилганида, Томас Вульф туғилган штатда китоби чиққанидан ғурурга тўлган бир ижодкор эдим. Томас Вульф нимаси билан мени ўзига тортганди? Мен унинг таржимаи ҳолига чизгилар бериш ва шу аснода ёзувчи дунёсига, унинг китоблари оҳанграбосига қандай боғланиб қолганлигим ҳақида сўзлаб беришни истардим. Алқисса Томас Вульф 1900 йилнинг 3-октябрида Қўшма Штатларнинг Шимолий Каролина штатидаги тоғлар бўйидаги шаҳар Ашвиллда тош ўймакори Уильям Оливер Вульф ва кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Жулия Элизабет Уэстолл оиласи саккизинчи кенжа фарзанд сифатида дунёга келди. Ёш Томаснинг ёзувчи бўлиб шаклланишида ва кейинчалик унинг бутун асарларидан бир қизил чизиқ бўлиб ўтган ёлғизлик мавзуси тараннум этишида болалигида оиладаги қайсидир маънода «маънавий таназзул» деб аташ мумкин бўлган воқеалар силсиласи муайян маънода таъсир этган албатта. Гап шундаки, ота-оналар Оливер ва Элизабет характер нуқтаи назаридан манфий ва мусбат қутбларга эга бўлиб, ҳар доим ҳам бир-бирлари билан чиқишолмасдилар. Ўзаро гап талашиш ва даҳанаки жанжаллар болалар ҳаётига, уларни маънавий мажруҳ бўлишига хизмат қилади шубҳасиз. Кейинчалик Томаснинг унутилмас сафдошларидан, «йўқотилган авлод»нинг тенгсиз ёзувчиларидан бири Эрнест Хеменгуэй айтганидек, «ёзувчи бўлиш учун инсон бахтсиз болаликни бошдан кечириши лозим» ақидаси шу маънода ҳеч йўғи Томасга ҳам бегона эмас эди. Томас туғилган уй Ашвилл шаҳрида Вудвин-Стрит, 92. — бу отаси ўз меҳнати ортидан бунёд этган уй эди. Томас Вульф кейинчалик ўзининг биринчи автобиографик романи «Уйингга назар сол, фаришта»да отаси ва онасининг илк йилларини, инчунун уйни ва унинг боғини шундай тасвирлаганди: «Оливер май ойида Элизага уйланди. Филаделфиядаги балл ойидан сўнг, Вудсон кўчасидаги рафиқаси учун қурган уйга қайтишди. У барваста қўллари билан намли ерга пойдевор қазиб, чуқур ер тўлага эга ҳамда иссиқ жигарранг гипс қатламлар билан ёпилган баланд деворлари бор уйни бунёд этганди. Гарчанд унинг пуллари кам эди, аммо бу ғалати уй ўзининг бой тасаввурига мувофиқ қилиб яратилганди… Алоҳа кейин у ҳовлининг тўрт юз фут масофага чўзилган узун салқин ўтлоқларини яратиш пайида атрофга дарахтлар ва токлар экди. Ажабки, унинг кўнглини бой тасаввурлари олтин ҳаётни яратгану ҳамма нарса шу билан тўлганди — алалхусус, йиллар давомида олма дарахтлари, олхўри, гилос, шафтолилар униб-ўсиб қуйига бош эгди. Қаердаки унинг азимат қўллари тегса, буларнинг барчаси у учун мева берди.» Томас илк фундаментал романида отаси қурган уйни ана шундай эслайди. Ёш Томас учун отаси нафақат тош уймакори, уни адабиётга илк бора ироник тафаккурини уйғота олган ғаройиб бир кимса ҳам эди. Уильям Оливер Шекспир драмалардаги монологларни овоз чиқариб ўзгача пафосда ўқишни яхши кўрар, бу болаларга, инчунун Томасга ҳам ўзгача ажиб ҳиссиётларни уйғотарди. У кейинчалик бу ҳақда эслайди. «Уйингга назар сол, фаришта» романида Томас отаси Оливерни, онаси Элизани, акаси Бен Гай(у жуда эрта вафот этган, бу Томасга қаттиқ таъсир қилганди)ни тасвирларкан, ҳаётларида бевосита яшаб ўтилган умр манзараларига автобиографик фонда ёндошади. Романда болаларга бефарқ қарайдиган ота-оналарнинг мажҳул қисмати ва доимий жанжали кенжа ўғил Евгений(бу аслида Томас)га қаттиқ таъсир қилиши, гўзалликка интилиш, ёлғонни рад этиш каби ҳислар Вульфга хос юксак наср билан ифодаланади. Томас болалигининг яна бир ўзига хослиги унинг кейинчалик ижодида бўй кўрсатган ёлғизлик билан боғлиқ эди. Гап шундаки, унинг кўчмас мулк билан шуғулланадиган ишбилармон онаси Ашвилдан «Old Kentucky Home» номи билан машҳур «Спрус-стрит»даги 48-уйни сотиб олди ва ўғли Томас билан ўша ерга кўчиб ўтди. Оиланинг қолган аъзолари отаси Оливер қурган эски уйда қолишди. Бу уй ҳозирда Томас Вульфнинг уй-музейи саналади. Агар қачондир Шимолий Королинага Ашвилга йўлингиз тушса, албатта шу уй зиёратига боринг, у ерда улуғ ёзувчи яшаган, унинг болалиги ўтган муҳитни кўрасиз, ёзувчи ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз. Кичик Вульф бу ерда умргузаронлик қиларкан, акаси ва опаларидан айро яшашидан изтиробга тушарди. Тўғри улар кўришиб турарди, қачон истасалар ўша вақтда, аммо барибир ўзга уйларда алоҳида яшаш болалар психикасига таъсир кўргузади. Томас Вульф ёлғизлигини ибтидоси ана шундай бошланганди. Ёзувчи бу ҳақида кейинчалик «Ёлғизлик анатомияси» эссесида бу ёлғизлик унинг ҳаётига қанчалар фожеали таъсир кўрсатганини эслайди. Мазкур эссесида Вульф шундай ёзади: «Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Мутассил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади.» Дарвоқе, Вульфда ёлғизлик ҳиссини зўрайишида ўн беш ёшида йигирма олти ёшли акаси, у романида тасвирлаган Беннинг кутилмаганда вафоти Томасни даҳшатга солди. У ўзининг ҳақиқий ёлғизлигини ана шу воқеадан бошлаб катта оғриқ билан ҳис қила бошлайди. Бинобарин у шу йили Чапел-Хиллдаги Шимолий Королина университетига қабул қилинади. Университетда отасининг Шекспир драмаларига бўлган ўзгача ташаддуҳи туфайли Томас драма курсига ёзилади. Айни пайтда университетдаги талабалар газетасида муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди. 1920 йилда йигирма ёшли йигитчанинг қўлида аллақачон санъат бакалаври дипломи бор эди. Эндиликда Томас яна бир қадам олдинга қадам қўйиб, шу йилнинг сентябрида Гарварднинг санъат фанлари олий мактабига киришга муваффақ бўлади. Шимолий Королина университетда олинган билимлар, айниқса драма курсидаги драматургиянинг нозик тарафларини ўрганиш, Томасда отаси таъсирида драматург бўлишга ғайрат берарди. 1921 йилда Гарварддаги университет саҳнасида бўлажак бошловчи драматургнинг «Тоғлар» драмаси намойиш қилинди. Айтмоқчи, унинг илк драмаси «Бук Гавиннинг қайтиши» ҳали Шимолий Королина университетида ўқиб юрган пайтларидаёқ ҳаваскор ўқув театри томонидан саҳналаштирилган, ўша ерда ёзган эсселари эса университет газетаси мукофотига сазовор бўлганди. У «Тоғлар» драмасини саҳнага олиб чиқар экан, бу унинг навбатдаги қадамлари эканлигини яшириб ўтирмасди. Қолаверса Вульф Гарвардга ўқишга киргач, муттасил кичик пьесалар ёза бошлаганди. Бу пьесалар бирин-кетин университет профессори Жорж Пирс Бейкер томонидан саҳналаштирила бошлади. Бу ҳол Томас Вульфга драматург бўлишга катта иштиёқ уйғотди. 1922 йил Гарвардда магистратурани муваффаққиятли тугаллаган Томас ўзини драматург сифатида катта саҳналарни забт этишга қарор қилади. У 1923 йилда шу мақсадда гигант шаҳар Нью-Йоркка келди. У бу ерда — Бродвейда ўз пеъсаларини режиссёрларга сотишга ҳаракат қилди. Айни пайтда кун кечириш учун 1924 йилдан узлуксиз етти йил Нью-Йорк университетида профессор лавозимида инглиз филологиясидан дарс ўта бошлади. Аммо драматургияда Томаснинг катта қадамлари муваффаққият қозонмади. Унинг ўзи умидвор бўлган «Бизнинг шаҳримизга хуш келибсиз!» пьесаси режиссёрлар гилдияси томонидан рад этилганида бу пьесани ёмон ёзгани туфайли эмас, кўпроқ унинг услуби бадиий адабиётга, инчунун насрга мос келишини ўзи ҳам тушуниб етди. Шундан сўнг у Европа сафарига жўнаб кетаркан, наср ҳақида юрагида жазб урган улкан ғалаён туйғулари ҳақида ўйлай бошлади. Сафар унга илҳом беришига Вульф ишонарди. Ўша пайтлар у кўплаб улуғ ёзувчилар қаторида, ўзининг суюкли ёзувчиси Жеймс Жойс асарларини оҳанграбосига шайдо эди. Ҳа, фақат угина ўша пайтлар Вульфга насрга нисбатан адоқсиз ироник туйғуларни юрагида қўзғата олганди. Менинг назаримда Томас Вульфнинг биринчи романи «Уйингга назар сол, фаришта» да нафақат Томаснинг бой ҳаётий автобиографиясининг манбаси сифатида бадиий тадқиқ этилишини, шу билан бирга Жеймс Жойснинг «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» асарининг таъсир изларини кўриш мумкин. Албатта буни менинг ожиз тасаввурим деб қабул қиласиз муҳтарам ўқувчим! 1925 йилда Томас Вульф сафардан илк роман қўлёзмаси билан қайтиб келганида тасодифан Нью-Йорк театр гильдиясида эски танишларини йўқлаш учун борганида дизайнер Алина Бергенштейн билан учрашиб қолди. Алина театрда дизайнр эмас айни пайтда биржа савдосида ишлаётгани, икки боласи борлиги ва бунинг устига турмушдан ажраганини Томасга айтиб берди. Бўлажак ёзувчи Алинага Европа таъассуротлари, хусусан, Германия сафари ҳақида қизиқарли ҳиссиётларини бўлишаркан, бу ҳиссиётлар кейинчалик шахсий туйғулар билан қўшилиб кетганини уларнинг ҳар икаласи ҳам тушунмай қолди. Айниқса, Томас буни тушунмади. Ахир дизайнер хоним ундан нақ ўн тўққиз ёш катта эди. Алина Бернштейн уни нафақат илк романини якунлаш учун қаттиқ рағбатлантирди, қолаверса, бу тугалликка эришишда унинг илҳом париси бўла олди, инчунун, Вульф ҳаётининг кейинчалик шон-шуҳрат ва айни пайтда тубсизликка улоқтирган ношир Макс Перкинс билан таништирди. Тўғрироғи унинг қўлёзмаларини Максга етказди. Бу вақтда Максвилл Перкинс аллақачон машҳур ноширга айланган, у Фитжеральд ва Хеменгуэй билан ишлаганди. Ҳатто шундай гаплар тарқагандики, машҳур ёзувчи бўлиш учун Макснинг мижозига айланиш кифоя. Бундай делимматик қараш бир қарашда ёзувчилар истеъдодига соя соларди. Яъни ёзувчи истеъдодли бўлгани учун эмас, ноширнинг ақлли бўлгани ва йўл-йўриқлари туфайлигина асарини ўқувчиларга у талаб қилганидек шаклга келтиргани туфайли муваффаққият қозонмоқда. Максвил Перкинснинг Фитжералд ва Хеменгуэй билан қандай ишлагани менга қоронғу аммо ишонтириб айтишим мумкинки, унинг Вульф билан ишлаши жуда фожеали бўлган. Баъзи адабиёт тарихи тадқиқотчилари Макс Перкинснинг Томас Вульфнинг ёзувчи сифатида оммага тақдим қилинишида ҳаддан ташқари муҳим роль ўйнаганини муболағали тарзда кўрсатадилар. Буни ҳатто Вульфнинг ўзи ҳам инкор этмаган. У ўлимидан олдин Перкинсга ёзган хатида шундай эслаганди: «Мен ҳар доим сиз ҳақингизда ўйлайман. Ўша уч йил олдин тўртинчи июлда, қайиқда кўлда сузганимизни, сўнг дарё бўйидаги кафега борганимиз, у ерда ичганимиз ва ниҳоят сизнинг осмонўпар офисингизга кўтарилганимиз, кейин мени қувлаб келган шон-шуҳрат, ҳаётнинг қудрати ва пастда қолган ғалати шаҳар, ҳамма-ҳаммасини худди кечагидек ҳис қиламан». Хўш Перкинснинг Вульфга қилган яхшилик иши нимадан иборат бўлган?.. Томас Вульфнинг биринчи автобиографик романи Макс Перкинсга тақдим қилинганида мингдан ошиқ саҳифадан иборат бўлган. Бу ҳақда ҳатта роман чоп этилган «Скрипнер» нашриётида шундай латифа ҳам тарқалганди. Айтишларича, Томас Вульфнинг роман қўлёзмаларини бир неча қопларда ишчилар кўтариб киришган, буни аллақандай Томас Вульф деган жаноб ёзган роман қўлёзмаси эканликларини билганларида ҳамма кулган. Бу гаплар албатта ҳақиқатдан йироқ. Балки бу нашриётнинг янги ёзувчини муваффаққиятли пиари учун ўйлаб топган ирониясидир, яна ким билсин. Ҳар ҳолда даврдан анча узоқ туриб, гипотетик мулоҳаза юритишимиз очерк талабларига зид албатта. Хуллас, чалғимасдан масалага қайтсак, Макс Перкинс ўша минг бетдан зиёд роман қўлёзмасини қисқартириб, баъзи ўринларни ёзувчига қайта ишлатиб, кесиб ташланганидан кейин ҳам ёзувчи янада кўп қўшимчалар қўшиб, Перкинснинг ҳам, ўзининг ҳам муаммоларини кўпайтиргани ҳақида ўзининг » Бир роман тарихи» эссесида бу тугамайдиган ва уни йўқ қиладиган лаънати роман ҳақида хотираларини фожеий бир ҳаёт каби эслаб ўтган. Перкинс ҳам Вульфгача ва ундан кейин ҳам қатор ёзувчилар билан ишлаган бўлса-да, Томас билан ишлагани каби қийналмаган. Шу ўринда у ишлаган баъзи ёзувчилар ҳақида қисқа айтиб ўтсак, деган андишамиз бор. Иттифоқо, 1919 йил Макс Перкинс ёш Скотт Фицжеральдни топганди. Унинг ҳеч бир нашриёт нашр этишни хоҳламаган «Романтик эгоист» китобини ўз муҳаррирлигида босиб чиқарганди. Перкинснинг одати ёзувчи асарини қайта кўриб чиқар, ноўрин деб топган жойларини қайчилар, агар бирор нарса қўшиш керак бўлса, мулоҳазалари билдирар, ўзи ҳам шу тариқа ишлар, ёзувчини ҳам қайта ишлатарди. Фицжеральд Перкинс билан яхши ишлаганди. Шунинг учун у 1926 йилда Перкинсга Эрнест Хеменгуэйни таништирди. Перкинс бу ўзига хос ёзувчининг «Қуёш барибир чиқаверади» романи устида бирга ишлади ва Хеменгуэйни юлдуз ёзувчига айлантирди. Умуман олганда, Перкинс, Жон Голсуорси, Генри Жеймс, Эдис Вартонлар билан ҳам ишлаган ва бу ёзувчиларни китобхонларга қизғин таништирган. Бироқ унинг Томас Вульф билан иши нафақат унинг узундан-узоқ чексиз қўлёзмаларини кесиш билан, балки ёзувчининг характери билан курашишига тўғри келди. Бу муҳаррирнинг айтганини шунчаки кўр-кўрона бажарувчи ижодкор эмас, аксинча, унга кескин қаршилик қилувчи, кесилган бир варақ ўрнига ўн варақни қайта ёзиб, ўзининг вариантини ўтказишга уринадиган қайсар ва чўрткесар ёзувчи эди. Шунга қарамай бу тўқнашувда Перкинс муваффаққият қозонди. Мингдан ошиқ саҳифага эга бўлган улкан романни юзлаб саҳифалардан мосуво қилиб, тўполон ва жанжал билан қисқартириб, уни «Чарлз Скриппер» нашриётида «Уйингга назар сол, фаришта» романининг босиб чиқаришга муваффақ бўлди. Перкинс билан бошланган бу қарама-қаршилик ниҳоялангач, ёзувчининг қариндошлари билан, туғилган шаҳаридаги таниш-нотаниш одамлар билан муросасизлиги роман босилиб чиққанидан кейин бўй кўрсатди. Бу гарчи бир томонлама, яъни ёзувчига бўлган ғазаб ва нафрат билан ифодаланган қаршилик эдики, бу Томас Вульфга албатта зимдан таъсир кўргузарди. Китобда номлари тилга олинган қариндошлар, одамлар унга хат ёзишар, агар шаҳарга келса, уни дўппослашлари ва аниқ ўлдиришлари ҳақида пўписа қилишарди. Бундай шароитда албатда Вульф шаҳарга қайтолмасди. Ёзувчини фақат катта опасигина тўғри тушунди ва унинг маҳоратини юқори баҳолади. У укасига ёзган мактубида бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмасликни сўрайди. Ҳақиқий одамларни романда борича кўрсатиш, уларни номларини, характер ва қилиқларини Вульфга хос ўткир ташхислаш, воқеалар ва уларнинг оқибатларини ғайришуъурий идрок билан бадиий тадқиқ этишни ҳамма ҳам, айниқса, бутун кажрафтор феълию мудаббир характери билан кўрсатилишини тўғри қабул қилолмасди. Аммо Вульф буларни ёзган, нашр этган, энг қизиғи китоб жуда катта тиражда муваффаққиятли сотилиб китобхонлар орасида машҳур бўлиб кетганди. Томас Вульфнинг биринчи романи айниқса Германия ва Буюк Британияда энг кўп сотилган романга айланди. Романнинг муваффаққияти Вульф ва Перкинсга Конгресс Кутубхонасининг Гуггенхайм стипендиясини олиб келди. Ёзувчининг ўзи бу моддий таъминот туфайли кўп вақтини Европада, хусусан, Германияда ўтказа бошлади. Томасга Германия жуда ёқа бошлаганди, у ўзини бу ерда жуда қулай ҳис қила бошлаганди, кўплаб дўстларини шу мамлакатдан топганди. Бироқ Германияда етилиб келаётган нацизм, инчунун, яҳудийларга нисбатан камситишларнинг гувоҳи бўлган Вульф бу мамлакатда ошиқ қололмаслигини тушунди. У ўз норозиликларини билдира бошлади. Ёзувчининг Германия ҳақидаги тасаввурлари ўзгара бошлади. У АҚШга қайтганида «Сизга айтар гапим бор» ҳикоясини ёзди ва бунда олмон нацизмига нисбатан қатъий муносабатини ифодалади. Шундан сўнг, Германияда унинг китоблари таъқиқланганди. Бу вақтда Томас Вульф орадан ўтган тўрт йилда кўп жилдли «Октябрь ярмаркаси» деб номланадиган эпопеясининг биринчи романи «Вақт ва дарё» бўйида романини тугаллаганди. Вульфнинг фикрича бу эпопея Американинг бир юз эллик йиллик тарихини ўз ичига олган улкан полотно бўлиб, у мамлакатдаги ҳар бир ирқ ва ижтимоий табақа вакилларини ўз ичига олиши керак эди. «Вақт ва дарё бўйида» романининг прототиплари ёзувчи наздида Алина Бернштейн ва адабий агент Максим Либерлар эди. Роман ҳажми жуда катта эди. Гап бир минг бир юз саҳифали уч юзи ўттиз уч мингта сўздан иборат улкан полотна ҳақида бормоқда. Перкинс ўз талабига кўра, романни бир китоб шаклига солишни мўлжаллади ва одатдагидек қайчиланган ҳолда ўз нашриётида чоп этди. Янги роман атрофида юзага келган баҳс-мунозаралар Вульфни Перкинс билан шартномасини бекор қилишга ва янги ғояларни излаш учун Европа бўйлаб саёҳат қилишга сабаб бўлди. Янги адабий агенти Эдвард Асуэл уни «Скрибнер» дан кетишга ва Перкинс билан алоқаларни узишга кўндирди. Алина Бернштейннинг хатларига қараганда, Вульф Перкинснинг «Вақт ва дарё бўйида»ни қайчилашларини жуда оғриқли қабул қилди аммо ёзувчи Алина билан бахтли эди. Алинанинг хатларида бирида шундай ёзади: «Менинг ҳаётимни бутун ҳаракати биз бирга бўлган пайтлардаги буюк қувватга бўйсунади.» Бўлса бордир, аммо Алинанинг Вульф романлари ҳақидаги барча мулоҳазалари контексига қўшилиб бўлмайди. У ёзувчининг онг оқимидаги чизиқли бўлмаган ҳикоя қилиш тажрибаларини англаб етмагани турган гап. Мен унинг Томас ҳақида ёзганларини ўқирканман, худди бетакрор ёзувчи Кондраднинг рафиқасини у ҳақида ёзган хотираларидан хафсалам пир бўлгани каби ғалати ҳолга тушдим. Ёзувчи ҳақидаги тасаввурларимиз, унинг асарларидан олган ироник ҳисларимиз тумандай тарқаб кўз ўнгингизда бошқа одми адиб гавдалангандай таъассурот уйғонади. Кондрад рафиқаси сингари Алина ҳам, менинг назаримда Томас Вульфнинг онг оқимига тегишли чизиқли бўлмаган ҳикоя қилиш тажрибаларини тушунмаган кўринади. Албатта, Вульфнинг ёзиш услуби баъзан жуда чўзилиб кетгандай туюлади, аммо унинг «наср машинаси»ни бошқача тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто Вульфнинг қисқа ҳикояларини нашрга тайёрлаган адабий агент Элизабет Ноуэлл ҳам унинг қисқа деб аталган ҳикоялари ҳам ҳеч бир журналга сиғмаслигидан нолиганди. Чунки улар қисқа эмас эди. Шундан келиб чиқиб, ҳатто Ноуэлл ҳам унинг ҳикояларини қисқартиришга мажбур бўлганди. Вульфнинг услубини тасаввур қилиш учун унинг асарларини биридан бир парча улашаман: «Учмоқдалар! Баҳайбат қора отлар учмоқдалар! Туюқларининг шовур шовқини билан улар яқинлашадилар, чопарлар, о, заминдаги уйқунинг қора отлари чопарлар. О, ҳамон оҳиста, оҳиста, уйқунинг улкан отлари замин узра чопмоқдалар. Ғаройиб кўршапалаклар устимиздан учиб ўтмоқда. Уйқу оқимидаги мамлакатларни тўфон гирдобига олди, уйқу ва вақт оқимларида мисли кўрилмаган балиқлар юзиб юрибди. Негаки уйқу куннинг ҳорғин чегараларида хиралашган, тунда, қоронғуликда, шаҳарнинг мудроқ сукунатида ўн миллионлаб одамларнинг хислатлари сингари ғалати ва сирли. Тушда биз яланғоч ва ёлғиз ётамиз, биз зулмат ва туннинг қалбида бирлашамиз, биз тушда нечукким ғалати ва гўзалмиз, чунки биз зулматда ўламиз ва ўлимни билмасмиз — ўлим йўқ, ҳаёт йўқ, қувонч йўқ, қайғу йўқ, ер юзида шон-шараф йўқ, фақат Орзу мавжуд. Марҳабо, эй мулойим Орзу, мамлакатни сизнинг тўлқинингиз билан тўлдирайлик. Эй азалий Орзунинг ўғли, Ўлимнинг укаси, менинг жон дўстим Ёлғизлик, сен тинчлик ва зулмат узра унутилишни олиб келасан, шифобахш ва қутқарувчисан, буюк сеҳргарсан, бизни тингла: биз оқшом далалари орқали абадий текистликлар ва дарёлар орқали келамиз ва мавжуд замин ва дунёнинг захил тортган меҳварига ҳаётимизнинг ғазабини, оғриғи ва ақлдан озган шўришларини тўкиб ташлаймиз.» Вульфнинг насри шундай чексиз давом этаверади, этаверади, албатта бундай кенг оқимли насрдан ноширлар ва муҳаррирларнинг асаби кўтаролмаслиги табиий, аммо шахсан менга шундай кенг қамровли наср ёқади. Бу шубҳасиз Вульф насри, унинг романлар ва эпопеяларга мўлжалланган тугаб битмас улуғ насрики, мен шу насрнинг, онг оқими каби оқиб ётган шу улуғ насрнинг шайдоси эдим. 1936 йилдан Германияда Вульф асарлари таъқиқлангач, у Америкага қайтиб келди. 1937 йилда «Чикомога» номли қиссасини нашр этди. Шу йили ёзувчи илк бор биринчи романи чоп этилганидан буён илк бор туғилган гўшаси Ашвилга қайтиб келди. Дарвоқе, ёзувчининг биринчи романи Ашвилликларни қандай хафа қилган бўлса, иккинчи романи «Дарё ва вақт» ҳам шундай хафа қилди. Биринчи романда одамлар ўзларини романда тасвирлагани учун ёзувчидан ғазабланган бўлсалар, эндиги романда ёзувчи улар ҳақида мутлақо тил теккизмаганидан жаҳллари чиққанди. Демак бундан келиб чиқадики, одамлар ўзларини рўйи-рост ёзган ёзувчиларини кечиришган ва ундан яна ўзларини ёзишларини кутишганди. Аммо ёзувчи энди бошқа йўллардан кетган, туғилган гўшаси Ашвилни бутун умр кўролмай қочиб юришга тоқати қолмаганди. Айтиш керакки, тақдир ёзувчини ўз уйида шунча узоқ айролиқдан кейин кўриштирган бўлса-да, бу сўнги кўришув эди. 1938 йилда Вульф муҳаррири Эдвард Асуэлга миллиондан ортиқ сўздан иборат янги романи қўлёзмасини жўнатгач, Қўшма Штатларнинг ғарбий штатларига саёҳат қилишга қарор қилади. Бу вақтда у Алина Бернштейн билан алоқаларни узган, тўғрироғи сақланиб қолган бу алоқалар фақатгина дўстлик алоқалари эди. Бу Германиядан қайтганидан сўнг рўй берганди. Алалхусус, ёзувчи ғарбий штатларда саёҳати давомида йўлда Пердью университетида тўхтаб ўтди ва у ерда «Ёзиш ва яшаш» мавзусида маъруза қилди. Кўплаб миллий боғлар ва қўриқхона ҳудудларида бўлди. У бу ерларга илгари ҳеч қачон ташриф буюрмаганди. Сиэтл шаҳрига етиб келганида, унда пневмания бўй кўрсатди. Шу муносабат билан уч ҳафта касалхонага ётишга мажбур бўлди. Бу вақтда унга қарашга синглиси Мейбел етиб келди. Касаллик кутилмаганда зўрайиб кетди. Врачлар Томасга мия туберкулёзи ташхисини қўйишди. Ёзувчи Балтимордаги Жон Хопкинс касалхонасига кўчирилди. Нейрохирург операция қилиш лозимлигини ёзувчига билдиради. Чунки касаллик миянинг бутун ўнг қисмини қамраб олганди. Операциядан кейин ёзувчи комага тушиб қолди ва ўттиз саккиз ёшга киришга ўн саккиз кун қолганида ҳушига келмасдан вафот этди.Томас Вульфни Шимолий Коралинадаги Ашвелл шаҳрига олиб келиб, Риверсайд қабристонига ота-онаси ва акаси ёнига дафн қилишди. Вульфнинг ўлими ҳақида ўша пайтда «Нью-Йорк таймс» газетаси шундай ёзганди: «Бу замонавий Америка адабиётидаги энг ишончли ёш овозлардан бири бўлган улкан ёзувчи эди, бу Америка адабиётининг энг жарангдор овози эди, уни бирданига жим бўлиши мумкинлигига ишониш қийин. Унда интизомсиз ва тушуниб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган даҳо яшарди, Томасга тақдир даҳолик тамғасини урганди… Унда сарфланмаган куч, сўнмас куч, ҳаётга сўнмас ташналик ва ўзини намоён қилиш қобилияти бор эдики, бу уни юксакка кўтариб, барбод қила оларди». Газеталар шу каби некрологиялар билан тўлиб-тошган, Вульфдан ёзганларини ярмидан камроғи эълон қилинган ва ҳаёти давомида нашр этилган, қолган асарлари эса қўлёзмалар ғаладонида қолиб кетган ўша машъум йилда, Америка адабиёти ўзининг энг буюк ёзувчисидан айрилди. Нашриётлар қўлида Вульфнинг яна иккита нашр қилинмаган романи бор эди ва бу романлар ҳам энг камида етти юз саҳифага эга бўлиб ёзувчига хос улкан наср ни акс эттирарди. Бу романлар ҳақида, умуман унинг насри ҳақида жуда кўп ёзиш, гапириш мумкин, аммо Вульфнинг қисқа ҳаёти, бир чақмоқ мисоли адабиёт дунёсини ёритиб, сўнг бутунлайга ғойиб бўлиши бизни, бутун китобхонларни дунё адабиётининг буюк бир ёзувчисидан айириб, адабиётнинг забт этиш мумкин бўлган энг юксак чўққилариларини янада кўра олиш имкониятидан маҳрум қилди. Ҳа, афсус, тақдир баъзан ёзувчи билан шундай ҳазил қилади, ёзувчи энди йўқ, аммо унинг асарларининг оҳанграбоси бизни ҳамон унга тортиб туради…
2022-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/4802
Бобомнинг ўлимидан сўнг ўзимни бегемотдай ҳис қиляпман. У қоқ суяк – тупроқнинг остида. Мен эса диваннинг устида ялпайиб ётибман. Кўринишим ҳам, хатти-ҳаракатим ҳам одамни эслатмайди. Ойнага ҳам қарамай қўйдим. Хоҳиш ҳам, хурсанд қилгулик манзара ҳам йўқ. Ўзимга бегона жониворни кўргандек бўламан. Ёқимсиз. Фойдасиз. Қўланса сувга беланганнамо кавшанаётган хўппа семиз маҳлуқ диванга чиқиб олгандай. Лекин у ва мен бегемотнинг ўртасида зиғирдаккина фарқ бор. У осмонга қараб кавшанаётганида мен каби соатлаб алланималарни ўйлаб эзилмаса кераг-ов. Ўшандай бемаъни ўйлардан бири кеча ярим тундан бери уйқу бермай миямда айланаверяпти: нега айнан бегемот? Нега ўзимни чивин ёки илондек эмас, умримда кўрмаганим, кўришни ҳам ҳеч орзуламаганим бегемотдай ҳис қиляпман. Яхшиямки, бегемотга бегемотлигини англаш ва ўлик вақтни тирилтириш учун китоб билан сийлаган ўша марҳум бобом. У олдиндан билган чиқар ўлимидан сўнг невараси бир кунда бегемотга айланиб қолишини. Уммон қадар, осмон қадар меҳрни энди кимдан олади? Меҳр кўриб ўрганган кўнгил ахир яна ўша меҳрга талпинади-ку. Бир уй китоб меҳрнинг яшовчан прототипими? Шифтга бобомдай термилиб ётавериб, аҳён-аҳёнда аввалгидек қичқириқларидан ҳушимни йиғмасам, одамликдан чиққаним аниқ бўлиб бораётганди. Рўпарамдаги қоп-қора ноутбукка қараб, туйқус Аллоҳнинг: “Осмондаги ва Ердаги нарсаларни кузатинглар” деган даъвати мудроқ миямни уйғотиб юборди. Ноутбук ёнидаги зиғирдеккина чипга кўзим тушди-ю, вужудимдан аламли йиғи отилиб чиқиб, бўғзимни куйдириб туриб қолди. Қўлимда бобом билан боғлиқ олам-олам хотиралар сақланган чипни қалтираганча тутиб турибман. Чипга бир хира чивин келиб қўнавериб, ғашимга тегяпти. Уни бир-икки қўлим билан, кейин дивандаги ёстиқнинг тагида букланиб ётган газета билан ҳайдайман. У эмас, хаёлларим, бобом билан боғлиқ хотиралар учади, кўз олдимдан йўқолади. Чивин қайта-қайта келаверади. Чип ва чивин. Нега ишоратларга эътибор бермай қўйдим? Энг ҳақир махлуқ – чивиндаги мўъжизаларни мен махлуққа эслатмаяптими Худо? Бир ёки икки миллиграммли 3-5 миллиметр келадиган чивиннинг бошида юзта кўзи, кўкрагида учта юраги борлиги, ўлжасини шакли ёки рангидан эмас, ҳароратидан аниқлайдиган, қон таҳлил қилувчи ноёб жонли аппарат экани ёзилган ёзувлар унинг оппоқ қоғозга қолдирган қора доғларидек жимирлаб кўз олдимдан ўтяпти. Анестезиолог, моҳир хирург. Докторларимиз сендан ўрганиши керак, дейман аммамнинг қизини бачадонини юлиб олиб, туғмас қилиб қўйган чалахирургларга раҳмат айта. Олтига бўлинадиган ҳуртумининг тўрттаси терини тўртбурчак шаклда кесиб, операцияга тайёрлайди, иккитаси эса нишини санчиб қонни сўриб олади. Чаққан жойи ачишиб, гўё ўлдириб қўйгудек шапатлаганимизда, чивин жонивор аллақачон бошқа пациентининг қўлида бўлади. Мана шу кичкинагина махлуққа шунча мўъжизани жойлаган Аллоҳ нега хаёлингга бегемотни келтиряпти, тафаккур қилмайсанми? Битта чипни яратган олимга тасанно ўқиётганингда, чивинни яратган Аллоҳга нега ҳамд айтмай қўйдинг?! Бегемот ва мен. Нега бегемотни яратди? Нега бу тимсолни менга рўпара қиляпти? Нимани англашим керак? Ўша куни тунни тонгга, кунни намозшомга улаб, бегемотдан маъни қидира бошладим. Топганларим эса мени қўрқитар, тунга бу қўрқув билан қандай кириб боришимни ўйлардим. Кимнингдир пинжига тиқилиб олиб, беркингим келарди. Бегемотдай гавдам билан қаёққа беркинаман? Кимдан беркинаман? Қаёққа қочаман? Қўрқаётганим ҳам, уялаётганим ҳам моҳиятан бир нарса. Менинг шу кўйга тушишим учун бобомнинг ўлиши шартмиди, дейман яна ўзимдан, тақдирдан ўпкалаб. Бобом ўлган куни мен қайта туғилдим. Бегемот бўлиб. Аслида, у вужудимда аввалдан бўлган. Кўргим келмаган. Тўқнаш келишдан чўчиганман. Энг яқин инсонимнинг ўлимигина барча қўрқувларимни менга рўпара қилди. Назаримда, энг катта қўрқувни бошдан кечириб бўлганим учунми, қолганлари потирлаб изинма-кетин сафланиб чиқишяпти. Бобомни йўқотишдан нега қўрқардим ўзи? Энг катта сабаб бобомнинг сиймосидаги Меҳрдан маҳрум бўлиш қўрқуви эди. Иккинчиси, бегемотдай жасад ва куч билан умримни ялпайиб, бекор ўтказаётганим ва унинг ортидан келадиган ҳисоб-китоб кунидан қўрқув. Фойдасизлик, кераксизлик ва ёлғизлик қўрқуви. Ўзидан қониқмаслик, ҳатто нафратдан ўзингни жисман йўқ қилиб қўйиш қўрқуви. Қўрқувлардан, одамликдан қочиш мени бегемотга айлантирди. Шу билан тамомми? Қутулдимми баридан? Йўқ! Изтиробнинг юки бегемотнинг вазнидек оғир, жигар-бағримни эзиб юбормоқда эди. Ҳамма қўрқувни бир ёнга қўяман-да, бегемотни эслайман. Оғзини очганда оғзи очиқ тўртбурчак чемоданни эслатувчи калласи бегемот танасининг тўртдан бири дегани, нақ 1 тонна-я! Бақувват калта оёқлари 4 тонна жасадни кўтарар-кўтармай лорсиллаб ёрилиб кетай дейди. Қорни ерни сийпалаб юради. Бармоқлари сузишга асқотувчи кўринар-кўринмас парда билан қопланган. Бурни, кўзи ва қулоғини тўртбурчак доскага кетма-кетликда чизиб қўйгандек, тана, ҳатто бошнинг учдан бири сув остида қолиб, шу тўртбурчак доска юзага чиқса кифоя: уч аъзо милтиқдай ишлайверади. Африка кенгликларига сиғмаса қаерга ҳам сиғарди шундай баҳайбат махлуқ. Африка иссиқ бағрига олмаса, ким ҳам унга ҳайиқиб кел дерди, дейман-у, яна менинг хаёлимга қаёқдан келиб қолганига таажжубланаман. Сахий қуёш жаззиллатиб танасини куйдирганда, ундан потирлаб қон оқяптими, деб юборасиз. Яраланган отдек кишнаб ётганга ўхшайди. Аслида, тана фақат шу махлуққагина тегишли қизғиш шилимшиқ без чиқараётган, уни ташқи бало-офатлардан ҳимоя қилаётган бўлади. 2004 йили япон олимлари қон тусли тери безлари ултрабинафша нурларидан ҳимоялайди, деган гипотезани инкор этиб, ўзларининг “дезинфекция қуроли улар” деган тахминини илгари суришди. Унга кўра, қизғиш секреция безлари бегемот терисида доимий равишда мавжуд бўлган кўп сонли тирналган жойларни даволаш, қолаверса, сув ҳавзалари яқинида ватан қурган қон сўрувчи ҳашаротларни нари қилишда қўл келувчи ҳимоя воситаси экан. Менинг ҳам қаерларимдандир мана шундай қон тусли безлар ажралиб чиқаётганини сезяпман. Фақат у кўринмайди. Ичкарида. Бу махлуқни Худойи таоло нега яратди экан? Унинг табиатдаги вазифаси қандай? Қўлимдаги бегемотнинг бошига ўхшаш тўртбурчак қора матоҳдан маълумот қидириб, дунёнинг у ёғидан кириб-бу ёғидан чиқдим. Кўнглим ҳовурини туширадиган жавоб бўлса қани энди. Топганим ҳам, “Бегемотлар Африка дарёларининг табиий мувозанатида ҳал қилувчи ўрин тутади. Худди бир кунда 50 килограмм ўт-ўланни қайта ишлаб, ўғит чиқарадиган аппаратга ўхшайди. Бу нафақат дарёдаги балиқлар, ўсимликлар, балки қушлар, қуруқликдаги ҳайвонлар, жумладан, маймунлар учун ҳам озиқ. Улар Африка сув ҳавзалари биотизимида, ҳайвонлар ўртасидаги муносабатларда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бегемотлар сув ҳавзаларини тарк этгач, у ерда деярли ҳаёт тугайди” мазмунидаги гаплар. Аммо унинг чеварлигига қойил қолиб пиқиллаб куламан – шунча мавжудотнинг ризқини биргина бегемотнинг ўғитига қаратиб қўйган-а! Кимнинг ризқи кимнинг қўлида эканини билсак эди. Бобомнинг нафақасига кўз тикиб турган бир уй одамнинг ризқи энди қаердан келаркин, қизиқ! “Бегемот ҳам бўладими? Нима дегани ўзи у?” Бобомдан қолган катта кутубхонага киргунимча ҳам ўзимни икки оёқли одамдек ҳис қилмадим. Миямга келган фикрдан аъзойи баданим қалтириб, шошибгина бошдан-оёқ назар солдим ўзимга. Ўша гавда, ўша лола гулли сариқ кўйлак, пайпаслаб сочларимни ҳам ушлаб кўрдим, ярми тепага йиғилган, ярми ёйилиб елкамга тегиб турибди. “Рўмолнинг тагида сезмадиммикан сочимни, елкамга тегиб турса ҳам сезмабман”. Ҳайрият-ей ўзим эканман! Нега бўлмаса, бесўнақ, оғир, дам айиқ, дам бегемотдек ҳис қилаяпман? Китобларни титкилаётган қўлларимга ҳам бир қур қараб оламан. Одамники. Энциклопедия, зоологияга оид китобларни қучоғимга тўлдириб, яна диванга қайтдим. Бир-икки маълумот чиқади. Европа тилларига лотин тилидаги “гиппо” сўзидан келиб ўрнашган бу сўзни юнонлар “дарё оти” деб талқин қилганлар. Араб, иброний, серб-хорват, шунингдек немис тилларида бегемот “Нил оти” деб ҳам аталган. Бегемот қаёқда-ю, от қаёқда деган ҳайронлик менгача ҳам бўлган экан. Африка ҳақидаги кўплаб саргузашт асарлар муаллифи, инглиз ёзувчиси Томас Майн Рид ҳайрат билан таъкидлаган: “Нега гиппопотамусга “дарё оти” номи берилганини тушуниш қийин. Дунёда отдан бунчалик фарқ қиладиган бошқа тўрт оёқли мавжудот йўқ”. Унинг сув остида даҳшатли овоз чиқариши кўпчиликка отнинг кишнашини эслатгани боисидан шундай ном билан аташган, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Тасаввур қилинг-а, шундай баҳайбат жуссадан қандай ўкирик чиқиши мумкин. Мен ҳам оғзимни очиб, “ААА” деб кўраман. Овозимни яхшироқ эшитиш учун уч-тўрт марта қайтараман. Қўшни хонадаги хотинларнинг икки-учтаси югуриб чиқади: “Яхшимисан?” “Ҳа” дегандек бошимни ликиллатаман. “Овозим одамникига ўхшаяптими ё бегемотникигами?” Баттар таажжубда қолишади. Бир-икки дақиқа анграйиб, ҳеч сўз демай чиқиб кетишади. “Жойида шекилли”, дейман хурсанд бўлганимдан ўтирган жойимда сакраб. Баҳайбат гавдасию ваҳимали ўкиригидан ўзининг ҳаддини билган ҳайвонлар унга камдан-кам рақиб бўларкан. Бегемотнинг ақлига қойил қолган зоологлар хотираларида ёзишича, ўтлаб юрган бегемотга тўсатдан ҳамла қилган шер кўлга чўкиб, тимсоҳ эса тупроққа беланиб ҳалок бўлган. Иккисини ҳам ўзига тескари ҳаётга судраб, масхаралаб, хор қилиб ўлдирганмиш. Тўғри, бегемотнинг 800 килолик миясига келган бу айёрона режа баъзан одамнинг хаёлига келмайди. Тағин одамлар “катта бўлса нима бўпти? Бизнинг миямиз борлиғимизнинг қирқдан бири, бегемотники эса 2789дан бирига ҳам базўр тўғри келади”, дейди. Гап вазндамас, ақлда! Рус тили ва унинг таъсирида собиқ мустамлака давлатлари тилларига ҳам бу махлуқ бегемот шаклида кириб келган. У ибронийча “бегема” – “ҳайвон” сўзининг кўплик шаклига ишора қилади. 2006–2008 йилларда қайта нашрдан чиққан А.Мадвалиев таҳрири остидаги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам шундай маълумот берилган: “Бегемот (қадимий яҳудийча behemoth – сув оти) Тропик Африка кўл ва дарёларида, шунингдек, уларнинг атрофларида яшайдиган, териси қалин, йирик сутэмизувчи ўтхўр ҳайвон; сув айғири”. Бу махлуқ мен қатори кўплаб сайёҳлар, ёзувчиларга ҳам қизиқ мавзу бўлган кўринади. Ҳамиша сирли ва баъзан қўрқинчли туюладиган ёзувчи Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарида ҳам Бегемот бор. Ёзувчи дунё халқлари мифологияси, дин, одам ва иблис мавзуларини сув қилиб ичиб юборгани ҳавасимни келтирса, баъзан чўчитади. Унинг қаламининг сеҳри билан Бегемот исмли мушук Воланднинг мулозими сифатида эсда қоларли персонажга айланган. Бегемот персонажининг яратилиши учун манба И. Порфиревнинг “Эски Аҳд шахслари ва ҳодисаларининг апокрифик эртаклари” (М., 1872) китоби бўлиб, унда “танланганлар ва солиҳлар яшайдиган боғнинг шарқи” – кўринмас чўлда яшовчи йиртқич денгиз ҳайвони бегемот ҳақида сўз юритилган. Бундан ташқари, М.Булгаков М.Орловнинг “Инсон ва иблис ўртасидаги муносабатлар тарихи” (М., 1904) китобидан фойдаланган, ундан парчалар ёзувчи архивида сақланиб қолган. Булгаковнинг иккинчи хотини Л. Белозерская уларнинг уй мушуги Флюшка Бегемотнинг прототипига айланганлиги ҳақида гувоҳлик берган. Булгаков образ ортига қандай характер ва вазифа юклаган? Бегемот демонологик анъаналарга кўра очкўзлик жини ҳисобланган. Ёзувчи театрдами, дўкон ёки исталган жойда халқининг жин ургандек пулга, ялтир-юлтур, ҳашаматга ўзини уришига киноя ўлароқ, шунингдек, мушукдаги макрга ишора қилиб, иккисини бир образда омухта қилган. Эътибор берсак, Бегемот қарама-қарши сифатларни ўзида жамлаган. Маргарита хонимни манзират қилувчи меҳмоннавознинг фириби ва тажовузидан баъзан ёқа ушлайсиз. У нимаики ишга қўл урмасин: бир қарасангиз, паттачига йўл ҳақини тўлаб, Иван Бездомнийни ақлдан оздиради, бир қарасангиз, Стёпа Лиходеевникида меҳмон бўлиб, қиттак-қиттак отади, кейин Варенухани уради, ундан кейин Бенгалскийнинг бошини тишлаб узиб олади… охири бехайр якун топади. Бегемотни “орқа оёқларида юрадиган, мўйловлари узун диккайган, чўчқага ўхшаш улкан қора мушук” ёки “йиртиқ қалпоқни пешонасига қўндирган, пакана, хўппа семиз, мушук қиёфали одам” кўринишида тасаввур қилсак бўлади. У одам қиёфасида томоша биносида ғала-ғовур қўзғатади, Торгсин ва Грибоедовлар уйида ёнғин чиқаради, томоша комиссияси раисини гумдон қилиб, ўриндиғида фақатгина тикланган костюмини қолдиради, отишма уюштиради… Бироқ, эпизодларнинг аксариятида у мушук табиатида ҳаракат қилади, одамларни бутунлай инсоний одоб-ахлоқ билан ҳайратда қолдиради. Роман охирида Бегемот ўқувчи кўз ўнгида ҳақиқий қиёфаси – иблиснусха ёш йигит кўринишида намоён бўлиб, хўжайини билан абадий саргардонликка маҳкум этилади. Гўё жинлар каби қуёш чиқмасдан бурун “солиҳлар ва танланганлар” – Уста ва Маргаританинг мангу бошпанаси бўлмиш чўл ҳудудидаги боғ яқинида, тоғли тубсизликка сингиб ғойиб бўлади. Ёзувчининг салбий бўёғига қорилган бегемотнинг шакл-шамойили Илоҳ томонидан одамзодга таништирилган илк ҳайвон тасвири ўлароқ қандай баён этилган эди? Кўр-кўрона тақводорликдан, кейин атрофимдаги одамларнинг динсизликда айблашларидан қочиб, яширинча насронийлар, буддавийлар, яҳудийлар, зардўштлар… хуллас, ҳаммасини мусулмонлар китобига чоғиштириб ўқиб чиққандим бир вақтлар. Ва у китобларни жавоннинг энг орқасига яшириб қўйганим ёдимга тушиб, яна кутубхонага отландим. Яширган жойимдан топдим. Уни бировларнинг кўзи тушмасин учун ўша ердаёқ кўз югуртириб, яна жойига қўйиб қўйдим. Инжилда, Эски Аҳдда бегемот ҳақида қуйидагича маълумот келтирилган: Худо Айюб алайҳиссаломнинг нолалари, (нолишлари)га ғазаб қилиб: “Бегемотга қарагин, худди сени яратганимдай уни ҳам Мен яратганман. У ҳўкизга ўхшаб ўт ейди. Унинг белида кучи кўп, қорин мушаклари кучга тўла. Думи садр дарахтидай кучли, сон мушаклари жуда ҳам бақувват. Унинг суяклари бронзадан ясалган новлардай, қўл-оёқлари темирдай мустаҳкам. Мен яратган жониворлар орасида у энг ажойибидир, Яратганнинг Ўзигина унга бас кела олади. Ёввойи ҳайвонлар ўйнаб юрган қирлар унга озиқ беради. У халқоблардаги қамишлар орасида, нилуфар гулларининг соясида ётади. Ирмоқ бўйидаги толлар уни ўраб олади. Дарё жўшиб оқса ҳам у қўрқмайди, Иордан дарёсининг тўлқинлари юзига урилса ҳам У бехавотир тураверади. Биров унинг кўзларини кўр қилиб, ушлай оладими?! Илмоқ билан бурнини тешиб тута оладими?!” (Инжил, Эски Аҳд, Айюб китоби, 40-боб). Насронийларнинг муқаддас китобида бегемот ва Левиан куч-қудрат ва ёвузлик тимсоли сифатида гавдаланган. Закий таржимон Иброҳим Ғафуров таржимасида Айюб қиссаси Қуръони каримдаги оятларга таяниб, “Айюб нидоси” тарзида, бегемот эса “сув сигири”, левиан бўлса “тимсоҳ” шаклида танланган. (“Айюб нидоси”. Янги аср авлоди, 2021). Сўнгги илоҳий китоб Қуръони каримнинг “Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: Албатта мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!” деганини эсла. Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар иблан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва “Обидларга эслатма бўлсин”, деб қилдик”. (Анбиё сураси, 83-84 оятлар) ҳамда “Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: “Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди”, деди. Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ сув. Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу, Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди. “Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма”. Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир”. (Сод сураси, 41-44 оятлар) оятларида Аллоҳ пайғамбарининг кайфиятини яширган. Очиқ баён этишни лозим топмаган. Инжилдагидан фарқли Қуръони каримда Айюб алайҳиссалом сабр эгаси, ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга қайтгувчи сифатида Роббининг Ўзи томонидан азиз қилинган. Мўмин киши бошига мусибат тушган биродарига қарата “Айюбнинг сабрини берсин” дея тилак билдириши бежиз эмас. Дунёда ҳеч бир инсон Айюб алайҳиссаломчалик қаттиқ имтиҳон қилинмаган ва ҳеч ким у зотчалик сабрли бўлмаган. Ўғлини йўқотган Иброҳим алайҳиссаломнинг йиғлайвериб кўзлари кўрмай қолган. Айюб алайҳиссалом эса 7 ўғил ва 3 қизидан бир кунда айрилганида ҳам, беҳисоб мол-давлати, саноқсиз дўст-биродарларидан жудо бўлганида ҳам, ҳеч кўрилмаган дард билан синалганида ҳам сабрда мустақим бўлган собир зотдир. Бобом. Мен. Бегемот. Айюб алайҳиссалом. Хаёлларимда чалкашиб кетаман. Бу чалкашлик тобора ортиб, саноқдагиларнинг сони кўпайиб бораверади. Худди Инжилдаги махлуқнинг бизга таниш бегемот билан чалкашлигига ўхшайди. Муқаддас китобдаги гиппопотамуснинг қандай мавжудот эканини олимлар қадим замонлардан бери тушунишга ҳаракат қиладилар. Натижада турли тахмин, гипотезалар урчиди: уни улкан буқа, фил ёки каркидон деб атайдиганлар ҳам чиқди. Гиппопотамус ҳатто Айюб алайҳиссаломнинг жасадини ейдиган чигирткалар ва қуртлар сифатида ҳам кўрилган. Москва диний академиясининг Инжилшунослик кафедраси ўқитувчиси, руҳоний Дмитрий Баритскийга кўра, биз уни “баҳайбат махлуқ” дебгина атай оламиз. “Айюб китоби” буюк рус олими Михаил Ломоносовни ҳам шу қадар мутаассир этганки, ҳайратлари қоғозга шеър бўлиб тўкилган. “Воззри в леса на бегемота, Что Мною сотворён с тобой; Колючий терн его охота Безвредно попирать ногой. Как верьви сплетены в нём жилы. Отведай ты своей с ним силы! В нём ребра как литая медь; Кто может рог его сотреть?” 1747–1751 йилларда ёзилган мисраларни ўқиб, хаёлотимнинг кичик туйнугига сиғадигани – фантастик кино кўргандек бўламан. Суяклари мисли темир ғўла, оёқлари мис қувурларидек келадиган баҳайбат махлуқ ўрмондан чиқиб, устимга бостириб келаяпти. Шу топдаги даҳшатдан ўзимнинг бегемотга айланганимни унутдим. Бегемотга айланса-да, “Лизюков кўчасидаги мушук”дек бўлдим-қолдим. 1826 йилда инглиз рассоми ва шоири Уилям Блейк томонидан “Айюб китоби” учун ишланган гравюралар ва суратлар тўплами орасидан бегемот тасвирига кўзим тушди-ю, рангим докадек оқариб кетди. Кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқдим: суратдаги бурни қисқа ҳартумга ўхшаган, оғзидан тишлари чиқиб турган, думи ерни сийпалаётган махлуқ бостириб келаверди. Жиққа терга ботиб тураман. Кўзимни очишим ҳамоноқ яна бегемотни кашф қилишга киришаман. Унинг сир-асрорини миридан-сиригача ўрганиш – қўрқувни енгишнинг йўли, деганча куч топаман ўзимда. Гиппопотам билан чалкашлик қачон ва қандай пайдо бўлган? Ва бу чалкашликми ўзи? Иккиси бир ҳайвон экани ҳақидаги ғоялар Европада XVIII асргача пайдо бўлган. Жуда ишонарли далиллардан бири этимологияга бориб тақалади, ибронийча “ҳайвон” сўзининг арабча “сув буқаси”га жуда ўхшашлиги, мисрликларнинг бу сўзни гиппопотамусга нисбатан ишлатишлари асос бўлган. Иккинчидан, бегемот қадимги даврларда чиндан ҳам Инжилда келтирилган мамлакатлар оралиғида яшаган. Уларнинг белгилари Яқин Шарқда, Саҳрои Кабирдаги петроглифлар орасидан, суяк қолдиқлари Месопотамиядан топилган. XVIII асрда бегемот сўзи илк бор “Россия академиясининг луғати”га киритилган ва илмий мақолада “гиппопотамус амфибус” деб аталган. Айюб китобидаги Бегемот ҳалигача сир бўлиб қолмоқда. У қай махлуқот бўлишидан қатъи назар, Муқаддас Битик тафсирчилари бу, биринчи навбатда, Худонинг инсонга бўлган қудрати ва раҳм-шафқатининг жонли тасвири эканлигига аминлар. IV аср буюк илоҳиётчиси Авлиё Йоҳанн Златоуст шундай ёзган: “Худо Ўз иродасига гувоҳлик бериш учун улкан йиртқич ҳайвонларни яратди. У ҳамма нарсани шундай баҳайбат, қудратли ярата олади, лекин яратмади, чунки У ҳамма нарсани сиз (одам)нинг манфаатингиз учун яратган. Бу ҳайвонлар бизни Худо ҳақидаги билимга етаклайди”. Динда қудрат ва ёвузлик тимсоли сифатида эсланган бегемот мифологияда қандай талқин қилинади? Мазкур образни йиртқич ҳайвон, жин талқинида Инжилда, яҳудий битиклари, кўплаб муаллифларнинг асарларида, рисолаларида, маданият ва псевдофолклорда учратиш мумкин. У асосан ўрмон, саҳро, ер остида ёки дўзахда яшовчи махлуқ сифатида тасвирланади. Ҳайвонлар ва қушлар шоҳи (шерларга ўриндош), дўзах жаллодларидан бири вазифасида кўпинча Левиафан, Туннану, Иблис ва Исо алайҳиссалом образлари билан ёнма-ён келади. Асосий белгилари – оловли нафас, турли шаклга кира олиш, йиртқичга хос белгилар, бошининг кўкракда жойлашгани. Ўрта аср демонологиясида Бегемот (гиппопотамус) – куч, очкўзлик, енгилмаслик рамзи. У шунингдек, денгиз кучини ифодаловчи Левиафан ва ҳаво кучини ифодаловчи Зизудан фарқли ўлароқ, шафқатсизлик, ҳалокат, унумдорлик, Ернинг кучини ифодалайди. Яҳудий урф-одатларига кўра, бегемот ҳайвонларнинг шоҳи ҳисобланади; охирзамонда, Бегемот ва Левиафан охирги жангда бир-бирларини ўлдиришлари керак, уларнинг гўшти Масиҳ байрамида солиҳлар учун емак сифатида тортилади, дея ишонишади. Ўрта аср демонологиясида гиппопотамус – очкўзлик иблисидир. У зилзилага олиб келиши мумкин. Катта ҳайвонлар шаклида пайдо бўлади. Француз ҳуқуқшуноси ва жинлар назарияси тадқиқотчиси Пьер де Ланкр (1553–1631) маълумотларига кўра, бегемот ҳар қандай йирик ҳайвон, шунингдек, мушук, фил, ит, тулки ва бўри қиёфасига кириши мумкин бўлган жиндир. Яна бир француз олими, “Сеҳргарлар демономанияси” (1580) асари муаллифи Жан Боден уни Миср фиръавнига қиёслайди. Йоҳанн Виер эса “Жинлар ҳақидаги фаразлар, уларнинг сеҳр ва зарарлари” (1563) асарида “Бегемот – одамларга ҳайвонликка мойиллик уйғотувчи жин, у одамларнинг бел ва киндикдаги шаҳвоний васвасасини қўзғаб ҳужум қилади. У васвасага солиш учун ҳатто аёл қиёфасига ҳам киради. Бегемот одамларни куфрга, ножоиз сўзларни ишлатишга ундайди. Шайтоннинг энг ишончли мулозими бўлиб, зиёфатларни бошқаради, дўзахнинг тунги қўриқчисидир”, деб ёзган. Ўрта аср фалсафасига кўра, бегемот дўзахнинг энг шафқатсиз жаллодларидан бири бўлган, гуноҳкорлар унинг карнайини узоқдан эшитганларида титраганлар. Гиппопотамус ваҳимага солувчи қўшиқлар куйлаши билан ҳам машҳур. XV асрдаги француз апокалипсисидан олинган миниатюрада Бегемот Левиафанга мингашаётгани тасвирланган; Ҳиндистонда у боши елкасида эмас, кўкрагидан чиққан, дея тасвирланган. Гиппопотамус уни ҳамиша Нил қирғоғида учратган мисрликлар маданиятида муҳим роль ўйнаган. Баҳайбат ва қудратли ҳайвондан қўрқув, эҳтимол, Қадимги Миср аҳолисининг диний эътиқодларида унинг бир нечта худолар тимсолига айланишига олиб келган. Аслан, бегемот ёвузлик ва ҳалокат кучларини ифодалаган, чунки у қадимги Мисрда экинларнинг асосий зараркунандаларидан бири бўлган. Гиппопотамусга сиғиниш бошқа ҳайвонларни (скарабей, ибис, лочин) илоҳийлаштирганларичалик чўққига чиқмаган бўлса-да, ҳатто энг ёвуз худо – Сет (Сетҳ. Қадимги Миср мифологиясида ғазаб, қум бўронлари, ҳалокат, хаос, уруш ва ўлим худоларидан бири) ҳам баъзан бегемот сифатида тасвирланган. Бегемотга сиғиниш шимоли-ғарбий Делта бўйлари, шунингдек, Пемже, Ал-Файюм шаҳарларида авж олган. Оксиринх (ҳозирги Пемже)да туғилиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларнинг ҳомийси Таурт маъбуди ибодатхонаси бўлиб, у одатда ҳомиладор бегемот кўринишида тасвирланган. Қадимги Мисрда бегемотга бағишланган кўплаб ҳайкалтарошлик намуналари сақланиб қолган. Археологлар томонидан Миср чегараларидан узоқда топилган бегемот тишларидан ясалган турли ҳунармандчилик буюмлари Миср, Кипр, Месопотамия ва Сурияда жуда машҳур бўлган. Қадимги Мисрда бегемотга икки хил ёндошув, қараш мавжуд эди. Бир томондан, у билан учрашув ўлимга олиб борувчи хавфли ҳайвон деб қаралган бўлса, бошқа томондан, у яшовчанлик, ҳаёт белгиси деб ҳисобланган. Бундай қарашга сабаб унинг мисрликлар учун ҳаёт манбаи бўлган Нил дарёсида яшагани эди. Бундан ташқари, вақти-вақти билан нафас олиш учун сув юзасига кўтарилган бегемот табиатнинг даврий қайта туғилиши рамзи сифатида кўрилган. Шу сабабдан Ўрта ва Ўтиш даври подшоликлари даврида қабрларга сопол бегемот ҳайкалчалар қўйиш урф бўлган. Бегемот марҳумга ёки унинг руҳига зарар етказмасин дея оёқсиз ясалган. Кўпгина Африка халқлари ва қабилалари учун бегемот тотемик ҳайвон бўлиб, уни овлаш диний кўрсатмалар билан тақиқланган ёки чекланган. Суданнинг бир қатор минтақаларида маҳаллий аҳоли бегемотлардан хурофий қўрқувга эга, уларни шайтоний мавжудотлар, қоронғи кучларнинг хабарчилари деб билишади. Маҳаллий аҳоли деҳқон даласига адашиб келган бегемотни нафақат ҳайқириқ ва шовқин билан, балки Қуръон оятларини баланд овозда ўқиш билан ҳам қўрқитишга ҳаракат қилади. Бир махлуқки ўзида шунча сир-асрор, мўъжиза, қудрат ва ишораларни жамлаган экан, одам бўлиб нега аслимни ўрганмайман? Бегемотга айланиш қўрқуви у ҳақдаги жами билимларни эгаллашга, Чуковский эртакларидан тортиб, мультфильмларни кўришгача, ўйинчоқлару сувенирлар орасидан уни излашгача бўлган ғайриоддий тобелик, мубталоликка ғарқ қилди. Бегемот ролига шу қадар кирдимки, жасаднинг одам ёки ҳайвонни кўтариб юрганининг маъниси йўқолди. Бобомнинг вафотига ўн кун тўлди. Ҳар куним-туним, фикри-зикрим бегемот билан ўтиб, одамни бир марта эсламадим. Ўн кун аввал бегемотни зоҳиримда кўргандим, бугун у ботинимни эгаллаб, кишнагиси келяпти. Беъмани ўй-хаёллардан қочиб, кўчага отландим. -Намозшомда кўчага чиқмай қўявер, эртага чиқарсан, – деди бувим. Кўчанинг бошига чиқиб, қайтиб келаман. -Тез келгин! Юряпман, яна юргим келаверади. Қаёққа, нимага кетяпман, билмайман. Тонг ёришиб қолди ҳамки, чарчоқни билмаяпман. Эмаклаб кетаётганга ўхшайман. Йўлдагилар ғира-шира шарпамни кўрибоқ бақириб, орқа-олдига қарамай қочиб кетишяпти. Лола гулли кўйлагим ҳам, рўмолим ҳам жойида. Нега бундай қарашяпти? Семириб, кўйлакларим тирсиллаб турганигамикин. Бирдан ҳаммаёқни машиналар сигнали, одамлар қий-чуви, мелисалар босиб кетди. Нима бўлаётганини билишга уринаман. Гўё ҳамма мени ўраб олгандек. Россияга кўкат элтадиган қўшнимизнинг поезддек келадиган фура машинасига ишора қилиб “Чиқ! Чиқ!” дейишяпти. Бирор хавф бор шекилли, деб пайсалга солмай чиқаман. Нега бошқалар чиқмади? Энди уларга нима бўлади? Хавфдан ҳолимикин? Машина эса учириб олиб кетяпти. Уч-тўрт соат ўтса ҳам машиналарнинг сигналлари тинмаяпти. Нега зоопаркка олиб келишди? Панжара билан ўралган, ҳовузчали, кенг майдон. Ҳамма тарафдан шарақ-шарақ фотографлар суратга оляпти. Тумонат одам. Панжарага “Африка бегемоти” ёзувли лавҳа илинган. -Қандай яхши! Бегемотни энди тиригини кўрар эканман. Уйдагилар ҳавотир оладиган бўлди-да…
2022-09-09
http://nodirabegim.uz/archives/4829
Эрнест Хемингуэй менга ҳеч қачон ёққан эмас. Уни таниганимдан бери ёзувчидан кўра журналистга, ёзганларини бадиий асардан кўра писта чақиб ўқиладиган ҳафталик газеталарда босиладиган даврий репортажларга ўхшатардим. Ҳикояси бўладими ёки романими, “ Чол ва денгиз” ни ҳисобга олмаса, ижодида бадиий тасвирнинг мутассил тақчиллиги, публицистикадан узила олмаслик касаллиги ҳар гал эътиборимни тортарди. Балки бунга уни кўп йиллар мобайнида турли хил газеталарда мухбир сифатида фаолият юритгани сабаб бўлгандир( Ҳатто Биринчи жаҳон уруши йиллари ҳам у фронтда мухбир сифатида иш олиб борган). Балки у ҳам Достоевский сингари бадиий тасвирни прозанинг бирламчи мезони сифатида кўрмаган ва шу мазмундаги хулосада бир умр собит қолгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам унга нисбатан талпинмаганим, симпатия билдирмаганим рост. Уни қачон ва қайси маҳал кўз олдимга келтирмай, кундалик қайдларида мудом адабиётни бокс рингига қиёслагани дарров хотирамда жонланади. У ўз кундалигига шундай ёзганди: “ Агар адабиётни бокс рингига қиёслайдиган бўлсак, унда мен Тургеневни биринчи раунддаёқ нокаутга учратдим. Стендаль билан роса жанг қилдим, аммо охир-оқибат дурангга имзо чекдим. Граф Толстой билан эса рингга чиқишни хаёлимга ҳам келтирмадим.” Камтарликдан бир неча юз чақирим узоқликда бўлган инсоннинг кўнгил иқрори бу, шундай эмасми? Назаримда Пушкиннинг “ Мен ўзимга ҳайкал ўрнатдим” деб бошланувчи сийқаси чиққан шеъри ёки Лев Толстойнинг даражаси ўзи билан бир хил бўлган Шекспирни чиқитга чиқариб юборган мақоласи ҳам нокамтарлик борасида юқоридаги кундаликдаги қайдлар билан беллаша олмайди. Бошқа томондан уларга дуч келганимда “Тургеневни енгган, Стендаль билан дурангга имзо чеккан адиб менимча мутлақо бошқа савияда бўлиши керак” деган мулоҳазага боришдан ўзимни тийиб туролмаган, Хемингуэйни бу икки улуғ адиб билан бир қаторга қўя олмагандим. Ҳар сафар унинг бу иқрори хусусида бош қотирарканман, туриб-туриб у билан суллоҳларча баҳслашгим, худди бокс рингида бўлгани каби аёвсиз жангга киришгим келаверарди. Ёшим улғайиб, дидим мустаҳкам шакллангани ва ҳаётий таржибам ортггани сари мазкур жангнинг рўй беришини интизорлик билан кутар, амалга ошиши кун сайин ойдинлашиб борарди. Сурбетларча уни рингга чорлашни, рингда унга муносиб қаршилик кўрсатишни, юзи аралаш жағига кетма-кет зарбалар беришни ва охир-оқибат устидан зафар қучишни истардим. Фақат ундан фақрли равишда асарларим билан эмас, унинг асарлари таҳлили ва бадиий қиймати шарҳлари билан бу ишни уддалашимга ич-ичимдан ишонардим. Ниҳоят, бир куни бу ниятимга етдим. У билан ўзига хос рингга чиқишим куз фаслининг серёмғир оқшомларидан бирига тўғри келди. Бунга сабаб қуйидагича эди: Одатда куз фаслида мен энг кўп кучга тўлган бўлар, оқшом эса жанг ўтказиш учун тонгдан кўра бир мунча қулайроқ эди. Ахир, ҳақиқий бокс жанглари шу пайтгача дунёнинг исталган бурчагида заминга оқшом чўкканида ўтказилиб келинган-ку! Жанг аввалида ижодхонамдаги ёзув столининг бир тарафига Хемингуэйнинг ойнали четлари зарҳал рамкага солинган портретини қўйиб( рамкани жанг улуғвор кўриниши учун атайин сотиб олдим), бошқа тарафига ўзим жойлашдим( худди калласида бало ҳам бўлмаган Бухоро амири Амир Олимхондек ястаниб). Рингдаги ҳакамликка нозиктаъб Фрэнсис Скотт-Фитцежарльдни танладим, ринг четидаги ҳакамлар эса Фолкнер, Дос Пассос ва Драйзерлардан иборат бўлди. Барчасининг суратларидан фойдаландим. Ўзлари аллақачонлар ўлиб кетишган, тупроғидан бир чимдимдан стол устига сепиб қўяй десам қабрлари бу ердан узоқда бўлса, бошқа нима ҳам қила олардим. Ажойиб жангга шу йўл билан “яшил чироқ” ёқилди. Жангни мен, Эрнест амаки ва ҳакамларнинг портрети бир овоздан тўрт раунддан иборат бўлишига ва ҳар бир раунд қизиққон адибнинг асарлари номи билан аталишига келишиб олдик. Биринчи раунд “Чол ва денгиз” деб аталди. Асарни илгари ўқиган, ундаги ғоя кўзимга аҳамиятга молик кўринган бўлса-да, мени сира таъсирлантирмаганди. Асарни мутолаа қилиш чоғида ўлгудек зерикканимни бўйнимга оламан. Агар у яна озгина давом этганида ўзим чолни денгизга итариб юборган бўлардим. Бу гал ҳам нимадир ўзгарди деб айта олмайман. Фақат ёш жиҳатдан камолот босқичида қайта ўқиганим боис унинг бадиий структурасида бир неча ютуқларни кўрдим. Бежизга шу асар учун муаллифга Нобель мукофоти беришмагандир, деб фикр қилдим. Хуллас, Хемингуэй қанчалик чиранмасин, зарбалари билан мени илк раунддаёқ мувозанатдан чиқаришга эриша олмади. Беҳуда тер тўккани қолди, холос. Биринчи раунд дуранг билан якунланди. “Қуёш барибир чиқаверади” деб номланган иккинчи раундга бонг чалиниши билан Эрнест амаки яна ҳужумга ўтди. Қаршимга келиб зарбалар ёмғирини ёғдириб ташлади . Қовоғини солганча “Қуёш барибир чиқаверади”, “Фиеста” деб ғулдиради. Мен мудофаа позициясига ўтиб, қўлларим ёрдамида ўзимни ундан ҳимоя қилганча асарни хотирамда тикладим. Уни илгари мутолаа қилганимда, илк лаҳзадаёқ “Хемингуэй ҳам майдалашар экан” деган хулоса яшин тезлигида тафаккуримда уйғонган, ундаги қаҳрамонларнинг майда-чуйда ҳаёти кўзимга ёзиш учун арзимасдек туюлганди. Эндиликда ҳам шу фикрим ўзгармаган бўлса-да, асар учун прототип қилиб олинган -Биринчи жаҳон урушидан чиққан йўқотилган авлод вакилларига юрагим тубида бир мунча ачиниш ҳиссини илғадим. Бутун асар бўйлаб номи тиллардан тушмайдиган корридадаги урушқоқ буқа улардан кўра тирикдек, ҳеч бўлмаганда унда яшашдан мақсад бордек, матадор билан олишувдан омон чиқиш мақсади экандек кўринди. Асар қаҳрамонлари тахминимча ўша буқадан-да ожиз эдилар. Иккинчи раунд ҳам шу йўсинда дуранг билан якунланди. Учинчи раунд “Алвидо, Қурол!” номи билан аталганини кўриб хахолаб кулдим. Қитмирлигим тутди. Фурсатим келганини бир зумда пайқадим ва раунднинг бошидаёқ бир зарба билан Хемингуэйни енгил нокдаунга туширдим. У жойидан қалқиб кетди ва чайқалиб бориб ринг четига урилди. Унга зимдан боқарканман, “ Алвидо, Қурол!” ни талабалик пайтимда онамнинг тавсияси билан қўлга олганим ёдимга тушди. Ўшанда, тўғриси, асар персонажларидан бири бўлган Кэтриннинг ўлим саҳнасидан кўра Ремаркнинг шу мазмундаги “Уч оғайни”асаридаги Патрисиянинг ўлим саҳнаси кўзимга таъсирлироқ тасвирлангандек кўринганди. Гапнинг дангалини айтадиган бўлсам, Кэтрин туғаётиб ўлгани учун ҳечам таъсирланмаган, онамга ўхшаб кўз ёш тўкмагандим. Мазкур хотиралар таъсирида шекилли, Кэтриннинг ўлими учун бу оқшом ҳам ҳўнграб кўз ёш тўкмадим. Учинчи раунд мени устунлигимда якунига етди. Раунд бошидаги нокдаун оғир тош босгани, буёғига барча раундлар якунига кўра устунлик мен томонимда экани кундек равшан эди. Олдинда ҳал қилувчи раунд турар, наздида Тургеневни нокаутга учратиб, Стендаль билан дурангга имзо чеккан Хемингуэйни лоақал очколар ҳисобига енгишим учун қулай фурсат аллақачон келган, буни ҳис қилиб ўзимда кўтаринки кайфиятни туярдим. Пича ўтиб бундан ҳаяжонланиб кетдим. Ўзимни назорат қилиш ва фикримни бир ерга жамлаш учун бирин-кетин аччиқ-аччиқ қаҳва ичдим. Финжонни қайта-қайта, лиммо-лим тўлдириб, лабларим тамшаниб бир пасда бўшатишимни кўрганида борми, бир кунда эллик финжон қаҳва ичган бақалоқ Бальзак ҳам ҳавас қиларди. Тўртинчи раунд бошланди. Бу раунд учун Хемингуэй қаламига мансуб на роман, на қисса, на ҳикоянинг номи танланганди. Ном оддийгина бўлиб, олтитагина сўздан иборат бўлган драбллдан олинган эди: “For sale, baby shoes, never worn”. Бу сўзларни дарҳол инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилдим: “Сотилади, гўдак бошмоғи, ҳеч қачон кийилмаган”. Таржима қилиб, маъносини тушунишим билан Хемингуэйнинг аперкот зарбасини ўтказиб юбордим ва бу гал энди менда нокдаун қайд этилди. Гўё минглаб томошабинларга лиқ тўла рингнинг четида нокдаундан ўзига кела олмай, ринг арқонига таппа ёпишиб олган боксчидек қўлларимни тушириб, бир муддат бошимни эгдим. Ҳушим ўзимда эмасдек тўрт атрофимга нуқул аланглар, кўз олдим борган сари тиниб кетарди. Хаёлимда эса фақатгина битта савол кезарди: “Нега ҳеч қачон кийилмаган?” Шунда қаердандир йўғон овоз пайдо бўлди. Худди операларда ария куйлайдиган тенорга ўхшаш. Бу овоз Херберт Уэллснинг “Кўринмас одам” асаридаги ўзи кўринмай, кўпинча овози эшитиладиган Жонатаннинг овозини ҳам ёдга солди. У фақат битта сўзни такрорларди: “Чунки гўдак вафот этган, шунга ҳеч қачон кийилмаган”. Бу сўзларни тушунишим учун ўзимни кўп уринтирмадим. Бир лаҳзада кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди, азобли ўйлар гирдобига тушиб қолдим. “У ким эди?”, “Кимнинг боласи эди?”, Қандай вафот этган? каби саволларни ўзимга бетўхтов берар, жавоб излаб қаршимдаги кўзи қонга тўлган Хемингуэй ва тобора мағлубиятим юзага чиқаётганини фаҳмлаб, ҳадемай рингга қулашимни чамалаётган Скотт-Фитцжеральдга аланглаб қарардим. Дарҳақиқат, у ким эди? Хемингуэйнинг бирорта қўшнисининг фарзандими? Балки, у ҳар тонгда дўконидан ширин кулча харид қилган хушмуомала новвойнинг ёки унга ялтироқ қоғозга гўшт ўраб берган девқомат қассобнинг фарзанди бўлгандир? Балки, унинг истеъдодига қойил қолиб, ортидан эргашиб юрган, оқибатда мухлисига айланган кашанда такси ҳайдовчисининг ёки унинг тоби қочганида корига яраган зиёли врачнинг жигарбанди бўлгандир? Балки у дам олишни хуш кўрган Валун кўли бўйидаги ранчога туташ пастак уйларда кун кечирган пиёниста фермерлар ёки саҳардан шом пайтигача отдан тушмаган шўх-шаддод ковбойлардан бирининг дилбанди бўлгандир? У қандай бола эди? Ўғил болами ё қиз бола? Неча ойлигида ҳаёт билан видолашган? Ақалли бир ёшга ҳам тўлиб-тўлмаганми? Демак, тўлмаган. Ахир, гўдакларнинг оёғига кўпинча бир ёшдан ўтгач пойабзал кийдирилмайдими? Кўриниши-чи, қандай бўлган? Дўмбоққина, жингалаксоч, кўзлари мовий, юзи лўппидеккинами? Балки, малласоч, кўзлари чиройли, алвон яноқли, худди Барби қўғирчоқларини эслатадиган нафисгина қизбола бўлгандир. У нимадан вафот этган экан-а? Ўша пайтлари Осиёда ҳам, Оврўпода ҳам, Америкада ҳам қизамик, ич терлама ва сув чечакдан кўпчилик болалар нобуд бўлишарди. У ҳам шуларнинг бирортасига чалиниб ҳали ҳаёт нималигини тушунмай туриб омонатини топширгандир. Яратган эгам-чи? Унинг жонини бамайлихотир олаверганми? Ҳаётда бир оз яшашига, уни ҳис қилишига, ундан завқланишига наҳот имкон бермаган бўлса? Ахир, у ҳеч бўлмаганда бир марта лунжининг атрофи ва кийимларига суртиб юборганча музқаймоқ, олмали пирог, апельсин, сутли шоколадларнинг таъмини татиб кўриши, мусиқа ёки қушлар сайрашини меҳр билан қулоғини тутиб тинглаб кўриши, кўзларини катта-катта очиб камалакнинг жилоси-ю оппоқ қорнинг гупиллаб ёғишини томоша қилиши, чаналарда ҳайқириб учиши, отаси ихтиёридаги машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганча Она Ер тароватини кўздан кечириши керак эмасмиди?! Музқаймоқни татиб кўргач, ширин экан дейишга, қушларнинг сайроғи остида кўзлари илиниб ширингина пинакка кетишга, қор зарраларини кафтида тутиб жилмайишга, машина орқа ўриндиғидан осмонўпар биноларга ҳайратланиб қарашга у ҳам бошқа миллионлаб болалар каби ҳақли эмасмиди?! Болажоним менинг..Беихтиёр шу сўзлар ичимдан бир нидо каби отилиб, лабларимда такрорланди. У тасаввуримда ўғил бола эди. Юрагим сезди буни. Ҳали бир яшар ҳам бўлмаган, эндиликда эмаклашни ўрганган, шамоллаб қолмаслиги учун ташқарига кам олиб чиқилган, шу боисдан онасининг қучоғида дераза олдидан ҳаётга боқиб, кўзларини лол қолгандек очадиган, ухлаганида қўлчаларини мушт қилиб тугиб оладиган фариштасимон гўдак эди. Волидаси уни ҳеч қачон қўлидан қўймаган, эмизаётганида унга оналик муҳаббати билан тикилган, падари эса унга атаб бир жуфт пойабзални эндигина харид қилган, қадам ташлашни бошласа, унга кийгазишни кўнглига тукганди. Эҳтимол, келажакда у ақли расо, келишган ва хушбичим, энг гўзал қизларнинг муҳаббатига сазовор бўладиган, ота-онасининг орзусидаги йигит бўлиб вояга етармиди. Агар тақдир сийласа Хемингуэйдек машҳур ёзувчи ёки Ван Гог каби улуғ рассом бўлиб етишиши ҳам мумкин эди. Болажоним менинг…Бу дунёдан кўз юмаётганида унинг жажжи юраги нималарни ҳис қилган экан? Дунёда музқаймоқ ёки сутли шоколаддек ширин, мазали нарсалар борлигидан, уйларининг олдидан чўмилганда тана яйрайдиган сой ўтганидан, чигирткалар сайрайдиган ўтлоқда майсаларга ёнбошлаб ухлаш мароқли эканлигидан, ҳар йили ёзда мевалари ғарқ пишадиган олма дарахтига тирмашиб чиқиш тоққа чиқиш билан баробарлигидан, доим кўчада ўтган-кетганнинг ортидан эргашадиган ёки уларга акиллайдиган кучук аслида меҳрибон жонзотлигидан, турли-туман одамларга лиқ тўла чиройли шаҳардаги осмонўпар бинолар устидан одамлар бамисоли чумоли каби майда кўринишидан беҳабар ҳолда кўзлари юмилгандир? Буларни қўйиб турайлик. Ақалли оёқ ўлчамига мос олинган пойабзални бир марта бўлсин кийиб қадам ташлаш унга насиб этмаганининг ўзи бир фожеа. Мен нокдаундан ўзимга келолмасдим. Хемингуэй рўпарамга туриб олган, аямасдан кучли зарбалар берар, аҳволим сония сайин ёмонлашар, нокаутгача бир баҳя қолганди. Охири, нокаут ҳам юз берди. Жағимга тушган зарбадан хаёлий рингга юзтубан йиқилдим. Қаердандир бошимда Фитцжеральд пайдо бўлди. У тинмай санарди. Бир, икки, уч…Мен эса ўзим билан ўзим хаёлан суҳбатлашишда давом этардим. Жажжигинам менинг…Унинг қабри қаерда экан? Американинг бирор сершовқин шаҳридами? Овлоқ қишлоғида ҳам бўлиши мумкин. Одамларнинг ўлимини кутиб яшайдиган тобутсоз унга ҳам атаб кичкинагина тобут ясаганмикин? Черков руҳонийси-чи, унинг руҳига бағишлаб шам ёққан, гуноҳлардан покланиши учун ( ҳатто, гуноҳ қилишга ҳам улгурмаган бўлса шўрлик гўдак) ҳаққига дуо қилганмикин? Қабри ҳам миттигинадир? Қабристондаги ёшини яшаб, ошини ошаб ўтган юзлаб кимсалар орасида ҳали ҳаётнинг биттагина арзирли лаҳзасини ҳис қилмай ўтган бу гўдак ўзини бегона сезмаганмикин? Ҳакам ўлгур тинмай санарди. Ўнгача санаб бўлгач, Хемингуэй томонга қараб “сен ютдинг” деб сўз қотди. Шу дамда мен ҳам ўзимга келдим. Кўзларим жиққа ёш, кўнглим бузилган, стол четини ушлаган қўлларим титрар, шу тобда биров тегинса барглари сарғайиб, омонат турган дарахтдек тўкилиб кетишим муқаррар эди. Хемингуэй портрети орқали мендан кўзини узмасди. Уни бир амаллаб қўлимга олдим ва истаб-истамай бошим узра баланд кўтардим. У тепамдан ўзигагина хос бўлган ва айнан шу жиҳати билан нуқул ғашимга теккан виқорли нигоҳини менга қадади. Мен ютқазганимни тан олдим ва одатда ҳакам томонидан бокс жанглари якунида ғолибнинг қўли баланд кўтарилгани каби, портретни янада баланд кўтардим. Шубҳасиз, Хемингуэй бу жангда тўлиқ устунлик билан зафар қозонган, бир неча минг сўздан иборат бўлган роман, қисса ёки ҳикоялари билан эмас, атиги олтита сўздан иборат бўлган драблли билан мени руҳан парча-парча қилиб ташлаганди. Худди қачонлардир Тургеневни нокаут қилгани ва Стендаль билан дурангга имзо чеккани каби.
2022-12-09
http://nodirabegim.uz/archives/4836
Ташқарида томчилаб ёғаётган ёмғир олис хотиралар сари етаклади. Асли мен уни ёмон кўраман. Шаррос қуйган лаҳзалари билан боғлиқ оғир дақиқаларни унутолмайман. Масалан, соябон остида болалар уйининг эшигини қучиб бўзлаб-бўзлаб қолганим ёдимда. Айни дам Қариялар уйида меҳрга муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш учун турибман. Во ажаб! Анови осмонга тикилиб турган аёл онам эмасми? Синчиклаб тикиламан. Чиндан чиндан ўша. Оёқларим ёнига чопқиллаб кетди. Бугун ёмғир бир замонлар тортиб олган бахт аталмиш туҳфани яна ўзимга қайтарди. — Бувижон, бобом қаердалар?- деди поезд ойнасига томон термулиб ўтирган Зебо. — Ҳу-у-в мана шу лолазор ичида ухлаяпти. — Юринг уйғотайлик. — Кечикдик, қизим, кечикдик. Қиз унчалик тушунмади. Гуллар кўзига қон рангига буркангандек кўринди. Онахон эса то манзилга етгунга қадар урушни қарғаб кетди. Баҳор… Кун кечга бориб қолган. Булутларнинг авзои бузуқлигини ҳисобга олмаганда, ҳамма ёқни кўклам «чалган» гўзал куй ва тоғлар оралаб «юрган» ҳавонинг этни жимирлатувчи саслари атрофга ўзгача нафислик бахш этмоқда. Қуёшнинг илиқ нафаси қуршаб олган қирдан нарироқда охири йўқ вагонлар ўтади. Уни мўрисидан чиқаётган қора буғ эса осмонга кўтарилиб, қора дудини таратиб ўтади. Гўё бу тутун вагон ичидаги болаларни аввал иситиб кейин тарк этаётган ширин хотиралари. Шаббодадан майин силкинаётган алвон лолалар — уларнинг қондек тўкилган кўз ёшлари, гўё. Осмон парларининг тобора тўсилиб бораётгани, беғубор қалблардаги сўниб бораётган умид мисолидир. Поезд қанчалар узоқда бўлмасин, ундан кўнгилни ғаш қилувчи йиғи товушлари эшитилиб турар, уни ортидан кимнидир вужудни ларзага солувчи бақирган оҳанги янграр ва охир-оқибат, орага сукунат чўкарди. У урушда ҳалок бўлганларнинг рўйхатини текшираётиб, таниш исмга кўзи тушди: «Валиев Қаҳраман Атаханович». Ичидан бир нима узилди. Пешонасидан совуқ тер оқиб ўзини йўқотди. Хаёлида атрофи кўмирдай қораликка бурканди. Худди ўзини бирдан ўлдирилгандай сезди. — Укам, нега қотиб қолдинг, бирор нима десанг-чи! Ҳой! Қаҳрамоним тирик эканми? — Ҳа, ҳудо хоҳласа, тирик. Ишонаверинг, опа! Ўлганлар рўйхатида йўқ экан. Қаҳрамон қайтади. Ҳа, қайтади… -Дадажон, имтиҳонга кечикмадикми? -деди Ойдин бино ҳовлисига югургилаб келаркан. — Асло. Омад ёр бўлсин, қизим. У шу куни имтиҳон топшириб, билимини синовдан ўтказди. Лекин саволларга белгилаган жавобидан кўнгли тўлмади. Натижалар чиқадиган вақтда ҳам чеҳраси тундланди. Дадаси фарзандининг натижаларини ташқарига илиғлик катта жадвалдан узоқ излади. Вақт ўтган сари умидсизланди. Ниҳоят топиши билан беҳад севиниб, кўзлари ёшланиб кетди. Унинг ўрни биринчи рақам остида эди. Август ойи. Абутирентларнинг имтиҳон натижалари эълон қилинишига саноқли кун қолди. Нафисанинг хаёлида минг хил ўй. Бу йил ўқишга топширишининг иккинчи йили. Юраги ҳовлиқди. Ягона хавотир унга тинчлик бермасди. «Ишқилиб, ўтган бўлай…» Ўзбек миллатига ҳос ҳусусиятлардан бири — яхши тарбияли қиз мактабни битирдими уни сўраб эшиги ёнига совчилар тизилашади. Бечора табиатан оғир босиқ, синглиси каби ота- онасига ўз истакларини очиқ айтолмасди. Эшигидан сўраб келгичларнимг эса кети узилмасди. Ўтган ҳафта отасининг яқин дўсти ўғлига сўраб келганди. Холматнинг ҳам бу галги қарор қатъий эди. «-Қизим тунов кунги меҳмонлар менга ёқди. Киролмасанг, йиқилсанг, узатамиз… Имтиҳон натижаларини кўриб, қизнинг бошига муздек сув қуйилгандек бўлди. Куз ўртасида Нафисанинг уйидан «ёр- ёр» садоси эшитилди. Сув париси оёқлари булишини жуда-жуда хоҳлади. Кунларнинг бирида сеҳрли чироқ топиб олди. Жиндан бир соатга одамга айлантириб қўйишини сўради. Кейин юриб соҳилга чиқди. Эндигина уч-тўрт қадам ташлаши билан қирғоқда турган кичкина болакай чопиб келиб, қучиб олди. — Ойи, энди ташлаб кетмайсиз-а бизни?! Дўкон кезиниб қайтган қиз қўғирчоқ ўйнагиси келди. Лекин сотиб олгани пул йўқ эди. Она ним пушти матодан каттагина «келинчак» тикиб туҳфалади. Қалин қора ипдан тикилган сочлари ўрилган бежирим ўйинчоқ янги эгасини беҳад хурсанд қилди. Бироқ у онасининг кўйлаклари яна биттага камайганини сезмади. — Опа нега хафасиз, ахир кунбўйи ёмғир тагида ўйнасак ҳам ҳеч ким индамади! — Етимхонага йўл ёдингдами?
2022-09-19
http://nodirabegim.uz/archives/4856
Сўнгги кунларда менга нима бўлаётганини ҳеч тушунолмаяпман. Нуқул ўлиб кетган шоир ва ёзувчилар билан боғлиқ бир-биридан ғайритабиий ва энсани қотирадиган тушлар ҳар куни субҳидамгача мени таъқиб қиляпти. Бундай тушлар сабаби ва моҳияти, боз устига таъбирига ўз вақтида жиним суймаган Фрейднинг китобларида ҳам дуч келмагандим. Оврўпонинг ёқимтойи бўлган яҳудийнинг психоаналатик таҳлилидан кўнглим анча илгари қолган бўлишига қарамай эндиликда уни қайта синчиклаб ўргансам-да, ўзим тушиб қолган лабиринт қурғурнинг чиқиш эшигини топиш имкони бўлмаяпти. Бу тушларнинг ўзига хослиги дебочасидан бошланади. Кўзимни юмишим билан кўз олдимда худди ўзим яшаётган ҳаёт саҳнаси қисқа вақтга намоён бўлиб, бир пасда гоҳ олис, гоҳ яқин ўтмиш билан уйғунлашиб кетади.Мана масалан кеча ёстиққа бош қўйишим билан Жеймс Жойс каминани йўқлаб келди. У билан бир финжон қора чой устида бир кунлик воқеаларни ўз ичига олган зерикарли романи хусусида роса тортишдим. Учига чиққан атеист бўлган мусаввир йигитнинг ёшликдаги шамойили ҳақидаги қиссаси учун уни хийла танқид қилдим. Ундан олдинги куни эса узилиб кетган қўл ва оёқлар, қонга беланган бош чаноқларини кўтариб келиб, тушимда Ремарк роса қўрқитганди. Бунинг оқибатида ярим кечаси дод солиб уйғониб кетган, шу бўйи бомдодгача кўзим илинмай кун давомида уйқусираб юргандим. Барчасидан бугунгиси ўтиб тушди. Тушимга кимсан Вислава Шимборская кирди( ёлғон гапираётган бўлсам тил тортмай ўлай). Мен Лев Толстой ёки Уильям Фолкнер, жуда бўлмаса Херман Хессе тушимга киргудек бўлишса, буни тўғри қабул қилган бўлар, бунга ажабланиб ёки ўзимни сўроққа тутиб ўтирмасдим. Боиси уларнинг гўзал ижоди ва ўлмас асарлари хусусида ўй сурмаган куним йўқ. Деярли юрган йўлимда ҳам, ўтирган еримда ҳам хаёлим уларга қараб кетаверади. Вислава Шимборская ҳақида эса… Ўлай агар бу поляк аёли ҳақида туғилганимдан бери дўппини бошдан қўйиб икки маротаба ўйлаган бўлсам. Ўттиз ёшимгача уни деярли танимаган( ҳатто суратини кўрмагандим), энг қизиғи, икки йил олдин ҳам назокатли, лекин ўларча одамови кампиршо ҳақида ҳеч балони билмасдим. Шу кунгача фақат бир марта у билан астойдил қизиқиб кўрган, таржимаий ҳоли ва ижодини хафсала қилиб ўрганган, эрмак учун , балки тажриба бўлар деб битта насрий шеърини ўзбек тилига ўгиргандим. У ҳақида билганим- поэзияга хос бўлган кўтаринкиликдан холи, ноодатий услубдаги шеърлари адабий жамоатчиликда эътироф этилгани ва ўз пайтида Нобель мукофоти лауреати бўлгани эди. Бошқа поляк шоирлари Адам Мицкевич ёки Халина Посвятовская ҳақидаги бисотимдаги маълумотларимни уники билан солиштирадиган бўлсам, бу тоифа менгзаш учун денгиз билан кўлмак жуда мос тушган бўларди. Бўлар иш бўлди. Энди буёғини оқизмай-томизмай айта қолай. Тушимдаги саҳнада аввалига чоғроққина меҳмонхона гавдаланди. Унинг одатда чўнтаги бақувват бўлмаган, йил-ўн икки ой маошини кутиб яшайдиган ўртаҳол кишилар банд қиладиган одмигина хоналаридан биридаги кўзгу қаршисига келиб, қўлимдаги бир уюм қоғозларни ҳавода ўйнатганча ўзгача оҳанг ва семиртирилган пафос билан билан( Худди Ленин ёки Гитлерга ўҳшаб) нутқ ирод қилаётган эканман. Сочларим силлиқ таралган, кимёвий суюқлик суртилгани учун ялт-юлт қилар, эгнимда оҳори тўкилмаган қора костьюм ва шим, бўйнимдаги ихчамгина капалакли бўйинбоғ кулранг кўйлагимга жуда ярашган, ўнг қўлимда имиллаб тутаётган сигаретни трюмо устидаги кулдонга орада бостириб-бостириб қўйиб, четида турган финжондаги қаҳвадан ҳўплаб қўярканман. -Вислава Шимборская даҳо ижодкор эди. Унинг шеърлари бошқача услубда- мен, сиз ва бошқалар кўникмаган услубда ёзилган. Шунинг учун бўлса керак дастлабки шеърий тўпламлари- “ Тирикмиз шу сабаб”, “Ўзимга бериладиган саволлар” ва “ Кифоя” китоблари нафақат Польшада, балки шеърий китоблар одатда икки минг нусхадан кўп ададда чоп этилмайдиган АҚШда , савияли ўқувчи ва танқидчиларга эга бўлган Германия ҳамда Швеция да бир неча ўн минг нусхада чоп этилган…. Шунда кимдир хонага ичкарилаганини сездим. Эшик томонга ўгирилдим. Остонада сочлари оқ аралаш сариқ, думалоқ кўзлари ичига ботган, юзи озғин ва ажинларга тўла, кўринишидан вазмин ва ҳокисор, менга таниш букинистлар марказидаги ноёб китоблар сотадиган рус кампирларидек содда, лекин дид билан кийиниб олган кекса аёл жилмайиб турарди. Уни биттада танидим ва лабларим беихтиёр секин-аста пичирлади: Ахир бу Вислава Шимборскаянинг худди ўзи-ку! -Алифбодаги ҳарфларга маъруза ўқиш учун тайёргарлик кўряпсанми, болам?- деди у дераза олдидаги креслога ҳорғин чўкаркан. -Бу нима деганингиз Вислава хола?- дедим бир томондан машҳур шоиранинг тиригини кўрганим учун шекилли ҳаяжонимни босолмай, бошқа томондан эса ҳеч нимага тушунолмай.- Маъруза ўқишга тайёргарлик кўраётганим рост. Лекин, одамларга. Алифбодаги ҳарфларга эмас. Бир соатдан сўнг ушбу меҳмонхонанинг конференциялар залида сизнинг ижодий меросингизга бағишланган адабий кеча бўлиб ўтади. -Бундан хабарим бор,- давом этди у кеч куз бўлгани туфайли кўчада ҳарорат тушиб кетган ва хонанинг ичи ҳам камин боягина ёнишга тушгани учун илиқроқ бўлмагани учун жунжикиб-жунжикиб кафтларини бир-бирига ишқаркан.- Афсуски, у ерда одамларга эмас, алифбодаги ҳарфларга маъруза ўқийсан. Мен росманасига ҳеч нимага тушунмас, бошим қотган, кўзгу олдида талмовсирар, яна нима десам экан бу қайсар кампирга деб тафаккурим кенгликларидан муносиб сўз қидирардим. -Менга худди Марсдан тушган одамга қарагандек тикилма,- деди у бир оз ўтиб юзига жиддий тус бераркан ва ёнимга келиб, кўзгу ёнидаги столда тартибсиз ҳолда турган китобларини бирма-бир қўлига олди. -Менинг китобларим,- деди хира кўзлари билан китобларни кўздан кечираркан уларни хафсала билан варақлаб.-Муқоваларини чиройли ва бежиримлигини қарагин. -Булар мен севиб ўқиган китоблар ,- дедим кўзгу олдидан узоқлашиб, дераза олдига борарканман. У ердан ташқарини кузата бошладим. Кўчада куз ёмғири шиғалаб ёғар, осмоннинг хўмрайиб туриши юракни сиқарди. Ҳарорат пастлиги боис одамларнинг кўпчилиги қалинроқ кийиниб олган, бошлари узра соябон тутиб олган қисми ҳам камчиликни ташкил қилмасди. Шунгадир эҳтимол тепадан қараганда тош ётқизилган кўчада негадир улар эмас, ранг-баранг соябонлар ҳаракатланаётгандек туюларди. -Маърузангда бу китоблар, менинг бадиий оламим, таржимаий ҳолим ҳақида гапиришга деярли бир ҳафта олдин тайёргарлик кўришни бошлагансан,- сўз қотди Вислава хола бир оз пауза ушлаб тургач.- Бундан ҳам хабарим бор. -Худди шундай,- дедим унинг гапларини тасдиқлаб.- Икки ҳафта олдин ҳам деяверинг. У мен томонга ҳорғин нигоҳини тикди-да, китобларни қўлтиқлаганча креслога қайтадан чўкди. -Сал ўтиб сен конференциялар залига шошиласан. Адабий кеча ўтказиладиган зал кенг, қандиллар кўплиги боис ёруғ, бир-бирига мослаб танланган ва астойдил безатилган жиҳозлари фонида шинам кўзга ташланади. Кечага айримлари белгиланган вақтда, айримлари шунчаки кечикиб сен ва ташкилотчилар таклиф қилган алифбодаги ўнга яқин турли мақом ва касбдаги, паст ва баланд бўйли, ориқ ва йўғон ҳарфлар келишади. Оммавий кечалар учун махсус тиктирилган кийим кечаклари, гўзаллик салонларида ясалган соч турмаклари ва макияж қилинган юзларини кўз-кўз қилишиб улар кўришиш учун навбатма навбат сенга қўлларининг учини узатишади, виқор ёки ноз-карашма билан ҳол-аҳвол сўрашади, сўнг бир қатор қилиб терилган стулларга бориб, худди бирор нарсани қойиллатгандек ёки давлат аҳамиятига эга шахслардек шоҳона алпозда ўтиришади. Юқорида айтганимдек улар кечикиб бўлса-да, албатта келишади. Келмай қолишмайди. Сендан миннатдорлик, эҳтимол қарамлик ҳисси, ўзларини сендан тили қисиқ деб ҳисоблашмаса-да, манфаат дейилмиш кўзга кўринмас куч уларни келишга ундайди. Боиси уларнинг бири билан уюштирилган суҳбатни сен телевиденияда, иккинчисининг ижодий иши ёки интервьюсини матбуотда, учинчисининг бадиий асарларини хорижий нашрларда, тўртинчисининг китоб тақдимотини марказий кутубхонада ташкил қилиб берган бўласан ва ҳоказо. Вақт ўтиб манфаатли адабий кеча расман очиқ деб эълон қилинади. Сен гапиришга тушасан. Мени 1923 йилда Польшанинг Познань шаҳри яқинидаги Бнина шаҳрида туғилганимдан бошлаб Ягеллон университетининг поляк филологияси факультетида таҳсил олганим-у кейин адабиётга қандай кириб келганим ҳамда нималарни ёзганим, нашр қилинган китобларимнинг йили ва адади қанча нусхада бўлгани-ю, ижод қилиш билан биргаликда қайси соҳаларда фаолият юритганим, қандай адабий мукофотларни қўлга киритганимдан тортиб 1996 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлганимгача йиғилганларга батафсил етказасан. Маърузанг сўнггида эса 2012 йилда вафот этганим билан бу “томоша”га нуқта қўясан . Шунчалик тинмай ва жон куйдириб гапирганинг учун кўп ўтмай толиқасан, ҳолинг қурийди. Стол четида турган финжондаги минерал сувдан ҳўплаб оласан-да, яна сўзлашда давом этасан. Сўзларинг бир маржонга тизилиб- тизилиб, менинг ижодкор сифатидаги қиёфам вақт ўтган сари маълумотлар билан бойитилиб, адабий кечада чинакам элитар адабиётнинг нафаси сезилиб борилаверади. Сен жўшиб ва илҳомланиб маърузангдан бошингни кўтариб, йиғилганларга эътибор қаратганингда эса у ерда худди мен таъкидлагандек одамларни эмас, алифбодаги ҳарфларни кўрасан. Кузги юбка билан унга мос кофта кийиб, оёқларини чалиштириб ўтирган, ғар кўзи одамга мастона боқадиган, турқи совуқ, аёллик жозибаси-ю латофатидан табиат негадир бебаҳра қолдирган, сигарет кўп чекканидан тишлари сарғайиб кетган, алкоголь ичадиган аёллардек қўллари енгил қалтирайдиган, юрган йўлида феминизм ҳақида гап сотиб, қўйиб берса ҳатто кўчадаги писта сотиб ўтирадиган олтмиш яшар аёлга унинг мана шу ҳаёти абсурддан иборат эканини уқтиришидан ҳам тоймайдиган шўрпешона сени диққат билан тинглаб ўтиргандек кўринса-да, аслида ўзидан қилчалик фарқ қилмайдиган юбкали чаласавод муридлари билан( уни феминизмга оид алаҳсирашларини шулардан бошқа ҳеч ким тингламайди) бу оқшом бирор кафеда тўпланиб, аёллик мақомига тупурганча сасиб ва бўкиб спиртли ичимлик ичишни шуурида пишитаётган бўлади. Ҳали кети артилмаган пайтда давлатнинг садақаси эвазига нашр қилинган пиёзнинг пўстлоғи каби юпқа китобини қўлтиқлаб, сочларига оқ оралаган бўлса-да, она сути оғзидан кетмаган жипириқлар тўпланган давраларда шоирман деб гердайиб юришни ўзига эп кўрадиган, йўқ истеъдодини Есенин ёки Байрондан кам билмайдиган ношуд ва хашаки сийрак сочларини силаб-сийпалаб, қиртишланган иягини қашиб-қашиб, сен терлаб-пишиб маърузангни яримлатганингда учинчи нав ўйнаши билан қўл телефонида хабар алмашиб ўтирган бўлади. Менинг ўрнимга Анна Ахматова ёки Нелли Закс ҳақида маъруза ўқисанг ҳам унга фарқи йўқ, бир тукини-да ўзгартирмайди. Бир марта бўлсин бошини кўтариб, нима ҳақда гапиряпти бу ўлгур деб сен томонга назар солиб қўймайди. Узун юбкага дидсизларча худди шундай, бунинг устига кенг костьюм кийиб олганидан қоп ичида тургандек таассурот қолдирадиган аксинча сен томонга маъносиз ва бетоқат боқади. Орада маърузанг тезроқ якунига етишини азбаройи истаганидан сездирмай “уҳ” тортиб қўяди, юраги дук-дук уради, климаксга чалинган аёллардек танаси ловуллаб қизийди. У бу ердан иложи борича тезроқ чиқиб, ўзи ўқийдиган университетнинг талабалар ётоқхонасига боришни истайди. У ерда хонасини ичкаридан беркитиб олиб, диванда мастурбация билан шуғулланиш истагида ёнади. Шу туфайли игна устида ўтиргандек безовталаниб, кетини кетига улаб дақиқа санайди. Кўчадаги симёғочни эслатадиган ҳам сендан кўзларини узмайди. Сен уни диққат билан маърузамни тинглаяпти деб ўйлаб, кўнглинг кўтарилади, шодумон бўласан. Аслида эса тили билан дили бир эмас, хушомад борасида олдида биров ип эшолмайдиган, дуч келганга куйдирган калладек кулиб боқса-да, қалби моғор ва пўпанак босган, хонтахта китобини фақат мактаб қоровули ёки бозордаги фаррошгагина ҳадя қилмаган бу “янги Маркес” яқинда китоби нашрдан чиққан конкурентига ҳасад қилаётганини, унинг ютуқлари сабаб ичини ит тирнаётганини сездирмаслик учун ўзини шу адабий кеча билан чалғитаётган ва овутаётган, адабиётни келгусида яна қандай йўллар билан булғашни хомкалласида режа қилаётган бўлади. негадир ўтирган жойида оғир-оғир хўрсинади. Маърузанг билан сариқ чақалик иши йўқ. Қизиқишнинг энг майда унсури ҳам башарасида кўзга ташланмайди. Мажлис ва давраларда она тили ҳақида бонг уриб, унинг муқаддаслигини рўкач қилиб, уни эъзозлаш зарурлиги хусусида жар солиб, бировга тинчлик бермайдиган, ўзини миллий тил ва истиқлол ҳимоячиси сифатида оммага кўз-кўз қилишдан роҳатланадиган бу “адвокат” мустамлакачилар тилига ихтисослашган мактабда таҳсил оладиган ўғли борасидаги унинг муаллимаси юборган қониқарсиз ҳисоботни ўқиб, синфида энг қолоқ ўқувчилардан бирига айланиб бораётган фарзандини ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам камёб бўлган жаргон сўзлар билан сўкиб ва қарғаб ўтиради. ҳам сени эшитмайди. Ишонавер гапимга. Сен маърузангни ярмидан ўтганингда ёшлигида уч-тўрт марта аборт қилдириб, танасида юраги уришни бошлаган бегуноҳ гўдакларни ўлдирган, эндиликда шарти кетиб парти қолгач, ён- атрофига тўплаб олган енгилтак қизларда ўз ёшлигини кўраётган ва уларга оналик қилаётган бу хоним сумкаси чўнтагидан калькулятор чиқаради-да, уйининг ҳожатхонасидаги тешилиб қолган қувурни қандай қилиб арзонга таъмирлатишни ҳисоблашга киришиб кетади. Алифбодаги қолган ҳарфлар ҳам юқоридагилардан қолишмайди. бу адабий кечадан кўра репетиторлик марказидаги инглиз тили машғулотларида фаол қатнашиб, эшик қоқиб турган имтиҳондан иложи борича етти баллдан кам олмай ўтиб, дарров четга суришни, кундан кунга нархи ошиб кетаётган автомашиналар хусусидаги бир тийинга қиммат дебатда чиқиш қилиб, монопол ташкилотни қоралаш учун омма олдида ўзини қаҳрамондек тутиб нималар деб вайсашни, оқшом чўкканда бўлиб ўтадиган яқин дугонасининг туғилган куни учун гардеробидаги қайси кўйлагини кийишни, ажрашиб кетган хотини билан боласига тўлаётган алимент суммасини қандай йўллар билан камайтиришни ўйлаётган бўлади ва ҳоказо… Туш кульминациясига чиқиб улгурганди. Дераза олдида сукут сақлаб, қимр этмай турар, икки кўзим креслога чўккан Вислава Шимборскада, қўлларим бўм-бўш, маъруза матним аллақачон оёқ остига тўшалган гиламда сочилиб ётарди. Бир оз ўтиб Вислава хола эгилганча қоғозларни бирма-бир тўплашга тушди. -Буларни яхшиси каминдаги оловга ташла,- деди сўнг камин томонга ишора қиларкан.- Маърузангни бекор қилгин-да, алифбодаги ҳарфларни хижолатпазликдан қутқар! Уйғонганимда эндигина тонг отган, ноябрнинг совуқ ёмғири майдалаб ёғарди. Каминдаги олов деярли ўчиб бўлган, бурчакдаги кресло бўм-бўш эди. Маъруза матни ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас, диван ёнидаги жавон устида бир уюм қоғозлар ўрнига оҳори тўкилиб, чети ғижимланган биттагина қоғоз турарди. Тушдаги бўлиб ўтган воқеаларни хотирамда тиклашга уриниб бир пас жойимда чордана қуриб ўтирдим. Чаккамни уқалай-уқалай барини эслашга уриндим. Кийимларимни алмаштираётиб қоғозни қўлимга олдим. Бу бир неча кун олдин Вислава Шимборскаянинг ижодидан қилган таржимам эди: -Балки бу тушимга Фрейддан жавоб қидирарман,- дедим хонада у ёқдан бу ёққа юрарканман, аммо сал ўтиб фикримдан қайтдим.-Фойдаси йўқ. Худди одамлар каби ҳаракатланадиган алифбо ҳарфларини у тушунтириб беролмайди. Қачонки туш пайти етмиш яшар Вислава холамни зўрлагудек бўлсам кейин унга мурожаат қиламан.
2022-09-19
http://nodirabegim.uz/archives/4859
Сен шу кичкина тананга мутлақо келиштириб бўлмайдиган қарама-қаршилик, чигалликларни жойлашга муваффақ бўлдинг. Сен сабаб бу бепушт заминга, инсонларга ўзгача нуқтадан қарай бошладим ва ҳаммаси аслида мен ўйлаганчалик гўзал змаслигини англадим. Қарашларинг ҳам, ўзинг ҳам худди кунботишдан чиқаётган ўжар, тескари қуёшга ўхшайди. Сен шундай қора кунларда дунёга келган эдингки, бу қисмат ижодингга аламли, тушкун кайфият, ғамгин оҳангларни олиб кирди. Оқибатда мунгли қўшиқлар куйчисига айландинг, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, негаки, толе сенга шуни раво кўрган. Энди айт-чи менга, кўнгли вайрон, дили хун машшоқнинг шўх-шодон қўшиқлар, тантанавор, улуғвор мадҳиялар айтиши мумкинмиди?! Сен бу номукаммал дунёни мукаммал эмаслигини била туриб, ундан маъно-мазмун изладинг. Бутун илҳоминг, ижодинг тугул, кўз ёшларинг, юрак туйғуларинг ва ҳатто эътиқодингни шу йўлга фидо қилдинг. Нафақат ёшлигингни, балки бутун бошли умрингни нисор этдинг. Жирканч жамиятнинг дарди ҳақида, ғам ва ўлим ҳақида ҳикоялар, романлар битдинг. » Менда адабий қизиқишларни ўзи йўқ, мен ўзим адабиётдан иборатман» , деган ҳолда адабиётга ортиқча иддао қилмадинг, қораламаларингни ғалладонингдан чиқармадинг. Гўзаллик ва нафосатнинг кушандаси, хокисор ва тубан инсон қалбининг улуғворлигини беорларча шафқатсизлик билан ғорат этувчи манфур ҳаёт ҳақида ғамгин-ғамгин ёзғириб кетдинг. Эндигина куз уқалай бошлаганда нобуд бўлган Карл Росман каби мурғакларга бағишлаб «Америка» ни яратдинг.Топталган номус, ушалмаган орзулар ҳақидаги нолалар юрагингдан «Жараён» бўлиб отилиб чиқди. «Эврилиш» ларга сингиб кетган ғамгин куйларинг ҳанузгача қабр тошларига беҳол тирмашган машъум чечаклар каби одамлар юрагини ларзага солиб келябди.Ўз даврингда атрофингдагилар сени фақат ўзинг учун яшайдиган тўнка деб ўйлаган эди. Холбуки, сен ҳар сониянгни ўзгалар дардига бағашлаган эдинг. Водариғ, бир хайрихоҳ, ҳамдард топилмадики, сени қарашларингни ёқлайдиган, аксинча, одамлар сенга ишонишмади; зотан, уларнинг назарида бунга тамомила ҳақли эдилар. Мен буни «Жазо коллонияси» ни ўқиганимдаёқ тушиниб етган эдим. Улар кўз ёшларингни бетаъсир, дарду ҳасратларингни ёлғон, ҳис-туйғуларингни сохта, деб топишди, негаки, сен буларни бошдан кечирмагансан, тўқигансан, деб ўйлашарди. Модомики, ижодкор бошидан кечирмас экан, у яратган ҳеч нарса самимий эма. Яна баъзилар бошингга тушмаган бўлса, жудолик аламини табиийки таъсирчан ва ҳаққоний ифода этиши амримаҳол, дея таскинбахш сўзлар ҳам айтишарди. Кимлардир асарларингни нотайин, адабий қолиплардан йироқ, арзимаган қоғоз уюмлари деб жар солишарди. Адабиётшунослар асарларингни боши-кетини тополмай жиғибирон бўлар ва хатто уларни қачон яратганингни аниқлашолмай хуноб бўларди. Сен ўз ижодинг билан бирга биз учун шундай қаттиқ тугун боғлаб кеттингки, бу тугун бугунгача ечилгани йўқ. Адабиёт танувчилар асарларингни ўзларича тадқиқ этиб, бу ишлари билан абсурд жанирининг ўткир тиғи кўксингни қандай ёриб киргани ва юрагинга қандай жароҳат еткизганини кўрмоқчи бўлардилар гўё Болалигингда омманинг оқимига тушмаслик учун улардан, уларнинг дахшатли қарашларидан астойдил ўзингни четга тортмоқчи бўлар, аммо улардан йироқлашиб чинакам дардга —ёлғизликка гирифтор бўлардинг. Улғайгач ҳар қандай инсон ўйлаб топган бедаво ҳасратлар ҳам энди сенга таъсир этмай қўйган даврлар келгандай эди, бироқ сенинг пешонанга бошинг абадул-абад мана шу ғам, мусибат ва ғавғолар ичида ўтиши ёзиб қўйилган эди. «Жазо колонияси»даги махбусларни бир эслагин-а? Энди адолатсиз судни, баттол офицерти эсла… Бечора маҳбусларнинг ўз айбини, бундан кейинги тақдирини билмай, эсанкираб азобланган юзини эслай оласанми? Сен яратган калония жамиятнинг ўзи, унинг ичидаги махбуслар —инсонлар. Жамият одамларни худди шу коллониядаги махбуслар сингари ожиз, ночор, ҳуқуқсиз қилади ва эркини топтаб ташлайди. Эсингда бўлса, кўз олдингга келтир: бошига мушкулот тушган, ўзининг энг яқинлари томонилан унутилишга, ёлғизликка, ўлимга маҳкум этилган, ҳашаротга эврилган Замзамнинг жон талваса ичида, лекин кўзларда зуҳур этган фикр ёлқини сўнмаган, қақраган лаблар бир нималар дейишга шайланган, бироқ ўша лаблар орасидан сас чиқмаган сўнгги дақиқаларни эсла!Бу аянж ҳол Ер юзида оқибатнинг интиҳоси яқинлигидан дарак берарди. Ҳали нур сўнмаган —оила аъзоларига бир умр меҳр билан боққан кўзлар жавдираб улардан ножот излайди. Бу кўзларда акс этган яшаш истаги сўнмаганди. Кунлар, ёруғлик, қуёшга ҳали муштоқ эди бу кўзлар! Кошки, Замзамнинг шу чеккан азоб-уқубатлари эвазига ҳаёти давом этса, насибаси узилмаган бўлса, кошки..!Сен фақат кечаги кунни ёздим деб ўйлагандирсан, эҳтимол. Лекин ишонтириб айтаманки, бугунги кун сен ёзғирган тубанликлардардан-да беш баттар бўлса- бўлдики, камайгани йўқ.Бунга нима дейсан?Одамзод бошига тушган мусибат, қаро кунларнинг барчаси жамият ўйлаб топган найранглар ҳақидаги ҳикоямни давом эттирайми, Кафка? Сенинг ташқаридан қаралганда тош қотган дийданг, ичкаридан қараганда дув-дув оққан кўзёшларинг ва менинг сенга ҳамдардлигим бу жамиятни ўзгартиришга қурби етмади. Инсоният қачон ўзгаради ўзи?! Аллақачон унутилган умуминсоний туйғуларга жон бағишлаш учун нима қилиш керак яна? Жавоб бер, дардларимга шерик бўл, бефарқ қолма, ўтинаман!Олис-олис, ўша сен кетиб қутилган Ердан юборилган мактуб сенга етиб боришига ишонаман ва сендан ҳам жавоб хатини кутиб қоламан!
2022-04-16
http://nodirabegim.uz/archives/4684
Бугун туғилган куним! Шу кунни ҳеч жиним суймайди — да. Нима сабабдан нишонлаймиз, нега юзимизда табассум, бир олам қувонч — у, шодлик билан самимий тилакларимизни билдирамиз! Тўғри, яқин инсонларингизни таваллуд айёмларига бориш, қувончига шерик бўлиш, дийдор кўришиш, совға — саломлар улашиб кўнглини хушнуд этиш жуда мароқли, албатта. Аммо, менга нимагадир «Туғилган кунинг билан табриклайман!» деган хитоб жуда эриш туюлади. Бу дахшатли сўз қулоқларимга етиб келгунича, ҳаводаги ҳаётимиз учун зарур бўлган, яратган биз ношукр бандалар учун ноил этиб қўйган кимёвий унсурлар кислород, водород, азот, яна оз миқдорда бўладиган инерт газлар, ўзимиз бунёд этган чанг зарралари билан реакцияга киришиб, «Бир ёшга қариганинг учун, ўлимга томон яна бир қадам ташлаганинг билан муборакбод этаман!» тарзида етиб келади. Инсоният қизиқда аслида, ҳеч замонда қариб, юзларинга ажинлар тахланиб, кўзларинг йил сайин хиралашиб, ҳали белинг, ҳали оёғинг симмиллаб, сочларинга оқ оралаб, ички органларинг, хуллас бутун тананг таназзулга юз тутаётган бўлса- ю, улар бағриларига босишиб, қўлларингни сиқишиб меҳр билан сенга эзгу ниятлар, чек — чегарасиз зафарлар, омадлар тилашса!? Таваллуд айёмим жуда чиройли ўтди, табриклар, совға — саломлар.., барибир, нима бўлганда ҳам ёқимли (қаришни эсдан чиқариб турамиз). Шу куни кечгача зиёфат билан чарчаб совғаларни очишга вақт тополмадим. Эртасига тонгда бомдоддан кейин совғаларни ялтироқ қоғозлари, шойи ленталарини бирин — кетин очиб, сирли қутилар ичидаги «сурприз»ларни кўра бошладим. Шундай қилиб, совғалар очилди, кўзларим қувонди, баъзиларига энсам қотди, аммо бир ҳадя диққатимни тортди. Қўлимга олиб анча вақт айлантириб кўрдим, уни жойлаштирадиган ерни чамаладим. Айниқса, метали, нақшинкор гажаклари ўзига тортди. Кўзгу, ўртача тандир нондек келадиган, зилол сувдек тип — тиниқ кўзгу. Тикилиб, тикилиб боқдим. Ҳали ҳам биноидайман, қирқдан ошган аёл бундан ортиқ яна қандай бўлиши мумкин. Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, барча танишу — нотанишлар, жуда ёш кўринишимни, кўпчилик ўттиздан ортиқ ёш бермаслигини айтишади. «Қоматингни қандай сақлайсан, юзингни қандай парвариш қиласан!» каби саволлар билан кўп мурожаат этишади. Нима ҳам дердим, кўнглида ёмонлиги бўлмаган инсонлар доимо шундай ёш ва дилбар кўринишга эга бўлишади. Яширин, ички иллатларнинг нуқси эса инсонни ташқи суратига ҳам уриб, борган сари қаритиб, чиритиб кетаверади. Аслини олганда, қаришдан, вазн йиғишдан жуда қўрқаман. Парҳез сақламайману, аммо, доимий ҳаракатдаман, бировларга ёмонлик соғинмайман, балки, шудир яна бир сабабчиси?! Ойнага тикилиб кўринишимдан мамнун бўлиб турган маҳалим эримни овози келгандай бўлди. Қўққисдан бўлгани учун қаттиқ чўчиб тушдим. Илкис меҳмонхона эшигига қарадим. Жим — жит, тиқ этган товуш эшитилмайди. Бугун дам олиш куни эканлиги, ҳали ҳеч ким уйғониши мумкин эмаслиги ёдимга тушгач, кечаги чарчоғим галюцинацияга сабабчи бўляпти деган тахмин билан кўзгуни қўйиб, ётоқхонам томон одимладим. «Қаерга, қочяпсиз, азизам!?» Бу сафар ширали, мулойим эркак овози аниқ — тиниқ эшитилди. Қаттиқ қўрқувдан чинқириб юбораёздим. Уйимизга ўғри кирибди. Миямга келган биринчи тахмин шу бўлди. Қалтираб ортимга бурилдим. Ҳайратдан лол қолдим. Стол устидаги кўзгу ёғду таратиб турипди. Кўзларимга ишонмайман, уйғоқманми ёки тушми бу?! Зир титраб билагимни чимчиладим. Йўқ ўнгим! Даставвал анча вақт қотиб турдим.Сўнгра таваккал дедиму, шарт бориб ойнани қўлимга олдим. Кўзларимга ишонмайман, дарров танидим кўзгудан менга «Дориан» боқиб турарди. Ҳа, ўша, Оскар Уайлд 1888 йил дунёга келтирган Дориан! «Дориан Грей портрети» романи бош қаҳрамони, ҳусни таважжуҳи билан замонаси аёлу — эркакларини лол қолдирган, қариш нималигини билмайдиган, ҳамиша ёш ва навқирон Дориан! У китобдаги каби мафтункор мовий кўзли, жингалак олтин сочли эмас, киноасаридаги каби, чақноқ жигарранг кўзли, оқ юз, нозик, узунчоқ даҳан, жигарранг, елкаси қадар тушиб турадиган, текис сочли Дориан эди.(Оскарга жудаям ўхшаб кетади) У менга шундай жилмайдики, бу дилбар кўринишдан эсанкираб қолдим.(Негадир ичим музлаб кетди) -Салом, хоним! Сизни беҳосдан чўчитиб юборган бўлсам узримни қабул этгайсиз! Ичимда калимамни қайтарганимча, пичирлайман, «Бу туш, шунчаки, туш! Бўлиши мумкин эмас!» -Нега энди, азизам, мана қаршингизда турибманку,- дейди жилмайиб фракининг ёқаларини тўғрилар экан. -Ҳаяжонланманг, ҳаяжон кучсизларга тегишли бўлган керакциз унсурдир! Совуққонлик эса кучлилар безаги бўлиб, уларни зафарлар томон етаклаб боради! -Қаердан келиб қолдингиз? Сиз аллақачон ўзингизни жазолагансиз, шунчаки рўёсиз, билдингизми? Кетинг, тинч қўйинг мени! — Жудаям дадил экансиз, азизам, биринчидан мен ўзимни жазоламадим, суратни, мени ҳаётимни барбод этган лаънати суратни йўқ қилдим. Иккинчидан эса, менга шу сурат ва сийратни раво этган Оскар ҳам жазосини олди. Мен, Дориан Грей кўриб турганингиздек ёш ва навқиронман, ҳусни — жамолим ҳам гард кўрмаган… Кейин, силлиқ пешонасига тушган анвойи ифор таратиб турган кокилини нозик бармоқларида ёнга олиб қўяр экан, кўзлари сузилиб сўз қотди. -Сир бўлмаса неча ёшдасиз, хоним! -Ҳар холда сиздан бир асрдан зиёд кичикроқман, азизим!- дедим энсам қотиб унинг мармардек оппоқ юзига маҳлиё бўлганимча. Дориан дурдек тишларини ярақлатиб, жарангдор овозда кулар экан, ортидан дарҳол жиддийлашди- да деди: -Кўринишингиздан 30 ёшни қоралаб қолгансиз, пешонангизга ажинлар кўпроқ тушибди, яхшигина асабий, жиззаки аёл кўринасиз. Аммо, истарали, гўзал аёлсиз. Кўзларингиз Себеланики каби мафтункор, лабингиз Геттиникидек эҳтиросли экан! — Биринчидан, азизим Дориан, янглишдингиз, мен қирқ ёшдан ўтиб қолдим. Иккинчидан, жирканч хушомадларингизни ўзингизга мосу — хос бўлган суюқоёқ хонимларингизга қиласиз! Энди эса хайр азизим! Кўзгуни олдимда, деворга урдим. Чил — чил синиб атрофга шиша пачалари сачради. Синиқларни йиғиштириб олиш учун қайтганимда кўзгу яна ҳудди олдинги кўринишида стол устида турарди. Қандай қутилсам экан ундан? Ким совға қилдийкин, ким экан у менга бошоғриқни раво кўрган? Эртаси куни барчани иш — ишига жўнатиб энди навбат ўзимга келиб турган махалда кўзим пардоз столим устида турган кўзгуга тушди. Ҳаяжонланиб, секин қўлимга олиб қарадим. Дориан кечагидек майин ва совуқ тиржайиб турибди(қанчалик хушсурат бўлмасин, сийрати хунук бўлган инсон кўзинга бадбашара махлуқдек кўринаркан). -Салом, азизам! Нима бўлди, мендан қутилмоқчи бўлдингми? Билиб қўй буни сира иложи йўқ! Ҳаёлингдан фаромуш бўлибди шекилли, умрибоқийман ахир. Энди, хоним ўзингиз қарайдиган, ҳуснингиздан яйраб кибрга бериладиган ойнангизга бир қараб боқингчи. Пардоз ойнамга қараб чинқириб юбордим. Бир кундая? Мен нима гуноҳ иш қилдимки, атиги бир кунда сочларим дув оқариб, юзларим сарғайиб, сон -саноқсиз ажинлар билан тўлиб тошиб кетди. Тўлишиб, томоғим остидан бақбақа осилиб тургани емагандек, тишларим ҳам қимирлаб, осилиб қолибди. Йиғлаб юбордим. -Азизам, ҳафа бўлишга ҳожат йўқ! Атрофдаги инсонларга ёш ва гўзаллигингизча кўринаверасиз, фақат ўзингизгагина кўзгуда акс этади гуноҳларингиз. — Мен нима гуноҳ қилибманки, жазо олсам. Қолаверса сен эмассан, гуноҳларни ҳисоблаб, жазо берадиган. -Тўғри айтдингиз, гуноҳларимизни ҳисобловчи ҳам, жазоловчи ҳам, авф этгувчи ҳам ёлғиз Яратганнинг ишидир! Аммо, сиз, мен, бошқалар ҳам жазоланишаётгани йўқ, шунчаки, айбларимизга, ҳақиқатларимизга тик қараяпмиз холос! Нақадар оғриқли, тўғрими азизам! -Қани, қайси гуноҳим учун экан, билсангиз айтингчи? -Кибр, манманлик, молу — ҳавасга ружу, ҳасад, ёлғон, алдов, хиёнат…яна санайверайми хоним? — Алдов? Хиёнат?- яна қандай тухматларингиз бор?! — Кунора Дон Жуан дўстингиз — бегона эркак билан ёзишиб ўтирасиз. Буни нима деб аташ мумкин? — Ким бўлишидан қатъий назар у менинг яқин дўстим, ҳеч қачон ёмон кўз билан қарамайди. Айтганча, сиз дўстлик, самимийлик, меҳр — оқибат каби инсоний фазилатларни қаердан ҳам билардингиз? -Дўстлик денг!- ҳиринглади Дориан,- Енгилтаклик, фахш муқаддимасини дўстлик билан хаспўшламоқчимисиз, гўзалим?! — Чиркин қалбингиз, моғор босган онгингиз инсоний фазилатларни осонгина шайтоний иллатларга айлантиради. Шу сабабли, ҳеч қачон мени тушуна олмайсиз, Дориан! -Майли, сиз айтганча бўлақолсин. Энди саволимга жавоб берингчи, ўша дўстингиз билан бўлган суҳбатларни, яъни ёзишмаларни эрингизга кўрсата оласизми? Нега энди пинҳона суҳбат қурасиз? Яна санайверайми? Марҳамат! Ҳамкасбингиз ютуқларга эришса, барчанинг ёнида «Ҳавасдаман!»- деб сарҳадсиз зафарлар тилайсизу, ичингизда ҳасад ўти ловуллайди.Тонманг! Оз бўлсада ҳасад нишонаси бўлади. Сиз дўст деб атайдиган «яқин» инсонларингиз билан нима сабабдан дўст тутингансиз? Илтимос, меҳр дея кўрманг, барчасини пойдевори манфаатлардир. Биз одамзоти манфаатларсиз дўст тугул, ҳаттоки душманлар ҳам бўлолмаймиз. Яхшилаб ўйлаб кўрингчи, Ота — Она, фарзанд, умр йўлдош, жигарлар.., қай бирига меҳрингиз буюкроқ?! Меҳрингиз қай даражада бўлмасин, ҳеч бирини ўзингизни севганчалик севолмайсиз. Биз инсонлар аслида буюк худбинлармиз! Сир бўлмаса, кўчага равона бўлишдан олдин тақадиган юз ниқобларингизни саноғи борми? Каломингиздан бадбўй ғийбат учмаган бирор кунингизни кўрсатиб бероласизми! Йўқ! Бу юзсизликларингизни менинг чиркин гуноҳи азимларимдан фарқи қаерда? Гарчи кўнглимда самимият ва дўстона меҳрдан ўзга туйғу қад кўтармаган бўлсада, нима деб жавоб беришни билолмай қолдим. Ўзимни, айбдор сеза бошладим. Шу тобда Дориандан қутулиш режасини тузишдан бошқасини ўйламас эдим. — Мендан қутулиш осонмас, хоним,- жилмайди у,- Қачонки, мени, яъни кўзгуни кибрсиз, ҳасад оловидан ҳоли, виждонсизлик, хиёнат, алдов каби иллатлардан хабари бўлмаган яхши бир инсонга топширар экансиз, кейин қайта кўрмайсиз. Ишонаверинг! Яқинда ишхонамизда ёнма — ён ишлайдиган «дугонам»нинг туғилган куни эканлиги ёдимга тушди — ю, қувониб кетдим. Дорианни чиройли ўрамда унга совға қилиб юбордим. Бирам енгил тортдимки… Икки кундан сўнг кўзгу яна пардоз столим устида пайдо бўлди. Мен янада қариб алвастидек кўринишга келиб қолгандим. -Салом, азизам! — тиржайди навқирон Дориан. -Салом, Дориан! — минғирладим мен. Шундай қилиб, кўзгуни совға қилмаган инсоним қолмади. Бора — бора билдирмасдан бегоналарнинг сумкаларига солиб кетадиган, автобус ёки таксиларда «унутиб» қолдирадиган бўлдим. Аммо, ҳар сафар: — Салом, азизам! — Салом Дориан! Охир оқибат меннинг ягона ўй — ташвишим бу лаънати кўзгуни кимгадир совға қилишдан бошқасини идора қилолмай қолди. Рўйҳатимда фақатгина Ота — Онам, туғишганларимгина қолишди. Мен Дориандан қутулиш учун шунчалар кўп елиб, югургандимки, силлам қуриб, адои тамом бўлгандим. Фақат кўзгуда, ўзимга кўринсада, қариб — қартайиб, мункайиб қолган абгор қиёфамни кўришга эса бир сония ҳам тоқатим қолмади. Аммо, не қилайки, бу азобларни барчага раво кўрган бўлсамда, Ота — Онам, туғишганларимга раво кўролмадим. Мен охир — оқибат бу бошоғриқдан қутилишни, Дорианнинг чиркин сийратини ва ўзимнинг абгор суратимни ҳар куни кўриб азобланиш қийноғидан ўзимни қутқариш йўлини топдим, бир қарорга келдим. Кўзгуни, пардоз ойнамга қарама — қарши, яъни Дорианни ойнага рубару қилиб жойлаштириб қўйдим. Ҳар куни тонгда уйғонаман, Яратганга сажда қиламан, катта — кичик гуноҳларим учун авф сўрайман, шукроналар айтаман. Кейин ойнам ва ундан менга тикилганича жилмайиб турган, энди анчагина ёши ўтиб, ҳусни — тароватини йўқотиб, қартая бошлаган Дорианга жилмаяман. — Салом, Дориан! 22/06/2022
2022-07-14
http://nodirabegim.uz/archives/4754
Азалдан меҳмонхоналарда тунаб қолишга ҳушим йўқ. Иш юзасидан ёки хизмат сафар билан ҳар гал бошқа шаҳарга боргудек бўлсам, иложи борича ўша куниёқ уйимга қайтишга ҳаракат қиламан. Мабодо зарурат юзасидан ушланиб қолсам ёки сафарим бир неча кун давом этиши ойдинлашса, ўша шаҳарда яшайдиган бирор бир танишимнинг хонадонидан бошпана топаман. Худо эл қатори каминани ҳам таниш-билишдан қисмаган. Аммо, бахтга қарши баъзида меҳмонхонада тунашимга-да тўғри келади. Бу ҳолат йилда бир ёки икки марта рўй беради. Рўй берганида уни худди бошимга келган бало-ю офат каби қабул қиламан ва чўнтагим кўтарган кўримсиз меҳмонхона эшигидан оёғим тортмай ичкарилайман. Бўсағада бир хўрсиниб қўяман. Оғир-оғир қадамлар билан қабулхона томон юраман. У ерда сўраб-суриштириб ва савдолашиб, ҳеч қандай қулайликлари бўлмаган, ҳатто хизмат ҳақига нонушта ҳам киритилмайдиган энг арзон хонани банд қиламан. Қабулхонадаги хизматчи йигитларнинг кўпи бачкана кийинган, сочлари силлиқ, хотинчалишроқ бўлишади. Хизматчи қизлар ораста ва дид билан кийинган, хипчабел, сочлари ёзилган, одамга сал бетгачопарроқ боқишади. Улар хафсала билан узатган хона калитини қўлларим титраб-титраб шимим чўнтагига соламан ва лифт сари одимлайман. Хона учинчи ёки тўртинчи қаватда бўлади. Юқорироқдаги қаватлардан ҳеч қачон хона банд қилмайман. Боиси, биринчидан, бу ёшда Худога яқин боришга юрагим бетламаса, иккинчидан, деразалар орқали пастга қарагудек бўлсам дарров ичимга ғулғула кириб, таҳликага туша бошлайман. Лифтда иложи борича ҳамроҳларсиз, бир ўзим кўтариламан. Бу одат бўлиб қолган. Ҳар бир қаватга кўтарилганда эшиклар очилишга ва лифтга кимдир чиқишга шайлигини кўргач, юзсизлик қилганча шоша-пиша кўтарилиш тугмасини чангаллайман. Натижада, лифт тўхтамай кўтарилишда давом этади. Ўзим банд қилган хона одмигина бўлади. Ювиниш хонаси ва ҳожатхонани ҳисобга олмаса, битта-ю битта хонадан иборат. Қулайликлари йўқ, шинамлиги кўзни қамаштирмайди. Деразаларига арзон жалюзи тортилган, шифтдаги қандил уриниб кетган бўлади. Стол-стул, ётоқхона дивани каби интерьерлари ва деворга маҳкамланган телевизори оддийгина. Ёз ойларида кондиционер ўрнига вентилятор, қиш ойларида электр иситгич ихтиёримда бўлади. Кичкинагина музлатгич хонанинг бир бурчида гўё менга маъюс тикилиб туради. Буларга ортиқча аҳамият бермайман, чунки фикру зикрим тезроқ тонг оттириб, зудлик билан хонани тарк этишда бўлади. Шу хаёлда аввалига стулга, кейин диваннинг четига фаромуш чўкаман. Ҳатто, кийимларимни алмаштирмайман. Чалғиш учун стол устига қўйилган жомадонимдан муздек минерал сувни олиб, лўкиллатиб ичаман. Томоғимни хўллаб олгач, столда турган- меҳмонхона маъмурияти томонидан мижозлар учун ажратилган маиший журнал ва газеталарни бирма-бир эриниб варақлайман. Кейин пультни қўлимга олиб, телевизорни ёқаман ва каналларни бемақсад титкилайман. Ён-атрофга оқшом чўкиб, дераза ортида тун шарпаси сезилгач ҳадигим ортади. Бир дераза томонга, бир эшик томонга қарай-қарай ростакамига ҳадиксирашга тушаман. Орада алмаштирмаганим учун ғижимланиб кетган кийимларим билан эшикни ичкаридан қулфлаган-қулфламаганимни пусиб бориб текшириб келаман. Телевизор кўриб вақт ўтказиш ортиқ юрагимга сиғмайди. Диванга чўзилиб, кўзларимни юмсам-у, очганимда тонг отган бўлса қанийди, деган хаёл билан оёқ узатаман. Ҳаммаси шундан сўнг бошланади. Есенинни 1925 йилнинг қаҳратон қиши кечасида Петербургдаги “Англетер” меҳмонхонасида номаълум кимсалар асфаласофилинга жўнатишгани қўққис яна ёдимга тушади. Кетидан худди ярим тунда мен тунаб қолган мана шу хона эшиклари очилиб, қўлига қора револьвер ёки сопи чармдан қилинган ханжар ушлаган ўша кимсалар сездирмай ичкарилайдигандек ва мени ҳам Яратганнинг даргоҳига бемаврид жўнатиб, шифтга осиб кетишадигандек туюлади. Буни ўйлаганим сари тукларим ҳурпайиб, этим жимирлайди. Аъзойи баданимни совуқ тер босади. Кўзларим косасидан чиқиб кетар даражада эшик томонга бақрайиб қолади. Хавотир таъсирида ўрнимдан туриб, диванда чордана қуриб ўтираман. Шунда девор ортидан ғалати овозлар келади. Қўшни хонада ғўнғир-ғўнғир овоз қулоғимга чалинади ва кўп ўтмай эркак билан аёлнинг эҳтиросга қоришган овозлари авж олади. Жинсий алоқа пайтида лаззатланишни ифода этувчи ингроқ ва жаргон сўзлар, от каби пишқиришлар қўшни хонадан таралади. Жирканиб бўлса керак, дивандан тураман-да, дераза ёнида турган стулга ўтираман. Атрофга безовта бўлиб назар соламан. Негадир хона бошқача тусга кираётгандек кўринади ва бир лаҳзада мутолаа қилиш жараёнида ўзим тасаввур қилган “Англетер меҳмонхонаси”нинг ўша машъум 5-чи хонаси кўз олдимда қад ростлайди. Хона интерьерлари йигирманчи аср бошида Оврўпода урф бўлган интерьерларга алмашади. Деразага тортилган жалюзи ўрнини классик услубда тикилган қалин парда, стул ўрнини оромкурси, стол ўрнини нақшинкор ёзув столи, девордаги телевизор ўрнини каттакон картина, шифтдаги оддий қандил ўрнини Венецияда ясалган улкан қандил, оёқ остидаги оддий гилам ўрнини бетакрор Форс гилами эгаллайди. Хона кенгайгандек, шифти баландлашганга ўхшайди. Буни кўриб, яшин тезлигида ўрнимдан сапчиб кетаман ва елкам билан деворга қапишиб қоламан. Тилим нуқул калима келтириб, қўл-оёғим бараварига титрайди. Бир амаллаб ўзимни қўлга олгач, чопиб бораман деразага ёпишаман. Меҳмонхонани юзлаб чироқлар ёрдамида ёритилган ташқи манзарасига кўз ташлайман. Не кўз билан кўрайки, унинг асосий эшиги пештоқига “Англетер” деб ёзиб қўйилган бўлади. Ёзувни илғагач юрагим така-пука бўлиб кетади. Шу ҳолатда хонадаги ҳамма нарсани текшириб чиқаман: Стол устида турган кулдонни, биллур графин ва финжонни, ювиниш хонасидаги сочиқларни. Уларнинг барчасининг маълум бир қисмида “Англетер” деган ёзув эътиборимни тортади. Бунга қаноатланмай хавфсираганча йўлакдан юриб, эшикни очаман ва хона рақамини кўздан кечираман. Эшик тепасида “5” рақами осилиб турганини кўриб, гўё чинқираб юборгудек оғиз жуфтлайман, аммо кафтим билан оғзимни беркитаман. Қайтиб хонага кирганимда эса шифтда осилиб турган одам диққатимни тортади ва беҳуш гиламга йиқиламан. -Камина Сергей Есенинман, ошна,- дейди у ўзимга келганимда. Чироқ ёруғида унинг моматалоқ бўлиб кетган юзи, қон сизиб оқаётган чаккаси, пешонасидаги ёриғи, тўзғиган сочлари, эгнидаги тугмалари узилиб тушган кўйлаги ва тўлишган қорни, чўнтаклари йиртилган шими кўзимга яққол кўринади. -Осилган одамни гапираётганини энди кўришингизми?- дейди у карахт аҳволда турганимни кўргач. Пича ўтиб, кутилмаганда хона бўйлаб Чайковскийнинг “Оққуш кўли” балетидан парча таралади ва Серёжа арқонда айланиб-айланиб рақсга тушади. -Сизга айтсам,- дейди у орада бўйнини арқондан сал бўшатиб олиб.-Шўролар каби бошқа бирор бир давлатда кучли сценарист сиёсатчилар йиғилишмаган. Маълумки, сценарийларни кино учун ёзувчилар ёзишади. Ҳолливудда шундай. Француз ёки итальян кинематографисияда ҳам. Аммо, шўролар юртида сценарийларни cиёсатчилар ҳеч бир ёзувчидан қолишмаган тарзда ёза олишган. НКВД сценаристлар тайёрлайдиган зўр мактаб бўлган. Ленин, Сталин, Троцкий, Бухарин, Дзержинскийлар эса бетакрор сценарист сифатида ном қозонишган. Улар ёзган сценарийлар доим маромига етган, мукаммал бўлган ва итдан тарқаган режиссёрлар томонидан саҳналаштирилганида ўз ҳаётийлиги билан кишиларни лол қолдирган. Фақатгина НКВДнинг юзлаб сценарийлари ичида менинг ўлимим билан боғлиқ сценарийгина ўхшамаган, холос. Аниқроғи, шу сценарий бўш ва ишонарсиз чиққан. Менимча, чекистлар сценаристлик фаолиятлари давомида шу биргина омадсизликка учрашган. У яна арқонда айлана бошлайди. Бу сафар энди Вагнернинг “Учар Ҳолланд” операсидан парча янграйди. Куй қаердан келаётганини билолмай атрофимга аланглайман. Серёжа куйга ҳамоҳанг тарзда шеър ўқийди: — Вагнернинг куйи шитоб тўхтаганида, у ҳам бир муддат сукут сақлайди. Бизгача етиб келган суратлари ва шеърларидаги ҳаётга чанқоқлиги юзида акс этади. -Уларнинг сценарийсига кўра мазкур шеърни мен гўё қоним билан ёзганман… Кулгули, шундай эмасми? Бу сценарийдаги уларнинг дастлабки хатоси эди. Кейин хатолар ипга тизилган маржондек бир-бирига уланиб кетган. Масалан, улар хонамга бостириб киришгач, аввалига мени ўласи қилиб калтаклашган( сўнгги пайтларда шўроларни кўп танқид қилишга тушгандим, “Аблаҳлар” деб номланган шеърим Троцкийга ёқмагани дарагини эшитгандим, шунга муттасил кузатувда эдим). Уларга жон ҳолатда қаршилик қилишга тушганимда бошимга темир буюм билан қаттиқ тушириб, ҳаётимга нуқта қўйишган. Ишлари хамирдан қил суғургандек осон битгач, жонсиз танамни мана шу баланд ерга осишган. Яхшилаб қаранг, ҳатто стулни қўйиб устига чиқсам ҳам баланд шифтга бўйим етмайди. Бу уларнинг сценарийсидаги иккинчи хато бўлган. Бошимдаги ёриқ ва танамдаги қийноқ аломатларини кўздан қочиришгани уларни учинчи хато сари етаклаган. Эртасига улар Сергей Есенин ўз жонига қасд қилди, деб гап тарқатишган. Охирги пайтларда кўп ичаётганди, ҳаётдан тўйганди, ўз жонига қасд қилиши юрагидаги изтиробларнинг интиҳоси учун сўнгги чора эди, деб барчани сценарийларига ишонтиришган. Бу уларнинг энг қўпол хатога йўл қўйишгани эди. Аслида, мен ҳеч қанақасига ҳаётдан тўймагандим. Рафиқам Айседора Дункан билан Америка ва Оврўпони эндигина айланиб қайтган, юрагимда кўтаринкиликни туйиб, янги ижодий ишлар учун қувват тўплаган, катта-катта ижодий ишлар учун ўзимни руҳан тайёр ҳис қилган пайтим эди. Ватанни пуллаётган ва ўз биродарларини қонини тўкаётган, эътиқодсиз бир тўда гўрсўхталар учун ўттиз ёшимда ўзимни ўзим ҳеч қанақасига бадном қилмасдим. Ўз жонимга қасд қилишни ўйламагандим ҳам. Агар улар ёзган сценарийни синчиклаб ўргансангиз, яна ўнлаб хатоларга дуч келасиз. Вагнернинг куйи лаҳза ўтмай Шопеннинг аза маршига алмашди. -Мен ҳам ўз жонингизга қасд қилганингизга ишонмаганман,-дейман ниҳоят тилга кириб. У юзи ёришиб, худди ёш болакайдек ҳуштак чалиб юборади-да, пешонасини хунук тириштиради. Лабларини чўччайтириб, бурнини шимиради. -Кўпчилик ишонган лекин. Етмиш беш йил ишонишди. Эндигина НКВД нинг ўша сценарийси бўш чиққани аён бўляпти ва кўпчиликнинг кўзи очиляпти. -Ҳар қандай ҳақиқат эртами-кечми қарор топади,- давом этаман у томонга қарамасликка тиришиб. -Реалистларни яхши кўраман-да, -дейди у хахолаб кулиб. Тонг ғира-шира ёришаётганида у кўздан йўқолади. Мени бўлса бир муддатга кўзим илинади ва ҳориган танам диванга бемажол чўзилади. Кўзимни очганимда ҳар гали дераза орқали тушаётган қуёш нурлари юзимни сийпалайди ёки ташқарида шиғалаб ёғаётган ёмғир шитир-шитир қилиб товуш чиқаради. Кўзларимни ишқалаб тун бўйи хонада нималар рўй берганини эслашга уринаман. Эслагандек бўлиб, тушимда эдими ё ўнгимда деганча бир лаҳза шубҳа-гумонлар ичида қотиб қоламан. Бир томонга осилган бўйинбоғимни тўғрилаб, оҳори тўкилган кўйлагим тугмаларини қадаб, шошилганча дераза олдига келаман. Меҳмонхонанинг асосий эшиги пештоқига қарайман. Меҳмонхонанинг ўз номи катта ва бўртма ҳарфлар билан савлат тўкиб туради. Стол устидаги кулдон, графин ва финжон, ҳаммомдаги сочиқларни текшираман- уларда ҳам меҳмонхонанинг номи. Йўлакдан юриб эшикни очаман ва тепасига тикиламан-икки ёки уч хонали рақам. -Демак, тушимда рўй берган,-дейман енгил тин олиб пичирларканман. Бошимни сарак-сарак қилганча жомадонимга қўлимга оламан. -Хайрият, тонг отди… Қабулхонага тушиб, калитни топшираётганимда навбатчилик қилаётган хизматчи йигит ёки қиз анъанага кўра мижозлар китобига эсдалик учун нимадир ёзиб беришимни сўрайди. Ручкани қўлимга олиб, негадир ҳар сафар “Англетер меҳмонхонаси” фаолиятига омад тилайман, деб ёзаман ва имзо қўяман. -Кечирасиз, бизнинг меҳмонхонани бошқа меҳмонхона билан адаштирдингиз чоғи,- дейди улар китобдаги ёзувларимга кўз ташлашгач. -Мен учун Ер юзидаги барча меҳмонхоналар фақат битта ном билан аталади:- дейман уларга кетиш олдидан мутлақо жиддий оҳангда.- “Англетер”.
2022-07-20
http://nodirabegim.uz/archives/4763
Илк мактаб остонасидан ҳатлаб, чумолилардек ғужғон ўйнаётган ўзим тенги чурвақалар, очиқ юзли ёки асабий, қошлари чимрилиб пешонаси тиришган ўқитувчиларнинг бегона нигоҳлари ва кескин, янгича ўзгаришлардан тилим танглайимга ёпишиб, ҳаяжондан дир-дир титраб, синфхонанинг охирги партасида ёлғиз ўтирган пайтимда ёнимдаги бўш стулга келиб ўтирдингиз. Ҳозиргидек эсимда, у вақтлар 40 — 45 ёшларда бўлиб, ялтироқ тугмачали мундирда, соч — соқолингиз калталанган, пешона сочингиз анчагина сийраклашган ҳолда узун гавдангизга ярашиб турган кенг, галифе шимда ва қора, ялтироқ этикда юрардингиз. Табиатим туфайли, мен ҳеч ким билан суҳбатлашмас, ўқитувчимнинг ёнимга келиб берган дўстона саволларига ҳам миқ этмасдим. Аввалига, сизни кимдир кўряпдимикин деган ҳаёлда атрофга аланглаб, одамларга синчиклаб боқардим. Кейинроқ, мендан ўзга ҳеч кимга кўринмаслигингизга тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Сиз мени ҳар — бир ҳатти-ҳаракатимга эътибор билан боқар, гоҳида тасдиқ ишорасини қилсангиз, гоҳида бош чайқаб қўярдингиз. Кўзларингиз маъюс, аммо кулиб боқарди. Олдинига гапирмадингиз, сўнг, бир-биримизга ўрганиб, яхшигина танишиб олганимиздан кейин тилга кирдингиз. Аммо, сиз мен билмайдиган ўзга тилда сўзлардингиз. Мен сизни тушунмас, лекин берилиб, назокат билан сўзлашингизга маҳлиё бўлганимча, тўхтовсиз очилиб — ёпилаётган лабларингизга тикилиб ўтирардим. Дарс пайтида қаёққадир ғойиб бўлардингиз. Мен эса чиройли ёзишга, ҳарф ва сонларни янада яхшироқ эслаб қолишга, аъло ўқиб сиздан мақтов эшитишга ҳаракат қилардим. Одатда, ўқитувчимиз савол берганида билиб турсамда ҳеч қачон жавоб бермасдим. Мен жавоб берсаму, бутун синфдаги ўттиз жуфт кўз, камига ўткир нигоҳли устозим бирваракайига тикилишиб туришса, нотўғри сўзласам — у, масхара қилишиб устимдан кулишса нима қиламан деб ўйлардим. Ўтирган жойимда уялиб, хижолатдан қизариб-бўзариб кетардим. Ўқитувчим мендан ниманидур сўраб қолгудек бўлса, баданимни совуқ тер босиб, қаттиқ ҳаяжонланар, тилим калимага келмай қоларди. Ичимдан нимадир тошиб келар, ўша ниманидир қўйиб юборишга ўзимда куч тополмасдим. Биринчи синфни бошлар чоғимиз эди адашмасам, ўқитувчим баргнинг қандай рангда бўлишини сўраб қолди. Болалар чувиллашиб бир овоздан : «Яшил!»-дейишганида, менинг соқов тилимдан «Қизил!»- деган жавоб учди. Болалар жўр бўлиб кулишди. Мен уятдан ерга кириб кетай дедим. Сиз шунчалар қувондингизки, ҳаттоки эгилиб пешонамдан ҳам ўпиб қўйдингиз, тинмасдан чапак чалиб олқишладингиз. Бу ҳайриҳоҳлигингиз ўзимни босиб олишимга, баҳор бўлишига қарамасдан, кузнинг совуқ шамолида маъюс титраётган сариқ- қизғиш заъфарон япроқларни тасаввур этиб, енгил тортишимга сабаб бўлди. Доимо мен билан бирга эдингиз. Биринчи синфни битириб, даҳо Ленин ҳақидаги шеърларни жўшиб айтаётган, кўксимга «Октябрят»ларнинг фахри бўлмиш, жингалаксоч ёш болакай Володиянинг расми туширилган қизил юлдузчани тақишаётган пайтида ҳам, кейинчалик бўйнимга қип-қизил, шойи галстукни ифтихор билан, сип-силлиқ қилиб тақиб юрган, чор Россияси ва бизга «тўкин ҳаёт»ни бахшида этган даҳолари ҳақидаги пафосли асарлар, шеърларни берилиб ўқиётган вақтимда ҳам мен билан бирга эдингиз. Ўз тилингизда нималардир деб, бош бармоғингизни диккайтирар, «Баракалла»-дегандек бошимни силаб, галстугимни тўғрилаб қўйган бўлардингиз. Бу илтифотларингиздан мен беҳад қувонар, янада яхшироқ ўқиб — ўрганишга, дарсларни кучлироқ ўзлаштиришга тиришардим. Гоҳида ўйлаб ўйимга етолмасдим. Ўзимга тинмасдан саволлар ёғдирардим, шундай маҳалларда. Ким бу инсон? Нега доимо ёнимда? Нима истайди мендан? Кўпинча, доимий саволларимдан бошим оғриб қолар, янада ичимдагини топ ва камгап қизга айланардим. Ҳали ҳам ҳаёлларимдан кетмайди(ҳеч қачон унитолмасам керак?!) Илк мактабга қатнаётган дамларимда, дарсдан кейин уйга кетатуриб, икки дугонам устимдан кулишар, масхаралаб, турткилаб кетишарди. Мен эса миқ этмас, фақат ўзимни ҳимоя қилиш учун қўлларимни бошим ўзра қўйиб олар, нуқул изиллаб йиғлаб кетардим. Ичимдаги ғалаённи, норозилик ва аёвсиз тўлқинларни қўйиб юборолмас, натижада янада ҳақир ва бечора сезардим ўзимни. Уйимиз яқинидаги доимо тўлиб оқадиган, серсув ариққа етганимдан кейин, юз — қўлларимни ювардим, ўпкамни босиб олиш, йиғлайвериб ҳосил бўлган ҳиққиллаш ва хурсинишдан қутилиш учун узоқ вақт ўтирардим. Сиз шу заҳоти ёнимда пайдо бўлардингиз. Сарғиш сочларимни силаб, кўз ёшларимни сидирардингиз, елкаларимга қоқиб руҳлантирар эдингиз. Мен бундан анчагина енгил тортардим. Чуқур хурсиниб, жилмайишга ҳаракат қилардим ва қўлингиздан тутганимча, мамнун қиёфада уйимга ошиқардим. Онам юзларимга синчил боқар, доимо бир саволни берарди: «Қизим, нима бўлди, яхшимисан, ёки кимдир ҳафа қилдими?» Мен йўқ деб жавоб берардим, аммо оғиз очиб, чурқ этмас, ҳаммасини айтишни ҳаёлимга ҳам келтирмасдим. Бу қароримга жавобан, сиз яна ҳар доимгидек, мени олқишлар, елкамга қоқиб қўярдингиз. Онамнинг ҳавотирли нигоҳларидан кўзларимни пана қилардингиз. Сизни ҳам эсингиздадир албатта, иккинчи ёки учинчи синфда ўқирдим адашмасам. Хуллас, танафусда мактабимизнинг ўқув қуроллари сотиладиган дўкончасига йўл олдим. Ўзим ҳам билмайман, нима сабабдан олдим, отам тушлик учун берган пулни нима учун ўша ўзим нималигини ҳам англай олмаган(балки, ручга деб ўйлагандирман?) матоҳга сарфладим, нега сотувчи ҳам ўйлаб ўтирмасдан қўлимга тутқазди, ҳозир ақлимга сиғдиролмайман. Синфхонага қўлимда бир даста перо билан кириб борганимда ўқитувчим қайтариб топширишим учун койиб чиқариб юборганди. Сизчи? Сиз бу ишим учун шунчалар қувонган эдингизки, ҳатто, эгнингиздаги мундирингизни ечиб, оҳори тўкилмаган оппоқ кўйлагингизни ҳилпиратиб, завқланиб ўйинга тушиб бергандингиз. Кейин, терлаб кетган пешона ва бўйнингизни рўмолчангизда арта туриб, менга нималарнидир узоқ тушунтирган эдингиз. Битта перони олиб чўнтагимга яширгандингиз. Мен ҳали ҳамон сизни тушунмас, аммо, тинглар эканман, далда бераётганингизни тушуниб турар, руҳим енгиллашар, ўзимга бўлган ишончим аста — секин ортиб борарди. Сиз билан биринчи марта танишиб, сўзларингизни англай бошлаган куним бошим кўкка етган эди. Ўн уч — ўн тўрт ёшларда эдим, адашмасам. Қандай бошланди, нима ундади, буни эслолмайман, аммо, қўққисдан шеърлар ёза бошладим. Сизнинг қувончингизни ҳозир таърифлаб берольмайман. Айта оладиганим, қувончдан ер — у, кўкка сиғмаган эдингиз. Қўлларимни сиқиб, мамнунуият билан хитоб қилдингиз: -Энди танишсак ҳам бўлади, қизалоқ! Камина, Феёдор Михайлович! -Феёдор Михайлович?- пешонамни тириштириб ўйлай бошлайман.(ўша пайтларда «рус адабиёти» дарсликларимизга Достоевский киргизилмаган эди) Рус адиб ва шоирларини бирин кетин ҳаёлимдан ўтказа бошлайман. Ҳижолат чекаман. У эса жилмаяди. — Табиий ҳол, ҳижолат чекманг, азизам. Танишиб олишга ҳали вақтимиз бисёр. Қани шеърларингиздан баҳраманд этингчи. Мен кўзларимни олиб қочаман. Кескин бошимни инкор маъносида чайқайман. Шеър дафтаримни сумкамга яшираман. Шу кундан эътиборан, Феёдор Михайлович Достоевскийнинг асрларини қидириб бошладим. Аввалига, Отамни шахсий кутубхонасини ағдар — тўнтар қилдим. Тополмагач, шоир амаким Жалил Бўри (отамни укалари) нинг ёнига югураман. Не кўз билан кўрайки, Феёдор Михайлович амакимнинг ёнида китоб мутолааси билан машғул бўлиб турганига гувоҳ бўламан. Амаким иккаласи мутолаадан бошини кўтариб менга қарар экан, бир хил тусда, ўзгача бир меҳр билан жилмайиб қўяди. Суҳбатимиз давомида амаким Толстой ҳақида жўшиб сўзлаб беради.(амаким Толстой ижодига меҳр қўйганди) Қўлидаги мутоаа қилиб ўтирган «Уруш ва тинчлик» романини ўқиб чиқишимни тавсия қилади. Мен ҳали ҳам мутолаа билан банд бўлган Феёдор Михайловичга бир қўр назар ташлаб оламанда, амакимдан унинг асарларини сўрайман. Амакимнинг юзида қандайдир мен тушуниб ололмайдиган ҳижиллик, бесаранжомлик лип этгандай бўлади. Китоб жавонидан қалингина, кўп ўқилавериб, муқоваси анчагина титилиб, хиралашиб қолган китобни олади. — Мана, ол! «Телба»- дурдона асар,- амаким ёнида ҳали ҳам мутолаа билан машғул бўлиб ўтирган Достоевскийга кўз қирини ташлаб жилмайиб қўяди. Кейин, ғамнок кўзларида бирдан қувноқ учқунлар жилоланиб, менга пичирлайди: — Яхшиси, аввал Толстойни ўқиб кўр!- Феёдор Михайловичга қараб тиржаяди,- Достоевский кутиб туради! Феёдор Михайлович қўлидаги дафтарлардан бош кўтариб шўх ва қизғин хохолайди.- Ҳаммасини эшитиб турибман, биродар!-қалин дафтарларга ишора қилади,- Қизалоқни онгини заҳарлагандан кўра, шеърларингни чоп эттирсанг бўлармиди?! Бунақасини фақат Пушкинда ўқиганман! Ажойиб! Амаким қўл силтайди. Аччиқ табассум қилади.- Қўявер ошна, дафтарда қолаверсин! Мен бу орада «Телба»ни аллақачон қўлимга олиб, ўқий бошлаган бўламан. Амаким билан хайрлашаман. Эшикдан ҳатлар чоғимда амаким яна гап ташлайди. -Ҳеч бировни мактубларини ўқиганмисан! -Йўқ, ҳеч қачон! Менимча, бировни хатини ўқимоқ, ўзга кўнгилга ҳужум қилмоқдир! — Баракалла! Аммо, шундай мактублар борки, эгаси қўлларинга тутқазади. Ўқигач, уни беш қўлингдек англайсан! Мен елка қисиб қўяман. Эшикдан чиқиб, кетишга чоғланаётганимда ичкаридан Феёдор Михайловични овози келади. — Биродар, ҳаддингдан ошма! У жуда беғубор, ҳали мактубларимга тайёр эмас! Аммо, ўқиган тақдирида ҳам мени кечиради деб ўйлайман! Амаким қаҳ — қаҳ уриб кулади.- Ошна, ўзингни бос, тутқаноғинг тутиб қолмасин. Қанчалик яхши бўлмасин, у сенга телба Мишкининг эмас! Кечирмайди! Мен уни биламан, отасига ўхшаган, бетинга қарамайди. Ўқиган куниёқ! -Бас қил! Телба! Шу бўлди — ю, амакимнинг ёнига тез — тез қатнайдиган, Достоевский ҳақида, унинг ижоди, ҳаёт йўли ҳақида узун суҳбатлар қурадиган бўлдик. «Телба»ни тугатиб, «Ака — ука Карамазов»лар, «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар», унинг кичик ҳикояларидан тортиб, йирик асарларигача ўқиб чиқдим. Бу орада йиллар ўтиб, битирувчи синфга ҳам яқинлашиб қолгандим. Достоевский ҳамон ёнимда, мен эса унинг ижодига бўлган чексиз меҳрим туфайли оз вақтга кўринмай қолса ҳам саросимага тушиб қолардим. У менга доим бир саволни бераверарди. — Нега, бунчалар ҳокисор ва яхшисан? Нега ёмонликларга яхшилик билан жавоб берасан? Нега бутун дунёга яхшилик кўзи билан қарайсан? Мен ўйлаб ўтирмасдан кўнглимда борини тўкиб солардим.- Феёдор Михайлович, ҳудди сизнинг телба Мишкинингиз каби, мен ҳам ёмонликни бир баҳя бўлса ҳам ҳаёлимдан ўтказмайман. Ёмонлик қилганларга ёмонлик қайтарсам, улардан нима фарқим қоларди? Яхшилик ҳеч қачон беиз кетмайди, ҳеч бўлмаса ундан ёмонликдан азият чеккан кўнгилларда таскин қолади. Яхшилик билан ёмонлик доғларини ювиш мумкин. Яхшилик доимо яхшилик олиб келади. Сизга айтсам, мўмин — қобил, ҳокисор табиатимнинг энг асосий сабаби, яхши одамларнинг фарзанди бўлиб дунёга келганимдир. Онам ҳаттоки, чумолиларга озор беришимизни истамас, болалигимиздан бизни фақатгина яхшиликларга ундарди. Отамчи, отам: «Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилавер, вақти келиб, яратган кўнглига солса, у ҳам яхши инсонга айланиши ҳеч гапмас!»-дердилар. Отам ва Онамни ҳеч қачон кимнидир кўнглини оғритганларини эслолмайман. Улар ўн фарзанд эмас, ўн жавоҳир тарбия этдилар. Жавоҳир инсонлар… У мени олқишлаб, баракалла дегандек бош ирғаб қўярди. Мактабни битирар чоғимда қўлимга унинг мактублари тушиб қолди. Мактубларни ўқиганим сари Феёдор Михайловични янада теранроқ англай босладим. Унинг олийжаноб, ўзга ижодкорлар ижодига ҳайриҳоҳлик билан назар ташлайдиган, адабиёт ривожи учун хизмат қилишга чин кўнгилдан бел боғлаганини тушуниб етдим. Адабиёт не экани, ижодкорнинг мақсади мазмунини ёнғоқ мағзи каби чақиб олдим. Айни қиш қаҳратонида Петропавловск, қамоқхонасидан, Симпалатинск сургунидан туриб акаси Михаил Михайлович Дастоевскийга битган мактублари кўнглимни вайрон қилди. Унинг сабр — матонатига яна бир карра ҳайратланишимга сабабчи бўлди. Аммо, шундай бир кун келдики, мен унинг ўша Ўрта Осиё мустамлакачилиги ҳақидаги ўй — фикрлари, ҳатти — ҳаракатларини билгач, беихтиёр унга бўлган улкан нафратни ҳис эта бошладим. Энди уни кўриб, кўрмасликка олар, гапларини эшитмаётгандек тутардим ўзимни. Болалик чоғларимдан мени яхшиликка ундаган, дардларимни аритиб, беғубор ва нозик кўнглимни тонгги шабнам каби асраб келган самимий, даҳо инсон у эканлигини ўйлаганим сари, ғазабим тошиб кетаверар, адабиётдан тобора узоқлашаётганимни ҳис этардим. Мен қасдма — қасдига яхшидан, ёмонга айлана бордим. Кўнглим қаърига чўкиб қалашиб ётган оғриқлар бош кўтариб кела бошлади. Болаликда бўлган шўхлигида дея «кечирган» ўша икки дугонамни неча йиллик таҳқирли нафратим билан янчиб ташладим. Масхаралаб устиларидан кулдим. Аълога ўқиганим сабабли, камгап бўлсам ҳам эндиликда ўзимга яраша мавқейим бор эди. Ҳикоялар ёки шеърлар ёзиш ўрнига дугоналаримга ошиқлари томонидан ёзилган бемаза мактубларга масхараомуз жавоб хатлари ёзиб берардим. Тўғрироғи улар йигитларнинг ҳақоратли мактубларини олиб келиб, ўқишимни илтимос қилар, жавоб хатини ёзиб беришимни ўтинарди. Мен бисотимдаги энг «чиройли» сўзларни айтиб турар, улар эса хатга жавоб ёзишарди. Адабиётни ўлгудек севиб туриб, тиббиётни танладим, деярли ҳеч кимни ўқимай қўйдим, шеър дафтарларини йиртиб отдим. Шеърлар ёзишни унутдим. Феёдор Михайловичга бўлган юксак ҳурматим сабаб, унинг она тилини мукаммал ўрганиб, эркин сўзлаша олардим.(Қолаверса, мустабид тузумнинг мақсади ҳам шу, эди; тили ва маданиятини онгимизга сингдириш) Эндиликда, ҳаттоки бу тилда сўзлашиш тугул, уларни эшитишни ҳам истамасдим. Одамлар қилган юзсизликлар, ёмонликлар учун тил жавоб бермаслигини, миллат айбдор эмаслигини тушуниб турсамда, тан олишни истамасдим. Нафратим сабаб, онда — сонда бўй кўрсатиб қолган Феёдор Михайиловичга бир куни охирги марта заҳарханда қилдим: — Энди тушуниб етдим сизни, ўша қизил юлдузча — кўксимиз тамғасини таққанимда, қип-қизил бўйинбоғ(пеонерлар фахри)ни бўйним билан биргаликда руҳимга занжир этиб боғлаганларида нега бунчалик хурсанд бўлганингиз, тузумингиз ҳалқимни масхаралаб, оёқ ости қилишганида, орзу — ниятларингиз амалга ошиб, бахтиёр бўлганингизни англадим. Сизга тасаннолар бўлсин князь! Тилингиз не сўйлайди — ю, кўнлингиз нелар дейди..?! Кунлар келдики, суянчиғим, келажакда менга беминнат устозлик қилиб, ёнма — ён адабиёт гулшанларида қанот қоқадиган йўлдошим — амаким, бу дунёни жуда эрта тарк этди. Жанозада оломон орасида бошқа адиб ва шоирлар билан бирга Феёдор Михайловичга ҳам кўзим тушди. «Мана сизга яхшилик жавоҳирининг аҳволи князь, мана сизга яхшилик ва ҳокисорликка жавоб! Амакимни ўлмасидан олдин ўлдирган эдилар. Уни телба атаб, масхара қилганлар юзсизларча жанозасида сохта йиғлаш қилдилар. Шеър дафтарларини варақлашиб, «Даҳо, эрта кетти, яхшига кун йўқ!»-дедилар. Ҳа,яхшига кун йўқ, яхшиликка ўрин йўқ бу ҳаётда! Феёдор Михайлович бошини эгиб, анча вақт ёнимда, аччиқ сўзларимга қулоқ солиб ўтирди. У энди мункиллаб, қартайиб қолган,соч- соқоли ўсиб кўксига тушган, аммо, гап сўзлари дадил, ўзи ҳам бардамгина эди. — Биласанми, сен ҳеч қачон ёмон бўлолмайсан. Шунчаки, жуда мағрур ва ҳақиқатпарастсан, кинягиня.(у турмуш ўртоғимда князь Мишкиннинг айрим жиҳатларини сезганидан буён мени шундай атарди)- узун соқолини тутамлар экан маъюс жилмайиб қўйди. — Ижодкор ҳам инсон! Беайб ёлғиз парвардигор! Одам боласи эса, хатолар қилади, ҳар бирининг ўзига яраша ҳақиқатлари бўлади. Шахсият ва ижод бир — бирига зид бўлган, икки хил тушунчлардир. Ҳуддики, яхшилик ва ёмонлик сингари… Шу билан амакимни ҳам, Феёдор Михайловични ҳам йўқотдим. Йиллар сўрони, юзларимга 40 йиллик ажинлар нақшини солди. Ҳаётни кўрдим. Яшадим. Унинг ҳақиқатларини англадим. Ёшлигимдаги беғубор қарашлардан, фақатгина қақшаган асаб толалари, ўткир нигоҳлар ва кескир сўзлар қолди. Бир куни қўққисдан оқ халатимни ечдиму, илҳом парилари ҳамроҳлигида адабиёт оламига қадам ташладим. Ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, барча — барчаси билан танишдим. Улар билан самимий дўст бўлишни, Феёдор Михайлович каби фикрлар алмашишни, адабиётимизни биргаликда юксакларга олиб чиқишни истадим. Лекин, уларнинг ҳам оддий одамлар эканлигини, мендек бир телбани тушуна олмаслигини ёдимдан фаромуш этдим. Қайсидир дўстона самимиятимни маддоҳликка, яна қайси ижодига бўлган меҳримни кўз сузишга, ижодимни эса масхара мавзусига айлантиришди. Ваниҳоят, сизни англадим, князь, ижод кун бўлса, шахсият тун бўларкан… — Телба!-дедингиз, берилиб «Телба»нгизни ўқиб ўтирган ижод столим ёнидаги оромкурсида пайдо бўларкансиз.- Биласизми, кинягиня, аёллардан кучли ижодкорлар чиқмаслигининг сабаби не? Елка қисаман. -Балки, турмушнинг майда — чуйда ташвишларига чалғиб қолиши сабаблидир? -Йўқ, сиз аёллар зукколик ва назокат билан, фавқулотда ошиқиб қалам тебратасизлар. Сиз ҳам бу қусурдан мустасно эмассиз. — Биласизми, Феёдор Михайлович фикрингизга мутақ қўшиламан. Ҳақсиз, ниҳоятда шошқалоқлик билан ёзаман. Онгимда ғужғон ўйнаётган ғоя ва қарашларимни тилимга чиқариб олишга жуда қийналаман. Шошилиб сўзлайман, шошилиб қарорлар қабул қиламан. Ҳаттоки, эълон қилиниб бўлинган ҳикояларимни ҳам қайта таҳрирлаб ўзгартирган пайтларим бўлган. Сизнинг мактубларингизни эса қайта — қайта ўқийман, куч, илҳом, ўзимга улкан ишонч оламан. Англаганим шуки, князь Мишкинлар ҳаётимизда кам учрар экан, учрагани ҳам одамлар томонидан таҳқирланиб, масхара қилиниб, телба тамғаси босилар экан. Агар сизнинг «Телба»нгиз ҳаётга тадбиқ этилса, романингиз умуман бошқача якун топарди. Ҳокисор Мишкин қотилликда айбланиб, дорга осиларди. Қарабсизки асл ҳаётий якун бўларди… Феёдор Михайлович соч — соқолини бармоқларида тараб текислаган бўлади, томоқ қириб, бошини сарак — сарак қилади. Кўзлари ўткир боқиб, қаддини ростлайди. -Ошиқма, кинягиня, ошиқма..!!! Кейин ижод столимда дафтарига нималарнидир ёзиб ўтирган амакимни елкасидан туртади. -Биродар, қайтамиз! Амаким ўрнидан турар экан, менга тикилади, нимадир демоқчидек оғиз жуфтлайди. Туманга айланиб хиралаша бошлайдилар. — Амаки…Феёдор Михайлович… Совуқ шамол деразам пардасини куч билан тортқилаб ҳилпиратади. Ижод столим устида турган «Телба» нинг саҳифалари тўхтовсиз ширт — ширт варақланаверади… Турмуш ўртоғим (шифокор) ишдан қайтгач, ёнига ўтириб кўзларига тикиламан. У мени дарров тушунади. -Гапир, нима гап?-дейди жиддий оҳангда. -Биламан, мени ёлғиз сиз тушунасиз. Баъзида ўзимни ўзим тушунолмай қоламан. Ҳафа бўлсам мусиқа эшитиб рақсга тушаман, қувонсам йиғлагим келади, билиб билмаганга оламан. Одамлар билан муносабатларда қийналаман, гавжум жойларда саросимада қоламан. Хотирам чатоқ, сўзлай туриб, гапларимни йўқотаман. Ёлғизликда бахтлиман. Нима, дейсиз, Психиатрга кўринсаммикин? Шизофреник эмасмикинман? — Яна қанақа Шизофрения? -энсаси қотиб кафтини пешонамга босади. -Ҳароратинг йўқ, демак, алаҳламаяпсан. Яна ёзолмай қолдинг шекилли? Ҳавотирланма, сен шунчаки телбасан! Ёқимтой ва ақилли телба!
2022-07-29
http://nodirabegim.uz/archives/4776
Тонг саҳардан денгиз безовта. Кечаги сокин мавжланиши ва ройишлигидан ном-нишон йўқ. Қутурган ва жиловини йўқотган тўлқинлари қирғоққа шиддат билан урилиб, атрофга кўпик аралаш сув пуркайди. Тепасида учиб юрган сон-саноқсиз балиқчи қушлар ва чағалайлар унинг безовталигини фаҳмлашган чоғи юзасига оёқ қўйишга иккиланишади. Безовта бўлганча бири олиб, бири қўйиб теграсида чириллашади. Шу йўл билан гўё балиқ овлашнинг иложини қилолмай хуноблари ошганини билдирмоқчи бўлишади. Оч қорин сабабли бўлса керак тумшуқлари асабий қимирлай-қимирлай денгиз узра доира бўлиб учишади, кўзлари олазарак бўлиб пирпираганча олма-кесак теради. Чўмилиш мавсуми бўлса-да, ҳаво булутли бўлгани учун соҳилда одам кам. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган турли ирқ ва кўринишдаги ажнабий сайёҳларнинг кўпчилиги ёмғир ёғиши эҳтимолини юқори баҳолаб меҳмонхонада қолишни ёки шаҳар бўйлаб ёйилган тарихий обида ва масканларни зиёрат қилишни афзал кўришган шекилли, уларни бармоқ билан санарли қисмигина соҳил атрофига қўлбола чайла тиккан. Ярим яланғоч аҳволда чўзилиб ётганча уларнинг баъзилари мум тишлаб китоб ёки газета мутолаа қилиш билан овора бўлса, баъзилари гуруҳларга бўлинганча қийқириб волейбол ёки бадминтон ўйнаб ҳордиқ чиқаришни лозим топишган. Баъзилари эса тик турганча дурбин билан қоп-қора тусдаги денгизнинг ниҳоясиз сарҳадларини кузатишни ихтиёр этишган. Осмоннинг афт-ангоридан худди соҳил бўйлаб кўп ўтмай майдалаб ёмғир ёғадигандек. Булутлар ортига беркинган қуёш онда-сонда кўриниш бериб, жамолини янги келинчакдек кўз-кўз қилади-да, бир пасда жуфтагини ростлайди. Денгиз тарафдан билинар-билинмас шаббода эсади. Одатда эрталабдан қуёш тиғида қизиб, ялангоёқ юрилганда оёқларни куйдирар даражада ҳарорати ортадиган қум бугун мўътадил. Оёқ остидаги унинг майда, кўз илғамас зарралари ҳатто оёқларни силаб-сийпалаётгандек таассурот уйғотади. Товон остини майин қитиқлаши ҳам сезилади. Завқ-шавқ билан, шаталоқ отиб югургиси келади одамнинг. Қирғоқ яқинига келиб, мен ҳам бир тўда шинавандалар қўшиламан-да, рюкзакимдан дурбинимни оламан ва тик оёқда денгизни кузатишни бошлайман. У қорайган тусда бўлишдан ҳам кўра ақлдан озган тўлқинлари билан юракка ваҳм солса-да, шовуллаши билан алланечук юракка таскин беради. Кузатганим сари унинг охири йўқдек, олис масофаларга чўзилган сарҳадлари қуёш ботадиган уфққа туташиб кетадиганга ўхшайди. Шундоқ тепамда турган қовоғи солиқ қора булутлар тобора унинг ичкарисига сузиб боради. Пича ўтиб уларнинг таъсирида денгиз ҳадемай ростакамига қутуради, тилларда достон бўлган даҳшатли бўрон ва довули бутун ҳудуди бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Кемалар ва уларнинг ичидаги жонларга ўзи сабр берсин! Буни хаёл қиларканман Айвазовскийнинг машҳур “Тўққизинчи вал” картинаси кўз олдимга келади. Бутун ҳаёти давомида Қора денгиз ва Қрим ўлкаси манзараларига мафтун бўлган Иван Константиновичнинг ўша картинасини ҳар томоша қилганимда бўёқлар ёрдамида гавдалантирилган денгизнинг ҳайбати дилимга қўрқув солса, унинг шаштидан омон қолишга бўлган умидини узган қайиқдаги ночор кишиларнинг пажмурда нигоҳлари унга хавотир оралатарди. Картинадан кўз узмас эканман, денгиздан қўрқар, одамларга бўлса ичим ачишарди. Сал ўтиб қулоқ остимда Вивальди басталаган машҳур “Бўрон” номли куй янграйди. Бу куйни илгари ҳар тинглаганимда қон босимим ошиб кетар, юрагимнинг уриши тезлашар, унинг темпи ва оҳанг пардаларига мослашолмай асабим зўриқарди. Аммо барибир кўп тинглардим, юрганимда ҳам, турганимда ҳам қулоқчиним фақат шу куй учун қулоқларимга тақиларди. Унинг оҳанграбодек ўзига тортадиган нимасидир бор эди. Бастакор ва ижрочининг истеъдодига ҳам қойил қолардим. Айниқса, жозибали Ванесса Мэйнинг скрипкасида у бошқача оҳанг таратарди. Вивальдининг куйи тиниб улгурмай кетидан яқин ўтмишнинг лирик қўшиқчилари Юрий Антонов ва Муслим Магомаевнинг таниш овозлари қулоқ остимда жаранглайди. Даҳо мэтрлар! Денгизнинг бетакрор куйчилари! Антоновнинг ширали, Магомаевнинг улуғвор овози денгизни тинчлантириш учун гўё она болага илингани каби гоҳ сокин алла айтади, гоҳ уни тенги йўқ ватанпарвардек ўзгача юқори кайфиятда, пафос билан мадҳ этади, гоҳ ёрдан ўпкаланган ошиқдек чокидан сўкилган юрак ноласини бўғзидан отилаётган қасидага сингдириб унга ёлворади. Улар бирин-кетин “денгиз, денгиз” деб куйлашга тушишади, денгиз эса уларнинг овозидан, мадҳ этишларидан ва ёлворишларидан сармаст бўлади. Дам ўтмай денгизда бўрон бош кўтаришга шайланади. Довул бошланади. Юнон мифологиясининг гултожларидан бирига айланган Посейдон гўё денгиз сувидан моҳир меъмордек баланд қаватли, осмонўпар биноларни ясайди ва бу бинолар бир-бирига телбавор куч билан урилади, ўртада улкан пўртана ҳосил бўлади. Бу манзарани худди дурбиндан яққол кўриб тургандек, илкис сесканиб кетаман. Кўзларим илкис пўртана ичига тушиб қолган кемани илғайди. -Робинзоннинг кемаси,- дейман ногоҳ уни таниб, чинқириб юборгудек аҳволга тушарканман. Ивиб кетганидан ҳўл кийимлари танасига ёпишиб қолган ёш Робинзон жон сақлаш учун кема палубасида ўзини минг бир кўйга солади. Кўзлари ола-кула бўлиб у ёқдан бу ёққа чопади, ҳансираб кема штурвалини тўғрилайди, бор кучини сарфлаб елканларини тортади, тиз чўкиб сочларини юлганича фарёд уради, Яратганга юзланиб тили калимага келиб-келмай нажот сўрайди. Лекин денгиз шаштидан қайтмайди. Унинг кўкка қаратилган муножоти устидан хандон отиб кулади, бир лаҳзада кема елканларини йиртиб, штурвалини синдириб ташлайди. Абгор ҳолатга келган кема бор-буди билан унинг қаърига чўкади. Робинзон кемаси фожеаси кўздан йўқолиб улгурмай тўлқинлар устида бир бош кўринади. “Чўкаётган одамми?” деб ўйлашга тушаман дастлаб, аммо фурсат ўтиб фикрим ўзгаради. Иф қалъасидан қочган Эдмон Дантес танасида куч қолмаган бўлса-да, бир амаллаб сузишда давом этади. Гоҳ боши денгиз тубига кириб, гоҳ юзасида кўриниш бериб, қўл ҳаракатлари тобора секинлашиб сузаркан, эрк учун қўл урган бу ишига сира афсусланмаётгани, аксинча олдинда турган қасос ўти унга қўшимча куч бағишлаётгани салқиган кўзларида зоҳир бўлади. Шунга қарамай қуруқлик илинжида тўрт томонга илтижоли боқади. Кўп ўтмай сузавериб кучдан қолади ва тақдирга тан бергандек чалқанчасига ётиб қўлларини икки ёнига ташлайди. Денгиз уни ютишга тараддудланади. Шунда қаердандир ноодатий кийинган, юзига ниқоб таққан балиқсимон одам пайдо бўлади. “Одам амфибия” дейман дурбин орқали уни кўриб юрагим орзиқаркан. Ихтиандр Эдмон унинг қўлтиғидан дадил тутиб, ўзи беш қўлидек билган денгизни оралаб яқин ўртадаги қирғоқ сари сузиб кетади. Денгизда қисқа вақт давом этган бўрон узоққа бормайди. Ҳайтовур тинади, ваҳшати сўнади ва уйқуга кетгандек тинчланади. Кетидан теварак- атрофни қамраган кулранг туман ва кўкдаги қора булутлар ҳар томонга тарқайди. Осмонда қуёш росмана бўй кўрсатади ва чарақлаб табассум улашади. Нур сочиб уйқуга кетган денгизни силаб-сийпалайди. Денгиз устида қувлашмачоқ ўйнашга киришган шуълаларини энтикиб кузатарканман, кўзим штурвалини ўспирин бошқариб кетаётган ўртача катталикдаги елканли кемани илғайди. Ўн беш ёшли жасур Дик ва унинг ёнидаги алпқомат Геркулесни кўриб севиниб кетаман. Кўзларим соғинчдан намланади. Ўсмирлигимнинг ширин хотирасига айланган бу икки дўстим менга бирин-кетин қўл силкишади, ҳол-аҳвол сўраб жилмайишади. Уларга намланган кўзларим билан тикилганим сари “адабиёт шунақа нарсаки, унда ўн беш ёшли ўспирин бутун бошли кемани бошқариши мумкин”, деган гапимни ёдга оламан ва адабиётни шунинг учун ҳам қаттиқ севишимни теран ҳис қиламан. Қирғоқдан туриб овозимни борича “Қадрдоним, Дик” деб ҳайқиргим, денгизга калла ташлаб кема олдигача сузиб боргим келади. Афсуски, кема мени кутиб турмайди, бурилиб олислаб кетади. Охири миттилашиб, қора бир нуқтага айланади. У кетган томондан қўққис юза қисмига “Наутилус” деб ёзиб қўйилган сув ости кемасининг аввал бош қисми, фурсат ўтиб бутун гавда қисми сув остидан кўтарилади . Унинг мағрур капитани қаддини ғоз тутиб, қўлларини кўксига чирмаштирганча мен турган томонга бошини буради . Дурбиним ёрдамида ўсмирлигимда мени бетиним ҳайратлантирган Капитан Немони яқиндан кўраман. У билан ўша олисда қолган ўтмишдагидек соатлаб суҳбатлашгим , Жюль Верн ёзган китобда келтирилган ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари борасида уни саволга тутгим келади. Аммо у рўпарасидан келаётган каттакон кемани пайқаб, “Наутилус” билан денгиз остига шўнғиб кетади. Бу қанақа кема бўлди экан дейман. Каттакон кема ўз ҳайбати билан мени илк дақиқаларда сескантиради. Уни атрофлича кўздан кечираётганимда палубаси четида турган навқирон, келишган, зиёлилардек дид билан кийинган йигит эътиборимни тортади. Кўзимга иссиқ кўринади. Уни аввалига танимайман. У маъюс нигоҳини денгизга тикиб, турган ерида қимр этмайди. Шунда бирдан сусая бошлаган хотирам ишлаб кетади. Моддий манфаат доимо устун қўйилган ва мунофиқларга тўлиб-тошган жамиятдан зериккан Мартин Иден денгиздан нажот кутиб ҳорғин нафас олади. Толиққан қалбига, жароҳатланган ғурурига ва ушалган бўлса-да, татимаган орзуларига ундан малҳам кутади. Шу илинжда ўзини денгизга ташлайди. “Мартин ундай қилма” деб оғиз жуфтлашга чоғланаман, аммо овозим чиқмайди. Шўрлик денгизга ғарқ бўлади. Орзулари бисёр бўлган, очиқкўнгил ва тўғрисўз йигитдан қандайдир дақиқалар ичида асар ҳам қолмайди. Бунга чидолмайман ва дурбинни пастга тушириб, қумга беҳол чўкаман. Юрагим сиқилиб, кўзимга дунё тор бўлиб кетади. Мартиннинг дардини худди талабалик пайтимда бўлгани каби яна бир марта елкамга ортмоқлаганим дилимни хуфтон қила бошлаган бир пайтда кимдир дағал қўли билан елкамдан туртади. Норози алпозда ўгириламан ва қўрқувдан кўзларим қинидан чиқиб кетай дейди. -Оролга яширинган хазинага элтувчи йўлни топдим,- дейди Стивенсоннинг чўлоқ қаҳрамони ўзидан бадбўй ҳид таратиб кемшик тишлари билан иржаяркан.-Менга шерик бўласанми, мишқи? Хазина ўртамизда тенг тақсимланади. Элликка эллик. Унга жавоб бериш-бермаслик хусусида бош қотираётганимда қариянинг қиёфаси рўпарамда сигарет тутуни каби тарқаб кетади. Нозиккина, сочлари сарғиш, навниҳол қиз аллақаердан пайдо бўлади ва қирғоққа яқин келиб, денгизга узоқ назар солади. Кейин менга юзини буради. -Алвон елканлар қачон келаркин, жаноб?- дейди йиғламсираб.- Мабодо билмайсизми? Улар Яратганнинг жувонмарг бандаси Ассолни роса куттиришди. Бир пас ўтиб унинг ёнида қоқсуяк, фақирона кийинган, хўроз кўтарган кўримсиз мўйсафид кўриниш беради. “Бечора полковник” деган нидо ичимда отилишга шай ҳолга келади. -Почтачи кема қачон келаркин? Менга мактуб олиб келиши керак, -дейди у хиралашган кўзларини дам менга, дам денгизга тикиб.- Ҳукуматга нафақа тайинлашларини сўраб хат ёзганман. Жавоби кечикяпти, роса кечикяпти. -Оқ кема-чи?- дейди узоқдан чопиб келаётган қисиқ кўзли болакай.-У кўринмадими мабодо? У нафасини ростлаб денгизни астойдли кузатади. Шундан сўнг тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек худди мен каби қумга чўккалайди. Бошини эгиб, оғир хўрсинади. Уларнинг ёнидан қайиғини қумда судраб бир чол ўтиб кетади. Чол ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, ҳали тетик, ўзини олдирмаган, ёш йигитлар бажарадиган ишларга қодир кўринади. -Ҳаво яхши, айни балиқ тутадиган,- дейди кенг пешонасини тириштириб денгизни бир қур кўздан кечириб чиққач.-Бу сафар меҳнат қилиб тутган ҳеч бир балиғимни ярамас наҳангга бермайман. Кейин бир ҳаракат билан қайиғини денгизга итариб, қўл томирларини бўрттириб эшкак эшганча унинг ичига сузиб кетади. Унинг ортидан жим қараб қоларканман, фурсат ўтиб бу кўрганларимнинг бари хомхаёл ёки галюцинация эканини , ўсмирлик ва ёшлик пайтимдаги қадрдонларим шунчаки кўзимга кўринишганини тушунаман. Аммо руҳимда ажиб бир енгилликни туяман. Бу енгиллик зерикарли ва бир хилликдан иборат бўлиб қолган ҳаёт қолдирган юкнинг залварини бир қадар камайтиради, унинг анчадан бери камина учун оқ-қора рангдан иборат бўлиб қолган тасвирига турфа рангларни қўшади, ундан мазмун қидириб чарчаган ва ёлғизликка гирифтор бўлган вужудимга ором бахш этади. Ичимдаги бор оғирликни қирғоққа ташлаб, соҳилни тарк этаман. Меҳмонхонанинг овқатланиш залига юзим ёришиб кираман. Бу ерга келганимдан бери тунд юришимга одатланиб қолган эшик оғаси мендаги ўзгаришни яхшиликка йўйиб жилмайганча “Gun Ayden” деб кутиб олади. Тушлик қилаётганимда ҳам бу енгиллик мени тарк этмайди. -Бу ернинг таомлари лаънати Англияникидан мазалироқ,- дейди бир пайт рўпарамга олифтанамо кўринган йигит келиб ўтириб. У официантни чақириб, таомларга буюртма беради. Официант кетгач, олдидаги муздек апельсин шарбати тўлдирилган стаканни бир кўтаришда бўшатади-да, сочиққа лабларини артиб менга қўлини узатади. -Кемадан ҳозиргина тушдим. Исмим Дон Жуан. Унга лабларимда табассум билан тикилиб олдимдаги товуқ филесидан татиб кўрарканман, ичимда “яхшиям шу хомхаёллар бор” деб қўяман ва иштаҳа билан таомни паққос туширишни бошлайман.
2022-05-08
http://nodirabegim.uz/archives/4786
Уни Дунай деб аташади. Ундан Оврўпонинг ярми сув ичади. У жудаям кўҳна дарё бўлиши билан биргаликда Оврўпо моддий ва маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. У қишда табиат билан бирга уйқуга кетади ва ҳайбатидан асар ҳам қолмайди. Фасллар келинчаги бўлмиш баҳорда cув сатҳи кўтарилиб, тўлиб-тошиб оқади. Ёзда тинкаси қуриган одамдек ланж кўриниш касб этади. Куз атрофга ҳукмронлигини ўрнатгач сокинлашади ва шилдираган овози ўлик сукунат қўйнига сингиб, ҳатто оқаётгани сезилмайди. Бу ажабтовур дарё ой тўлишган кечада ғоят нафислашади, гўё фусункор чиройини кўз-кўз қилгандек ой шуъласида суви жимирлайди ва тун билан жўрликда юзасидаги ой аксини рақсга чорлаб қўшиқ хиргойи қилаётгандек таассурот қолдиради. Кундузи оламни ўз заррин нурлари билан қуёш қамраганида унга қўшилиб, эҳтимол унинг жамолидан кайфи чоғ бўлиб жилмаяди, сарҳадсиз кенгликларга чўзилган ҳудудида бу ял-ял товланадиган нурларнинг ўзароқ қувлашмачоқ ўйнашини синчков томошабиндек назаридан четда қолдирмайди. Осмон қора булутлар исканжасида кайфи тароқ бўлиб, ёмғир шаррос қуйишни бошлаганида ана шу туби йўқ осмонга тақлид қилиб хўмраяди. Дайди шамол эсишга тушганда, баргларидан дув-дув мосуво бўлганча шитоб яланғочлашиб бораётган дарахтларнинг ҳолатидан дилгир бўлади, оёқ остидаги хазонларга заъфарон нигоҳини тикади. Яна нима дейиш мумкин? Унинг бағридан юздан ортиқ турдаги балиқлар, ранг-баранг сув ўтлари, моллюска ва турли-туман сув жониворлари қўним топишган. -Шундан бошқача таъриф беролмадим сенга, Дунай бобо. -Шунинг ўзи ҳам етиб ортади, қароғим. Мени кўрмай туриб шунча таъриф ва тавсифимни келтирдинг. -Сени ҳис қиламан гарчи ҳеч қачон жонли тарзда кўрмаган ва ўртамиздаги минглаб чақиримлик масофа бизни ажратиб турган бўлса-да. Мен кўрмай туриб бирор бир жонли ёки жонсиз предметни тавсифламаслик лозим, деган педантик фикрга қўшилмайман. Мен учун ўша предметни жонли кўрмоқ эмас, тасаввурим ёрдамида ҳис қилмоқ бирламчи. Чунки,тасаввурсиз инсонни робот ёки ҳайвондан фарқи йўқ. Шу туфайли мудом тасаввуримга таянаман. Юқоридаги педантик фикрга ёпишиб олган догматлар эса тасаввурни безбетларча инкор қилишади. Уларга қолса “ Илоҳий комедия”ни ёзишидан олдин боқий дунёни бориб кўриб келмагани учун ҳатто Данте ҳам айбдор. -Нақадар ажойиб хулоса! Мен ҳам сени ҳис қила бошладим. -Айтганча, Будапештдаги қирғоғингда нега бир қатор тизилган пойабзаллар турибди. -Улар пойабзаллар эмас, пойабзаллар ҳайкалидан ташкил топган ёдгорлик мажмуаси. Бир ҳайкалтарош томонидан анча йиллар олдин ясалган. -Шунақасиям бўладими? -Бўларкан, қароғим. Бунинг тарихи узун. -Айтиб бера қол, Дунай бобо. Қизиқиб қолдим. Дунай истамагандек сокинликда маҳзун оқади. Битиб улгурмаган ярасини тирнаганим очиқ-ойдин сезилади. Худди азадорлар кўйлаб қилиб киядиган дағал қора мато сув устига тортилгандек дарё суви қорамтирлашиб, шилдираган товуши гўё ўксик йиғи овозидек атрофга таралади. Дунай кўз ёш тўкишга, худди одамдек йиғлашга киришади. Увиллаб, фарёд солмасдан ёки пиқиллаб эмас, шунчаки беун , бесас кўз ёш тўкади. Уни шу тобда сиқувга олиш, ўтмиш хотираларини кавлаштиришга мажбурлаш бемаъниликдек туюлади. Шунга қарамай, бир оз ўтиб у ўзи тилга киради. -Ярамни янгиладинг, қароғим. Шунга қарамай барчасини оқизмай- томизмай айтаман. Ичимдаги саксон йиллик дардни тўкиб соламан. Унинг оқиши нотекис кечади. Энди гўё гўдакни ухлатаётган беланчакдек тебранганча тўлқинлари бир қирғоқдан иккинчи қирғоққа бориб келиб, суви қирғоқлар четига шиддат билан урилиб-урилиб оқишда давом этади. -Агар тарихдан озгина хабаринг бўлса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Будапешт Оврўпонинг бошқа кўзга кўринган йирик шаҳарлари қатори нацистлар томонидан ишғол этилганди. У қўлга киритилгач, шаҳарда кечиктирилмай нацистлар ташкилоти тузилди. Бу ташкилотнинг асосий мақсади қадимий мадёрлар заминида нацизм ғояларини кенг томир ёйишини таъминлашдан ҳам кўра кўпроқ шаҳарда тинч-тотувликда истиқомат қилаётган минглаб яҳудийларни бирма-бир ёстиғини қуритиш эди. Айнан шу мақсад туфайли кўп ўтмай нацистлар уларга умуман кун бермай қўйишди. Уларни бетиним таъқиб қилиш, қўлларига кишан солиб қамаш, хўрлик ва ҳақоратларга маҳкум этилган геттоларга қўйлар сурувидек ҳайдаб келиш одат тусига кирди. Немисларнинг нацистик ғояларига ҳайрихох бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари яҳудийларни юзсизларча сотишни, имкон бўлиши билан тутиб беришни йўлга қўйишди. Шаҳар бўйлаб талатўп ва саросима бошланиб, кундалик осуда турмуш тарзи издан чиқди. Фурсат ўтиб, нацизм ўчоғи бўлган Вермахтдан Фюрернинг яҳудийларни битта қўймай қириб ташлашни назарда тутувчи буйруғи етиб келди. Энди немисларнинг ўзлари маҳаллий нацистлар билан биргаликда яҳудийлар қирғинбароти учун бел боғлашди. Улар яҳудийларни бошқа заминлардаги қирғинлардек деворга тираб қўйиб, отиб ташлашмас ёки крематорийларда тириклайин ёқишмасди. Улар бу бечораларни сафга тортиб, қирғоғимга олиб келишарди. Яҳудийлар қўрқа писа у ерда бир қатор бўлиб тизилишар, ораларида навқирон қатлам билан биргаликда қариялар, болалик аёллар, ҳатто ёш гўдаклар ҳам кўзга ташланарди. Нацистлар уларнинг барчасини оёқ- қўлларини арқон билан боғлашар, сўнг қатор бошида турганига қарата автоматдан ўқ узишар, ( улар шу тарзда ўқларни тежашарди) , у эса йиқилаётиб беихтиёр қолганларни ўзи билан бирга бағримга тортқилаб тушиб кетарди. Шунда уқубатли қий-чув атрофни тутар, тезлигим юқори бўлгани ёки сафдаги кўпчилик сузишни билмагани боис аксар жонлар бирма-бир чўкаётиб Худонинг зорини қилиб дод-фарёд солишар, ўкириб ёрдамга чақиришар, сувдан бошлари чиқиб-чиқмай йиғлаб-сиқташар ва ҳеч қанча ўтмай бари тубимга ғарқ бўлишарди. Нацистлар эса уларнинг чўкиб кетишини қирғоқда туриб сигарет чекканча ёки бир-бирига илжайиб латифа айтишганча хотиржам бир алпозда кузатиб туришар, бу бадбахтлар сув устида кўринмай қолишгач, сал олдин оёқларидан ечиб олинган пойабзалларни йиғиштириб қопга солишар ва кейинчалик уларни кимошди савдосида сотишар ёки ўз эҳтиёжлари учун ишлатишарди. Шу тарзда кун ора ўнлаб яҳудийлар қирғоғимда пойабзалларини ечишиб, ҳаёт билан видолашишарди. Мен ҳар гал нацистлардан жирканар, яҳудийларга ачинар, барчаси якун топгач эса ўзимни абгор хилхонадек ҳис қилиб, бағримда тўлиб кетган сон-саноқсиз жасадларнинг залворига дош беролмай алам ва қайғудан шовқин солгим келарди. Шундай кезларда ит эгасини танимагандек қутуриб оқар, гўё лаънати шаҳарни ва унинг ҳиссиз одамларини на танишни, на билишни истардим. Мен бағримга ғарқ бўлган яҳудийларнинг айримларини танирдим. Масалан, улардан бири ҳали ўн гулидан бири очилмаган рассом йигит эди. У ҳар куни қирғоққа келиб, қуёш ботишига ёки мени сокин оқишимга мафтун бўлганча тик туриб расм чизарди. Доим бошида шляпа , соқоли қиртишланган бўларди. Феъл-атвор жиҳатидан оғир, вазмин ва пича хаёлпарастроқ эди. Мольберти ихчам ва чиройлилиги билан кўзни куйдиради. Бўёқларини мис идишга солиб, худди Ван Гогга ўхшаб бўйнига осиб оларди. Назаримда истеъдоди голланд рассоминикидан кам эмасди. Ўлай агар, ундан иккинчи Ван Гог чиққан бўларди. Иккинчиси худди бу заминга киндик қони тўкилган Шандор Петефига ўхшаб ажойиб шеърлар ёзадиган хассос шоир эди. У бўйи паст, қотмадан келган, ғирт она сути оғзидан кетмаган ўспирин бўлиб, тахминимча илҳоми билан айнан шу қирғоқда юз кўришарди. Чунки, пичирлаб шеър тўқиган кўйи бўзчининг мокисидек у ёқдан бу ёққа тез-тез юриб анча вақтгача олдимдан кетмас, гоҳ асабийлашар, гоҳ лабларида табассум балқирди. Узоқ кутилган шеъри туғилиб, хаёлида мукаммал кўринишга келгач эса оёғини қўлига олиб, уни қоғозга кўчириш учун уйи томон чопарди. Мен муболаға қилмаяпман. Ундан аниқ Петефига ўхшаган буюк шоир етишиб чиқарди. Скрипка чаладиган ёш қиз ҳам бўларди. Бу сочлари узун, мовий кўз, юзи сепкилли, озғин яҳудий қиз Паганини мисоли скрипкани гапиртириб юборарди. Скрипкаси нақ одамга ўхшаб гапирарди. “Cалом, Дунай” дерди кўпинча. Баъзида “Аҳволинг яхшими, бобой” деб жиғимга тегарди ярамас. Жуда бўлмаганда эса менга об-ҳаводан зорланар ёки шунчаки нархлар ўйнаб,инфляция даражаси юқорилашаётганидан ўпкаланиб вайсар, “ одамлар қўлида cкрипка бўлиш бахтми ёки дарёми” қабилидаги аҳмоқона саволлар берарди. Унинг қўлидаги скрипка эмас, шунақа гоҳ алмойи-алжойи, гоҳ маънили гапирадиган одам эди. Қиз елкаси узра худди скрпикага айланиб қолган одамни кўтариб олганга ўхшарди. Қирғоққа сайрга келганлар ҳам унга маҳлиё бўлиб боқишар, санъатидан бир муддат баҳраманд бўлишгач, унга чой- чақа ташлаб кетишар, у эса бунга аҳамият бермай, кўзларини юмганча скрипкасини чалгани чалган эди. Қачонлардир у каби мукаммал ижрони мен фақат Паганинида кўргандим. Ўша қиз ўлими куни пойабзалларини истаб-истамай ечган, кейин кўзларини юмиб нацистларнинг ҳукмини кутиб ўтирмай қўлларини ҳавода қимирлатиб, улар ёқиб юборган скрипкасини кўз олдига келтириб, хаёлан скрипка чалганди. Актёр эр-хотинларни айтмасайнми, қароғим? Оҳ, улар ижросидаги пантомимани кузатиш роҳатнинг ўзи эди. Бу роҳатни туйиш менга ҳар куни насиб этарди. Улар жаннатдаги ҳурлар янглиғ санъат деб аталмиш ҳаракатларида софлик, нозиктаъблик ва юксак дидни ўзаро қориштиришган, иккиси ҳам истеъдодли актёрлар эди. Эрининг ҳатти-ҳаракатларида Чаплинга тақлид сезилса-да, барибир маҳоратини тан олмай қолмасдим. Хотини ҳам маҳорат бобида эридан қолишмас, актрисалиги билан ҳар қанча фахрланса ва мақтанса арзирди. Улар қирғоқда кўпинча биргаликда қўлбола томошалар қўйишар, атрофдагилар эса кўча театрини қизиқсиниб кузатишарди. Улар театрда ишлашарди, у ердаги саҳнада исталганча роль ижро этишлари мумкин эди. Аммо тоза ҳавода, боз устига дарё бўйида негадир томоша қўйишга ҳавасманд кишиларга ўхшашарди. Улар трагик эмас, чамаси комедик актёрлар эди, чунки кайфиятлари ҳар сафар чоғ кўринар, норози ёки қовоқ уйган ҳолда уларни сира учратмасдим. Ҳатто, умрларининг сўнгги дақиқалари ўтаётганини, ҳадемай ҳалқумларидан сўнгги нафаслари отилиб чиқишини ҳис қилиб туришса-да, улар пантомимадан воз кечишмаган ва нацистларни калака қилишиб арқонга боғланган ерларида ўз истеъдодларини еру-осмонга истеҳзо аралаш дадил намойиш этишганди. Қирғоққа фарзандини етаклаб бир яҳудий ота ҳам кўп келарди. У фарзандини кўпинча опичлаб олар ва бағрига босганча унга эртаклар сўзлар ёки шунчаки диққатини менга қаратиб унга тарихимни ҳикоя қилиб берарди. Эртаклари турфа хил эди. Шарль Перро, Ака-ука Гриммлар ёки Гофманнинг ўша машҳур ва ажойиб-у ғаройиб эртаклари унинг забонидан янгича кўринишда таваллуд кўриб, меҳр билан фарзандининг қулоғига қуйиларди. Бундан ташқари у фарзанди билан бу ерда турли хил ўйинлар-гоҳ қувлашмачоқ, гоҳ копток тепиб футбол ўйнарди. Нацистлар иккисини бошқаларга қўшиб бу ерга ҳайдаб келган куни у фарзандига қарата “ биз ҳозир “суд-суд” ўйнини ўйнаяпмиз, қўрқма болажоним, бизни ёлғондакам суд қилишяпти, чунки сен эрталаб шоколад егандинг, бу эса таъқиқланганди”, деб фарзандининг қулоғига шипшитган ва уни маҳкам қучоқлаб олганди. Фарзанди бўлса рўй бериши муқаррар бўлган чинакам фожеани бир ҳазил деб тушуниб шодон кулган ва ҳарбий кийимдаги амакилардан ҳали дунёга тўймаган кўзларини узмаганди. Нацистлар тубимга чўктирганлар орасида бир ёшгина аёл ҳам хотирамда абадул абад сақланиб қолган. У ёши ўтган, лекин истеъдодли балерина эди. Ҳар оқшом уйи томон қирғоғим бўйлаб кетарди. Чамаси бўлажак рақсларини йўл-йўлакай шуурида пишитарди шекилли, йўл бўйи дам оёқ учида юрар, дам сакраб-сакраб одимларди. Аҳён-аҳёнда кайфияти яхши бўлган кезлари турган ерида рақс тушишни ихтиёр этар ва орада мен томонга қараб ним табассум қилиб қўярди. У ниҳоятда истарали ва ораста кийинадиган аёл эди. Ўлим билан рўбарў келганида киприк қоқмай нацистларга қараган , пойабзалини шартта ечган ва бошқаларга қўшилиб мен билан тўқнашгач, ҳатто инграмаган ва кўзларини юмганча жимгина жон таслим қилганди. Қурбонлар орасида мен энг ачинганим бир етим болакай эди. У саккиз-тўққиз ёш атрофида бўлиб, яҳудийлар синагогида истиқомат қилар, ҳеч кими йўқ бўлиб, ўша ердаги хайру-садақалар билан кун кўрарди. Кўпинча эрта тонгда жажжи кучуги билан қирғоқ бўйига келарди. Тўлачадан келган, икки яноғи қип-қизил, сочлари паҳмоқ бу болакай бир ғилдираги катта, бири эса кичкина бўлган антиқа велосипед ҳайдарди. Кучуги ортидан югурар, у шу икки ғилдирак устида шўх-шодон унга қўл силкирди. Қирғоқда эса чўк тушиб сумкасидан пластелин олар ва қўшиқ куйлаганча ундан турли-туман ҳайвонларнинг ҳайкалчаларини ясарди. Умри поёнига етган ўша машъум куни у пойабзалини ечаётиб, кучугини қучоқлаганича нацистларга қарата хахолаб кулганди. Уларни “хурсандмисан, мишқи” деган гапига ёшига номутаносиб тарзда “одамларни яқиндан билганим сари итимга бўлган меҳрим ортяпти”, деб Суқротнинг гапини такрорлаганди. Қароғим, бағримда минглаб жонларнинг руҳи абадий қўним топган, уларнинг қонлари сувимга чатишиб кетган, шу боисдан гоҳида сувдан кўра қон кўпга ўхшаб ҳам кўринади кўзимга. Бу жонлар инсониятнинг келажаги эди. Уларнинг орасида бўлажак рассом, шоир, мусиқачи, актёр, фольклорчи, ҳайкалтарош ва бошқа юзлаб касб эгалари ҳамда истеъдодлар жамланганди. Ҳар бирининг мусаффо орзуси, пок нияти ва олдига қўйган улкан мақсади бўлиб, улар шу орзу ва мақсадлари йўлида бу мўъжаз шаҳарда умр кечишарди. Эҳтимол, бағримга чўктирилишмаганда уларнинг орасидан янги Ван Гог, янги Петефи, янги Паганинилар етишиб чиқармиди. Менга бот-бот шундай туюлаверади. Мўйсафид Дунай яна маҳзун оқишни бошлайди. Қорамтир суви балки уфққа ботаётган қизғиш қуёш сабабми ё бошқа бир важданми бениҳоя қизариб диққатни тортади. Хўмрайиб турган осмоннинг тундлашган қиёфаси остида қизғиш ва қорамтир тусга кириб, қулоқни қоматга келтирадиган шовуллашини-да тўхтатади. -Энди таърифни ўзимга ўзим берсам нима дейсан, қароғим? – дейди бир пас ўтиб. Минглаб километрдан қулоғимга чалинган унинг саволига ижобий жавоб қайтараман. -Майли, Дунай бобо. У шу он бир қалқийди ва суви қирғоқдаги пойабзаллар ансамблидан иборат ёдгорликни авайлаб ювади. Гўё улардан кечирим сўраётгандек уларни кетма-кет силаб-сийпалайди. Бу сув эмас кўз ёшларга ўхшаб кетади. Дарёнинг кўз ёшларига. — Мен ким бир бахтсиз қария, бегуноҳ ва келажаги порлоқ бўлган, Яратган томондан инсонийлик ва истеъдод билан сийланган, иблиснинг малайлари бўлган нацистлар шафқатсизларча тубимга чўктирган юзлаб янги Ван Гог, янги Паганини, янги Микеланжелоларнинг хилхонасига айланган Дунайман.
2021-09-27
http://nodirabegim.uz/archives/4344
«биродари»га — Биласизми, 19-аср охирларида чор Россиясида капитализм барқ уриб, гуллаб-яшнаб эди. Айниқса, 80-90-йиллардан бошлаб капитализм бор бўйи билан гуллаб-яшнади. Капитализм нима ўзи? Пул, пул, яна пул. Кўк пул! Ҳар қадамда кўк пул! «Кўкидан узат!», «Кўкидан бўлсин?..». Кўк, кўк… Одамлар, ёзувчи-шоирлар «кўк»ка қараб интилди, кўкка талпиндилар. Шу вақтгача кўк, кўм-кўк, деганда ёзувчи-шоирлар кўм-кўк табиатни, кўм-кўк осмонни англар эдилар, ҳис этар эдилар. Кўкка — осмонга қараб энтикар эдилар, кўкракларини тўлдириб, тўлиб-тошар эдилар, ҳаяжонланар эдилар, илҳом билан жўшиб-жўшиб шеър ёзар эдилар. Кўм-кўк фаслга — баҳорга талпиниб-талпиниб шеър ёзар эдилар. Шоир-ёзувчи унда кўм-кўк баҳор фарзанди эди, қули эди. Унда шоир-ёзувчи кўм-кўк осмон фарзанди эди, қули эди. Кўм-кўк осмон шитир-шитири, шовури — ёмғирига кафт тутиб асар ёзар эди. Ёмғир шовуридан, нафаси намидан ғарқ бўлиб-бўлиб асар битар эди. Ёзувчи-шоир кўм-кўк япроқлар шивир-шивиридан кўм-кўк япроқлар ҳақида тўйиб-тўйиб асар битар эди. Кейин эса капитализм келди, кўм-кўк куч, нарса келди… Хаёлдаям, ақлдаям, кўнгил- юракдаям пул, пул. Поэзия пулдан йироқ юради, баланд юради. «Кўк» шамоли, «кўк» истараси… иссиқ! Аммо «кўк» поэзияни олдин сўлдиради, кейин синдиради. Япроқлар кўки поэзияни яшнатади, осмон кўки поэзияни гуллатади. Аммо пулни кўки поэзияни хароб қилади. Ёзувчи-шоир ўзини кўкка — пулга, мансабга, амал-эътиборга ташлаб кетди… — Социалистик реализм даврида ёзувчи чинакам исканжада қолди, хўрланди, эзилди, ўзини ўзи рамкага солиб асар ёзди. Ўзини қафасда ҳис этиб, ижод қилди. Қафасдаги қуш мисол кун кўрди. Антисовет, диссидент, қинғир фикрловчи номини олди. Қафасдан… социализм дея аталмиш қафасдан дод деди, фиғони фалакка чиқди. Ушбу қафасдан қутулишни орзу қилди. Мана, қутулди. Эркин қуш мисол бўлди. Ана энди эркин қуш мисол эркин парвоз этса бўлади, ана энди эркин ижод этса бўлади. Тўрт томони қибла! Аммо барчаси… ўчиб қолди! Нега? Менимча, буни битта сабаби — социализм бир сохта қолип эди, ёлғон бир тузум эди. Масалан, бир одам улуғланса, яхши дейилса, бўлди, шу одам кўкка кўтарилар эди, улуғланар эди. Орден кетидан орден, унвон кетидан унвон берилар эди. У одам ҳамиша тўрдан жой олар эди. У одамга гард юқтирилмас эди. У одам мисоли фаришта эди. У одам ижобий қаҳрамон эди, ижобий эди. Борди-ю, тағин бир одам қораланса… бўлди: у бошдан-оёқ қора эди, ёмон эди. Нимаики ёмон гап бор, шу одамга туфлаб ёпиштирилар эди. У салбий қаҳрамон эди, салбий эди. Социализм, социалистик реализм қоидалари, талаблари ҳам ана шундай эди. Жамият қандай бўлса, ундаги маънавий, маданий, ахлоқий-руҳий талаб-қоидалар ҳам шундай бўлади. Социалистик реализм методи ҳам шундай талабдан пайдо бўлди. Социалистик реализм — социализм жамиятининг талаб, йўналиш, маънавий методларидан бири бўлди. Ёзувчилар ана шу социалистик реализм методи қули бўлди, қўғирчоғи бўлди. Социализм қоралаган одамни ёзувчи ҳам қоралади. Макондан ташқарида яшаб бўлмайди! Ёзувчи учун яхши-ёмонни социализм белгилаб берди, ёзувчи учун оқ-қорани социализм кўрсатиб берди. Ҳатто, махсус партиявий буйруқ-кўрсатмалар билан белгилаб берди, партиявий программалар билан белгилаб берди. Шу боис, социализмда ёзувчи уруғи кўпайиб кетди. Осмондан таёқ тушса, ёзувчи боши, устига тушди. Чунки социализмда асар яратиш, бундай жамиятда асар ёзиш осон эди. Яна-тағин, социализм ёзувчини иқтисодий таъминлаб турар эди, ёзувчини уй-жойлар, боғлар билан таъминлаб турар эди. Ёзувчининг сўзи ардоқда эди, ёзувчини ўзи ундан-да ардоқда эди. Фавқулодда… ана шу социализм тугади, социалистик реализмда (асар) яратиш тугади. Ёзувчи боши берк кўчада қолди. Нима қилишини, нима (ҳақда) асар ёзишини билмай қолди. Орқага қайтай деса, орқада ҳеч нима йўқ, бўм-бўш — социализм йўқ. Олға борай деса, олдин-да бўм-бўш! Орзу қилинмиш… коммунизм йўқ! Ёзувчи аросатда қолди, ёзувчи муаллақ қолди! Ёзувчи сифатида ёзмаса бўлмайди. Нимани ёзади? Ким ҳақида ёзади? Ёзувчи билмай қолди, билолмай қолди! — Асло! Адабиёт бундай давом этмайди! Боиси, ҳаётни ушлаб турадиган, ҳаётни олға олиб борадиган катта бир куч бор, ўзгармас бир қудрат бор. Бу — табиат. Табиатнинг ранги кўк, кўм-кўк. Шундай экан, ҳаётни ранги-да, кўм-кўк. Ёзувчи-шоир ана шу кўм-кўкликка қайтади. Аср-асрлардан буён ана шундай бўлиб келган. 18-аср, 19-аср, 20-аср… 19-асрни шу кунлари ҳақида Лев Толстой шундай деб эди: «Бунақа замонда шеър ёзиш — қўш ҳайдашга рақс тушиш билан баробар». — Ёзувчими? Ёзувчи — йўқчиликдан, камчиликдан, оч-ночорликдан, мутеликдан, хор-зорликдан пайдо бўлади! Ёзувчи — қамоқ, азобдан, хўрликдан, эзилишдан пайдо бўлади! Ёзувчи — бошга тушган қора кунлардан пайдо бўлади! Ўтиш даври ҳамиша қийин кечган. Эҳтимол, шу кунларни бошдан кечирган ёш болалар бир кун келиб катта ёзувчи бўлар? Эҳтимол, ана шу қийин кунлар ўз Жек Лондонини, ўз Абдулла Қодирийи ни етиштириб берар?.. — … — Ўйнаб қўяй, саволингдан! Ўйнаб қўяй! — Бунинг сабабими? Мана, бош сабаб! Фожиали сабаб! Мана, ўзбек ёзувчисини… ёзувчи бўлиш йўли, улғайиш йўли: мактабда эртаклар, достонлар, ғадир-будир тил билан таржима қилинган таржима китобларини ўқийди. Ёзувчи бўлгиси келиб, туман газетасига хабар, лавҳалар ёзади, барчасини тўплайди. Ҳаваскор қаламкаш ёзувчи бўлиш учун журналистика ё филология факультетига ўқишга киради. Қўлига тушган китобни ўқийди, ўқиб, изланади. Ўзича ҳикоялар машқ қилади. Ўқишни битириб, ёзувчи бўлиш учун матбуотга ишга киради. Бўлди, шу билан ўқиб-изланиш тугайди. Энди, бўлажак ёзувчи кўтарилиш йўлини қилади. Кичик муҳаррир, катта муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир… Шу ўсиб-улғайиш даврида вақти бўлса, асар ёзиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш учун эса… вақт йўқ! Ана шу вақти бўлганда ёзган асари кўкларга кўтарилиб мақталади, мукофотланади. Боиси, у бош муҳаррир! Кейин, тағин мансаб-мартаба сари интилади. Ёзувчилар уюшмасида ишлайди, бошқа юқори лавозимларга кўтарилади. Ораларида ижод қилиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш эса… йўқ. Эртадан кечгача мартаба-мансаб дарди, қайғуси, югуриб-елишлари. Ёзувчида ҳамон ўқиб-изланиш йўқ. Ёзувчи ҳамон мактаб, олий ўқув юрти, талабалигида ўқиб-ўрганган изланишлари куч-қудрати билан ижод қилади. Яъни, биринчи достон ёки асари қандай бадиий савияда, даражада бўлса, ўнинчи асари ҳам ана шундай даражада бўлади. Талабалик йиллари топган бадиий даража билан ижод қилади. Боиси, ўқиб-изланиш йўқ. Эртадан кечгача мансаб-мартаба… яна-тағин тирикчилик ташвишлари… Тўқсон олти фоиз ўзбек ёзувчисининг ёзувчилик ижод йўли ана шундай. — Ўқиб-изланиш бу — пойдевор демак, теран томир демак. Ички куч-қудрат булоққа ўхшайди. Булоқни йўлида қанақа қийинчилик бўлмасин, барибир отилиб чиқади. Чунки булоқда ички куч-қудрат бор, пойдевор бор. Бу пойдевор йиллар мобайнида тўпланиб, йиғилиб, қудратли кучга айланиб қолади. Уни ҳеч бир тўсиқ, қийинчилик тўхтата олмайди. Бу куч-қудрат кўп йиллар оқими самараси. Ҳатто, уруш даврида буюк-буюк асарлар яратилган. Очарчилик йилларида буюк-буюк асарлар яратилган. Қамоқхоналарда буюк асарлар яратилган. Ёзувчи, адиблар ижодий йўлини, умрини, ҳаётини олис масофага югуриш пойгасига ўхшатгим келади. Марафон пойгаси йўлига ўхшатгим келади. Пойга йўлаги бўйлаб чопиб борувчи пойгачиларга ўхшатгим келади. Бундай олис масофа пойгасида олдиндан, азалдан пухта, пишиқ машқ қилган, суяги шундай пойгада қотган, яъни пойдевори пишиқ, бели бақувват, пойдевори заминли пойгачи сўнгги маррага югуриб бораверади. Ёшлигида шунчаки беш-олти машқ олган, шунчаки орзу-ҳавас билан йўлга чиққан пойгачилар эса йўл-йўлакай аросатда қолиб кетаверади. Биров ўпкаси тўлиб қолиб кетади. Бирови иродаси етмай қолиб кетади. Бирови куч-қудрати етмай қолади, биров турли-туман баҳоналар топиб қолиб кетади. Ўзбек адиблари ана шу пойгачиларга ўхшайди. Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман! Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман. Ёзувчи борки, умр бўйи ўқиб-изланиши керак. Ёзувчи ўлганда пенсияга чиқади. Ёзувчи ўлганда тинади! — Рабиндранат Тагор айтмиш адабиёт — бу улкан бир қаср, демакдир. Улкан қасрнинг эса дарвозаси ҳамиша битта бўлади. Бу дарвозадан ҳамма бир хил йўл билан киради. Лекин кира олмай қолувчилар ҳам жуда кўп бўлади. Булар аламидан ана шу қаср теварагида шовқин солиб, «ура-ура» қилиб юради. Олисдан қараган одам бу улуғ қаср эгалари шу бақироқлар, деб ўйлайди. Аслида эса булар адабиёт дея аталмиш кўҳна қаср дарвозасини топа олмай юрган аламзадалардир. Адабиёт қасрини қандай забт этса бўлади? Адабиёт дарвозасидан қандай кирса бўлади? Асл ижодкор Адабиёт қасрини ўз асари билан забт этади. Асл ижодкор эл-юртга «ура-ура» гаплари билан эмас, бадиий асарлари билан хизмат қилади. Р.S. Ёзувчи Тоғай Мурод билан ушбу суҳбат хаёлан уюштирилди. Бунда ёзувчининг кундаликлари, нашр этилган асарлари ва интервьюларидан фойдаланилди. Устоз адибга эса ХАЁЛАН ТАШАККУР билдириб қоламиз…
2021-10-13
http://nodirabegim.uz/archives/4360
У сувлари тошиб, қирғоқни ўпираётган шафқатсиз дарё тасвирига қараб турарди: — Сизнингча, яна қайтадими? — аёл докторга доимги, таниш савол билан юзланди. — Ҳамшира, бугунги муолажа якунланганини айтмаганмидим? Беморни палатасига олиб кетинг! Ойдин денгизга умрида биринчи маротаба борди. У ердаги соҳилни кузатиб, завқланди. Мароқ билан сузишни хоҳлади. Узоқ чўмилди. Бироқ шамол кўтарилиб, тўфон бошланганини сезмай қолди. Денгиз манзараси кўзларида мангуга аксланди… Улар денгиз саёҳатига чиқишди. Шошқалоқ Лола шовуллаб, кўпираётган сув сари югургиллаб кетди. Тўлқин оқими эса бирдан баландлади. Кечга бориб, балиқчилар оғир замбилларига солиб, ёшгина марҳумни кўтариб чиқишди. У ҳаммасидан тўйди. Азобларини енгиллатишнинг ягона чораси ўлим деб ўйлади. Ўзини океанга ташлади. Кўз олдига бирдан уйда кутиб ўтирган ширин оиласи келди. Яқинлари у ҳақида беҳад қайғуришарди. Бироқ чўкиш фикридан қайтганида анча кеч эди… Сув париси оёқлари бўлишини жуда-жуда хоҳлади. Кунларнинг бирида сеҳрли чироқ топиб олди. Жиндан бир соатга одамга айлантириб қўйишини сўради. Кейин юриб соҳилга чиқди. Эндигина уч-тўрт қадам ташлаши билан қирғоқда турган кичкина болакай чопиб келиб, қучиб олди. — Ойи, энди ташлаб кетмайсиз-а бизни?! “Болам, денгиз томонларга би-и-и-ир олиб борсангчи…” – дерди шўрлик онаси. Ўғилга волидасининг шу гапи эсига тушиб кўнглининг аллақаеридаги бир нарса узилди. — Азизим, манави чиғаноқларни кўряпсизми? – аёли у томон сув кечиб югуриб келарди.
2021-10-28
http://nodirabegim.uz/archives/4409
Бутун ер юзи бўйлаб вабо тарқаган 2020 йил декабрь ойининг ўртаси, жонидан умиди бор ҳар қайси одам уй-уйига биқиниб олган дилгир кунлар эди. Кўпдан бери кўзим оғриб, бу файзсиз дунё назаримда янада қутсиз ва совуқ кўринарди. Дардимга даво истаб, Олмониянинг кўҳна шаҳарларидан бирига келган эдим. Рутубатли, тунд бир оқшом Хайдельбергнинг тарихий мавзеларини, готик услубдаги қуббадор черковларнинг кимсасиз майдонларини, шаҳар четидан оқиб ўтадиган Неккар дарёси соҳилини кезар эканман, беихтиёр олмон руҳи ҳақида ўйладим. Ўлмас Ҳайнриҳ Ҳайне (Генрих Гейне)нинг дилбар бир шеърини хаёлан такрорладим: Бу ажойиб шеърни менинг отдошим – марҳум шоир Хайриддин Салоҳ кўп йиллар бурун таржима қилган бўлиб, мен уни бир пайтлар ёд олган эдим, мана, ҳануз хотирамдан ўчмаган экан. Лекин, ажабо, нега бу ҳазин сатрлар ногаҳонда, туман қоплаган дарё узра, бундан уч юз йил аввал қурилган қадимий ғиштин кўприк устида изғирин совуқда дийдираб турган вақтимда ёдимга келди экан. Эсладим, “Аччиқ кўз ёш тўкдим тушимда” деган маъюс иқрор менинг ижодий тақдиримга ҳам дахлдор экан. Бу мисра жаҳон адабий олами ичра машҳур эди. У рус тилига “Во сне я горько плакал” деб ҳам таржима қилинган, ёзувчи Юрий Казаков уни жиндай ўзгартириб “Во сне ты горько плакал” деган таъсирчан ҳикоя ҳам ёзган эди. 1989 йили асарларим асосида бадиий фильм сценарийси устида ишлаётганимизда кинорежисёр Собир Назармуҳамедовнинг таклифи билан унга “Во сне я горько плачу” деб ном қўйган эдик. Ўша даврнинг тартиб-талабига кўра сценарий рус тилида ёзилган эди. Картина экранга чиқадиган бўлганида, унга “Тушларимда кўриб йиғлайман” деб ўзбекча ном бердик. Киночилар уйида бўлиб ўтган фильм премьерасида менга ҳам сўз беришди. Сўз орасида мен мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, ўзим дуч келган ғалати бир воқеани гапириб бердим. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, “Комсомолец Узбекистана” газетасида санъатшунос Қамариддин Ортиқовнинг фильм ҳақидаги тақризи босилиб чиқди. Тақриз муқаддимасида қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берилган эди: “Тушларимда кўриб йиғлайман” фильмининг кўриги олдидан сўзга чиққан ёзувчи Хайриддин Султонов режиссёр Собир Назармуҳамедов билан сценарий устида қандай иш олиб борганликлари ҳақида гапиратуриб, кишини андак кулдирадиган, лекин кўпроқ маъюс торттирадиган бир ҳолатни эслаб ўтди: “Биз йил давомида қўнғироқлашиб, ишхоналаримизда кўришиб турдик. Фильм битгач, тасодифан яқин қўшни эканимизни – бир кўчадаги рўбарў биноларда яшашимизни билиб қолдик…” Бу ҳол одам ўзидан ортмайдиган ҳозирги замонда у қадар ажабланарли ҳам эмас аслида. Аммо бу эътироф замирида менга пинҳоний армон, надомат ва ўкинч туйғуси мужассамдек туюлди”. Дарҳақиқат, Собир ака билан Чехов кўчасида ёнма-ён, мен – тўққиз қаватли 21-уйда, у киши эса қаршимиздаги тўрт қаватли 23-уйда, лекин бир-биримиздан бехабар ҳолда яшар эканмиз. Миллионлаб одам истиқомат қиладиган мегаполислар учун бу одатий бир ҳол эди. Лекин мен премьерада бу воқеани шунчаки ҳангона ёки кулгу учун айтмаган эдим. Уч йил мобайнида ижодий ҳамкорлик қилиб, бир-биримизнинг туриш-турмушимиз, оилавий аҳволимиз, уй-жойимиз қаерда экани билан нима учундир қизиқмаганимиз… менга таъсир қилган эди. Бу нарса маънавий ҳаётимиздаги кўзга кўринмас аллақандай ришталар узилиб кетаётганидан дарак берар эди гўё. Тошкентга илк бор 1973 йили келганимни эслайман. Ҳали домлар кам, маҳаллалар кўп эди. Худи қишлоқлардаги каби, аксарият одамлар бир-бирини яхши танир, яхши билар, меҳр-оқибат кучли эди. Ана шуларнинг барчаси… қандайдир ўн беш йил ичида йўқлик сари юз тутиб кетаётганини надомат билан ҳис қилиб, минглаб эски ўзбеклар сингари мен ҳам “аччиқ кўз ёш тўккан” бўлсам, эҳтимол. Лекин барибир кўнглимдаги савол жавобсиз қолди: нега мен Неккар дарёси устидаги қадимий кўприк узра туриб, Ҳайненинг маҳзун мисра ларини эсладим экин? Балки бир вақтлар дардли шоирни ўртаган оташин туйғулар бугун олмон ўлкасида ҳеч кимни “аччиқ кўз ёш тўкиш”га мажбур қилмаслигини англаб етганим учунмикан?
2022-01-19
http://nodirabegim.uz/archives/4489
Отам кўзлари очиқ ҳолда шифтга термилиб туш кўради. Уйғоқликдаги тушлардан бутун оила даҳшатга туша бошлади. Баъзан “Одам ҳақида”ги моноспектаклни кўргандай бўламан. Отам ёқтирган итальянча мусиқа эрта-ю кеч уни аллалайди. У оғзи ва кўзларини очганча шифтга термилади, мен эса унга қараб бутун вужудим селга айланиб ўтираман диванда. Миямда фақат бир жумла айланади: “Қандай одам эди-я отам?!” “Момо! Бабуш! Мени қизларим келди! Ураа!” деб чапак чалиб, ҳаммадан аввал қучоқларини очиб бу гал ҳам отам кутиб олди. Синглим билан пойга ўйнагандек, биринчиликка шошилиб, отамнинг бўйнига осилдим. Отам чирпирак қилиб беш-олти қайта айлантирди. Кейин синглимни. Етти-саккиз йил бурунги гўзал хотираларни бирдан унинг бақириғи бузиб юборди. Чопиб ёнига бордим. Ётоғига ўтириб олганча: “Тўхта! Тўхта! Мен тушиб қолишим керак! Манзилимдан ўтиб кетяпман!” дея жон ҳолатда бақирар, кўрпасини йиртиб юборгудек чангаллаб олганди. Отамнинг ҳайқириғини эшитиб, дадам билан аям югуриб келишди: “Дада, поезддан тушиб қолдиз. Сизни ташлаб кетишди. Бемалол ётаверинг”, тинчлантиришга уринишди. “Ҳа, тушиб қолдимми? Бўпти, бўпти, раҳмат”. Отам яна жойига ғужанак бўлиб ётиб олди. Биринчи марта ўтган йили Сеулдан болаларим, турмуш ўртоғим Зафар ака билан йўқлагани келганимизда, отамнинг менга “Келинг, яхшимисиз? Уйдагилар тинч-омонми?” деб бегонадек муомала қилганида ҳайратга тушгандим. “Бу мен, неварангиз Дилбарман-ку!” Тўрт йилдан буён бир йилда бир мартагина кўришганимиз учун танимадилармикан деб ўйлагандим ўшанда. “Нега танимайди? Ўзининг неварасини ҳам танимайдими одам?” деб аччиғим ҳам чиққанди. Алал-оқибат, бемеҳрлик тамғасини пешонамга ёпиштириб, туни бўйи ўзимни азоблаб чиққаним, бу ўйлардан тонгни зўрға оттирганим эсимда. Зулмат ёришмаса, қуёш менинг яна бемеҳр эканимни дунёга ошкор қилмаса, деб кун чиқишидан биринчи марта қўрққандим. Бугун тонг отса ҳам, кун ботса ҳам ҳеч адо бўлмайдиган отамнинг тушлари баттарроқ қўрқитади. Самолётда Тяншан устидан учиб ўтарканмиз, паға-паға булутлару тоғлар чўққисидаги қорлардан завқланиш учун биринчи марта дераза олдига талашиб ўтирмаганим, қандай бу ерга ўтириб қолганимни булутларда отамнинг маънисиз тикилган кўзларини кўрганимда пайқадим. Унга гўё охирги марта боқаётгандек уч кун тикилиб ўтирдим. Ҳатто бувим, онам билан гаплашишга ҳам тоқатим бўлмади. Отамнинг қошиқ тутган қўллари қалтираб овқатнинг ярми оғзига, ярми сочиққа тўкилади. Дастурхон ёки сочиқда бирор доғ кўрса, хуноби чиқиб отиб юборадиган одам эди. Булутлар орасидан маънисиз тикилиб турган нигоҳларидан қувончга, ғайрат-шижоатга тўла кўзларни қидираман. Бизни асраб-авайлаб ўстирган меҳрибон нигоҳни қидираман. Йўқми энди улар? Севимли отамнинг меҳр тўла нигоҳларини бошқа кўрмайманми? Отам рус мактабида ўзбек тилидан дарс берган. Мен ва синглим бошқа мактабда ўқисак ҳам, ота-оналар мажлисига ҳам, бошқа тадбиру олимпиадаларга ҳам ортимиздан дадам билан онам эмас, отам борган. Бизни боламнинг боласи деб эмас, менинг болам деб билган. Ҳатто аям тарбия учунгина танбеҳ берсаям, калтак ўзининг бошида синарди. “Буларга қаттиқ гапирманг, мени уринг, мени сўкинг” деб доим синглим билан мени қанотлари остида ҳимоя қилган. “Ранчо”си бор эди, дарвозадан қарасангиз, охири кўринмасди. Боғбонликка меҳр қўйганди. Мактабдан келиб, боғидан хабар олмаса кўнгли жойига тушмасди. Боғнинг ўртасидан ариқ оқиб ўтган, устига сўри қуриб қўйган. Бир томонда ҳовуз, ўзи қармоқда балиқ тутиб, баъзан димлаб, баъзан ўчоқда қовуриб меҳмонларини балиқ билан сийларди. Одамшинаванда, меҳмондўст эди. Боғида ҳам ҳеч кимникида йўқ антиқа мевалару дарахтлар бўларди, уларни ҳар хил давлатлардан келтирган, кимникида ноёброқ дарахт ёки гул кўриб қолса, унинг кўчатидан олиб келарди. Ранчомисан ранчо эди. Ундаги экзотика учун келарди кўпчилик. Меҳмонларининг ҳайратидан, роҳатидан отам маза қиларди. Лицей ёки институтда ўқиб юрган кезларимиз, отам боғидаги меваларидан қутига жойлаб бизни кўргани борарди. Маймунжон, малина, айниқса шафтолию узумларни биздан ҳам кўра ўртоқларимиз кутарди. “Наби ота келибди!” деб ўзининг бобосини кўргандек югуриб боришарди. Отам кейин жуда уст-бошига, ўзига оро берадиган, тозалик, тартибни яхши кўрадиган одам бўлган. Бутун қишлоқ унинг шляпасидан танирди. Қишлоқда ҳеч ким шляпа киймасди-да. Костюмининг чўнтагида доим кичкина тароғи, шимида дастрўмол бўларди. Остона ҳатлашидан олдин атирга чўмилиб оларди. Бир гал ҳаворанг кўйлаги, сўнг устидан костюм-шимини кийиб, атирини тополмай, бувимнинг кремини атир чоғлаб кўйлаги ёқасига суртиб олган-да, ўзи сезмай ўзидан мамнун кўчага отланган. Синглим бирдан отамнинг сарғайган ёқасига кўзи тушиб, “Ота, ёқангизга нима бўлди?” деб сўраса, “Ўзимнинг атирим қолмаган экан, бувингникидан сепиб олгандим. Нима бўпти?” дея аланглаб ёқасига қараган-у, “Бувингнинг атири яхши эмас экан-да. Қайтишда олиб келмасамми ўзимга!” деганича ортига қайтиб, кийимини алмаштириб чиққан. Роса кулгандик ўшанда. Бувим ошхона деразасидан бошини чиқариб, “Менинг ҳам атирим қолмасин энди. Ойна олдида турган атир эмас, крем эди” деганида-ку, отамнинг ўзи ҳам шарақлаб кулиб юборганди. Уйимиз тўла китоб эди. Ўша китобларнинг аксарини ҳам отам келтирганди. Адабиёт, сиёсатдан баҳслашишни ёқтирарди. Баҳснинг охири кўпинча ўзининг фикрини маъқуллатиш билан тугарди. Маҳаллага сув келтириш, асфальт ётқизишми, ҳашар, тўй-маъраками… бош эди. Ўзининг ҳузурини ўйлаб, кўпга қўшилмаганлардан фиғони фалакка чиқарди. Баъзан ёқалашишгача борарди. Бу ҳолдан биз бола бўлиб ўзимизча уялардик. “Отамга нима зарил? Тинч юрса бўлмасмикан?” деб. Йўқ, ўша одам албатта узр сўраб эшигимизни тақиллатарди. Ноҳақ бировга озор бермасди. Бу гал 82 га кирган отам мени эмас, мен уни танимадим. Қўллару кўзлардаги шиддат йўқ. Шалвираб, қадди эгилиб қолган. Нигоҳларининг маъносиз бир нуқтага қадалгани эса ичимда чумолиларни ўрмалатарди. Самолёт қўнди. Уйга боришимиз билан аямга қўнғироқ қилдим. “Отам яхшими?” Салом ҳам, “Биз етиб келдик, ҳавотир олманглар” қабилидаги сўзлар ҳам унут. Аямнинг ҳали оғзидан чиқмай, ютилиб кетаётган “яхши”сидан яхши эмаслигини англадим. “Нима бўлди? Тинчликми?” айтмасига қўймаганимдан сўнг, “Сизлар кетгач, пардани чангаллаб осилиб олибди. Парда илгич ҳам қайрилиб, синиб кетишга келибди. “Ботқоққа ботиб кетяпман! Мени ҳеч ким қутқармаяпти!” деб кийимларини ҳам ҳўл қилиб юборибди. Аранг….” Уёғини эшитишга тоқатим етмасди. Телефонни ўчирдим. Отамнинг янгидан-янги тушлари мени чарчатди. Менимча, уйдагиларни ҳам. Унинг ўзи ҳам чарчаб кетгандир. “Мени уйга обориб қўйинглар! Бу ерда нима қиляпман? Бу менинг уйим эмас”, деб айтавераркан. Бу гапларни отам менинг номимдан айтяпти, шекилли. Бу гапларни кўпроқ мен айтсам ярашади… Бугун отамнинг охирги тушини эшитдим. Аямнинг айтишича, деворни уриб: “Эшикни очинглар. Навбатим келди. Сартарошга киришим керак. Уч киши чиқиб кетди, менинг навбатим келди” деб бақирармиш. -Докторлар нима деяпти? -Альцгеймер экан, – икки йил деганда қарилик инжиқликлари дея тусмоллаб юрган доктору уйдагиларнинг тахминларига бугун нуқта қўйилибди. – Шифокор назоратида туриши керак экан, иложи бўлса, шифохонага ётқизинглар, дейишди. Қандай ётқизамиз? Ўзини ёлғиз қўйишга кўзимиз қиярмиди?.. – деди аям пиқиллаб. -Ая, сиздан битта илтимос, ёлғондан бўлсаям, алдаб бўлсаям, менга энди отанг яхши денг. Ортиқ тушларини эшитолмайман… Телефонни ўчирдим. Ўчирдим-у, мана шу хотирани ёзишга ўтирдим. Ахир, ҳаммадан ҳам кўпроқ отам менинг ёзувчи бўлишимни истаганди. “Мен ҳақимда битта бўлсаям асар ёзасан-а, қизим”, дерди. Ёзувчи бўлмадим, ҳозир Сеулда банкда ишлайман. Анча кеч бўлган. Бу ёзганимнинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Қизиқадиган одам – отамнинг тушунадиган ҳуши йўқ. Севинмайди ҳам. Ота, барибир сиз учун ёзаман. Битта асар. Фақат Сиз ҳақингизда.
2022-06-04
http://nodirabegim.uz/archives/4669
Одатда жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган шоирларни кўз олдимга келтирсам, уларнинг аксарияти ёш, навқирон, айни кучга тўлган ҳолда қаршимда гавдаланишади. Мисол учун Пушкинни олcак, Александр Сергеевич жингалак сочларига оқ тушмаган, бакенбардлари силлиқ тарошланган, томирларида жўшган бадавий аждодларига хос бўлган эҳтирос кўзларида зоҳир бўлган, орзуларга юраги лиммо-лим тўлган; Лорд Байрон ташриф қоғозига айланган буюк тушкунлиги билан навқиронлиги уйғунлашган ҳолда, оқсоқ оёғини сездирмай, қаддини алп тутиб, нигоҳидаги кишилик жамиятига нисбатан сўнмаган улкан нафратни яширишни ўзига эп кўрмай, уни атрофга майдалаб сочиб ташлаётган ва муроса нималигини билмаган юрагидаги қаҳр алангаси осмон қадар чўзилган; Лермонтов ҳарбий кийим ўзига муносиб ярашган, чиройли мўйлаби ва сочи силлиқ таралган, адабиётга ошуфта кўнгли нигоҳидаги маъюслик билан уйғунлашган; Есенин нафаси қайтаётган ёшликни танасига сиғдиролмай, қувноқ кайфиятда одамларга табассум улашаётган, Москва кўчалари ва қовоқхоналарида шеър ўқиётган, оқ қайин дарахтига суяниб хаёлга чўмган алфозда намоён бўлишади. Қанчалик узоқ мулоҳаза қилмай, уларни кекса одамларга хос бўлган кўринишда- айтайлик сочлари бутунлай оқарган ёки тўкилган, таналари тўлишган ёки эт олган, кучдан қолиб ҳассага таянган ёки шалвираган қўлларидан тутиб, кимдир етаклаб юрган ҳолатда кўрмайман. Истасам-да кўрмайман. Ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тасаввуримни алдай олмайман. Тасаввурим Томас Дилан борасида ҳам шундай. Томас Дилан- инглиз шоири. 1914 йилда Уэлльснинг денгиз бўйида жойлашган Суонси шаҳрида туғилган. “Ўн саккизта шеър” , “Йигирма бешта шеър”, “Муҳаббат харитаси”, “Ўлимлар ва ечимлар” каби шеърий китоблар муаллифи. У ҳам юқоридаги шоирлар каби қирқ ёшгача ҳам яшамаган ҳаётда. Ўттиз тўққиз ёшида Нью-Йоркда оламдан ўтган. Бор йўғи ўттиз тўққиз йил умр кўрган. Худди поляк бастакори Шопен каби. Ижодкор қанча яшамасин, ҳаёти давомида фақат биргина энг аҳамиятли даврни бошидан кечиради. У ўттиз йил яшайдими ёки саксон йилми-фарқи йўқ буни. Ҳаёти давомида шахс сифатида ўзига ва ижодига жиддий таъсир кўрсатган битта даври бўлади. Шу давр уни шахс ва ижодкор сифатида ўсишини таъминлайди ва уни кейинги бутун фаолиятини белгилаб беради. Бу давр бир неча йилнигина эмас бир неча ойни ҳам ташкил қилиши мумкин. Бу ерда муддат роль ўйнамайди. Шунчаки оралиқ, давр бўлади-тамом. Мисол учун Пушкиннинг ҳаётидаги энг аҳамиятли давр уни Кавказга сургун қилиниш бўлган. У ўша ердаги фусункор табиат манзаралари ва мўътадил иқлим қўйнида ўзининг йирик асарлари учун энергия ва қувват манбаини топган. У табиат билан ҳамнафасликда метин иродасини шакллантирган, ижодкор сифатида балоғатга етиб, янги даражага чиққан. Бу эса кейинчалик “Евгений Онегин” каби шеърий романини тугатишига ва бир қанча насрий асарларини ёзишига туртки берган. Лорд Байрон учун энг аҳамиятли давр уни Юнонистондаги фаолияти бўлган. У бир умр она замини ёки Венеция каби Оврўпонинг гўзал масканларидан топа олмаган роҳат-фароғатни ва кўпчилик англамай бу дунёдан ўтиб кетадиган нарса-яшашдан мақсади нима эканлигини ўзи тилларини ҳам билмайдиган юнонларга қўшилиб эрк учун курашишдан топган. У ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам айнан қадимий Эллада заминида юқори босқичга кўтарилган. Лермонтов ҳаётидаги бундай давр 1837 йили Пушкиннинг дуэлда отиб ўлдирилиши бўлган. Назаримда шундай. Шу пайтгача жамият ҳаётига фаол аралашмаган, хилватни хушлаган, казармаларда сиқилиб, имкон топилди дегунча табиат томон югурган шоир шундан сўнг ўз шеърлари билан жамиятнинг бир қисмига ва катта овозига айланган. Қаламига мансуб “Шоирнинг ўлими” шеъри марионетка жамият ва ундаги мунофиқ, разил, пасткаш кишиларга қарата ёзилган қоралов билдиришномаси бўлган. Ҳаётидаги бу давр кейинчалик “Замонамиз қаҳрамони” асарини яратилишини таъминлаган. Есенин Айседора Дунканга уйланиши ортидан ўзи учун энг аҳамиятли давр остонасига қадам қўйган. Ўзидан ўн беш ёш катта бўлган анча зеҳнли ва зукко, фаросатли ва билимли раққоса аёл шоирнинг дунёқараши ва турмуш тарзига ўткир таъсир ўтказишидан ташқари уни Европа ва Америка бўйлаб катта саёҳатга олиб кетган. Бунинг натижасида Есенин ижодида янгиланиш кузатилган, бошқа менталитет ва маданиятлар билан яқиндан танишиш, тили ва дини бошқа бўлган одамлар билан кундалик мулоқотларга киришиш унинг кейинги шеърларига сермулоҳазалик ва гуманизмни янги қирраларини сингдирган. Шундан сўнг улар бирин-кетин ранг-баранг мавзуларда ёзилишни бошлаган. Бу ерда биргина “Форс тароналари”ни эслаш кифоя. Томас Дилан учун энг аҳамиятли давр бўлганми? Шундай ҳақли савол туғилади. Менимча, бўлган. Иккинчи жаҳон уруши унинг учун шундай давр тоифасига киради. У Суонси каби кичик шаҳарда, табиатга ошно бўлиб, хаёллар ва орзуларга чўмиб, ёшликнинг қайноқ қучоғида мумдек эриб, лирик шеърлар ва қисқа ҳикоялар битиб юрган, ҳаёт тароватидан том маънода баҳра олиб умр кечираётган пайтида ногаҳон уруш бошлангани ва бу урушга Уинстон Черчилль бошчилигидаги Британия ҳам қўшилгани уни зудлик билан ҳарбий сафарбарликка лаббай деб боришига сабаб бўлади. Британия ҳам АҚШ билан биргаликда бошқа давлатларни ўз домига тортган Иккинчи жаҳон урушига қўшилади. Гитлер бошчилигидаги фашистлар юзага келтирган глобал хаосни жим кузатиб туришдан маъно йўқлигини, бу хаос охир-оқибат уларни ҳам ўзига юзага келтирган пўртанада қурбон қилишини Черчилль ҳам, Рузвельт ҳам тушунишади. Шу тариқа Британия заминида ҳам уруш йиллари бошланади ва оммавий тарзда бошланган сафарбарлик халқнинг турмуш тарзини пароканда қилиб, издан чиқариб юборади. Диланда соғлиғи билан боғлиқ кичик муаммо юзага келгани боис ҳарбий комиссариат томонидан уни урушда қатнашишга яроқсиз деб топилиши шоирни бир муддат тушкунликка тушириб қўяди. Қандай тушкунликка тушмасин, ахир. Эркак киши учун бу -маломат, кўникиши қийин бўлган синов-ку. Худди шундай. Ҳар бир эркак руҳиятига бу салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ҳарбий хизматга ёлланиб, урушга кетиш ва у ерда ҳақсизликка қарши бош кўтариш учун йўл бўйи ўз ўйлари билан банд бўлган, фашистларга қарши курашишни, балки шу йўл орқали инсониятни қутқазишни истаган, кейин эса эҳтимол “Қутқазилган Қуддус”ни ёзган улуғ итальян шоири Торкватто Тассо каби катта бир достон ёзишни кўнглига туккан ёш йигитга рад этилиши, яроқсиз деб топилиши албатта катта руҳий зарба бўлади. У дастлабки лаҳзаларда бу қарорга кўниколмайди. Қандай қилиб уни рад этишлари мумкин?! Ўзи ихтиёрий кетишни, қўлига қурол олиб жанг қилишни, юраги ёниб курашишни истаб турган инсонни урушга дарҳол юборишлари керак эмасми (қолаверса, бу статистика учун ҳам керак-ку)?! Ахир, Ремарк айтмоқчи “урушда статистика муҳим, урушдаги ҳамма нарса-статистика” эмасми?! Шундай саволларни у гўё очиқ осмон остида тик турганича ҳар бир олаётган нафасида ўзига беради. Бир сафда туриб, навбат билан рўйхатдан ўтаётган-оммавий ҳарбий сафарбарликка чақирилган ёш-у қарига (кўпроқ ёш йигитларга) назар соларкан, шу оғриқли саволлар унинг кўнглидан дам-бадам ўтади. Ҳатто, улар бирин-кетин яқинлари билан қучоқлашиб ва ўпишиб, қуюқ ва астойдил хайр-хўшлашаётган пайтларида ёки тўрва халталарини елкаларига осиб, юк машиналари бортига сакраб чиқишаётганларида ўзини қандайдир жамиятдан ажралиб, четга чиқиб қолган кишидек ҳис қилади. Одамларнинг кўзларидан оқиб тушаётган шашқатор ёш, бўй кўрсатган қўрқув, чорасизлик тубида жон беришга тушган умидсизлик, бўсағада ҳомуз тортиб турган айрилиқ ва ҳижрон кабиларни танасига кўчириб, ўзини бу ерда улар билан бирга қолишга ҳаққи йўқдек, урушдан кўпи қайтмаслиги пешонасига битилган йигитларга қўшилиб фронтга кетишни азбаройи истайди. Юк машиналари ортидан ҳаллослаб чопгиси, ҳеч бўлмаганда ярим йўлгача ҳайқириб чопиб боргиси, уларга қўшилиб даҳшатли фронтга кетгиси келади. Аммо чорасизликдан жойидан тош қотади. Худди ҳайкалдек на қўлларини, на оёқларини қимирлата олмай қолади. Шунга қарамай у ўзини қўлга олади. Шу кундан бошлаб урушга тортилган ва фашизм билан юзма- юз келиши тақдирига битилган ватанига қурол билан бўлмаса-да, лоақал қалами билан кўмаклашишни ният қилади. Жанггоҳларда қазилган окопларда уйқусизлик ва совуқдан панд еганча тонг оттириб, куйиб кулга айланган шаҳар ва қишлоқларда қон кечиб, душман пулемёти ва автоматларидан ёғилган ўқлардан баданлари илма-тешик бўлганча бирма-бир даст йиқилиб, шафқатсиз танклар остида оёқ-қўли мажағланиб, само узра турнақатор бўлиб учиб юрган аэропланлар ташлаган бомбалар остида қолиш оқибатида тана қисмлари парчаланиб ва ичак-чавоқлари ташқарига отилиб, тенгқурлари жон беришаётганида у ватанида бу урушни қораловчи, унга лаънат ёғдировчи, уни инсониятни айни узоқ кутилган тамаддун асрида жар ёқасига бошлаб бориб, глобал маънавий фожеани келтириб чиқаришини башорат қилувчи, шунингдек халқ ва одамларни руҳини кўтарувчи, уларни руҳан синмасликка ва иродани бўшаштирмасликка чақириб, эртанги саодатли кунларга ҳамда инсонийлик тантана қилишига ишонтирувчи шеърлар билан мақолалар ёзади. Шу номи ўчгур уруш йилларида у баракали ижод қилади. Ундаги шоирона дард инсоний дард билан мувофиқлашган тарзда ўзининг юқори нотасида атрофга таралади. Ҳар куни фронтдан келаётган ваҳимали хабарлар, қора хатлар, умидсизликка йўғрилган янгиликлар уни синдиролмайди. Аксинча, у мана шулар ичида ўзлигини йўқотиб, иродаси мўртлашаётган халқни уйғотишга, бир он ҳам мудрамасликка, охирги томчи қонигача курашишга, фашизм устидан ғалаб қозониш учун жонини жабборга беришга чақиради. Охири у шеърлар ва мақолалар қолиб, ташвиқот матнлари ҳам ёзиб, ёппасига тарқатишни бошлайди. Матнлари айнан халқни иродасини тоблаб, уни енгилиш ҳақида ўйламаслигини таъминлашга қаратилади. Дилан тунлари қовоқхоналарда қўшиқ хиргойи қилиб, сармаст ҳолда виски ичиб, бошқа шинавандалар билан фикр алмашиб ўтирса-да, кундузлари ижодидан ва ташвиқот дастуридан бўшамайди. У ҳам худди Ер юзи бўйлаб тарқаб кетган жанггоҳлардаги аскарларга ўхшаб жанг қилаётгандек туюлади ўзига ўзи. Жанггоҳларда аскарлар душман аскарлари билан қурол ёрдамида ҳаёт-мамот жангига киришишган бўлса, у душман ташвиқоти билан қалам ёрдамида ҳаёт-мамот жангига киришади. Хулоса шуки, Иккинчи Жаҳон урушининг 1943-1945 йиллари оралиғи Дилан ҳаётидаги энг аҳамиятли давр эди. У бу даврда нафақат ижодкор, балки инсон сифатида ҳам обдон ва тўлақонли шаклланди. Бу давр нафақат уни кейинги ижодий фаолиятини, балки бутун ижодий фаолиятини белгилаб беради, худди Пушкин ўлими Лермонтовнинг ёки Айседора Дунканга уйланиши Есенининг бутун ижодий фаолияти негизини ташкил қилиб, уларни ҳам инсон, ҳам ижодкор сифатида янги босқичга олиб чиққани каби.
2021-12-05
http://nodirabegim.uz/archives/4042
Ремаркнинг асарлари табиатан романтик бўлган инсонлар учун мўлжалланмагани икки карра икки тўртдек гап. Ремаркни улар сабр қилиб, асабийлашмай ўқий олишмайди. Адибнинг ўткир қалами шакллантирган бемисл реалистик қарашлари жамланмаси ва дунёқараши негизида тамал тоши қўйилган шафқатсиз реализм деб аталгувчи совуқ бир қўрғон уларни чўчитади. Улар бу қўрғон ичига киришдан азбаройи қўрқишади, унинг ичидаги ҳар битта хонанинг залворли эшикларини очиб кўриш фикри улар дилига қутқу солади, ҳатто узоқдан кўриниб турадиган важоҳати ҳам уларни ақл бовар қилмас телба хаёллар сари етаклайди. Шунинг учун Ремаркнинг китобларини қўлларига олгани юраклари бетламайди, асарлари сюжети тугул кўпинча номи ҳам уларни олдиндан бездиради. Улар “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асаридаги юқори синф мактаб партасидан тўғри фронтга келиб тушган болакайлар аччиқ тақдири ва фожеасидаги реал бўёқлар учун муаллифни одатда кечиришмайди. “Қайтиш” даги бош қаҳрамонни урушдан кейинги жамиятда мақсадсиз судраб, саргардон қилгани учун уни ёмон кўришади. “Уч оғайни”даги мафтункор Патрицияни сил касалидан ўлдиргани учун унга тавқи-лаънатлар ёғдиришади. “Лиссабондаги тун”даги концлагерга ташланган шўрлик аёлнинг аянчли қисмати ранг-баранг бўёқлардаги улар чизган ҳаёт тасвирларига монанд бўлмай, пафосли ўйларига соя солиб, аталанинг ичидан чиққан суякдек таъбларини хира қилганидан жиғибийрон бўлишади. “Ўз яқинингни сев” асаридаги бош қаҳрамоннинг деразадан ўзини пастга отишида оғриқли дардни эмас, улкан жасоратни (қанчалик кулгули!) кўришади. “Қора ёдгорлик”даги пулнинг қадрсизланиши оқибатида остин-устун бўлиб, иқтисодий бўҳронлар ичида қолиб кетган жамиятни адиб шу деталь учунгина оқ-қора рангларда тасвирлаб, қоралаганини хазм қила олишмайди. “Зафар пештоғи”даги бош қаҳрамон доктор Равик енгилтак маъшуқаси билан биргаликда улар мудом сиғинадиган гўзал ҳаётни кўз ўнгиларида булғаётгандек туюлади. Идеалистлар ҳам Ремаркни ўқий олишмайди. Идеалликка интилиш Ремаркка хос бўлган нарса эмас. Идеалистлар ўзлари тўғри деб билан, топинган, қалбларида ҳайкал қўйган, қаттиқ кўнгил берган ва қадрлаган туйғулари-ю ақидаларини афсуски унинг асарлари ичидан топа олишмайди. Қанча излашмасин, қанча сарсон бўлишмасин, қанча бош қотиришмасин топа олишмайди. Аксинча Ремарк билан зиддиятларга дуч келишади. Улар юксакликка интилишади, Ремарк ҳаётнинг тубига. Улар юксак инсоний туйғулар ва намунали ҳаёт тараннумига ўч, Ремарк инсон ва ҳаётнинг очиқ асл башарасига. Улар ҳаётни ранг-баранг тасвирларда илғаш ва ҳис қилиш илинжида яшашади, Ремарк уни оқ-қора ранглари ичида бетиним кезади. Улар “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асаридаги юқори синф мактаб партасидан тўғри фронтга келиб тушган болакайларни ватан учун жон беришга чақирган, урушга чорлаган ва ташвиқот олиб борган сўтак ўқитувчини адиб салбий фонда ёритгани учун унинг гўрига ғишт қалашади. “Қайтиш” асаридаги бош қаҳрамон жамиятнинг янги кучи, янги Германиянинг бош ислоҳотчиси бўлиши лозим эди деб адабиётшунослардек уқтиришга уринишади. “Уч оғайни”даги мафтункор Патрицияни сил касалидан қазо қилганига улар бефарқ бўлишиб, асар саҳифаларидаги покиза муҳаббатга хос бўлмаган ишқ тасвирларидан ҳайратга тушишади. “Лиссабондаги тун”даги концлагерга ташланган аёл уларда ачиниш ҳиссини уйғотмайди, аксинча Ремаркдан бу концлагерни йўқ қилишга қарши ташвиқот гап-сўзларни ва унинг ўрнига жамиятни янгилаб, ислоҳ қилишга қаратилган ишлар тадбирини кутишиб, хафсалалари пир бўлади. “Ўз яқинингни сев”да уруш ўчоғи ичида моддий ва маънавий таназзулга юз тутган жамиятдан қочишга интилиб, фуқаролик бурчини бажаришдан бўйин товлагани учун бош қаҳрамонни танқид қилишади ва унинг ўлимини бир жазо сифатида идрок қилишади. “Қора ёдгорлик”даги пулнинг қадрсизланиши уларни унчалик ташвишга солмайди, аксинча Ремарк бу оғир шароитда келажак авлод учун жамиятни қайта қуриш дастурини таклиф қилмагани уларнинг энсаларини қотиради. “Зафар пештоғи”да пиёниста бош қаҳрамон ва унинг енгилтак маъшуқасига қарши буларнинг тамомила акси бўлган, инсоний фазилатлар билан бўяб-бежаб ташланган севишганлар образи берилмагани боис фиғонлари фалакка юз тутади. Ремаркни ўқий оладиган ягона қатлам-бу реалистлар. Айнан улар. Негатив ёрлиғи остидаги, ҳаётни товуқ гўнгни титгани каби титиб ташлайдиган, ҳеч бир мафкурага шунчаки ишониб кетмайдиган, пафосли романтизм устидан куладиган, идеал қарашлар ва романтик тасвирларни бачкана деб ҳисоблайдиган ҳамда ҳаётни бор-будича, керак бўлса яланғоч ҳолда кўришга одатланган реалистлар Ремаркни ўқий олишади. Ўқиганда ҳам ҳаяжон билан, диққатларини бир ерга жамлаб, керак бўлса йиғлаб ўқишади. Улар Ремарк асарларидаги уруш тасвирларини, узилган қўл-оёқлар, қориндан отилиб чиққан ичак-чавоқлар, бомба ва снарядлар узиб ташлаб, улоқтириб ташлаган инсон каллалари, пулемётлар ва аэропланлар илма-тешигини чиқариб ташлаган инсон танаси, вайрон бўлган қишлоқлар, кули кўкка совурилган уйлар тасвирларини осон хазм қилишади. Романтиклар уввос солиб, идеалистлар бош чайқаб Ремаркдан узоқлашишганида улар унга яқинлашишади. Улар Ремарк асарларидаги урушдан кейинги ҳаққоний тасвирларни ҳам борича қабул қилишади. Урушдан ҳам жисмонан, ҳам руҳан майиб бўлиб чиққан авлод вакилларини уруш даҳшатларини унутиш учун ўзларини ўққа-чўққа уришларини, алкоголдан бошларини кўтармай, исловотхоналарда фоҳишалар бағрида сигор тутатиб, латифа айтиб, ҳиринглаб ўтиришларини , охир-оқибат сил касалига чалиниб оламдан гўё нима бўлаётганини, нима учун яшашганини англай олмай, завол топганча ўлиб кетишларини хам бир туклари ўзгармай, айюҳаннос солмай қалбларига сингдира олишади… Ремаркни доим севиб ўқиганман. “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, “Қайтиш”, Уч оғайни”, “Лиссабондаги тун”, “Ўз яқинингни сев”, “Қора ёдгорлик”, “Зафар пештоқи” каби романлари шунчаки бадиий асарлар эмас, эҳтимол ўша пайтдаги Европа жамиятининг қомуслари ҳисобланади. Уларни ўқирканман, кўпинча юқоридаги романтиклар ва идеалистларни чўчитадиган нарсалар мени ҳам бошида чўчитганини алоҳида таъкидлашим жоиз. Ремарк асарларини ўқигач, шууримга дастлабки лаҳзада келган нарса шу икки савол бўлган: Нима учун хаосга кўп урғу берилган? Нега алкоголь, сил касали ва фоҳишалар деталлари ҳам ниҳоятда кўп унинг асарларида? Дарҳақиқат, унинг ҳар бир асарида ўқувчи унгагина хос хаос ва шу деталларни учратади. Бу деталларнинг бирортаси учрамаган унинг асари йўқ. Урушдан қайтган, уруш кўрган қаҳрамонлари ўзлари мансуб бўлган пароканда жамиятда хаос ичида умр кечиради, алкоголдан бошини кўтармайди, кўпи сил касалига чалинади, фоҳишалар атрофида гирдикапалак бўлиб, уларнинг даврасида кайфу-сафо қилади, “куним ўтса бўлди” қабилида яшайди. Шу ерда Ремарк билан параллел равишда ижод қилган Фитцежарльд ва Хемингуэйни эслайман. Уларнинг қаҳрамонлари ҳам тахминан шундай эди. Дейлик бирининг қаҳрамони Гетсби ҳаётдан тўйган, урушдан кейинги жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, орзуларсиз яшашга маҳкум этилган, умрини айш-у ишратларда совурадиган, ўзини нима хушнуд қилишини билмайдиган нотавон. Хемингуэйнинг эркак ва аёл қаҳрамонлари эса уруш оқибатида жароҳатланган қалбларини даволаш ҳамда янги ҳаёт бошлаш учун ҳамма нарсага ёппасига тайёр бўлган ношудлар. Улар ҳатто тажрибали матадорнинг ўрнига кўзлари қонга тўлган буқа билан корридада жанг қилишга ёки алкоголдан жигар циррозига чалиниб, ғинг демасдан ўлиб кетишга ҳам шай. Ремаркнинг қаҳрамонлари уларникидан ҳам ўтиб тушади. Унинг асарларини икки босқичга бўлишни лозим топган бўлардим. Биринчи босқичда яратилган “Ғарбий Фронтда ўзгариш йўқ”, “Қайтиш” , “Лиссабондаги тун”, “Ўз яқинингни сев” асарларида уруш ва урушга тортилган жамият бошидан кечирган кўнгилсиз манзаралар акс этган. Ремарк уларда урушни инсоният бошига солган балосига тўхталиб, кўпроқ шахсиятни ўлдириб, бу билан жамиятни тарқоқ ва хаста бир аҳволга солаётганини кўрсатади. “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асаридаги аскарлар ҳали гўдак бўлган, мактаб ўқувчилари. Улар кечагина мактаб партасида қўлида ручка билан ўтириб, бугун қўлига қурол олган бахтсиз шўрпешоналар. Асар бошида уларнинг суҳбатлари ҳам , ҳатти- ҳаракатлари ҳам, ҳазил-мутойибалари ҳам болаларча. Давомида эса орзуларининг юздан бири ҳам рўёбга чиқмай жанггоҳларда суяклари қотиши улкан фожеанинг ибтидосидан далолат беради. Улар уруш давомида бора-бора ҳиссизга айланишлари, ҳатто ҳалок бўлган шеригининг оёғидан этигини ечиб олишлари, ўйлаб ўтирмай парранда ўғирлаб қорин тўйғазишлари ва бундан заррача виждонлари қийналмасликлари урушнинг хунук ва расво оқибати сабаблигига шубҳа қолдирмайди. “Лиссабондаги тун” ва “Ўз яқинингни сев” асарларида эса уруш жангоҳларидан кўра унинг ортидаги, урушга тортилган жамиятдаги инсонлар тасвирланади. Улар ҳаётларини тамомила издан чиқариб ташлаган урушдан ўзларини ҳимоя қилишга уринишади, яқинларини бу ўпқон таъсиридан сақлашга уринишади, аммо охир-оқибат концлагерларда ёки душман остонасида ҳалок бўлишади. “Қайтиш” асарида ўқувчи гўёки “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асаридаги қаҳрамонлардан бирини урушдан қайтиш саҳнасига дуч келади. Биринчи Жаҳон уруши тугаган, Германия ютқазган, қон тўкишлар ниҳоясига етиб, аскарлар уйларига қайтиш учун рухсат олишган. Асар қаҳрамони уйига қайтади. Уйда уни ким кутади? Ҳеч ким кутмайди. Ҳатто хотини ҳам унга хиёнат қилган бўлиб чиқади. Мактаб ўқувчилиги пайтида урушга кетган, на бирор олий ўқув юртида ўқий олмаган, на бирор ҳунарни бошини тутмаган қаҳрамон жамиятда нима қилишини билмай қолади. На касби бор, на ҳунари. Қўлида фақат мактабни тамомлаганини кўрсатувчи аттестати ва ҳарбий унвони бор холос. На этик ямашни, на чилангарликни, на дурадгорликни, на ҳисоб- китоб ишларини билади. Ҳеч нимани билмайди. Жамиятда ўз ўрнини топиши учун нима қилиши лозимлигини ўйлаб ўйига етолмайди. Бунинг учун ўқимоқчи ёки ўрганмоқчи бўлса урушдан кейинги жамиятнинг ҳам аҳволи уникидан баттар ва уни амаллаб оёққа туриши учун йиллар керак. Жамиятнинг ўзи носоғлом қисқаси. Иккинчи босқичга “Уч оғайни”, “Қора ёдгорлик”, “Зафар пештоқи” каби асарларини киритган бўлардим ва шу асарлар Ремаркнинг юқоридаги деталларига ҳамда унга хос бўлган хаос манзарасига мантиқий хулоса беради. Дастлаб “Уч оғайни” асаридан бошласак. Роман қаҳрамонлари уруш кўрган инсонлар гуруҳи. Улар ҳам урушдан кейинги жамиятда ўз ўрниларини топиш учун курашишади. “Қайтиш”даги бош қаҳрамондан фарқли равишда улар мажҳул эмас, анча фаол. Аммо шу билан биргаликда руҳан толиққан, ҳаётда эртанги кундан умид қилмайдиган, бугунги кунини зўр-базўр ўтказиб олса, ўзини жарлик ёқасидан узоқлашгандек сезадиган кимсалар. Улардан бири чалғиш учун пашшадек ёпишиб олган ишидан бошини кўтармайди, иккинчиси алкоголга муккасидан кетади, учинчиси муҳаббат билан бу қалтис юмушни амалга оширади. Улар ўзлари гувоҳи бўлган уруш даҳшатларини унутишса бас, чалғишса бас, ўзларини иш-у ишқ билан андармон қилишса бас, кўнгиллари таскин топади. Бошқа томондан қараганда тинчлик ичидаги жамиятнинг урушдан фарқи йўқ улар учун. Тинчлик пайтида ҳам улар худди урушда бўлгани каби мунтазам курашиб яшашади, ҳатто сил касали худди уруш бошқалар билан бу ишни қилгани каби унинг севган инсонидан айиради. “Қора ёдгорлик” ва “Зафар пештоқи” асарларида Ремаркнинг учта детали ва хаоси ўзининг кулминациясига чиқади. Йигирма беш йил ичида иккита урушни бошидан кечирган жамият ва унинг аъзолари том маънода келажакка ишончларини йўқотишади ва жамиятда ўз ўрниларини топиш учун ҳам қайғурмай қўйишади. Пулнинг қадрсизланиши ва кетма- кет келган урушларнинг таъсири улардаги нормал ҳаёт сари қадам ташлашни ҳам бўғиб ташлайди. Завол топган авлод чинакам хаоснинг ичида қолади. Улар ёши улғайган, эндиликда ўспирин ёки ёш йигит эмас, аммо ҳалиям чорасиз, иложсизлик ичида юраклари чокидан сўкилиб кетган бир аҳволда кўчаларда тентираб юришади. Улар учун ҳаёт абсурдлашиб кетаётганини ҳис қилиб, бугунги кундан ҳовучларига сиққанича нимадир олиб қолишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун доктор Равик тинмай олма ароғи бўлган кальвадос ичади ва енгилтак Жоан Мадуга севги изҳор қилади. Қора ҳайкалдаги қаҳрамонлар эса лаҳзалик ишрат ва кўнгилхушлик учун ўзларини бахшида қиладилар ва виски ичиб, ресторанларда гап сотиб, фоҳишалар билан кайфу сафодан мазмун қидирадилар. Айримлари эса сил касалидан ўлаётганини билиб ўзини телбаларча тутади ва урушни ҳам, ҳаётни ҳам лаънатлаб баланд овозда йўталиб- йўталиб қўшиқлар куйлашади. Охирги яратган асарларида алкоголь, сил касали ва фоҳишалар чин маънода Ремаркнинг чорасизликни ифодаловчи рамзларига ва хаосини тушунишда кўмакчиларга айланишади. У бу деталлар билан уруш кўрган ва урушдан жамиятдаги хаос ичига улоқтирилган завол топган авлод кўзларидаги чорасизлик унсурларини ифодалайди. Ҳатто Худога ҳам ишончи қолмаган, абсурд қалбига маҳкам ўрнашиб қолган, кундалик ҳаётида маза-матра қолмаган бу авлод жамиятда ўрнини тополмай, топганда ҳам ҳаётига мазмун бахш этолмай, руҳан мажруҳ бир алпозда, вужудидаги кемтикларини яшириш учун шамга яқинлашган парвонадек алкоголга ўзини уриши, лаҳзалик ишрат ортидан ўзини қулдек эргаштириб юриши ва кўпинча сил касалига чалиниб хаос ичида қолган дунёдан ўтиб кетиши бир қонуниятдек кўринади.
2021-10-06
http://nodirabegim.uz/archives/4137
Aвтобус. Одамлар. Ҳамма ҳар хил мавзуда суҳбат қурган. Сени эса бу суҳбатлар бошида бироз қизиқтиради, кейинчалик эса уларга эътибор бермай қўясан. Сени эътиборингни аста секин тўқ қизғиш рангга кираётган, адирлар ортидаги уфқ тортади. Бу уфқ айни пайтда ҳеч ким қизиқтирмайди, эътиборини тортмайди, ҳамма ўз ташвиши билан, кимдир автобусни юришини муҳокама қилган, кимдир манзилга етганда нималар қилиш режасини тузган. Сени хаёлингда эса айни пайтда мана шу уфқ, шу тонг, шундан бошқа ҳеч нима йўқ. Кенгликлар инсон фикрларига ҳам эркинлик беради, ким билсин энг яхши асарлар балки шундай кенгликларда туғилар. Aхир Чингиз Aйтматов бекорга ажойиб асарлар ёзмагандир. Чингиз Aйтматов ҳақида ўйлаганимда хаёлимда унинг асарларидаги қаҳрамонлар намоён бўлиб хаёлимни чалғитади, шунинг учун манзилга етганимдан сўнг нима қилишим ҳақида ўйлаб кетаман. Етиб олсам балким мен ҳам бирор тоғни ёки адирни тепасига чиқиб ўтириб ўйга чўмарман, балки менда ҳам Чингиз Aйтматовда туғилганидек чиройли асарлар ғояси туғилар, менда ҳам унинг асарларидаги қаҳрамонлар сингари “ҳаёт эрта улғайтирган”, “ўз мақсади сари сабр билан қадам ташлайдиган” қаҳрамонлар сиймоси пайдо бўлар, лекин уларни қоғозга туширмаслигимни аниқ англайман. Самурайлар таълимотида бир муҳим гап бор, «Самурай учун мақсад эмас, йўл муҳим» дейди улар. Олдимда текис ва машаққатли йўл, сокин чайқалаётган автобус, баъзи баъзида шиддат билан ўтувчи йўловчи машиналар. Мақсад — манзилга етиб бориш, лекин айни пайтда сени мақсад эмас йўл қизиқтиради. Хаёллар муҳим… Йўл муҳим… Самурайлар ўзининг шу гапини айтганда нимани назарда тутган, буни ҳар хил талқин қилиш мумкин, лекин ҳозир ихтиёримда узун йўл бор. Муҳими йўл… Тонг анча ёришди. Энди адирлар орасидаги сўқмоқ йўллар аниқ кўрина бошлади. Aдирни иккига ажратиб турган сўқмоқни кўриб негадир автобусни тўсатдан шарт тўхтатиб шу адирларда шунчаки, ҳаракатсиз, осмонга термулиб ётгинг келиб қолади. Бунинг имкони йўқлигини яхши тушунган ҳолда, бу истагингни юзага чиқармайсан. Бироздан сўнг бу истак ўрнини туман босган уфққа қараб югуриш эгаллайди. Эркинлик бера олмаслигингни билсада кўнгил эркинлик истайверади. Кўнгил шунақа, у чекловларни тан олмайди. Лекин ўзингча кўнгилни тинчлантирасан, етиб борганимда кўнгил тизгинини эркин қўяман деб. Шу истагингни ҳозир амалга ошир дегандек автобус тўхтайди. Тушамиз. Манзилга оз қолди. Лекин тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун тушамиз. Aвтобусдан тушишим билан димоғимга тонгги шудринг тушган кийикўтлар иси уради. Ўпкани тўлдириб нафас оламан. Инсон ҳар доим ҳам туймайдиган табиий ўсиб турган кийикўт ҳиди. Уфқда тоғлар ва паст текисликлар ястаниб ётади. Сен эса кўнглинг билан уларга боғланиб қолмасликка ҳаракат қиласан. Чунки сени йўл кутяпти. Узоқ йўл… Сой бўйи. Енгил шабада эсяпти. Натуралист бўлганим учун баъзи бир китоблардаги табиат тасвирлари яхши ёдимда қолган. Aйни ўша китоблардаги ҳолатларни ҳозир ўз кўзим билан кузатяпман. Шабаданинг баргларни секин титратиши, сойдаги сувнинг тошдан тошга урилиб шилдираб оқиши, ҳар хил қушларнинг бир бирига ҳамоҳанг сайрашини сой бўйидаги тош устида ўтиргунча кузатяпман. Шоир ёки ёзувчи айни шу манзарани тасаввур қила олиши учун уни ҳеч бўлмаса ҳаётда бир марта ўз кўзи билан кўриши керак деган фикрлар ўтади миямдан. Бу жойда яшайдиган одамлар содда. Кўп замонавий нарсалардан узоқда яшашади. Меҳмон кутиб олишдан мамнун, меҳмондўст одамлар. Тўғри, бунинг учун ҳақ олади, лекин ўз ишини ёқтиришини сезасиз. Шу ердаги тоққа чиқсангиз ўйнаб юрган болаларга кўзингиз тушади. Бир қарашда бу болалар ҳаёт тарзи сизга жуда зерикарли бўлиб туюлади. Улар учун бу ерда ҳаммаси оддий, бир тўда эчкилари, улар яшайдиган жой, ўтлайдиган адир, баланд тоғ, йўловчи машиналар, кети узилмайдиган меҳмонлар. Лекин уларнинг қалби эркин, қалби худди ўзи яшайдигандек кенгликларда яшайди. Бу болаларнинг бахти балки айни шундадир. Биз ҳар хил диққанафас гўшалардан шу бир кунлик қалб эркинлигини ҳис қилиш учун келамиз, улар эса шу жойда туғилишади. Биз ўзлигимизни кенгликлардан излаймиз, уларчи? Улар учун ташқи дунёда нима бўляпти, унчалик қизиқмас. Бугун ўзим ҳам узоқ муддат ташқи олам билан алоқасиз ва атрофимда жуда кўп воқеа ҳодисалар билан қолиб, сой бўйида сокин ўтирибман. Бу ерда яшовчи болалар орзуси нима, нимани хохлайди бу болалар? Унга эришишга ҳаракат қиладими ёки эриша олмаслигига кўзи етиб хўрсиниб қўядими? Балки келиб кетгувчи меҳмонлардан қайси биринидир ё қизини ё ўғлини ёқтириб қолар, лекин буни бефойдалигини ҳис қилар? Унга эриша олмаслигини билсада, бу севгини етишиб бўлмас бир чўққи деб ҳисобласада, барибир кейинги йил яна ўша инсоннинг келишини кутар, худди Пауло Коелонинг “Aлкимёгар”идаги чўпон Сантяго дўкондорнинг қизини кўриб, у билан суҳбатлашиш учун бир йил сабр билан кутиб, уни унутмагани каби. Саволлар жуда кўп. Жавобларни излаб топгунингча эса автобус сени кутмайди. Олдинда сени фақатгина йўл кутяпти… Олис йўл… Бошқа ҳеч нарса…
2021-07-13
http://nodirabegim.uz/archives/4187
Томас Манн- реалист. Бўлганда ҳам реалистларнинг ўта шафқатсиз ва бир қадар кўнгилчан ёки ён бераётганга ўхшаса-да, аслида сурбет тоифасидан. Уни мутолаа қилиш фақат романтик бўлишни зўр уддалайдиган ва хуш кўрадиган замонамиз ўқувчиларига осон эмас. Агар таъбир жоиз бўлса, бу улар тасаввурида игна билан қудуққа қазишдек гап. Синчков бўлмаган ёки айни пайтда келажаги буюк жамиятимизда урф бўлган нарса-савдогар нашриётлар томонидан одамларга мажбуран тиқиштирилаётган арзон бестселлерлар билан китобхонлик иммунитети шаклланган ва мия ҳужайралари тўлиб-тошиб кетган китоб шинавандалари унинг асарларини қўлга олган заҳотлари гўё немис адиби ҳар қанақасига ўзлари учун бешак оғирлик қилишини ҳис қилишади. Боз устига, Томас Манн улар наздида ўлгудек зерикарли ва чидаб бўлмас даражада майда-чуйда деталлар тафсилотига ўчдек юқори баҳога муносиб кўрилмайди. Ўларча мижғов ва эзма чол билан суҳбатлашаётгандек, шўрликлар бир пасда унинг услубидан зерика бошлашади. Ҳатто эсноқ тутиб, оғзиларини дам-бадам пашша кириб кетгудек даражада очиб-ёпишни одат тусига киритишади. Унинг асарларида бадиий тасвир анқонинг уруғилиги энсаларини қотиради ва ўзларига ўзлари “бадиий тасвирсиз проза прозамас” деганча фиғонлари фалакка юз тутади. Якунда эса асарнинг моҳиятини тушунишга кифоя ёки арзирли бўлмаган ўн-ўн беш саҳифани варақлаб-варақламай, китобни жаҳл устида шартта ёпишади ва адиб устидан ҳукм ўқишади. Хулоса: улар эмас, вақт синови ва чиғириғидан ўтган адиб айбдор. Бу қаҳрамонликлари ва ноёб кашфиётлари натижасида митти кўлмакларида шон-шуҳрат қозонган усти ялтироқ тафаккурлари ва “китобхўр” ёрлиғи ёпиштирилган обрў-эътиборларига гард юқмай, юраклари ҳам андак сиқилишдан халос бўлиб, енгил тин олишади ва ҳеч бир адвокатдан қолишмаган тарзда ўз-ўзини оқлаш функциясини муваффақиятли адо этганликлари учун рангпар ва салқиган юзларига қизиллик югуради… Эҳ, мустақиллик болалари! Эҳ, уларни аямайдиган “золим” Томас Манн! Буюк Гёте ва унинг ёшликдаги муҳаббати Шарлотта ҳақидаги “Лотта Ваймарда” асарини ўқиш жараёнида шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Шубҳасиз, асарга мослашиш бестселлерлар билан суяги қотган романтиклар учун жўн, саодатли ёки хайрли иш эмас. Вертер ҳақидаги романдан хабари бўлган ва уни жону дилидан севган ўқувчига ҳам бу асар катта бир жиноят, мисли кўрилмаган ноҳақлик ва инсон ҳисларини топтайдиган бир бемаъни фабуладек юрагига оғриқ беради. У шунчалар реализм анъаналарига содиқлик руҳида ёзилган ва ҳақиқат билан маромида тўйинтирилганки, “Ёш Вертернинг изтироблари”дан олинган романтик таассуротни уларнинг рўпарасида гўё ипидан узилиб кетган маржондек ерга сочиб ташлайди ва пафосли руҳиятни кўринмас қўллари билан астойдил бўғади. Аммо, реализм қонигача сингиб кетганлар бу асарни мароқ ва хандон отиб ўқишларига аминман. Юз фоиз десам ҳам бўлар. Балки, икки юз фоиздир. Нима бўлган тақдирдаям, унда Томас Манн кекса Гётени борича, ҳеч бир ёрқин бўёқларсиз, холис тасвирлаганини инкор қилиб бўлмайди. Унинг талқинидаги кекса шоирни ўқиб, ёши бир ерга бориб қолган мўйсафид шундай бўлади-да, дейсан. Гёте “Шеърият ва ҳақиқат” асарида таъкидлаган кўп нарсаларидан адиб унумли фойдалангани ва уларни ўзининг реалистик дунёқараши билан омухта қилиб, асар саҳифаларига сингдириб юборгани ҳам мутолаа давомида ойдинлашади. Масалан, прозани ҳақиқатга яқинлаштирган, ҳақиқатдан айро ҳолда эмас, у билан чамбарчас боғлагани кўзга ташланади (у башарти шоир бўлганида поэзияни ҳам шундай қиларди). Ҳақиқат эса ачинарли бўладими ёки қувонарлими, қандай ва қай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, барибир ҳақиқат ва у сўзсиз қабул қилиниши шарт. Томас Манн кекса Лоттани ҳам тасвирлашда реализм анъаналарига содиқ қолган. Аёлнинг ўтмиши ва ҳозирги куни ўртасида мудом хаёлан овораи сарсон бўлиши, портретидаги кинояли ёки масхараомуз тасвирлари, бошқа персонажлар билан муносабатлари ва улар ҳузуридаги ҳатти-ҳаракатлари, бачкана ўйлари ва ёшига номуносиб тарзда оғзидан чиққан айрим гап-сўзларида ҳам аслида ҳақиқат бир чеккадан бўй кўрсатади ва муболаға борасида тахмин ҳам қилмай, бир сония ўйламай, беихтиёр “бўлиши мумкин-ку” деб ҳайқириб юборгинг келади. Мазкур мазмундаги фикрлар мутолаа давомида тафаккуримда янада тўлдирилиб, ҳажман ортиб борди. Мутолаа якунида эса Қуръонда тасвирланган, Яҳудийларнинг халоскорига айланган ўша машҳур денгиз кўз олдимда гавдаланди. Шовуллаб, тўлқинлари қирғоққа урилиб, ваҳшатидан қулоқ том битар даражада бўлиб…(Денгизни яхши кўраман-да. Негадир реалистик тасвир керак бўлса, шу денгиз энг мос андоза дейман. Қора денгиз қорадек, сариғи сариқдек кўринади. Узоқдан ҳам, яқиндан ҳам. Ҳеч қачон Қора денгиз сариқ ёки кўк бўлиб кўринмайди). У кўп ўтмай қоқ иккига бўлинди. Ичидан минглаб одамлар чиқиб кела бошлашди. Улар турлича кийинишган ва бир-бирларига ўхшашмасди. Ораларида ёшу-қари, эркаг-у аёл, фақир-у бой, соғ-у носоғлом, доно-ю нодонлар бор эди. Шунингдек, бошига салла ўраб, қўлига тасбеҳ ушлаган мусулмон ҳам, кўксига хоч осиб олган насроний ҳам, қора ридо билан кенг шляпа кийган яҳудий ҳам, Будда ҳайкалчасини қўлтиғига қистириб олган буддист ҳам кўзга ташланарди. Энг қизиғи, уларнинг маълум бир қисми қўлига Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини, бошқа қисми эса Томас Маннинг “Лотта Ваймарда” асарини худди байроқни тутгандек бошлари узра баланд кўтариб олишганди. Улар турли тилларда ҳаяжонланиб ёки босиқлик билан сўзлашарди, аммо ўртаси очилган денгизнинг иккита томондан мунтазам шовуллаши оқибатида овозлари бўлиниб, нуқул бир хилда ғўлдиришаётгандек туюлишар, гап-сўзларини тузукроқ англаб бўлмасди… Шу ерда озгина лирик чекинишга изн сўрайман. Қачонлардир “Ёш Вертернинг изтироблари” ни ўқигандим. Хотирам панд бермаётган бўлса, лицей ўқувчиси бўлган пайтимда. Ўшанда ҳажман кичик бўлган, таржимон Янглиш Эгамова ўгирмасидаги лирик насрий асардаги романтика мени мафтун қилган, лекин ўртоқларим каби унга сиғинмагандим. Вертердек кўриниш учун қўлимдан келган ҳамма нарсага шай бўлганман десам ғирт ёлғончи бўламан. Лекин, асардаги мунис бадиият очиғи ҳавасимни келтирганди. Вертерни дўсти Альбертнинг рафиқаси бўлган Лоттани севиб қолиши, унга кўнгил қўйгани учун баъзи жабҳаларида виждони азобланиб, уялиши ва асар сўнггида ўз жонига қасд қилиши-булар айтишим мумкинки, драматизм ва изчилликка асосланадиган романтик кульминация ва ечимни ардоқлайдиган қалблар учун айни муддао эди. Шунгадир балки ўртоқларим асарни ўқиб йиғлашган, ҳатто кўпчилиги ҳаста бўлиб қолишган, Вертерга ачинганларидан ойлаб ўзларига кела олмай, заъфарон қиёфада юришганди. Қизлар эса Лоттадаги қалби тозалик ва фикрий тиниқликни, кўз кўриб қулоқ эшитмаган самимиятга уйқашган дўстликни, вафо-ю садоқатган бўйсунган ақлни ва нафосат уфуриб турган бокира ҳисларни кўриб, бир пасда унинг қалби тажаллисига маҳлиё бўлишган ва у каби бўлишга мойилликлари ҳаддан зиёд равишда ортганди. Гётенинг ўша асари чинакам романтик руҳдаги асар бўлиб, платонча муҳаббатни улуғлаш ва мадҳ этиш, покиза туйғуларни тараннум этиш ва қалбларда мужассамлашган ишқни бу оламни тутиб турган ягона дастаклигига ишонтиришга асосланган, барча инсонга хос бўлган ёшлик йилларини ўзида ифода этган ва улардан бир муқаддас хотира сифатида қолган навқирон кўнгилнинг битиклари жамланмаси эди. Унда асар бошидан то ниҳоясига қадар тиш тирноғигача романтик ва хаёлпараст бўлган, Вертер қиёфасидаги Гёте билан ундан қолишмайдиган тарздаги Лоттани кўради ўқувчи. Булар Ердаги одамлар эмас, дейди уларнинг ҳатти-ҳаракатлари, ўй-хаёллари ва орзу-армонлари билан яқиндан танишгандан сўнг. Нақадар жозиба ва қалб гўзаллиги билан мувофиқлашган ҳислар ўйини, деб жар солади мутолаа ярмига етганида эс-ҳушидан айрилар алпозда. Ҳаёти мазмунига айланган ёр васли ва ҳажрида инсон ўз жонига қасд қилиши даҳшатли, аммо гўзал фожеа, дейди асар якунига етгач, кўзлари намланганча уни аста ёпаётганида. Томас Маннинг “Лотта Ваймарда” асари эса ундан анча кейин, орадан қариийб икки юз йил ўтиб, йигирманчи аср яримлаётган бир пайтда ёзилган. Деярли барча замондошлари шахс ва жамият ўртасидаги бўшлиқ ҳамда ихтилоф, “завол топган авлод”нинг аччиқ қисмати ва қисқа муддатларда бўлиб ўтган иккита жаҳон урушининг инсоният бошига ёғдирган балолари ҳақида ёзаётган бир даврда у олис ўтмишга саёҳат қилиб, Гёте ва унинг абадиятга кўчган муҳаббати Лотта ҳақида ёзишга қарор қилгани бир томондан ғалати ва давр билан ҳамнафасликдан қочишга бўлган уринишга ҳам ўхшайди. Аммо, айнан шу жиҳат туфайли бошқа адиблардан кўра ҳам уни ўз фикри ва позициясига собит адиб сифатида анча олдин ҳурмат-у ардоғимга лойиқ кўргандим. Мазкур асарини мутолааси жараёнида бунга яна бир карра иқрор бўлдим. Асар Шарлотта Кестнерни “Фил” меҳмонхонасига извошдан келиб тушиши билан бошланади. Уни эшик оғаси Магер кутиб олади ва бу аёл “Ёш Вертернинг изтироблари”даги Шарлоттанинг ҳаётдаги прототипи эканлигидан хабар топгач, шов-шувли янгиликни бутун шаҳарга овоза қилади. Аста-секин аёл келиб тушган меҳмонхона олдига одамлар тўпланишиб, уни бир марта кўриш умидида ўзларини ичкарига киритишларини ходимлардан талаб қилишади. Вақт ўтиб, Лоттанинг олдига оддий халқ қолиб, бирин-кетин Гётега алоқадор кишилар киришади. Дастлаб унинг ёрдамчиси бўлган доктор Ример, кейин рассом қиз, машҳур файласуфнинг синглиси Шопенҳауэр хоним ва ниҳоят улуғ шоирнинг ўғли Август. Улар Лоттага ўз эҳтиромларини кўрсатиш баробарида, Гётенинг шахсиятини суҳбатлари давомида очиб беришади. Бу ерда ҳам Томас Манн маҳоратига тан бермай иложим йўқ. Лотта Гётени йигирма уч ёшлик пайтида кўрган, шундан сўнг орадан қирқ тўрт йил ўтиб у яшаётган шаҳарга келади, шу қирқ тўрт йил мобайнида Гёте руҳияти, шахсияти ва ҳаёти-ю ижоди борасидаги ўзгаришларни адиб Лоттанинг суҳбатдошлари орқали аёлга етказади. Антиқа топилма, шундай эмасми? Ниҳоят, улар учрашишади. Гётенинг хонадонида, зиёфат столи устида. Аммо, учрашув романтик эмас, реалистик руҳда кечади. Гёте ўғли билан бир кун олдинги ўзаро суҳбатида “ кампиршо асарим прототипи сифатидаги шуҳратидан ҳалиям завқ олиб юрибдими” деган маънодаги гапини хаёлидан ўтказгандек стол атрофида ҳорғин кўринади ва ёнидаги Лоттага деярли эътибор қаратмайди. Лотта ёш қизлардек оппоқ кийиниб, кўйлаги ўртасига ҳув ўша ёшлик йилларидаги пушти бандни қистириб олганидан уялиб, қимтиниб ўтиради. Асар сўнггида эса шоир театрдан чиқаётган аёлни извош ичида кутиб туради ва меҳмонхонагача кузатиб қўйиб, унинг олдида шунчаки “хайр” дейди ва “қарилик гаштини суринг” деб маслаҳат берганча бир умрга у билан видолашади. Шубҳасиз, ҳақиқат аччиқ. Томас Манн асари Гётенинг асари орқали тасаввуримизга ўрнашиб қолган Вертерни ҳам, Лоттани ҳам писанд қилмай, у ердан бир пасда юлқиб ташлайди. Гёте асаридаги Вертер ва Лоттанинг муносабати қанчалар романтик бўлгани билан суйилиб, хотирамиз тўрида эъзозда яшаса, Томас Манн асаридаги Гёте ва Лотта шунчалар реалистик, ҳаёт ва ҳақиқат чегарасида омонат тургандек, ўша эъзозли хотирани тутундек тарқатиб юборади. …Иккига ажралган денгиз ҳамон шовуллайди. Бетиним шув этади. Юрак ҳам унинг кетидан шувиллаган кўйи безовта тепади. “Ёш Вертернинг изтироблари” билан “Лотта Ваймарда”ни кўтариб олган одамлар тобора мен турган ерга яқин келишади. -Мен Магерман,- деди Томас Манн асари персонажларидан бири олисдан бақириб. — Сен “Фил” меҳмонхонаси эшик оғасисан,-дедим унга аниқлик киритиб.- Бора қол, Лоттага таъзим қил! -Кампиршогами?- деди у шунда беўхшов тиржайиб. -Иккиюзламачи,- давом этдим ростакамига жаҳлим чиқиб.- Ахир, у Гётенинг абадий муҳаббати, сен ўша асарни ёшлигингда йиғлаб ўқигансан-ку! -Энди қаридим,- деди у бирдан жиддий тортиб ва хўрсиниб.- Кексаликда эса кўп нарса бачкана кўрина бошларкан. Айниқса, олтмиш олтига кирган аёлнинг ёш қизлардек оппоқ кўйлак кийиб, ўртасига пушти банд тақиб олиши. У хўрсина-хўрсина ортга чекинди. Ортидан асарнинг бошқа персонажлари- Ример, рассом қиз, Адель Шопенҳауэ ва Августлар худди саҳнада тургандек олдинга чиқишди ва шу гапларни такрорлаб, улар ҳам қотиб-қотиб кулишди. -Оппоқ кўйлак ва пушти банд,- дейишди барчаси хор бўлиб.- Оппоқ кўйлак ва пушти банд… Оппоқ кўйлак ва пушти банд… Ҳатто, уларнинг ёнида ногоҳ пайдо бўлган кекса Гёте ҳам кенг пешоналарини ва тўкилиб улгурган сочларини силаб, шу сўзларни таъкидлади. Албатта кулганча эмас, мулоҳаза ва мушоҳадага мойиллиги балқиб турган чеҳраси тундлашиб. -Бўтам, -деди бошини сарак-сарак қилганча мен томонга қадам ташлаб.- Олтмиш олти ёшида баайни ёш қизлардек кийиниб олган, бир асар прототипи сифатида ёшликда эришган шуҳратининг сўнган-сўнмаганини текшириш учун асар муаллифи яшаётган шаҳарга келган, қирқ тўрт йиллик муддатда ҳам кексайганини қалби тан олмайдиган, шу улкан давр ичида ҳам ҳаётга мослаша олмаган аёлни юқорида Магер шунчаки ўз номи билан атади, холос. Улар ҳузуримга яқин қолишганида иккига ажралган денгиз бир бутун бўлиб бирлашди ва худди мозийдаги Фиръавн қўшини каби улар ҳам унинг тубига ғарқ бўлишди. Сўнг, денгиз бир муддат тинчланди. Шовуллаши ҳам қулоққа чалинмай қўйди. Шунчаки осудалик ҳукм сурди сарҳадсиз ҳудуди бўйлаб. Кейин эса устида оқ кўпиклар пайдо бўлди ва бирин-кетин Томас Маннинг асари бир неча минг ададда, турли муқова ва дизайнда, юзлаб хорижий тилларда денгиз юзасига балқиб чиқди. Немис тилидан бўладими, испан, араб ёки инглиз тилиданми, уни таржима қилинса фақат битта ном келиб чиқарди: “Кампиршо Ваймарда”. Денгиз енг шимарганча, минглаб китобларни номаълум ерларга шитоб судради ва улар худди қайик ёки кемалардек унинг устида чайқалиб-чайқалиб, мендан олисларга сузиб кетди.
2021-07-16
http://nodirabegim.uz/archives/4199
Тун. Қишнинг қиличдек кескир шамоли деразага йўлнинг нариги бетидаги дарахтларнинг тупроққа айланган илдизларини сочарди. Бу уй эгасининг ҳаловатини бузди. У ҳали ўттиз ёшга тўлмаган бўлса-да, сочларига оқ оралаган, қориндор, пешоналарини ўргимчак тўрини эслатувчи ажин “безаган” кимса эди. Одам ташқаридаги тинимсиз шовқиндан безовта бўлаверганидан ахийри бўйинбоғини ечди. Деразага яқинлашди. Қанчалик тикилмасин, унинг кўзларига ойнага урилаётган тупроқ-илдизлар кўринарди, холос. Одам ташқаридаги чироқни ёқди. Бирдан унинг кўзлари йўлнинг нариги бетидаги дарахтларнинг илдизини еяётган маймунларга тушди. Улар алоҳида-алоҳида тўда ҳолида бўлса-да, негадир барчаси тик турганида ҳам қадди эгикдай туюларди. Қўлларининг кафтлари эса жуда катта: бу қўллар бир-бирига урилаверганиданми, кафтлар гўштдор эмас, энига ҳайратланарли даражада кенг эди. Чироқ ёруғи тушгач, ҳайвонлар қоронғулик қаъридаги дарахтлар сари чопқилаб кетишди. “Улар ёруғликдан қўрқар экан,” дея илдизлари камайиб қолган, таналарининг ярми қуриган дарахтларга маҳзун боқди, Одам. Яна шамол туриб, тупроққа айланган илдизларни дераза кўзига урди. Одам шундагина тупроқ қизғиш, қон рангида эканлигини илк бор пайқаб қолди. “Одатда тупроқ қўнғир тусда бўларди-ку, нега қизил, нега эҳтирос рангида?..” Шу кундан Одамнинг ҳаловати бузилди. Кечқурунлари ухлолмай, ёруғликни кўпайтириш, қуёш нурларини тўғри тақсимлаш ҳақида ўйлади. Аммо саҳардан ишга отланаркан, унинг бу фикрлари тарқаб кетар, яна бўйинбоғини қаттиқроқ сиқар, шимини ҳар кунгидан текисроқ, силлиқроқ қилиб дазмоллашга уринарди. Орадан ойлар, йиллар ўтди. У энди илдизни, қип-қизил тупроқни ва маймунларни ҳам деярли унутганди. Аммо охирги ўн ой ичида унинг оёқларида маймунларникидек тук ўса бошлаганди. Негадир юриши, айниқса, қадди букчайгани ҳам ўша — тунги маймунларга ўхшаб қолаётганди. Шунда бирдан дарахтларга тикилди. Наҳотки?! Уларнинг ярми қуриб қолган, таналарида эса маймунлар ўзларининг тилида нималардир деб, тинмай чийиллашар, иложи борича дарахтнинг энг юқорисига кўтарилишга уринишарди. Одам уларни кузатаркан, унга маймунларнинг қайси бирининг овози баланд чиқса, ўша ўзи осилиб турган дарахтнинг учига чиқиши осонроқ кечаётгандек туюлди… Одам шу куни ишга кечикиб боргани учун ташкилотдаги Катта одамлардан дакки эшитди. Уни баъзан соқолини олишни унутадиган, оқ кўйлак уёқда турсин, ҳатто бўйинбоғ тақмайдиган, одмигина кийими билан Катталарнинг захархандаларига сабаб бўладиган Кимса билан тенглаштиришди. Бу гапдан қаттиқ таъсирланган Одам бўйинбоғини янада қаттиқ сиқди. “Яхши, яхши,” деган овоз эшитилди. Ёки унга шундай туюлдимикин… Охирги вақтлар Одам фақат қоғозлар ва рақамларга таяниб, иш кўрганиданми, у хотирасидан нолирди… Умр бир маромда ўтиб борарди. Бироқ, энди Одамнинг қўлларини ҳам жун босган, кафтлари энига ҳайратланарли даражада кенгайган, танаси эса маймундан асло фарқ қилмасди. Шуни инобатга олмаганда, унинг қорни ва чўнтаги тўқ, уйида йигирма йилга етадиган озиқ-овқат захираси ҳам бор эди. Дабдурустдан Одамнинг хаёлига: “Юзим ҳам маймунбашара бўлган бўлса-я!” деган фикр келди. Чунки у меҳнат таътилига чиққани учун уч кундан буён соқолини қиртишламаган, тўғрироғи, кўзгуга қарамаган, лекин бўйинбоғини янада қаттиқроқ сиқишни канда қилмасди. Одам уйининг энг чеккасида жойлашган ҳаммомга бориб, ўша ердаги ойнага қарашга эринди. Кўча томондаги деразага яқинлашиб, беэихтиёр ташқарининг чироғини ёқди. Шу оннинг ўзида кўчанинг нариги бетидаги биттагина ҳали таналари тўлиқ қуримаган дарахт устидаги маймунлардан бири югуриб тушиб, дераза қаршисига келди. Бу жуда тез содир бўлди. Ёки Одамнинг хотираси панд берди – бу унга шундай туюлдими, хуллас икки маймун бир-бирига термилиб турарди. Уларнинг биргалашиб, йўл четидаги энг охирги дарахт илдизини еб тугатишларига ҳозирча дераза халақит бераётганди, холос… Франц КАФКА Уч ой ичида илк бор кун бўйи табиат қўйнида бўлдим. Дарахтларнинг меҳрибон эканлиги, оқибати ҳақида ўйладим. Қўл телефонимни дарёга отганим ёдимдан кўтарилиб, ҳар 10-15 дақиқада қўлимни чўнтагимга тиқаман. Робот одамни эслатиб турувчи телефондан қутулганимга ҳали ҳам мослашиб улгурмадим, шекилли. Робот одамни онаси кўзойнак билан туққан. Ҳар куни 10 соат компьютер олидида ўтирганидан, фақат юқоридан келган топшириқларни бажарганиданми, унинг юзида тириклик аломати йўқ. Лекин турли жадвалларни тўлдиришни қойиллатади. Уч ой ичида Робот одамдан бирорта янги ғоя эшитмадим. У ташкилотда бошлиқ ўринбосари бўлса-да, буйруқларни бажаришга ўрганиб қолган. Ҳар доим менинг ғояларимга хавотир билан қарар ва “Бу ҳақида буйруқ йўқ,” — дерди шоша-пиша. Дарахтларда ҳис-туйғу бор деб ҳисоблайман. Баъзан Робот одамни ишхонамиз қаршисидаги балхи тут билан таққослайман. Ва бир пайтнинг ўзида йиғлагим ва кулгим қистайди. Қабулхонадаги котибани компьютерда қарта ўйнаётган ёки қайсидир қимматбаҳо либосини мақтаётган ҳолдагина кўрардим. Ҳали ҳам котибанинг обрўси Робот одамдан баланд туришини тушунолмайман. Ўтган уч ой ичида бирорта шеър ёзолмаганимни, фақат аллақандай жадваллар тўлдирганимни, ҳисоботлар ёзганимни эсласам, ўкириб йиғлагим келади. Дарахтлар… Арчанинг ям-яшил эканлигини сири нимада? Балки мевали дарахт эмаслигидадир. Ташқи кўриниши чиройли нарсаларнинг кўпчилиги фойдали бўлмайди. Лекин дарахтлар… Уларни одамлардан кўпроқ яхши кўраман. Шу пайтгача бирорта дарахт мени алдамади, бирорта дарахт берган ҳосилини ёки соясини миннат қилмади. Айниқса, мажнунтолни яхши кўраман. Ҳаёли дарахт. Унинг сочлари узун. Ўзини Яратган зотга таъзим қилишни, воситаларга эмас, мақсадга сано айтишни билади. Бир куни бошлиқнинг ҳайдовчиси Робот одамга “Сиз мўйлов қўйсангиз, ярашар экан,” — деди. Робот одам бир муддат сеҳрлангандек турди-да, “буйруқ…” — деди ва жимиб қолди. Ҳайдовчи тиржайди. Эртага ижарачи билан ҳисоб-китоб қилишим керак. Кейин қишлоққа — дарахтлар энг кўп жойга қайтаман. Дарахтлар мени соғинган. Мен эса Робот одам ва унинг ҳисоботларини соғинмасам керак…
2021-07-18
http://nodirabegim.uz/archives/4203
Қиш фасли тугаб, ўт-ўланлар мудроқ босган кўзларини энди очаётган вақтда, ҳар доимгидай қишлоқдаги бувижоним бизни исмалоқ тергани чақиради. Назаримда дадам машинани жудаям секин ҳайдаётганга ўхшайди. Укам иккимиз атрофни томоша қилиб кетардик. Тоғлар аллақачон яшил тўнини кийишга улгурган, қўй-қўзиларнинг мараши-ю, чўпон болаларининг варрак ўйнаши далага ҳусн бериб туради. Қани энди тезроқ бувимникига етсаг-у, биз ҳам болалар билан ўйнагани борсак. Ниҳоят томида қизғалдоқлар унган бувимнинг уйи кўринди. Ҳар сафар бизнинг келишимизни эшитган бўвим кўчасига чинор дарахти ётқизилган тўнканинг устида кутиб ўтирарди. — Вой ўзимнинг оппоққина болажонларим-е, шаҳарлик бўлиб кетибсизларку!- дея укам иккимизни бағрига босди. Ҳар доимгидай бўйнига қалампирмўнчоқ, мушкамбарлар сепиб, чаккасига райҳон тақадиган бўвимнинг бағри жудаям ёқимли эди. Кўзларига севинч ёшларини олган бўвим бизни уйи томон бошлади. Деворларга кашта рўмоллар илинган, ва дадамларнинг болаликдаги сувратлари осилган хонага кирдик. — Вой, бу нима буви? — деди хонани айлана бошлаган укам. — Сандал, — деди бувим. Уйнинг ўртасига хонтахта қўйилиб, устига ёпинчиқ кўрпалар ёпиб қўйилганди. Мен сандални аввал ҳам кўрганман. Ер озгина ковланиб, тўрт бурчак хонтахта қўйиб қўйилади. Амакимнинг хотини эрталабдан қуритилган ўтинларни ёқиб, чўғини солиб қўяди. Айтишича қуритилган узум новдалари тез ёнувчан ва ўчмйдиган чўғ бўларкан. Атрофига айланиб кўрпанинг ичига оёғимизни тиқиб ўтирардик. — Сизларни совқатиб қолмасин деб ҳали олдирмагандим,- деди бувим. Ва ҳардоимгидай уй бурчагида турадиган сандиғини оча бошлади. Эҳҳе, сиз бу сандиқни билмайсизда, унда ҳама нарса бор. — Олинглар, ўзимизнинг ўрикнинг туршаги,- деди бўвим. Укам иккимиз қўлимизга сиққунича олдик. Ва озгина қора майиз, қайнатилган, райҳонлар аралаштирган қуртни олиб, кўчага ўйнагани чиқиб кетдик. — Олим, тўпни ошир,-деди иккита харсанг тошдан дарвоза ясаб футбол ўйнаётган болаларнинг бири. Ҳа, дарвозабон амакимнинг ўғли Олим экан. Тезда келиб биз билан саломлашиб, бизни ҳам ўйинга таклиф этди. Бу ўғил болаларнинг ўйини, мен қизлар ёнига тушаман деб сой бўйига қараб юрдим. Сочларини сувга солганча кимнидир кутаётган мажнунтол бўйида мен қатори ўйнаётган қизлар жудаям кўп эди. Ҳаммаси сочига толпопук таққан, кимлардир безак учун қоқигулни аралаштириб соч ўрим қилишган. Улар мени илиқ кайфиятда кутиб олишди. Ва менга ҳам толпопук тайёрладик. Фақат бечора мажнунтолнинг новдаси синдириб олиниб, секин танасидан ажратилар экан. Бошимга қоқигулдан гулчамбар ясадик. Хаёлимда менга жуда ярашган эди. Шу вақтда узоқдан бувимнинг овози эшитиди. — Мадина, кеч бўлди тезроқ келинглар, қизим! Йўлдаги қўйларни ҳам ҳайдаб келинглар,-деди. Амакимнинг ўғли, укам уччаламиз қўйларни қувиб ҳайдаб бордик. Укам боргунича янги туғилган қўзичоқни ушламоқчи бўлди. Амаким қўрага қамагач, ҳамамиз дастурхон атрофига йиғилдик. Амакимнинг хотини жудаям пазандада, исмалоқдан сомса ёпибди. Укам иккимиз нақт бештадан паққос туширдик. — Бугун эртароқ ётинглар, эрталаб исмалоқ тергани борамиз. Кейин қишлоқда Наврўз бошланади. Байрам тугагач қайтаверасизлар, — деди бувим. — Сумалак ҳам қилинадими? — шошиб сўради укам. — Албатта! Буғдойини ундириб қўйганман. Эрталаб қозонга соламиз, — деди бувим. Секингина кўзларимизни юмиб уйқуга кетдик. — Мадина, турақолинглар, қизим, далага борамиз, — ҳар доимгидай юзларимиздан ўпиб уйғотган бувимнинг қўллари бирам ёқимли эди. Кўзимни ишқалаганча ҳовлига чиқдик. Аллақачон ошхонада куймаланаётган келинойим қўлимизга ҳудди пичоққа ўхшаб боши қайраб қўйилган ва озгина боши эгилиб ясалган темирни узатди. — Бу исмалоқ узишга,- деди бувим. Ва секингина дала томон йўл олдик. Қуёш заррин нурларини энди сочаётган вақт эди. Эрта турган одамнинг уйида барака бўлади. Тонгда қилинган иш унумлидир деди бувим. Эҳҳе, қопимиз тўлгунича исмалоқ тердик. — Энди тезроқ қайтамиз, байрамга тайёрланишимиз керак деди бувим. Исмалоқларни орқалаганча уйга қайтдик. Ҳамма қўлларини ювгач нонуштага ўтирди. Пазанда келинойим биз учун ғилминди (орасига сутдан атала қилиб солинади) тайёрлаб қўйибди. Ва дастурхоннинг ўртасига қулочдай келадиган қозон патир қўйилди. Сутдан қилинган патир жудаям мазали эди. Орасига кулчадай сариёғ солиб, патирнинг четларини синдириб ёпинчиқ қилиб қўйдик. Мазза қилиб нонушта қилинди. Дастурхонга дуо ўқилгач, бувижоним қуёш юзига қуритиб қўйилган ўсмаларни кафтлари билан эза бошлади. — Мадина, кел қизим, қошларингга ўсма қўйиб қўяман,- деди бувим. Ва пахта ўралган гугурт чўплари билан қошларимга чиза бошлади. Келинойим тиккан атлас кўйлакларимни кийиб байрамга йўл олдик. Қишлоқда Наврўз бошқача бўлар экан. Бир тарафда лапар-у, ўланлар, бир тарафда келин салом қилаётган қишлоқ келинчаклари. Дош қозонларда сумалак-у, дастурхонларни тўлдирган баҳор таомлари. Тенгдошларим билан роса ўйнадик. Байрам деярли кечгача давом этди. Дам олиш куни тугаётгани сабабли уйга қайтишга мажбур бўлдик. Пидинадан ёпилган нонларни тугиб қўлимга узатган бувимнинг кўзларида яна аллақандай соғинч ёшларини кўрдим. — Ёзги таътилда албатта келамиз, -дедим бувимнинг бўйнидан маҳкам қучиб. Йўлингиз бехатар бўлсин дея, юзларига фотиха тортди. Ва олислаб кетгунимизча кузатиб қолдилар. Машина ўт олиб борар, қишлоқдан узоқлашганимиз сайин болалигим ҳам қолиб кетаётганини ҳис қилардим.
2021-03-21
http://nodirabegim.uz/archives/3876
Қадим ўтган замонларда Қўнғиртовда баҳор ажиб бир тароват билан бошланарди. Баъзи ерлар ёмғир туфайли қатқалоққа айланади. Узоқлардаги баланд-паст тепаликлар, ям-яшил бўлиб яшараётган адирлар аро мол-қўй ўтлаб юради. Табиатга ҳам тушуниш қийин. Гоҳ гулдурак солиб чақмоқ чақади, бироз ўтгач қуёш елкангизни қиздира бошлайди. Ким билсин, сувидишларнинг шиқиллаши ичра қатқалоқлардан кетиб бораркан, шоир бола кўзи билан ўз тақдирини ҳам шундай кескин бурилишларга бой, гоҳ зафарли, гоҳ армонлари тасаввур этганмикан? Эшак бир меъёрда қадам ташлаб боради. Гоҳ-гоҳ йигитча жониворнинг елкасига халачўпда ниқтаб қўяди. Диққатини эса баҳорий кайфият тортганди. Чунки, айнан шу фаслдагина Қўнғиртовга турналар учиб келарди. Қўнғиртов баҳорда ажиб ўн саккиз яшар қиздай яшнаб турганигамикан, ёки одам аталмиш касалликнинг бу атрофда камлиги учунми ноёб жонзотлар кўп бўларди. Турналар бемалол сурувлар, подалар орасига тушиб келар, қурт-қумурсқа, баҳорий хушнудлик туҳфа этадиган фаслий ўт-ўланлар, борингки ризқ-насибини теришарди-да. Aксар кийикларга дуч келиш мумкин. Улар апрелнинг ўрталарида, бел бўйи ўтлар ичидан бирдан сакраб чиқиши мумкин. Aбдулланинг ҳам неча марта йўлини кесиб ўтган эканлар, қизиқ… Некўзда сув тақчил эди. Қазилган қудуқлардан шўр сув чиқарди, мол-хол, ҳайвонлар ичиб юришаверарди-ю, аммо одамлар сув учун жуда узоққа боришлари (бола назарида, аслида тўрт чақирим наридаги Эшонариқдан) керак эди. Кўп ҳолларда Ориф ака бу иш учун ўзининг эркатойини-Aбдуллани жўнатарди. Эшакка тўртта сувидишни ҳар ёнига иккитадан қилиб боғлаб, устига Aбдуллани ўтқазиб қўярди. Aрқонлар билан маҳкамланган сувидишлар йўл бўйи шиққилаб, бир-бирига урилиб боланинг завқини келтирарди. Aслида, идишлар ҳар урилганда ўртада ўтирган боланинг оёғига тегиб, оғритар эди. Ўз тили билан айтганда, жуда олисдан сув олиб келарди. Бу сафарлар умр йўллари каби шукуҳли ва узоқ эди. Олис манзил томон кетаркан бола-да, радио йўқ, китоб ўқий олмайди, зерикиб кетарди ва нима қилишни билмай охири бир ўйин топганди. Сўзларни бир-бирига уриштирарди… Буни акасидан ўрганган. Филологияда ўқийдиган кичик акаси шеър машқ қилиб, туман газетасига юборар, аммо жавоб кўнгилдагидай бўлмасди. Шунда Aбдулла қувлик билан акасидан илгари хатни ўқиб олар ва қандай жавоб келди, деб тегиш қиларди акасига… Хуллас, шу акаси сўзларни қандай чоғиштиришни ўргатганди. Масалан, «Терак» дейсан, ва шунга оҳангдош сўз қидирасан, дейлик, «керак». Қара, қандай ажойиб. Ҳақиқатан, қизиқ эди. Aбдуллага ўйин шунчалар ёқдики, алалоқибат хаёлида деярли ҳар бир сўзни оҳангдош қилиб тизиб олди. Энди олдинлари оддийгина бўлиб туйилган сўзлар қандайдир сеҳрли жозиба кашф этар, ғалати бир оҳангига эга эди. Шуни тушунган илк кезлариданоқ биринчи шеърларини ёза бошлади. Ўзида тушуниб бўлмас майл сезарди ёзишга. Ёзиш бу — эҳтиёж, ўйларди у поездда қайдасан Тошкент, дея кетаётган чоғда. Рост-да, баъзилар ижод-бу кўнгил майли, худдики ҳоббига ўхшаган бир нимарса, ёзгинг келганда ёзасан, бўлмаса йўқ, дейишади. Aксинча, шеър бу эҳтиёж. Сенинг ёзишинг, бу еб-ичишинг, ё ухлашинг каби зарурий талабдир. У керак. Ёзишдан қутулиш мумкинмас. Ўзидан қиёс, отаси — Ориф бобо қанча қаршилик қилди, ўқишга юбормайман, деб оёқ тираб туриб олди. Чунки, катта ўғиллари Бухоро-Тошкентда университетларда ўқир, Aбдулла эса отасининг ўғли бўлиб қолиши керак эди. Aммо пойтахтга бориш акаларидан ҳам кўра Aбдулла учун зарур эди. Чунки, кўнгил эҳтиёжи, юзага чиқишини кутаётган исътедод учун керак эди. Отаси эса Некўзда қолиб, боғ-роғ яратишга, бир умр табиат, дарахтлар ичра яшаб, шу ҳаётга ўз умрини бахшида қилишини хоҳларди. Дарвоқе, энди қишлоқ аҳлининг сув муаммоси ҳал бўлган, каттагина бир анҳор билан сув тортиб келишганди. Некўзга ҳар куни бир дунё сув келарди! Aлбатта, миришкор инсонлар Худонинг бундай саховатидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишарди. Жумладан, Ориф бобо ҳам. У каттагина боғ яратишни, турли хил мевалардан кўчат олиб келиб азим дарахтга айлантиришдек улуғ ниятни орзу қиларди. Бунинг учун болаларидан бири ёрдамчи бўлиб қолиши керак эди. Aбдулла эса кўнглига қарши боролмади. Бундай қилса, орзуларига қарши борса бир умр ўзини кечира олмаслигини биларди. Шунинг учун ҳам, минг тўққиз юзинчи йилнинг эллик саккизинчи йилида у Тошкент томон йўлга тушди. Қўлда «Олтин медал». У ҳаммасини тўғри қилаётганига, ҳаммаси яхши бўлишига бир жиҳатда имони комил эди. Aммо бироз ўтгач Қўнғиртов атрофларига ҳарбийлар кўчиб келишди. Улар ажиб табиатни, жониворларни бошига етиб турли қуролларни синай бошладилар. Олдинлари чаманзор бўлиб, болани ўз бағрида улғайтирган тепаликларда ҳозирда танк қолдиқлари, ўқ парчалари сочлиб ётар, болакай киришга ҳам қўрқадиган чангалзорлар қақраб ётган чўлга айланганди. Энди Қўнғиртов олдингидек баҳор келганда яшнамас, калтакдан бети қотган келиндек безрайиб тураверарди. У ўз сирини, иффатини йўқотганди… Жониворлар тақдири ҳам аянч кечди. Бунга қисман Aбдулланинг ўзи ҳам гувоҳ бўлди. Бюрократик тизимдан чарчаган асабларни ёзмоқ учун турли раислар Қўнғиртовга келиб ов қиладиган одат чиқаришди. Умрида милтиқ, машина кўрмаган кийиклар қочолмай, қўрқувдан дағ-дағ қалтираб, бир жойда туриб қолишарди. Шунда уларни тутса ҳам, отса ҳам бўларди. Бир кеча нақ ўн иккитасини бошига етишди. Ва фақат биттасинигина ейишди!.. Шундай қилиб табиатнинг ажиб неъмати инсон қўли остида ҳалок бўлди. Энди шоир учун турналар, кийиклар, эшакда тўрт чақирим нарига сувга бориш ва Қўнғиртов армонга айланганди. У ҳаёт йўқликка юз тутганди. Шоирнинг эса шуҳрати ортиб борарди. Йўқотган, айрилган туйғу ва хотиралари ҳақидаги шеърлари қўлма-қўлига ўқиларди… Aммо Aбдулланинг ўзига шуҳратдан кўра Баҳор керак эди! Қалбда очиладиган, сўнмайдиган, яксон бўлмайдиган, умр йўлларингда ҳамроҳ бўладиган Баҳор керак эди! Баҳорни излар эди шоир…
2021-03-21
http://nodirabegim.uz/archives/3880
Ўйлаб кўрсам йигирманчи асрнинг қора саҳифаларидан бирига айланган Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги аксарият мутаассиблик руҳидаги, “буюклик синдроми”га чалинган, учига чиққан ашаддий фашистларнинг шарифлари “Г” ҳарфи билан бошланган экан. Гитлер, Геринг, Гиммлер, Геббельс, Гесслар шулар жумласидан. Мен уларнинг жамоатчилик диққат марказида турган етакчиларини, бузғунчи фашизм мафкурасини шаклланишида кўпроқ заҳмат чеккан ва фаоллик кўрсатган, кунни кун, тунни тун демаган, машаққатларни ва тўсиқларни писанд қилмаган раҳнамоларини санаб ўтдим, холос. Тарихчилар, тарих ихлосмандлари ёки унга қизиқувчилар тарих зарварақларини титкилаб кўриб, архивларда яна ўнлаб, балки юзлаб алифбонинг бу ҳарфи билан бошланадиган фашистлар шарифларига дуч келишлари ёки уларни кашф қилишлари, омадлари келса тарих фани бўйича магистрлик ва докторлик диссертацияларини ёқлашлари мумкин. Иккинчи жаҳон уруши ҳамда ундаги фашизм мафкураси инсоният бошига чинакам балони, долғали йилларни, чексиз азоб-уқубатни, туганмас-битмас қалб жароҳатларини солгани исбот талаб қилмас аксиомалиги бор гап. Унинг ҳаёти бу урушгача ва ундан кейинга ажралгани, бу уруш ва фашизм асоратлари сабаб миллионлаб ҳам жисмонан, ҳам руҳан майиб-мажруҳ инсонлар Ер юзи бўйлаб сочиб ташланганини ҳам таъкидлаш ўринли. Гитлер-бор йўғи ўрта маълумотга эга бўлган, бўйи паст, ориққина, “ташриф қоғози”га айланган кичкина мўйлабча эгаси, лаънати мафкуранинг асосчиси, фюрер деб сўқир немис халқи эъзозлаган “пайғамбар”. Агарда у ўз вақтида Венадаги рассомчилик билим юртига қабул қилинганида инсоният бошига бунчалик залворли кулфатларни солмасди, дейишни кўпчилик такрорлашни хуш кўради. Ҳатто, ҳозиргача. Бахтга қарши уни ўшанда билим юртига қабул қилишмаган, ундаги тасвирий санъатга бўлган муҳаббат ва истеъдод муносиб қарши олинмаганди. Ундаги фашизм — бу оғир касаллик, руҳий зўриқиш эди. Шунингдек, эҳтимол аламзадаликка ҳам дахлдор бўлиб, одатда улкан жиноятларни инсониятнинг шу аламзада қавми-қатлами амалга оширади. Назаримда, аламзадалик бу ерда бош мезон, десак тўғри бўлар. Зеро, аламзада қалб атрофидагиларга ниманидир исботлаш тараддудида бўлади доим ва бу глобал даражага кўтарилгудек бўлса инсоният учун бартараф этилиши душвор бўлган оғриқли ижтимоий муаммоларни ортидан етаклаб келади. Геринг-Гитлернинг меросхўри, Учинчи рейхда ундан кейинги иккинчи одам ва ўз навбатида кулгули фашист. У кўпинча катта қорни, мечкайлиги, аёлларга суяги йўқлиги, калтафаҳмлиги билан ўзининг атрофидагиларда ҳурматдан кўра мазах ва нафрат уйғотган бўлса-да, фашизм ғояларига итдек содиқлиги ҳайрат уйғотмай иложи йўқ эди. Менимча, у Гитлердан сўнг немис халқини- орийлар, бошқа халқлар устидан ҳукмронлик қилишга тўла ҳақ-ҳуқуқли халқ деб энг кўп ишонган империянинг чириган устуни эди. Гиммлер-фашизмнинг новатор амалиётчиси, унинг душманларини битта қўймай қириб ташлашни режа қилган СС (махфий полиция) ташкилоти асосчиси. Бу ғояга зид бўлган барча ғояларни немис халқи кундалик турмушидан сидириб ташлаган, унга қарши бош кўтарган жон борки, барчасини йўқ қилган, немис зиёлиларини ватанни ташлаб чиқиб кетишларига мажбур қилган, аҳолиси бу мафкурани хазм қила олмаган сон-саноқсиз шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилиб, кулини кўкка совурган “Жаноб рейхсфюрер”. У фашизм мафкураси йўлидаги собитлигини кўрсатиш учун СС ни ташкил қилишдан ташқари, Освенцим, Бухенвальд, Данау каби концлагерларни қуриш таклифларини фюрерга билдирган эди. Бу концлагерлар кейинчалик фашизмнинг миллионлаб душманларини ёстиғини қуритганини дунё ҳали ҳануз унутмаган. Геббельс -фашизм мафкурасининг бош ташвиқотчиси, умри қисқа бўлган империядаги энг идеал фашист. У бу ғояга шунчалар қаттиқ кўнгил қўйганидан ва унинг мағлубиятига чидай олмаганлигидан 1945 йили май ойида Руслар Берлинга кириб улгуришгач, ўз фарзандларини бирма-бир заҳарлаб ўлдирган, сўнг хотини билан бирга ўз жонига қасд қилганди. У кўзларида ёш билан, аламдан ҳўнграб йиғлаб бу ишни қилган дейишади гувоҳ бўлганлар. У бу лаънати мафкурани севганидан, унга меҳри баланд бўлганидан ва ёрқин келажагига чин дилдан ишонганидан, орзулари чиппакка чиққанини қабул қила олмай бу ишни қилган дейишади уни яқиндан таниган-билганлар. Гесс-ақлдан озган фюрернинг ақлдан озишда ундан кам бўлмаган сафдоши ва ўнг қўли. Англияга учиб бориш учун бутун бошли Ла Манш бўғозини аэропланда ошиб ўтган. Бу ўша пайтлари тасаввур қилиб бўлмас, минг чандон қийин юмуш эди. Аммо у ўзи эътиқод қилган мафкура яшаб қолиши ва бу йўлда Англия билан сулҳга эришиш учун шу таваккалчиликка қўл урганди. Кўриниб турибдики, ундаги фашизм ҳам мутаасиблик даражасида бўлиб, нормал ақлга эга бўлган инсон сира ҳам бундай йўл тутмаган бўларди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германиядан ташқарида яна бир фашист яшарди. У немис эмасди, немис миллатига мансублик жойи ҳам йўқ эди. Ҳатто, Германия билан алоқадор бўлган тарих ёки генетик боғлиқликка эга эмасди. Қизиғи, унинг ҳам шарифи “Г” ҳарфи билан бошланарди. У юқоридаги тўртта ва Германия ҳудуди бўйлаб ёйилган, соч толасидан тортиб тирноғигача ўзини орий деб билиб, фашизм мафкурасига сиғинишни, топинишни, уни улуғлашни бошлаган миллионлаб фашистлардан битта жиҳати билан фарқ қиларди: у ярим гуманист, ярим фашист эди. Юқоридагиларда на турмуш тарзида, на минбардаги нутқларида, на ўзаро давраларида, на гапирган гаплари-ю ёзган мақола ёки ахборотларида, на тушларида-ю ўнгларида гуманизм кўзга ташланса-да, унда бу фазилат ҳайратланарли тарзда фашизм каби иллат билан ёнма-ён нафас оларди. Агар таъбир жоиз бўлса, шундай. Гамсун-прозадаги Европа модернизми асосчиларидан бири. Жеймс Жойс билан бап-баравар бу йўналишга асос солган адиб. Асосан портлари, балиқчилик ва кемасозлик саноати билан машҳур бўлган кичкинагина Норвегияни ўз сўз санъати билан дунёга танитган, дунёни бу викинглар юрти адабиёти билан ҳисоблашишга кўндирган адиб. Асарлари билан миллионлаб қалбларга кириб борган, миллионлаб мудроқдаги қалбларни уйғотган, уларга керак бўлса таскин-тасалли берган, уларни матонатга чорлаган, орзу қилишдан тинмасликка, курашишга, муҳаббатга ишонишга, табиатни севишга ўргатган адиб. Яна нима дейиш мумкин у ҳақида? “Нобель мукофоти лауреати бўлган адиб” дейишдан ўзимни тўхтатиб турибман. Сийқаси чиқиб кетади акс ҳолда эссени. Майли ўша мукофот билан боғлиқ бир жиҳатни келтираман. Гамсун- Нобель сурати туширилган медални фашизмга хайриҳохлигини кўрсатиш учун Геббельсга совға тариқасида қўш қўллаб топширган адиб. Негадир Кнут Гамсунни ҳар гал кўз олдимга келтирсам, рўпарамда икки хил кўринишда гавдаланади. Бирида қизил қайрағоч дарахтидан ясалган ёзув столи олдида бошини кўтармай, энкайганича ёзиш билан машғул бир қиёфада намоён бўлади (эҳтимол “Эдварда” асарини битаётгандир, деб тахмин қиламан). Унинг чоғроққина хонасида сокинлик ҳукм суради, ярим очиқ турган деразадан шабада эпкини ичкарига оҳиста суқилиб кириб, дераза пардаларини ҳилпиратганича ёзув столи устидаги турли-туман қоғозларни майингина қитиқлайди. Гоҳида Гамсун ишидан бошини кўтариб, ўттиз беш ёшидаёқ ҳорғинлашиб, салқиган ва ичига ботиб кетган кўзларини хонадаги китоб жавонига талмовсираб тикади. У ердаги ўзидан олдин ёруғ оламда яшаб ўтган, шунингдек ўзи билан замондош бўлган адиблар асарларини хаёлан бирма-бир йўқлаб чиқади, муқоваларини тўхталиб-тўхталиб кўздан кечиради. Озғин жуссаси бир томонга эгилган кўйи, кўзойнагини қўлига омонатгина олиб, елкалари ва бармоқлари титраганича хаёл суриб, бир муддат ҳайкалдек қотиб қолади. У “Эдварда” асари ҳақида ўй сураётгани кундек равшан. Бу асарини тамомлагач, у билан олийнасаб гуманизмни дунёга кўз-кўз қилади. Ҳозирча эса мана шу хонасида гоҳ одамови, кишилик жамиятини хушламайдиган, табиат билан бир тану бир жонлик ва ёлғизликдагина инсонийликнинг бутун қадру-қимматини теран ҳис қилган овчи Глан қиёфасига киради. Гоҳида эса мағрур, бир оз такаббурроқ, аммо қалби беҳад гўзал Эдвардани тасвирлашни бошлаб юборади. Бу икки қаҳрамонининг улуғвор муҳаббатларига ўзи истаган гуманизмни сингдиради. Одамлар қаранглар, муҳаббат инсонни поклайди, уни худбинликдан, мағрурликдан қутқаради, ёлғизлигига малҳам бўлади, яшашга, ҳаётни севишга, табиатнинг бир бўлаги бўлишга чақиради, демоқчи бўлади. Унинг бу истакларига асар битгач, миллионлаб ўқувчилари ҳам пешвоз чиқишади. Улар норвег бўлишадими ё инглиз, француз, немисми, дунёқарашларидаги ўзгаришлар ва қалбларида барҳам топган кемтикликларсиз бу асардаги гуманизм лаззатидан баҳраманд бўлишади, қаттиқ таъсирланишади ва ёзувчи маҳоратига қойил қолиш билан бирга мазкур гуманзимнинг сарҳадсизлигига юраклари тубида иймон келтиришади. “Эдварда” (аслиятда “Пан”) асари ўз пайтида Чеховни ҳам тан беришга мажбур қилганди. Чехов уни “ғаройиб ва ҳайратомуз асар” деб атаганди. Унда адиб фаолиятидаги инсонни муҳаббат орқали инсонийлигини сайқаллаштиришга бўлган омадли уриниш кўзга ташланади. Асар бош қахрамони Глан охири шу даражада гуманистга айланадики, ўзини жамият тараққиётидан узилиб қолган киши эканлигини, табиатдан айро бўла олмаслигини, бу туришда эса амалиётни оқлаб, назариёт билан чиқиша олмайдиган кишилик жамиятида рисоладагидек одам бўлолмаслигини англаб етади ва шу сабаб ўз худбинлигидан воз кечади ва шу билан бирга ўша жамиятнинг бир муҳтарам аъзоси бўлган Эдвардага қалбини раво кўришга хижолат бўлади. Гамсуннинг гуманизмига йўл муҳаббат билан бошланади. Ўзи азалдан Одам ато ва Момо ҳаводан мерос бўлган бу туйғу ҳамма замонларда гуманизм асосини ташкил қилган. Инсон севсагина чинакам инсонга айланади. Унда худбинлик, кибру ҳаво, ғурур каби қусурлар чекиниб, ўрнини меҳр-оқибат, фидокорлик, жонкуярлик каби хислатлар эгаллайди. “Эдварда” да ҳам муҳаббат Гланни ўз қобиғидан бир лаҳза чиқишига, Эдвардани эса кибру-ҳавосидан халос бўлишига замин ҳозирлайди. Бу билан улар ўзлари узоқлашиб кетган ва гуркираётган тамаддун таъсирида инсоният ҳам узоқлашиб бораётган инсонийликка яқин боришади. Рўпарамдаги бу саҳна кўриниши йўқолиб улгурмай, дарҳол иккинчиси гавдаланади. Унда Гамсун анча кексайиб қолган, жуссаси янаям чўккан, сочларига оқ оралаб, белидан қувват кетган бир мўйсафид қиёфасида кимсан Геббельснинг қароргоҳида пайдо бўлади. У тантанали равишда, лабларида табассум билан, хурсандчиликдан оғзини йиғиштиролмай Геббельс билан учрашади. Ёвуз доктор, фашизм ташвиқоти лидерининг меҳмонхонасида дастурхон устида, бошқа ўнлаб фашистлар ҳамроҳлигида давра қуриб ўтираркан, унга ва фюрер шахсига мақтовлар ёғдиради. Фюрерни даҳо ва “ажойиб йўлбошчи” деб атайди. Коньякка лиқ тўлган рюмкасини фашистлар билан уруштириб, бу мафкурани улуғловчи шонли қадаҳ сўзларини тик турганича ҳаяжонланиб, бисотидаги бор пафосли сўз санъатини ишга солиб импровизация қилади. Гамсуннинг ҳаётидаги бу босқич унинг латофатли гуманизмига соя солади. Бу аниқ, икки карра икки тўртдек гап. “Эдварда”, “Очлик”, “Замин шарбатлари” каби дурдона асарларни ёзган, инсониятни инсонийлик тантанасига ишонтирган буюк гуманист ўрнини фавқулодда маддоҳликни касб қилган қип-қизил фашист эгаллайди. Гоҳида шу ўринда ундан нафратлансам-да, маълум аспектларни назарда тутган ҳолда уни тушунишга ҳаракат қиламан. У Геббельснинг қабулида бўлганида ёши ўтиб, мункиллаб қолган, умрига намозшом чўккан бир ожиз қария эди. Балки, мияси айниган чол дейиш тўғрига ўхшар. Ҳар ҳолда кексаларга хос бўлган ёш болаларча ҳатти –ҳаракатлар ва қарор чиқаришлар унга ҳам бегона эмасди. Қолаверса, ўша йиллари Норвегия ҳам бошқа Европа мамлакатлари қатори немислар томонидан босиб олинган, у ерда ҳам хавотирли ва дилни хуфтон қилувчи кунлар давом этар, СС ёки Гестапо малайлари исталган пайтда исталган хонадонга кириб ўзлари истаган жонни қора машиналарига тиқиб, номаълум ерларга олиб бориб гумдон қилишлари одатий ҳолга айланган ва бу ҳол маҳаллий аҳолини юрагига ғулғула солиб, қуёнюрак қилиб улгурганди. Эҳтимол шуларни ўйлаб, Гамсун ўз тинчи ҳақида бош қотирган, Гестапонинг қоронғу ва зах ертўлаларидаги вандализмнинг ноёб топилмаси бўлган, таърифлашга тил ожиз турфа хил қийноқлардан ёки Освенцимга ўхшаган “ўлим лагерлари”да ҳиссиз, шафқат нималиги хаёлидан кўтарилган немис зобитларининг тўппончаларидаги ўқлардан ўлиб кетишни ҳохламай бундай шармандали муроса йўлини танлагандир. Эҳтимол Берлин кўчаларида навбатма-навбат, тоғдек уюм қилиниб ёқила бошланган китоблар ва уларнинг Гёте, Гейне, Лессинг, Шиллер каби муаллифлари қисматини ўзи ва китобларида ҳам такрорланишини истамагандир. Эҳтимол, Германияни ташлаб кетишга мажбур бўлишиб, эндиликда атрофда сарсон-саргардон бўлиб юрган Томас Манн, Стефан Цвейг, Анна Зегерс каби ўзига замондош бўлган адиблар қисмати ҳақида эшитган ва қариган чоғида ё Томас Маннга ўхшаб океан ортига, ё Цвейгга ўхшаб Лотин Америкасига кетишни ихтиёр этишни истамагандир. Албатта, тахмин қилинса ўнлаб, балки юзлаб тахминлар бўй кўрсатади. Уларнинг ҳар бири асосли ва ҳар бирини кифоя бўладиган, тош босадиган аргумент сифатида қабул қилса бўлади. Аммо тарихда маълум қарорларимизга сабаб қилиб кўрсатилган аргументлар эмас, уларни ҳаракатга келтирган фактлар ва кучлар қолади. Минг таассуфки, шундай. Улуғ гуманист бўлган Гамсуннинг умри шомида ногаҳон фашистга айлангани ҳақидаги китоблар, архив материаллари, мақолалар, пафмлетлар эндиликда ҳозирги авлодга мерос бўлиб қолган ва улар мағрибдан машриққача тарқалган архив уйларида, давлат ташкилотлари ва жамоат муассасалари омборларида чанг босиб ётибди. Бу икки хил қисматни бўйнига олишга уни мажбур қилган жиҳатлар ҳақида эса синчков бўлган, уни севиб ўқиган, унга симпатия билдирган инсониятнинг озчилик қисмидан бўлак ҳеч қайси жон фикр қилмайди. Эҳтимол, шунинг учундир келажакда ҳам Иккинчи жаҳон уруши ва фашистлар ҳақида гап кетганида то қиёматгача унинг шарифи ҳам йўл-йўлакай тилга олинади ва истаймизми йўқми, алифбодаги “Г” ҳарфи билан бошланадиган фашистлар рўйхатини тўлдириб тураверади. Зеро, ўн тўққизинчи асрда яшаган ва унинг ҳам шарифи “Г” ҳарфи билан бошланган инглиз адиби Томас Гарди айтганидек, инсон бу дунёдаги ҳаётини шон-шуҳратга бурканган ҳолда эмас, шармандаи шармисорликларсиз интиҳо топиши ҳақида кўпроқ қайғуриши лозим. Боиси, аксарият одам болаларининг қўлидан одатда бу иш келмайди.
2021-04-20
http://nodirabegim.uz/archives/3971
Мактабда дарслар тугаган, ҳаммаёқ жимжит. Қиз стол устига бошини қўйиб, кўзларини бир нуқтага қадаганча чуқур ўйга толди. «Кўринмас одамга айланиб қолгандекман. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Эрталаб нонушта қилдимми, йўқми? Ишим қачон бошланиб, қачон тугайди? Қаерга боряпман, кимлар билан кўришяпман?.. Одамзод Яратганнинг ижод маҳсули— санъати. Санъат эса эътибор билан тирик. Нимани… Йўқ! Кимни истаяпман ўзи?! Йиллар давомида ташна қалбимни суғориб келаётган меҳр дарёси ҳам таъмсиз туйиляпти. Нималар ўзгарди? Кимдир қўлимдан маҳкам ушлаб бағрига босишини ва тўйиб-тўйиб йиғлаб дардларимдан йироқ бўлмагунимча қўйиб юбормаслигини хоҳлаяпман… Ўша инсон ким? Ўзлари билан овора бўлиб мени кўрмаётган яқинларимми ёки… Қанийди… Қанийди сукунатимни парчалай оладиган шодлик бўлса! Ё Раббим…» — хона эшиги очилиб биров кириб келди. — Ҳалиям кетмадингизми? — сўради ҳамкасб йигит ўз ҳужжатларини жавонга жойлаштирар экан.— Ифторликка ҳам оз қолди. — Назорат дафтарларини текшираётгандим, — қиз столи устида турган дафтарларини тартибга келтирган бўлди гўё. — Ҳа, шунақами, яхши, — йигит қизнинг ёлғон гапираётганини пайқаб, ўзига сездирмай унга синчковлик билан қаради. — Биласизми, устоз ўқувчилари учун туйғулари ўта барқарор, руҳи метиндек кучли шахс бўлиб кўринади. Aслида эса ҳар бир юракнинг ўз кемтиклари бор. Қиз ҳайрон бошини кўтариб йигитга юзланди. Aммо томоғига нимадир тиқилгандек бўлиб, гапиролмай яна кўзларини бошқа томонга олиб қочди. Йигит қизнинг столига яқинлашиб сўзида давом этди: — Юпатиқ ҳамиша кўнгилга малҳам бўлолмайди. У баъзан имконсизлигимиз иқроридек туйилиши мумкин. Олинг, — қўлидаги нарсани қиз томон узатди. — Бундан ортиқ садоқатли сирдошни топа олмайсиз. У дарров хона эшигини ёпиб чиқиб кетди. Қиз киприк қоқмай миясидаги жавобсиз саволларига бардош беришга уринарди. Шартта ўрнидан турди-ю, кетишга ошиқди. Эшикка етгунича ҳеч қаерга қарамади. Хонадан чиқиб кетар экан, кимгадир ишонгиси келди, йигит айтган энг яхши сирдошни кўриш учун орқасига ўгирилди ва беихтиёр кўзи ёшланди. Стол устида турган рўмолча гўё қизга ўз қучоғини очгандек турарди… «Топиб бер деяпман, бола!» Бир қўли билан дарахт шохини ўзига томон тортиб турган Салимнинг олма узишга чоғланган иккинчи қўли қўшнининг девор ошган дағдағали хитобидан бир зум ҳавода муаллақ қолди. ㅡҲа, кўнглидан ўтказди ㅡ демак, Шокир ака яна ичиб олиб уйида жанжал қиляпти. ㅡ Дарахт шохини секин қўйвориб, қўшни девор ёнига туриб олди. «Пичоқни ташланг, дада!» ㅡВой тавба, ана холос! ㅡ бирдан сесканиб кетиб ёқасини ушлади. ㅡ Нимадир қилиш керак, лекин нима? Тортишув узоқ давом этди. У гоҳ лабини тишлади, гоҳ оғзини қўли билан беркитди, гоҳ бош чайқади. Лекин елкасига оғир юк ортилган одамдай энгашганча қимир этмай эшитиб тураверди. Йўқ, Салим ҳам анойилардан эмас, чорасини топади. Ахир у маҳалланинг фаол вакили! Жамоатчи! Туйқус хаёлига келган фикрдан муаммонинг ягона чорасини топган кишидай ҳис этди ўзини ва содир этилажак жиноятга гувоҳ сифати бориб айтадиган гапларини бирма бир ўйлай кетди: «Қотил – Шокир Худойбердиев…» Мактабга кираётиб, тонгги сафланишни — Уни кўрди-ю, айланма йўл орқали хонасига чиқиб кетди. Кун бўйи унга рўпара келмаслик йўлларини излади. — Табриклайман, — дарсларини ўтиб ўқитувчилар хонасига апил-тапил журнални қўйиб чиқар экан, ўша қадрдон овоздан тўхтаб қолди. —Табриклайман, — такрорлади, йигит. — Турмушга чиқаётган экансиз… Қизнинг юраги бир зум тўхтаб қолгандек бўлди. Ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, нимтабассум билан зўрга оғиз жуфтлади: — Раҳмат…- кечагача ҳислари ваъдаларсиз боғланган бу хокисор икки қалб бугун тамоман бир-бирига бегона. — Бу янгиликни ҳаммадан аввал мен эшитсам керак деб ўйлар эдим. Ҳар бир ишингизни маслаҳатлашардингиз, энди эса қочиб юрибсиз?! Йигитнинг саволчанг овозидан кесатиқнинг аччиқ таъми келиб турарди. Бундай муносабатдан қизнинг кўнгли дарз кетгандек бўлди. Aйниқса, бу ҳодисанинг «Янгилик» деб баҳоланиши уни эсанкиратиб қўйди. — Янгилик?! — Ҳа, яхши янгилик! — Нима демоқчисиз, — энди унга ҳаммаси фарқсиз бўлса ҳам, йигитнинг гапини бееътибор қолдиролмасди. Йиллар давомида ичига ютган ҳиссиётлари қалбини ёндира бошлади. Йигит хаёлига келган жавобдан орланди: — Ҳеч нарса… — Ҳаммасини ўзингиз бошлайсиз-у, биринчилардан бўлиб чекинувчи ҳам ўзингиз бўласиз. Худди… Йигит чидаб туролмади. Қандай қилиб келиб қизнинг билакларидан маҳкам тутиб олганини иккиси ҳам англамай қолди. — Мени айбдор қиляпсизми? Мен ахир сизни… Қиз бор аламини тўплаб йигитнинг кўзларига боқди: — Нима мени?! — Ҳаққим йўқ энди… -Йигит қизнинг қўлларини бўшатди-ю, хона эшиги томон бурилди. — Ҳаққингиз борида ҳам индамагансиз… Бир оғиз сўз… Инсонларнинг бахтсизлигига хизмат қиладиган ғурурингиздан нима наф?! — Йигит жавоб қайтармай чиқиб кетди. Қиз ерга тиззалаб ўтириб, ҳўнграб йиғлаб юборди. — Севардим… севардим… севаман! Сўнгги сўзни айтди-ю, кўнгли бирдан совиди. Ортиқ кўз ёш тўкишни истамади. Бир оғиз сўзни йиллаб кутганлари, ўзига сездирмай соатлаб тикилганлари, қадамларини босиб ўтиш учун ортидан юрганлари… Ҳаммаси бир зум хаёлидан ўтиб ўзига ачиниб кетди. Юрагидаги севги ўрнини нафрат эгаллади. Шартта ўрнидан турди-да, афсусланиб турган қарори тўғрилигига қалбан ишонди. Хонадан чиқиб, ўзи учун энг қисқа йўлдан дадил қадамлар билан равона бўлди.
2021-04-29
http://nodirabegim.uz/archives/3992
Бунинг учун биринчи навбатда бизга Герберт Уэллс ва Данте Алигьери керак бўлади. Нега Герберт Уэллс демоқчимисиз? Саволингиз ҳақли. Жаноб Уэллс прозаик бўлган, уни поэзияга дахли йўқ дейишингиз мумкин. Шу ерда мен ҳам аниқликка ҳавас қилмай мудом уни четлаб ўтишга одатланганимни таъкидлашим жоиз. Аслида гапнинг бошида Герберт Уэллсга эмас, қуриб кетгур “Вақт машинаси”га эҳтиёжимиз туғилишини айтишим мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ортиқча саволларга ҳожат қолмасди. “Вақт машинаси”ни абсурд, нореал воқеълик деб жар солишга шай турганлар асло лоп этиб оғиз оча кўрманг. Маслаҳатим шошилманг. Шошилган қиз эрга ёлчимайди. Мабодо шошилсангиз шу феъл-атворингиз билан тўрт томонингиз қибла эканлигини ёдда тутганча дарҳол даф бўлинг. Шошилмай, доим мулоҳазасини ишга солиб, етти ўлчаб бир кесадиганлар “Вақт машинаси” ҳақида бош қотириш учун бирлашамиз. Худди кераксиз ва бир тийинга қиммат, инсоният ва жамиятни чалғитиб, устига минадиган, умрини эговлайдиган турли хил уюшма, партия ёки клубларга эмас, шунчаки бир миссия учун вақтинча арзимас бирдамлик ҳаракатининг либосини киямиз. Либос жулдурвоқи бўладими, кир-чирми, нима қизиғи бор. Пушкиннинг қотили бўлган олифта Дантес унга қарата “қарши бўлмасангиз дуэлни бошлаймиз, Александр Сергеевич” деганидек бизнинг ҳам на устави, на кенгаши, на аъзолик билети бўлган бирдамлик ҳаракатимизда қарама-қарши овозлар бўлмаса, кўзланган миссиямизни бажариш учун астойдил ишга киришамиз. “Вақт машинаси”ни Уэллс яшаган пайтда “бемаъни фантазия” деб атаган эди инглиз жамияти. У замонлар тамаддун ҳали бунчалик илгарилаб кетмаган, инсоният тафаккури ҳамин қадар чекланган ва рамкага солинган, фан эндигина ривожланиб, жадаллик билан олдинга силжишда давом этаётган бўлса-да, космик тасаввур учун ҳали яроқсиз ҳисобланарди. Қолаверса инглизлардек мутаасиб консерваторлар турмуш тарзида бундай янгиликка тамомила зарурат ҳам йўқ эди (улар ҳозир ҳам ўшандек, бир туклариям ўзгармаган ҳолда бошқа тартибларда кун кечираётган қолган бани башар авлоди билан бир осмон остида нафас олишяпти). Ҳозир йигирма биринчи аср. Йигирманчи асрдан фарқли равишда бу асрда исталган тентаклик билан инсон ақли ва тасаввури тез чиқиша олади. Шундай экан “Вақт машинаси”ни яратиб кўришга уринса, Уэллснинг илмий асосланган фантазияси худди айрим қонунлардек фақат қоғозда қолиб кетмаслигига ишонса ва ниҳоят унинг кўмагида исталган ўтмиш замони сари саёҳат қилса бўлади. Биз учун бу айни муддао, чунки бизга ўн иккинчи асрдаги Флоренция ва тирик Данте Алигьери керак. Бу ниятимизни амалга ошириш учун шубҳасиз, қорни катта ва сочи тўкилиб кетган, мижғов ва эзма физиклардан ёки жилла қурса зерикишнинг кони бўлган физиклар жамиятига ёзма мурожаат асосида “Вақт машинаси” учун буюртма бериб кўрамиз. Машина кўриниши Леонид Гайдайнинг машҳур ретро кинофильмдагидек абгор ва кулгули бўлса ҳам майли. Индамаймиз. Майлими? Жим турамиз худди оғзимизга талқон ютгандек. Бир марта бўлса-да уни очмаймиз. Жамиятдан тегишли тартибда буюртма тасдиқлангани мазмунидаги мактубни олсак шодон ҳолда ўрнимизда сакраймиз, бошимизни мамнун ирғаймиз, кўзларимизни худди ишонмагандек бақрайтириб очамиз. Нима фарқи бор, жаноблар? Машина ҳашаматли кўринишга эга бўладими ё абгорми, бу ниманиям ҳал қилади? Бу темир-терсаклар жамланмаси мўъжиза кўрсатиб, бизни ўн иккинчи асрдаги Италияга, унинг мафтункор ва тилларда достон бўлган шаҳри Флоренцияга олиб борса бўлди-да. Шунгаям ота гўри қозихонами? Хуллас, исталган кўринишдаги “Вақт машинаси” ўтмишдаги Италияга боришимиз учун зарур бизга. Биз у ерга Дантени йўқлаб борамиз. Жаноб Данте Алигьерини! Шуни унутманглар. Барчамиз Флоренциянинг табиати ёки тарихий обидаларни томоша қилиш, Арно дарёсида чўмилиб офтобда тобланиб ётиш, оғзимизни мазали итальян таомлари қаршисида ланг очиб йиғиштиролмай қолмаслик учун эмас, Дантени қидириб топиш учун йўл оламиз. Мақсадимиз муштарак- “Илоҳий комедия”ни ўзгартирилишига ёки қайта ёзилишига эришиш. Гарчи орамизда кўпчилик уни ўзбек тилида Абдулла бобо таржимасидаги “Дўзах” қисминигина ўқиган бўлса-да, сир бой бериш йўқ. Сурбетларча бақир-чақир қилиб, безбетлик билан ўзимизни ақлли кўрсатиб, унинг “Жаннат” ва “Аросат” қисмини ҳам ўқигандек тутамиз. Ғурур ва нафсониятни пастга уриш йўқ, жаноблар! Ўзбекнинг ғурури барча нарсадан баланд! Биз туркийлармиз, туркпарастликдан воз кечиш йўқ! Ўзи етади бизга Амир Темурнинг Султон Боязид билан жанг қилгани. Бу икки туркий ўртасидаги жанг қалбимизни доғлаб, ғуруримизни синдирган. Илло Соҳибқирон ўшанда ютмаган, балки ютқазган. Ютқазган, ютқазган! О, менинг туркийларим, туркийларим! Энди қандайдир “Илоҳий комедия” борасида ғуруримизга яна гард юқтирамизми? Ҳеч қачон! Яна бир кичкинагина жиҳат борки, у жуда муҳим. “Вақт машинаси” бизни олис ўтмишдаги Флоренцияга олиб боришигина эмас, вақтида етказиши ҳам шарт. Бизга Данте туғилиб бўлиб, эмаклаб, тетапоя қилиб, шаталоқ отиб юрган ёки Беатриче билан майсазорда ёнбошлаб ётган давр эмас, у туғилишидан олдинги давр, аниқроғи онаси унга ҳомиладор бўлиб, ҳомиланинг олтинчи ё еттинчи ойлиги давом этаётган давр керак. Шуни мўлжал қилиб, машина ўлгурни ишга туширамиз. Буни физиклар жамияти эътиборга олиши ва машина хусусиятига етарлича меъёрлар киритишини ҳам ёзма тарздаги мурожаатномага алоҳида банд тариқасида тиркаб қўямиз. “Вақт машинаси” тайёр бўлгач, уни ўт олдириб, тўппа-тўғри Дантенинг уйига бориб тушамиз. Онаси эҳтимол бу пайт дераза олдида ўткинчиларни кузатиб ўтирган ёки қозон осиб пиёзли шўрва қайнатаётган бўлар. У онаси қорнида жимгина ухлаётган ёки қорин деворларини тепаётган бўлар. Биз исталган саҳна рўпарасидан чиқишга розимиз. Миссиямиз прологи- Дантени Флоренцияда туғилишини олдини олишдан иборат бўлади. Жаноблар, бу миссияни тушунмаганлар бўлса, юқоридаги шошқалоқлар билан шу заҳоти қўшмозор бўлинглар! Данте туғилмай туриб ўтмишдаги Флоренцияга боришимизнинг аҳамияти катта. Агарда мақсадимиз “Илоҳий комедия”ни ўзгартириш ёки қайта ёзилишига эришиш бўлса, албатта бунга жиддий ёндошиш талаб қилинади. Башарти бунга эришсак, уни онаси билан бирга Арабистон ярим оролига олиб кетамиз. Иордания ёки Ироққа. Ироқ қулайроқмикин?! Ахир, Бағдодда доим ҳамма ёқ тинч бўларди-ку (Бағдодда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч… )! ”Вақт машинаси”да кетмаймиз у ерларга. Ўша пайтдаги асосий транспорт воситаси бўлган от арава ёки туялар карвонига она-болани мингаштириб олиб кетсак, ҳатти-ҳаракатимизда гўзаллик ва нафосат, ўрта асрларга хос бўлган романтикани ўзида мужассам этган Дон Кихотга хос рицарлик унсурлари кўзга ташланади. Эртакнамо бўлса нима қипти Флоренциядан ҳайдалиш куйи. Аммо, бир минус тарафи бор бунинг. Юқоридаги араб мамлакатлари жуда иссиқ, қишин-ёзин қуёш тиғида тана бечора юз-кўзларга қўшилиб “вой дод” деб юборади. Қўлини совуқ сувга ҳам урмаган Данте қийналиб қолса керак. Ундан кўра Италияга яқин бўлган Испанияга олиб кетсак-чи? Испания ўша пайтда араблар мустамлакаси бўлганди. Андалусия, Ғарнота ёки Қурдоба шаҳарларидан бирига олиб борсак бўлади она-болани. Менимча, Андалусия маъқулроқ. Иқлими қулай. Италияникига ўхшаб кетади. Қуёш меъёрида тоблайди танани, пўртаҳол ва олча дарахтлари кўп. Бандаргоҳи ҳам бор. Денгиз мавжланиб, ўзини кўз-кўз қилиб туради у ердан. Данте қийналмайди, ўлай агар. Жон деб боради. Арно дарёси ўрнига сарҳадсиз денгиз қирғоқларида дайдиб юраверади. Ялангоёқ, оч қоринга ҳуштак чалиб, ялпиз чайнаб, соч-соқоли ўсган ҳолда миясидан Беатричени кетказа олмай. Ўзи шундоқ ҳам Флоренциядан у барибир сургун бўлиб кетади-ку! Демак, жой ҳал- Андалусия. Дантенинг онасини у ердаги араблар истиқомат қиладиган, оёқ остига тош ётқизилган, пастак кулбалардан таркиб топган жинкўчалардаги уйлардан бирига жойлаштирамиз. Э, фарқи йўқ қанақа уй бўлишини. Томи ёпилган, қудуғи бор, деразалари кўчага қараган бўлса, ижарачиси судхўр бўлмаса кифоя. Уйга жойлаштиргач, бирортамиз унга доялик қиламиз. Орамизда аёллар ҳам бордир бу миссияга хизмат қилишни истаган. Ўшалар дояликни бўйниларига олишади ва кичкинтой Дантенинг ёруғ оламга келишида меҳр билан жонбозлик кўрсатишади. Бу пайтда биз эркаклар кўчага чиқиб турамиз (албатта агар бетимиз чармдан бўлмаса). Данте қайси вақтда туғилишининг аҳамияти йўқ. Эрталаб туғиладими ё ярим тундами, кун ярмидами ё шом пайтидами, бизга онаси қорнидан эсон-омон пастга осилиб тушса –шу ютуғимиз. Уни ювиб-чатиб, киндигини боғлаб қўямиз. Элга ош бериш- ўзбекчиликдаги одат. Яна бирорталаринг бозордан бир калла гўшт, озгина ёғ ва гуруч олиб келиб, элни ошга чақириб юрманглар (одамни хижолатга қўйиб). Данте соғлом бўлиб ўсиши ҳам диққатга молик жиҳатлардан бири. Кўча чангитиб ўйнаётганида, чурвақа ўртоқларига илакишиб дайдиганида, қўшниларнинг мева дарахтларига ўғирликка тушганида, кимдир шубҳасиз унга кўз-қулоқ бўлиб туриши керак. У Италиядан фарқли равишда Андалусияда мусулмон болалар мактабига боради. Ахир, мусулмон маҳалласида катта бўлгач, шу мактабга боради-да. Насроний ёки Яҳудийлар мактабига борармиди. У Андалусияда-ку, Флоренцияда эмас! Харобадан фарқ қилмайдиган мактабда кўкнорига ошиқ бўлган мусулмон муаллими унинг хат саводини чиқаради. Ўша ерда болакай ҳарф танийди. Бу дунёни, борлиқни, ўзлигини англайди. Ўзи туғилган макондаги дин асрорлари ва тартибларини қунт билан ўрганади. Вақти келиб арифметика, поэтика, метафизика, мантиқ, риёзиёт билан шуғулланади. Худди мусулмон болалар каби ўқийди, билимларни эгаллайди ва улғайиб камолга етади. Ҳар якшанба кунлари Черковга эмас, аксинча ҳар Жума кунлари масжидга бориб, Яратган эгамга илтижо қилади. Масжиддаги руҳонийлар, исломни қабул қилган онаси, мусулмон қўни-қўшнилари унга Худо битталигини, у туғилмаган ва ундан туғилиш ҳам бўлмаслигини, унинг на хотини, на ўғли борлигини, Исо Масиҳ шунчаки бир банда эканлигини, Муҳаммад пайғамбар Аллоҳнинг расули эканлигини уқтиришади. Қўлига қуръон тутишади. Э, жаноблар! Сизларга нима бўляпти. У Флоренцияда эмас-ку қўлига Инжилни олгани. Биз “Вақт машинаси”да ўн иккинчи асрга бориб, онаси қорнидалигидаёқ уни Андалусияга олиб келмадикми, у шу ерда туғилмадими?! Биз ҳам ўн иккинчи асрдамиз ҳозир. Йигирма биринчи асрни унутинглар. Андалусиядаги Данте билан Флоренциядагиси ўртасида тафовут бўлади-да. У Флоренцияда насроний болалар мактабига қатнаган, Черковда ибодат қилган, насроний руҳонийлар ва қўни-қўшнилари унга Биби Марям -Худонинг хотини, Исо Масиҳ- ўғли эканини уқтиришган, уни муқаддас жомдаги ариқ сувида чўқинтириб қўлига Инжил тутқазишган, Муҳаммад пайғамбар ва Исломдан, унинг саҳобаи икромлари ҳамда Қуръондан нафратланиш руҳида тарбиялашган. Буни билиш учун даҳо бўлиш шарт эмас. Бу икки карра икки тўртдек гап. Бунга изоҳ беришимнинг ўзи бир беъманилик. Биз ҳозир бошқа миссия билан оворамиз. Болакай Данте шу тарзда Ислом дини анъаналари руҳида тарбия топади. Флоренцияда яшаганида ашаддий насроний бўлиб улғайган бўлса, Андалусиядаги араблар маҳалласида ашаддий мусулмон бўлиб вояга етади. Ўсмирлик вақтида бу ерда ҳам ундаги шоирлик истеъдоди кўзга ташланади. Албатта, биз ундаги бу истеъдодни бўғмаймиз. Бизнинг миссиямиз буни ўз ичига олмайди. У худди Флоренцияда бўлгани каби гўзал шеърлар машқ қилишни бошлаб юборади, ўз истеъдодини тўлақонли намоён этади. Беатриче исмли сулув, бетакрор ҳусн ва малоҳат эгаси, қалб гўзаллигида тенгсиз қизга атаб истаганича шеър ёзади. Қўйиб берамиз. Фақат Беатриче насроний қизи эмас, мусулмон қизи, миллати ҳам итальян бўлмай, араб бўлгани учун исми бошқача бўлади. Исми Хадича ёки Сора бўлгани маъқул. Боиси ўша пайтдаги арабларда энг кўп тарқалган исмлар шулар эди-да. Ёш Данте улғайиб, камолотга тўлиб, ҳаётий тажрибаси ошиб, бир куни ниҳоят Андалусияда “Илоҳий комедия”ни ёзгани ўтиради. Шаҳарнинг бир чеккасидаги хилват гўшадами ёки пастак кулбаларидан биридами, ишқилиб шам ёруғида, қўлига патқалам ва сиёҳдон олиб бўш қоғозларни шеърий сатрлар ила тўлдиришни бошлаб юборади. Биз уни сукунат ичида кузатамиз. Унга бу жараёнда бор-йўқлигиям сезилмайдиган эмас, ҳеч бўлмаганда ўзини борлигини билдириб хона ичра учадиган чиркин пашшадек ҳамроҳлик қиламиз: қиш кунларида печкасига ўтин қалаймиз, ёз кунларида елпиғич билан манглайи тепасида елпиб турамиз, хасталанганда чойқошиқда оғзига ачқимтир дори, қорни очқаганда бир коса овқат тутамиз. У машҳур эпик достонини ёзишни бошлайди. Бизга унинг “Жаннат” ва “Аросат” қисмларини қизиғи бўлмайди. Чунки уларни тил билмаганимиз учун ўқимаганмиз. Абдулла бобо ҳам хафсала қилиб таржима қилмаганлар. Шунинг учун “Дўзах” қисми ёзилишини кузатамиз, холос. Данте Алигьери энди ёш болакай ёки шеърий машқлар қоралаб юрган ўспирин эмас, катта шоир мақомида етиб келади бу улуғ юмуш учун. У шу мақомда ёзади бу достонини. Бир шоир ва бир мусулмон каби ёзади бу оламшумул асарини. Флоренциянинг фуқароси, Исо Масиҳнинг ихлосманди, Рим Папасининг муриди, Черковга содиқ насроний сифатида эмас, Андалусия фуқароси, Муҳаммад пайғамбарнинг уммати, Андалусия бош руҳонийсини ўзига пир деб билиб Масжид аҳқомларига содиқ мусулмон сифатида ёзади. Миссиямизнинг бош мақсади айнан шу “Дўзах” бўлимида бўй кўрсатади. Комедиянинг шу қисмида бизни энг қизиқарли ўзгариш, биз қайта ёзилишини роса истаган ва кутган, бизни ҳайратлантириши аниқ бўлган, на кулишга ва на йиғлашни билмай тош қотишимизга мажбур қиладиган, етти ухлаб тушимизга кирмаган саҳна эпизодлари томдан тараша тушгандек бизга пешвоз чиқади. Флоренцияда Данте Алигьери томонидан қоғозга туширилган “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисмида Вергилийга эргашиб, Муҳаммад пайғамбар ва Ислом уламолари-ю-саҳобаларини жаҳаннам оловида азобланиб ва жизғанак бўлиб куйиб-ёнаётганликларига дуч келган бўлсак, Андалусияда ёзиладиган “Илоҳий комедия”нинг шу қисмида улар ўрнига Исо Масиҳ ва ўн иккита ҳаворий, шунингдек барча Рим Папалари билан насроний авлиёларини шу ҳолатда учратамиз. Шоири замон бўлган Данте Андалусияда бу бўлимни тубдан ўзгартириб юборади. Шу бизни ҳайратлантиради. Шу бизни на кулишни ва на йиғлашни билмай иккиланишимизга замин ҳозирлайди. Шу етти ухлаб тушимизга ҳам кирмайди. Аммо, миссиямизнинг портловчи интиҳосига айланади… “Илоҳий комедия”ни қайтадан ёзиш имконсиз. Буни биламан, жаноб шошқалоқлар ва мулоҳазалилар. Деярли иложиси йўқ буни. Лекин агарда Герберт Уэлсснинг “Вақт машинаси” чиндан реал ҳаётда бўлганида эди, шаксиз бунга уриниб кўрган бўлардим. Ҳатто, бирортангиз шерик бўлишни истамаган тақдирингизда ҳам бу йўлимдан қайтмасдим. Чунки насронийларга тўла Флоренцияда ашаддий бир насроний томонидан яратилган “Илоҳий комедия” билан Андалусиядаги араблар маҳалласида бир мусулмон томонидан яратиладиган “Илоҳий комедия” ўртасида истаймизми йўқми, албатта каттагина фарқ бўларди.
2021-01-20
http://nodirabegim.uz/archives/3637
Толстойнинг “Тирилиш” романи бўйича кўпчиликка савол беришни ёқтираман. Уни ўқиганларга ҳам, ўқимаганларга ҳам. Одатда бир саволга берилажак жавоблар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бу табиий. Ўнта одам- ўн хил, юзтаси- юз хил фикрлайди. Аммо бу саволимга негадир фақат бир хил мазмундаги жавобларни оламан. Неча йилдирки, шундай бўлади. Айтайлик саволим битта ҳам эмас, иккита. Бири қуйидагича: -Сиз бир фоҳишанинг ортидан яшаш учун рисоладагидек шароити бўлмаган, жуда совуқ ва овлоқ ерларга кетган бўлармидингиз? Бу биринчи саволим. Мазмуни шундай уни. Жуда ғайриоддий-а? На пардаланган, на қоғозга ўралган. Уни ўртага ташлаганимда аксарият танишларим ҳайрон бўлиб, бундай савол мендан чиққанига ишонишмагандек кўзларини бақрайтириб очишади ва мен худди Марс ёки Ойдан келиб қолган ўзга сайёраликдек афт-ангоримга чўчиброқ қарашни бошлашади. Сўнг, бир лаҳзада ҳолатлари ўзгаради-да, рўпарамда серрайиб туришганча қаҳ-қах уриб кулиб юборишади. -Тентаклик бу, -дейишади барчаси кулгудан кўзлари ёшланар бир аҳволга келиб. Бўйинбоғлиси ҳам, тиззаси йиртиқ шим кийиб юрадигани ҳам, боулинг ёки бильярд “жинниси” ҳам. Ҳатто овозларидаги киноя миқдори ҳам, мазахга тутинган кулгулари ҳам ўхшашликда янграйди. -Фоҳиша ортидан кетишнинг ўзи бир катта тентаклик! Булар Лев Николаевичнинг дунёга машҳур романини ўқимаганлар бўлишади. Яъни биринчи гуруҳ. Шартли равишда шундай дея қолайлик. Жавобларни бирма-бир йиғиб улардан ортгач, шу савол билан романни ўқиганларга юзланаман. Улар юқоридагилар каби эксклюзив башара ва кинояли алпозда мени қарши олишмайди, албатта. На киноя қилишади, на хахолаб кулишади. Шунчаки жиддийлик рамкасига тушиб олишади ва ўзларини ожиз сезиб, секин-секин бош чайқашади барака топгурлар: -Мумкин эмас бу. Ҳаётда мумкин эмас. Биринчи саволга тегишлича жавоб олингач, иккинчи саволни шу тахлитда иккала гуруҳга бераман. -Агар ўша фоҳиша сиз туфайли шу кўйга тушган бўлса-чи? Дейлик бокиралигидан ўз вақтида сиз пасткашларча маҳрум қилган бўлсангиз уни. Шунда ҳам ҳеч нима ўзгармайди. Тавба дейман ўзимга ўзим ёқамни ушлаганимча. Бир Яратганнинг даргоҳи бўлган йироқдаги осмону фалакка, бир танамизнинг мангу даргоҳи бўлган қаро ерга қараб оғир хўрсинаман. Романни ўқимаганлар бир туклари ҳам ўзгармай худди ўша алпозда рўпарамда гавдаланишади. Атрофимда яна киноя, яна кулгу кўтарилади. Бильярд таёқчаси ёки боулинг шарини ушлаган тукли қўллар пахса қилинган ҳолда рўпарамда рассом қўлларидаги палитра каби ҳаракатга тушади. Қулоғим остида “катта тентаклик” деган сўз тағин тинмай жаранглайди. Кетидан инсон боласининг чегара билмас ҳиссизлигини гувоҳи бўламан. -У ҳолда биз ўзимиз бокиралигидан маҳрум қилган барча фоҳишаларнинг этагидан тутиб, ортидан юришимиз керак эканда-а? Романни ўқиганлар ҳам ўзларида бирор бир ўзгаришни сездирмай, ўз одатларига биноан яна ўша рамка ичида бошларини оғир-оғир чайқашади. -Бу иложсиз нарса. Ақлнинг бу билан чиқишиши қийин. Шу ерда бу мавзуни ёпаман. Балки вақтинчага, балки абадул абад. Ортиқ давом эттиришдан наф йўқ дейман ўзимга ўзим. Бўғзимга тиқилган аламни ютишга, ичимни тирнашни бошлаган нафратни бўғишга, юрагимни эзаётган ҳарсангтошдек келадиган қайғуни улоқтириб ташлашга бесамар уринаман. Жамият ва инсоният учун оғриқли ва залворли бўлган мазкур иккита саволни бошимда кўтариб юришим, томиримдаги қонларим билан мудом суғориб яшашим кўзимга ўларча мантиқсизликдек туюлади. Эҳтимол адабиётшунос ёки ёзувчилар бунга жўяли ва асосланган фикрлар билан жавоб беришар. Бироқ бундан менга, борган сари чиркинлашиб кетаётган башариятга ва исталган иллатга ўзидан жой топиб беришдан чарчамаётган бу қўҳна дунёга нима наф?! Адабиётшунос ва ёзувчилар ўз йўлига. Улар жамият ва инсониятнинг атиги бир фоизини ҳам ташкил қилишмайди. Улар ўзлари бокиралигидан маҳрум қилган фоҳишанинг ортидан Сибирь ёки Саҳройи Кабир қадар кетишгани билан бани башар тафаккури ва юрагида бу борада ҳеч нима ўзгариб қолмайди. Бир фоиз ичида уйғонажак виждонни тўқсон тўққиз фоиз ичидаги бефарқлик, маъсулиятсизлик ва тубанлик босиб кетади. Ўйлашимча, “Тирилиш” ни ўқиган ёки ўқимаганлар у ёқда турсин, ҳатто барча замон фоҳишалари ҳам Нехлюдовнинг Масловага нисбатан ҳатти-ҳаракатларини тушунмаган бўлишса керак. Улар кулишганми ёки жиддий туриб бош чайқашганми? Менимча улар юқоридаги тутуруксиз ва юрагида сариқ чақалик инсонийлиги бўлмаган биринчи гуруҳ каби Толстойнинг устидан кулишган. Шундай тахмин теграмда кўп кезади. Балки иккинчи гуруҳ каби ўзларини рамка ичида ожиз тутишгандир. Бу ерда романни улар ўқишган-ўқишмаганининг аҳамияти йўқ. Реакция билдиришлари учун мазмунидан қисқача хабардор бўлишлари етарли назаримда. Эҳтимол ўн тўққизинчи аср фоҳишалари кир қалин пардалар деразасига ёпилган, оёқ остида ички кийимлар тартибсиз равишда сочилиб ётган, жавони устида ярмигача бўшатилган шароб шишалари, ювилмаган бокаллар ва ичи сигор қолдиқларига тўла бурқсаётган тамакидон ўзига хос ансамблни ташкил қилган, бир бурчида тонггача беўхшов ғингшийдиган шалоқ граммафон ўрин олган хоналарида неча-неча эркакнинг яланғоч бадани-ю аъзоларига гувоҳ бўлган иркит диванларида ёнбошлаганча, сонларигача кўтарилган кўргазмали пайпоқларини кўз-кўз қилиб, қонлари суюқлашиб кетганидан томирлари бўртиб чиқиб турган оёқларини чалиштирган кўйи, эркак зоти қўлида айланавериб осилиб кетган кўкракларини тунги кўйлаклари орасига эркин қўйиб юбориб, эркак зотининг исталган тана аъзоси таъмини тотган оғзиларидан сигор тутунини паға-паға чиқариб, ичаклари узилгудек бўлиб кулишгандир. Йигирманчи аср фоҳишалари катта йўллар четида тунги осмон манзарасидан тик турганча баҳраманд бўлган ҳолда, йўл четига тўхтаган исталган рақамдаги ва рангдаги дуч келган машинадан қирғий каби ўткир кўзларини узмасдан, синиқ болалик хотираларини мулзам тортиб эслаганча аллақачон мазаси тугаган оғзиларидаги сақични чайнай-чайнай, тиббиёт ёрдамида шиширилган ва қизартирилган лабларига лаб бўёғини хиргойи қилганча ҳар беш-ўн дақиқада қайтадан бўрттириб суртиб, таъмир талаб ва қишда на иситиладиган, на туни билан ёруғлик узилмайдиган хонадоннинг муздек меҳмонхонасида қўшмачи билан сурбетларча савдолашишганча, отаси тенгидан тортиб ўспирин ёшигача бўлган мижозлари эҳтиёжини қондириб кетгач, хизмат ҳақи сифатида улар қолдирган пулларни узун тирноқларини ўйнатиб санаш билан овора бўлган чоғларида думалаб-думалаб кулишгандир. Йигирма биринчи аср фоҳишалари эса кулишадими йўқми – буни аниқ айта олмайман. Боиси улар ўзларидан олдинги қатламдан фарқли равишда умуман мутолаа қилишмайди. На китоб, на газета, на журнал ўқишади. Ўтган асрдаги фоҳишалар ҳар тугул онда-сонда китоб варақлашарди хафсала қилиб. Бир хил иш такрорланаверганидан давомий зерикишнинг олдини олиш ва ўзларини бир пасга чалғитиш учун жилла қурса саргузашт ёки детектив асарлар ўқишарди. Александр Дюма ва Агата Кристи романларини десак янаям тўғрироқ бўлади. Нари борса журнал ёки газетадан бош кўтаришмасди. Улар бу ишни костьюми чўнтагини ақчага тўлдириб, хотинидан кўнгли қолганини безбетларча айтишдан уялмайдиган, ўз ҳайвоний ҳирсини жиловлашга ожиз бўлган катта-ю кичик мижозларининг кети узилган ёки сон-саноқсиз эркаклар билан жинсий алоқа қилишгани боис захм касаллигига чалиниб, арзон касалхоналарда ҳафталаб даволанишган пайтларда амалга оширишади. У пайтлар кино ва телевидение йўқ эди. Аниқроғи ҳали оммалашмаганди бу санъат турлари. Шу туфайли қоронғу кечаларда тунни тонгга улаб зерикмаслик учун ҳам улар китоб, газета ёки журнал титкилашарди. Эҳтимол мана шундай кечалардан бирида улар Толстойнинг устидан кулишгандир. Масловани адабиётшуносларга ўхшаб Биби Марям ўрнида ёки Нехлюдовни Исо Масиҳ ўрнида эмас, реалистик рутбага даъвогарлик қилган асарда бошидан охиригача сарсон кўрсатилган ва ўз виждони билан баҳсда нореал туюлиб қолган идеалистик ракурсдаги иккита аҳмоқ ўрнида кўришгандир. Ҳозирги замон фоҳишалари Толстойни билишмайди. Қаердан ҳам билишсин. Улар китоб ўқишсинми ё эркаклар кўнглини овлашсинми (аслида бошқа касб эгаларини ҳам улардан фарқи йўқ. Улар ҳам кези келганда китоб ўқишга касблари сабаб вақтлари йўқлигини пеш қилишни севишади) Шунинг учун улар “Тирилиш” романи, Нехлюдов ва Масловаларнинг устидан кулишади йўқми, буни бошқа йўл билан синаб кўриш мумкин. Ўша йўлни топиш айтарлик қийинчилик туғдирмайди. Қаловини топса қора ёғади дейишади-ку! Масалан, барча фоҳишалар бир ерга тўпланади. Мажлислар ё тадбирлар залига. Қайси бири қулайроқ бўлса ўша ерга. Мажлислар залида ўта расмиятчиликка йўғрилиб кетади муҳит. Тадбирлар зали бўла қолсин шунинг учун. Ўша ерда уларни ўриндиқларга бир қатор қилиб жойлаштирилади. Олдинги қаторларга тажрибали ва ўта эҳтирослилари, орқа қаторларга нисбатан ёшроқлари. Кейин нутқи равон, матнни дона-дона қилиб ва пафос билан ўқийдиган нотиқ “Тирилиш”ни уларга ўқиб беради. Шу ерда ўқиб беради дейиш нотўғри-да. Негадир ёпишмаяпти. Бутун бошли романни ўқиб берса, умрида газета ҳам ўқимаган асримиз фоҳишалари зерикиб қолишади. Балки романга адабиётшунослар томонидан ёзилган тақризлардан бирини ўқиб берар. Ё унинг мазмунини аниқ ва лўнда қилиб гапириб, чайнаб, оғзиларига ютишлари учун солиб қўйиш мақбул йўлмикин? Нехлюдовни Маслова ортидан Сибирга кетиш саҳнасини, уни виждон азобида қийналиб мулоҳаза ва кечинмалар орасида ўзини не кўйларга солиб обдон ўртанишини, Маслованинг пароканда бўлган ҳаёти ҳамда ички аёллик дунёсини ва ҳоказолар ҳақида нотиқ тўхталса менимча фоҳишалар сира зерикишмайди. Цицеронга ўхшаган истеъдоди ҳам бўлиши керак-да уни. Қўлидаги матнни шунчаки ўқиб беришининг нима қизиғи бор?! Шунда ҳам барибир улар қотиб-қотиб кулишса керак. Худди ўн тўққизинчи ва йигирманчи аср фоҳишалари каби. Шакл ўзгарган бўлса-да, моҳият ўзгармаса қийин-да барибир. Толстой романини ўқимаган жамиятнинг одатий қатлами кулган, ўқиган зиёли қатлами эса ишончсизлик билан бош чайқаганда таносил ҳасталигига чалиниб, омонатини топширгунча тубанлик ичида умр кечирадиган жирканч фоҳишалар нега кулишмасин?! Улар ҳам кулишади юқоридаги биринчи гуруҳга ё ҳавас қилишиб, ё шунчаки романдаги эпизодлар кўзларига кулгули кўриниб. Ҳатто назаримда бош чайқашмайди оғир-оғир. Шунчаки кулишади. Алам билан, изтироб билан, киноя билан. Хуллас минг бир йўсинда тусланиб. Улар Маслова ортидан Нехлюдовни Сибирга кетишини тасаввур қила олмай кулишади. Қаердан ҳам тасаввур қилишсин?! Бокиралигини йўқолишига сабабчи бўлган эркакларни улар эсидан чиқарган, ҳатто эслай олишмаса. Улар ҳақида ўйлаш тугул қандай кўринишда бўлгани хотираларидан кўтарилган бўлса. Қаердан ҳам тасаввур қилишсин?! Ўша эркак улар ортидан келиб, хатосини тўғрилаш учун ўзига турмушга чиқишларини сўраши у ёқда турсин, бир марта ”мен онасининг қорнидан Ерга разиллик қилиш учун тушган мараз ўшанда сенга нисбатан ифлослик қилганимни тан оламан” деган мазмунда мактуб юбориб қўймаган ёки бегона рақамдан бўлса-да қўнғироқ қилиб йўл-йўлакай кечирим сўрамаган бўлса. Улар кулишади, шубҳасиз. Нега кулишмасин?! Қотиб-қотиб кулишади. Лев Николаевичнинг устидан кулишади. Ўз қисматлари Масловага ўхшагани учун эмас, Нехлюдов кабилар бир умр фақатгина мана шундай романлар саҳифаларида қолиб кетишини ўйлаб кулишади.
2021-01-30
http://nodirabegim.uz/archives/3697
Меҳнат қилиб чарчаган Арра Токқайчига ялинибди: – Ҳой, Тоққайчи, менга ёрдам бер. Бизнинг ишимиз оғир, аммо сенга оғир иш буюрмайман. Ўзингга яраша кичик ишларни бажарасан. Барибир, бекорчиликдан зерикиб, соя-салқинда ётибсан-ку. Токқайчининг жаҳли чиқибди: – Қизиқмисан, мен дам оляпман. Сенга ёрдам бераман деб, чарчаб қолсам, нима бўлади? Ҳафсаласи пир бўлган Арра бошқа ҳеч нарса демабди. Орадан анча вақтлар ўтибди. Тоққайчи ишламасдан, бир четда ётгани учун занглаб қолибди… Алвонранг тўн кийган Олмавой ҳабашлар юртидан келган сариқ Бананвойга юзланиб: – Ҳой Бананвой, сенинг нархинг намунча баланд? Мен сендан тотли, фойдали бўлсам ҳам арзонман, – дебди. Бананвой: – Мен ўз юртимда арзонман. Инсонлар мени сотиб олишни ҳам эп кўрмайди. Чунки тайёр дарахтда текин осилиб турган Бананни растадан ким ҳам сотиб олгиси келади. Бу ерда қиммат эканлигимнинг сабаби меҳмоннинг ҳурматини жойига қўяр экансизлар. Шунинг учун бозорда мен қиммат нархдаман. Дастурхонга тортишганда ҳамма меваларнинг устига қўйиб қўйишади. Ростини айтсам, сизларнинг халқингиз каби меҳмондўст халқни ҳеч қаерда кўрмаганман, – дебди. Кўз Киприкка қараб: – Сен энг кераксиз аъзо эканлигингни биласанми? Инсонлар сенсиз ҳам яшай олади, сенинг ҳеч кимга керагинг йўқ!–дебди. Киприк бўлса: –Тўғри, сен инсонларга жуда кераксан. Мен эса фақат сенга керакман, аммо сен менинг қадримга етмаяпсан, –дея ўксибди. Кўз Киприкни баттар камситаверибди. Бунга чидай олмаган Киприк йиғлаб-сиқтаб, охири тўкилиб кетибди. Орадан кўп вақт ўтмабди. Шамоллар билан ўйноқлаган чанглар туфайли Кўз кўрмай қолибди. Унинг ҳимоячилари – киприклари йўқлиги сабабли унга чўп ҳам, ҳас ҳам зиён етказаверибди-да. Аччиқ-аччиқ ёшлар тўккан Кўз Киприкни хафа қилгани учун кўп афсус чекибди. Аммо энди кеч бўлган эди…. Хулоса: сизни хавфу хатардан асровчи Киприкларингизни ҳеч қачон хафа қилманг… Бир Типратикон Омадни излаб сафарга чиқибди. Узоқ-узоқ чўлларни кезибди, тополмабди. Ўт-ўланлар орасидан излабди, тополмабди. Тоғ-у тошлар ортида ҳам Омадни учратмабди. Сафардан қайтиб келган Типратикон қараса, Омад Тошбақа билан юрган эмиш. Типратиконнинг ҳафсаласи пир бўлибди. Жаҳли чиқиб, Омадга шундай дебди: – Омад, сен ғалати экансан. Сени излаб шунча вақтимни зое кетказиб юрсам-у, сен бўлсанг бу ерда Тошбақа билан юрибсан. Ахир, шу ишинг адолатданми? Омад эса унга: – Сен хафа бўлма. Мен бежизга Тошбақа билан дўстлашмадим. У жуда эҳтиёткор. Секин ҳаракатланса ҳам фойдали ишларни қилади. Эҳтиёткорлиги туфайли тошбақа сувга ҳам чўкмайди. Умуман олганда, Тошбақа вақтини бекорга сарфламайди. Шунинг учун ҳам мен Тошбақа билан биргаман. Сен қачон излансанг, ўз устингда ишласанг, тиришқоқ бўлсанг, ютуқларга эришсанг – мен сенга ҳамроҳ бўламан, – дебди. – Ҳой, бунча жиблажибонга ўхшаб намунча сакрайвермасанг, бир жойда тиниб ўтирасанми, йўқми? – дебди Уй телефони Қўл телефонига қараб. Қўл телефонининг жаҳли чиқиб: – Ўзинг бир жойдан қимирлай олмайсан, яна мени кўролмасдан ақл бўлганингга ўлайми. Мен шундай ҳаётга ўрганганман. Ёшлигимдан мени шундай тарбия қилишган. Доим ишда, доим ҳаракатдаман. Сенинг бўлса вазифанг оддий. Мен каби мукаммал эмассан. Сенга биров телефон қилса, ҳатто ўша кишининг кимлигини ҳам билмай, ўтираверасан. Билсанг агар, сени кўп қўл телефонлари масхара қилади. Мен ҳам дам-бадам гудок ташлаб қўяман. Сен бечора эса кимлигимни билмай юрасан, – дебди. Уй телефони: – Менинг сенга ҳеч қандай адоватим йўқ. Сени хавфдан огоҳлантирмоқчи эдим. Ҳали ёшсан. Кўп нарсани тушунмайсан. Агар мана шу столнинг устидан тушиб кетсанг, сенга бирор кор-ҳол бўлиши мумкин, – дебди. Уй телефонининг гапига қулоқ солмаган Қўл телефони орадан кўп ўтмай сувга тушиб кетибди. Ичига кўп сув ютиб, аҳволи оғирлашиб қолибди. Кечаги андишасизлигидан уялган Қўл телефони Уй телефонидан кечирим сўрабди. Куз келди дегунча Қалдирғочлар иссиқ ўлкаларга учиб кетишади. Ўша кўчиб борган ҳудудига мослашиб, бу жойда ҳам кўпайиш чораларини кўради. Қалдирғочнинг полапонларига меҳрини кўрган Маймун ундан сўрабди: – Ҳой, Қалдирғоч, сен полапонларингга жуда меҳрибонсан. Сенчалик меҳрибон қушни кўрмаганман. Айт-чи, сен полапонларингга овқатни оғзингда қандай сақлаб, элтасан? Мен овқатни оғзимга солсам, болаларим ёнига боргунча ўзим еб қўяман. – Мен топган овқатимни аввал ўзим еб кўраман. Заҳарли бўлмасагина полапонларимга бераман. Ўзим синаб кўрмаган овқатни полапонларимга беролмайман, – дебди самимият билан Қалдирғоч…
2021-06-03
http://nodirabegim.uz/archives/3797
Бу йил буюк ёзувчи Федор Достоевский таваллудига 200 йил тўлади. Ёзувчи зиддиятлар, оғриқлар ва йўқотишларга тўла ҳаётида жуда бой, бемисл адабий мерос қолдирди. Унинг бир йўла тўрт романи – “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Иблислар” ва “Ака-ука Карамазовлар” дунёнинг энг зўр 100 китоби рўйхатида туради. Хусусан, “Ака-ука Карамазовлар” асари бугунга қадар дунёнинг қатор тилларига таржима қилинган: юнон, инглиз, немис, француз, испан, итальян, поляк, хитой, япон, қардош турк, қозоқ тилларига ўгирилган. Ёш авлод сифатида кўп миннатдор бўламизки, бизнинг миллий адабиётимиз ҳам Достоевскийнинг барча асосий асарлари таржимасига эга бўлди. Таржима қилинмаган қиссалар, ёзишмалар, хатларгина қолди. Устоз таржимон Иброҳим Ғафуров бўлса нақ Достоевскийдек кўз ўнгимизда қад тиклади. Устоз 80 ёш остонасида ёзувчининг сўнгги – “Ака-ука Карамазовлар” романини ҳам ўзбек тилига ўгирдилар. Роман маданий ҳаётимизда алоҳида ҳодиса бўлди. Аммо бу ҳодисани ҳам ҳеч таъсирланмай ўтказиб юбордик. “Иблислар” таржима қилинганда ҳам айни ҳолат кузатилган эди. Роман худо, озодлик ва ахлоқ ҳақида. Айни бугунги кунимиз, айни бугунги ёш умримиз ҳақида. Бироқ бирор мунаққид асарнинг шу томони ҳақида ҳатто қулоғимизга шипшиб ҳам қўймади. Биз ўзимизча ўқидик ва маънолар изладик. Ўқиб-ўқиб, бир хаёлимиз Нитцшега, бир хаёлимиз Сартрга тортади… Федор Достоевский “Ака-ука Карамазовлар”романини ҳам азоб, оғриниш, чексиз дилгирлик ва қўққисдан бостириб келиши мумкин бўлган қандайдир қисмат оловларидан таҳликада ёзган. У доим шундай ёзган, чунки доим шундай яшаган. У ўзини азоблар ичида кўпроқ яхши кўрган, ўзини азобларда тобланаётгани учун ҳам нимагадир арзитган, эҳтимол. Роман 1878-1880 йилларда қоғозга туширилган. Асарни тушуниш учун муаллифнинг аёли билан ёзишган хатларини ўқиб чиқаман. У мана шу романни ёзишдан олдин қандай эди, ёзаётганда қандай бўлди, ёзиб тугатгач қай ҳолатга етди каби саволларга жавоб излайман. Достоевскийнинг рус тадқиқотчилари асар устидаги росмана иш 1878 йилдан бошланган дейишади. Шу жиҳатдан Федор Достоевский ва Анна Достоевская ўртасидаги айнан 1866-1877 йилларда ёзилган хатлар эътиборимни тортади ва уларда қуйидагича умумий хусусиятлар кўзга ташланади: у мутлақо Мишкиннинг тоза ва бахтиёр бир қисмидек тасаввур уйғотади, хатларга “сенинг бахтиёр Ф.Достоевскийинг” дея имзо қўярди. Ўзини тинимсиз тушунтиришга уринарди: . Бу йиллар ичи у бедаво қиморбоз эди. Чексиз қайтиш, чексиз ваъдалар ва “мени сев” деган чексиз илтижолар ичида ўзини азобларди. У бу гуноҳдан ҳам, гуноҳкорлик азобидан ҳам ўзини тийолмасди: Бу вақтларда Достоевский Моцарт, Россини, Бетховеннинг “Фиделио” операси, Мендельсон-Бартольднинг “Никоҳ марши”ни тинглашни севарди. Мазкур асарларда юксак полифония қайнаб тошарди. Вагнерни бўлса ҳеч хушламасди. Совуқ қотарди. . Вақти келиб Дмитрий Карамазов “Сенинг қошингда аблаҳ бўлсам-да, лекин ўғри эмасман! Уч мингни кут” дея ҳайқирган эди. Ниҳоят, патологияга айланган қиморда ютишдек қабих хаёлотнинг Достоевскийни тарк этиши. Тутқаноқнинг тасодифий бошланишидан қўрқув ва азоб, азоб, азоб… . Қаттиқ қичқириқ, сўнг инсон қиёфасидан чиқиш ва хириллаётган алланарсага айланиш. Кўзда, юзда нурнинг сўниши, инсоннинг чексиз хорлиги ва бундан жирканиш ҳиссининг туғилиши. Бунга гувоҳ бўлганлардан чексиз қочиш. Гувоҳларнинг энди сенга тўлақонли инсон сифатида қарамаслигини аён кўриб туриш ва сени камситиб руҳингни таҳқирлаётган нигоҳлардан чексиз қочиш. Минг иложини қилиб яқинини ўзини севишга кўндираётган инсон. Уни севган инсонларнинг тасодифий уқубати ёки ўлимидан таҳликада бўлиш, уйқусизлик, дилгирлик. Унга қувонч берувчи ягона куч – оиласи, фарзандларининг муҳаббати. Аммо ҳаддан ортиқ севилишни истаган инсоннинг битмас-туганмас ёзғиришлару шикоятлари. Дилгир, асабий, хаста ва юксак муҳаббатига жавобан айни шундай муҳаббатни талаб қилиш. Аёлининг уни шу ҳолида шарафлаши, севиши, авайлаши, энг катта куч – эртанги кунга умид ва қувонч бера олиши, Достоевский истагандек нозик севиши, Ташқарида қўпол ва дағал, шовқин-суронга тўла дунё. Дағаллик, қўполликдан оғринган юракнинг шу инжалик ичида ҳаловат топиши ва бахт улашиши: Достоевскийни тушларида таъқиб қиладиган марҳум ака ва ота. Бошқа ёзувчиларга нисбатан жуда кам қалам ҳақи олиш ва доимий етишмовчилик – Анна Григорьевна тили билан айтганда “Достоевский учун чинакам бахтсизлик”. Ҳар бир асарни пул ишлаб топиш илинжида ёзаётганини билиб туриш, пул келишига қараб вақтни белгилаш ва руҳан, жисмонан зўриқиб бўлса-да ишлаш. Ахир бу мутлақо Толстойча ёки Тургеневчасига ижод қилиш эмас эди. Қорахаёл одамнинг ёруғликка адоқсиз интилиши. Унинг қаҳрамонлари ҳам тун чўкаётганда нақ телбага айланадилар. Алеша шарафнинг “топталиши”дан тунда титроққа тушади, Иван кечда ичидаги иблис билан олишади, Дмитрий тун аввалида кўксига уриб шармандалигига иқрор келтиради. 1978-1980 йилларда, яъни асар қоғозга туширилаётган вақтда, хатлардаги таассуротларга кўра, ёзувчи қандай ҳолатда эди: Анна Достоевская туғилажак фарзандлари эгиз бўлар дея тахмин қиларди, ўғил туғилади. Аммо бола Алексей уч яшарлигида, 1878 йил тутқаноқ зўридан жон беради. Кутилмаган ўлимнинг (эҳтимол, кутилган. Чунки Достоевский ҳар доим ва ҳар қачон тасодифан бостириб келувчи фалокат ваҳимаси билан яшаган) ёзувчи руҳани абгор қилади. А.Достоевская маслаҳати билан дардни бироз енгиллатиш учун Оптина хилватхонасида бўлган ёзувчи (бу Калудаги машҳур монастир бўлиб, Достоевский рус файласуфи В.С.Соловьёв билан бирга бу ерни 1878 йилда зиёрат қилади), “уқубатли сафардан” сўнг охирги романи – “Ака-ука Карамазовлар”ни ёзишга ўтиради. Романни Анна Григорьевна Достоевскаяга бағишлайди. Романнинг иккинчи китоби “Художўй аёллар” бобида озғин, силласи қуриган, афт-ангори худди куйгандай сўхта бўлиб кетган бир аёл Зосима отага: “Ўғилчамга ачинаман, отагинам, уч йилгина умр кўрди…” дея зорланади: “у тиз чўкиб турар ва қариядан кўзини узмасди. Кўзларида қутуришга ўхшаш бир ифода зуҳурланарди”. Достоевскийнинг ўзи мана шундай ҳолатда етиб борган эди хилватхонага, юпанч изларди, юрагига мадор. Асарда аёлга Зосима ота шундай далда беради: “Гап бундоқ, онагинам, – деди қария, – қадимги бир авлиё ота, улуғ зот бир куни ибодатгоҳда худди сенга ўхшаб бўзлаб турганини кўриб қолибди, унинг ҳам ёлғиз гўдаги қазо қилган, худо ўз даргоҳига чақирган экан. “Сен, ожиза, билмайсанми ахир, – дебди унга авлиё ота, – сабий гўдаклар худойимнинг арши олдида журъатлидурлар? Арши аъло қошида улардан кўра журъатлироқ ҳеч зот йўқ: худойим, сен бизга ҳаёт ато этдинг, дейдурлар улар худойимга, биз энди уни кўрганимизда, сен биздан уни қайтариб олдинг. Улар шу қадар дадил, журъат билан илтимос қилиб сўрайдиларки, худойим эгам дарҳол уларни фаришталар мақомига олиб чиқади”. Асар ғояси оиладаги машъум йўқотишдан сўнг росмана асар сифатида етила борди. Бола Алексейнинг вафоти бу муҳташам асар туғилиши учун экилган уруғ эди. “Юҳанно Инжили”дан олинган бу оят асарга эпиграф қилиб олинган. Асарни ўқиш, таржима қилиш, таҳрир қилиш ва у ҳақда ёзиш жуда оғир. Асар бошдан-охир тубанликда ўлиш ва юксакликда туғилиш ҳақида. Бу шарқнинг “ўлимдан аввал ўлиш, ўзингда ўлиш ва ҳақда тирилиш” ғояларига айни мос келади. Бу ерда ҳеч қандай тафовут йўқ. Романда гарчи “Инжил” линияси жуда чуқур ишланган бўлса-да. Бу борада рус адабиётшунослари асардаги қаҳрамонларнинг инсонда инсонни топиш орқали қайта тирилишлари ҳақида жуда асосли ва теран кузатишлар олиб борган. Кўҳна шарқнинг қаландарлик, маломатиййа тармоқларига қанчалар яқин келган Достоевский. Инсон ҳар қаерда инсон экан-да. “Энди эса айтаман: унинг орази мен учун эслатма ва башорат бўлди”. Анна Достоевская ўз хотираларида романдан Зосима отанинг қуйидаги “Дуода ёд қилгайман, эй онаизор, ёд айлагайман сенинг ғам-андуҳингни, дуо қилгайман, завжингни ҳам сиҳат-саломатлиги учун дуо қилгайман” сўзларини келтирар экан, ёзади: . Асар тадқиқотчилари мана шу манбаларга таяниб, Зосима отани Амвросий отанинг прототипи, монастир билан алоқадор саҳналар Оптина хилватгоҳи таассуротлари дея баҳолайдилар. Достоевский ёзади: Бу тасвирлар биздаги тариқатлар, тафовутлар, адашишлар ва тобланишларга қанчалар яқин. Оилавий йўқотишдан сўнг Анна Достоевскаянинг хатлари ҳажман қисқарган. Достоевскийда уйқусизлик, совуқ қотишлар, шамгинлик, зерикиш, соғинч, босим остида ишлаш, тинимсиз очиқ-ойдин ва меҳр билан хатлар ёзишга ундаш кучая борган: Ва хатларда акс этган Пушкин таваллудига бағишланган нутқ хотиралари. Достоевский уйга қайтишни ва романни охирига етказишни истарди. Аммо таваллуд кунлари уни қўйиб юборишмайди. . Сизга хатлардаги ўзим учун муҳим деб белгилаган ўринларни ва айрим хулосаларимни келтирдим. Уларда Достоевский хаста, қатъий ҳам дилгир, ўзини ҳар қачон камситилгандек сезувчи, жўшқин ва тажанг, асабий, ўта даражада хассос – парадоксал қиёфада қараб туради: “ё тақдир, ё худо”. Мен энди ваъдамни бажарсам дейман, сизга асарда сочилиб ётган буғдой доналарини кўрсатишни истайман. Ота Зосима ҳузурида суд қилинган, азиз зотнинг ўзига бош экканидан тонгриққан Дмитрий Карамазовни эсланг. Бу воқеани Зосима ота шундай талқин этади: “Мен кеча унинг олдида турган улкан азоб-уқубатларга бошимни эгдим… Кеча менга қандайдир қўрқинчли бир нарса кўринди… кеча унинг нигоҳида ўзининг тақдири кўрингандай бўлди. Шундай бир нигоҳ акс этди унда… шундан бир зумда юрагим орқага тортиб кетди бу одам ўзи учун тайёрлаётган нарсани кўриб. Ҳаётда бир-икки марта кўрганман айримларнинг шундай юзини… ўша одамларнинг бутун тақдирини ифодалаган, э воҳ, ўша толелар юзага чиқди. Мен сени унинг олдига юбордим, Алексей, сенинг қон-қардош чеҳранг унга ёрдам берар деб ўйладим. Аммо ҳаммаси худойимдан ва барча толеларимиз худойимда. “Магарким буғдой донаси ерга тушиб, у ўлмаса, бир ўзи қолажак, магарким, у ўлса унда кўп ҳосил беражак”. Азоб-уқубатни бўйнига олаётган Дмитрий ўзини ерга кўмаётган буғдой дони каби эди. У кўп ҳосил бериши учун, ўзида инсонийликни топиши учун ўзига ҳукм ўқимоқда эди. Умуман, ўзи учун азобни ҳозирлаш унга кимдан мерос бўлиб ўтганди? Дмитрий пастарин эр ва мардона, аммо толесиз аёлдан туғилган фарзанд. Хотинини охиригача таҳқирлай олмаган отанинг аламларига нишон ўғил. “Бу одам ўзи учун тайёрлаётган нарсани” онаси бир замонлар ўзи учун ҳозирлаган, жамият фош этган тубан кимсани унга турмушга чиқиш орқали шарафламоқчи бўлган. У мана шу “меросий ҳақ-ла” ҳиссиётларни жиловлай олмаслик, аммо тубан кетолмаслик ўртасида осилиб туради. Яна бир буғдой донаси – Иван. Иван ва Алеша ўша тубан эр ва муте, хўрланган, қўрқув остида ўсган, охирида оғир асаб касаллигига йўлиққан аёлнинг фарзанди. Улар онасидек худога, динга ташна, қандайдир ички тараддуд билан ёнадиган йигитлар. Аммо Иван ва Алеша бошқа-бошқа қутбда-ю, бири бирини тақозо қилиб туради. Иван Алексей орқали ўзини поклаши, Алеша Иван орқали чинакам ҳаракат майдонларига кириб бориши керак. Асарда Иван ҳаммадан ҳам кўпроқ динга ташна ва ҳаммадан ҳам кўпроқ худога яқин. Ахир нақ иблис билан сўзлашган у эмасми? Алеша Карамазов – асар заминига экилган ва униб чиққан Алексей Достоевский. Биз бу ҳақда гапирдик. Аммо ҳозир Алеша Карамазов ҳақида. У ҳеч кимга малол келмайдиган, уятчанлиги ва бокиралиги сур ва кирланган одамларга оғир ботмайдиган, ўзи кириб борган даврада маънавий ўзгариш ясайдиган бир йигитча. У ота юртга онасининг қабрини излаб келган. Чунки хотирасининг бир нуқтасида азиз она азиз фарзандини Биби Марям паноҳига узатаётган бир тасвир муҳрланиб қолган. Шу тариқа роҳиблар дунёси тоза гўшадек уни ўзига тортади. Қария Зосимага “бутунлай ташнаком юрагининг қайноқ биринчи муҳаббати билан боғланди”. Аммо бу ҳам бир оғирлик. Негаки биз ҳали бунинг яхши-ёмонлигини билмаймиз. Сиғиниш даражасида одамни севиш хатарли. Агар у қари бўлса ва агар у муносиб тарзда ўлолмаса-чи? Бу гумон жуда ёмон, уни ҳайдаб солиш учун буғдойдек нақ ер остига киришинг, чириб битмай униб чиқишинг керак… Алеша ҳеч кимни айбламайдиган, борича қабул қиладиган, аммо кейин маъюс тортиб қоладиган ҳилқат. Одамларни севадиган, одамлар устидан ҳукм чиқармайдиган ҳилқат. Одамни ҳукм чиқармай ҳам севиш мумкин экан. Ва лекин айни шунинг учун ҳам ҳукмни ундан кутишади ва унга сўзсиз итоат этишга қасам ичишади. Зотан унга васият қилинганки, “дарҳол монастирдан кет… дарддан бахтингни изла. Меҳнат қил, чарчамай, тинмай меҳнат қил. Оғайниларинг бирла бўл. Фақат бирови эмас, ҳар икковининг қошида бўл”. Ва яна бир дона. Бу гарчи асарда фаол бўлмаган, Зосима хотиралари остида ухлаб ётган бир образ. Аммо у ҳам буғдой донаси: қотилликка қўл урган сирли меҳмон. Қотил иқрорини жамоатга айтишни истамай, ягона гувоҳни – ёш Зосимани ўлдиргани келганида, бу режадан бехабар мезбон билан шундай суҳбат бўлиб ўтади. “Қисматни ҳал қилинг, — қичқирди у. – Боринг, маълум қилинг, – шивирладим унга, овозим базўр чиқди, лекин адл-дадил дедим. Шунда мен столда турган Юҳанно Инжилини олдим, рус тилига таржимаси, XII боб, 24-оят. “Рост, рост айтаман сизга: магарким буғдой донаси ерга тушиб, у ўлмаса, бир ўзи қолажак, магарамким, у ўлса унда кўп ҳосил беражак”. Мен бу оятни айнан унинг келиши олдидан ўқиган эдим. У ўқиди. “Рост, – деди аламли киноя билан кулиб. – Бу китобларда, – дейди бироз тўхтаб, – не ваҳшатларга дуч келмайсан. Бурнингни тагига тиқиш осон. Уларни ким ёзган ўзи, одамларми?” – Муқаддас руҳ битган, – дейман. – Сизга валдираш осон, – деди у ва яна иршайди, нафрати жунбушга келди. Мен китобни яна қўлимга олдим, бошқа саҳифасини очдим ва “Ибронийларга мактуб”нинг Х боб, 31-оятини кўрсатдим. У ўқиди: “Барҳаёт худонинг қўлига тушиб қолиш даҳшатлидир!” Ичингдаги иблисни ёки тубанликни ўлдириш ва покланиш азобида ўзингда яхшироғини яратиш. Агар бунга худо ҳукм қилган бўлса-чи, “барҳаёт худонинг қўлига тушиб қолган” бўлсанг-чи! Бошқа йўл йўқ. Достоевский йўқотиш азобини ва барча азобларини буғдой донасидек ерга кўмди ва янги инсон бўлиб кўз очишни, кўп эзгуликлар яратишни истади. Мана энди асар ҳақида нималардир ёзиш мумкин. Қаҳрамонлар ичига тушиб бориш мумкин. Роман фокусида фалокат, жиноят – ота Карамазовнинг ўлдирилиши туради. Ваҳимали замонларнинг ваҳимага берилган, аммо сохта тантанаворлик ва гўлликдан воз кечолмаган илмилиқ одамлари ҳақида бир роман ёзиш учун уларни лиқилламайдиган, ҳар нарсага эгилавермайдиган бир одамга боғлаб қўйиш керак, йўқса ҳаммаси тариқдек сочилиб кетади. Бу идеал десангиз идеал, Достоевский айтганидек, арбоб десангиз арбоб – кенжа Карамазов. Яъни одамларнинг тавба-тазаррусини тинглайдиган ва узрхоҳликларни бир-бирларига етказиб турадиган арбоб: “Гап шундаки, у ўзи бир арбоб, лекин ҳали суяги қотмаган, шаклланмаган арбоб… Афтидан, фақат бир нарса шубҳадан батамом холи: у ғалати, ҳатто қизиқ одам… мана шу одам айрим пайтларда ўзида бутунликнинг ўзагини олиб юради, у яшаган даврнинг бошқа кишилари эса – бари қандайдир шамоллар измида негадир вақтинча ундан узилишиб қолмишлар…” Яна бу қаҳрамон фожиали-кулгили, ахлоқсизлик-бузуқлик ва васвосга тўла чиркин ўрада униб чиққан бир гул. Ака Карамазов – Дмитрий – ахлоқан “ўлган”, лекин унга муҳаббат билан, янги азоб ва сарсонгарчиликлар билан қайта туғилиш учун умид йўллари очилган. У шу жиҳатдан “Иблислар”даги Ставрогиндан фарқ қилади. Роман монастир ҳужрасидаги Дмитрий устидан “суд” билан бошланиб, суд билан тугайди. У бошдан-охир ҳам ўзи, ҳам жамият томонидан суд қилинади. Ўртанча ўғил – Иван Карамазов – оғир саволлар, етилмаган улкан фикрларни ўзида ифода этади, уларни миясида олиб юради. У фикр эгаси, файласуф. Шу жиҳати билан ғоя ижрочиси – Раскольниковдан мураккаброқ ва фоже қиёфага эга. Зеро унинг учун дунё – издан чиққан, лаънатланган, иблисона тартибсизлик ичида қолган. Муқаррарлик уч ўғилни бир нуқтага олиб келади. Бу нуқтанинг ёнида бадхоҳ ва ҳиссиётчан ота туради. Аммо унутмангки, асардаги бош қаҳрамон Алексей эмас. Достоевскийнинг барча романларида бўлгани каби асардаги бош қаҳрамон – ғоя. Кўп судраб нима қилдим, бу – ўлган, яъни йўлдан чиққан одамнинг қайта тикланиш ғояси. Одамнинг “Инжил”да кўрсатма берилган – ер остига кирган ва қайта унган буғдой доналарига айланиши ғояси. Бутун асар давомида муаллиф уста дарбоздек мангуликка тортилган икки дор устида у ёқдан-бу ёққа ошиб ўйин ўйнайди: дин – динсизлик, ихлос – даҳрийлик, ҳақ – ҳақсизлик, жиддият – масхарабозлик, ота – ўғил, шараф – топталиш… Рус тадқиқотчиси К.Тюнькиннинг қуйидаги фикри ғоят эътиборли: “Романнинг ички сюжет ҳаракатидаги чўққи агар – “биринчи кун” – Дмитрийнинг тазарруси бўлса, у ҳолда авж, ҳал қилувчи дақиқа – “иккинчи кун” – Иваннинг тавбасидир. Аввал Дмитрийнинг тавбаси ҳақида. “Нигоҳи ноаён”, “ақли узуқ-юлуқ ва нобоп” шу одамнинггина тавбасини Достоевский уч шаклда ифодалаган: шеърий йўлда, ҳангомаларда ва “оёғини осмонда” қилиб. Ахир қурбонликка айнан у танланди, ота билан хотин талашишда ва падаркушликда у айбланди. Бу қалбда нималар бор эди? У изҳорини ҳаётни ва инсонни мадҳ этиш билан бошлайди. Дмитрий нега шу кунга келиб “ёрилди”? Унинг тили билан айтганда нега ўша куни “фурсат етди”? У поклик тимсоли бўлган валийнинг таъзимини кўтаролмади. Зосима отанинг ўзига бош экканига чидолмади. Ўзи айтганидек, “Энди дунё янги кўчага чиқди”. Қақраган ва тубан одамга юксакликнинг бош эгиши баъзан шундай эзгу иқрор йўлларига бошлаб кетади, оғриқли жазавага солади. Тоғдан пастга қулаётгандек энди ўзини тўхтатолмайди. Бу лаззатпараст мана шу қулаш қўрқувидан ҳам шавқ олишни истайди. Унингча, “одам ер юзида даҳшатли даражада кўп чидаши керак”. У мана шу ишни елкасига олган. Шармисорлик ичида мадҳ ўқийди, иблисга эргашиб боради, аммо худони севади, гўзалликни ҳам худода, ҳам иблисда кўради. Мен ўз фикримда қоламан, у доим ўрталикда осилиб туради. Бир томонга ўтиб олмайди, шуни ўзига раво кўради; гарчи хоҳлайди енгиллик топишни: “йўқ, одамнинг бағри кенг, ҳатто ортиқ даражада кенг, мен торайтирган бўлардим”. Жинкўча, орқа кўчада туғилган ишқибозлик муҳаббатга айланади. Халос бўлиш йўли очилади. У ўз тавбасида ўзи учун йўл очади: “Худога менинг юрагим аён, у менинг таҳликамни кўриб турибди. Барча бўлиб турган ишларни кўряпти. Наҳот у ваҳшатга йўл қўйса? Алеша, мен мўъжизага ишонаман, бор!” Унинг айтганлари ёлғонми, ахир ёлғонми: ҳар ким ўз юксаклиги ва тубанлиги оралиғида осилиб туради. Шошилманг дейман, мен сизга ҳали нафратланиш мумкин бўлган бошқа бир одамни топиб бераман… Иван Алеша билан қурган “тазарру руҳидаги” суҳбатини худди Дмитрий каби ҳаётни мадҳ этишдан бошлайди, у барини “ичдан, ҳаддан ортиқ” севади, севганда ҳам маъсумлигини йўқотмаган, айни шунинг учун ҳам, эҳтимол, камолга етмаган муҳаббат билан севади. “Азиз укажоним, сени сира йўлдан урмоқчи, аҳди паймонингдан кечиктирмоқчи эмасман, мен, эҳтимол, ўзимни сен билан даволамоқчи бўлаётгандирман, – кутилмаганда кичкина мулойим боладек жилмайди Иван”. Аммо бу мадҳ жуда тубандан оғир, тушуниксиз овоз беради… У илоҳга инсонга муҳаббат номи ила исён қилади. Шунинг учун ҳам унинг яна бир номи Жумбоқ. Эсласангиз, у тавбани Зосима ота ҳузурида бошлаган эди. Бу насронийча гуноҳлардан покланиш эмас. Мутлақо бошқача бир тарзда юзага чиқади. Тугал фикр бермайдиган мақола устида баҳс кетар экан, ҳамма тушуниксиз хайрихоҳлик билан қараб турган бир вақтда, Зосима ота Иванга “сиз масъудсиз ёки ҳаддан зиёда бахтсиз” дейди. Зотан Иваннинг ўзи ҳали на жон, на мангулик, на черков ҳақидаги ёзганларига ишонади. Худди мана шу нуқтада Иван иқрорини бошлайди: “Балки, сиз ҳақдирсиз!.. Лекин ҳар қалай, мен унчалар ҳам ҳазиллашганим йўқ”. Эътибор қилинг, у биринчи марта Зосимага ярасини кўрсатди. “Унча ҳазиллашмадингиз, ҳаққаст рост… Сизда бу масала ҳал бўлмаган, энг улуғ дардингиз шу, зеро қатъиян ҳал қилишни талаб этади… Аммо яратганга шукур қилинг, сизга аъло қалб ато этган мана шундай азоб ичида қовуриладиган…” Мана шундай аъло қалб ўзида нималарни кўтариб юришини тасаввур қилинг: азал-абад муаммоларини, алам-изтироб устида ўтирадиган муҳаббатни… У худо ҳақида ўйлайди, барча фикрларини Россия тақдирига алоқадор, дея ҳисоблайди. Дмитрий билан солиштирганда унинг иқрори қанчалар оғир. Илло фикрлаётган одамнинг иқрори жуда оғир бўлади. Тақиқланган мева унинг ошқозонини ағдар-тўнтар қилади, миясининг қаватларида илк яралиш онларидаги гуноҳ ўрнашиб олган. Унинг ўлмаган маъсумлиги бу гуноҳкорликни кўтара олмай чирпанади: инсонни яқиндан севиш мумкин эмас, болалар оталар жадига қолган, меҳр қатлга йўл беради, худони эмас, у яратган дунё тартиботини тан олиб бўлмайди, мангу уйғунлик болалар чекадиган азоб эвазига юзага чиқмаслиги керак… Иван бегуноҳ болаларнинг кечирган азобларини орқалаб юрар экан, исён қилади, исён қилар экан, инсонни чексиз севади ва шу елвизакда қолиб кетади: “Исён қилиб яшаб бўладими, мен эса яшагим келади”. Шу тариқа биз сиз билан асарнинг авж нуқтасига етиб келдик – “Буюк инквизитор”. Достоевский Данте, Гёте каби илоҳни ерга олиб тушади. Фақат бу мутлақо бошқача тушиш, бу ҳатто тушиш ҳам эмас. Бу сотқин шогирд томонидан эгалланган дунёга гувоҳлик бераётган устознинг яна бир юриши. Шогирд – Буюк инквизитор – сўнгги дамда ишончини бой берган саҳронишинлардан. Бу мураккаб образ, яъни бир томонлама эмас, яъни у кенгаювчи маъно урғусига эга. У шунчаки қабиҳ даҳрий эмас, “кичкина шайтонвачча” ҳам эмас, у доно, у шафқатли, у улуғвор ва фоже қиёфага эга. Иван айтиб берган бу афсона бир неча қаватга эга. Дин бу ерда қобиқ, дин доирасидаги даҳрийлик ҳам шундай. Асосий масала – эрк ва ҳокимият, замонавий социализм васвасалари. Вавилон минораси – “Бибилия”даги минора эмас. Тадқиқотчилар фикрича, бу худосини йўқотган социализмни қуриш жазавалари. Бу шарпа Зосима отанинг хотираларида, Иваннинг хаёлотида лопиллаб-силкиниб туради. Инквизиторни бир нарса қўрқувга солади. Бу асло Устознинг, Халоскорнинг тушиб келиши, яна пайдо бўлиши эмас: “Зотан сен бизга халақит бергани келгансан ва буни ўзинг биласан”. Ҳамма ваҳшат шундаки, оломонга айланган одамлар энди худосини ҳам юрагига сиғдиролмайдиган даражада кичрайтирилган, майдалаштирилган. Уларга эрк энди ортиқча ва оғирлик туғдиради. Заминий нон – самовий эрк, самовий ризқ олдида кучлироқдир, ахир одам боласини тўйдириш керак. “Ўшанда улар бизни ер остидан, мағораларда яшириниб ётган ҳолда (чунки биз яна қувғинлар ва азоб-уқубатларга гирифтор қилинган бўламиз) топурлар ва бизга фарёд ила нидо қилурлар, “Бизни тўйдиринг, ахир бизга осмондан олов ваъда қилганлар уни бермадилар”. Ана ўшанда уларнинг минорасини биз қуриб охирига етказгаймиз, зеро бинони қорин тўйғизган биткаргай, фақат биз сенинг номинг ила тўйдиргаймиз ва сенинг номинг ила ёлғон айтгаймиз… Биз уларни яна алдаймиз, чунки сени энди ўз ичимизга қўймаймиз. Шу ёлғонда бизнинг азобимиз мужассам…” Сўнг даҳшатли иқрор: “Бошқа заиф одамларнинг айби нима, бошқа қудратли кимсалардек чидаш бермаганими? Шунчалар даҳшатли туҳфаларни сиғдиришга қурби етмаган ожиз қалбнинг айби нимада? Э воҳ, наҳотки сен ҳақиқатан ҳам фақат танланган одамлар, сара одамлар учун келган бўлсанг? Аммо агар шундай бўлса, ”. Илоҳий танланиш ва рад этилиш тартиботига қарши қўйилган исён бу. Инсонга худо томонидан буюрилган муҳаббат ва ижтимоий муҳаббат зид қўйилади. Ижтимоий муҳаббат инсонни шахс сифатида емиради ва уни поданинг бир аъзосидек баҳолайди. Бунда умумжаҳон бахт-саодати ҳақидаги жодуловчи ва мияни фалаж қилиб қўювчи фикр бор. Ёдингизда бўлса, Достоевский Пушкин таваллуди кунлари умумжаҳон бирлиги ҳақида тантанали иқрор келтирганида, бу эзгу фикрни одамлар жазава билан қарши олган эди. Шу ерда бир нозик нуқта бор. Эътиқод ва иқрор умумжаҳон бирлиги ҳақида сўзлайди. Инквизитор бу бирлашишни умумжаҳон итоаткорлигига айлантиради ва буни ижтимоий муҳаббат дея изоҳлайди: “Ана ўшанда биз уларга осуда, итоатли бахт ато этгаймиз, улар ночор яратилмишлар, шундай ночорлар бахтига муносибдирлар. О, биз ниҳоят уларни мағрурланмасликка ишонтиргаймиз, зеро, сен уларни юксалтдинг ва бу билан ғурурланишга ўргатдинг; биз уларга исботлаб бергаймизки улар камқувватдирлар, улар мисоли сабий болалардир, аммо болалар бахти ҳаммасидан ширинроқ бахтдир. Улар журъатсиз, ювош бўлиб қолурлар ва бизга термилиб, қўрқиб суйкалиб турурлар, жўжалар она товуққа шундай суйкалурлар”. Иван суҳбатни болалардан бошлаган эди, унинг Инквизитори бутун инсониятни болаларга айлантиршни ва балоғатга етиб бормайдиган болаликда сақлашни истайди. Кўкдан тушганнинг сукути ва ўпичи…. илоҳ айни шундай бўлиши керак, дейди Иваннинг юраги: “Ҳатто ҳамма ҳолларда шундай бўлиши керак ўзи” . Ҳақ ҳақ талашмайди. Иван шубҳада. Инквизитор шубҳада эмас, унинг ишонмасликка ишончи комил. Эсласангиз, у сўзини ҳам “Dixi” – “Мен айтдим” дея якунлайди. Бу лотинча сўз онт, қасам маъносига эга. Иван шубҳада. Бу шубҳа ичида ҳаммасига йўл қўйилади. Илло бу ерда алоҳида асрор ҳам йўқ, фақат худога ишонмаслик. Аммо ичда бир яхшилик бор, у ҳозирча исён бўлиб юзага қалқиб чиқмоқда. Алеша айтгандек, “Сенинг достонинг Исонинг мадҳияси… сен эса уни қораламоқчи эдинг…” Иван “бир ғаддор иккинчи ғаддорни еб битириши”га юрагида изн берган лаҳзалар учун ўзини айблайди: “Хоҳлаганим учун ҳам қотилман”. Ахир унда бундай ҳақ йўқ эди. Ахир у Смердяков ташлаган илгакни оғзидан чиқариб ташламади. Аммо буни англаш ва бундай “ўзини маҳкум этиш” Иванга нажот йўлини очади. Умуман, “фалокат” бача Карамазовларнинг “айбдорлиги”ни фош қилиб қўяди, шу билан бирга тикланиш йўлини кўрсатади. Алексей ҳам айбдорлик, азоб ва уйғониш йўлини босиб ўтади. Ахир у ҳам Карамазов. Ахир у ҳам қариянинг ўлимидан сўнг бир муддат ишончсизликка ботади. Ахир у ҳам Зосима отанинг Дмитрий ҳақидаги кўрсатмасани унутди, у ўз акасининг қўриқчиси бўлолмади. Алеша Дмитрийнинг тавбасини тинглар экан, “мен ҳам худди сенга ўхшаганман, қизаришим шундан” дея ҳали туғилмаган қон қоронғулигига иқрор келтиради. Лекин Алексей наинки ишончли вакил, ҳатто ҳамма унга юрагини очади. Айни жиҳат уни халос бўлиш йўлига олиб чиқади. Айнан Грушенка унга “бир бош пиёз” узатади. Ва Алеша асардаги оламга тоза ва ёруғ соғлом кўз билан қарайдиган ягона одамга айланади. Иваннинг юрагида Инквизитор ўтиради, Алешанинг юрагида бўлса қария Зосима бор. Эрк, нон, бирлашиш, ажралиш, тубанлик ҳар икковида асос тушунча саналади. Оҳанрабодек тортаётган бўлса ҳам, ҳозир улар ҳақида ҳаддан ортиқ қиёсларга берилмоқчи эмасман. Зосима ота Иваннинг барча саволларига ўз сўнгсўзида жавоб беради. “Тенглик фақат инсоний руҳий қадр-қимматда… ўзинг охиригача ишон… асрор – тирик муҳаббатдир… ўзингга ўхшаганларга ҳакам бўлоласанми… худойимдан шоду хуррамлик тиланг. Худди сабий болалардек шод-хуррам бўлгайсиз…” Сиз Инквизитор назарда тутган сабий болалар ва Зосима ота назарда тутган сабий болаларни фарқлаётгандирсиз… Ва яна: “ …” Энди Катерина Ивановна ва Грушенька ҳақида. Бироз наридан келаман. Агар эсласангиз, Дмитрийнинг онаси ўзини қурбон қилиб, бир лўттибозни шарафамоқчи бўлганди. Ўзи учун азобни ҳозирлаш Димитрийга ҳам қон мерос эди. Шўринг қургур Митянинг тақдир йўлидан ҳам шундай феълга эга аёл чиқиб келади. Катя самимият ва ғайрисамимият (била туриб ўзингни ҳалок этишда қандай самимият бўлсин) ўртасида туриб, қизғанч бир ҳолатда Дмитрийни ташлаб кетмасликни, уни қутқаришни ва натижада, у сиғинадиган илоҳага айланишни истайди. У шундай “ўйин” ўйнайди. Аммо бир нарсани – Митяни ўзидан халос қилишни истамайди. Азобнинг мана шу учини таранг тортиб туради. Митя Катя бўйнига осган “аблаҳ” деган сўз билан олишади, бу “номуссизлик” уни абгор қилиб юборади. Бу ёш юраклар нималарни кўтариб юрмайди. Катя Дмитрийни ноҳақликда севади ва буни Иваннинг навқирон ва очиқ самимиятига қарши қўймоқчи бўлади. Иван бўлса Катянинг бу интилишларини ўзига қарши бориб, қўллаб-қувватлайди. Сўнг ёш жонига сиғдиролмай кетиш тараддудига тушади: “Мен азоб-изтироб қошида ўтиришни истамайман… Сиз мени онгли суратда қийнаб келдингиз…” Грушенька алам-изтироб ичида юрган, ҳаёти издан чиққан ва ёмон ном олган бир қиз. Бу қийноқларда кирланган одам ягона покликни маҳв этсам дейди. Илло у ўша ягона покликни жуда теран илғайди: “Баъзан шундай бўладики, ишонасанми, Алеша, ўлай агар, сенга қарайману уяламан, ўз-ўзимдан уяламан… Сени қанчадан бери нимага ўйлай бошладим, ҳеч билолмайман, эслолмайман…” Унинг учун атай томоша қўяди, янада ёмонроқ кўрингиси келади: “Мен бу томошани сен кўргин деб кўрсатдим”. Аслида, ярани бундай очиқ кўрсатиш тавбанинг бошланиши эди. Бу ерда ҳам бир нозик чизиқча бор. Ҳаётга енгилган бу енгилтак қизнинг тавбаси эътиқоди шубҳада қолган Алешага тўғри йўл кўрсатади. Ёдингизда бўлса, Достоевский Соня орқали Раскольниковни йўлга солиб олган эди. Устознинг “номуносиб ўлими” – “шарафнинг топталиши” соясида қолган Алеша чинакам дардкашликни шу қиздан топади ва уни эгачим, меҳробим деб атайди. Ножот истаган онда узатилган бир бош пиёздек (бу асарда келтирилган яхшилик ҳақидаги бир афсона, муаллифнинг ўзи уни деҳқонлардан ёзиб олган). Бу қаҳрамонларнинг руҳий товланишлари табиий изтиробдан униб чиқади ва шу қадар тезкор. Грушани тингланг: “…ҳаётимда фақат бир марта бир бош пиёзгина берибман, қилган яхшилигим шунинг ўзи, холос. Шундан сўнг мени асло мақтаб ўтирма, Алеша, мени сира яхши дема, мен ёмонман, ғаддорман, мақтасанг мени уятга қўясан. Оҳ, майли, энди батамом тавба қилиб қўя қолай. Қулоқ сол, Алеша: мен сени ўзимники қилай деб шунчалар хоҳловдимки, Ракиткадан шунчалар кўп илтимос қилдимки, сени меникига олиб келса, йигирма беш рубль бераман дедим. Охири шундоқ аҳволга тушдимки, ўзимдан ўзим ҳайрон бўламан: нега мен шу боладан қўрқиб-писиб ўтирибман дейман? Уни бошдан-оёқ ютиб юбораман-у кейин маза қилиб кулиб юравераман дейман. Жуда куфрим келди”. Алеша шундай хулосага келади: “Бу қизнинг муҳаббати биздан баланд.. Бунинг юраги ҳали мағфиратга ошно бўлмаган, уни авайламоқ керак… унинг юраги балки бир хазинадир…” Ва шу нуқтада Алеша ҳаёт ёнғинлари устида осилиб турган қизга бир бош пиёз узатади. Алеша ва Грушенка бир бош пиёзга осилиб туради. Бузуқлик ва маъсумлик, поклик ва кирланиш, эътиқод ва куфр каби бир бош пиёзга осилиб туради. Тағин Лиза ҳақида. Унинг муҳаббати қошида сўз айтиб малол юқтирмасдан, Алеша каби оҳиста ва бахтиёр кулиб қўйиш мумкин эди. Аммо… бу оҳиста ва мулойим табассумимизни бир жазава топтаб ўтади Иваннинг шамолида. Илюшечка – асарнинг йиғи нуқтаси. У довдираган, адо бўлган, тавияга айланган отанинг таҳқирланишини елкасига олган мурғак жон. Бу тентак капитан “Телба”даги генерал Иволгиннинг авж нуқтага олиб чиқилган шакли. Достоевский негадир бу маъсум жонларни шундай шарафсизлар қўлида йиғлатиб қўйишни яхши кўради. Дарғазаб, аламзада ва майнабозчиликка муккасидан кетган бу одам ғалат гапларни айтади: “Сиз тақсирим, мендан ижирғанманг, Россияда маст одамлар – энг яхши одамлар”. Ўйлаб қоласан, бизда – фикрсизликдан маст одамлар. Бу гапнинг давоми ҳам бор: “Энг яхши одамлар ва энг маст одамлар бизда”. Юрагини яширолмайдиган бу одам охир-оқибат уят, нафрат, хижолат ичида типирчилаб жон сақлайди. Достоевскийнинг қаҳрамонлари ҳиссиётлар зўридан тўлиб-тошаётганда бу майнабозчиликка айланиб кетмаса эди, деб юрак ҳовучлаб турасиз. Зотан уларнинг ўзлари ҳам билмайди бу тўлиб-тошишнинг охири нима бўлишини. Тадқиқотчилар фикрича ва тарихий шароит кўрсатадики, асар ҳақиқатда 60-70 йиллар “рус ҳаёти қомуси” – реформадан кейинги оғир, доғули, алаҳлаётган Россиянинг туриш-турмуши. Барча ижтимоий қатламлар – айниган зодагонлару юксак “маданият” соҳибларидан тортиб йўқсил мужикларгача; турли жамиятлару янги суд тизимигача; насронийча утопиядан исён қилаётган худосизликка қадар ёйилган ғоявий зиддиятлар, авлодлар ўртасидаги душманлик кайфиятигача ифода этади ва яна инсоний шаънни тиклаш йўлини ҳам… Достоевский мана шу талотўп ичида инсонни излайди: йўлдан озган, аммо қайта нажот йўлини топган инсонни. Ҳар ким худо елкасига юклаган вазифани адо этиши керак. Йўқса, бахт ато этилмас. Романнинг охири бўлса бахтиёр ва тантанавор оҳангларда якунга етади. Асарда бизнинг кунимизга алоқадор нима бор? Ўйлайманки, мен буни айтиб бўлдим. Фақат бир гап: таржима учун раҳмат, Устоз. Ф.М.Достоевский, А.Г.Достоевская. Переписка. – Москва: Наука, 1979. Келтирилаётган парчалар мана шу нашрдан эркин таржима қилинган.
2021-06-03
http://nodirabegim.uz/archives/3800
Миллатни аёллар тарбиялайди! Одамзод пайдо бўлганидан буён битилган жамики бадиий, тарихий-фалсафий асарларни ўқиб чиқсак ҳам, дунё бўйлаб сўровномалар уюштириб кўрсак ҳам – қачонлардир айтилган ана шу ҳақиқатга келиш мумкин. Ёинки, оддийгина бир аёлнинг – у қайси миллатга мансублигидан қатъий назар – ҳаётига, табиатига, сўзларига озгина эътибор билан, юзига меҳр билан назар ташланса ҳам кифоя… Бу ҳол неча ёшимда бошланганини эслолмайман. Ҳар тонг сеҳрли, майин ва қудратли овоздан уйғонар ва бу овоз кўзларимдан, қулоқларимдан кириб вужудимни тўлдирар ва юрагим тўхтаб қолар ва мени осмону фалакка олиб чиқар ва мен парвоз қилар эдим. Кўз ўнгимда чек-чегараси йўқ, ердан осмон қадар ястанган саҳролар ва туялар, йўллар ва нимадандир беҳад қайғуриб бошларини қумга қўйган одамлар намоён бўлар ва бу исмсиз қайғу мени тебратар ва осмоннинг қаър-қаъридан, гўё бошқа оламлардан нимасидир қадрдон нолалар келар ва мени ўзига чорлар ва менинг ерга қайтиб тушгим келмас ва то ҳануз такрорланадиган бу ҳолнинг не эканлигини ҳам ва ушбу ҳол Бибимнинг хона ўртасида, елкаларигача ташланган оппоқ рўмолда, олдиларига қўйилган ёстиқ устидаги Каломуллоҳни оҳанггига тебранган кўйи қўшиқдай қилиб ўқиётган овозлари туфайли эканлигини билмасдим. Ва мен бу вақтда катта боболарим сайид, мударрис деб ҳибсга олинганини ва қамоқхоналарда жон таслим қилганини ва боболарим эса уларнинг зурриёди деб Бухородан Денов ва Душанбега қулоқ қилинганини ва оиламиз дастурхонида нон билан бирга мудом қўрқув ҳам ушатилиши ва тановул қилинишини ва бобо-бибиларим эшикларни танбалаб намоз ўқишларини ва жойнамозни кўрпалар орасига яшириб қўйишларини ва тугун-тугун қадимий китобларни ертўладаги кўмирлар остига беркитиб қўйишларини ва бу атиги олтмишинчи йилларнинг ўрталаридаги ҳол эканлигини ҳам билмасдим. Ўқишни бошлаганимда… Йўқ, мен ҳали ҳарфни танимасимдан эртаклар ичида яшардим. Бибимнинг шунчалик кўп эртакларни қандай ёдда сақлаганларини бугун тасаввуримга сиғдиришга қийналаман. Деярли ҳар куни Бибим, бобом, бизнинг оиламиз, тоғам, бибимнинг акалари Бақо махсум бобо ва у кишининг фарзандларидан иборат давра жам бўлар ва Бибим “Қиссаи Машраб”, “Қиссаи ҳазрати Али” китобларини ва яна Ҳувайдони ва Хўжа Ҳофизни ва Бедилни ва Навоийни ва Сўфи Оллоёрни турфа оҳангларда ўқиб берар ва мен сўзларни тўлиқ англамасам-да, муқаддас, илоҳий оҳанглардан кундузлари маст юрар ва шу оҳангга мос қадам ташлар, бошимни силкитар ва атрофимдаги ҳамма нарса сеҳрланганига қаттиқ ишонар ва дарахтларга ва гулларга ва тошларга ва сувларга ва эшик ва деворларга ва тароқ ва ойналарга ҳозир тилсими ечиладигандай мўъжиза кутиб тикилар ва дунёдаги барча аёлларнинг эркаклар сингари ер одамлари эмас, балки ўзга, сеҳрли оламлардан келган парилар эканига ҳам ишончим комил эди ва бир куни бизларни ташлаб учиб кетишларидан қўрқар эдим ва Бибимнинг ва онамнинг ва сингилларимнинг яшириб қўйган қанотларини сандиқларни титкилаб излашдан чарчамасдим ва ўша ҳолимни ҳозир қаттиқ қўмсайман. Бибим менга дунёдаги ҳамма нарсани биладиган ва ҳамма нарсалар билан гаплаша оладиган сирли аёлдай туюлар ва мен ҳамма бибилар шундайлигига ишонардим. Бибим жамики нарсага салом берар ва сизлаб гапирардилар ва йўлга чиқсалар йўлга салом берар ва дуо қилар ва йўл ўз танобини тортиб пайғамбарларга ёрдам бергани ҳақида ривоят айтар ва йўл ҳақида шеър айтар эдилар ва дарахт соясида дам олсалар дарахтга салом берар ва дуо қилар ва дарахтнинг одамзодга қилган яхшилиги ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар эдилар ва ҳовлига мусича келса “қумри биби келдилар, Биби Фотиманинг қушлари меҳмон бўлиб келдилар” деб салом берар ва дуо қилар ва қумрилар ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар ва ҳовлини супурсалар супургининг хизмати учун дуо қилар ва унинг белини ким боғлагани ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар ва ҳовлига сув сепсалар сувни дуо қилар ва дастурхон ёзсалар дастурхонга салом берар ва у ҳам бизни дуо қилади деб пайғамбар ёхуд авлиёларнинг дастурхони ҳақида ривоят айтар ва ғазал айтар эдилар ва ой чиқса ойга салом берар ва чақмоқ чақса чақмоққа ва ёмғир ёғса ёмғирга салом берар ва дуо қилар ва шеър айтар эдилар. Ва Бибим кўзимиз тушадиган жамики нарсаларнинг бизни эшитишига ва бизни дуо қилишига ва гапиришига ва Худога бетиним саловат айтиб туришига ишонар эдилар ва мен ҳам ишонар эдим. Бибим бир гапни бот-бот такрорлар эдилар: “Аввал Худо азиз, кейин одам азиз, кейин намоз азиз, кейин китоб азиз”. Бибимни фақат қўлларида китоб тутган ҳолатда кўз ўнгимга келтира оламан: бу китоблар – диний ва фалсафий, тарихий ва тиббий ва романлар ва қиссалар ва девонлар ва достонлар ва араб ва лотин ва кирилл имлоларида ва ўзбек ва форсий ва рус тилларида. Мутолаа. Бу одат Бибимнинг қизлари онам Хурсанойга ҳам ўтган эди ва ишга боришда сумкаларига нондан аввал китоб солар эдилар ва ошхонада чойнинг қайнашини китоб билан кутар эдилар ва ухлаб қолганларида ёстиқлари ёнида саҳифалари очилан китб бўларди ва умрлари поёнига қадар китоб ўқидилар. Бибим ким эдилар? Бу саволга мухтасар жавобни “Ғиждувоннома” номли тарихий китобдан олиш мумкин. Ушбу китобни нашрга ҳозирлаётганда Бибим ҳақидаги лавҳани ёзиб тақдим этган эдим: “Муғаллонлик мударрис, эшон Абдулло ибн Қобилнинг қизлари Мутаҳҳара тўққиз ёшларида бухоролик мударрислар ва домуллолар ҳайъатига имтиҳон топшириб отинлик қилиб дарс беришга рухсатнома олади ва тенгдошларига сабоқ бера бошлайди. Бир вақтнинг ўзида оталаридан ҳам диний илмни, ҳам мумтоз адабиётни ўрганишни давом эттиради. Шеърлар машқ қила бошлайди. Ўн тўрт ёшида Қуръони каримни қарийб ёд олган, давра-давра қизларга отинлик қилаётган бу қизнинг парвозига шўролар босқини тўсқинлик қилади. Ота ва акалар қамоққа олинади, оила пароканда бўлади. Мутаҳҳара умр йўлдоши – Амир Олимхоннинг бекларидан Мирзо Мақсудбекнинг ўғли Муҳаммад Мақсудов билан тақдирнинг тазйиқ ва қувғинларидан иборат йўлидан кетади. Мутаҳҳара биби ёшлик даврларини шундай хотирлар эдилар: “Ҳар ҳафта жума кечқурун уйимиз одамларга тўлар эди. Отларда, туяларда Хоразм, Самарқанд, Туркманистон, Афғонистон, Татаристон ва бошқа жойлардан мударрислар, олимлар, савдогарлар келар, кеча-ю кундуз китобхонлик бўларди. Акаларим билан ҳар замонда кириб тушуниб-тушунмай қулоқ тутар эдик. Уйлар тўла китобларнинг сонини билмас эдик. “Ўрис келди, ўрис келди” замонлар бўлгач, бу машваратлар барҳам топди. Ҳамма қўрқувда қолди. “Бола-чақа, қозон-товоқ ўртада бўлармиш”, деган гап тарқаб ҳамма ёш-ёш қизларини қариндош-уруғ, ҳамсояларга никоҳлаб ташлайверди. Ҳар кун хонадонлар тинтув бўлар, улгурганлар борини яширишга ҳаракат қиларди. Отам уйимизни босишларидан икки кун олдин укалари билан еттита қадимий сандиққа ноёб китобларни кийгизга ўраб жойладилар ва меҳмонхонанинг ичини, билмайман неча газ кавлаб сандиқларни тушириб кўмдилар. Мен жимгина кузатиб турганимни кўриб, бардам овозда: “Бир кун келади, бу китобларни яна токчага териб қўямиз, ўқиймиз, қизим”, – дедилар. Қолган китобларни қишлоқдаги ишончли хонадонларга яшириб қўйиш учун тарқатдилар… Мана, дориломон кунлар келди, лекин у китобларни ҳеч ким қайтармади. Биров сотган, биров йўқотган. Сандиқларда китоб кўмилган меҳмонхонамиз бузилиб, ўрнига иморат солинган…” Мутаҳҳара ая қувғинлардан сўнг ниҳоят қўним топгач, янги имлони, рус тилини ўрганиш курсларини битириб мактабда дарс берди. Кечқурунлари эса қизларга яширинча “Ҳафтияк” ўргатар эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, эркаклар урушга кетгач, муаллимани маҳаллага раис ва шаҳар бозорига мутасадди қилиб тайинлашди. Мутаҳҳара аянинг хотираларидан: “Уруш вақтида очарчилик шу даражага етдики, ҳар тонг бозор ичи ва атрофларидан очликдан жон таслим қилганларни аравада йиғиб чиқиш расм бўлди. Ўғирлик авжига чиқди. Бир куни ўғриларга олдириб қўйишдан чўчиб бир аёл янги олган калишини сақлаб туришимни сўраб бозордаги хонамга ташлаб кетди. Шу билан қайтиб келмади. Деновданлигини айтган эди. Ўн беш кун вокзалга олиб чиқдим, поездда келса, кўрсам танийман, деб. Дараги бўлмади. Шу калиш урушнинг охиригача хонамда турди. Сўнг Худо йўлига деб бир бечоранинг қўлига тутқаздим…” Мутаҳҳара ая урушда бедарак кетган укаси Убайдуллонинг ўғли Исматулло ва қизи Хурсанойни фарзанд қилиб олди. Уларни урушдан қайтган умр йўлдоши билан ўз фарзандидан зиёда катта қилди. Урушдан сўнг бу оила аста-секин ўз анъаналарини қайта тиклади. Хонадонлари яна илм, адабиёт, адабий суҳбатлар гўшасига айланди. Мутаҳҳара ая билан ҳамсуҳбат бўлган филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов у кишини шундай хотирлайди: 1990 йилнинг баҳори эди. Биз Азиз Саид иккаламиз таниқли ўзбек шоири Ўлмас Жамолнинг юбилейига қатнашиш учун Душанбе шаҳрига борган эдик. Йиғин ва тантаналар ўтиб бўлгач, мезбонлар бизни ҳордиқ чиқариш учун меҳмонхонага таклиф қилишди. Шунда А. Саид Душанбеда бибиси яшашини, агар уни бориб кўрмаса, эшитиб хафа бўлишини айтиб қолди. Мени ҳам бирга боришга кўндирди. Зеро, Азиз Саиддай дилкаш суҳбатдошдан ажралгим йўқ эди. Уйда бизни бир нуроний аёл кутиб олди. “Бу киши менинг бибим бўладилар, – деб таништирди менга аёлни Азиз. Кейин бибига қараб: – Бу киши менинг домлам Нажмиддин ака бўладилар”, деб қўйди. Биби Азизнинг юз-кўзларидан ўпиб бағирларига босдилар, сўнгра мендан ҳол-аҳвол сўрадилар. Оддийгина хонада хонтахта атрофига кўрпача тўшалган эди. Биз ўтиргандан кейин Биби қўл очиб дуо қилдилар, бизга хушнуд нигоҳ ташладилар. Мен оқ дока рўмол ўраган, чеҳраси иссиқ, сўзлари мулойим, маъноли бу аёлга қараб ўзимнинг марҳума онамни, талабалик йиллари Самарқандда дўстим Ҳасан Қудратиллаевнинг “Она мулла”сини эсладим. Булар – бизнинг саводхон, Навоий ва Машраб ғазаллари, “Қиссасул анбиё” ва Иброҳим Адҳам ҳикоятлари, Саъдий ўгитлари руҳида тарбиялаган, шу маданиятни ўз хислатлари, сўзлари билан давом эттираётган оналаримиз эдилар. Отин ойилар эдилар. Биз ўша кеча Биби билан узоқ вақт суҳбатлашдик. У киши сарғайган қўлёзма китобларни очиб ажойиб қироат билан ғазаллар ўқидилар, Бедил маъноларини тушунтирдилар. Ёши анчага бориб қолган бу мўътабар инсоннинг маърифатга, сўфиёна илоҳий маъноларга ғарқ бўлиб сўзлаши мени лол қолдирганди. Биби Бухородаги уcтозлари, маърифий муҳит ҳақида сўзладилар. У киши ўзбекчани ҳам, тожикчани ҳам классик услубда бир дилкаш оҳангда гапирарди. Биби 30-йиллардаги қатағонлар туфайли Душанбега келиб қолган бўлсалар-да, аммо Бухорони соғинганлиги шундай билиниб турарди. Кейинчалик, қайтаётганда Азиз менга Бибининг отлари Мутаҳҳара эканлигини, аммо у кишини барча Биби (она) деб аташини, қизларга Қуръон ўргатишларини гапириб берди. Оддий ва улуғ инсон, Шарқнинг маърифатли аёли. Гарчи тақдир тақозоси билан бир марта кўрган бўлсам-да, бироқ бир умр эсимда қолди бу одам. Оқ кўнгил, фаришта мисол Бибининг руҳи поклари абадий жаннат роҳатига мустаҳиқдир. Аллоҳдан умидимиз шу.” Нажмиддин Комилов билан ана шу суҳбатдан сўнг кўп ўтмай, бобонгизнинг чироғини ёқиб ўтираман деб танҳо ўзлари Душанбеда қолган бибимиз Бухорога кўчиб келдилар. Аввалги ҳовли жойлар эгалик бўлиб кетгани боис, Қизилтепада – бизнинг ёнимизда макон тутдилар. Мавриди келганда ҳар сафар Нажмиддин ака билан бўлган унутилмас суҳбатни эслар эдилар: “Ўша устозинг жудо-о илмли, хушфеъл эканлар-да. У кишининг илми ақл илими эмас, кўнгил илими. Бундай босавод одамларнингг оналари илмлик бўлади…” Бу эсловдан сўнг албатта навбатдаги савол берилади: “Илимлари хўп зиёда, юзлари нурликкина жўрангиз боридила. Исмлари Баҳодир эдими… Бирга олиб келмадизми?..” Бибим Баҳодир Содиқовни сўрайдилар. “Бибижон, – дейман, – у киши жўрам эмас, бизга ака, устоз даражасидалар. Анча бўлди, талабалик пайтимизда бевақт қайтиш бўлганлар”. Бибим негадир катта истеъдод соҳиби, мунаққид ва шоир Баҳодир Содиқовнинг ҳаётдан кўз юмганлигини қабул қилолмасдилар ва худди у киши тирикдек, гўё жавобларим эсларида йўқдек, ҳар сафар йўқлайверардилар… 1980 йил баҳорининг гўзал оқшомларидан бирида Баҳодир ака билан азиз авлиёлар, бевосита ва маънавий устозлар ҳақидаги суҳбатимиз айланиб Ёқуб Чархий ҳазратларига тақалиб қолди. Мен у кишининг қабрлари Душанбеда эканлигини айтдим. Баҳодир ака: “Зиёратга бормаймизми?” – дедилар. Баҳодир ака билан саёҳатга! Табиийки, хурсанд бўлдим. “Мен ҳозир аэропортга бораман. Ётоқдан паспортни тез олиб келинг”, дедилар. Хуллас, эртаси куни Ёқуб Чархий зиёратидан сўнг бибимнинг ҳузурларига кириб бордик. Ойнаванд айвон деворига сарғайиб кетган қоғозга араб имлосида ёзилган, устига елимқоғоз тортилган мактуб осиғлик турарди. Баҳодир ака ўқиб туриб қолдилар ва мендан: “Бибингизнинг исмлари Мутаҳҳарами? Бу оталари ёзган хат экан,” – деб сўрадилар. Шу пайт дастурхон кўтариб кириб қолган бибим Баҳодир акадан: “Арабийдан саводингиз борми, ўғлим?” – деб сўрадилар. “Ҳа энди, уй томонда ўқитишган”, деган жавобдан бибимнинг қулфи диллари очилиб кетди. Дастурхон шинам ҳовлидаги сўрига кўчди. Қисқа савол-жавобдан сўнг бибим қаршиларида 21 ёшли йигитча сиймосида мумтоз адабиётнинг билимдони турганлигини англадилар ва ичкари кириб сандиқдан хазиналарини олиб чиқа бошладилар: Ҳофиз, Бедил, Машраб, Ҳувайдо, Сўфи Оллоёр… Қўлёзма ва тошбосма бу китобларни бибим ҳар кимнинг ҳам олдига олиб чиқавермасдилар. Баҳодир аканинг ҳам кўзлари яшнаб кетди. Бибим Ҳофиздан бир ғазални ўқир, Баҳодир ака китобни қўлларидан олиб яна бир ғазални ўқир, бибим Ҳувайдодан ғазал ўқир, мазмунини айтар, Баҳодир ака бошқасини ўқиб шарҳлар эдилар. Баҳодир ака Машраб ва Ҳувайдонинг айрим ғазалларини бошқа қўлёзмаларда учратмаганларини айтиб, менга “Азизбек, буларни кўчириб олинг”, дердилар… Икки кун оқшомдан то тонгга қадар давом этган бу суҳбатнинг, бу руҳоний байрамнинг таърифини келтириб бўлмас. Ғазал сеҳридан, улардаги сўфиёна маънолар талқинларидан лаззатланаётган бу икки сиймонинг руҳиятига мен ҳам асир эдим, сархуш эдим. Улар эса узоқ айрилиқдан сўнг топишган она-боладай, тўғрироғи, икки вужуддан иборат битта одамдай ҳолда эдилар. Кетар маҳали бибим: “Бу жўранг худодод йигит экан. Кўби (фазилатларининг демоқчилар) илмли, иймонли ота-онадан. Шундай жўраларнинг ичида бўлинг”, дедилар… 2000 йил. Бибим бу олам билан видолашишларидан бир-икки ой олдин мени Қизилтепага, ҳузурларига чақиртирдилар. Узоқ суҳбатлашдик, ривоятларидан баъзиларини ўзларига айтиб бердим, ғазалхонлик қилдик, ёстиқдан бош кўтаролмай ётган Бибим туриб ўтирдилар ва кўрпачалари остидан бахмал жилдли бир дафтар чиқардилар ва тўқсон бир ёшли Бибим уялиб, хижолат тортгандай гапирдилар: “Ўғлим, мана сиз ҳам шеър ёзасиз, шу… ман ҳам хаёлимда айланиб ҳеч қўймаган мисраларни қоғозга ёзар эдим, ўқиб кўринг-чи. Шу пайтгача ҳеч кимга кўрсатганим йўқ. Тушимда отамга ўқиб берибман, бошларини қимирлатиб қуйдилар. Боғнинг ўртасида амакиларим билан ўзлари ўтирган супага ишора қилиб, “Қизим, энди сиз ҳам келинг даврага”, – дедилар. Энди ман, шоира эмасман, бўлсамку бўлайди, хай майли. Тўғри келмас жойини кўрмай ўтинг”, – дедилар. Турли йилларда, руҳнинг турли ҳолатларида қоғозга тушган ўзбекча, тожикча ғазаллар, тўртликлар. Ўқиб бўлиб, бу бир ҳовуч нурдай вужуд бунча ғамни, бунча ҳасратни кўтариб юрганига ҳайратлар ила Бибимнинг кўзларига қарадим, икковимиз бир-биримизга сўзсиз тикилиб қолдик, Бибимнинг нигоҳлари ичидаги хаёл олис-олисларда эди, ҳеч қандай савол беришнинг, ҳеч қандай жавоб қилишнинг ҳожати йўқ эди. Дафтарнинг сўнгги саҳифасига кўз ташлайман: Ажаб девона қулман, раҳбарим йўқ, Мусулмонлик билан ҳеч рағбатим йўқ. Адашган бандангни бечора қилма, Қиёмат кун мани шарманда қилма. Ман-э танҳо, қошимда бир кишим йўқ, Ўзинг бошқармасанг, ўзга кишим йўқ. Ўзим танҳо, дилим танҳо, умр гумроҳ, Ўзинг қилгил манга иймонни ҳамроҳ.
2021-08-03
http://nodirabegim.uz/archives/3814
Ташқарида намозшом арафасида майдалаб ёғишни бошлаган қор замин узра шиддат билан тўкилишда давом этади. Ҳарорат тушиб кетган. Қорайганча музлашга шай турган ернинг устки қатламига, қовоғини солиб олган тунд осмонга, қор парчалари маҳкам ўрнашишни бошлаган уйқудаги дарахтларнинг ярим яланғоч таналарига қараб юрагим сиқилади. Беҳад ширали ва тиниқ овози билан муаззин шомга азон чақиряпти. Унинг овози ростдан шундай: баланд ва ёқимли. Масжид шундоққина уйимизга яқин ерда жойлашгани учун бу овоз аниқ-тиниқ эшитилади. Унга қўшилиб атрофга аста-секин тун чўкяпти. Туннинг қора ҳарир пардаси чиркинлашиб кетган она заминга ёйилиши билан доимий одатларимга хилоф иш тутгим келмайди. Бирор марта шундай бўлмаган. Менимча, бундан кейин ҳам ажабтовур одатларимга путур етмаса керак. Негадир улардан қутулишнинг ҳеч иложини топа олмайман. Ўйлашимча худди инглизларга ўхшаб ўта кетган бадбин ва расво консерватор бўлсам керак. Кундалик одатларим бир-биридан ғалати. Мисол учун, ҳар оқшом бир финжон аччиқ қаҳва ичмасам, шахсий кутубхонамда устма-уст турадиган мумтоз жаҳон адабиёти намуналаридан бир сатр ўқимасам, намоз тугагач жойнамоз устида қуръон тиловат қилмасам, ярим тунда мумтоз ва дурдона кино асар кўрмасам бўлмайди. Ва албатта Ясмин Левининг “Una noche mas” қўшиғини тингламасам ҳам. Бу хонанда қизнинг ўзи ҳақида ҳеч нима билмайман. Уни қаерда ва қачон туғилгани, айни пайтда қайси юртда яшаши, юрагимдан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу хассос қўшиғидан бўлак яна қандай хонишлари борлигидан тамомила бехабарман. Уни сочларини кенг ёзиб, эҳтиросли нигоҳи билан шаддодона тикилиб турган суратини кўз олдимга келтирсам фақат шу қўшиғини эслайман. Шу қўшиқ оҳанги ва сўзларига сингиб кетган дард, изтироб ва алам ўзига мени сўзсиз кишанбанд этган. Ана пафосли гапиришни ҳам бошлаб юбордим. Лекин ростдан кишанбанд этган, балки занжирбандир. Яна билмадим. “Занжирбанд шер” ибораси мосроқ, наздимда. Ҳар сафар бу қўшиқни тинглашга майл билдирсам, бир лаҳзада ўзлигимни унутаман, оний фурсат ичида ташвишларимдан қутуламан, ҳаётда мавжудлигим унинг ранг-баранг бўёқларига қоришиб йўқ бўлиб кетади ва гўёки Герберт Уэллснинг қаҳрамони бўлган- “кўринмас одам”дек сиймомдан айтарли ҳеч нима қолмайди. Ясминга қўшилиб бўғиқ овозим билан “яна битта тун” деб хиргойи қилмайман, йўқ хиргойи қилиш бўлмайди бу. Ўша қўшиқнинг ичида яшайман, ўламан, тириламан, яна яшайман ва яна ўламан. Орадан сал фурсат ўтиб “яна битта тун” фарёди билан тун шарпаси деразам олдида бор бўй-басти билан гавдаланади. Унинг ойналарини бамисли соқовдек ғулдираб, тарашадек қотган қоқсуяк қўллари билан оҳиста чертаётгани эътиборимни тортади. “Сен гунгмисан тун?” , дейман унга яқин келиб. У берган саволимдан илкис хахолаб кулади. Соқовлиги шунда аён бўлади. Акс ҳолда у гапирарди. Менга шаксиз жавоб қайтарарди. У соқов. Балки басирдир ҳам, чунки кулаётганида мен томонга эмас, номаълум томонга қараб кулади. Яна битта тун… Бу тун ҳар оқшом бошқа қиёфа ва алфозда деразам олдига келади. Мен унга қарата азизим Ясминга қўшилиб “una noche mas” дейишни, “сен соқовмисан” дейишни қўймайман. У одатига содиқ қолиб хахолаб кулишни қўймайди. У соқов ва басир, албатта. Акс ҳолда бағрида нималар бўлаётганини менга оқизмай-томизмай сўзлаб берарди. Шунга қарамай мен биламан. Хаёлотим, ҳаётий тажрибам ва бошқа бало-баттар хислатларим турли тахминларни рўпарамга қалаштириб ташлайди. Бир уюм қилиб, тахлаб ташлайди. Яна битта тун… Қорасоч Ясминимнинг беш дақиқа ҳам давом этмайдиган мазкур қўшиғи ичида бу тун соатлаб давом этади. Эрталабгача чўзилади. Юракни эзиб, уни парчалаб тунни тонгга улайди. Шу ерда гоҳида тахминим ўзини оқламайди.Тун соқовга ҳам, басирга ҳам ўхшамайди. У гапирадигандек, кўрадигандек таассурот қолдиради. Шунчаки буни сездирмай, атайин деразамни билинар-билинмас чертиш билан кифояланади, холос. Яна битта тун… Календарга эриниб қарайман. Ноябрь охирлаяпти. Хазонрезгининг навбатдаги туни. Совуқ туни. Унинг хайрлашишдан олдин моҳирлик ва кутилмаган эпизодлар билан саҳналаштирган хотима спектакли. Шитоб ёғаётган қор уни янаям совуқ ўтишини таъминлаб, печда гуриллаб ёнаётган оловни кўзимга муқаддасдек кўрсатишга уринади. Яна битта тун…Қўл соатимга қарайман. Қорли ноябрдан нафратланиб унга қарайман. Шу тобда бу бемаврид ёққан оппоқ қор кузнинг тароватини оёқ ости қилгандек туюла бошлайди. Шунга ундан нафратланаман. Соат стрелкалари тезлик билан чиқиллаб ўз ўқи атрофида айланади. Худди ердек, худди одамлардек. Мақсадсиз, бепарво, шунчаки айланиш шарт бўлгани учун, мурватига бўйсуниб… Яна битта тун… У бир маромда бошланади. Гўёки ҳар бир тун Ясминнинг қўшиғи билан бошланиб тугайдигандек тасаввур уйғонади шу ерда онгу шууримда. Уни ҳис қилишга, унда яшашга ва уйқуга кетишга мажбурлигим шунда рўпарамда кўндаланг туради. Мен бунга аҳамият бермайман. Унинг бағрида бошланажак ҳаётнинг иккинчи қисми эътиборимни тортади. Яна битта тун… Эҳтимол бу тунда шаҳар ташқарисидаги чекка ҳудудлардан бирида жойлашган чорраҳа светофори яқинидаги ахлатхонада янги туғилган чақалоқнинг йиғи саси эшитилар. У баланд овозда йиғламайди (қизалоқ бўлгани учун шундайдир). Совуқдан эти жунжикиб, юз-кўзи кўкариб, кир йўргагини кўкрак билиб шимганча, ғингшиб-ғинғшиб йиғлайди. Ташлаб кетган волидасини сўроқлаб, унга бузуқ радиоприёмник, консерва идиши қолдиқлари ва кераксиз латта-путталар орасидан талпиниб, момиққина кўкраклардаги сутнинг хумори тутиб, аразлагандек лабларини буриштириб йиғлайди. Зино меваси бўлган бу омадсиз чақалоқ ноябрнинг мазкур хосиятсиз тунидан эсон-омон чиқармикин?! Бирорта иш жойидан кеч қайтадиган йўловчи тасодифан уни илғармикин?! Бош кийимини бостириб, қулоғигача тушириб олган, бунинг устига иссиқ уйи томон шошгандек тез-тез қадам ташлаб кетаётган бўлса, у шубҳасиз толеъсиз гўдакни илғамайди. Чақалоқнинг овози майин, дўрилдоқ эмас. Қизалоқ-да. Унинг бу изтиробли йиғисида мисоли какку хазин сайраётгандек бўлади. У ҳолсизлангани, очликдан силласи қуригани ва дир-дир совқотганидан баралла ўкириб йиғлай олмайди. Бор кучини жажжи танасига йиғиб, бир амаллаб, ичидан нидога ўхшаш, бу фоний дунёга нисбатан эрта уйғонган ҳадсиз исённи эслатадиган фарёдга монанд овозини ташқига чиқаради. Бу тундан, ноябрнинг қаҳратон тунидан у тирик чиқиб, тонггача етармикин?! Тун индамайди. Саволимга ақалли тасдиқ маъносида бош ирғаб ёки инкор тарзида уни чайқаб қўймайди. Яна битта тун… Эҳтимол бу тунда шаҳар марказидаги қайсидир хонадонда тўққиз яшар қизалоқ дераза олдидан кетмай, қорнинг тиним билмай ёғишини хўрсиниб кузатиб тургандир. У тонг отмаслигини ёки тонг отгунича қор тиниб, ерга тўшалган унинг оппоқ бахмалидан асар ҳам қолмаслигини Яратгандан илтижо қилганча, диний дуоларни ўқиб пичирлайди. У истамайди қорни тўпиқ ёки тизза бўйи бўлиб ерга тўшалишини. Боиси мабодо шундай бўлса, тонгда унинг тенгқурлари чаналарида кўчани тўлдириб, қийқириб, шодон ҳайқириб қорда учишади. Биргалашиб қорбобо ясашади, қорбўрон ўйнашади. Унинг эса чанаси йўқ. У товонидан сув кирадиган қўнжли этиги билан қорни ғарч-ғурч эзиб босганича улар билан ўзи истагандек ўйнай олмайди. Боз устига уни иссиқ қўлқоплари ҳам йўқ. Шу сабабдан ҳам башарти қорбобо ясаётганларга қўшилса, совуқ урган қўлларини уйларидаги танчанинг устида исита–исита вақтини ўтказади. Кўчадан уйга югуриб, уйдан кўчага югуриб. Қўлқопи бор ўртоқлари уни мазах қилгандек кулиб кузатиб, кулиб қарши олишади. Ҳатто йиртиқ қўлқоплари ҳам йўқ унинг. Шунга Яратгандан қорни тиндиришини сўраб дераза олдида бувиси ўргатган дуони ўқийди, тонг отгунча ердаги қорлар эриб кетишини истайди ёки бу тун узоққа чўзилишини, тонг отмаслигини, сираям отмаслигини сўраб кўкка жавдираб боқади. Яна битта тун… Эҳтимол бу тунда шаҳарнинг жанубий қисмидаги қайсидир исқирт рестораннинг шинам, ёруғ, замонавий руҳда ясатилган, чилим тутунларидан хира тортган ва шароб ҳидидан сасиб кетган ёпиқ хонасида не-не умидлар билан катта ҳаётга қадам қўйган, ота- онасининг бир қанча улкан орзуларини ўз гарданига олиб қишлоғидан шаҳарга келган талаба қиз бокиралигини йўқотар. Чимилдиқ кўрмай шу ёпиқ хона бағрида иффатидан айрилар. Танасига эгалик қилиш учунгина бир неча соатга ширин сўзлар ишлаб чиқарадиган фабрикага айланадиган, онасининг қорнида отаси мастлиги пайти ҳомиласи зуваласи қорилган эркакнинг ўлжасига айланар. Қуриб кетгур тун индамайди. На тахминимни тасдиқлайди, на инкор қилади. Лекин кўзларимга лўқ қилиб қарагандек тобора мендан кўз узмайди. Пинагини ҳам бузмай ҳайкалдек қотганча тикилиб туради. Тиллари кесилганми буни дейман. Тасдиқламаса, инкор қилмаса, лоақал имо-ишора берса-чи. Яна битта тун… “Узунсоч Ясминим, бас қилсанг бўларди” дейман қўшиқни тўртинчи марта эшитишни бошлагач. Чунки қўшиқдаги оҳанг пардалари остига яширинган дард юрагимни худди қарға гўнгни титкандек титиб, авра-астарини чиқариб ташлайди. Мен индамайман. Дераза олдидаги тун шарпасига қараганча хаёлан олисларга учаман. Шаҳар устида учаман. Унинг баланд бинолари, дарахтлари, бағрида ақлдан озиб юрган машиналари ва ҳечам уйига талпинмай санқиб юрадиган одамлари пастда ноодатий манзарани ҳосил қилишади. Яна битта тун… Шаҳарнинг шимолий қисмидаги хонадонлардан бирида унинг қора кўланкасига худди мен каби тикилиб ётган ёш бемор қиз эҳтимол тонггача етмас. Бу тун унинг умридаги сўнгги тун бўлиб қолар. У юқори ҳароратдан терлаб пишиб, оғир-оғир нафас олганча тундан кўзини узмайди. Шу ерда ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаганини, ўн гулидан бир гули ҳам очилмаганини, армонга айланган ёшлик орзуларини ўйлар. Ҳатто турмушга чиқмаганини ўйласа ҳам ажаб эмас. У хўрсинади, ичи тирналади, пешонасига ёзилган аччиқ қисматидан ўкиниб хўрлиги келади, танасини борган сари ўз исканжасига олиб бораётган хасталикка иложсиз бўйин эгади. Лекин шу билан бирга қалби тубидаги умид билан овунади. Шу умид билан тонгни, ҳали замон ўзи бирор марта дийдорини кўрмаган муаззиннинг бомдодга азон чақиришини, яна оппоқ тонг отиб, умрига бир кун қўшилишини кутади. Бироқ, бу тундан омон чиқармикин?! Шу нарса қалбимга оғриқ солади. Гўё шу қиз менга яқин ердаги хонадонда ётгандек унинг сўнгги нафасини сезаман ва ҳадиксираганча ачинишга тушаман. Яна битта тун… Шаҳарнинг қаеридадир бошига жун рўмол ўраб, эгнига пахтали камзул кийган ориққина аёл чироғи хира ёниб турган айвонда, синиқ стулга омонат чўкканча бошини эгиб ўтиради. У ҳам менга яқин ерда ўтирганга ўхшайди. Унинг қўлида бир сиқим майда пул. У пулларга бемажол назар ташлайди. Ичкарида болалари тўшакда, бир-бирининг пинжига кирганча тош қотиб ухлашади. У бемор қиздан фарқли равишда бу тун қаърига чўкиб кетишни истайди. У тонг отишини истамайди. Чунки тонг отса болалари қорнини қандай тўйғазишни билмайди. Қўлларидаги бор пули уларнинг қорнига юқ бўладиган бирор бир егуликка етмайди. Шунинг учун у тундан узоқроқ чўзилишини илтимос қилади, тонгдан отмаслигини ялиниб ёлворади. Уйқуси келмайди, мудроқ босганча шу ерда ўтиради. Биладики, тонг отгудек бўлса чокларидан сўкилиб кетган юраги ортиқ бардош беролмайди. Яна битта тун… Эҳ, Ясмин, кўзлари ақлдан оздирувчи малагим… Уни еттинчи марта эшитишни бошлаганимда танам оғирлашиб кетгандек бўлади. Рости шундай. Елкамга тоғ ағдарилгандек букчайиб қоламан. Ҳаракатларимдаги енгиллик қаергадир йўқолгандек бир пас букрига ўхшаб тураман. Унинг қўшиғи эса тинмайди… Una noche mas… Una noche mas… Уни саккизинчи марта эшитишни бошлаганимда кўз олдимда яна бир аёл гавдаланади. Унинг кўзлари ғалати. Бақрайиб туриши эмас. Ахир ҳамманинг кўзи гоҳида бақрайиб боқади. Уники атрофга қандайдир маъносиз тикилганча бир нуқтада тош қотган. Ҳатто нафас олиши сезилмайди, юзи оқарган. Ясминники каби бўлган узун сочлари ҳам елкасига ёпишиб қолгандек қимр этмайди. Бир пайт у ўзига келади ва ўзини қўлидаги арқон билан шифтга осмоқчи бўлади. Мен шу ерда жон ҳолатда тундан ёрдам сўрайман. “Бунга имкон берма” дейман хаёлан бақириб. Тун доимгидек ўз мажхуллигига хиёнат қилмайди. Аёл вақт ўтиб ўзини осади. Армон бўлган, у сиғинган муҳаббатининг сароб бўлганига чидолмай шундай қилади. “Бу дунё фақат муҳаббатдан иборат эмас-ку” деб унга сўз қотишга улгуриб қоламан, у бунга жавобан аламли жилмайиб қўяди ва менга қарата “ақли билан яшайдиган сен гўрсўхта буни қаердан билардинг” деб кўзлари ёшланади. У ўзини осади, осади, осади…. Бир оз ўтиб кўз олдимда у шифтдаги арқонда у ёқдан бу ёққа қимирлай бошлайди худди арғимчоқ учаётгандек. У бу тундан омон чиқмайди. Неча тунлар қилишга журъат қилган, лекин иродаси етмаган ишини бу тунда амалга оширади. Гўё Ясминнинг қўшиғи унга мадад бергандек, унга туртки бўлгандек…Бемаъни ва ваҳший қўшиқ. Шу хаёлда юрагим парчаланишда давом этиб, “бўлди, бас қил” дейишга чоғланаман Ясминга мурожаат қилиб. У бир туки ҳам ўзгармай куйлашда давом этади. Узунсочим, қоракўзим менинг. Яна битта тун… У яримлаганида Ясминнинг қўшиғи қўшиқ эмас ҳижрон азобига айланади энди. Гўё яраланган қуш шаҳарнинг қаердадир инграётгандек ғалати товушлар қулоғимга чалинади. Ясминнинг овози қуш овозига айланади. Кўз олдимда эса сандалга оёқларини тиқиб олиб, бедор ўтирган кампир гавдаланади. Унинг ёнидаги тўшакда чоли уйқуда. У эса бедор. У тезроқ тонг отишини истаб, иродаси ёрдамида тунни ҳайдайди. Қўллари билан эмас, ичидаги ҳижрон билан. Боиси тонг отса, бир неча йиллар олдин пойтахтга кўч-кўронини йиғиштириб, катта шоир бўлиш учун кетган ўғли уни кўргани келади. У бир дераза ортидаги ўттих сотихли ҳувиллаган ҳовлига, бир деворга осилган календарга қарайди. Адашгани йўқ. Тунов куни ўғли қўнғироқ қилганида эртанги сана учун поездга чипта олгани ҳақида гапирган. Демак, эртага у Тошкандидан келади. У шуни ўйлаб, соғинчдан энтикиб ухлолмайди. Ўн йил ичида ҳам катта шоир бўла олмаган, ўз истеъдодини мумтоз шоирлардан кам ҳисобламаса-да, дуч келган сатрида Шавкат Раҳмон ҳамда Юнус Эмрога тақлид қиладиган, пиёз пўстлоғидек келадиган биргина китобини қўлтиғига қистириб, тадбирларда қарсак чалиб ўтирадиган, Худонинг берган куни хотини ва майда болалари билан ижарама-ижара сарсон юрадиган, ғурурини ҳам бир четга йиғиштириб қўйиб, давлатдан кўчадаги гадодек бетиним ўзи учун уй талаб қиладиган жигарбандини бир бор кўришлик, уни бир қур бағрига босишлик, шўр пешонаси ва рангпар юзидан ўпиб йиғлашлик онаизорга тинчлик бермайди. Бу ҳол кўзларига уйқуни йўлатмайди. Шу мақсадда у жон ҳолатда мана бу тунни тезроқ якунига етишини, ғира –шира бўлиб илдамроқ тонг отишини истайди. Ҳижрон ва айрилиқ азоби, омадсиз фарзандига илҳақлик ҳисси уни довдиратиб қўяди. У ухлашни истамайди. Дайди ўғлининг ногаҳоний дараги унга уйқуни ҳаром қилади. Ниҳоят, ўн иккинчи марта янграган қўшиқ якунланади. Ясмин эртанги тун учун куйлашга гўё вақт ва изн олгандек, гўё репетиция учун танаффус олгандек, гўё толиққандек бирдан куйлашдан тўхтайди. Мен қўшиқни хотирамдан кўтариб, бир пас тунга термуламан. Деразам олдидаги тун билан гўё кўз уриштираман. У ҳам, мен ҳам сира бўш келмаймиз. Кўзларимизни катта-катта очиб, бир-биримизга тикилиб турамиз. Менинг пажмурда нигоҳимда одамлардаги бўшлиқ, умидсизлик, орзу-армонлар акс этади. Туннинг маъносиз нигоҳида эса бефарқлик. -Сен тонг отишини истайсанми ё мени яна бир озга чўзилишимни?- дейди у ниҳоят тилга кириб. Унинг овози тенорларники каби салобатли бўлади. Худди Пласидо Доминго “Ла Скала” да баланд овозда Моцартнинг “Дон Жуан” ёхуд Россинининг “Cевильялик сартарош” операсидан ария куйлаётгандек қулоғим шанғиллайди. Шунга қарамай ўзимга келиб, унга жавоб беришга тараддудланаман. Аммо кўз ўнгимдан юқоридаги қайғули саҳналар яна бирма-бир ўтади ва мен иккилангача, бир қарорга келолмай мулзам тортиб қоламан. Тун эса бир пас ўтиб, деразам олдидан минғирлаганча узоқлашади: -Сен яхшиси Ясминни эшитишда давом эт.
2020-12-25
http://nodirabegim.uz/archives/3478
Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши” романини кўз олдимга келтирсам ўтмишда уйимиздаги эски тошойна қаршисида вақти-вақти билан гавдаланган ўн саккиз яшар ўспирин ва ўттиз ёшли эркак хаёлимдан ўтишади. Негадир шундай бўлади. Мен қайси вақт ёки қандай ҳолатда бу романни ҳамда унинг тафсилотларидан иборат турфа лавҳаларни кўз олдимга келтирмай, аввал ўспирин, кейин ўрта яшар эркак ўша тошойна қаршисида қад ростлашади. Аввалига улар сукут сақлаб туришади. Ўспирин кўринишдан самимий ва яшашга чанқоқ, навқирон ва келишган, юз-кўзида ўт гуркираб ёниб турган, шижоат ва ғайрати танасига сиғиб-сиғмаётган, ҳаётда бир олам орзулари билан худдики сайру саёҳат қилаётган, жудаям ишонувчан ва содда қиёфада. Ўттиз яшар эркак эса пажмурда кўзлари ичига ботган, бир оз тўлишган, яшашдан толиққан, на шижоати, на ғайрати йўқ, деярли умидсиз яшаётган, самимийликдан бир неча юз километр олисда, сарказм ва кинояга ниҳоятда муккасидан кетган, ўзидан бошқани бир тийинга олмайдиган, аксарият орзулари армонга айланган бир иссиқ жон алпозида. Бир оз ўтиб тошойна олдидаги узоқ давом этган сукунат улар томонидан йўққа чиқади ва аввал ўспирин ингичка ва мулойим, кейин ўттиз яшар эркак баланд ва йўғон овозда гапиришади. Улар шунчаки гапиришмайди. Бири жилмайиб, икки юзи ял-ял ёниб, қувонч сарҳадларидан туриб гапиради. Иккинчиси бепарво, лоқайд ва менсимаган кўйи, лекин оқ оралаган сочларидаги улуғворликка хас каби ёпишган виқор билан. Уларга қўшилиб тошойна ҳам худди ўша маълум-у машҳур эртакда бўлгани каби шитоб ила тилга киради ва иккисидан Гунтекиннинг “Чолиқуши” романи, ундаги Фериде образи ёқиш-ёқмаслигини сўрайди. -Мен Гулбашакарни яхши кўраман,- дейди ўн саккиз яшар ўспирин ҳаяжонланиб.- Роман ажойиб. -Комронга кўчамиздаги дайди итни ҳам раво кўрмасдим,- дейди ўттиз яшар эркак яшар ғижиниб.- Романга тўхталадиган бўлсам, Ўрхон Памуқнинг романлари савияси ундан баланд. Улардаги бу турлича жавобларда ҳар сафар қоқ иккига бўлиниб кетган ҳаётим нафаси сезилади. У аста нафас олади, сездириб-сездирмай, чалажон бир аҳволда, худди ёрилиб кетишга шай турган кўпикдек. Гарчи бу тақдир тақозоси самарасида рўй бергани учун кайфиятим эндиликда беҳудага бузилавермай, бунга юрагим кўникиб улгурган, ўзимда иммунитет ҳосил қилган бўлсам-да, аммо нетайки кўзларим янаям ичига ботиб, киртайиб, лабларим тамшаниб, танглайим қуриётгандек таассурот пайдо бўлади. Бошқа томондан романтизмгача бўлган ва реализмга ҳатлаб ўтгач, иккига бўлиниб кетган ҳаётим майда, атрофга сочилиб кетган эпизодлардан бир маҳал яхлитлик касб этиб асл ҳолига қайтади, ундаги мавжудлигим шууримдагина бўлса-да ўз ибтидоси бешигида оёқ узатади, бемажол ва эснаб ураётган юрагим фурсат ўтиб айни пайтдаги ҳолатидан мамнунликни ҳис қилмаётганидан нолимай олисда қолган саодатли ўтмиш сари қанот қоқиб кетади… Гунтекиннинг мазкур романи ўз вақтида энг севимли асарларимдан бири бўлган. Уни илк марта қўлимга олишдан олдин лицей кутубхонасида роса ўйланиб турганим ёдимда. “Бу қандай китоб экан?”, “у менга нима бера олади?”, “турк адабиёти билан обдон таниш бўлмасам ҳали” қабилидаги саволлар миямда ғужғон ўйнаган (ўша йиллари фақат Нозим Ҳикмат шеърлари билан таниш эдим, холос). Аммо барибир уни олиб ўқиган ва бу қарорим учун кейин сира афсусланмагандим. Фериде образида ўз идеалимни кўришим мумкин эди, лекин Татьяна Ларинага бўлган муҳаббатим бунга тўсқинлик қилган. Шунга қарамай уни кўп ўйлар, асарда тасвирланган ҳаётини таҳлил қилар, унга ачинардим. Ўртаҳол турк муаллимасининг оғир ҳаёт йўли, изтироблари, орзу ва армонлари гўё менга бегона эмасдек, уларни худди ўзимникидек қабул қилар, китоб саҳифаларида унга қўшилиб яшардим ҳисоб. Ўша йиллари “Мен Гулбашакарни яхши кўраман” деган сўзлар тилимдан тушмасди. Ҳар ерда буни такрорлаб юрардим. Мисол учун, муздеккина, зилол ва ҳузурбахш кўл сувида ёзнинг жазирамасида мириқиб чўмилаётганимда ҳам, атрофимни қорга бурканган тоғу тошлар ўраган водий ёнбағрида чанғи учаётганимда ҳам, хазонрезги нафаси келиб турган истироҳат боғидаги ўриндиқда хира қуёш нурлари остида хаёл суриб ўтирганимда ҳам, баҳорнинг илк кунлари катта қозонда ҳовур чиқариб қайнаётган сумалакни кавлаётганимда ҳам шу сўзларни такрорлардим. Такрорлаш шунчаки бўлмасди. Унинг замирида таъми тилни ёрадиган шодонлик, ҳаётга бўлган чексиз муҳаббат ва адоқсиз миннатдорлик ҳисси, аёл зотига бўлган чуқур ҳурматим ва мунис ардоғим зоҳир бўларди. Шу йиллари мен китобларда ўзим ўқиган-ўрта асрларда яшаган олийжаноб рицарларда бўлган такаллуф ва йигирманчи аср эркакларидаги жентльменлик анъанаси қалбимда ўзаро муштаракликда бирлашиб, ўзига хос бўлган юксак романтизмни юзага келтирганди. Буни тан оламан. Бунинг оқибатида нафақат Фериде ҳақидаги ўша романни, балки романтизмга йўғрилган проза ва поэзияни, тасвирий санъатни, шунингдек кино ва мусиқани ҳам қаттиқ сева бошлаганимни ҳам таъкидлашим жоиз. “Мен Гулбашакарни яхши кўраман” дейишни хуш кўрадиган ўспирин қишин-ёзин Александр Дюма, Сервантес ёки Фенимор Купернинг саргузашт китобларидан бош кўтармасди. Унинг наздида Дон Кихот- кумири, мушкетёрлар- тутинган оғалари, Чингачкук- чинакам дўсти эди. У ўзини Дон Кихотдек самимий, мушкетёрлар каби мардона тутар, садоқатда Чингачкукдан ўрнак олишга интиларди. Петрарканинг кўп болалик, семиз ва хунук аёл Лаурага бағишлаб ёзган гўзал сонетларини ёхуд Фетнинг табиат гўзаллигини улуғловчи лирик шеърларини битта ҳам қолдирмасдан ёд оларди. Рафаэлнинг бениҳоя латиф картинаси-“Сикстин мадоннаси”нинг фото суратини силаб-сийпалаб, гоҳ жажжи Исога, гоҳ покдомон Биби Марямга ҳуркиб ва меҳр билан тикилганча кўз ёш тўкарди. Хассос бастакорлар Шопен ва Ференц Лист басталаган инсон қалбини турли ракурсларда ифода этувчи куйларни аудио кассетага ёзиб олинган ҳолида танасидаги ҳар бир туки титраб-титраб тингларди. Эфирларда Голливуд ишлаган қисқа-ю узун мелодраммалар узатилаётган пайтда телевизор рўпарасида гўё михланиб ўтирарди. Шундай кезларда у “Мен Гулбашакарни яхши кўраман” дейишни канда қилмас ва ҳар сафар бу сўзларни гўё муқаддас ибодат сўзларидек, Қуръоннинг азиз оятларидек, ҳадислардаги пурмаъно иборалардек авайлаб ва такрор айтаркан, қалбидаги романтизм янада лиммо-лим тошар, самимийлиги жўшиб, ҳаётга муҳаббати ортиб, хурсандчилигидан ўзини етти осмонда кўриб, янаям завқланиб яшагиси келиб кетарди. Тўғриси, ўзимдаги ҳатто мутаасиблик даражасига чиққан бўлса-да ўз жозибаси ва фусункорлигини йўқотмаган мазкур романтизм қачон ва қай вақтда, қай тариқа ва нима сабаб бўлиб юрагимга дафн бўлганини билмайман. Менимча “нима, қачон, қаерда?” ўйинида шу ҳақдаги савол берилса ҳам ҳеч ким топа олмаса керак. Бир лаҳзада бу рўй бергани эсимда, холос. Билганим шу. Бор йўғи маълумот шу. Бир лаҳзада романтикдан реалистга айландим-қўйдим. Ҳатто буни пайқамадим ҳам. Шунчаки қарашларим ва дунёқарашимда кутилмаганда инқилоб юз берди, зилзила юз берди, тўфон юз берди, ёнғин юз берди. Барчаси бирданига. Мен ўзим учун идеалим сифатида дастуриламал қилиб олган таасуротлар, фикрлар, ғоялар, қизиқишлар, китоблар, картиналар, мусиқий асарлар, кино ва спектаклларни дафъатан ер ютди, тўфон олиб кетди, ёнғин ёқиб юборди. Худди инқилобчилар эскилик сарқити сифатида ўзлари яшаган ва ҳатлаб ўтган тизимни қонга белашгани каби мендаги романтизм ҳам ногаҳон қонга беланди. Қалбимдаги ўша ўспирин том маънодаги романтик эди. “Мен Гулбашакарни яхши кўраман” дейишлик гўёки ундаги романтизмнинг ташриф қоғозига айланган, у шу ташриф қоғози билан ҳаётда мавжуд эди гўё. Бу сўзларни лаблари пичирлаган кўйи такрорлаб турмаса, ўзини ҳаётда яшамаётгандек сезар, Декартнинг тилларда достон бўлган “мен фикрлаяпман, демак мен мавжудман” деган ибораси унинг тафаккурида ўз шакли ва моҳиятини йўқотиб, гўёки “мен Гулбашакарни яхши кўраман, демак мен мавжудман” га айланганди. Аммо қанчадир вақт ўтди орадан ва тошойна қаршисига келиб жилмайганча “мен Гулбашакарни яхши кўраман” дейдиган ўша ўспирин изсиз йўқолди. Ўрнини асабий ва жиззаки, димоғдор ва ўзидан бошқани бир тийинга олмайдиган, пессимизм ботқоғига қулоғигача ботган ўттиз яшар эркак эгаллади. У тошойна қаршисида фақатгина “Комронга кўчамиздаги дайди итни ҳам раво кўрмасдим” деб ғижинар, тиним билмай айтиладиган бу аччиқ сўзлар замирида алам, нафрат, пичинг ва сарказм бир-бирига қоришиб кетган ҳолда ноодатий, таассуфни ва надоматни юракка жойлайдиган кўнгилсиз тасаввурни юзага келтирарди. “Мен Гулбашакарни яхши кўраман” дейдиган ўспириндан бу ўттиз яшар эркак сиртдан қараганда деярли фарқ қилмайдиганга ўхшарди. У ҳам шеърлар, насрий асарлар ўқир, тасвирий санъат шайдоси, кино ва мусиқага телбаларча ошиқ эди. Аммо шаклдан мазмунга ўтилганда у ва ўспирин ўртасида осмон билан ерчалик тафовут кўзга ташланарди. “Комронга кўчамиздаги итни ҳам раво кўрмасдим” деб бақирадиган бу ўттиз яшар асабий эркак Байроннинг исёнкор, Лермонтовнинг жамиятдан ажралиб қолган ёлғиз инсонни мадҳ ва тадқиқ этадиган, Некрасовнинг реалистик манзаралар акс этган ва ҳар бир сатри этни жунжиктирадиган совуқ шеърларини ўқишни севарди. У Дюма, Сервантес ва Фенимор Купернинг қаҳрамонларига меҳр қўйган ўспириндан фарқли равишда Жакомо Казанованинг аёлларни овлашга бағишланган кундаликларини, ишқий лаззатлар ҳақидаги ҳинд эпоси “Камасутра”ни, Набоковнинг шубҳали “Лолита” романини варақлашга, Камю ва Кафка кабиларнинг эса абсурд фалсафасига асосланган асарларини мутолаа қилишга мойиллиги кучли эди. У Дон Кихотни аҳмоқ қария, Чингачкукни исқирт ҳинду, мушкетёрларни бекорчи лўттибозлар деб атарди. Мерсо ёки Грегор Замзаларни эса пайғамбарларга тенглаштирарди. У Ренуар ва Деганинг яланғоч аёллар тасвири туширилган полотноларини соатлаб томоша қилишни ихтиёр этар, мусиқада жазга ошиқлиги чегара билмасди. Голливуд киноларини ўрнига эса Бергман, Феллини, Тарковский, Форман каби режиссёрларнинг юрак ва тафаккур хазм қилиши оғир бўлган, кўпинча сюжет чизиғи дилни хуфтон қиладиган кинокартиналарини аччиқ қаҳвадан ҳўплаганча қовоғидан қор ёғилиб томоша қиларди. Шундай кезларда танам бир бўлса-да, қалбим иккига бўлиниб кетгани гоҳида онг остимда ўзини ёдга солар, мен бундан ғазабланиб ўрнимдан турганча ўша тошойна олдига келар, у ерда бедарак кетган ўспириннинг қайтишини кутар, лекин бахтга қарши тошойнадан ўттиз яшар эркак “Комронга кўчамиздаги дайди итни ҳам раво кўрмасдим” деб бетиним сўз қотишини қўймасди. Мен ўша ўн саккиз яшар ўспиринни қанчалик кўришни истамай, «мен Гулбашакарни яхши кўраман” деб жилмайиб, икки яноғи қизариб, уялинқираб турадиган ўспириннинг ҳечам дараги бўлмасди. Бу мени руҳан эзарди. Ўзи шундоқ ҳам изидан чиқиб кетган ҳаётимдан қониқмаслик ва тақдирга тан бериш ҳиссини кучайтирарди. Оёғи куйган товуқдек бесаранжом бир алфозда тағин ўша беғубор ўспиринга айланиб қолишни бутун вужудим истар, баъзида эса нима учун бир пайтлар ўзим илҳом олган Петрарканинг сонетлари ёки олийжаноб Дон Кихотнинг устидан кулаётганимни тушунмай мум тишлаганча тошойна қаршисида қимир ҳам этмас, лаҳза ўтиб Шопеннинг мусиқий асарларини тинглашни уддасида чиқсам-да, орадан ҳеч қанча ўтмай телбалигим тутганча жазга шартта ёпишардим. Худди шундай тарзда архивимда чанг босиб ётган “Сикстин мадоннаси” картинасининг фотосурати хаёлимдан ўтиб тотли ностальгияни ёдимга солса-да, Ренуар ва Деганинг яланғоч аёллари суратларини сарказм ва киноя билан томоша қилишда давом этардим. Бергман ва Тарковскийнинг оғир фильмлари эса деярли кундалик эҳтиёжимга айланиб улгургани боис яқин мозийда ўзим ардоқлаган Голливуд мелодраммаларини ўн дақиқа ҳам томоша қила олмас, улардаги ўзим энтикиб кузатган қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракатлари эндиликда эриш туюлиб, стол четини шапатилаганча ичакларим узилиб кетар даражада хахолаб кулардим. Шундай кезларда кўпинча осуда тун якунига етиб, тонг яқин қолганда ичимни ажабтовур хўрсиниш тирнарди ва дам ўтмай маъюслашиб қолардим. Бошим кўкка томон кўтарилиб, юлдузларга тўла ёки тунд осмону фалакдан Яратганни излардим. Муаззин бомдодга азон чақираётганида уйқусизликдан қонталаш бўлиб кетган кўзларимни бир ишқаб олиб, яна шу ишимни давом эттирардим. Унга илтижо қилардим, ёлворардим, жойнамоз қаршисида чўк тушганча бошимни саждадан узоқ вақт олмай илтимос қилардим. Тилларим фақат битта сўзни қайтарарди: -Яратган эгам, қалбимга ўша ўспиринни қайтар. Уни қайтар. Бир лаҳзага бўлса-да қайтар. Тошойна қаршисида бир марта “мен Гулбашакарни яхши кўраман” десин. Бироқ, тонг отгач бўйнимга бўйинбоғни испанча ёки фламандча услубда боғлаб, эгнимга костьюмимни илиб, қўлимга чарм портфелимни оларканман, остона ҳатлаб кўчага чиққач, қалбимда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини, ҳали замон иш жойимдан уйга қайтиб, яна тошойна қаршисига борcам ҳам ўша ўспиринни сира учратмаслигимни ич-ичимдан ҳис қилардим. Чунки “Комронга кўчамиздаги итни ҳам равом кўрмайман” дейдиган ўттиз яшар эркак аллақачон уни бўғиб ўлдириб, кўмиб ташлаганига истамасам-да иқрор бўлардим… Ҳатто, ҳозир ҳам ҳеч нима ўзгармаган. На ҳаётимда, на тошойна қаршисида. Гоҳида ўша тошойна қаршисига бориб тураман. Кўп эмас. Ҳар замонда бир. У гарчи алмисоқдан қолган бўлса-да, ҳалиям сеҳрли, тилга кириб гапиришни қойиллатади. Қаршисида бўй-бастим билан гавдалангач, у дарров тилга киради. -Гунтекиннинг “Чолиқуши” романи ва Фериде ҳақида қандай фикрдасан? Шунда унинг қаршисида беғубор, қалбига ҳали кир дўнмаган, орзулари бир олам ўспиринни кўриш учун кўзларимни бир юмиб очаман. Аммо кўзлари киртайган, йиллар давомида тўлишган, юзидан иблисона сарказм уфуриб турган, ҳаётдан сўрайдиган ҳеч нарсаси қолмаган шайтоний ўша ўттиз яшар эркак гавдаланади. У одатга кўра узоқ сукут сақлаб туради. -Умуман олганда бир шўрпешона турк муаллимасининг саргузаштлари ҳақидаги дуруст асар,- дейди шундай сўнг оғир “уҳ” тортиб.- Фериде ҳақида нима дейишим мумкин? Комронга у тугул кўчамиздаги итниям раво кўрмасдим.
2020-12-30
http://nodirabegim.uz/archives/3517
Айтишларича, Пекин кузи жуда ёрқин. Бироқ кузги Пекин менга бир қарашда ўта беқарор таассурот қолдиради. Ҳақиқат шундаки, аслида мен жуда камдан-кам ҳолларда уйдан ташқарига чиқаман, бирор жойга кетадиган бўлсам ҳам одатда узоққа бормайман: қўшни почтага ё дўконга чиқишим мумкин. Доим аниқ мақсад билан чиқаман: китобларни жўнатиш ёки озиқ-овқат сотиб олиш учун бу издиҳом олам қўйнига кўриниш беришим мумкин. Тижорий ишларимни тугатганимдан сўнг, мен дарҳол уйга қайтишга шошиламан, йўлда ақлдан озган машиналар ва ҳар хил пиёдалардан қочиб шошиб юраман. Мен ҳеч қачон фалсафий жиҳатдан Цюй Юань сингари ёки шунчаки бепарволик билан Тао Цянь каби осмонга қараб бош кўтарган эмасман. Улар осмон кузда Пекиндаги энг ажойиб палла деб бонг уришади. У бу пайтда мовий рангга кириб тубсиз денгизга ўхшар экан; ва агар осмонда бир қатор оқ каптарлар айланиб юрган бўлса, уларнинг фарёдлари озгина қайғуга сабаб бўлса, бу каби об-ҳаво шарори одатда тасвирланган Пекин кузига ўхшайди. Бироқ ростини айтишим керакки, мен Пекинда яшаган умрим давомида ўтган аср ёзувчилари ёзган ўша гўзал осмонни кўрмаганман. Бу осмон пастак деҳқон уйлари ва кенг уфқларни талаб қилади. Бундай осмонни чумолилар сингари бирин-кетин судралиб, булутларга қадар узалган машиналар ва осмонўпар бинолар йўқ қилади. Ўша кузга ёлғизлик ва мулоҳазакорлик ярашарди. Энди эса у осмонни оғриқли шовқиндан кўкарган хунуклик бўғиб қўйди. Бундай кузни камдан-кам ҳолларда уйларини тарк этадиган, кондиционерлар остида зулматда яшайдиган одамлар аллақачон унутишди. Тақвимдан биламанки, куз эндигина яқинлашмоқда, аммо иссиқлик даҳшатини қамраган кондиционерлар ҳар бир уйда гумбурлайди. Агар тушлик пайтида кўчага чиқсангиз ва тупроқ йўл бўйлаб ўтсангиз камдан-кам ҳолларда оқ нурни кўрасиз. Атрофда асосан қизил машиналар фитилга ўхшаш узлуксиз порлаб турувчи оқимларни бирлаштирганча, иссиқ кўмир аланга олиб қизаргандек, зич човгумда бирин-кетин судралиб ўтишади. Шу лаҳзаларда йўлкаларда юрган одамлар ёпишқоқ тер билан қопланган — бир хира кўринишдек намоён бўлишади. Бундай пайтда мен сабабсиз уйдан ташқарига чиқмайман. Одатда бу вақтда мен ухлайман. Мен тун бўйи уйғоқ бўлишим мумкин, аммо кундузи ухлашим керак. Агар куннинг ярмида ухламасам, у ҳолда кечгача бошим оғрийди. Кундузги тушларимда Чжу Цзыцин куйлаган нилуфарлар гуллаган тўғонларни кўраман. Гарчи нилуфар ёзги гул эканлигига ишонишса-да, мен телевизор дастурлари ва журналлар орқали биламан, кузнинг бошида Пекинда нилуфарлар жуда тез гуллайди. Ҳовузлар нилуфар гулларига ва уларнинг бироз жигарранг поялари билар тўлдирилганда мен яқин ўртада куз байрами келишини тушунаман. Тушги таомдан сўнг жуда узоқ вақт ухлайман: ўн иккида ётаман, энг эрта уйғонсам учда, баъзан эса тўртда тураман. Кўзларимни аранг очиб, салқин сув билан юзимни ювганимда тушдан кейинги қуёш дераза ойналарини зарҳал қилиб улгурган бўлади. Ётоқдан буткул қўзғолиб, дарҳол ўзимга бир пиёла чой дамлайманда, оҳиста столга ўтираман. Агар хотиним ёнимда бўлмаса, мен сигарет ёқаман. Сигарет чекаётганда маромида дамланган чой ичиш шунчалик ажойибки, буни сўзлар билан етказа олмайман. Чой ичиб китобларни варақлашни бошлайман: негаки кечки овқатдан кейин мен ҳеч нарса ёзмайман. Мен ҳеч қачон виждонан ўқиш одатини ривожлантирмаганман: шу сабаб китобларни одатда охиридан ўқийман. Агар қизиқ туюлса мен бошидан ўқишни бошлайман. Қирқ ёшга етганимдан бери қанчалик устамонлик билан ёзилган бўлса ҳам, мен бошидан-охиригача сабр билан ўқиган биронта ҳам китоб бўлган эмас. Биламан бу жуда ёмон одат, аммо энди уни тузатиш мумкин эмас. Бир муддат ўқигач, мен бироз чарчаганимни ҳис қиламан, аслида буни зерикиш дейиш мумкин. Мен қафасга қамалган ёввойи ҳайвон каби хона ичида айланаман. Баъзан мен ўн йиллар олдин сотиб олган «Hitachi» телевизорини ёқаман. Унинг диагонали 21 дюмга тенг ва у ишлаб чиқилган вақтида энг яхши телевизорлардан бири бўлган. Мен уни божсиз дўкондан сотиб олдим, чет элда бўлганимда рухсат этилган пулларни бир қисмини шунга сарфладим. Сўнги йилларда япон маҳсулотларининг сифати кўпинча танқид қилинса-да, менинг уйимдаги телевизор жуда зўр, гарчанд у мени баъзан зериктирса-да, товар сифатида сифатли эканлиги ҳақиқат. Ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида мен уни ҳар куни ёқиб келмоқдаман, аммо ҳозиргача унинг овози қўнғироқдек жаранглайди. Уни ташлаб юборишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Агар телевизорда бирор-бир мусиқий наво янграса, мен завқ билан сассиз титрай бошлайман. Бутун вужудимни мусиқа остида силкиниши менинг зиммамдадир. Мен зудлик билан қўлларимни бадминтон ракеткасига айлантираман ва бутун хонани мусиқага тўлдираман, миямдан кераксиз фикрларни чиқараман, ўзимни унутаман — ва таъажжубки, буни яна сўзлар етказа олмайди. Мен чарчоқ туфайли айланишни ҳеч қачон тўхтатмайман, негаки тўхтаганим ҳамоноқ ўйин тугайди. Ўйин тугаган асно умидсизлик бошланади. Мен тушкунликка қарши шундай курашаман: одатда музлаткични очаман ва овқатланиш учун бирор бир нарса қидираман. «Toshiba» маркали музлаткич, бу ҳам японларники. Телевизор сингари у ҳам олмон маркалари учун бож олинмайдиган дўкондан сотиб олинган. Яқинда бузилиб қолганди, лекин хотиним таёқ билан урганда яна ишлай бошлади. Одатда овқатни мен музлаткичдан топаман, лекин у ерда ҳеч нарса бўлмаса, хотиним мени уйимдан узоқ бўлмаган сабзавот бозорига юборади. Биламан, у кўпроқ ҳаракатда бўлишим учун мени кўчага шу тахлит ҳайдайди. Шу боис баъзан тушдан кейин Пекиндаги сабзавот бозоридаги дўконларнинг атрофида уймалашиб юришим мумкин. Илгарилари Пекиндаги фаслларни нафақат осмоннинг ранги ва ўсимликларнинг ҳолати билан, балки бозорда сотиладиган мева-чевалар билан ажратиш мумкин эди. Кузнинг ўртаси бу — нашвати, олма, узум, тарвуз ва қовун каби ширин мевалар вақти. Бу ерлар замонавий Пекинга мутлақо ўхшамайди: бутун дунёдаги мевалар океанлар орқали бир кечада бизнинг савдо расталарига етказилиши мумкин. Боғдорчиликда шундай ютуқларга эришдикки, меваларнинг пишишини кутиш энди у қадар муҳим эмас. Илгарилари куз ўртасида тарвузлар камдан-кам ҳолларда учрарди, печка олдида ўтирган ҳолда тарвуз истеъмол қилиш бир орзу эди. Баҳаққи энди ташқарида қор бўрони бўлган тақдирда ҳам сиз бозордан тарвуз сотиб олишингиз мумкин. Хайнанда қишнинг қирчиллама пайтида тарвуз сотилиши ҳақиқатан ҳам ажабланарли эмас. Айни пайтда бозорларда Пекин яқинидаги иссиқхоналарда етиштирилган тарвузлар сотилмоқда. Бозорда мевалар ва сабзавотларнинг танлови шунчалик кўпки, кўзларингиз ярақлаб очилиб, нимага қарашни ҳам билмай қоласиз. Кўп яхши нарсалар бўлса, улар ичидан янада яхшисини танлаш осон эмас. Бозордан уйга қайтишда файега кираверишда кечки газетани оламан. Пекин оқшоми газетасига обуна бўлганимдан бери ўзимни пекинлик каби ҳис қила бошладим. Пекин оқшоми газетаси миллион нусхада нашр этилади, ҳар сафар саҳифалари кенгайиб, рекламалар тобора кўпроқ бериб борилмоқда. Биринчи саҳифада одамга қизиқарли нарса ёзилмайди — бу телевизион янгиликларнинг дастлабки ўн дақиқасига жуда ўхшайди. Бошқа саҳифаларда қизиқ нарса бўлиши мумкин, аммо ҳар қанақасига уларни ўқигантмдан сўнг дарҳол унутаман. Кечки газетани кечки овқат пайтигача ўқиб тугатаман. Кечки овқатдан сўнг содир бўладиган воқеаларни энди бу эссенинг мавзусига алоқаси йўқ, чунки мен фақат кун ўртасидан кечки овқатгача қилган ишим ҳақида айта олишим ва бу ҳақда ёза олишим мумкин. Тушдан кейинги воқеаларга қайтсак, баъзан бу пайтлар журналистлар интервью олиш учун олдимга келишади, баъзан эса мен бу вақтда меҳмонларни қабул қиламаг: баъзилари дўстлар, баъзилари бегоналар. Интервьюдан жуда зерикаман, аммо уларни савол беришдан тўхтата олмайсиз, шунинг учун мен ҳам уларга вақти-вақти билан такрорланадиган бемаъни гапларни айтаман. Дўстлар ташриф буюрган чоғларда эса бу суҳбатлар интервьюдан кўра анча қизиқарли туюлади: биз чой ичамиз, чекамиз, ҳар хил нарсалар ҳақида гаплашамиз, баъзан ёзувчи ўртоқларни муҳокама қилишдан ҳам тийилмаймиз. Илгарилари менинг тилим суяксиз эди ва алал-оқибат мен кўпчилик олдида айбдордек бўлиб қолдим, лекин энди етуклик насиб этиб етарли тажриба ва ҳийла-найранг кўрсатишга устамон бўлганимдан кейин мен одамларни танқид қилмай қўйганман, магарки мен бирор-бир нарса айтсам, демак мен ҳамма нарсани айтаман, агар бу инсон ҳақида айтадиган яхши нарса бўлмаса, мен индамайман, ёки гапни об-ҳавога бураман, ҳа, ҳа, ҳа… Башарти мавзуга қайтсак, Пекинда барча тўрт фасл аниқ ва тиниқ ва куз уч ой давом этади деб ишонилади. Уларнинг гапларига кирадиган бўлсак, Пекинда куз йилнинг энг яхши даври бўлиши керак, кузнинг ўртаси қандай вақт ва ҳолатга тўғри келишидан қатъий назар энг яхши вақт деб айҳоннос солишади. Мен кичкиналигимда туғилган гўшам Шандонгда яшаганимда, мен доимо куз ўртаси келишини интиқиб кутардим, чунки куз байрамида осмонда катта тўлин ой пайдо бўлишидан ташқари, ер устида ой пишириқлари ҳам пайдо бўлади. Шу лаҳзада Су Донгпонинг машҳур мисралари ёдга келади: У буни машқ пайтида ёзган. У мен туғилган гўшаларни бошқарган. Ўша пайтлардаёқ улар ой тўлишини қанчалик кутишганлигини илғаш мумкин. У пайтлар ой пишириқларини истеъмол қилиш анъанаси йўқ бўлган шекилли, агар бор бўлганда Су Донгпо бу ҳақда ёзган бўлар эди. Мўғуллар империяси даврида уларга қарши қўзғалон тайёрлаётган хитойликлар занжабил пояларига ёзувлар қолдиришган ва совғалар алмашиш баҳонасида хабар алмашиш учун мўйналар пишириқларга тўлдирилган. Мен кичкиналигимда, ички Мўғилистонда мол сотадиган одамдан эшитган эдимки, мўғуллар 8-ойнинг 15-куни даштга қочиб майсалар орасига яширинишган. Бу ҳақиқат ё ёлғонлигини билмайман. Чунки тақдирнинг гирдобидан ўтиб, ҳозирда ҳаммамиз бир-биримизга жуда яқин бўлиб қолдик. Энди улар ҳам ҳамма нарсани ой пишириқларига боғлашмоқда — чунки у пайтлар қоғоз йўқ эди. Менга ҳар доим куз ўртасидаги байрам Пекинда ихтиро қилингандай туюлади, у пайтлар Пекин Юан империясининг пойтахти Даду деб аталган. Юан шаҳар деворининг харобалари мен илгари яшаган Сяохитиан ҳудудига жуда яқин жойлашган. Деворнинг юқори қисмида дарахтлар ўстирилган ва агар сиз куз пешинида бу кичкина дарахтзор остида турсангиз, унда Пекин кузининг гўзаллигини яхшироқ ҳис қилиш имконига эга бўлардингиз. Балки бу эссени ҳам яхшироқ ёзишим учун у ерда ҳеч бўлмаса, бир марта боришим керакдир. Бунда ўрта куз кунидан бир ой олдин Буюк Гингербреад урушининг дебочаси аллақачон бошланган ва дарахтлар баргларида қизиллик югурган. Ой пишириқларининг хилма-хиллиги шунчалик кўпки, одамнинг танлаши қийин. Барчаси ташқи тарафдан жуда чиройли, аммо таъми ўртача. Мен жаноб Лу Син(1)нинг ҳикоясидан Цзю-жин бувидек туюлишим мумкин, лекин у мендан фарқли ўлароқ замонавий овқатларни адолатли баҳолай олмайди. Аслида бугунги кунда ой пишириқлари учун ишлатиладиган ингредиентлар аввалгиларга қараганда анча яхши, шунинг учун унинг таъми ҳам янада яхши бўлиши керак. Бизга ёқмайдигани бу ой пишириқлари эмас, балки улар қадоқланадиган қутилардир. Улар худди кичик саройлар каби олтиндек ялтираб турибди. Нима учун бундай чиройли қутиларга озиқ-овқат йиғиш кераклигини тушунолмаяпман. Мен ҳар йили ой пишириқларини сотиб олиш борасида жуда кўп ташвишланаман. Одамлар чиндан ҳам ташвишлрни ўз бошларига ўзлари сотиб олишади, илм-фан ривожланиб борган сари ташвишларимиз ҳам кўпайиб бормоқда. Пекин кузига қойил қолиш учун энг машҳур жой, албатта Сианшан деб ўйлайман. Бу жуда ҳам ғаройиб маскан, чунки бу ерда кузнинг охирига келиб тоғ ён бағридаги ўрмон қизил рангга бурканади. Энг узоқ барглари қизил рангда турадиган дарахт чинор ҳисобланади. Ўйлайманки ўз даврида Цао Сюэцин(2) кузнинг қизил баргларини тамоша қилиш учун Сианшан қўйнига келган, Налань Синдэ(3) ҳам ўша даврнинг бошқа кўплаб сарой аристократлари ва таниқли одамлари сингари бу ерга келган албатта. Чжоу Зуорен узоқ вақт давомида шу ердаги маҳаллий маъбадда яшаган, шунинг учун унинг барча асарлари кузга тўйинган ва куз баргларининг аниқ ажралиб турадиган ранг хоссаларига эга. Мен Пекинда 20 йилдан ортиқ вақтдан бери яшайман, лекин ҳеч қачон Сианшанда бўлмаганман. Бироқ бу жой менга бегона деб айта олмайман: чунки бошим устида устида маҳаллий қизил барглар шовуллаб турибди. Аммо агар мен ҳақиқатан ҳам Сианшанга борадиган бўлсам, ундан муқаррар равишда кўнглим қолган бўлар эди. Мен иламанки, қизил кузги япроқларга қойил қолишни истаганлар барглардан кўра кўпроқ табиатнинг гўзаллигини сокин муҳитда ҳис қилишлари керак: шовқин ва беҳуда нарсалар бунга халақит беради. Тушдан кейинги Пекин кузини тамоша қиларканман, ниҳоят мен тушдан кейин ҳеч нарса ёзмаслик одатимни ўзгартиришга қарор қилдим: эндиликда ёзув столимга ўтирганча қадим даврони замон шоирларнинг куз ҳақида ёзганларини хотирлайман. Инчунун: Ёки: Барглар бирин-кетин тўкила бошлайди, кечиккан куз тўлқинлари Донгтинг кўли бўйлаб думалаб тушади. Шу пайтда одамлар кузгу қайғу ҳақида гапиришади, чунки куз бизга ҳар қандай гулнинг сўниши билан тугашини кўрсатиб беради, аммо буни тескарисини ҳам баҳс қилганлар топилади. Масалан, Ли Бо ёзган: Ва мана Лю Юйси ҳам ёзади: «Антик даврдан бери куз ғамгинлик, ёлғизлик ва бўшлиқни келтириб чиқаради, мен бунинг тарихи бундан ҳам узоқ деб ишонаман. У баҳордан устун келади. Булутларнинг устида, осмонда ёлғиз унинг қанотлари ҳарир пардек сузиб юрибди.(7). Ду Фу бир шеърида эслаганидек: Хуан Чао эса шундай ёзади: Т Мана Мао Цзэдуннинг шеъри: Бу шеърларда кузги қайғуга қарши гапирилган бўлса-да, шоирларимиз уларни қувонч ва шодлик билан алмаштирмадилар, билъакс, тарк этишни мағрур ачинарли қайғу билан алмаштирдилар. Изоҳлар:
2021-06-01
http://nodirabegim.uz/archives/3544
-Ижод сиз учун нима? – аудиторияда савол янгради. Машаққатли меҳнат, изтироб, дард, ҳузур, эҳтиёж… ўттиз беш хил жавоб айтилди. Аммо савол эгасининг жавоби бир умрга хотиримда муҳрланиб қолди: -Ижод, бу – мубталолик! Аудитория эшигидан ихчам, ўрта бўй, соч-соқолига қиров қўнган, юзидан ҳамиша нур ёғилиб турадиган бу инсоннинг хатлаши биланоқ, хонага қуёш кириб келгандек бўлади. Юзига ярашиқ ним табассуми танимаган-нетмаган одамнинг ҳам юрак ютиб, кўнгил тортиб мулоқот қилишига, ўртадаги парданинг кўтарилишига ишорадек туюлади. Яратган суюкли бандаларига бошқаларга ҳам суюкли бўлиши учун юзига шундай нур ато этиб қўйганмикин, деб ўйлаб қоламан. Қайси издиҳом, қай мажлисга кирмасин, ўзидан меҳр, иссиқлик, нур таратади. Қараб турасиз-у, Қуёш-одам эмасмикан, деган хаёлга борасиз. Устознинг вазмин қадам олишлари, баъзан юзини ерга тикиб, баъзан икки қўлини орқага жуфтлаб ўйчан нигоҳ, маъюс чеҳра билан юришлари шу кетишида кўнглида тинимсиз ғалаён, тафаккурида чексиз ўйни босиб, ортмоқлаб, миясида янги асарни пишитиб кетаётгани тасаввурини беради. Дарс жараёнида бир жойда тек турмай, хона аро айланиб, биримизга ҳазил, биримизга сўроқ билан юзланганида, шошиб, тараддудланиб қолардик. Соатлаб қилинган маъруза сонияда ўтиб кетгандек бўларди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмас ташбеҳ, закий нигоҳ, топқирлик, ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган туғма дид, фаросат, беадоқ тасаввур, самимияти билан талабаларни яхши маънода ўзига мубтало қилиб қўйган бу муаллим – Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети ўқитувчиси Хуршид Дўстмуҳаммад эди. “Журналист бор шароитдан камчилик топмаса, журналист эмас. Ҳар қанақа жамиятга ижодкор, зиёли нимага керак? Сергак торттириш, огоҳ этиш, нуқсонини кўрсатиш учун. Олқишлайдиганлар топилади, жуда кўп. ”. Бу сўзларига журналист фаолияти давомида, айниқса республикада илк ташкил қилинган “Ҳуррият” мустақил газетасига муҳаррирлик қилган кезлари (1997–2002) содиқ қолди, ўтли, ўткир мақолалар босилди, кўплари ҳодисага айланди, резонанс берди. Аввалига “Муаллим дегани шундай бўлса-да!” дея бу инсонга биргина шу нисбатни қистирганимга кейинчалик кўп уялдим. Уялтирганига, шундай инсон билан замондош этганига шукурлар қиламан. Хуршид Дўстмуҳаммад нафақат педагог, балки ҳақ сўзни, ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган журналист, халқ дарди билан ёниб-куйиб юрадиган депутат, кўз илғамас маъноларни илиб олувчи нуктадон олим, “ҳазми оғир” ёзувчи, энг муҳими ва мушкули, яхши инсон ҳам. Худо қодир қилса, бир инсон жуссаси шунча сифат, “оғир юк”ни Сизифнинг харсангидек кўтариб юра олар экан-да! “Кўнгил кишиси “оромкурси” билан чиқиша олармикин? Ижодга, руҳиятга таъсири йўқми депутатликнинг?” ўрни келганида сўраганим бу саволга “Мутлақо! Кунига беш-олти одам мурожаат билан келади. Ҳаётни, одамларни кўрасиз. Воқеликка яқинроқ бўласиз. Улар дардини айтади, мен хаёл суриб ўтираман. Депутатлик ҳам ижодкордек гап. Зарари бўлмайди”, – деганди Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Набиевич. Инсоннинг исми тақдирини белгилайди, деганлари ҳақиқат бўлса, Хуршид одамлар орасидаги қуёш бўлиб, шу миссияда бу дунёга келгани айни ҳақиқат. Қуёш иситади, Ерни яшнатади ва ўз ўрнида зимистонда кўзга кўринмаган нуқсонларни фош этиб қўяди. Хуршид Дўстмуҳаммад инсон, синалувчи, синовлардан ўтувчи сифатида бу вазифаларни тўла-тўкис адо эта олди, дея иккиланмай айта оламиз. “Ҳақиқатни пана қилган булутлар тарқаб, яна қуёш чарақлайди. Вақти келса, гарчи кўзимиздан тирқираб ёш чиқса ҳам ўша қуёшга – ҳақиқатга тик қарашга мажбурмиз. Воқеликни қандай бўлса, борича гапириш – ҳақиқатни айтиш, адолатни тиклаш дегани. Бу – одамлар орасидаги, муносабатлардаги қуёшдир!”. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг суҳбатини тинглаб, англайманки, инсоннинг ботинида не бўлса, вужуд нима билан тўйинган бўлса, зоҳирга, сўзга ўша чиқади. Айланиб-ўргилиб, бу инсоннинг тили нур, ҳақиқат, одамийлик деган сўзларга тутилиб қолаверади. “Кўнгилнинг аслида расми, суврати йўқ. Агар унинг расмини чизиш мумкин бўлса, у нурдан иборат бўлади. Кўзни оладиган, кўзга қадаладиган нур эмас, майин нур… Кўпинча кўнгилчан, таъсирчан, кўнгли нозик одамларни бошқача атаймиз а? Йўқ, бу одамга берилган улуғ мукофот. Қаранг, ҳар нарсага тебраниб, титраб туради-я! Санъат, бу – ана шу нозиклик, ана шу мўъжизанинг меваси”. Адабиёт, мусиқа, тасвирий санъат, кино – қўйингки, санъатнинг барча турларини мунаққидлардан қолишмас даражада синчковлик, нозиклик, пухталик билан таҳлил қилади, ўрганади, ўрганишдан тўхтамайди. Севимли ёзувчиси Ф.Достоевский асарларига қайта-қайта мурожаат қилади, Тенгиз Абуладзе фильмларидан бемисл завқ туяди, Казимир Малевичнинг “Қора квадрат”ига тикилиб, ҳаёт ҳақида хаёлга берилади, мусиқа тинглаб қоғоз қоралайди… Ва дейди: “Ўткан кунлар” романининг эпицентри қаер? – Хўжа Маъоз қабристонининг тасвири. Бутун воқеанинг ҳаммаси ўша икки-икки ярим саҳифалик тасвирда мужассам”. Ёки Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романига тўхталиб, дейди: “Жиноят ва жазо”ни ҳаммамиз ўқиганмиз. Воқеа битта: талаба боши айланиб, гангиб, опа-сингилларни ўлдириб қўйди. Бўлди. Энди ёстиқдек китоб ана шу қотилликнинг мулоҳазасига бағишланган. Тўғри қилдимми, йўқми? Мен ҳақманми бошқами?.. Асар охиригача изтироб чекади, ўйлайди. Аммо жавоб топилмайди. Асар тугайди. Достоевский айтади, воқеалар тугаб, ана шу воқеалар ҳақида изтироблар бошланган нуқтада бадиий адабиёт бошланади, деб”. “Казимир Малевич. “Қора квадрат”. Бир қараганда, битта қоғозни қора бўёқ билан бўяб қўйгандек. Ёш бола ҳам чизаверади-ку! Нимасига бунча дунё санъат шинавандалари ҳайратга тушади? Палон миллион долларга сотиб олади? Қора ранг ҳаётга кўпроқ разм солишга мажбур қилади. Унга қараб, ҳамма ўз ҳаётини ўйлайди, ўтиб кетган умрга секииин қайрилиб қарайди, мушоҳада юритади. Кўзни беркитиб мушоҳада қилиш кўзни очиб мушоҳада қилишдан кўпроқ самара беради. Шунинг учун қора рангда маъно кўпроқ. Оқ ранг – шўхчанлик, қувноқлик, шодлик рамзи, қора рангда эса мулоҳазакорлик, ўйчанлик, диққат қилиш кўпроқ акс этади. Ҳаёт – ранглар симфониясидан иборат. Битта оқ ёки қора ранг билан ҳаёт жуда зерикарли бўларди”. Бу каби топилмаларни ҳар ким ҳам топа оладими? Жузъий воқелик, ишорадан маъно чиқара оладими? -Ижодкорга ҳамиша нима керак? -Ижодий шароит керак. Бу шароитни жамият яратади, ижодкорнинг оиласи, ўзи яратади. Ижодкорни кайфият кишиси дейдилар-у, лекин ижодкор қачон кайфиятим яхши бўлади деб ўтирса, иш орқага чўзилиб кетади. Масалан, ўзим кайфият яхши бўлганда, ўтириб, роҳат қилиб ёзаман. Баъзан жаҳл, баъзан зарда билан ёзасиз. Баъзан бетобликда, тушкунликда ёзилади… Хуршид Дўстмуҳаммад ёлғизликка, тинчликка, сокинликка мойил одам. Қий-чув, дабдабани, базми жамшидни кўпам хушламайди. “Мен бундай давраларда одамни эмас, оломонни кўраман, – дейди у. – Шошган одамлар, фикрламаётган одамлар… Дунёнинг ўзи шиддатли тезликнинг қурбонига айланиб турибди. Айни шундай паллаларда Кафка, М.Пруст, Ж.Жойс, Г.Маркес биз – шошаётган одамларни тоғдек машинами, танкми бўлиб, елкамиздан ушлаб тўхтатиб туради. “Шошма, одамзод, шошма!” дея. Темур Пўлатов, англанган дақиқаларнигина умр, дейди”. -Армонларимдан бири – мусиқий асбоблардан, ҳеч қурса, бирини чалишни ўрганмаганим, – дейди севимли адибимиз суҳбатларидан бирида. – Мусиқа дидни тарбиялайди, ором беради, жунбишга келтиради. Мусиқани тушунмаган одам кўп нарсалардан бебаҳра қолиб кетади. Ҳар бир асарни ҳали яралмасидан ўз оҳанги, мусиқаси бўлади. Мана, “Ёлғиз” асарим “Чўли ироқ” садолари остида яратилган. Бу қўшиқ эса Хуршид Дўстмуҳаммад ҳаётининг серенадаси. У ҳаёт манзарасини ҳам, моҳиятию ҳикматини ҳам чархпалакда деб билади. Чархпалакни яхши кўради. Унинг фалсафасича, ҳаёт тинимсиз ҳаракатдан иборат. Бу ҳаракатнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Чархпалак – энг доно, энг донишманд. Ўзбек меҳнаткашига, ўзбек деҳқонига ўхшайди. Тиним билмас, ғичир-ғичир қилиб, машаққат билан айланаверади. Шуниси билан унда донолик, кўҳналик, абадият рамзи бор. “Дунёда кўнгилни, виждон, ориятни сотмай, инсон бўлиб қолмоқликнинг иложи борми? Шарти, сири нимада?” дея кўп ўйлайман. Жавобни умри ибрат олса арзигулик инсонлар ўгитидан қидираман. “Ҳаётимни ўзгартириб юборган, жиддий таъсир кўрсатган китоб – “Одоб-ахлоқ гўзаллиги” бўлган, – дейди ахлоқ-одоби чиндан ҳам гўзал Хуршид Дўстмуҳаммад. – Бу китоб талабаликнинг 3-4-босқич пайтларида қўлимга тушган. Рус тилида эди. Мен уни “Фаросат китоби”, “Назокат китоби” деган бўлардим. Ўқиб чиққач, бошқача одам бўлишим керак, деган талаб қўйганман ўзимга. Ётоқхонадагиларга зўрлаб, мажбурлаб ўқитганман ўша китобни. Учратганки инсонимни ўша мезонларга соламан-у, ҳа энди шунақа эканмиз-да, деб қўяман. Ҳафа бўлиб кетаман. Имконим бўлса, шу китобни ўзбек тилига таржима қилиб, ҳар бир келиннинг сепига қўшиб қўярдим”. Ёзувчи инсон феълидаги салбий иллатлардан ҳайратлана-сиқила кўп асарлар яратди: “Жажман”, “Бозор”, “Донишманд Сизиф”, “Чаёнгул”, “Беозор қушнинг қарғиши”, “Нусхакашнинг меросхўри”, “Оромкурси”… Ноинсоф, муттаҳам инсонлар билан бир умр муроса қилолмади, юлғич, беорларнинг юзига тупурди, йўлига юрмади… Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида унинг ўзи гапиради. Ижозатингиз билан хулосани ўзингизга қолдираман, устоз! “Ҳар битта инсон ўзича бир тилсим, ўзича бир роман. Ана шу романни қайта-қайта ўқигим келади. “Ўткан кунлар”ники йигирма марталаб ўқиб тушунмасангиз, битта одамни қачон тушунасиз?! Яхши дейишингиз мумкин, жаҳли тез, меҳрибон дейишингиз мумкин… бу ҳали ҳаммасимас. Қалбига кириб бораверсангиз, турли ҳолатларда ўрганаверсангиз, янги-янги қирраларини кашф этаверасиз…”.
2021-08-01
http://nodirabegim.uz/archives/3556
Одам кундалик вазифаларини бажариши, корхонаси, уйи, ўзи яшаб турган жамият олдидаги турли-туман мажбуриятларини бажариши учун унга қувват керак бўлади. Бу қувватни у озиқ-овқатдан, уйқудан, кўнгил очувчи хордиқдан олади. Аммо айрим одамларга бу манбалар етарли бўлмайди. Улар ўзларига яна қўшимча, нималигини ўзлари ҳам яхши тушунмайдиган мажбуриятлар юклаб, бу мажбуриятларни бажариш учун қўшимча қувват манбалари қидирадилар. Кимдир бу манбани ичимликдан, кимдир одамлар билан муносабатлардан топади, кимдир спорт билан, яна кимдир бирор ҳунар билан шуғулланади. У ўқирди ва ёзарди. Ёшлигида онаси доим уни койир эди: -Сенга шу китоблардан нима фойда? Уйда шунча иш туриб, уялмайсанми, китоб ўқиб ётишга? Сен тенги болалар мол боқяпти, ғишт қуйяпти, даладан ўт ташияпти… Бироқ бу гаплар унга кор қилмади. Бора-бора онаси ҳам унинг бемаъни қилиқларига кўникди, ўғлининг мактабнинг олди ўқувчиларидан бўлгани, кейинчалик қийналмай олийгоҳга киргани, кўпчиликнинг унга ҳавас қилишини кўриб тақдирга тан берди. Талабаликнинг сершовқин, ташвишли йилларида бироз ортга чекинган касалллик У ишга кириб оилали бўлгач яна хуруж қила бошлади. Оилавий ташвишлар гирибонидан олганда, оила аъзоларининг бир-биридан мураккаб, ўзаро қарама-қарши эҳтиёжларини қаноатлантира олмай қийналганда, оила бюджети муаммоларини ҳал қила олмай боши қотганда, кечалари, баъзан кундузи ҳам, дам олиш кунлари ҳам тинмай ўқирди ва ёзарди — ўзи хақида, бошқалар хақида, табиат, жамият, бутун олам ва хатто худо хақида – ўқиш ва ёзиш билан куч-қувват олар, шу билан юпанарди. Аммо оиласидагилар унинг ўқиш — ёзишини қуюшқонга сиғмайдиган бемаънилик деб ҳисоблашар, оиладаги барча қийинчилик ва камчиликларга унинг бефойда машғулотларини сабаб деб кўрсатишарди. -Қачонгача сизнинг бу бир қайнови ичидаги қилиқларингизга чидаймиз?! Оиладаги ҳамма ишлар менинг бўйнимда, у ердаги чўпни бу ерга олмайсиз, оила муаммоларини ўйламайсиз, ўқиш — ёзишингиздан сариқ чақа фойда йўқ! Болаларга ҳам ёмон ибрат кўрсатяпсиз,- деб жаврарди хотини унинг соатлаб қоғоз устида мук тушиб ўтиришлари жонига текканда. Хотини ижодий ишлардан йироқ бўлиб, мана шу ёзувлар эрига куч-қувват бағишлаётганлиги, уни турли — туман ёмон одатлардан, қинғир ишлардан сақлаётганлигини, соғлиғи, бир жойда қўним топиб ишлаши, юқори маоши — ҳамммаси мана шу ёзувларга боғлиқ эканини тушунмас эди. Шунинг учун У индамас, кечаси билан ёзиб, эртасига яна тирикчиликнинг ола хуржунини елкасига осиб уйдан чиқиб кетарди. У катта ташкилотда мухандис бўлиб ишларди. Мураккаб мухандислик муамоларини ечишга куч топа олмай қолганда, катта-кичик бошлиқларнинг чеки-чегараси йўқ топшириқларини бажаришдан толиққанда, айниқса бўлар-бўлмас, лавозим вазифаларига кирмайдиган, баъзан уларга батамом зид бўлган топшириқларини бажаришга тўғри келганда, қонундаги саккиз соат ўрнига ўн икки-ўн тўрт соатлаб ишлашдан тинка-мадори қуриб, фикри хиралаша бошлаганда у яна ўқир ёки ёза бошларди. Иш орасида, тушки танаффусда, ишдан кейин, мажлислар залида – иш дафтарларининг четига, хизмат хужжатлари чоп этилган қоғозларнинг орқа томонига, интернет саҳифаларига – ўзи хақида, ўз касби, атрофидаги одамлар, олам ва жамият хақида ёзарди. Баъзан бошлиғи унинг бу машғулотини кўриб қолар ва унга танбеҳ берарди: -Нима кераги бор, мана шу ишларнинг? Бунинг ўрнига ишхонанинг ишлари билан шуғулланмайсизми? Бу ёқда режа бажарилмай ётибди, бу хақда фақат мен қайғуришим керакми? Ўз вазифангиз бўйича ишиингиз бўлмаса фалончи – фистончиларга ёрдам беринг, нима хақингиз бор ишхона қоғозини, қурилмаларини бошқа ишлар учн сарфлашга?!- Бошлиқнинг ижодий ишлар хақида тушунчалари чекланган эди ва Унинг ўз вазифаларини вақтида бажариши, ишлаб чиқаришга Унинг томонидан киритилган янгиликлар, Унинг билим ва тажрибаларининг негизи ана шу ёзувларда эканлигини тушуна олмасди. Шунинг учун бошлиғининг ва айрим хамкасабаларининг танбеҳларига У индамай қулоқ солар ва жавоб бермас эди. Кунлардан бир куни у Мухаррир билан танишиб қолди. Мухаррирга Унинг ёзувлари ёқиб қолди. Шундан бошлаб Унинг ёзувлари газетада кўрина бошлади, Унинг ўқувчилари ҳам пайдо бўлди. Муҳаррир эса Унинг ёзувларини дарҳол қабул қилар, уларни деярли таҳрирсиз босмага берар ҳамда Унинг ёзувлари хақида сахийлик билан мақтов сўзларини ёғдирарди, хатто унча катта бўлмаса ҳам қалам хақи тўларди. У янада кўпроқ ёза бошлади, У ҳурсанд эди, ёзувлари газетада чиққанига эмас, олаётган қалам хақига ҳам эмас, балки ўз ёзувлари хақида ниҳоят танбеҳлар ва масхаралар эмас, мақтов сўзлари эшита бошлаганлигидан, гарчи бу мақтовлар хақиқатга унчалик тўғри келмаслигини билса-да, хурсанд эди. Бироқ, олган қалам хақини уйга тўлиқ олиб келиб берса ҳам, хотини уни койишдан тўхтамади, ишхонадаги хамкасаблари ва бошлиқлари ҳам Унинг таклифларини ишлаб чиқаришга жорий этиб мукофотлар беришса-да, адабиёт майдонидаги ютуқларига кўпам эътибор бермадилар. Ва ниҳоят вақти келиб у нафақага чиқди. Иш ташвишларидан қутулгач, бошқалардай ўзини деҳқончилик ёки тадбиркорликка урмади, зиммасида оиласи олдида қарзлари етарли эканлигига қарамай, пул топиш учун узоқ ўлкаларга отланмади – муаммоларининг ечимини яна китоблардан қидирди, яна ўқишга ва ёзишга зўр берди. Шу пайт эски таниши Муҳаррир уни ҳузурига чақирди. Уни таҳририятига ишга олишини, Унинг учун етарли шароит яратиб беришини, катта маош тўлашини, Ундан эса янги ёзувлар кутишини айтди. У эртасигаёқ таҳририятга бир қучоқ китоб ва ёзувлари билан етиб келди. Унга устахонадан янги чиққан стол-стул ажратиб беришди, ёзув қуроллари ва китоблар тақдим этишди, хатто бепул тушки овқат билан ҳам таъминлашди. У ўзини етти қават осмон устида ҳис қилди, бутун вужуди билан китоб ва қоғозлар ичига шўнғиди, атрофдаги оламни, елкасини тоғдай босиб ётган муаммоларини унутгандай бўлди. Бир ҳафта эртаклардагидай ўтди. У бирданига бир неча ёзувга қўл урди, столини қоғозларга тўлдириб ташлади, атрофдаги кишиларни, бўлаётган воқеаларни ҳам сезмай фақат ёзувлари билан банд бўлди. Бироқ айтилган топшириқларга дарҳол қўл уришдан тийилди, чунки биров томонидан берилган мавзуни ўзиникидай бўлиши учун, мавзу мияда пишиб етилиши учун вақт кераклигини биларди. Бир куни уни Муҳаррир уни ҳузурига чақирди ва нима учундир кўзларини четга олиб деди: -Сиз мана шу ёзувлардан қачон бўшайсиз? Таҳририятда ишлар тиқилиб ётибди. Эшикларга қулф ўрнатиш, ходимларга тушлик тайёрлаш, банкка бориш – ҳаммаси менинг елкамда, ахир мен бир ўзим қийналиб кетдим. Қандай қилиб кечгача ўтириб фақат ёзиш ва кечқурун хотиржам уйга кетиш мумкин? Бошқа ишлар фақат менга керакми? Хафа бўлманг, ўрнингизга бошқа ёшроқ ходим оламан. Менга ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиган, газетани сота оладиган, мен бугун айтган нарсани эртага ёзиб қўлимга тутқизадиган ходим керак. Муҳаррир ижод маҳсулларини сотиб олар ва сотарди, шунинг учун ҳам уларнинг баҳосини биларди. Лекин ижодий ишнинг табиатини, бундай иш учун катта куч, узоқ вақт, темирдай мустаҳкам асаб ва яна бирмунча ақл ҳам керак бўлишини, энг муҳими ижодий ишни бошқа ишлар билан қўшиб бажариш қийинлигини Муҳаррир билмас эди. У ижодкор учун иш жойи, иш асбоблари, қулай шароит кераклигини биларди, аммо у ижодкор учун булардан ҳам кўра кўпроқ эркинлик, фикрларда мустақиллик, мавзу танлаш имкони ва албатта бўш вақт зарурлигини билмас эди. У индамай китоблар ва қоғозларини йиғиштирди. Муҳаррир унинг ортидан: -Фақат мендан хафа бўлманг, ёзувларингизни олиб келаверинг, уларни мендан бошқа ҳеч ким барибир тушунмайди, мен сизга гонорар бераман, — деганча қолди. У ортига қарамай автобус бекатига қараб юраркан, кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, ўзини босиш, кераксиз харакатлар, ортиқча гап – сўзлардан тийилиш учун бор кучини сарфлар, хаёлида турли — туман саволлар ғужғон ўйнарди: -Нима учун ўқиш ва ёзиш ҳақиқий меҳнат ҳисобланмайди? -Одамлар нима учун бу машғулотларнинг меваларидан фойдаланишни ёқтиришади-ю, бу машғулот билан шуғулланишга йўл қўйишмайди? -Нима учун ижодкор меҳнати иш юритувчи, савдогар, югурдак, муҳаррир, дизайнер меҳнатидан паст баҳоланиши керак? У қанча китоб ўқиган, қанча ихтиролар қилган бўлса ҳам бу саволларга жавоб тополмади ва умрида биринчи марта бундан кейин ҳеч қачон, ҳеч нарса тўғрисида ёзмасликка ва ҳаётининг қолган қисмини бошқа ишларга сарфлашга аҳд қилди…
2021-10-01
http://nodirabegim.uz/archives/3602
Биринчи галда каттакон афиша тайёрланади. Каттакон. Хўжа Насриддинга қандай балиқ тутдингиз деса, қулочини кенг ёзиб “мана бундай” дейди-ку ошириб-тошириб, муболаға қилиб, худди ана шундай ҳажмда бўлади афиша. Драмадаги икки қария-Владимир ва Эстрагоннинг фақирона афт-ангорлари, жулдур кийим-кечакларга бурканган таналари рассомнинг рангин бўёқлари ёрдамида бежалиб-бежалиб, одам қиёфасига келтирилади. Уларнинг ўртасига менимча драма номи ва муаллиф исми-шарифи жойлаштирилса керак. Балки Бэккетнинг кўзойнакли бирор бир расми ҳам ўхшамаган тарзда ундан ўрин олар. Афишанинг кўзга кўпроқ ташланадиган қисми премьера санаси ва вақти учун ажратилади. Агар рассом фаросатли, шунингдек тарғиботга муккасидан кетган бўлса, унинг бўш қолган қисмига “жаҳон адабиёти дурдонаси” деб ими-жимида ёзиб қўяди. Ҳар ҳолда тарғиботни қанчалик улкан кучга эга эканлигини, атрофдагиларни магнитдек ўзига тортишини ўзбек адабий муҳити тажрибасидан хабардор бўлган кўпчилик билади. Ўзбекона, менталитет руҳи бўрттирилган, миллийликни ўзида акс эттирган драмаларга ўрганган қора кўзларга бу афиша чивин чаққанчалик таъсир қилмайди, десам адашган бўламан. Таъсир қилади. Биринчи галда- ноодатий номи, албатта. Муаллифини эса танимай, аксар кишилар шунчаки бош чайқашади. Шунга қарамай чипталар ҳар ҳолда сотилади, чунки адабиётдан озгина хабари бўлган, боз устига теарга қизиқувчи исталган одам ўзи таниган муаллифдан кўра танимаган муаллифи асарини ўқиш-у томоша қилишга ўч бўлади. Демак, чипталар сотилади. Одамлар навбатда туриб чипта олишмаса-да, эрталабдан кечгача театр кассаси олдида одам қораси ўчмайди. Бекорчиликни бўйнига олган бирор киши четга ўтиб кузатиб турса, шубҳасиз ҳар соатда битта ёки иккита одамни у ерда чипта хариди учун чўнтагини кавлаб турганининг гувоҳи бўлади. Театр премьераси куни зал одамларга лиқ тўлади, десам ошириб юборган бўламан. Менимча, унинг ярми ҳам тўлмайди. Яна ким билади дейсиз. Худонинг марҳамати кенг. Тўлиб-тошиб кетса ҳам ажабмас. Театр бошланишига оз қолганида томошабинларнинг кўпчилиги қўлларидаги газли ширин сув ва ичига сосиска солинган кулча нон билан жой-жойларига ўрнашиб олишади. Парда кўтарилиб, театр бошланади. Гриммдаги актёрлар қиёфасида Владимир ва Эстрагон исмли иккита қария- жулдур кийимлари ва йиртиқ пойабзалларида тантанали равишда саҳнага чиқиб келишади. Бояги томошабинлар уларни кўриб, бир сонияга қизиқиш билан саҳна томонга қараб қўйишади-да, сўнг гоҳ эснаб, гоҳ чалп-чулп этиб гўштли нонни чайнашни, газли сувдан ҳўплашни бошлаб юборишади ва шу тарзда саҳнани чала-чулпа кузатишга ўтишади. Уларнинг кам сонли, юзларига жиддий тус берган, ўзларини юксак дидли деб биладиган зиёли қатлами саҳнага синчков нигоҳларини қаратишади. Саҳнада бўлса қариялар ўзаро лақиллашиб, бири иккинчисининг саволига эринмай ва обдон жавоб бериб, бошлари ва у ер-бу ерларини қашиган ҳолда, тирноқлари кирини сўришиб, Годони кута бошлашади. -Годо қачон келаркин?- дейди бири. Иккинчиси: -Ҳозир келиб қолса керак,- дейди бамайлихотир. Гододан эса ҳадеганда дарак бўлмайди. Худди атайин қилгандек у саҳнага чиқишни пайсалга солаверади. Шунда “қаерда қолди экан бу Годо”, деган ўй ярми кавшанаётган, ярми жиддийлик ниқобида ўтирган томошабинларнинг ҳам ўйларига сўроқсиз суқилиб киришни, уларни мудом безовта қилишни, уларда турли -туман мавҳум саволларни уйғотишни бошлайди. Уларни ҳам саҳнадаги қарияларга ўхшаб юраклари эзилиб, бесаранжом алфозда, бетоқат бўлиб ва бир оз асабийлашиб Годони кутишдан бошқа чоралари қолмайди: “Годо, қанисан”,” Годо, ярамас қаерда қолдинг”, “ээ, онангни сени, Годо”… Орада газли сув идиши бўшайди, гўштли нон еб тугатилади. Спектакль бош қаҳрамонини саҳнага чиқмаётгани туфайли Худонинг бу икки қўли ва лунжлари бўш қолган бандаларидан тортиб юзига ақлли тус берган, дидли бандаларигача лаҳза ўтмай залворли ташвишланиш гирдобида қолишади. Ахир, «Андишали келинчак” ёки “Чимилдиқ” каби спектаклларда бундай бўлмаган, бош қаҳрамон шундоққина улар кўз ўнгида спектаклнинг бошидан охиригача гап сотган, саҳнадан чиқиб кетмай ўз ҳатти-ҳаракатлари ва монолог-у диалоглари билан роса уларни хушнуд этганди-да. Улар шуни ўйлаб ҳеч бу драма ўлгурга тушунишмайди (айниқса, зиёли қатлам). Годо тентак-чи, янада уларни асабийлаштириб, саҳнага чиқишни кечиктиради. У бу билан зални тўлдирмай ўтирган томошабинларни “эҳтимол унинг роли топширилан актёр пардоз хонасида қолиб кетгандир”, “ролнинг чала қолган қисмини ёдлаёгандир”, “мазаси қочиб қолгандир” каби ўнлаб тахминлар билан бир-бирларига юрак ютиб гапиришларига замин ҳозирлайди. Саҳнадаги икки қария ҳам уларнинг бу оламшумул ташвишларини аритиш ўрнига ўлганнинг устига тепган қилиб Годони кутишда давом этишади. -Годо келармикин?- дейди тағин биринчиси. — Келиб қолар,- дейди иккинчиси. Кейин улар ўша ўзларига ўхшаб Годони кутавериб пажмурда ҳолга келган дарахт олдидан уй-уйларига тарқалишади. Иккинчи, учинчи ва кейинги саҳна кўринишларида ҳам булар яна ўша дарахт ёнига боришади ҳамда юқоридаги диалоглари такрор кўриниш олади. -Э, худойим- деб юборади томошабинлардан бири шунда юраги тарс ёрилгудек бўлиб.- Бу нимаси?! -Шу дарахтга ўт тушсин!-дейди иккинчиси қовоғини солиб. Учинчиси Годони қарияларга қўшилиб чақиришга шай ҳолда ўрнидан туради, бироқ истиҳола қилиб жойига қайтиб ўтиради. Зиёли қатлам кўнглидан эса “Бэккет драма ёзишни билмас экан” деган ўй ўтади. Годо ўлгур барибир саҳнага чиқмайди. Чиқмайди ярамас. Эндиям атайин қилаётгандек туюлади томошабинларга. Томошабинлар аллақачон уни ўз тасаввурларида гавдалантиришган ҳолда бир-бирларига пичирлашиб, қўл ҳаракатлари билан бу топилмалари хусусида сўз қотишни бошлаб юборишади. Театр зали Чаплиннинг овозсиз ва изоҳли кино ленталарини эслатадиган кадрларга айланиб кетади. -Годо семиз кишимикин? -Бўйи баландмикин ё паканамикин? -Соқолли киши бўлса керак. -Балки шляпада кўриниш берар. -Манавиларга ўхшаб жулдур кийимда чиқмаслиги аниқ. Уни жаноб деб тилга олишяпти-ку! -Юрак сиқилиб кетди-ю бу Годони кутиб. -Энди саҳнага чиқса кўрамиз-да қанақалигини. -Эзворди, саҳнага чиқа қолса-чи. Залдаги шивир-шивирлар бир уммон тўлқини каби зал бўйлаб сузишни бошлайди. Годони бутун зал илҳақ бўлиб кутади. Кўп ўтмай худди залнинг устидан кулгандек анави иккита киши бир пасда тўртта бўлиб қолишади. Саҳнага яна икки киши -Поццо ва Лакки чиқиб келишади. Улар ҳам томошабинлар томонга қараб оз-моз гапиришади-да, боягиларга қўшилиб Годони кутишни ихтиёр қилишади. Годо эса йўқ. Йўқ ва яна йўқ. Охири юракларни эзворган, тушунарсиз ва театр репертуаридаги энг омадсиз спектакль ҳам ўз якунига етади. Саҳна пардалари туширилаётганини кўрган томошабинлар бир-бирларига анграйиб елка қисишади ва кўзларини бақрайтириб театр биносини тарк этишади. Годони кўролмай армонда қолишди деб бўлмайди уларни. Улар шунчаки бош қаҳрамонсиз спектаклни кўришганига кўниколмай уйларига қайтишади. Эртасига улар иш жойларига йўл олишади ва Годо ҳам, уни кутишга ихтисослашган ғалати спектакль ҳам кўпининг эсидан чиқиб кетади. Барчаси ҳаёт ва тирикчилик уммонига шўнғиб кетишади. Фақатгина уларнинг орасида бўлган кам сонли зиёли қатлам- адабиётшунос, ёзувчи, шоир, газетачи ва шуларга ўхшаган бало-баттарлар айюҳаннос солиб, жамиятни бошларига кўтаришади. -Бэккетнинг драмаси драматургия қонун-қоидаларига тамомила зид,- деб гап бошлайди адабиётшунос ўзи таҳсил берадиган Олий адабиёт курсида тажрибасиз талабаларига қарата.- Унда бош қаҳрамон деярли саҳнада кўринмайди. Бу драманинг асосий унсурини бузиб ўтиш демакдир. Буни Уйғун ёки Яшин домла кечиришмасди. Сизларга тавсия қилмайман. Анъанавий драмаларни ўқишда давом этинг. -Бэккетнинг драмаси менталитетимизга зид,- дейди ёзувчи ўзи аъзо бўлган уюшмадаги драматургия кенгашида (қизиқ, менталитет ҳақида у ерда бирорта гап-сўз бўладими? Масалан, анави иккита қария бир жинсли жуфтликларга ҳавас қилишиб ўпишишадими, ё улардан бири саҳнада табиий эҳтиёжини қондирадими, ё жулдур кийимларини ечиб ташлайдими?)- Ўта ғарбона (адабиётни шарқ ва ғарбга ажратадиган ношудлар қачон йўқ бўлиб кетаркин-а). Беҳбудийдан қолган миллий театримизни (яхшиям Беҳбудий театрга асос солган экан) бу каби ғарб унсурларига тўлиб-тошган драмалар билан бойитмаслигимиз керак. -Бэккетнинг драмасида ҳиссиёт йўқ, ҳиссиёт,- даврани қизитади ҳавойи шоир ўзига ўхшаган тўрт-бешта шериги билан “Лесная Поляна” кафесида (балки кафе номи “Ясная Поляна”дир) чўчқадек ичиб ўтирган пайти.- Шахсан мени илҳомлантирмади. Бўлди, у ҳақида шеър ёзмайман. Қуруқ драма, қуруқ. Эҳ, мен қуйидаги кўринишда ёзаётгандим шеър: Кўп эзилдим Годони кутиб Бермади у афсус кўриниш. Кулди гўё саҳна ортидан Қасос олиб мендан ўзича. -“Годони кутиб” драмаси ҳақида нима дейишим мумкин, -дейди журналист ўзи ишлайдиган газетада драма ҳақида қисқача материал тайёрлаётиб.- Жуда зерикарли. Томошабиннинг вақти бош қаҳрамонни кутиш билан ўтиб кетади. Бэккетни мақташларини ҳечам тушунмайман.
2020-05-11
http://nodirabegim.uz/archives/3221
“Манчестер Юнайтед” футбол клуби бундан ўн йиллар олдин Англия ички биринчилигида жудаям даҳшатли футбол намойиш этарди. У маҳаллий стадионда бўладими ё меҳмон стадиондами, ўз рақиблари билан куч синашаркан, ўйин охирида шунақанги қутуриб, ваҳшийлашиб кетардики, натижада рақиб жамоа ўз-ўзидан ютқазишни истаб қоларди. Сўнгги ўн дақиқаликдаги кулминациясида жангга менгазаладиган ўйин фақат битта жамоа жарима майдончаси атрофида кечар, қип-қизил либосдаги Манчестерликлар рақибни ҳалқасимон тарзда қуршаб олиб, шиддатли ҳужумлар ташкил қилишар ва бирин-кетин унинг дарвозасини ишғол қилишарди. Шарҳловчи уларни бир-бирларига тўп ошириб, тезкор ҳаракатланишларини ва ҳужумдаги ўйинлари тезлигини шарҳлаб улгурмасди. Мени эса телевизор қаршисида ўтириб, кўзларим тиниб кетар ва ҳар сафар у бақириб-чақириб, пафос билан “қизил иблислар ҳужумга ўтишди” деса юрагим орқасига тортиб кетарди. “Манчестер юнайтед” футбол клубининг норасмий номи шундай эди: қизил иблислар. Ғалати ном, шундай эмасми? Очиғи шарҳловчи ҳар гал шу номни тилга олса, ўн тўққизинчи аср бошидаги Қўқон мухториятини большевиклар бошчилигида ўққа тутилиши ва маҳаллий водий аҳолисини дашноқи арманлар томонидан оммавий қирғин қилиниши кўз олдимга келади. Бошқача бўлмайди. Фақат шундай бўлади. Телевизор экранидаги футбол майдони катта бир қотиллик майдонига айланади-да, лаҳза ўтмай унда тўплар гумбурлайди, порохнинг ачқимтир ҳидидан юзага келиб, атрофни қоплаган тутунлар кўзни хиралаштиради, ўзини қатли омдан қутқариш учун ўққа-чўққа ураётган ёш-у қари эркаклар, гўдаклар ва хотин-халажнинг аччиқ фарёди қулоққа қўрғошиндек қуйилади, олдин ҳам бир тийинлик қадри бўлмаган инсон қони дарё ўзанидаги сув каби тўлиб-тошиб оқади, кўзлари қонсираган большевикларнинг легионерлари-дашноқи арманларнинг пичоқ, ойболта ва қиличлари кўзни қамаштириб қуёш нурида ялтирайди, елкасига милтик осган большевик зобитларнинг сигор тутатиб, вазиятни хотиржам кузатиб турган, “расстрелять!” деб рус тилида кўрсатма беришганида бир туки ҳам ўзгармаган совуқ башаралари элас-элас кўринади. Негадир доим “Манчестер Юнайтед”нинг ўйинларини кузатаётганимда мураккаб руҳий ҳолатга тушиб, анчагача шу каби олисдаги ўтмиш манзаралари таъсиридан чиқиб кета олмай қоламан. Ўлганнинг устига тепган қилиб, шарҳловчи ҳам тиним билмай, паузасиз шарҳлашдан тўхтамайди: “Қизил иблислар ҳужумни кучайтиришяпти”, “Қизил иблислар рақибни янчиб ташлаш арафасида”, “Қизил иблисларнинг ҳолдан тойган рақибига ҳавас қилиб бўлмайди”, “Биринчи бўлимдаги ҳолат алдамчи экан, қизил иблислар гўл ва узоқни кўра билмаган ўлжаларини қопқонга туширишгандек”, “Қизил иблисларнинг навбатдаги айёрона ғалабаси”… Қўқон мухторияти, унинг атрофига тўпланган жадидлар-у Туркистон зиёлилари ҳақидаги маълум, субъектив ва ҳаддан ташқари идеаллаштирилган муносабатлар баёнини, тарихий фактларни, улар ҳақида ёзилган турли-туман рисолаларни шу тобда баҳам кўриш, шарҳлаш, изоҳлаш ёки уларга раддия билдириш ниятим йўқ. Бундай ниятдан йироқман, алалхусус. Шусиз ҳам мустақиллик йилларида тарихимизнинг бу оғриқли қисми ҳақида кўплаб илмий-оммабоп, бадиий ва тарихий рисолалар битилган, докторлик диссертациялари ёқланган, уни ёритганларга академик ва профессор унвонлари оммавий тарқатилган. Маълумотлар яхлитланиб, жамланса бир неча жилдлик китоб бўлади. Мен шунчаки ўша пайтдаги Туркистон, бу мухторият ва унинг атрофига тўпланган зиёлилар-у жадидлар ҳақидаги ўй ҳамда хулосаларим негадир шу туманли альбиондаги машҳур футбол клубини учрашувларида кўпинча вужудимни ёриб чиқишини, телба хаёллар қуршовида бир ўзимни ёлғиз қолдиришини, юрагимни тўқсон дақиқа давомида эзишини ҳеч тушунолмаганимни таъкидламоқчиман, холос. Ўша пайтлар шундай эди. Буни тушунмас, тагига етолмасдим. Бошқа томондан нега айнан шанба ёки якшанба кунлари бўлиб ўтадиган Англия биринчилигининг “Манчестер Юнайтед” иштирокидаги ўйинлари мобайнида бундай бўлиши мени гоҳ ҳайрон қолдирса, гоҳ асабийлаштирарди. Ҳафта давомида итдек ишлаб, бор энергиямни сарфлаб, бўш турган қопдан фарқим қолмай бўшашиб, дам олиш кунларига амаллаб етиб олгач, қувончим ва қизиқишим бўлган футболдан бошқалардек завқ олиш ўрнига юракни эзадиган ўйлар гирдобида қолишим алам қиларди. Менимча энди тушунгандекман. Шу ерда озгина лирик чекинишга нима дейсиз? Ўн йиллар олдинги “Манчестер Юнайтед” футбол клуби ҳали ҳануз эсимда. У пайтда бутунлай бошқача жамоа эди бу клуб. Кучли, айёр, баджаҳл, муросасиз ва бераҳм… Боз устига устозидек жиддий. Қизил иблислар билан бўладиган учрашувларда аввалига рақиб жамоа учун барчаси ажойиб бошланарди. Учрашувдан олдин жамоалар майдонга чиқиб келишар, бир-бирларига қўл узатиб илиқ кўришишар, майдон четида дунёга табассум улашганча жамоавий суратга тушишар, кейин ҳар бири одоб сақлаган ҳолда майдоннинг ўзларига ажратилган қисмига ўтишарди. Ҳакам ҳуштагини чалиб, ўйин бошланганини маълум қилгач ҳам барчаси маромида, осуда тарза кечарди. Туриб-туриб шунга ҳайрон қолардим. Қизил иблислар тўпни фақат ўзлари назорат қилмай, рақибга ҳам вақти-вақти билан беришар, уни ўз дарвозалари яқинига йўлатиб туришар, позицион ҳужум қилишига қўйиб беришар ва ҳатто бир-иккита гол совға қилишарди. Рақиб бундан ҳаво олиб, эркин ҳаракат қилишни бошлар, улар билан тенгма тенг ўйин кўрсатишга, улардан ҳатто баъзи жабҳаларда, масалан қисқа ва узун узатмаларда устунлик қилишни-да уддаларди. Юқорида айтганимдек, кўпинча биринчи бўлимда қизил иблислар ўз рақибларига битта ёки иккита гол уриш имконини беришарди. Шунда ҳам улардаги хотиржамлик ва совуққонликка қойил қолардим. Улар гол ўтказиб юборишган бўлишса-да, назоратни йўқотишмас ва пинакларини бузмай ўйнашда давом этишарди. Иккинчи бўлим бошларида ҳам рақиб улар томонидан совға сифатида олинган эркинликка тўла ишониб, бамайлихотир ўйнашдан чекинмасди. Натижада, четдан кузатган одамга унинг стратегияси ва тактикасида камчиликлар кўзга ташланар, мақталган ҳимояси тирқишларга тўлиб бораётгандек туюлар, ҳужуми кучли эмасдек, фақат қизил иблислар исташгани учунгина биринчи бўлимда голлар ургандек тасаввур уйғонишни бошларди. Иккинчи бўлим ўртасига бориб, гўл ва соддалигига бориб, рақиб ҳам жисмоний, ҳам маънавий кучини майдонда батамом сарфлаб бўларди. Бўлимнинг охирларига бориб, энди унда ҳимояланиш учун ҳам умуман куч қолмас, таркибда бирдамлик йўқолгани ойдинлашар, ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасидаги боғламлар узилгани кўзга ташланарди. Шунда тўсатдан қизил иблислар уйғонишарди ва худди ўлжасига увиллаб, тўдалашиб ташланадиган бўрилардек рақибни ўз жарима майдончасига қисиб қўйиб, ҳалқасимон қилиб ўраб олишарди. Заҳирадан майдонга тушган легионерлар уларга бу борада кўмак беришар, бунинг самараси ўлароқ, улар шиддат билан рақибни эзишни, эркин ҳаракатини бўғишни, ҳимоясини совун кўпигидек парчалаб ташлашни, жисмоний тайёргарликда ортда қолдириб, қириб ташлашни йўлга қўйишарди. Рақиб бўлса нима бўлаётганини тушунмас, ўзини вакуум ичида сезгандек тобора нафас олиши қийинлашиб, чалажон ўликдан фарқи қолмаётганига кўзи етар, тезроқ ўйин тугашини, қандай ҳисобда бўлса-да, бу масхараомуз қатли ом тезроқ якунланишини истаб қоларди. Кўпинча ўйин даҳшатли якун топарди. Таблода биринчи бўлимда ёниб турган 0-2 ҳисоби, ўйин якунида қандай қилиб 4-2 ёки 6-2 га айланиб қолганини англолмай, рақиб боши эгик ҳолда майдонни тарк этарди. Йигирманчи асрнинг ўнинчи йиллари охиридаги Туркистонда ташкил қилинган Қўқон мухторияти атрофидаги воқеаларни мана шу “Манчестер Юнайтед”нинг мозийдаги ўйинига ўхшатаман. Туркистонни Англиядаги исталган стадионга ўхшатиш мумкин: “Олд траффордга”ми, “Стэмфорд бриджга”ми ёки “Энфилд Роуд”га. Унинг зиёли қатлами болалигидан феодал тузум ичида катта бўлгани учун сиёсий билим бобидаги нўноқлик ва шарқона менталитетдаги гўл қилиб тарбиялаш анъанаси фонида большевикларнинг ҳийласига учган, ноғорасига ўйнаган. Лениннинг “барча халқлар озоддир, улар ўз тақдирларини ўзлари белгилаш ҳуқуқига эгадирлар, Чор Россияси йўқ энди” деган гапларига ишониш ва яқин келажакдаги эрк фожеасини ўз вақтида кўра билмаслик учун ўша пайтда ё сиёсий нўноқ, ё менталитетида юқори фоизда гўллик аломати бўлиши керак эди ўша жамиятнинг. Адабий билими ёки даҳолик унсурлари етарли миқдорда бўлса ҳам, сиёсий билим кам бўлса, ҳеч қандай давлат қуриб бўлмайди. Қолаверса, давлат қуришни истаганлар феодал тузумда катта бўлган, менталитет қон-қонига сингиб кетган бўлса, бу иш янада душворлашади. Чор Россияси мустамлакаси бўлган Туркистон унинг ўрнига келган большевиклар сиймосида дўст, ҳаммаслак, ишончли ҳамкорни кўриши мантиқсизлик эди. Негаки бир мустамлакачи кетиб, ўрнига бошқаси келган, мантиқан олиб қаралганда фақат шакл ўзгарган, аммо мазмун ўз кучида қолганди. Шунга қарамай бир гуруҳ зиёлилар инқилобнинг дастлабки кунларида большевикларга ишонишган, уларнинг қиёфасида Туркистон озодлигига эришиш йўлидаги кўмакчи иттифоқдошларни кўришганди (буни ҳеч бир тарихчи инкор қила олмайди, инкор қилаётганлари шунчаки идеалистлар, холос). Хўш, кейин нима бўлди? Қўқон мухторияти билан боғлиқ фожеа барчанинг эсида. Менга алам қилгани уни тўпга тутилиб, йўқ қилингани ёки атрофидаги зиёлилар тутдек тўкилгани эмас. Бу ҳам миллат фожеасидир балки. Менга алам қилгани бошқа нарса: ўшанда большевиклар ва уларга зарур пайтда хизмат қилиш учун Фарғона водийси бўйича аҳоли орасига жойлаштириб чиқилган дашноқи арманлар томонидан қиличдан ўтказилган минглаб одамлар гўё ҳеч нимани билмай, яшин тезлигида бўлган қонҳўрликни хазм қилиб улгурмай кўзлари юмилганди. Эҳтимол арманлар қилич, пичоқ ва ойболталарини яланғочлаб келишганида Марғилон, Қўқон, Фарғона, Андижонда оддий одамлар эрталаб кўзларини очиб, худога шукрона қилишган, юз-қўлларини ювиб, нонушта қилиб, хотиржам ва ҳаловатда нафас олишаётган бир пайт бўлгандир. Кулол ўзининг эрталабки ишига шўнғиб, мўъжазгина коса, кўза ва лаганларини ясаш, уларни бозорга сотиш учун тайёрлаш билан машғул, новвой бўрсилдоқ патир ва ёғли ширмон нонларини тандирга ёпаётган ёки юзи қизариб узаётган, деҳқон енгини шимариб, ўз ерида ҳўкизи билан омоч ҳайдаётган, дурадгор қўшиқ хиргойи қилганча тахтали ромга ишлов бераётган, этикдўз фарзандларини дуо қилиб этик ямаётган, тикувчи чордана қуриб, банорас чопонларини тикаётган бир пайт бўлгандир. Бозорларда аҳоли кундалик эҳтиёжи учун қассобдан гўшт, тегирмончидан ун, баққолдан маиший буюмлар сотиб олаётган бир пайт бўлгандир. Мўмин-мусулмонлар масжидга намоз учун тўпланган, имомнинг насиҳатларини берилиб тинглаб ўтиришган, рукуга эгилиб ёки саждага бош қўйишган бир пайт бўлгандир. Болапақирлар худди Ойбекнинг “Болалик” қиссасида тасвирланган болакайдек кўча чангитиб, туршак кавшаниб чопиб юришган бир пайт бўлгандир. Хотин-халаж давра қуриб, паранжиларини бир пасга ечиб, енгил тин олиб гурунглашиб, кўк сомса ёки лағмон тановул қилиб ўтирган бир пайт бўлгандир… Исталганча тахмин ва фаразларга берилиш мумкин. Исталганча. Чексиз равишда. Аммо шуниси аниқки, бу фожеа ўшанда халқнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган ва назаримда шу боис кутилмаган даҳшатдан кўзи очиқ кетган қариялар, бешигида ётган ерида қорни ёрилган чақалоқлар, навбатма-навбат зўрланган аёллар, қўл ва оёғи чопилган эркаклар, қозиққа ўтқазилган ўсмирлар аслида нима бўлганини билолмай кўчаларда, ўз хонадонларида, бозорларда, масжидларда жон талвасасида хириллашган, “нима учун” деб Худога муножот қилишган. Уларнинг бу жувонмарг бўлган жонлари адабий билими мақталган бўлса-да, миллатпарвар ва даҳо саналган бўлса-да, янгилик етказувчи жадид сифатида кўкларга кўтарилган бўлса-да, феодал тузумда суяги қотгани сабаб сиёсий билими нўноқ бўлгани ва шарқона менталитет доирасидан чиқиб кета олмай, ўзбекона соддалигидан қутулишни эплолмаган бир гуруҳ Туркистон зиёлилари бўйнида қолади бир умр. Бошқаларни билмадим. Мен энди ўтган аср бошидаги Туркистондаги сиёсий вазият ва жадидлар ҳақида деярли ўқимай қўйганман. Қўқон мухторияти ҳақида ҳам. Шу геноцид ҳақида билиб, батафсил ўқиганимдан сўнг, чуқур қайғу важидан тарихий китоблар ва рисолаларга нисбатан хафсалам пир бўлган. Ўйлашимча, Қўқон мухторияти ёки унинг сиёсий раҳбарлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун бирор бир китобни титкилашга ҳожат ҳам йўқ аслида. Йигирма биринчи аср бошидаги “Манчестер Юнайтед” жамоасининг тасмага ёзиб олинган ўйинларини томоша қилиш кифоя.
2020-11-11
http://nodirabegim.uz/archives/3270
«Г-1 Чап қанот 149-хона М.С.Ф. 1990 Сизни яхши кўраман!» Ҳар сафар жўнатмаларимга шу сўзлар ёзилган қоғозни ёпиштираман. Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида мен каби жўнатма кўтариб келганлар кўп. Ҳамма қатори навбатга турдим. Жўнатмалар асосан, мева-чева, кийим-кечак ва сувдан иборат. Шоша-пиша тез ёрдам машинасида жон талвасасида келган беморлар ўзларига керакли нарсаларни олишни унутган, тўғрироғи, хаёлига ҳам келтирмаган. Бир аёл шиппак кўтариб олибди. Балки ўғлига, эрига ёки отасигадир. Буниси менга номаълум. Мен эса ҳар куни турмуш ўртоғим учун таом пишириб келаман. Тўғри бу ерда овқатга эҳтиёж йўқ. Аммо уларга ҳар куни егулик тайёрлаб ўрганиб қолганман. Бошқа тайёрлаб беролмай қолишдан қўрқиб ҳар куни келавераман. Келавераман. Ўзимни шу билан овутаман. Ҳамманинг дарди бир: яқинлари соғайиб кетса, бўлди. Нимадир керак бўлса, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келтиришади. Келган таксийимда қайтиб кетдим. Ҳайдовчи мени юпатгандай бўлди: «Йиғламанг, қизим, тузалиб кетаётганлар кўп. Ҳар куни дўхтирларни ишга олиб келиб қўяман. Коронавирус деганлари инсонларнинг ишончидан кучли эмас экан. Яхши ният қилинг!» Соат 02:00. Турмуш ўртоғимнинг нафаси сиқа бошлади. Тез ёрдам чақирдим. Бир зумда етиб келишди. Тиш-тирноғигача вирусдан ҳимояланиб олган шифокорларни кўриб, қизим йиғлай бошлади. Улардан қўрқди. Аммо улғайганида бу қўрқув ўрнини ишонч эгаллашини ҳали билмайди. Нажоткорлар келганини кўриб таскин топдим. Оғир аҳволда Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишди. Ҳеч қачон бундай қаттиқ азоб чекмаганман. Ҳолатим: Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди, дейдику. Фақат менга етмаса, майли эдия, бу ерда мен кабилар жуда кўп экан. Жоним бўғзимда тургандек, ҳозир ўлиб қоладигандекман. Тепамда Худо, қаршимда шифокорлар. Бошқа ҳеч ким ёрдам беролмайди. Хатто жуда қаттиқ яхши кўрсалар ҳам, жонларини беришга тайёр бўлсалар ҳам. Худо ва шифокорлар. Бошқа ҳеч ким йўқ. Орадан бир ҳафта ўтди. Ўлим билан олишдим. Аммо бу оқ халатли фаришталар нечта инсоннинг ўлими билан олишди. Олишяпти. Энди анча тузукман. Нафас олишим яхшиланяпти. Хонада уч киши эканмиз, энди эътибор берибман. Қўшни палатадан аёл кишининг фарёди эшитилди. Эри ўтиб қолган чоғи. Ваҳимага тушмаслигимиз учун эшикларни қулфлаб қўйишди. Аммо ҳаммамиз нима бўлганини яхши билардик. Бироздан кейин муолажа қилиш учун ҳамшира кириб келди. Доимгидек юзида табассум. Кўтаринки кайфиятда «Ҳа, азаматлар, қалайсиз? Кўринишингиз зўр. Бу кетишда тез орада жавоб бериб қолишади», деди. Ҳайрон қолдим. Яқингинада бир бемор ҳаётдан кўз юмди. Аммо ҳамшира… Кейин ўйлаб қолдим. У бизнинг тушкунликка тушмаслигимиз учун ўзини хотиржам, шодон кўрсатяпти. Аслида ичидан нима ўтаётганини ўзи билади. Ҳамширанинг юзида иккита ниқоб бор эди. Биринчиси вирусдан ҳимояловчи тиббий ниқоб, иккинчиси эса яхши кайфиятдаги, хурсанд инсон ниқоби. Демак, нафас олишга қийналаётган фақат биз эмас, шифокорларга ҳам иккита ниқоб остида нафас олиш осон бўлмаяпти… Келганимга ўн икки кун бўлди. Менга жавоб беришди. Аллоҳга шукр! Шу ўн икки кун давомида кўп нарсаларни англадим. Хулосам — яхшиям, шулар бор! Раҳмат сизга, жонкуяр шифокорлар! Нега шифокорлар оқ халат кияди? Халат дегани ўзи нима? Халат сўзи арабча “ҳил ат» сўзидан олинган бўлиб «шарафли либос» деган маънони англатади. Оқ халатли инсонни кўрсам, тўхтатиб раҳмат айтадиган даражага етдим. Чунки бу шарафли либос эгалари менга бахтимни қайтариб берди, боламга отасини қайтариб берди. Танаси бошқа дард билмас дейдилар. Ушбу ҳодисалар бошимдан ўтмагунча, барибир ҳеч нарсани тўлиқ ҳис қилмаган эканман. Касалланганлар сони, тузалганлар сони ва ҳоказо. Шунчаки ўтиб кетаверган эканман. Энди касалланганлар сони биттага ортса ҳам, юрагим ачишиб туради. Чунки биламан. Шу битта бемор учун қанча шифокор заҳмат чекади. Кечалари ухламайди. Оиласи билан кўришмайди. Номини эшитиб титрайдиган жойларимизда шифокорлар ишламоқда, яшамоқда. Ҳаётимнинг ўн икки кунини Оллоҳдан шифо тилаш билан ўтказдим. Ҳаётимнинг ўн икки кунини шифокорлардан нажот тилаш билан ўтказдим. Жўнатмаларим учун тайёрлаган қоғозларимнинг битта ортиқчаси бор экан. Ўша ўн икки кунни эсламаслик учун қоғозни йиртиб ташламоқчи бўлдим. Аммо кўзим қиймади. Асраб қўйишга қарор қилдим. Токи яхши кунларнинг қадрига етиб яшай: «Г-1 Чап қанот 149-хона М.С.Ф. 1990 Сизни яхши кўраман!»
2020-11-15
http://nodirabegim.uz/archives/3287
Жуда ёш пайтим, эҳтимол, беш ёки олти яшарлигимдадир, катта бўлсам ёзувчи бўлишимни ич-ичимдан ҳис қилардим. Ўн етти ёшимдан йигирма тўрт ёшимгача ана шу ғояни миядан сиқиб чикариш пайида бўлдим, бироқ, бу орқали ҳақиқий табиатимни таҳқирлаб келганимни ва тезда хушимни йиғиб олиб, китоб ёзишга киришишим кераклигини англаб етдим. Оилада уч фарзанднинг ўртанчаси эдим, бир-биримиздан беш ёшга фарқ қилардик. Саккиз ёшимгача отамни жуда кам кўрардим. Шу ва бошқа сабаблар туфайли ўзимни ёлғиз ҳис қилардим ва оғир феъл-атворим туфайли синфдошларим мени унча хушлашмасди. Мен каби ёлғиз болакай ҳикоялар ёзиш ва тасаввурий инсонлар билан суҳбатлашиш билан овунарди ва ўша даврлар таъсири ўлароқ, адабиётга интилишим одамлардан айролик ва қадрсизлик ҳисси билан қоришиб кетган бўлса керак деб ўйлайман. Сўзлар ва маълумотлар билан ишлашда ўзимда катта қобилият ва куч сезардим, шу билан бирга, айнан улар ҳаётимдаги муваффақиятсизлигим учун касос олишим мумкин бўлган шахсий оламимнинг бунёдкорлари эди. Ваҳоланки, бутун болалик ва ўспиринлик давримда ёзган жиддий, яъни жиддий услубда ёзишни ният қилган асарларим олти саҳифаям чиқмасди. Тўрт ёки беш яшар пайтимда илк шеъримни ёзгандим, ундаям онам айтганларимни қоғозга кўчириб турган. Ўша шеър битта йўлбарс ҳақидалиги ва унинг стул оёғига ўхшаб кетадиган тишлари эсимда қолган, тахминимча ўша шеър Блейкнинг «Йўлбарс, йўлбарс» шеъридан кўчирилган эди. Ўн бир ёшимда, яъни 1914-1918-йиллардаги Биринчи жаҳон уруши бошланган кезларда ёзилган ватанпарварлик руҳидаги шеърим икки йил ўтиб ёзилган Китчнер ўлимига бағишланган шеърим каби маҳаллий газетада босилиб чиқди. Сал ёшим улғайгач эса ора-чора табиат ҳақида грузинча услубда тугалланмаган шеърлар ижод қила бошладим. Лекин, ёзган қисқа ҳикоям кўнгилдагидек чиқмади. Бутун ўтган йиллар мобайнида қоғозга туширган жиддий ишларим мана шулардангина иборат эди. Ваҳоланки, ўтган давр ичида адабий фаолият билан машғул бўлдим. Жумладан, буюртма ишларни тез, осон ва унча ҳушламайгина ёзиб берардим. Мактабда берилган вазифалардан ташқари, ҳазиломуз шеърлар ҳам яратиб турардим, ҳатто ўн тўрт яшар пайтим нақ бир ҳафтанинг ичида Аристофанга тақлид тарзида бошдан-оёқ қофияланган пьеса ёзиб қўйдим, нашр этиладиган ва қўлёзма турдаги мактаб журналларини таҳрирлашга кўмаклашиб турардим. Ўша журналлар энг аянчли пародиялар манбаси эди ва уларда ҳозирги энг арзон журналистикада учраши мумкин бўлган муаммо-ю ташвишлар камроқ эди. Лекин, шу билан бирга, ўн беш ёки унданам ортиқроқ йиллардан бери ўзгача бир турдаги адабий машғулотни адо этиб келяпман, яъни ўзим ҳақимдаги хотирамда мавжуд ҳикояларни кундалик кўринишида узлуксиз равишда ёзиб келяпман. Бунақа одат ёш-у қари ҳаммада бўлса керак. Ёшгина болакай пайтим ўзимни Робин Гуд ва завқ-шавққа тўла саргузаштлар қаҳрамони деб тасаввур қилардим, бироқ тезда «ҳикоям» қўпол тарзда ўзим ҳақидаги мақтовга айланиб кетаверар, нималар қилаётганим ва кўрган-кечирганларимнинг шунчаки тасвири бўлиб чиқарди. Бир вақтнинг ўзида қуйидаги гаплар миямда чарх уриб айланарди: «У эшикни итариб очиб хонага кирди. Муслин пардалар орасидан тарқалаётган қуёшнинг сарғиш нурлари ярим очиқ гугурт қутиси ва сиёҳдон турган столга қия тушиб турарди. У ўнг қўлини чўнтагига солганча деразага яқинлашди. Кўчада малла мушук қулоксиз япроқни қувларди», ва ҳоказо. Ушбу ҳолат йигирма беш ёшимгача давом этди. Гарчи изланишим, мувофиқ сўзларни топишим кераклигини билсам ҳам, бу тасвирий уринишларим орқали ўз иродамга қарши бораётгандек, худди ташқаридан кимдир мажбурлаётгандек туюлаверарди. «Ҳикоя», фикри ожизимча, турли даврларда ўзим ёқтирган турли ёзувчилар услубини мужассам қилиши лозим эди, ваҳоланки, доим бир хил пухта тасвирий услубда ёзилиб қолаверарди. Ўн олти ёшлигимда кутилмаганда оддий сўзлар, яъни товуш ва сўз бирикмаларининг тароватини туйдим. Қуйидаги «Йўқолган жаннат» асаридан сатрлар: , унчалик ажойиб жарангламаса ҳам суяк-суягимгача титратади ва шу ерда қўлланилган «у» (инглизчада «hee» ва «he» сўзлари) бошқача завқ бағишларди. Нарсаларни тасвирлашга келсак, бу борада ҳамма нарсани аллақачон билиб бўлгандим. Шу боис ҳам ўша пайти ёзишни истаган китобларимнинг шакл-шамойили ўзимнинг истак-хоҳишларимдан келиб чиққан. Бахтсиз интиҳо билан якунланувчи, муфассал тасвирий ифодалар ва ўзига ром этувчи ўхшатишлар ва жаранги учунгина ишлатилган зангори сатрлар билан тўлиб тошган кўплаб табиийликни тараннум этувчи романлар ёзишни истардим. Эртароқ ёзишга жазм қилиб, бироқ ўттиз ёшимда ёзиб тугатганим «Бирма хотиралари» ўшандай романлар сирасига киради. Бу гапларни айтишимга сабаб ҳеч бир кимса ёзувчининг ёшлик даврларига назар солмай туриб унинг мотивларини баҳолашга қодир эмас. Унинг қамрайдиган доираси у яшайдиган давр билан ўлчанади, ҳеч бўлмаганда бизники сингари нотинч ва инқилобий даврлар каби, бироқ ёзишни бошламасдан бурун у ўзи ҳеч қачон батамом қочиб кетолмайдиган ҳиссий муносабатни ўзлаштириб бўлган бўлади. Шубҳасиз, феъл-атворини жиловлаш ёки ҳали ғўр пайтида тўхтаб қолишнинг олдини олиш бу унинг шахсий иши; лекин, мабодо ёшликдаги таъсирлардан ўзини олиб қочса, ёзишга ундовчи турткини ҳам ўлдирган бўлади. Тирикчиликдан ташқари, асар яратиш, аниқроғи насрий асарлар яратиш асосида тўртта омил ётади. Улар ҳар биттта ёзувчида ҳар хил даражада мавжуд бўлиб, вақт ўтган сари ёзувчи яшаётган муҳитга монанд равишда уларнинг нисбати ҳам ўзгара боради. Улар қуйидагилар: Ушбу турфа хил турткилар бир-бири билан қандай курашиши жоизлиги, қай тарзда инсондан инсонга ва замондан замонга ўзгариб боришини кузатиш осон. Табиатан, аслида менда тўртинчи турткига нисбатан дастлабки учтасининг таъсири устунроқ бўлиши керак. Агар тинч даврда яшаганимда, шунчаки тасвирий ва бўёқдор китоблар ёзиб қўяверардим ва, табиийки, сиёсий бурчларимдан деярли бехабар қолиб кетардим. Шундай бўлмагани учун ҳам памфлет ёзувчи бўлишга мажбур бўлдим. Дастлаб, беш йил мобайнида ўзимга мос бўлмаган касбда ишладим (Бирмада, Ҳиндистон императорлик полициясида), сўнгра қашшоқлик ва мағлублик аламини тортдим. Булар ҳокимиятга табиий нафратимни янада оширди ва илк маротаба ишчи қатлам мавжудлигидан бохабар бўлишимга сабаб бўлди. Бирмадаги фаолиятим эса мустабид сиёсат табиатини тушунишимга имкон берди, бироқ, улар барибир сиёсат бўйича ўз нуқтаи назаримни аниқлаш учун етарли эмас эди. Кейинчалик, Гитлер ҳокимият тепасига келди, Испанияда фуқаролар уруши ва ҳоказолар бўлиб бўлди. 1935-йил охиригача бир қатъий қарорга кела олмадим. Ўша даврдаги мураккаб ҳолатимни ифодалаб ёзган кичик бир шеъримни қуйида келтириб ўтаман: Қандай шод руҳоний бўлардим, Икки юз йил муқаддам. Боқий умрдан ваъзлар қилиб, Ёнғоқларим кузатардим дам-бадам. Таассуфки, нотинчликда туғилиб, Ул жаннатни бой бердим. Сабза урган мўйловим деб, Кўса роҳибликдан кечдим. Ўтди давримиз ҳам бирам ажойиб, Салга шодон кулардик, Нохуш ўйларни тутамлаб, Дарахт бағрига отардик. Энди яширилажак қувончим, Жоҳилларни ёндирарди, Олма шохидаги саъва қушим Душманларим титратарди. Бироқ қизлар бели-ю ўриклар, Кўланкада йўқолди. От-у ўрдакнинг саҳар парвози — Бари туш бўлиб қолди. Орзу қилишга ҳам тақиқ урилган, Қувончимиз эса майиб ё қувғин. Отлар хром пўлатлардан ясалган, Миқти семиз гавдалар тортар жиловин. Бир бора тўнтарилмаган чувалчангмиё, Балки аҳли ҳарамсиз бепуштдирман. Дарбадар — руҳоний ва комиссар аро Юджин Арам дек каллакесардирман. Комиссар тақдирим баён этарда, Ўйноқи радио бонгин чалади. Бу вақтда руҳоний Даггига «Остин етти» ни ваъда қилади. Мармар залларда кезиб юрганда, Уйғониб кетдим-у, барин тушундим: Замонга тамоман ўгай эканман! Смит ҳамми? Джонсчи? Сизчи? 1936-1937-йиллардаги Испаниядаги уруш ва бошқа воқеалар сабабли ўзимнинг сиёсий позициямни билиб олдим. 1936-йилдан буён ёзган жиддий асарларимнинг ҳар бир сатри бевосита ёки билвосита тоталитаризмни қоралаб, демократик социализмни ёқлайди. Шундай ҳодисалар даврида бунақа долзарб мавзулардан четга чиқиб ижод қилиш мумкинлигини мантиқсизлик деб биламан. Барча ёзувчилар у ёки бу усулда барибир улар ҳақида ёзади. Масала уларнинг қайси томонни танлаши ва қайси йўналишдан кетишидадир. Инсон ўз сиёсий қарашларидан қанча кўп хабардор бўлса, ўзининг эстетик ва интеллектуал мукаммаллигидан воз кечмаган ҳолда сиёсий фаол бўлишига шунча кўп имкони бўлади. Ўтган йиллар мобайнида қаттиқ амалга оширишни истаган ниятим бу – сиёсий ёзувчиликни санъат даражасига кўтариш эди. Бошланғич нуқтам доимо партизанлик ва адолатсизлик ҳисси эди. Китоб ёзишга ўтирганимда ҳеч қачон ўзимга «Санъат асари яратмоқчиман» демайман. Қўлимга қалам олишимга сабаб фош этилиши керак бўлган ёлғон ва эътибор жалб этувчи бирор маълумотнинг мавжудлигидир, мақсадим – одамларни улардан бохабар қилиш. Ваҳоланки, агар эстетик кечинма бўлмаганда, китоб ёзиш у ёқда турсин, ҳатто каттароқ мақола ҳам ёза олмасдим. Ёзганларимни кўздан кечирувчи бирор инсон мақолам ҳатто бошдан-оёқ пропаганда бўлса ҳам сиёсатчилар номақбул деб ҳисобловчи нимадир топади. Болалик пайтларимдан сингиб кетган дунёқарашимдан воз кечмайман ва воз кечишни истамайман ҳам. Токи тирик ва соғ-саломат эканман, насрий асарлар яратишда, заминимни севишда, қаттик жисмлардан ва кераксиз маълумотлар баҳсидан ҳузурланишда давом этавераман. Бу жиҳатимни яширишга уринишдан нима наф? Вазифам ўзимга ёққан ва ёкмаган нарсаларни оммани ва давр куч билан сингдирган жамоат фаолиятини муросага келтиришдан иборат. Бу эса осон эмас, чунки у орқали ўз навбатида тизимга ва тилга оид муаммолар, шунингдек, ҳақиқатни айтиш муаммоси юзага қалқийди. Битта қийинчиликни мисол сифатида келтираман. Испаниядаги фуқаролар уруши ҳақида ёзган китобим «Испанияга эътиқод» ана шундай очиқ, ҳиссиётлардан ҳоли сиёсий асар бўлиб, унда ўз адабий инстинктларимга зарар етказмасдан бутун ҳақиқатни очишга ҳаракат қилдим. Одатга хилоф равишда, асардаги битта узун боб Франко билан яширин режа тузганликда айбланган троцкийчиларнинг ёнини олиб ёзилган кўплаб газета иқтибослари ва ҳоказолардан иборат. Бир ё икки йилда оддий китобхон учун ўз қимматини йўқотадиган бунақанги боб бутун бир китобни хароб қилиши ойдек равшан. Мен қаттиқ ҳурмат қилувчи бир танқидчи бу борада менга маъруза қилди: «Нима учун буларнинг ҳаммасини киритдинг? Ажойиб бир китобни бошдан-оёқ журналистикага айлантириб юборибсанку!» Унинг айтганлари тўғри эди, аммо бошқача ёза олмасдим. Англиядаги бармоқ билан санарлик одамларгина бохабар бир сирдан воқиф бўлгандим: бегуноҳ одамларга айб қўйилаётганди. Бундан жаҳлим чиқмаганида китобни асло ёзмасдим. Мазкур муаммо у ёки бу шаклда қайта ва қайта чиқаверади. Тил масаласи анча нозик ва муҳокама қилишга анчайин кўп вақт оларди. Сўнгги йилларда тасвирийликни камайтириб, иложи борича аниқроқ ва лўндароқ ёза бошладим. Вақт ўтиши билан бирор ёзиш услубида мукаммаллик поғонасига чиққач, ундан доим зерикиб келганингизни ҳис этаркансиз. «Ҳайвонлар хўжалиги» сиёсий ва ижодий мақсадларимни муштарак этиб ёзишга аҳд қилган илк китобим эди. Етти йилдан буён роман ёзмадим, бироқ тез кунларда ёзишни бошламокчиман. Эҳтимол, муваффақиятли чиқмас, зеро ҳар бир китоб камчиликлардан иборат, лекин қандай китоб ёзмоқчилигимни аниқ биламан. Сўнгги варақларга боқиб, англадимки, мени қоғоз қоралашга ундовчи мотивлар халққа дахлдор бўлсада, дилимдагиларни баён қила олдим. Буни якуний таассуротдек қабул қилинишини истамасдим, зеро, барча ёзувчилар беъмани, худбин ва ялқов, уларнинг мотивлари тагида синоат яширин. Асар яратиш худди оғир касаллик билан курашишдек ёқимсиз ва толиқтирувчи иш. Ўзи на қаршилик кўрсата оладиган ва на тушунадиган бир шайтон уни турткиламаганида ҳеч бир кимса бунақа ишга бош суқмасди. Ёзувчи учун эса шайтон худди чақалоқни эътибор жалб қилиш учун бақириб йиғлашига ундовчи инстинкт кабидир. Яна шуниси аёнки, ўзининг шахсий хусусиятларини йўқ қилиш учун бардавом курашмайдиган ёзувчи ўқишга арзигулик ҳеч вақо ярата олмайди. Яхши асар худди дераза ойнасига ўхшайди. Юқоридаги мотивлардан менда қайси бири кучли эканлигини аниқ айтолмасамда, қайсинисининг изидан кетишимни яхши биламан. Ёзганларимни қайта кўздан кечириб, амин бўлдимки, аниқ сиёсий максадсиз юрган пайтларимда баландпарвоз жумлалар-у маъносиз гаплар, тасвирий сифатлашлар ва ёлғон сафсаталарга бой қисқа умр кўрувчи асарлар битган эканман. Юджин Арам – XVIII аср ўрталарида яшаган инглиз филологи ва ўқитувчиси. Тижорий шериги Кларкнинг сирли ўлимида айбдор деб топилиб, дорга осилган. «Остин етти» — Буюк Британияда 1922-1939-йилларда ишлаб чиқарилган тежамкор машина маркаси.
2020-11-27
http://nodirabegim.uz/archives/3351
“Умр ўтиб борар мисоли эртак”. Устоз Абдулла ака умрининг сўнгги йилларида дарё бўйларига, тўлқинлар шиддати бўлса ҳам, сокинлик ва осайишта хилват масканларга боргим келади деб, айтган эди суҳбатлашганимизда. “Дарёга бориб қанийди сувга айтсанг дардингни, балиқлар эшитса”, деганди. Мен устоз юрагининг мазаси йўқлигини билардим. Бир пайт “юрагимни даво топишида Шароф Рашидовдан бир умр қарздорман, у киши менга жуда кўп яхшиликлар қилди” деб айтгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен устознинг ҳузурида адабиёт ҳақида суҳбатлашган унутилмас хотираларни ёзгим келди. Абдулла Орипов ҳақида нимадир ёзиш истаги ўзлари ҳаётлик пайтлари кўп хаёлимдан ўтарди. Лекин журъат тополмасдим. Шоирнинг биз ёшларга берган ўгитларини-ку, асло унутиб бўлмайди. Бу бизларга – ибрат! Мен устоз билан ҳаётимда ўндан зиёд маротаба кўришиб, суҳбатлашиб, ижодини ўқиб, тушуниб, руҳиятига яқинлашиш бахтига муяссар бўлдим. Лекин буларни хотира сифатида ёзиш менга жуда оғир кечди. Бирон жумлани ёзганимда кўз олдимда устоз руҳи гавдаланади. Мени теран ўйлашга ундаётгандек бўлаверади… Ўзбек адабиётининг йирик вакилларининг табаррук қўлларига кафтингни қўйиб, салом-алик қилган дамларни эслаганингда ўша кунларнинг яна ва яна қайта содир бўлишини жуда истар экансан киши. Негаки, улар билан дилдан суҳбатлашиш, ҳаётнинг энг машаққатли дамлари, хотираларидан воқиф бўлиш тингловчига олам-олам завқ, аччиқ қисматидан сабоқ чиқариб яшашга, ибрат олишга ҳам ундар экан. Эсимда 2009 йил май ойининг бошларида институтда магистратурада таҳсил олиб юрганимда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Тўлапберген Қайипбергеновнинг 80 йиллик юбилейи ўтказилди. Мен муборак ёшга тўлган Тўлапберган оға билан илк бор ўзи раҳбарлик қилаётган уюшмада суҳбатлашганимда ёзувчилик ўта машаққатли меҳнат, изланиш кераклигини ҳис қилгандим. Мана, орадан йиллар ўтиб, адибнинг 80 йиллик юбилейини ўзи таҳсил олган даргоҳида бир қатор зиёлилар, олиму шоирлар билан қарши олмоқдамиз. Бу тадбирга Тошкентдан буюк шоир Абдулла Орипов ташриф буюрганини эшитиб ғоят ўзимда йўқ шодланган эдим… Минбардан туриб Тўлапберген оға ҳақида ниҳоятда илиқ фикрлар, ўзаро дўстона муносабатларнинг қалинлиги хусусида гапирар, кўзларида мамнуният балқиб турган шоир Абдулла Ориповнинг самимийлиги каминада бир умрга ёддан чиқмайдиган таассуротларни қолдирди. Тадбир тугаши биланоқ шоиримиз ёнида туриб ҳеч бўлмаса бир маротаба эсталикка суратга тушишни ният қилиб қўйгандим. Тадбир тугаб, кўпчилик талабалар, меҳмонлар орасидан институт биносидан чиқдик. Шоиру ёзувчилар ўзаро гурунглашиб борар, бир-бирларига улуғ ёшга тўлган Тўлапберген оғанинг олижаноб фазилатлари ҳақида тўлқинланиб айтиб беришарди. Қулай пайт келдики, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов олдида тўпланишган ёш-ўғил қизларга билдираётган тилаклари, маслаҳатлари устидан чиқдим. Мен ўшанда Абдулла Ориповнинг ёнида туриб, “мен сизнинг шеърларингизни яхши кўраман, сизга шогирд тушмоқчиман”, дедим. Шоир бунга жавобан “шоирликка-ку ҳавас қилманг иним, шундоғ ҳам шоирлар кўпайиб кетди, сиз шоирларни текширадиган олим бўлинг”, деб жавоб қилди. Бу гапни эшитган 23 ёшли йигит нега бундай жавоб қилдийкин деб, кўп бош қотириб юрган кезларим ҳам бўлди. Мана, орадан йиллар ўтиб Абдулла аканинг ўша гаплари нақадар ҳақиқат, “ҳавас”нинг машаққатлари замирида меҳнату матонат зарурлигини англаб етдим. Тошкентга борсам Абдулла Ориповни йўқламай кетмас эдим. Уюшманинг бешинчи қаватида «Шарқ юлдузи» журнали таҳририяти ён томонида устоз ўз хонасида гоҳ ким биландир телефонда гаплашаётганини, гоҳо кеча ёзган шеърини таҳрир қилаётганининг устидан чиқиб қолардим. 2013 йил август ойида Қашқадарёлик дўстим Отажон билан бирга ҳузурига бордик. Бир ярим соатлик суҳбатимизда шоир ўз қисмати, не-не машаққатларни сабр, матонат, зукколик билан енгиб келаётганини гапириб берди. Мен университетда ишлаганим боис, шеършуносликнинг бугунги аҳволи билан қизиқар, талабаларга янги-янги гапларни етказишга ҳаракат қилардим. Ўшанда Абдулла ака секин кўз ойнагининг тагидан қараб деди ва чуқур хўрсиниқ билан гапини давом этди , деб ички соғинч билан қалбини очди. Мен ўшанда “устоз сизни ҳар бир янги китобингиз китоб дўконларида бор, янги шеърларингизни шогирдингиз Алишер Назарнинг фейсбукдаги саҳифасидан олиб талабаларга ўқиб бераман, ижодингиз барчани бирдек хурсанд қилмоқда, буёғидан хавотир олманг”, дедим. Суҳбат давомида , деганди. Ҳозирги адабий жараёнда шеърларингизни кўплаб олимлар ўрганишмоқда, сиз қайси шоирлар эртага ўзбек адабиётида ўрин тутади деб ўйлайсиз, каби саволларни берганимизда Отажонга савол борми деб, имлайман, у ҳам узоқ вақтдан буён ўйлантириб юрган саволини айтиш мавридини топдими, , — деди. Жиддийлашиб Абдулла ака шоирона лутфга ўтди ва: Бу суҳбатни телефонимга видеога тушуриб ҳам олгандим. Ҳозир қайта-қайта кўрганингизда яна ундаги чуқур ва теран маъноли қарашларни эшитиб ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Суҳбатимизда шеър нима, шоир ким саволларига муносиб жавоб топгандек бўлгандик. Мен бунинг замирида катта бир куч борлигини, шоир ўз-ўзидан шоир бўлиб қолмаслигини, орқасида меҳнат ва унга яраша Аллоҳ берган истеъдод бўлиши муҳимлигини ҳис қилдим. Чунки шоирлик фақат илҳом билан белгиланмайди-да!.. Орадан бир йил ўтиб яна ҳузурига кириб ўтай деб, эшикдан бош суқдим. Ёш адабиётшунос (ўшанда «Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб бўлиб ишларди) Саъдулло Қуронов билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Мен киришим билан Саъдулло ўрнидан турди (эҳтимол ишлари кўплиги сабаб шошиб тургандир) “майли устоз, сизга бу киши суҳбатдошлик қилади, менга рухсат берсангиз”, деди ва қўлидаги қоғозларни сумкасига солиб чиқиб кетди. Ўшанда Абдулла ака столида бир неча шеърларни таҳрир қилиб ўтирганди. Мен билан ҳол-аҳвол сўрашди. Мен олис қорақалпоқ элидан келганимни айтдим. Хотирасининг нақадар кучли эканига қойил қолганман. , — деди қуюқ сўрашиб. Мен “ҳа, барчаси соғу саломат, сизга салом йўллашди, тинч ва осайишталик”, — дедим. деди. Суҳбат чоғида менга янги шеърлардан ўқиб бергани ва охирида қоғозга дастхат билан совға сифатида Устоз Абдулла Орипов умрининг сўнгги уч йилида деярли ҳар куни ижод билан машғул бўлди. Бир ёнда соғлиқдан шикоят қилса-да, кўнглидаги дарду аламларини, ҳасратларини шеърга солди. Шеърларини тўплаб, китоб ҳолида нашр қилинишига Дониёр Бегимқулов, қизи Рухсора, шогирди Алишер Назар ўз ҳиссасини қўшишдан бош тортмадилар. Алишер Назар билан ижтимоий тармоқда мулоқот қилганимизда “Устознинг янги шеърини ўқидингизми? Бугун жойладим”, — дерди. Мен эса деярли ҳар куни устознинг шеърларидан мутолаа қилиб борар, уларни таниш ижодкор дўстларимга ҳам юборар эдим. Барчаси “устоз омон бўлсин, дардли шеър экан”, дерди. Кунларнинг бирида Самарқандга илмий ишимни якунлашим учун кетганимда бир муддат “Самарқанд” (2016 йил) газетасида ишлашимга тўғри келди. Ўзимнинг ташаббусим билан Луқмон Бўрихон, Алишер Назарни Самарқанд давлат университетига адабий учрашувга таклиф қилдим. Учрашув давомида тушликка адабиётшунос Азмиддин Носиров меҳмонларни “Қўқон” чойхонасига таклиф қилди. Бир пайт Алишер Назарнинг телефони жиринглаб қолди. “Узр, Абдулла ака телефон қиляпти, ҳойнаҳой янги шеър ёзди, бир эшитамизми?”. Даврага жимлик чўкди: телефонга жавоб беринг, қани бир овозини эшитайлик, — барча бир овоздан Алшер Назар фикрини маъқуллашди. Одатдаги салом-аликдан кейин Ярим давлат эмиш, ниятинг гоҳо, Қорни тўйган куни йўқсил бой эмиш. Муҳаббат чиройни танламас асло, Уйқу босиб келса, тош ҳам жой эмиш. Майли қишлоқдасан ёки шаҳарда, Эгамга бир феълинг ёқса агарда, Хизр йўлдош бўлгай доим сафарда, Бошингга қўнган қуш, у Ҳумой эмиш. Магар чаппа кетса, ишинг омадинг, Ўттизга кирмасдан ёйдир қоматинг, Яшашга чайла ҳам қура олмадинг, Элликка борганда ҳолинг “вой” эмиш. Худойим бердими ақл ва юрак, Уларга муносиб муҳит ҳам керак. Кимга элу юрти бўлса ҳам тиргак, Қариган чоғда ҳам тошқин сой эмиш. Саломат етдингми қутлуғ бир ёшга, Шукр қил, ҳамдамсан ойга, қуёшга. Ва лекин шаробнинг йўриғи бошқа, Ўрнини босгувчи аччиқ чой эмиш. Шеърни ўқиб тугатганидан кейин: деди. Бу таъсирли шеър руҳиятимизга янада жонбахш ато қилди. Унинг замиридаги ўхшатишларни-ку, айтмай қўяқолай. Буларни шоирнинг ўз юрагидан, қалбидан чиққанини эшитганда бутун вужудингга қандайдир бошқача таъсир қилар экан. Ахир, шоир ҳали ҳовури тушмаган шеърни ўқиб берганидан сўнг, албатта шундай бўлиши табиийдир. Яна бир тарихий учрашувимиз Уюшма олдида бўлди. У пайт Абдулла ака анча тетик эди. Мен сал кечикирбоқ борибман, улар қандайдир учрушувга кетаётган экан. Уюшма қаршисида барча билган-кўрган Халқлар дўстлиги санъат саройи, чап тарафда “Бунёдкор” метро бекати, баҳорий кайфият, шаҳар шоирона тилда айтганда фусункорликни намойиш қилмоқда эди. Қўлида шеърлар солинган папкачада Абдулла ака қуёшда кўзлари юмилиб кетар, ўзим ҳам нақ Қорақалпоқдай жўш уриб, юрагимда фақат ҳаяжон жунжикарди. Устоз бу йигитни ҳам олиб кетамизми деди суҳбатдошига, мен уни биринчи кўришим эди. – Майли,- деди у киши ҳам. Бироқ мен тушликдан кейин Нукусга кетишимни айтиб, узр сўрадим. Ўша пайтда ҳам илиқ сўрашув, эл-юрт омонлиги, ошно-оғаинилар саломатлигини билишга ошиқар эди. Қалбидаги энг эзгу сўз устозининг “Омон бўлинглар!” деб дуо қилиши эканлигини англаб қолдим. Ахир, омонлик, шукроналик замирида барча инсоний фазилатлар жам эканлиги ҳар биримизни ўйлашга ундайди… Абдулла ака – чин маънода адабиётшуносдан кам эмасди. Юқорида айтганимдек, хотирасининг нақадар тиниқлиги ва кучлилиги: шеър ўқишдан бошлаб, уни таҳлил қилишгача барча-барчасида катта олимлик қобилияти борлигини ҳис қилдим. Пушкину Лермонтов, Ҳамзатов, Қулиев ва бошқа шоирларни жаҳоний аспектда таҳлил қилиши мени ҳайратга солганди. Биз докторликни ҳимоя қилиб олим бўламиз деб, юрган бир пайтда Абдулла ака норасмий доктор, катта олим эканлигини ҳеч ким инкор қилолмаса керак. Бу кишига фан доктори илмий унвонини беришса ҳам адабиёт ҳеч қачон завол кўрмайди. Шундай қилиб, қисқа 8-9 йиллик танишувимиз бу ўзича тарих, ўзича мароқли устоз-шогирд дийдолашувидир. Ҳаётда бир маротаба, атиги бир марта ҳамсуҳбат бўлиб, бир умр мамнуният билан ёдга олиб, шогирд тушганлар қанча? Менга адабиётдан дарс берган, шеъриятнинг сиру асроридан воқиф қилган Абдулла Ориповга фақат раҳматимни айтишдан нарёғига ўтолмадим. Ахир, бир умр шеър ишқида ёнган юракнинг бизга, адабиётимизга, жаҳон шеър ишқида юрганларга катта ИБРАТ мактаб, хазинаси эмасми? Бу инсоннинг умри давомида битиб қолдирган бебаҳо мероси ҳали йиллар давомида ўзбек ва жаҳон адабиёти ихломандларини, ўсиб келаётган истиқлол фарзандларини тарбиялашга ўз улушини қўшади деб айтишга тўла ҳақлимиз.
2020-11-28
http://nodirabegim.uz/archives/3354
Оғринмайман — Хаста дилимни Азобларга такрор солсангиз. Дардга мутеъ бўлмасдим, Агар… Агар мени суйиб қолсангиз… Жон-жон дердим… Бир қатра ёшдай Кўзингизда бўлсам жон дердим… Кафтингизда адашган қушдай Ухлаб қолсам… Ўлсам… Жон дердим… Ёмғирларда топилган севгим Ёмғирлардан совуқроқ, музроқ. Меҳрингизга исинай десам, Кўнглингизга йўлларим узоқ… Қаршингизда тураман кулиб, Гўёки йўқ заррача ғамим. Асли жоним турар тўкилиб, Кўзларимда ёмғирнинг таъми… Дарднинг бунча қирралари кўп, Хазони кўп севги боғининг. Худойимга йиғлайман ҳар кун: «Мени эсланг… Мени соғининг…» Тун пинжида ўтираман жим, Юрагимга урилар селлар. Бу дунёда безавол бахтли Муҳаббатга айлангим келар… Йиғламайман – Куюк дилимни Оловларга чайиб олсангиз… Бахтга муҳтож бўлмасдим… Агар… Агар мени суйиб қолсангиз…
2019-10-10
http://nodirabegim.uz/archives/913
У уйимга гўё Совқотган лайлакдай кириб келади “Шеър, сенга не бўлди?” сўрайман ундан У эса сўзлайди Қўлга ўргангани ҳақида “Бир томчи сут бергин”, дея тиланар Унга раҳмим келмас Ва қорнини сира қўймайман тўқлаб Ишонмайман шалвираган қанотларига Ер кўкламда яшнаган мисол Бу қанотлар жонланар албат — Олиб кетар қушни олисга. Мен сенинг мукаммал бармоқларингда Фақат титроқман Ё шитирлаши Нафасингдан титраган баргнинг Мени ифор чорлар – айтар борлигинг Мени ифор чорлар – қувади тунни Мен сенинг мукаммал бармоқларингда Бир нур қатраси Жон берган сўқир кун устида Яшил Ойлар турар ловуллаб Ва кўрасан – томиримда айқирган қоннинг Шўртак таъми дудоғимни бўяр алвонга Ўлик сочлар рақс тушмагай Шамол билан киришмас баҳсга Ёпмас совқотган қулоқларни На бармоқлар, на қушларни этар маҳлиё Муздек болиш узра ёйилиб Нозиқ сас-ла чўчитмас тушни На ивийди кумуш ёмғирда На қалтирайди Оқ чойшаб устида Ётишади лоқайд совқотиб Гулларга бегона Кулгига бепарво Кўкни тарк этади қуёш занжирбанд Тун етиб келар Мен – Жульетта Ёшим 23да Қачондир севгини татиб кўргандим Аччиқ эди у Бир финжон қора қаҳвадай У тезлатди Юрагим зарбин Қаттиқ ҳазиллашиб вужудим билан Уйғотди ҳисларим Ва кетди Баланд айвонимда Таъзим қилганча Чорлагайман уни:“Қайт ортга!” Қичқираман: “Қайтар Оловни!” У ўпган лабимга Қайтмади ол ранг Мен – Жульетта Ёшим минглардан ошган Ҳануз тирикман… Менинг қўшним – фаришта Соқчиси башарий тушларнинг Шу боис жуда кеч қайтар уйига Тинглайман зинадан келётган Оҳиста қадамлар товушин Ва шитирин Йиғилган қанотларнинг Субҳ чоғи менинг ланг очиқ Эшигимда бўларкан пайдо Сўз қотади: Яна деразанг Жуда узоқ ёритди Тунни.
2019-11-11
http://nodirabegim.uz/archives/1017
«Мен сени севаман!..» Лабларимдан отилган бу — ўқ сўзлар, учиб борар, сенинг нишон — қулоқларингга. Ўқ нишонга теккач, юрагинг қадамлари тезлашиб кетар, кипригингдан шаффоф қувонч оқар овозсиз. «Мен ҳам…» Бирдан сен-да ўқ узасан нишонларимга Ва тўсатдан ўқ отарлар тўқнашиб кетар… *** Ёмғирлар қўшиғи янграйди боғда, Чаманлар ҳуснига боқ. Жуда кўркам. Шундайин ғанимат, фоний бир онда, Кел, сайр қилайлик бирга, маликам. Ҳижрон доғларини ювиб кетсин ул, То васлингга зарра қолмасин шубҳам. Кўнглим гулзорида асраганим — гул, Кел, сайр қилайлик бирга, маликам. Иста, ёмғирпўшни қилайлик пана, Қучоқ очайлик ё томчига, эркам. Яратган раҳматин, булут ҳимматин Бирга қаршилайлик, келгин, маликам. Йўллар тугамаса, ёмғир тинмаса, Бир жуфт қуш мисоли қўнишиб, кезсак… Ғуборлардан холи бўлган дунёда Покиза муҳаббат борлигин сезсак. Кел, сайр қилайлик бирга, маликам… *** Ишдан ҳориб, чарчаб келаман секин, Суянганча икки оёғимга жим. Кўзим хотирасин йўқотганми ё қоронғиданми?.. Уларга таниш кўринмас ҳеч ким. Ижара уй мени қаршилар мудраб, Тили калимага келмай, Эшик ҳам Остонада қолди… Оғзин очиб ланг. Куни билан кимўзарга пойга ўйнашиб, Туфлиларим йиқилди, ҳориб, ҳоли танг. Чироқни ёқаман, Шифтдаги лампа Хонани тун қўйнидан суғириб олди. Шимим гиламда… Кўйлагим стулда ухлади, қолди. Менинг эски дўстим қари каравот, Ташрифимдан шод, ғичирлаб айлади хониш. Кўрпам мени кутиб ухлаб қолганин, Юзларимдан ўпиб, шивирлар болиш. Мен секин кўрпамни қуча бошлайман, Елкасига қўйиб икки қўлимни. Чироқни ўчирмай, Кўзимни юмиб, Сўнг қарши оламан иссиқ ўлимни. *** Кўчага боқаман ойна ортидан. Ташқарида қор… Ташқари совуқ. Хаёлим қорларга ботганча, ана кетиб бораяпти уйингга яна… …Одобсиз хаёлим берухсат кириб, Даҳлизда турганча сўрайди сендан: — Хаёл уйдами? Сенинг жавобинг: — Уйда йўқ. Кетганди, сўрамай мендан. Хафсаласиз, мадорсиз қайтар хаёлим, Йўлда неча тўхтаб, куч йиғиб олар. …Қайтиб, остонада киролмай турган, Сенинг хаёлингга дуч келиб қолар… *** Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри, Менинг хаёлларим ўғирлаб кетган. Яна тортиб олиб ихтиёримни, Изига изларим тўғрилаб кетган. Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри, Шўрини қуритиб неча-нечани. Бир қараб оромсиз этиб кишини, Тонгларга улатган узун кечани. Сен гўзал ўғрисан, нетай, энди ҳеч Кўнгилни ўғридан тозалаб бўлмас. Энг алам қилгани сендай ўғрини, Ҳеч бир қонун билан жазолаб бўлмас! Сен гўзал ўғрисан, энг гўзал ўғри!..
2020-01-19
http://nodirabegim.uz/archives/1218
Оҳи фалак ҳам у, жонҳалак ҳам у, Соясидан офтоб унган сабргул. Худо айлантирган чархпалак ҳам у, Ҳавво нафасидан унган атиргул. Сужудин талашиб ўтар субҳу тун, Вужуди олмайди дардлар пандини. Тангрининг синовин енгиб жигархун, Жилмайиб қучади жигарбандини. Ойнинг ярми қаро, лекин дил ёруғ У ҳам сабрим каби тўлин бўлсин дер, Ўғлим дунёларни олсин дер ҳали, Қизим кўзмунчоқдай келин бўлсин дер. Эй, кўзи кир босган дунёфурушлар, Эй, изи гуноҳдан ортмаган мардум. Нечук нафсингизда бадбин хуружлар, Шукрона қилмайсиз нечук тонг учун? Нечук бул ҳавони симирмоқдасиз? Виждоннинг кўзига кўринмайсизми? Шундай гўзал зотлар юрган дунёни Покиза тутмоққа уринмайсизми? Ҳар дами бир нурли муножот бўлган, Ҳар oни шукрона бўлганлар ҳаққи. Жони азобларда юрган чоғда ҳам, Жон боласин эслаб турганлар ҳаққи Художон, онамга ўхшар ҳар она, Меҳр устунлари улар дунёнинг. Художон, асрагин мушфиқларимни, Художон, жонига сиҳат бер, омин! Шамол бир дам олиб қочди хаёлимни, Ўрик гули жим кузатди таназзулим. Мен бағримга босганимча аёлимни, Сен томонга чўзмабман ҳам бир бор қўлим. Ўттиз йилки, сенга атаб шеър битмабман, Онам ҳоли нечук дея ғам ютмабман. Кибор-кибор давраларда бўлиб кўрдим, Камтар-камтар одамларни кўрдим, она. Ёлғиз қолсам кўкрагимга муштлаб урдим, “Ура” деган оламларни кўрдим, она. Чапакларга шайдо бўлиб ўтдим умрим, Шеър ишқида адо бўлиб ўтди умрим. Балки бу ҳам фазилатдир ё азият, Худо менга берган балки сўров учун. Ийманасан, қилолмайсан бир насиҳат, Она ахир туғмайдику биров учун. Сендан мени айри тутса синсин қалам, Она, қалбим тўла мотам, қалбим – алам. Шам нурида сен тиккан ҳув, қуроқлардай, Парчаланган умидимни улаб, толдим. Боролмадим, салом йўллаб йироқлардан, Турмуш дедим, ўз ғамимга қулаб толдим. Айтасанку, бу кунлар ҳам ўтар, она, Кафтларингда яна ўзинг кўтар, она. Йилда бир бор дийдор ўти ёқар бизни, Кўрасану, бир сўз демай қувонасан. Кўзларимга қадамайсан маъюс кўзни, Болангману, қучолмайсан, уёласан. Сен дунёда энг соддадил, камтар она, Ўғлинг туриш-турмиши шу – зарар, она. Таърифнингни сўзга чизмоқ эди истак, Шундай шеърни расво қилдим дардим билан. Дили ёшга тўлган йўқдир иккимиздай, Кўнглингни кўп синдирганман зардим билан. Юрагингдан барин бир-бир ўчирасан, Сўрамайман, сен шундоғам кечирасан. Ҳолимки, тиғ теккан анор донасидай, Вужуним – қурт тушган ўрик танасими? Бағри қон йўқ шоирларнинг онасидай, Сийла, худо шоирларнинг онасини. Рости, шоир май-у, сўзга овворадир, Оналари соғинч деган сайёрадир. Пойингда тиз чўкдим илк ва сўнгги бор, Аёл муҳаббатин қошида, қалбан. Кўксимда гуркираб ўсаётган чинор, Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ. Пойингда тиз чўкдим, Ҳаммаси оддий, Ёнимдан ҳайкаллар ўтарди шошқин. Орзуси, маслаги, тушлари моддий портлаб кетмайдими манави Тошкент! Ҳозир на Барлосман, на мағрур жангчи, Иқрорман, топилмас ишққа етар шум. Салтанат, ҳой-ҳавас, кибрини янчиб пошшонинг гадога айлангани шу. Пойингда тиз чўкдим, Осмон кечирсин, Шамол юз ўгирсин «синди ғурури». Мен кимман? Ёшингни кафтда ичирсам, Оҳуга айланиб қоларди бўри. Мағлубман, нурга дош бермаган тундай, Бардоши йўқ ахир кекса қарғанинг. Лабларинг шивирлар мисоли Будда, «Кечирдим» дедингми? Ёки қарғадинг?! Билмадим, билганим ўзни тутолмай Тиз чўкдим, юмдалаб юрак қаърини. Хотиранг қатида бу алфоз қолмай, Эртага унутиб юбор барини. Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ. Ўзингга қайтасан, Оғриқларингга Дуолар ўқийсан ижобат тилаб. Бир финжон қаҳвани қўйиб олдига Тўйиб гаплашасан виждонинг билан. Сўнг кино бошланар Уруш ҳақида (На кўргинг келади, на бўлар ухлаб!) Титрайсан, гўёки экран ортидан Чиқиб келётгандай адашган ўқлар. Ҳайдалган ит каби увиллар шамол Кетиб ҳам бўлмайди, Совуқ ташқари. Измингга соласан ўзингни дарҳол, Сўнг ҳузур топасан дилни бошқариб. Деразанг ортидан боқар мусича Булутлар тарқалар тўзғиган пардек. Тонг отар, уйқусиз кечади кечанг, Қонингда югурар ватанпарварлик. Атрофга боқасан табассум билан, Сезасан манзиллар аён эканин. Қўрқмайсан, ортингга қайтмайсан сира Энди чўчитолмас Аёл эканинг! Аёл йиғламасин Умримиз пойида бўлсин тўшамчи, Дастидан елкамиз қийратсин қамчи, Майли маккор бўлсин, майли алдамчи, Аёл йиғламасин… Гар аёл йиғласа дунё ҳам хазин. Ёшлари беҳуда юзин ювмасин, Лабидан кулгуни қайғу қувмасин. Аёл йиғламасин, аёл йиғламасин, Қувнасин. Дунё фожиага макон бўлса ҳам, Синовлар қасдлашса қадамма қадам. Шамол эсса, ундан нарида эссин, Кулфат кезса, ундан берида кезсин. Аёл йиғламасин, йиғиси — Эркак юрагида тиғ каби ботар. Дунёни аёлнинг кўз ёши эмас, Бахтиёр кулгуси уйғотар. Аёл йиғламасин… Куз… аёл Куз… кўйлаклари эскирган аёл, Яшаб-яшаб эси кирган аёл. Омонатгина турган аёл, Ва жимгина ўй сурган аёл. Хазонларни супирган аёл, Армонларни супирган аёл, Ёлғонларни супирган аёл. Юрагида шер наъра тортиб, Саман отлар гупирган аёл. Ҳар кун ерга бошини эгиб, Майсаларга букилган аёл. Қуриб қолган лабидан бетин Саловотлар тўкилган аёл. Ўзгаради сени деб қонун, Тун тугамай наҳор келади. Бир сен учун, фақат сен учун, Куздан кейин Баҳор келади.
2020-08-03
http://nodirabegim.uz/archives/1861
Қанийди… Миллионлаб заррага бўлиниб кетсам, Ва сочиб юборса мени табиат… Шамолнинг қўлига топширса ва у, Булутларга элтса, булутга, ҳайҳо-от… Булут бўлиб қолса заррачаларим Ҳар бири ҳайқирса, оҳлар тортса «оҳ!» Ҳар бир юракчамдан чақмоқлар чақиб, Сўнг гумбурлаб кетса момақалдироқ… Ва ҳар бир заррачам оҳлар тортса, «оҳ!»… Ва яна тўкилсам, ёғсам заминга… Миллион зарраларим, миллион томчи… Қўшилсам денгизнинг тўлқинларига… Томчи бўлиб қучсам бобом қабрини… Суғорсам отамнинг далаларини… Тўлсам тарновларнинг тагига онам Сув олай деб қўйган челакларига… Ювсам дарахтларнинг ғуборларини… Ва яна қайсидир миллионинчи мен Шабнам бўлиб қотса гулнинг баргида… Миллионлаб заррага бўлиниб кетсам… Учсам, тирикликнинг қўшиғин айтиб… Булутга қўшилсам, чақмоқда чақсам… Ва яна тўкилсам заминга қайтиб… Қанийди!!! *** Юлдузман Осмондан эндирди соғинч, Оғриндим, Бор бўлиб йўқликларингдан Жимликларингдан Қаъримдан портиллаб чиқди бир ўтинч Соғиндим!… Жонимни зарралаб Суғуриб олдим, Санчилган У узу-ун киприкларингдан. Қарочиқларингдек тунга чўкаман Тун — зулмат Тун — оғриқ Тун — қўрқинч. Ўзимни тарк этиб сенга кўчаман Сен — азоб Сен -роҳат Сен — соғинч… Борингга алмашдим Бутун йўғимни Қўлингга дунёмас ишқим тутқаздим Ишқ- оташ Ишқ- алам Ишқ-ки оҳ… Ғурурим тиккандим Муҳаббат- қимор Ютқаздим…. Мен- тупроқ. Мен- тупроқ. Мен- тупроқ… *** Жимжитлик, Сўзсиз изҳорлар Унсиз эҳтирослар Ҳатто, сўнги сўзни тилда музлатиб, Сукунатга чўккан Жим-жит айрилиқ. Журъат йўқ сасларда Бутун борлиқ жим. Фақат исён қилиб, Ўз ҳисларини Жар солиб гуппиллаб Турар юрагим. Жимжитлик— Сўз демай қилинган оппоқ гуноҳлар, Сукунат ёшида чўмилган тавба. Борлиқ тўлиб кетган асли шовқинга, Лек бари маъносиз, ҳиссиз, юраксиз… Бунда ишқ жим. Виждон жим. Иқрор жим. Биз жим. У жим, аслида. Сезасанми? Биз доим Жим кузатилябмиз Жим кузатябмиз… Аслида ҳақиқий овоз йўқ бизда Товуш деб билганинг бари кераксиз… Жимжитлик.. Эшит! Сас туйдингми ҳазон тўкилишида, Томчининг булутдан узулишида Қорнинг, кафтларингга узоқдан келиб, Секин қўнишида, Куртак унишида?! Ооо, нақадар ёқимли жимжит мусиқа, Ҳис қилиш олий бахт бу сукунатни. Билсайдинг борлигинг айни жимжитлик. Билсайдинг сукунат асли сенсизлик…. *** Кўчадаги йўловчи каби, Балки оддий дўкончи қиздай, Қайлардадир сен билмас ерда Шеърларингни ёд олиб юрган Оддий мухлисдай Чиқиб кетсам эди ёдингдан… Сен унутган ғам бўлиб майли, Иситмада кўрилган тушдек, Ёғиб ўтган ёмғирлар мисол, Сен ҳеч қачон севмаган қайсидир бир Машуқанг каби Чиқиб кетсам эди ёдингдан… Юрагингга озор бергунча, Минг парчалаб, мингбор йиғгунча, О, кошкийди севгинг бўлгунча Чиқиб кетсам эди ёдингдан… Тополмасанг келажагингдан, Ҳеч бўлмасам ўтмишингда ман, Яшайверсанг, мен бўлмагандай Чиқиб кетсам эди ёдингдан… *** 1 Мен сени отмаган тонгларда севдим… Очилмаган гулда, Кўрилмаган тушларда, Яшалмаган лаҳзаларда, Сезилмаган оғриқларда, Айтилмаган қўшиқларда, Сурилмаган ҳаёлларда, Туйилмаган туйғуларда, Қилинмаган гуноҳларда Севдим… 2 Соғиндим… Соғинчинг куйида рақс этдим… Мен билан рақс тушди бутун борлиғим… Бошим узра осмон рақс этди, Оёғимнинг остида замин… Юрагимнинг ичига қамалиб олиб, Соғинчингнинг оғир куйида, Оловли куйида, Жимжит, товушсиз куйида Рақс этдим… Рақсимдан кўз ёшлар тўкилиб кетди… Ғурурдан тик бошлар эгилиб кетди… Ичимда бир томир узулиб кетди… Соғинчингнинг ўтли, дардли куйида Рақс этдим…. 3 Суратингни чиздим кўзим оқига. Қарочиқларимнинг рангила чиздим. Энди бутун олам — сен… Сен бўлиб кўринар Кўзгуда аксим. Мен борлиқни сенда кўрдим… Сени борлиқда…
2020-05-04
http://nodirabegim.uz/archives/2034
* * * Юрагимнинг сарҳадлари юрагингга етиб қолди, Сомон йўли тўшалмишдир, ҳоки пойи азизинга. Суғирилди жаҳон Жони, ки харидор, қалам олди, Бизим қўлга қалам бермиш — салом айтинг азизимга. О, тушларим аён этмиш, тушларингда ҳаётлигим, Бир баҳорлар гуллаб борар қаҳратонлар соясинда. Кўзларингга боқиб билдим, ишқ — бу асли ҳаёлигин, Кўнгил кўзим куйиб боқар — ишқу иффат орасинда. Ҳовучимга исминг айтсам, қулаб кетдинг кўзларимдан. Соғинчталаб субҳитонглар субҳишомга элтар хабар… Нафас олмоқ эҳтиёжим илинж истар кўзларингда, Кўриб қолсам, ўлиб қолсам, имкон қадар… имкон қадар! Гуноҳимдан Ўзи кечмиш, кечолмайсан! Ичим олов! Оёғингга йиқилмоққа розидайман қўйиб берсанг! Ай, ичимда менимдан ҳам ортиққинам, азиз «биров» Раҳм қилгин, ёмон бўлар, гуноҳ билан ўлиб кетсам… * * * “Тобут жуда оғир бўлади“, Дер эканлар раҳматли онам. Дадам доим кулиб юради, Шу учундир, ёстиқлари нам. Тиш азобин бўлсамам тотган, Ширинликдай йўқ эди мазза. «Йиғлама», деб ширинлик тутган- Жудда аччиқ эди у аза… Опоққина кетди бир кафан, Қора тортиб кетди ҳаётим. Исён гуноҳ эди дафъатан, Жим…! Икки ямлаб бир ютди ҳаёт, Туғилиш бир, ўлиш минг экан. Кичик омбор сақламас энди… Катта ҳаёт калтакларидан. Чарчатмаган ташвиш деган юк, Нурасада, сағирмас елкам. Эй, кўксимга ноаён суюк Ҳаёт бир кам… Камига сен ҳам.. Ҳаммасини амаллаяпман, Фақат…тинглаш оғир барини. Тушларида алаҳлаётган… Юрагимнинг ингроқларини. * * * Умидларнинг умидида гумон қайнар, Жоним ҳалак, Бошим сарак, Мук тушаман… Тушун, сени тушунишдек азоб қийнар, Тушунаман! Тушунаман, юрагингни еб битирган Овози йўқ ҳайқириғу, шўришларни. Манглайингга қисмат иши деб битилган Ўзинг камон Ўзинг нишон Урушларни… Бир бошимга осмон қулаб тушди ака, Сўқирлашдим йўлларингга қарайвериб. Ўз ўйимдан эсу ҳушим учди, ака Парвонани ўлдирар шам аврайвериб. Исён истам! Тушовлайди бир тариқат Билмай қолдим… Шимол қаён? Жануб қаён? Ич-ичимдан зил кетади бир ҳақиқат Бари аён… Онамизнинг қабри томон бораяпман Қулоғимда сен ўқиган Ёсин саси. Ичимда бир дўзах борки ёнаяпман, Менга ҳаво етмаяпти ё нафасим… Онамизнинг ёнларига кулиб бордим, Ҳа айтганча, сенга қаттиқ салом айтди. Йигирма йил бурун уни қўйган эдик, Бугун сени юрагимга кўмиб қайтдим! Куни кеча Тошкент оппоқ қорни кўрди, Ва ҳаттоки сочларимга юқибди оқ. Баданимда қордан баттар совуқ турди Қалтирайди ёки қўлим, ёки тароқ… Тўртта девор-тўртта қибла, қайга ўтсам Соям каби эргашади тўртта унсур. Ичим-Олов, кўзларим-Сув, Туфроқ-жуссам Эрк аталмиш Ҳаво деган — нафасимдур. Мен уларга пичирладим қайта-қайта То тонггача исминг билан айта-айта. Бомдод. Бошим жойномозмас, деразада Суянганча туш кўрибман Беҳи… Мактаб… Худди ўша! Нафсимиз деб шохи синган Чап юзимга чандиқ совға қилган беҳи. Тушам қурсин! Ҳушам қурсин! Аммо бу гал Чап кўксимга чандиқ совға қилдинг беҳи. Ўн биринчи ойнасининг синиғидан Қучоғига чорлар эди мактаб ичи. Юрагимнинг ўн мингинчи синиғидан Тилинади, қирилади, қонар ичим… Эсингдами, меҳрталаб юрагимиз? Бувимга деб терлаб олма қоққанимиз Олмаларни олиб қочган Сеторани Олмадан ҳам баттар қилиб қоққанимиз. Қизил тутнинг хивчидан хўп калтак ердик, Олмаларни тамшаб бувим -Ширин, дерди. Оғриқлар ҳам эсдан чиқар, бола эдик, Битта мақтов шириндан ҳам ширин эди… Бу ҳаётнинг хивчинлари қаттиқ, ака, Оғриғини босолмайди мақтов, алдов. Бу ҳаётнинг сўқмоқлари қалтис, ака, Қари бувим тишларидек алғов-далғов. Хотирам паст. Эҳ, барини эслолмайман, Ўйлайверсам кўзларимдан Жон оқади. Мен қоғозга дил тўкишни эплолмайман, Ёзай десам, қаламимдан қон оқади. Қўл силтадинг ака, қайси юрак билан, Наҳот сени ушлолмади бирор тола? Етим эди, есир қолган юрак билан Энди мангу тушунаман, тушун, она! Кафтимдаги суратинга сажда қилсам Сенинг каби пешонамдан ўпмас, ака. Мен адойи тамом бўлдим, энди билсам Ўлик одам қайта-қайта ўлмас, ака. Умидларнинг умидида гумон қайнар… * * * Биласизми? Одамлардай яшолмаймиз биз негадир Дунё бошқа кўксимизнинг ортидаги… Бизнинг дунё бу дунёда бир беқадр Ва негадир… Кўксимизни оғритади…. Ҳамма билар кетмон катта қилган деҳқон Манглайда тер… Манглайда ер… Дон ғамини. Ҳеч ким билмас чумолининг устида дон Инграётган тўда ғамин, Жон тамини… Тингламаган шоирчалик ҳали ҳеч ким Ой симирган соҳилларнинг шовиллашин. Ҳали дунё эшитмаган дилнинг ичкин Туйғулари боғлов итдек вовиллашин… -Ёзолмайман, дейсиз, ичим, ташим хуфтон, Кўз олдимда ростланади жаҳаннам, чўғ. Бундан бизга ўлим афзал Наврўзажон! Бундан бошқа “яшаш“ деган тушунча йўқ… Биласизми? Йўқ! Билмайсиз! Ҳали сизнинг Сочингизни учигача шеър унади. Кунлар келар мудраётган шу заминнинг Қулоғига Азон каби шеър қўнади! Биласизми? Бу дунёда нима борки, Ўзи ёзган, Ёзмоқ — бизнинг пешонага ёзилган бахт. Шеърият — бу замин бўйлаб томир ёйган Сояларин келажакка тўккан дарахт! Улка-а-а-а-ан дарахт… Ҳали бизнинг руҳларимиз кўп чўкади, Чидаб туринг ситам, алам, оҳларгача… Ҳали шоир юрагига тиз чўкади Касдан тортиб Пасдан тортиб Ҳасдан тортиб Токи ўша “боши осмон тоғларгача“…! Биласизми?! Одамлардай яшолмаймиз биз негадир… * * * Агарда қайсидир либосдан безсам, Дарҳол улоқтириб улғайдим ҳар гал. Кўзимни нимадир оғритса, сезсам, Итқитиб ташладим ёқмаса агар. Бошимни узолмай сочимдан Қайчилаб неча ўч олганман. Кўп ўлай деганман очимдан, Минг неча балодан қолганман. Беъмаза китобу жавоннинг Пўстагин қоққанман неча бор. Елкамда барини ёзар бор… Ўқисам, ақлдан озар ор! Ўзи бу дунёйи даҳрда Ёзгидан бошқа бир нима бор?! Қолгани… Эй нима ишим бор?! Отаман! Керакмас! Ёқмади! О, ўтмиш! Кўзлари ҳокисор… Қўйсангчи, шу йиртиқ ёқамни! Тандирдан узилган кулчадай Ҳар нима куйдирар баданни. Ўз бирин кўксига сиғмаган — Қаерга отайин Ватанни?! Дўппайган анов ер эслатар- Ҳомила кўтарган онамни Кўринмас иккита шоҳи бор Икки юз мановлар одамми? Ер, нега ютмайсан одамни?! Гап уқмас юракни шу бугун Суғуриб итларга отаман. Виждонни тупроққа қўйиб сўнг, Устида увиллаб ётаман… Кечиринг! Эй кафти дуода. Йўқ ундай қараманг кўзимга. Ўзлигин унитган дунёда Мен қандай келаман ўзимга? Ҳеч нимам йўқ ахир, не билан Шамғалат қилайин кўзимни. Руҳимни қай гўрга итқитай, Қай чоҳга отайин ўзимни?! Не борки, ўткинчи, вафосиз… Воз кечдим. Буёғи… Худо ёр… Ғам еманг, анашу вақосиз- Ўзимда Ўзи бор! Сўзи бор! Елкамда барини ёзар бор…
2020-04-29
http://nodirabegim.uz/archives/2194
Aйтайлик, йиғлоқи бинафшаларнинг Мактубини ўқиб бўзладим узоқ, Нимаси ўзгарар чориғимизнинг? Aйтайлик, бу хаста, йўқсил шаҳарнинг Юрагига ёқиб чиқмадим чироқ, Нимаси ўзгарар чориғимизнинг? Aйтайлик, маст эдим, ва Aл-мисоқда, Дўзахни мақтадим, Жаннатда қолдим, Ё азал котибин имзоси сохта, Лайлак тумшуғида изсиз йўқолдим, Aйтайлик, исмимнинг маъноси бошқа, Кипригимнинг ранги қўнғирмас — қизил, Мармардек юзларни чўқиб, тарошлаб, Бафуржа рассомлик қилди таносил, Нимаси ўзгарар чориғимизнинг? Aйтайлик, толиблик тўнини ташлаб, Ёллансам, масалан, Мўрчага ҳаммол. Кучимнинг борича ёқамни тишлаб, Ҳаммамизга инсоф сўрасам, Aммо… Нимаси ўзгарар чориғимизнинг? *** Тўлғонадир бир коса уммон, Шовур келар бўш чиғаноқдан. Мен ҳушидан кетган одамман, Овозинг келадир узоқдан. Сув юзига чиқмасимданоқ Бор нафасим ўрлайди кўкка. Чўкаётган тирик жон кўпроқ Тапинади хасгами, чўпга — Овозинг келадир узоқдан. Чиқаман-у, суза бошлайман, Бўйламайди нажот қояси? Шалоблатар қўрқувни имон. Тўкилар-у ойнинг сояси, Овозинг келадир узоқдан. Соҳил ўсар. Aтрофи сархил Меваларнинг растаси, базми… Ишқилиб, бу… Фариштам, ахир, Сувпарилар фитнасимасми? Овозинг келадир узоқдан. Сузаверсам яхшимикин ё, Овозинг яқиндан келгунича то?!. *** Шамдек милтиллайди кўзларинг… Нафасим Ўчириб қўймасайди дейман! Тонгги ёмғирдайин шивирлаб Сочларингга шеърлар ўқийман. Ғамгин бедазорлар шалаббо… Қушлар қучоқлашиб панада Қайнатур тумшуқда мураббо. Суҳбат ширинлашур яна-да… Кездим. Этигимдан ўтмади Майсаларга тўкилган изҳор. Барра бедаларни туш кўриб Юрган Юрагим бир тўйи-иб ўтлади! Энди у пишқириб-пишқириб, Кутар кўпкарини интизор… Тағин Шамдек милтиллайди кўзларинг, Шундоқ юрагимнинг ёнида… Aммо… Шаштим мақсадимга муносиб, Aчинмасман бахтимга асло, Бир жуфт шамни бағримга босиб, Яшаб ўтсам ёмғирлар аро!.. *** Чиқиб кетгинг келмайди тундан, Оромингга қуйилса ғулғул. Ғуроб томиб турса узумдан, Ёнгинангда куйласа булбул. Пешайвонда қатиқ тўрва ҳам Сатилга ёш йўллайди – зардоб. Ҳаётидан мамнунми карам, Ичгани нур, кийгани зарбоф?! Рубоийлар ёқиб ичингни, Юрагингни шаршара қилса, Қурбақалар ёлғизлигингни Томоғида ғарғара қилса Шовулласа дарё жунунваш, Ёшлигини қумсаб ётса тол, Томоғингни ўланга ўхшаш Aлангалар чулғаса алҳол, Чиқиб кетгинг келмайди тундан! Ҳайрат босиб келар баландроқ. Чиқиб кетгинг келмайди чиндан, Э-воҳ бунинг чораси қандоқ?! *** Садафдай кунларни йўлма-йўл сочиб, То ўлим, гупуриб менда оқарсан. Силасанг, қорайса оқарган сочим, Силасанг, қорайган сочим оқарса! Юрагим – қип-қизил тоза қалампир, Сен иста, қаршингда лаҳзада пайдо. Тиласанг, рўмолчам учаргиламдир, Тиласанг, Мен – Юсуф, Сен-да Зулайҳо! Aдадсиз рашкимни сабрингга сиғдир, Қачонки, кўзингда юлдуз тизилса. Уласанг узилган умримни бир-бир, Уласанг ва яна умрим узилса! Aё, бахт созининг кўркам ижоди, Муҳаббат навосин тутиб юксалдим. Ташнаман, кўзларинг оби-ҳаёти Қуйилса, кунма-кун гулласа қалбим! Сен мени топарсан ўзни йўқотсанг, Ишқ бу – жар, Ишқ – ўжар, Осмонга йўлдир. Қуласанг, энг чуқур ярамга ботсанг, Қуласанг, мени-да ўзимга келтир! Садафдай кунларни йўлма-йўл сочиб, Шафақтус ҳаётим узра оқарсан. Силасанг, қорайса оқарган сочим, Силасанг, қорайган сочим оқарса! *** Сойда ҳилол сузгани-сузган – Жилғаларга нафис нур тақар. Сув юзида балққан юлдузга Тил теккизиб кўрар қурбақа. Шалоблатар қирғоқни очлик, Луҳ сепилар қамиш устидан. Сирғалади ярим қулочли, Оқ сувилон кўприк остида. Ҳидлаб кўрар юлғунни қўзи, Бурун тутар бутун оқшомга. «Бизни елин қаерда ўзи?» Кўзидан сув томгани-томган. Тўй бошлайди бақалар бехос, Чигирткалар тағин отарчи. Қум илонни туширар паққос, Баҳонада пўстини арчиб. …«Билишимча, бегона қилган, Туғилганда ўровдим чопон» Онасидан адашиб қолган Қўзичоқни қидирар чўпон. Сатрлар ястанган сариқ саҳифа, Хўрсин-у, ярқираб Чўлпонни кўрсат! Туннинг-ку борлиги айни ҳақиқат, Сен кундуз аталмиш ёлғонни кўрсат! «Aмирим!..» Бўзлайди чўтир Оқсарой, Қўрғошин ютмаган қўрғонни кўрсат. Ташнаком гиёҳлар чой сўрайди: «Чой-й!» Қумдан бош кўтарган қумғонни кўрсат. Тағин қўл узатса ширинтомоғлар, «Шаккардай тил била…» туздонни кўрсат. Сен икки юзимни қаттиқ қучоғлаб, Ғизоллар равзаси — ризвонни кўрсат! Водариғ, чувалчанг чайнади тимсоҳ, Сирин бой бермаган сиртлонни кўрсат! Тишларим тиллога ботмади юмшоқ, Ҳай дедим, насибам — ёвғонни кўрсат. Бошимни чангаллаб учган қарчиғай, Баландроқ кўтаргил, осмонни кўрсат! Мен ўзим қутқарай Aлпомишни-ай, Бойчибор, бошла йўл, зиндонни кўрсат!
2020-05-25
http://nodirabegim.uz/archives/2350
Ташрифингга тўлади хонам, Чап кўксимда эрий бошлар муз. Сен бахт деган соф ҳаво билан Қучоғимни тўлдирасан, Куз. Шивирлайсан: бари сеники, Ёмғирларда ювинган дунё. Муҳаббатинг билан азизим, Тўлдиради кўксимни Худо. Улғаямиз дақиқа сайин, Сониялар билмайди шафқат. Нима бўлар эртадан кейин? Эрталар йўқ, бугун бор фақат. Чоғланасан кетмоққа кузим, Тонг шивирлар; бари хом хаёл. Сени эса кутар мўлтираб Тунни ёлғиз ўтказган аёл. *** Хайр, севгим, эй ширин хаёл, Боргин энди озодсан, озод. Чинаккам ишқ топарми завол Ва бўларми унингсиз ҳаёт?! Сен тонгдаги шудринг мисол соф, Мен қисмати қошимдай қаро. Ҳали сени қилурлар тавоф Менинг умрим андуҳлар аро. Хайр, севгим, боргин, ҳов ўша Шодликларга саломимни айт. Кимдир йўлларингга гул тўшаб Кутаётир сени айни пайт. Биламанки, ҳали минг йиллар Сенинг учун ичурлар қасам. Алвидо! Сен сўқир дунёга Мажнунадан тортиқ эрурсан. *** Кўргин, умрим ўтиб борар йўлга қараб, Ҳамон мағрур тутоласан ўзингни сен. Агар келсанг, бир бор келсанг ҳолим сўраб, Баҳорларга ўргатаман яшашни мен. Кўзларимда соғинч гули куртаклайди, Ой нуридан қувват олиб кечалари. Қара, бари сен томонга етаклайди, Хаёлимнинг сон-саноқсиз кўчалари. Сабо тинмай сочларимни ўйнатади, Ўтиб кетган баҳорларни эсга солиб, Кўргин, менга тинмай сени ўйлатади, Куз эгнига армонкўйлак кийиб олиб. Келар эдинг гуллар отиб деразамдан, Пардаларим шивирларди исминг айтиб. Биз Бахт дея исм қўйган ўша дамлар, Энди яшаб беролмайди ортга қайтиб. Ҳаёт мени чап кўксимдан турар суяб, Вақт улғаяр ичиб тоза туйғуларни. Хазонбарглар унсизгина кўмиб қўяр Қарғиш тегиб увол бўлган орзуларни. Ошиб ўтолмассан энди ўртамизда Ердан то осмонга туташ ғурур бордир. Йўқ, мен эмас, йўлларингга деразамнинг Ҳамон ўша пардалари интизордир. *** Мен йиғласам оламга ўт сачраб кетди, Дунё айтган эртакларинг ёлғон чиқди. Кузакларнинг ҳовурлари кўкка етди, Гулни қучсам қучоғимдан илон чиқди. Сен билганни мен билмайман, Худо билар, Бунда мендай борми яна кўнгил тилар? Қучоғингдан хазонларнинг ҳиди келар, Қанча қилмай юрагим сен томон чиқди. Шеърга бердим, шеърга сиғмас кўнглимни мен, Не қилай ҳеч ерга сиғмас кўнглимни мен, Муҳаббати осмонларга тенглимни мен Ўйлайвердим, кўксим тўла тикон чиқди. Тушларимда ўлан айтган ҳой моможон, Тўлмаяпти кўксимда бир жой моможон. Менга бундай қарамасин ой моможон Соғинч дарди бунчаларам ёмон чиқди. Ярим ёлғон эртакларни сўзлайвериб, Кўзим тиниб борар бахтни кўзлайвериб. Шеърларидан мен ўзимни излайвериб Топганларим ярим ҳовуч хазон чиқди. Ҳаёт мени тош йўллардан судраб борар, Ишқим ғамнинг елкасида мудраб борар. Остонангдан бир кўнгил қон йиғлаб борар Арзон чиқди, муҳаббатим арзон чиқди. Эҳ… дунё-я, эртакларинг ёлғон чиқди! *** Ота, яшаб бўлмас экан ғуборсиз, Соврилиб боряпти ғурбатга умрим. Мана, қайтаяпман қуруқ қўл билан, На олим бўлолдим, на одам бўлдим. Менга одамдайин яшамоқ қайда, Баъзида паймонам тўлиб кўрингай. Отажон, аслида мен турган жойда Мунофиқлар ҳақгўй бўлиб кўрингай. Бунда тирикликнинг тирик ижроси, Бу ер виждонлилар яратган саҳна. Бу улуғ зотларнинг кунлик хатоси Сенинг ташвишларинг сингари кўҳна. Ота, орзуларнинг ортидан чопиб, Охири йўқ ишга қўл уриб қўйдим. Энди ҳеч бирини бўлмайди топиб, Бунда кўп нарсани бой бериб қўйдим. Йиллар соғинчимни силаб ўстирди. Йўллар олиб кетди сендан узоққа. Баъзида бош олиб кетгим келади Мени одам қилиб туққан қишлоққа. Қишлоқ — ташвишлари умридан узун, У ерда қайнайди эрта-ю кеч иш. Сен мени оқлайсан: “Шоир-да қизим, Шўрлик келгани вақт тополмайди ҳеч”. Ҳа, менда чиндан ҳам топилмайди вақт, Ойда бир ҳолингни сўраб қўйгани. Лойиқ бўлолмадим оғир дамингда Бир марта кунингга яраб қўйгани. Отажон, тириклик ҳолдан тойдирди, Жонга тегиб кетди буюклик ғами. Мен учун энг катта йўқотиш бўлди, Меҳрингдан мосуво ўтган ҳар дамим. Баъзан йўл оламан олис шаҳардан Мени тетапоя қилган қишлоққа. Онам нон ёпади менга саҳардан, Сен чиқиб кетасан тезда чорбоққа. Олдимга тўкасан топган-тутганинг, Тўяман “дийдор” деб аталган ошга. Сенинг бағринг каби улкан ҳовлимиз Бир зумда тўлади қавм-қариндошга. Тинмай мақтанасан кўксингга уриб, Бир гапни минг бора айтасан такрор: “Китоби чиқибди қўйинглар кўриб, Менинг шундай қизим, шоир қизим бор”. Эртаси қўш-қўллаб тутасан секин Укаларим ризқин бўлакларини. Мени кузатгани чиқади онам Кийиб ўттиз йиллик кўйлакларини. Ортимда қолади дуолар қилиб, Менинг онагинам, онаизорим. Асли арзимайди гардларингга ҳам Менинг бутун умр битган ашъорим. Энг керакли пайтда тишлаб тилимни Ўзимни ҳақгўйдай тутиб юраман. Виждон саҳнасида мен ўз ролимни Қойилмақом ижро қилиб бераман. Сен эса мақтаниб айтасан такрор: “Менинг шундай қизим, шоир қизим бор…” *** Ўзимни ҳар кўйга солдим мен, Сочларингга сачратиб қиров. Шу яшашда билмадим, она, Минг ёшларга кириб қўйдим-ов. Дунё ўтиб боряпти мендан, Мен кўнглингдан ўтиб боряпман. Қисматимни елкамга ортиб, Йўқликларга кетиб боряпман. Кетаяпман, кетяпман, она, Ортимда бир дунё хатолар. Мен кўнглингдан ўтяпман, она, Ўтаяпти мендан дунёлар.
2020-06-16
http://nodirabegim.uz/archives/2447
бу қандайин ёғду бу қандайин нур ёди билан ювар кирликларимни ҳар томчи кўзёшда туганмас сурур тўзғитиб юборар киприкларимни бу ҳаёт бу орзу бу енгилмас куч чанқоқни қондирган илоҳий булоқ аросатдан чиқиб оёғидан қуч (хорликдан ҳурликка йўлдир шу — оппоқ!) бу осмон бу кенглик бу бахтиёр дам мўлтираб ёруғлик излаган кўнгил зулумот даштида милтираган шам дил истаб ўзини йўқотган бедил одамлар ичида топилмас одам шуми, соғинчидан илинган шингил?! шуми, босилмоғи шарт бўлган қадам?! бу журъат бу ҳадик ва бу хавотир ярим юрагингга сиғмаган очун ғамларга дастёрлик қилган асотир қора кўзларингда ёришмаган кун бу надир? умидга нишон бўлган ишқ ҳарсангга айланиб улгурмаган қалб фидолик нелигин билмаган ошиқ олов тутганича куйлар атайлаб куйдирмай ёндирар жуда авайлаб изҳорга келмас тил очилмагай лаб иқрорин ичига ютар қалтираб бу қандай исёндир? қандай надомат?! оломон йиғила бошлар тумонат… чорлар ҳаловатни англатган товуш висолни бўғзида сақлаган сархуш қанотига жоним боғланган жон қуш… Бу шундай ёруғ туш таъбири ўнг туш! *** булғанган руҳимни ювмоқчи бўлиб эҳтиёж сезаман бир томчи ёшга бермайди Худо айланиб бўлганман қоп-қора тошга кўзларимни катта очмоққа қўймай савдони бошлайди иккиқат ҳислар қалбга руҳга кўнмай орзуга тўймай умидимдан умид узмас дардисар судралиб бораман охир кунгача гуноҳкор — Одамдир, умидсиз шайтон суяк-суякларим ўтда ёнгунча — қор ёғиб қолади авжи саратон!.. умидимга дахл қилолмас бир жон ой тўлиб боради — ўн беш кун ёруғ гуноҳга тўлганман ўтган ўн беш кун мени поклаб олар гуноҳларимдан тазарру бошланар кўтарилар туғ гуноҳимдан ўтгин Худованд!.. якун. *** йўқолган қадрми? бу жонга жабрми? билмайман бир мардга мутеълик кўксимни сиқади умидлар остида эзилган қулдайман йиғласам… кўзёшмас, синиққан орзулар чиқади кунларни яшайман тундайин тунларда термулиб эртага… сас бергин тин олай Худойим айт, қачон етаман эртакка?.. сабрда яшадим сабрни кийдим сабрга суяниб бошим тик сабрни суяйми? наҳотки тўйдим, наҳотки нолидим?.. «бандалик!» қисматим шам янглиғ ёнмоқда ўзгалар умрини ёритиб эриб кетаверар кўнгил танадан дунёни кўзимда қаритиб ҳар тонгда янгидан туғилиб боқаман бу дунё кўзимга сиққунча бардошнинг елкаси бақувват ёоооотаман балодан бош омон чиққунча… *** Кўнглимнинг ғашларига Кўзимнинг ёшларига Тўлиб борар дунёйим… Ичим-у ташқаримга Даво бўлгин Худойим! Тупроқ ўпиб учсайдим Бир юракни қучсайдим Қорайиб тўлар ойим… … бўш қоп янглиғ пуччайдим Дардни сургин Худойим! Сўлаётган гулдаман Гоҳ шоҳ, гоҳи қулдаман Ёнмоқдан йироқ лойим Алангасиз кулдаман Оташ бергин Худойим! Ҳисларим янчилади Майсалар санчилади Бир пул — дунга баҳойим Дийдоринг қамчилади Ҳолим сўргин Худойим! Юраман йўлим унмас Тун-тунмас, куним-кунмас Сенсиз умрга кўнмас — бу юрак сургун доим Назар қилгин Худойим! Назар қилгин Худойим! *** Муҳаббат денгиздек тўшалар, Икки бўш кемада иккимиз. Тунаймиз иккита гўшада, Гарчи бир манзилда руҳимиз. Орамиз қил сиғмас масофа — ютоқиб чорлайсан ўзингга. Денгизда чанқаган мусофир — ҳеч шафқат қилмадим ўзимга. Чағалак мактублар ташийди, Ҳавойи бўсалар — инъомлар… Елканлар бошини қашийди, Ой ҳамроҳ бўлади оқшомлар. Ичикиб, энтикиб, интилиб, Кемам ҳеч сен томон сузмайди. Йўқ бўлиб кетаман титилиб, Ғуруринг мендан кўз узмайди. Қара, мен иқрорман батамом — яшарман кўз тикиб юлдузга! Қалбимга кўрсатгин эҳтиром — Кел… бирга чўкайлик денгизга… *** Ҳисларни қамчилаб уйғотар аёз сочларни сийпалаб ўпиб қўяр қор… …Эй, бедил, ўкинма, тур — ақлдан оз, Бошқа бундай имкон бўлмоғи душвор Яна «қорлар ёғар — излар босилар» Телба руҳинг яна топар осойиш. Бугун сев… эртага не бўлса бўлар, Ҳаловат — ўзингдан Ўзига қайтиш. Оққа ўранади шарманда боғлар, руҳингни оқликка чулғашга кўнгил Сендан юз бурсалар иймони соғлар Юрагингдек чўкмас тоғингга йиқил. Сафар чорлаётир, бор бисотинг Ишқ! Кечмишинг, қилмишинг бўйнингдаги дор… Тақдиринг битилган — бир орқа қарғиш, Ва кўнгилдан оғир не гуноҳинг бор?!
2020-10-07
http://nodirabegim.uz/archives/2563
Мен ўзимни қийнадим узоқ, Мен ўзимни жарларга отдим: Ҳар сония соғиндим, бироқ Ҳар сония сени йўқотдим… Пойимда ер, бошимда осмон, Сўздан ўзга бир тасалли йўқ. Наҳот шундай яшадим осон, Юрагимга санчилганча ўқ! Шудринг ичган – майсалар сармаст, Сойга қўнган юлдузчалар лол: Қаршиладим тонгларни бесас, Кутиб олдим тунларни беҳол. Юрагимни суғуриб отдим, Вужудимга солганча титроқ: Ҳар сония сени йўқотдим, Ҳар сония соғиндим, бироқ… Шу осмон тагида яшаганмидинг, Шу тупроқ устида юрганмидинг сен? Орзулар боғида яшнаганмидинг, Дунёни покиза кўрганмидинг сен?! Қандай бахтиёрсан, чеҳрангда доим Соҳилга урилган тўлқинлар изи. Неки гўзаллик бор, берган Худойим: Сен тонгнинг боласи, денгизнинг қизи… Оҳ, қизил елканлар, қара, елмоқда, Сен томон шамолнинг кафтидан тутиб. Ва унда шаҳзоданг мағрур келмоқда, Бутун дунёларни балки унутиб. Ассоль, ўшанда ҳам шумиди осмон, Шу тупроқ кўтариб турганмиди, айт? Ассоль, ўшанда ҳам бормиди ёмон, Юраклар ҳирс учун урганмиди, айт? Қизил елкан мисол қизарар шафақ – Уфқнинг парчасига сачраб кетар қон. Гоҳо титраб кетар мен босган тупроқ, Гоҳо силкинади мен кўрган осмон! Бир қўрқув руҳимга ташлайди соя, Муаллақ турурман, остимда жарлик. Мени қутқармоққа юрак кифоя, Кўнгил кифоядир инсон сиғарлик. Ёруғ тонгларимга сингиб борар тун, Менга осмонингни тутиб тур, Ассоль. Елканли кемада борурман бир кун, Рўмолинг силкитиб, кутиб тур, Ассоль. Рости, рақибларнинг қолмаган марди, Юзингга тик боқса, эркакман дея: Дунёлар ўзгарди, замон ўзгарди, Нечун ўзгармасин трагедия?! Саҳнани титратса ошиқ ғазаби… Содда томошабин шуни хуш кўрар. Аммо режиссёр ҳам ўзимиз каби: Замоннинг зайлига қараб иш кўрар. Душманлар қонсираб турар майдонда, Нигоҳлари ёниб, тугилиб мушти: Барча даҳанаки жанг кутган онда, Рақиблар бир-бирин мақташга тушди. Бу ҳам санъат балки, бу ҳам истеъдод, Кўп экан ҳийланинг синоат-сири. Мақтовнинг “зарби”дан солганича дод, Саҳнага гурсиллаб йиқилди бири. Ғолиб мағрур юрар у ёқдан – бу ёқ, Минг йилки бўлмаган ишни бўлдирди: Рақибига пичоқ санчмади, бироқ, Кўкларга кўтариб, мақтаб ўлдирди… *** Ҳудди менинг каби кезарди ёлғиз, Дам олиш боғини бир чиройли қиз. Ногаҳон тўқнашди нигоҳларимиз, Бешинчи ноябрь эди ўшанда… Етти осмон узра янгради қўшиқ: Оний лаҳза ичра дилга инди ишқ, Бир кунда телбаман, бир кунда ошиқ, Бешинчи ноябрь эди ўшанда… Оҳ, қандай ёқимли муҳаббат ҳисси, Мен Ернинг боласи, сен Ойнинг қизи. Сени менга берди Худонинг ўзи, Бешинчи ноябрь эди ўшанда… Кузнинг хазонрезги, салқин кечаси: Дунёни элитар сукунат саси, Юзимга урилар ёрнинг нафаси, Бешинчи ноябрь эди ўшанда… Аммо… Йиллар ўтди, сониялар – қайғу, Барчаси туш эди, барчаси уйқу, Бизлар ўша жойда айрилдик мангу, Бешинчи ноябрь эди ўшанда… *** Саждага чўзилган неча чиркин қўл, На ўнг бор юрмоққа, на топилар сўл, Аросатлар аро тушмиш барча йўл: Дунёнинг ярми гул, ярми чўп, она. Маломатга тўла бир бурда нонинг, Беш пулга сотилар омонат жонинг, Ғарибларга тўла ғариб дунёнинг Ярми тинч, қолгани талотўп, она. Бировнинг экканин ўргани қанча, Ҳалолдек кўз сузиб тургани қанча, Ҳанграгани қанча, ҳургани қанча: Наҳотки ёмонлар шунча кўп, она? *** Бугун яна юрагим вайрон, Бугун яна дилимда зулмат. Шароб тутган, бир қўлида нон менга далда беради Байрон: -Ўзингни тут, яшамоғинг шарт! Вужудимни босаяпти тер, Бу ҳислардан қололмам омон. Наъра тортар важоҳатли ер: Байрон, менга юрагингни бер!, Йўқса яшамоғим даргумон… *** Лангар кўтарилди, тебранди кема, Дарёни ўйғотди бонгнинг овози. Мен сени қандайин севар эдим-а… Кўзлари чиройлик, эй арман қизи. Мана, кетмоқдасан, айрилиқ они, Дилимни чулғайди аламли фироқ. Сенга узатганча жону жаҳонни Менинг билан қолди бечора қирғоқ. Соҳилда оломон, ур, бақир-чақир, Ҳайқирар одамлар басма-басига. Бир сўз деёлмадим, айтолмам ахир Ҳатто “Алвидо”, деб арманчасига. Маҳзун нигоҳинг-ла термулдинг узо-о-қ, Бу тилсиз видодир, бу сўнги видо! Нева чайқалади тутгандай тўлғоқ, Сени олиб кетди ўзга бир дунё. Энди хаёлдирсан, энди тушдирсан, Сатрларга инган само юлдузи. Кўксимга ин қурган оппоқ қушдирсан, Кўзлари чиройлик, эй арман қизи. *** Сени туш кўрибман, ўн бир йил ўтиб, Нега тушларимга кирдинг, Венера? Кўзгудек Невага юзингни тутиб, Тунда сочларингни ўрдинг, Венера. Невани севардинг, мен эса сени Ўзимча Венера атаб олгандим. Тўлқинлар устида кўргандай нени, Жилмайган чоғингда севиб қолгандим. Ўша соҳил эди сайиргоҳимиз, Ой сувда чўмилар, юлдуз чўмилар: Негадир айтилмас кўнгил оҳимиз Тобора юракка чуқур кўмилар. Гоҳида ўткинчи йўловчи каби, Изингдан жимгина қадам ташлардим. Товоним ўпарди дарёнинг лаби, Атай Есениндан айта бошлардим. Самони билмадим, Ерда тенгинг йўқ, Парилар юртидан келганмидинг ё? Сен сувга боқардинг, нигоҳларинг чўғ, Ҳайрат-ла боқарди сенга бу дунё! Кеча туш кўрибман, ўн бир йил ўтиб, Нега тушларимга кирдинг, Венера? Кўзгудек Невага юзингни тутиб, Тунда сочларингни ўрдинг, Венера.
2020-07-28
http://nodirabegim.uz/archives/2692
*** Тун – асабий бўялган қоғоз, Шамолнинг сочлари майин сузиши. Қора камзул кийган телба ошиқнинг Кўзлари, хаёли сенда қолиши… Ва яна умрбод очилмаган хат Тўғриси… Очишга қўрқилган нома. Ҳеч кимга кўрсатмай, Махфий йиғлаш чун қалбдан ажратилган қоронғу хона. Тун – боласин кун бўйи ўйлаб, Келажагин тушда кўрётган она. Бундан бехабар-у кеча-ю кунни Телефон қучоқлаб ўтказган бола. Тун – асабий ўралган рўмол, Пешингача ухлаб ётган фалокат. Билмам… Зулмат берарми нурафшон кунлар Ва ё келтирарми улкан ҳалокат..? *** Парда кўтарилса мен чиқаман, Мен Ўнг қўлимда ханжар, чапда қора қон. Кўзимга ишонмам, наҳот шу менми? Томошабин ҳолда боқаман ҳайрон. Парда кўтарилса Мен чиқаман, мен Соф ишқдан чарақлар икки кўзларим. Қизғиш юзларимда тўқ самимият, Меҳрга, севгига тўла сўзларим. Парда кўтарилса Мен чиқаман, мен Қўлимда жонимдан бўлган чақалоқ. Кеча қотил эдим, не учун бугун Шодон юзларимда кўринмайди доғ?! Парда кўтарилса Дўст, душман ҳам мен Қотилман, дохилман, жоҳилман хатто Яқиним ортидан ханжар санчаман, Яна шу қўлимда бераман даво… Мен-ку пардаларни кўтардим, илло қотиллигим ростдир, жоҳиллигим рост. Дўст-у яқинидан парда ортида Чувалашиб ётар қанча найрангбоз. Дўзахингманми ё жаннатингманми Билмам, қай ўлкадан олинган лойим? Қотил қиласанми ва ёки шоир Фақат “Мен» бўлишдан асра, Худойим! *** Мактаб ҳам тугади Ўн биринчи йил «Эртага топширинг!»,–дейилди. Буйруқ. Уларни қучоқлаб, тўйиииб ҳидладим Эртагача… кўзга келмайди уйқу. Сирдош дугонамла ёзган хатимиз — «Мадина», юракча «Гулнор» «Чин дўстлар». Кутубхон опажон, ўзингиз сўранг «Беғуборлик не?»,–денг дарслик сўзлар. Саида оёғи оғриганида Кўзимга узунроқ кўринганди йўл… Дардин менга бер деб ўкинган пайтим Хуршид Даврон юзи бўлган эди ҳўл… «Ёмғир ёғар…» Рауф Парфи устознинг Томчилари жўшиб қалбимга оқди. Ҳа айтганча, Маҳмуд Тоир устознинг «МОМО ЕР»им шеъри жудаям ёқди! Гулюз Ойдин аям кокилларига Узун кокилларим қўшилиииб кетди. Сумбул сочимдаги оҳанглар билан Ошиқ ёмғирларнинг бағрига етдим. Ҳали ўн саккизга тўлмаганман-ку Ўн саккиз дарслик мен учун интиқ «Бермайман!» ўжарлик қилади руҳим Китобларим каби қароғим синиқ… Дарслик каттаси – биология. Ҳа, эсимда, ўша юзинчи бетнинг Мактуб яширинган эди тагига: «Мен сени», беш нуқта сўнгра минг бора Ўчирғич ишқалган аммо ўчмаган. Не сир яширинган нуқта қаърига?.. Ёқтирган сақичдан чиққан расмлар – Энг бош саҳифадан ҳали кўчмаган. Аччиғи чиқади кўрса устознинг Хатлар, расмларни барин ўчирдим, Энг сўнгги хат қолди, энг сўнгги хотир. Қандайин ўчирай кўзим қиймайди! Ўчирсам китобнинг юзларин эмас Ўчирғич қалбимнинг юзин тирнайди… … — Мана китобларим, олинг,– дейман-у, Санашга киришиб кетади устоз. — Бўлди, кетаверинг, барчаси тўғри, Тартиб рақамлари жадвалига мос. (Кетганимдан кейин кутубхоначи «Соғинч не?»,–деб кўринг китоблар сўзлар. Кечиринг, битта хат қолдирган эдим «Мадина», юракча «Гулнор» «Чин дўстлар».) Аччиғи чиқади кўрса устознинг… *** Мен узилсам гарчи дардкаш ким бўлар Айт, ким ололади мендаги жонинг?! Томир томиргача сенга яқинман, Кипригим қошинггга туташгани чин… Қора булут дема ёмғир, офат не? Ўша осмони ҳам тўкилсин чил чил! Ёлғизликка отиб кетмайди само ойсанам, мотамо, қошиқюз ишқни. Қаттиқ эсди насим ҳавотир олма, Бизни айиролмас, шамолнинг ниши. Ёмғир тоза туйғуларда ивидим роса, Нимадур чирт этди, қуладим охир. Томчилар: «Қўрқмагин», — дейди шивирлаб қўлимдан тутади бардам ва сокин. Қуладим, мункайма азизим менинг Қара, ер юзида гўзал сирғаман! Мабодо баҳорда ҳолсизроқ бўлсанг поянгга куч бўлиб қайта сингаман!..
2020-08-13
http://nodirabegim.uz/archives/2844
Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ, Девона бир умид чарчади, толди. Хазонрез боғларнинг ками, кўсти йўқ, “Мевалар…” ер билан бир бўлиб қолди. Хазон қучоғида барқ урар хумор, Эҳтирос майсада гуллар тутади. Бетоқат ҳаяжон минг йилдан буён, Ўзини унутиб, кимни кутади?! Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ… *** Ишқимнинг ёмғирли кўчаларида, Ўзни тутолмади билмам қайси хоб?! Тангримнинг илоҳий кечаларида Орзу- умидларим бўлгайму сароб?! Ҳеч … бўлиб яшашнинг гирдобларнинг, Қаърига тортилган онгли мавжудот. Бу теран ақлини қаерга қўйсин, Ва ненинг емиши бўлсин одамзод?! Ёлғизлик — руҳимнинг буюк сардори, Осойиш бер энди, эй Олий илоҳ. Сен мени кечиргил Меҳр Меҳроби Ким ҳам бу дунёда қилмабди гуноҳ?! Ишқимнинг ёмғирли кўчаларида, Паноҳ бўлолмадинг, муҳаббат, эвоҳ … Тангримнинг илоҳий кечаларида Ўзим билан ўзиму, ёлғизлик ҳамроҳ … *** Ёмғир ёғар, ёғар бетиним Шу тупроқдан бир хамир қорди. Нам тупроқнинг бир хушбуй ҳиди Уруғларни қитиқлаб ёрди… Кўзим, сўзим, нигоҳларимдан Шукроналик нури сочилди. Сени севган ҳар оҳларимдан Сирли неъмат гули очилди. Бу оламнинг тортишиш кучи Ушаляпган вужудимда гоҳ, Бу дунёдан йўқолар бўлсам, Муҳаббатдан топаман паноҳ… Ёмғир ёғар… *** Бўлса ҳамки хаёл паришон, Банд бўлсамда бирор юмушда Эшикларин ёпса гар жаҳон, Орзуларим ушалса тушда… Синовингдан ўтган дил қўрқоқ Ололмайди ўнглаб ўзини. Маконингда барқарор бироқ Айтолмагай тўғри сўзини. Ёмонликлар олди ўқ-ёйим, Хасдан баттар ғарибман унсиз. Қўлимни тут, қиблагойим, Бирам оғир яшамоқ сенсиз… Мен сендан кетмадим, кетмайман, Жамолингга қачон етгайман?!. *** Дилисиёҳ бўлманг, Отар сиз-чун тонг. Кун-у тун парилар Ғамингиз ейди… Бу гулни ўйламанг, Бўлар аҳвол танг, Узун-қисқа юрганлар Нималар дейди?! Сиз билан мангуга Хайрлашамиз… Булутлар гулни деб, Зимдан йиғлади… Тўқмоқлар тошларни Кичрайтдимикан?! Бошимни қалдироқ Кичрайтдимикан?! Синовли лаҳзалар Дилимни тиғлаб, Воҳ, сизни неданам Учратдимакан, …воҳ сизни неданам Учратдимакан?!… Сиз билан мангуга Хайрлашамиз… *** Сиз билан умрим, умидим, орзуим, йўлларим, қўлларим боғланди. Бир муштдай юракнинг ҳужайралари сизни деб яшашга чоғланди. Омонат дунёмнинг устунлари-ла, кўтаргансиз қад, Сизсиз тасаввурнинг телбавор дунёси: муваққат, муваққат, муваққат…
2020-09-29
http://nodirabegim.uz/archives/3072
Кетсам, кетаверсам тугамаса йўл, Бир ёруғ йўл бўлса чўкмаса зулмат. Бир равон йўл бўлса қадамим шодон О келмаган бўлса ишқдан «қора хат»… Бўлмаса елкамни босиб турган юк, Қушдай енгил бўлсам, тонгдай осуда. Кўрмасам ачиниш тусли нигоҳлар Тақдир ош тутмаса кемтик косада… Мени танимаса хорлик, ночорлик, Туннимас, кундузни эслатса ўтмиш. Дўст бўлса, дўст бўлса Худодай яқин, Қўрқитса ғанимни ёнимдан ўтиш… Истасам, юлдузлар тушурса нарвон, Осон самоватга бурулса йўлим. Мен деса, маломат юзини бурса Ҳеч содир бўлмаса кўнглимда ўлим… *** Сочилиб ётибди ҳазондек шаҳдим Мезон айрилиқдан келтирган хабар. О сўниб боряпти ишқнинг шиори: «Мангулик қадар»… Бўғилиб кетяпман ўйласам сени Бўғзимдан оляпти нотаниш ғулу. Ҳовурим учирмоқ учунми осмон Тортаяпти увв… Кўзини ололмас ердан муҳаббат, Куз — менинг ҳолатим чизган мусаввир. Йиғлайман, кўп муддат сақлолмайди сир Ҳақиқат ахир… Денгизлар тошгандай, тўфон тургандай Лойқаланиб кетган шуурим, дилим. Азизим, қай тилда айтай, топганин Садоқат ўлим… *** Тун. Мени тарк этган сокинлик, Ҳаддан ортиқ тин олгим келар. Юлдузларнинг ёнига бориб Йўқолгим келар… Чарчаганман ғусса кўтариб, Қақшаяпти руҳим, вужудим. Гурлаяпти кўксимда олов Ёнгим келар жим… Минг йилдирки йиғига ювдим, Тозармади қозонранг ёдим. Сизга етиб бормади ҳамон Менинг фарёдим… Ҳаддан ортиқ аламзадаман, Умри бунча узун кутишнинг… Хавотирга солмасми сизни Вақтнинг ўтмиши… *** Сен келдинг… Англадим ― кўзларим равшан, Камалак тус олди рангсиз лаҳзалар. Сен келдинг, мен учун ниҳоя, азал, Ечилди руҳимдан минг йиллик кишан… …Биллур само узра парвоз этди қуш, Бас энди, қафасда термайди увол. Мен эмас, жигари лат еган хаёл, Тоғларга бош уриб борганларим туш… Сен келдинг… Ёзилди китобим қайта, Энди пиёламда бўлмайди чега Бўлмайди умримга маломат эга Муножат ўрнида бир инжу байтлар… Сен келдинг… Ишқ-у бахт ҳамдамлигида Изтироб титради, ҳижрон чўкди тиз. Яралди пешона ўлчами кенг қиз. Сен келдинг ― ҳис этдим одамлигимни!.. Сен келдинг… *** Ака, мен акамни соғиндим ўша Нигоҳлари тиниқ, ҳайрати тирик. Хув баланд тоғлардек елкалари тик Тўрт фасли баҳордек, Отамга ўхшаб… Ҳадигин ҳайдаган ёввойи қизнинг Ҳеч қачон бўлмаган луғатида «тек» Китобин бўясам, сақламаган кек Ватан деб, Онамнинг суратин чизган… -«Осмон чайқаларми, ой-чи, у нима, Қуёш қайга борар, бўлганида кеч?» Серсавол синглисин тергамаган ҳеч -«Осмон бу денгиздир, ой, қуёш кема»… Хомушлик умрида бегона исм, Чиниқиб улғайган қирларда руҳи Кўксимни тилмаган кўзда андуҳи (Изтироб уфурган манов одам ким)… Ака, мен акамни соғиндим ўша… *** Йиғлаб ўқияпман номаларингни Руҳимда, кўнглимда чирт-чирт овозлар. Судралиб, судралиб кетаяпти ишқ Қисмат пичоғини қатлга созлар… Интиҳо бўлмаган жангда қурбонсиз, Азалдан рақибдир висол ва ҳижрон. Ахир қиш, табиий ҳол эмасдир шафақ У менинг оҳимдан сачраётган қон. Жон берган мен эдим кеча қаршингда Йўқ-йўқ кўзин олиб қочган қиз бўлак. Азизим, у мағрур оғочлар эди Мен эдим юзлари лойланган йўлак. Йиғлаб ўқияпман номаларингни… *** Сарғардим дилингнинг остонасида, Туйнук ҳам тополмай бўйламоқ учун. О, дилим кутишдан кетди толиқиб, Сўнмади, синмади, ҳисларим юпун… Нур бўлгим келганди бефайз умрингга, Хаёлда гоҳ ойга, юлдузга дўниб. Гар қақроқ бўлса ҳам сенинг дунёинг Яшил дунёимдан кечмоққа кўниб. Ҳар лаҳза яшадим илҳақ, интизор, На чеҳрам, на дилим эшиги маҳкам. Нобуд бўлаверди умидлар бир-бир Ўзимни алдадим: «вақт одил ҳакам». …Бекордек тиланиб юрганим имдод, На шавқим қизиқдир, на сенга додим. Англадим… тан олмоқ гарчи аламли Сени таъқиб этар, кимнингдир ёди… *** Кўзимга қадалган қум дейман, Ё пиёз бўлади баҳонам. Тилсизман, тилсизман, Дадажон Кўзимни шўрлатган пешонам… Жудаям оғрийди виждоним, Жудаям ачийди жонингиз. Оз эмас мен ёпган эшиклар… Сиз учун ҳамонки «она қиз». Авж олар ичимда йиғилар, Урчийди изтироб, кўксим қон. Келади дод солиб ҳайқиргим: «Қизингиз ёлғончи, Дадажон». Ва дегим келади -«кечирманг, Имконин ўлдирган қотил у. Бор бўлса дунёда бир бебурд Мана шу, мана шу, мана шу»… Сезаман кўнглингиз дарзларин, Қирдайин қаддингиз нураган. Ва дегим келади, -«қачондир Қиз бўлгум сиз Ҳақдан сўраган». Ҳозирча йўлсизман, Дадажон… Тилсизман, тилсизман, Дадажон…
2020-10-17
http://nodirabegim.uz/archives/3157
Руҳимни паришон айлар Пикассо, Жумбоқ яратган-да инсон зотини. Йўқса ошқозонга тушар нарсага Танлаб қўярмиди рассом отини? Заминга андаза митти заминча, Она ер ҳидига белар уйимни. Туйқус эсга солар картошка дала Ва унда йўқотган қора қўйимни. Ачомлашиб ўт-у ўланлар билан, «Хола-хола»ўйнаб кейин кун бўйи. Умримда биринчи марта қўй боқдим, -Кейин-чи? Тополмай қолдим шу қўйни… Отнинг қашқасидай маълумдир ўзи, Қоққан қозиқдайин жилмаса жойдан. Дунёда энг юввош, шу одобли қўй, На ерда кўринди ва на ойдан… Қайтдим. Кўнглимгача чўкди гўё шом. Отам ранжидилар, йўқдир ургани. Маҳзун юрагимдан ўчмайди ҳамон, «Одам бўлмайсан» деб илк бор сўккани. Одам бўлдиммикан билмайман ҳануз, Елкамда ўттиз йил ўсган тоғлар бор, Мен одам бўлмасдан букчайиб қолдим, Мен катта бўлмасдан кичрайиб қолдим. Эксанг, кулиб унар яна картошка, Тирноқдан кичиги кафтга сиғмайди. Башар ҳақли эмас, бу сирли бахтга, Инсонни кўмсангиз-ўсиб чиқмайди!!! Ўсиб чиқмасларим, қайтмасларим, оҳ! Сиз кетгач, тупроққа даҳлимни туйдим. Изим ҳам, кўзим ҳам узилмас ердан, Мен одам бўлишни ўйламай қўйдим. Бугун дардлашаман картошка билан, Эртага пиёзга бераман йиғлаб. Уфққа туташгулик ўй-хаёлимни Шу тўртта деворга қўйганман михлаб. Отамсиз, онамсиз уч болам билан, Бахтли болаликни қумсаб яшайман, Сабза майсазорин ортда қолдириб, Шаҳарда адашган қўйга ўх шайман. Қўй-ку топиб келган ўшанда уйни, Ўрнак ололмадим лоақал қўйдан. Ота, ахтаряпман ҳали йўлимни, Ота, бўлолмадим ҳалиям одам… Руҳимни паришон айлар Пикассо… Ичикиб бораман Ичан Қалъага, Мени кутиб олар Ота Дарвоза, Отам оталарин кўрган дарвоза, Отамдай кўксини керган дарвоза. Ота Дарвозанинг эрка боласи, Сени истаб келдим кўрса хуморим, Хива бошидаги кўм-кўк чўгирма, Чўк тушган кўк соқол Калта минорим! Калта минор… Бўйи ўсмай қолган Кўнгли Кааатта минор! Рукусида қотиб қолган зоҳиддайин На ётасан, На турасан шартта минор… Калта минор, Бисотингда армон бисёр, Кўк айвонин кўк устуни бўлмоқчийдинг, Мадаминхон зиналаринг кўзга суртиб, Бошинг узра Бухорони кўрмоқчийди. Алал боши бўзлаб ётар Теҳронларда, Танаси-чи кўҳна Сарахс томонларда. Мадаминхон бошсиз қолди- Бошсиз қолдинг… (Бошсиз у ҳам Худди сенга ўхшаб қолди) Ўйлагансан: «Бир инсофли тамомлар-да!» Калта минор, Йиллар битди — сен битмадинг. Хонлар кўз-кўз қилди қудрат, давлатини. Бирортаси тирилтирмоқ истамади Отасининг, акасининг шавкатини. Ким ҳам ёдга олар деди ярим ишни, Тамомласак, ёйиб хоннинг шуҳратини… Калта минор, Ҳасадинг кўп, Ҳавасинг кўп, Сал баландсан гужумлардан, чинорлардан. Ичинг тўла усталарнинг нолалари, Азон келса бошқа-бошқа минорлардан. Калта минор, Битмай қолган ярадайсан, Боқсам, бағрим бурдалайди Калта бўйинг. Шу ҳолда ҳам Хивага хўп ярашгансан, Баланд-баланд миноралар босмас ўрнинг! Тасбеҳ ўқир ферузаранг карбичларинг Худога қўл чўзгандайсан ҳар ғишт билан! Ака ишин давом қилмас ҳар уканинг Бошига бир ургинг келар карбич билан! Калта минор ўкинмагин ўйларингда, Айланайин, ўзим калта бўйларингдан. Сен меҳрдан, оқибатдан бир сабоқсан, Дунё ичра минорлардан юксакроқсан Ўзимча шеър ташлаб саккиз йил, Ё Камюга ўхшадиммикан? Шеърларимни сувга айттими, Ё шеър ютиб яшадиммикан? Синглим, сув бер, бир косагина, Бор меҳрингни сингдириб бергин. Онамнинг энг яхши сўзларин, Опамга деб эндириб бергин. Қўшгин отам дуоларини, Айтгин журъат, айт дадил, дадил, Улар мендан розилигин айт, Ишониб айт, келтириб далил. «Ой қизим» де, «опоқ» қизим де, «Сени яхши кўраман», — дегин, Бахтли бўлгин, қувноқ, қизим де, Мен бу сувни ичаман секин. Қон-қонимга сингиб боргунча, Ҳужайрамга кириб боргунча, Бир оҳиста сипқорай обни Юракларим ором олгунча… Ҳўплагандай Кавсар сувини, Ютингандай «Зам-зам» сувини Бир коса сув кучи-ла токи, Чалиб ўтай ҳаёт куйини… Ришта азал зарур бизга ҳаётда, Хилқатлар тожи-ю ақл-ҳушимиз. Баъзан билим билан, билаклар билан Бир ип қилган ишга етмас кучимиз. Бир учим — боламда, Бир уч — рўзғорда Икки куним — уйда, Учи бозорда… Кўринмас бир шаффоф учи шубҳасиз, Мени кутаётир… мозорда… Ҳаёт — бир-бирига чалкашган иплар, Бир уч — фаришталар, Бир учи — итлар. Ечиб учиб кетсам чигалликларни, Қанотини бериб турса бургутлар… Ука, Ота уйим ёлғиз ёдгори, Минг чақирим олисда Сен менга кучсан. Йўлингда қоқилсанг, юрак тўхтайди, Томирим боғланган энг муҳим УЧСАН! Сиз мени тушунманг! Менга қайғурманг: Одамдай кўринсам, бир «нари-бери». Сукутга айлансам, устимдан кулманг! Дудуқ, Узуқ-юлуқ ўқисам шеърни… Сиз мени тушунманг, Сиз мени қўйинг… Гарчи илм мерос Одам Атодан. Майли, шоир бўлинг, уламо бўлинг, Мени тушунмайди бошқа Худодан! Сиз мени… ҳеч қачон тушунолмайсиз Ва, илло, умрбод тушунманг мени. Мени таҳлил қилиш, ҳис қилиш учун Яшашингиз керак мендай тақдирни.. Дайди соғинч хаёл қушида, Умид ила излайди сени. Тентак қалам тили учида Кўрсатишга уринар мени. Ҳар куни… Ҳар куни… Ҳар куни… Оқизиб юбордим сен бор тушларни, Жайҳун узра қалқди мавжли, кенг изи. Муаззин, хокисор улар шунчалик, Ҳадемай тўлғуси Орол денгизи. Армон печагига илашиб толма, Қаддингни қайрағоч қилавер — қайтма! Кўҳна Окс остига чўкар Хоразм, Фақат тушларингни Амуга айтма!
2020-04-12
http://nodirabegim.uz/archives/3384
Гар дунёга ўт кетса, Ғозни тутиб урдилар. Қимир этса Ер шари, Чумолидан кўрдилар. Очуннинг чин баҳосин Кар-соқовдан сўрдилар, Мен-чи қадрим тупроқдан Сўрайинми, жўражон? Деворларни бошимга Урайинми, жўражон? Кўкрак шимиб тирмизак, Ҳасратларим мўл дейди. Кўкси ярим бахтимни Кимдир «ярмин бўл»,- дейди. Охир ўзим ўзимни Таний олсам, бўлдийди. Янги келган меҳмондай Бунда лолмиз, жўражон. Бизга увол дунёга Биз уволмиз, жўражон! Соялар тек турмасин, Жим турмасин сукутлар. Тили бўлса, сўйласин, Ёмғирпараст булутлар. Нафсиламрдан қочиб Недир энди субутлар? Биз нимадан қочдиг-у, Нега етдик, жўражон. Хайрли бўлса кетмоқ, Хайр, кетдик, жўражон! Қанот-ла ўзин қарға Фаришта билса тамом, Кишига берсак уйин Томига қараб салом, Меҳнат терга кўмилиб, Қора дея олса ном, Адолатни Самодан Сўрагаймиз, жўражон! Энди ерга оқ кафан Ўрагаймиз, жўражон! Энди ерга оқ кафан Ўрагаймиз, жўражон! * * * Ҳаддини билмаган битта бўлса мен, Алар она сутдек лойиқ оқликка. Менинг нима ҳаққим бор ярим тунда бировнинг қизини соғинмоқликка… Мен ҳеч вақоликка кўниккан янтоқ, Кўклам ўлдиради ўлдирса, тушун… Сен айтган денгизга сиғмаган тушман, менинг болишимга сиғмаган тушим! Сени кечирмайман, мени кечирсанг пойингда ёмғирдек тўкилганим пайт. Агар жондан ортиқ мени севганинг Рост бўлса, «Ҳеч қачон севмайман» деб айт! Энди ўроқ тутади бу қўл, Белкуракни қучади маҳкам… Қўлларингдан тутмоққа буткул Энди менинг вақтим йўқ, эркам. Энди елкам опичлар кетмон, Бунда беюк яшамоқ уят. Пичанларни қиздай қучарман, Берса, бошинг берар азият. Энди юрак билмайди оғриқ, Мушакларда бироз санчиғи… Пишган жўхоризор ишига Ҳали хомлик қиляпман, чоғи. Энди шеър йўқ, энди йўқ шоир- Ярашмайди бу қўлга қалам. Қишлоқнинг жин кўчаларидан, Жўн бахтимни топарман мен ҳам… Энди булоқ дудоқларидан Ҳовуч-ҳовуч оларман бўса. Менда вақт йўқ— ҳу-ув хотирларни Ёқиб юбор имконинг бўлса! * * * Инжиқ кўзларимда мезонлар сероб, Ёмғирни севаман — куз бўлсам керак… Қишман- вужудимда совуқ изтироб, Яна нигоҳлари муз бўлсам керак. Баҳорман— заминга тўшалган байроқ, Қаро сочларингни силадим сим-сим… Ёзман- юрагимда туйғулар қайноқ! Сенга қайси фасл ёқар, азизим? Мен бахт экдим қароқларимга, Келганингча ўсиб туради… Ҳаялласанг, бахт япроқларин Хўрсиниқлар узиб кўради. Оғир менга, тушунгин, оғир, Ёлғизликни елкалаб яшаш. Қўлингда-ку шу туннинг, ахир, Кўйлагига бир висол қадаш. Хаёл сурсам, хаёллар— булут, Тушлар- туман, Сўроқлар бесас… Бу йўлларнинг қўллари қисқа, Хушхабарлар (ҳам) хуш хабармас… Қуёш қийғос гулласин илк бор. Кўнгилгинанг кўнглимга юқсин. Келсанг, Ўзим қиламан изҳор, Гуллар гуллаб қўяди йўқса! Мен бахт экдим қароқларимга. Совурмоқда йилларимни ел. Куз бошланди… келаринг бўлса Кўзёшларим тугамасдан кел. * * * Кўчаларда мезон ёнади, Ер-у кўкни қуршаган ҳадик…* Кенг шаҳарда, вақтдан панада Бахт топишга улгуролмадик. Менда ғурур, сенда андиша- Қутбларга тортқилаган куч. Биздан ҳамма олди биз эса На вақтдан, на бахтдан олдик ўч… Қуруқшаган лабларим ила, Қуршагайман исминг- ҳаводир. Кипригимда тунларни элаб Олаяпман сендан хавотир. Оҳ, қўлингда қалтираган лаб- Оқ лабингда ҳўл қўллар қондир. Борар бўлсам тасалли излаб, Ёндир, ўша йўлларни ёндир. Хаёлларинг дорга осиғлиқ, Ғарб-у шарққа сурунар эпкин. Ўйларингда айб йўқ — Ўзим… мен Келмаяпти ёдингдан кетгим. Сен тўкилсанг, тўкилдим, ажаб, Борлиқ аро йўқман… ё борман?! Менда ёш йўқ- қошимда йиғлаб Кўзларимни тўкиб юборма. Қарши сас топилмас бир ўктам, Шовқинлар шаҳарни енгади. Оломон кўнглингни ғажиб ҳам Ҳижолат чекмайди негадир. Йўлларни ютади автолар Табиат асабдай бузилган… Бизнинг ҳам, кузнинг ҳам қисмати Энг арзон рангларда чизилган. Ўйласанг қолмаган ўйлиги, Бир эзғин, бетизгин яшамоқ … Узилган ришталар занжирбанд- Боғланган ришталар қирқ ямоқ. Забардаст ос(у)мон дардини Чумоли инига экадир. Оламлар тушунган- бир-бирин Одамлар тушунмас негадир. Бир кун сендан келадур мужда— Ўзгаради тунларнинг зайли… Шу озгина йиллар ҳурмати Майли, озроқ йиғлайман, майли… Эл қатори берасан тўйхат, Бормоғимдан чиқмайди бир иш, (Бармоғимдан чиқмайди бир иш…) Хотираларни ёқиб фақат Куйиш мумкин ва яна куйиш. Шундан кейин кузак шифтидан Юлдузини излайди жисмим. Мен қизимга исминг қўймайман, Сен ҳам берма ўғлингга исмим. Силолмаган қўлларим синсин, Ўшал зулфи толаларингни. Ўполмасам керак мен энди— Ўпиб қўйгин болаларингни! * * * Ҳеч нарсадан тўлиб кетар дил, Кўзга сўроқ тутар тўрт томон. Ҳеч не ўтмай ўртадан адил Кетганингга куйиб кетаман. Ачинмайман, йўқ! Бари гўзал… Кунларимни оҳор ўрайди. У тушимга кириб ҳар саҳар, «Кечикдим» деб узр сўрайди. Қандай айтай, Барини билиб ҳижолатлар эзар танимни. У билмайди эрта туғилиб, Ҳаётига кечикканимни. Сўрамагин, авҳолимни қўй, Шу ҳолимда сенга мосманми? Қаро қалбим тутганини кўр, Қўлларидан оппоқ осмонни(нг). Тақдиркан-да! Бахт экан шундоқ… Насибамиз қолмас улоқда. Шеърларимни ўқисанг узоо-оқ Қарғамагин, ўтмас узоқдан. Мана яна бир фасл ўтди- Ҳеч нарсасиз ўтмоқда умр. Тушларига кириб мен энди Қачон ундан сўрайман узр?! Лек биламан қирмизим бекам Хатоларим оққа кўчирган. Кечирмаса нетарди у ҳам! Кечирган у, афсус, кечирган.
2021-05-01
http://nodirabegim.uz/archives/3540
1. Ниқобимни ташладим ечиб Болакайнинг кўзига қараб. Кетгим келди ўзимдан кечиб Болакайнинг кўзига қараб. Юрагимга нурлари оқди, Яратганнинг сирлари оқди. Кўр дийдамнинг кирлари оқди, Болакайнинг кўзига қараб. Тажаллидур Маъно сирлари Илм-у урфон нақадар ғариб. Сохта экан англадим бари Болакайнинг кўзига қараб. Кипригимни гиламдай қоқдим, Ғубор кетди — кўзимга ёпдим. У дунёлик хазина топдим, Болакайнинг кўзига қараб. Беғуборлик- бахтнинг тумори На ўлим, на севгимас кори. Туғилмоқнинг тутди хумори Болакайнинг кўзига қараб. Нур ичгандай нураб қолган қалб Бир ҳапқирди борлиқни алқаб Наҳот, Сени эшитдим, ё Раб, Болакайнинг кўзига қараб. 2. Укажон. Билмайман тилингни, Каломлар ёғдиради қароғинг. Набий-у валийлар тилимас, ҳатто Худонинг тилида сўйлар нигоҳинг. Укажон. Нигоҳинг оҳангдир: Сукуннинг сирини сингдирган, Исрофил сурини синдирган, Кўзларнинг, Юзларнинг юзидан Сохталик рангларин сидирган Оҳангдир, укажон. Укажон. Ором ол пишиллаб (Уйқуда уйғонур одамлар). Думини тишлаган илондай Тушлар-да тўлғонур вишиллаб. Укажон. Менам бир даллиман Қиқирлаб йиғлаган жилғадай. Сайрашни ўрганмай минг йилда, Кўмишни ўргатган қарғадай Даллиман… Билмадим, Ичганим шаробми? Тушунмас ишқ майин ичмаган… (Даҳрий деб оссалар Машрабни Фиғони Aршгача сачраган). Укажон. Сен учун бор маъно, Дунёдир аянгнинг сийнаси. Aнгладим: абасдир бу дунё, Онгдаги қафасдир бу дунё, Кўзларинг — Худонинг ойнаси. Кўзларинг — Худонинг ойнаси. * * * Тўрт тараф саволзор, тўрт тараф излам Қидирар қидириб келган дилни дил. Ранги қора эмас оғриқнинг, турфа — Ишқ билан, Бахт билан унса гар буткул! Бир Истак оташи, бир Йўқлов саси, Ҳар юрган дил йўлим қамраб борётир. Мен истаган яшам бошқа эди-ку — Мени ўзга қадар вақтга қорётир… ..Мавлом, бир Ҳис бергил, гулласин қалбим, Янги ҳаёт — Ишққа кўлласин қалбим. Ташнаман — минг йилки, келдим қувилиб Ўзингга у билан йўлласин қалбим… Йўқса Сенга қайтар йўлим йўқ… ёнган. * * * Мен Aтонинг фарзанди дейсан, Мен Ҳаввонинг фарзанди дейсан, Давомини этмасанг-да фош Сотиб қўяр ғов ҳасадларинг Қобилга-да эканинг қондош! Қоришиб борасан шаробга, Пажмурда ўй этади таъқиб. Юпатасан ўзингни гўё Яримлаган қадаҳга боқиб: «Aхир бу… Таъқиқланган мева эмас-ку?!» Руҳингда ўсади ғалаён, Ўзингдан ўзингга ёлвориб. Кишансиз, эшикли хонада Дажжолдек кутасан эркингни, Чиқолмайсан лек уни ёриб.. Унутиб борасан аслингни, Кўникиб қоласан борингга, Ва руҳсиз кетсанг ҳам бир куни Ўзинг-ку, ачинмай яшайсан, Маймунлар йиғлайди ҳолингга. Унгача, ахтаргин ростингни, Тақвога гард тутмай панада. Ё Ҳақ деб, ол Ҳақ деб, бор Ҳақ деб Тавбалар тошмаса кўзингдан Ўзингни Aтодан санама, Ўзингни Aтодан санама!!! * * * Ийманиб япроқлар пинжида Шудрингни рақсига тўяйин. Шаҳардан совуган кўнглимни, Кўнгиллар юртига қўяйин. Тиллашиб ям-яшил майсалар, Ой билан суҳбатлар қурайин. Aҳд бергин, Худо, бер ҳафсала, Ҳол сўрсам, итидан сўрайин. Гулларин бир нафис кўрки бор, Ифори бор ютса-ютгулик. Қари-ю ёшини илки бор, Булутни бир ҳатлаб ўтгулик. Мен эса мажруҳга айланиб, Қолдимми кенг шаҳар бағрида? Тузалсам келаман айланиб, Воз кечиб кетгани баридан. * * * . Таъбир беринг тушимга… Таъбир беринг тушимга — Нетсам таъқиб этмайди? Кўзларимдан боламнинг Кулгилари кетмайди. Мени ҳамма кутар-у Битта ўлим кутмайди? Осмон тўла ҳаволар- фақат менга етмайди. фақат менга етмайди. Қибла томон қаерда, Юзим буриб қўй, болам! Балки, кетгум сайрга Юз-кўзимга тўй, болам. Фарёд солма, кар дунё- Эшитмайди, қўй, болам. Ўртансам ҳам қабримда Ўртайди бир ўй, болам. Муштоқликнинг яраси Маҳшаргача битмайди. Келиб-келиб тураман, Кўнглинг бўлсин хотиржам. Ранжимайман бошимга Ҳар кун боролмасанг ҳам. Бу охирги сийловмас- Бардам бўлинглар, бардам. Сўнгги бора сув тутқаз- Сен берсанг, оби зам-зам. Энди сенсиз сувга ҳам Менинг тишим ўтмайди. Зувалам азалдан хом, Aммо қисмат- расида. Ҳозир қишми, ё баҳор Дераза орқасида? Куз бўлса ҳам майлига- Ҳаво берса, бас эди. Aхир, мен ҳам битгандим Хазонларга қасида… Тинч қўйиб қўймас бу дард- Тинчитиб ҳам қўймайди. Шамолдан учқур эдим- Бир сабоча шаштим йўқ. Шамолмиди ё бўрон Юрагимга солди суқ. Дунё садқа палламда Бўлаяпман тасаддуқ. Бақалар ердан туриб Юлдузларга урар дўқ… Юлдузларга урар дўқ- Мадорим манглайдаги Чивинга ҳам етмайди. Оҳ, чарчатди ҳаётнинг Берган ўлик умиди. Мен-ку, майли, сочимнинг Оқаргани шумиди? Тирикликда минг бора Ўлдиргани каммиди? Сўроқлансам, сўралсам, Дарвоқе, мен ким эдим? Дард дегани биргина Ўлиш билан битмайди! Сўроқлансам, сўралсам… Дарвоқе, мен ким эдим? * * * Онажон, эрка қизинг чинор бўлмоқчи эди, Ғиштинлари мустаҳкам минор бўлмоқчи эди. Бугун чинор бардоши кесиляпти бирма-бир, Минордек эмаслиги сезиляпти бирма-бир. Бир нафасда юз йиллик шовқин ҳамда сукунат, Онажон юрагингни бериб тургин омонат. Чумчуқдайин чирқираб чинорларга ёт бўлди, «Шоҳ» деб асраб юрганинг «пиёдага» мот бўлди. Қизингни хаёллари қоқигулдай қақшайди, Сени бугун жудаям, Соғинганга ўхшайди. Гуноҳ билма онажон қизинг шундай ўйлоқи, Чинордай кўринса ҳам, «шотитут»дай йиғлоқи…! * * * Балки бу шунчаки тасодиф, тақдир Илк бор нигоҳимиз тўқнаштиради. Қалбимизда недир уйғонар… Бир кун Ва яна бизларни учраштиради. Оҳу кўзларингни олиб қочасан, Секин жилмаясан дилга ўт қалаб. Мен сенга тутурман гулдасталарни, Сенчи, соғинчингни даста-дасталаб. Узоқ термулади нигоҳларимиз, Тил сўзламас, сўзлар кўздан ўқилгай. Оқ ойдин йўллардан кетурмиз бирга Куласан, би-ир олам бахтлар тўкилгай. Ҳаваслар ёғилгай, севгига олқиш, Одамлар кузатиб қолишар қатор. Севгимиз ҳақида сўзлаб боғларга Aтрофда кезиниб юради баҳор… Aфсус, исмингни ҳам билсам кошкийди, Қайдан излай сени, эй соҳибжамол. Сени учратганим ростдир, лек бари Қолгани хаёлдир, қолгани хаёл. * * * Тошкосанг ҳам синди. Энди чоп, Муштларингни эзиб заминга. Сенинг яшил кўзинг уйқутоб Дарахтларни қўзғар, аминман! Оқшомларнинг этаклари оқ, Қисматингнинг оч йўллари — тим. Ҳеч ким сенга солмаса қулоқ — Мана шу эрк бўлади, иним. Қуёшга тут, кун кўрсин елканг, Елкаларинг ахир озоддир. Озғин-озғин қўлингни улкан, Қанотларим дея ҳаёл қил. Ва уч! Шаҳар ғовурларини, Сўқмоқ бўйлаб адаштириб қайт. Денгиз ютган чиғаноқларнинг Қулоғига «уйғондим» деб айт! Сўнг… тўйдирар бу эрк, шубҳасиз, Қовурғангга михланган қушни. Шунда қўмса, излаб кет сассиз, Бутланган тошкосанг — турмушни… * * * Ҳушларим азобдир, Тушларим — роҳат. Одамдай яшайман тушда ҳарқалай. Ё Худо, тушларга улоқтир, ҳайҳооот… Ўнгимда чарчадим гуноҳ орқалаб. Қонимда кезади малъун туйғулар, Юракни қистовга оларлар қуршаб. Танимга чўкдилар жирканч қуйқумлар, Руҳим тўлғонади озодлик истаб. Иблис кун кўради бу ,,оҳ’’ лар билан, Андуҳларим боши кўкка тегадир… Ичимда шайтондек маддоҳлар билан Ибодат қилгани қўрқдим негадир. Мен — ёруғ дунёда манглайи қора, Ҳаётдан кўзикдим: кирди суқ, кини. Барча-барчасидан қутулсам зора, Ё Худо, тушларга улоқтир мени… Ё Худо, тушларга улоқтир мени…
2021-02-16
http://nodirabegim.uz/archives/3740
* * * Ишқ ҳаққига биргина қадам Ташламоққа журъатимиз йўқ. Афсус, юрак додини тўкиб, Сўзламоққа санъатимиз йўқ. Менсизликнинг суратин чизгин, Ўтмоқдами кунлар соғинчли?! Билдирмайсан кўнглингда не бор, Ҳа… Сенинг ҳам ғуруринг кучли. Майли, энди не бўлса, бўлсин, Муҳаббат деб ортиқ ғам ема. Сенга бўлган туйғуларимни Дема… асло ёлғондан дема! Бу дунёга муҳаббат элтиб, Туғилганман севги фаслида. Осмондасан, деб тўғри айтдинг, Қуёшқизман, ҳа мен аслида. * * * Булутни йиғлатди сўзларим, Дардкашим биргина у бўлди. Ёлғизлик.. Сенсизлик…. Менсизлик…. Қидириб топганим шу бўлди. Номусни қўйибоқ ўртага, Маҳв этдим бахтсизлик кемасин. Чексизлик домига йўл олдим, Юрагим “хато йўл” демасин. Сукунат қалбимда малика, Ғамларим юракда шоҳ бўлди. Кўзимдан томгани алам-у, Забондан чиққани оҳ бўлди. Лек таскин бермади битта ўй – Қолдирдим нимани йўлингда. Йиғладим… Изладим… Эсладим… Кулгичим қолибди қўлингда. Бермадинг қайтариб бир умр, Мендан бир хотира у бўлди. Ёлғизлик… Сенсизлик… Менсизлик… Бир сендан қолгани шу бўлди. Ҳақиқатни излар одамзот, Билмайди-да, ҳақиқат мавҳум. Ҳукм сурса гар фисқ-у фасод Индамасдан қараб турар, жим. Ҳақиқатни излайди одам Унга қараб интилар фақат. Ҳақиқат гар топилганида Етармикан инсонда тоқат. Сўзлар аччиқ, қарашлар таҳир Ҳақиқатни йўқолган, дедим. Бу ўткинчи дунёдан ахир, Мен ҳақиқат излаган эдим. Топиларми деган ниятда Ҳақиқатни кимдан сўраймиз. Топганда ҳам биз ҳақиқатнинг Кўзларига қандай қараймиз? Қидиришда этяпмиз давом, Балки ўлган, ё ҳали тирик… Топармиз ҳам бир куни, аммо Кўзларига қаролмаймиз тик! *** Тун чоғи бағрингга сочганинг, осмон, Ростин айт, юлдузмас, кўзёшларимми? Инжиқ туйғу ила яшайман ҳамон, Бу қайсар руҳимда фарёдлар жимми? Ҳасрат тўлқинлари қилар ғалаён, Алвон туғёнларга ғарқ бўлган юрак. Сукутимиз аро сукутда фиғон, Эҳ, денгиз, иккимиз ўхшасак керак. Юрагим ҳувиллаб қолмоқда гўё, Тўкилиб кетмоқда мавжли ҳисларим. Ярмини ўғирлаб олдинг-ов, дунё, Дардларга қоришган дилимдир ярим. Ёмғиржон, қалб кўзим мужгонларидан Ёш эмас, аламлар оқмоқда қара. Шодлиг-у қувонч-у бахт-у баридан Умидлар илинж-ла боқмоқда қара. Ишончим мавҳумлик қаърига чўкди, Шамоллар, қадримни учиргандексиз… Саволга, заволга жавоблар йўқдир, Бу дилда сўровлар жуда ҳам чексиз. Хаёллар ҳолимни этмоқда абгор, Кўнглимга кўмилган армонли баёт. Тинглагин, сендан бир илтимосим бор: Ўзимни ўзимга қайтаргин, ҳаёт! Бахтни қучиб улғайдим ахир, Не савдони кўрибди бошим? Яралмаган ишқимсан менинг Ўн саккизга кирмаган ёшим. Тонгларимга бахтимни сўйлаб Тунларимга йиғладим зор-зор. Чап кўксингда қолган дилимдан Наҳот, қалбинг чекмоқда озор? Кузнинг хазон муждаларини Секингина гулга ўрадим. Эзгуликка етмоқлик учун Майсалардан изн сўрадим. Худо, ишқ бер! Шу ўтингда бир Ёнганим йўқ, куёлганим йўқ! Кафтларингда кул бўлиб ҳали Дардларимни суёлганим йўқ. Худо, ишқ бер! Ёлворай токи Тошга кўнгил бергунга қадар. Тан олмайман бу муҳаббатни Тупроққа дил бермасам агар. Недан ёлғон сўзлашим мумкин, Ҳар бир амал – ишим сеники. Яралажак туйғуларим-у, Яралмаган ишқим сеники. Бахтни қучиб улғайдим, ахир…
2021-02-21
http://nodirabegim.uz/archives/3749
Ай суйгулим, бизнинг ғаму бардошимиз ҳам биргадир, Ишқ ўти ёндирган шаму қуёшимиз ҳам биргадир. Кўзёшимиз ҳам биргадир, қўзлар пиёласида лим, Ай суйгулим… На арз бор ул дунёгаким, қўнгил экан дунёйимиз. Бу тан хокидан дил деган олтин олар кимёйимиз. Кўнгилда нечук иккилик, танҳо экан Олло(ҳ)имиз, Мижгон хати — имлойимиз: кўзлар ўқурлар унда жим, Ай суйгулим… Хатти нигоҳни нақшлаган наққошимиз ҳам биргадир. Ҳижрон тунининг ойлари, э-воҳ, тўлин келмиш экан, Сен келмасанг, бу жонима қандай ўлим келмиш экан?! Шундай сўлим келмиш экан, шундай сўлим келмиш экан, Келмишларинг рост бўлса гар, минг-минг ўлимдан ҳам сўлим, Ай суйгулим… Сен бор эсанг, мен йўқ эсам, Сен йўқ эсанг, мен бор эсам, Кетгин десанг, келгин десам, Кетгум десанг, кутгум десам, Бу ишқ сиру асрорини кўкларга ирғитгум десанг, Бу дард ила озорини кўнгилга беркитгум десам, Келмоғу кетмоқ баҳсида талошимиз ҳам биргадир… Севдим деди, умрида бир Рост сўзлади сайрон дилим, Дунёйилар наздида шу бир ростимиз ёлғон, дилим, Эй ёр, сенинг кўчанг ити Бўлсинми шу жайрон дилим? Сен ҳолига ҳайронсану ўз ҳолига ҳайрон дилим, Мушкул дилим, Осон дилим. Аброр дилим, Осмон дилим. Севдим, тамом. Ишқинг учун Бўлсин фидо бу жон-дилим Сарсон дилинг… Сарсон дилим… Ай суйгулим… Ай суйгулим… *** Эшикни қулфлайман. Мен — бахтли одам, Ташқарида қолар дунё — бозингар. Ташналаб руҳимга об-у ҳаводай Бурчагида сана — тарих ёзилган — Кафтимда сарғимтил, увада сурат. Сўзимга маҳлиё, шонимни севмас, Тойинсам томоша, бўғилсам байрам. Ташқарида қолар баднафс девлар, Ташқарида қолар ҳийла-ю найранг. Кафтимда сарғимтил, увада сурат. Тирқишдан мўралар дилгир, жилвагар Қонимга қонмаган телбавор орзу. Кўксимга чўғ бўлиб тушмаса агар Мен энг яхши ўғил бўлардим ҳозир. Кафтимда сарғимтил, увада сурат. Шамчироқ нурида ўнгиган бўёқ, Нимқоронғи хона, хонтахта, гулдон. Чархпалак тескари айланар гўё, Болаликка қайтиб султонман, султон. Кафтимда сарғимтил, увада сурат. *** Учраб қолсанг, нима деркинман, Сенга йўллар йўллар ўнғайсиз. Шамоллар ортига беркинма, Қовурғамдан бино бўлган қиз! Гуноҳ ичра унган хотирам, Гар гулласа қолгум довдираб. «Борлигинг» эсимдан оғдирар, Қовурғамдан бино бўлган қиз! Олдингда айбдорман, водариғ, Айбларим ўнглолмам оғдариб. Юзимда соддалик – сохталик… Қовурғамдан бино бўлган қиз! Иш-ташвишим бошқа, ишқ бошқа, Ўзгараман бугундан бошлаб. Сувратингни чиздим кўз ёшдан, Қовурғамдан бино бўлган қиз! Тоғдай алам бағримни тилди, Вафоси йўқ ҳисларни билдим. Тавба қилдим. Сен нима қилдинг? Қовурғамдан бино бўлган қиз! *** Ишон, сени бахтга элтаман, гулим, Йўлларим бир куни бўлади равон. Ҳозирча кўнгилнинг телбаваш қулин Тоза ҳисларингга кўрмайман раво. Ишон, келтираман мовий осмонни Майин қанотларинг остига шундоқ. Ҳозир менинг алвон тайёраларим Сўқир сўзларимдек қолган муаллақ. Мен – баҳор ишқида сарғарган ўлан, Кузги шамолларга мағлуб, мустаҳиқ. Сендан ҳеч нарсани қилмайман талаб, Ҳали туйғуларим чиқадир саҳиҳ. Фақат шу ишончни кўп кўрмасанг, бас, Ўзинг паноҳингга олгин, маъвойим – Руҳимнинг қабарган терскайларидан Мурғак бола каби боққан авомни. Кел, деб айтолмайман ва ёки дадил Ҳузурингга елдек боролмам бу кун. Бари қилмишимга истиғфор айтиб, Истиқбол сўролмам бир ўзим учун. Бир сиқим тупроқдан кўклар умидим, Ғам тўккан оҳорни этаман тавоф. Ишон, сени бахтга элтаман, гулим, Йўлларим бир куни бўлади равон. *** Бу тонг бир ишқ туғилмиш биродар, Бир ширин, Бир тоза, Бир озод, Руҳимни элтади Ўзига Ишққанот! Елларнинг сочларин тортқилаб Қушчалар саловат айтади, Соғинчранг кўйлакда кўнглинга Бахт қайтади! Лабимдан тошади сўзларим Мен айтсам юз айтим, минг айтим, Сарсари йилларнинг бағрига Шеър бўлиб қайтдим! О, бу тонг Булутни қучоқлаб ёзаман, Сўзлардан арғумчоқ ясайди, Кўнглимнинг энг олис ерида, Сен билмас чақмоқлар яшайди, Бу тонг бир ишқ туғилмиш Минг йиллаб кутгани бу дилнинг Пичирлаб йиғлайман кўнглимга Хуш келдинг! Хуш келдинг! Хуш келдинг! *** Ёмғир ёғар, малла сочим хўл, Осмон тенгсиз, мен каби ёлғиз. Ёмғир ёғар, одил ҳакам йўл – Икки айро лой кечилган из. Ёмғир ёғар, юрак ер тимдар, Иблис келиб чўкам қошимга. Ёмғир ёғар, жами ғалвалар Ёғиладир менинг бошимга. *** Тошкент чеккасида, Ғариб бинода, Бешинчи қаватда бир қиз яшайди. Гарчи ошиқ бўлиб келдим дунёга, Сулаймон эмасман. Билқис яшайди. Лаби ҳам, Таъби ҳам, Қалби ҳам нозик, Сочлари қародир қисматим каби. Биламан, бизларга висолмас ёзиқ, Биламан, шу эрур ишқнинг талаби. Севгимиз ҳаётдир, Не керак мотам, Бир илинж кўйида кўнглим яшнайди, Кун кўрмай ўтмоқда миллионлаб одам, Бешинчи қаватда бир қиз яшайди. *** Исмингни исмимнинг ёнида ёздим, Юзларин беркитиб кулди таносиб. Оқлиги янаям ошди қоғознинг, Тунга ой, Сувга сой, Сўзга куй ва кийимга тугма муносиб. Кечаман. Кундузсан. Саҳар бу – висол. Тупроқман. Илдизсан. Ишқимиз – ниҳол. Яқинман. Олиссан, шунга эҳтимол Исмингни исмимнинг ёнида ёздим. Хаёлим ҳавода сузмайди енгил, На шеър бор, на оҳанг , турар ийманиб. Даставвал сўз бўлган, Сўз бераман, кел, Қўшиқлар тўқийсан қишда кийгани. Бу сафар гулларни узмайман, кечир, Изҳорим зарқоғоз остида бўлмас. Бу гал май ўрнига жасорат ичир, Қутилмас балога қолай, қутилмас… Шамширлар бошимга инмасми ортиқ? Бу аччиқ фироқдан бездим, сираси – Жон ширин! Дийдор-чи? Ундан-да тотлиғ! Ҳозирча насибам – исминг шираси. Исмингни исмимнинг ёнида ёзгил… *** Сен ёқтирган ёмғирлар ёғди, Ойнага урилди видо шитири. Уяси бузилган қушдай руҳимни, Ололмадим уйга киритиб. Босган изларимиз кўлмакка дўнди, Оқчарлоқ мисоли учди нигоҳим. Во ажаб, кўлмакдан нилуфар эмас, Бақалар чиқарди бошини, моҳим. Тўр ташлаб ўтирдим балиқчи чолдай, Бисотимда қолган хўрагим жондир. Тилла балиқнимас, дуридан айри Тутиб қайтаяпман чиғаноқларни. Ҳорғин одимлайман чўлоқ турнадай, Эзилиб ёғмоқда эзғинваш ёмғир. Тешик товоғига тикилиб уйда, Умидвор кутадир қаримсиқ кампир. Бу кампир ўлмади, тинчитмас мени, Борига кўнмаган бу кампир — висол. Гар тирик бўлса у ушбу дунёда, Менинг ҳам тирикдай юрмоғим маҳол. Уйга кириб келдим, яна ғалаён, Кўчага итқитар итдайин хўрлаб. Ё танга кишанла, чиқарма мени, Ё руҳим ол, мана, эй руҳи талаб. Бундай яшамоққа мажол қолмади, Ё куч бер, ёки бу юрагим тинсин. Келгин, кутаяпман, агар келмасанг, Сен ёқтирган ёмғир ёғмасин! Сен ёқтирган ёмғирлар ёғди… *** Нима қилай тилсиз одамман? Забонимни юрибман ютиб. Ё атрофдан олиб андоза Гапирмоқни қўйдим унутиб. Гўё Искандарнинг сартарошидек, Ахтараман айтмоққа қудуқ. Тингламоққа ва сир тутмоққа Бу дунёнинг қудуқлари йўқ. Кўрганимга елка қисаман, Юмиб олиб ўткир кўзларни. Мен кўтариб юрибман… Худо Раҳмат қилган марҳум сўзларни… *** Болалик — ортига қайтмас турналар, Қўл силкиб кетади қатор ва қатор. Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар, Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор. Меҳр нурларини сочиб саҳардан Мурувват аталмиш гулбоғда ўсдим. Бугун-чи, дийдаси қотган шаҳардан Муҳаббат ахтариб юрибман, дўстим. Сен нени излайсан, мен не излайман, Тўқнашиб кетади орзу-истаклар. Мен Ҳаққа элтувчи йўлни кўзлайман, Сени шуҳрат деган дўстинг етаклар. Чиптамиз бир хилдир, маконимиз бир, Кетмоқдамиз тақдир поездларида. Дўстим, кўришмоқлик насиб айласин, Муборак жаннатнинг даҳлизларида. Болалик — ортига қайтмас турналар, Қўл силкиб кетади қатор ва қатор. Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар, Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор. Ўзим йўлдаману кўзларим кўкда, Келар кунингизни айтинг, турналар. Ерда юрганлардан улфатим йўқ-да, Менинг осмонимга қайтинг, турналар. *** Сен денгизни севасан, ҳайҳот, Ҳаёлингда алвон елканлар. Эртакчидек туюлар сенга Денгизларни кўриб келганлар. Мен мавжлари улкан денгизман, Бошим Сенда, поёним ҳадсиз. Сенсиз мен энг машҳур ёлғизман, Соғинчлари чексиз, сарҳадсиз. Телбалардек чайқалар руҳим, Сен бир сулув, мен бир тўпори. Марваридлар тутаман сенга, Агар келсанг кўксимни ёриб. Сен денгизни севасан, тамом, Бу ҳис гўзал, бу ҳис кўп яхши. Орзу недир биларми авом, Тушунмайди бахтимга қарши… Нигоҳларинг саволга тўла, Орзуларга қўшилар ғайрат. Муштоқлигинг билан бир йўла Соғинчларинг келтирар ҳайрат. Туйғулар бе тутқич, бе эга, Дунёлар тор келадир ҳисга. Денгиз ўйи қаердан келган, Дарёларни кўрмаган қизга? Сен денгизни кўрмоқчисан, бас, Ҳақиқатга айланар тушлар. Келмоқдасан даракларингни, Етказмоқда чағалайқушлар. Осмонларга туташ бўлсам ҳам, О, ишқимнинг бўйидан пастман. Йўлларинга муштоқман лекин, Ташрифингга тайёр эмасман! Сен денгизни севасан, менчи, Мен! Денгизга айланаман, кел! Яқин қолдинг ортар севинчим, Ифорингни келтирмоқда ел. Тушларингни кезинасан тенг, Тун. Жимгина ором оласан. Тонг. Денгизга айланаман, сен Уммонларни севиб қоласан! Мен сочилиб кетаман тамом! *** Туғилиб яшамоқ бошланар, Тош бошинг минг бора қашланар. Ғийбатинг қилишга ташналар, Орқамдан юрмагин, майдагап. Таъқибингдан қайга қочаман, Уммонмас, бир ҳовуч кўлчаман. Кел, сенга юрагим очаман Орқамдан юрмагин, майдагап. Дўстимга ўхшайди туришинг, Ғамларим эслатар кулишинг. Кўксимга ханжарни уришинг Орқамдан юрмагин, майдагап. Садоқатни хароб этган сен, Ҳасад этагидан тутган сен, Кўпларнинг бошига етган сен Орқамдан юрмагин, майдагап. Бировдан миннату таънам йўқ, Беш кундан сўнг сенам, менам йўқ. Қон билан ёзгувчи қалам йўқ Орқамдан юрмагин, майдагап.
2021-02-26
http://nodirabegim.uz/archives/3762
Мен шу халқнинг ҳолидан хабар Олгувчиси бўлолдимми ҳеч. Бахтлар ташлаб кетса ёнида Қолгувчиси бўлолдимми ҳеч? Эй, онамдай мустар аёллар, Жаннатий бахт истар аёллар, Эй ердек хокистар аёллар, Сўзингизга ўхшолдимми ҳеч? Болангизнинг кийган калиши, Юрагимни қийнар нолиши, Гарчи ғамгин нигоҳ солишим, Бўзингизга ўхшолдимми ҳеч? Билдингизми ҳеч бахтнинг таъмин, Жим кузатиб дунёнинг ғамин, Қайғу чўккан, ғамгиндан ғамгин, Кўзингизга ўхшолдимми ҳеч? Минбарларда берилган ваъда Руҳингизга бўларми далда, Офтобларда ёруғ, афтода, Юзингизга ўхшолдимми ҳеч? Борми сиздек фироқда қолган, Бахт ёдидан йироқда қолган, Саратонда тупроқда қолган Изингизга ўхшолдимми ҳеч. Қалбингизга сўзларим чўкиб, Бораяпман кўз ёшим тўкиб, Сиз онамга ўхшайсиз, лекин, Қизингизга ўхшолдимми ҳеч? *** Кўчангизга гуллар экилган, Гултожи-ю гулисафсарлар. Улар яшар гулдек умрида, Учраганни ишқ деб атарлар. Атиргуллар бўса тутади, Ўтган — кетган йўловчи елга. Мойчечаклар кулиб боққанда, Шаҳд бойлайди болари белга. Кўчангизгизни яхши танийди, Райҳон исин суйган шалола. Шу ерликдек тутар ўзини, Тоғдан тушган қирмизи лола. Фақат, бир гул осуда, маъюс, Қуёшгада бермас ўзини. Гул бўлсада суради хаёл, Уйингиздан олмай кўзини. Кўклам чоғи ошиқиб келди, Соғинчданми бағри сап-сариқ. Билсангиз гар Сизни шу гул қалб, Бекангиздан суяди ортиқ. Гумон қилманг гулбеорлардан, Эргашмайман изларингизга. Фақат, баҳор тугаб боряпти, Боқиб қолинг, Наргисингизга. Кўчангизга бир Гул экилган… *** Баҳор бўлсам, боғингиздан кетмас эдим, Бошингиздан сочиб қийғос куртакларни. Тунги еллар аро сизга шивирлардим, Бахтли якун топган барча эртакларни… Баҳор бўлсам, қизғалдоқлар тўшар эдим, Пойингизга, олиб келиб чўққилардан. Шошқин сойга, шаршарага ўхшар эдим, Уйғотардим сизни минг йил уйқулардан. Ялпиз бўлиб унар эдим бағрингизда, Бўйингизга гултуморлар тақармидим… Азизимсиз – юрагимнинг кафтидаги, Айтинг, баҳор бўлсам сизга ёқармидим?.. * * * Кўклам нафасига туташган боғлар, Измидан исиниб яшайди бахтим. Соғинч куртагидан мевалар туйган, Эй менинг дарахтим, оппоқ дарахтим! Кузги ҳаволардай ҳаволан юрак, Икки кўзим аро тутамасин ор. Зулматлар бағридан мени ҳайдаган, Шу боғнинг ичида чексиз хаёл бор. Атирлар бўйига тор келса ишқим, Музни эритмаса қуёшранг тафтлар. Ўзимни ўзимдан қизғонса рашким, Дуога очилмай қўйганда кафтлар. Сесканиб кетаман самога қараб, Кимдир юрагимга айтади алёр. Сен бахтли бўлолдинг, минг йиллар яшаб, Дея таъқиб этган мингта савол бор. Илдизим ёнига экилди ниҳол, Ишонч деган нарса ўсди ёнимдан. Энди мен яшашга тутмасам малол, Исён ошиб чиқмас қонимдан. Кўнглим қудуғига қуйганича дард, Қадрини йўлимга қилганча увол. Билсанг, жаннатмакон Жиззах томонда, Мени шоир қилиб туққан аёл бор! *** Қизиқтирмас кун, сана, рақам, Келиб қўйдим манзилга вақтли. Кўкрагидан сут ҳиди анққан, Тўлин-тўлин жувонлар бахтли. Топиб бўлмас шоирга дўниб, Бошга солиб минг бир саволни. Боласининг иштончасини Юваётиб сурган хаёлни… Кулгуларим синиқдан синиқ, Йиғлолмайман қучиб баралла. Кўзларимда минг йиллар тиниб, Лабларимдан сачрайди алла. Aааллааа- аааалллааа!!! *** Баҳор сени кўргани келди, Кулгучингда тунар эмиш ой. Кўксингдаги меҳр-муҳаббат, Дунёларга бермишдир чирой. Аёл, сенинг изингдан боқиб, Мастона куз элайди барглар. Сен вафо-ла юриб ўтганда Соғаяди қиш деган дардлар. Аёл, меҳринг ёзга бир туҳфа, Исинади совқотган олам. Аёл, сенинг тўрт томонингда Чарх уради муборак калом. Қадим турмуш тегирмони ҳам Юрагингга тегиб айланар. Кимки сени ардоқлай билса Кейин одамликка сайланар. Кейин чин инсонинга айланар. *** Аввал шамол тўкди меваларини, Япроқларин юлиб отди шум довул. Тўртала фаслнинг азоби битмас Оғоч қисматида сўнгги он довур. Қовжираб-қовжираб кузга кирди у, Қиш қулоқ тутмади ингроқларига. Ҳайҳот, суғурмади ердан илдизин, Содиқ қола билди тупроқларига. Энди меҳр ҳақда қўшиқлар ёлғон, Юрагим, айт, қандай ўйин бошладик: Бошимизга соя берган дарахтни Илдиз-илдизидан кесиб ташладик… *** Тун. Сукунат. Сепкилли осмон. Бир тилим ой. Безовта хаёл. Саксон ёшли момодек мудраб, Боғкўчада судралар шамол. Ташвишлардан чарчаган қишлоқ, Бир зумгина уйқуга чўмар. Сукунатдан зериккан дала, Кекса кузни саволга кўмар… …Олисларда жилмаяр баҳор, Қуёш кулар бахтга эгизак. Ҳозир эса… Изғийди бедор, Кўйлаклари йиртилган кузак… *** Ўзингга қайтасан, Оғриқларингга Дуолар ўқийсан ижобат тилаб. Бир финжон қаҳвани қўйиб олдига Тўйиб гаплашасан виждонинг билан. Сўнг кино бошланар Уруш ҳақида (На кўргинг келади, на бўлар ухлаб!) Титрайсан, гўёки экран ортидан Чиқиб келётгандай адашган ўқлар. Ҳайдалган ит каби увиллар шамол Кетиб ҳам бўлмайди, Совуқ ташқари. Измингга соласан ўзингни дарҳол, Сўнг ҳузур топасан дилни бошқариб. Деразанг ортидан боқар мусича Булутлар тарқалар тўзғиган пардек. Тонг отар, уйқусиз кечади кечанг, Қонингда югурар ватанпарварлик. Атрофга боқасан табассум билан, Сезасан манзиллар аён эканин. Қўрқмайсан, ортингга қайтмайсан сира Энди чўчитолмас Аёл эканинг! *** Аёл — она, қалби муаттар Гуллар каби нозик ва хушрўй. Нигоҳида тиниқ тонг отар, Хаёлида орзу тўла ўй. У мўъжиза, сирли бир хилқат, Туйғулари сувдайин кавсар. Юрагида сабр ва тоқат, Матонати ҳаётий асар. Кўнглига йўл топсангиз хушҳол, Икки қўллаб жонини тутар. Муҳаббатдан гул қомати дол, Умр бўйи сизни деб ўтар. Оиланинг бўлиб устуни Меҳр ила мурувват қилинг. Ширин сўзлар билан ҳар куни Эъзоз этиб, қадрини билинг. Керак бўлса бошга кўтаринг Оғир дамда қилингиз шафқат. Бахтли бўлинг ва қўша қаринг Аёл кўнглин ўкситманг фақат…
2021-08-03
http://nodirabegim.uz/archives/3808
Яна олланади кўзимда соғинч, Тополмам бу йўлнинг ниҳоясини. Нургача борамиз, қайтамиз тағин Туйғулар тугатмас ҳикоясини… Мен далли ва ё ҳеч тил уқмас қушман, Қабариб, кўкариб турланар ичим. Ғилофларга солиб асрайман ҳисни, Рўбарў келганим ёлғонми пучми? Бузсам ғавғоларга тўлмасми умрим, Кетсам ёндирмасми умримни тартиб. Унинг нигоҳига йиқилсам, қолсам Aдо бўладими яшамоқ шарти! Она, хато қилмоқ қанчалар қўрқинч, Она, бунча мубҳам бу йўл, бу турмуш. Бирор муносиброқ сифат топмадим Эзгин яшамоқда тунларимни туш… Ҳайҳот, ўзлигимдан оздимми мен ҳам, Улғаймоқ ранглари гоҳ қора, гоҳ оқ. Шамол қулоғимга келтиради сир Ғалат бош силкийди йўлакда чироқ. Ўзгариб кетмайди кулгумла олам, Янгиланиб битмас шодлигим, борим. Токай тўлдирарми умримга севинч, Қаҳва устидаги қўрқинч қарорим… *** Шом сизар Тошкентнинг кўчаларида, Хориган қадамлар йўлакларда жам. Ҳаяллаб қолади, кутгани сари Рўпара қўшнимнинг қарияси ҳам. «- Ўлмагур чолимнинг оёғи оғрир, Йилларки олишди шу дарди билан, Эҳ сиз, йигитликда кўрсангиз эди… Қайрилмас бир вужуд, теран хотира!» Шу кўйи тинмайди кампирнинг сўзи, Мен эсам йўлакдан кутаман мужда. Қадрдон товушга илҳақ руҳимнинг Бирор тўхтами йўқ, аралаш, мужмал… «- Тушлик қилдимикан вақтида, шошмай, Ўтиб кетганмикин тишдаги оғриқ. Aёлнинг тақдири нақшланар вақт Яратилганмикан соғинчга боғлиқ?!» Муҳаббат — муҳаббат энг баланд минор, Ё пастқам деворлар устида унган Ҳали гард юқмаган тонг қаршисида Хайрлар тиламоқ бўлажак кунга. Лек ўзни унутиб, гоҳ севинч, гоҳ ғам Тутқазган кишингдан олиб хавотир, Рўпара қўшнимдай вақтларни қувиб, Толиққан чеҳралар баридан ортиқ! *** Тағин қорлар ёғди азизим, Яна мен зорландим ўзингга томон. Кўкламга қанчалар интиқ эдик биз, Бизларни писанда этмади осмон. Сирпаниб — сирпаниб ях йўлакларда Синдириб қўйдимми тош иродамни, Сўроқлаб борсамми дарагинг излаб, Кўнгли ўлмас экан ахир одамнинг. Йилда бир кўришсак, инсонлик учун, Йўл берса, етмасак охирларига. Унутсам талотўп дунёнинг барин, Муҳаббатим чўкса, мағрур, хориган. Тағин қорлар ёғди азизим… Сендан бўлак ҳамма кимим бор… *** Қайга бош урсак бўлар, Бу ғамгин лошлар билан. Гуноҳлар, ҳайқириқлар Ва қалби тошлар билан. Фирдавсга етармизми, Сўник бардошлар билан. Мустафом кетган йўллар, Тўлди кўзёшлар билан. Роббимей, зикрсизлик Руҳимни қайчилагай, Сени бир эсламоқлик, Суқимни қайчилагай. Қирқилиб нафсим ели, Букилгач андуҳ бели, Ҳасратим охир келиб, Сулҳимни қайчилагай. Хидоят бер Худойим, Раззоқлик Ўзингга хос. Муҳаббат бер мулкингдан, То тоқлик Ўзингга хос. Кеткизма ҳузурингдан, Дўндирма кирликларга, Не фарқим қолгай ахир Ўйилган қирликлардан. Одам Aтодан қолган Aсо бўлай, Нур бўлай. Жаброил келар бўлса, Эшик бўлай, Тур бўлай. Мўминга ҳузур бўлай, Энг тотли узр бўлай, Охирда ёниб — ёниб Ўзингга манзур бўлай. Қайга бош урсак бўлар, Бу ғамгин лошлар билан. Бизларни қўйма Қодир Aдоқсиз ёшлар билан… *** Дунёсига тутқазганинг шавқатмиди Иродажон?! Бир кулмоқлик, бир сўлмоқлик рағбатмиди Иродажон?! Сақлай дединг, кўнай дединг, кўникмоқлар битди охир, Бисотингдан соврулгани тоқатмиди Иродажон?! Худо бор де, асра жонинг кўзёшлардан, тўлмаклардан, Мойчечаклар яшолмайди қуёши йўқ кўлмакларда. Бунча куйма, дунё ҳали қиёмига етганча йўқ, Учратганинг муҳаббатга лоқайдмиди Иродажон?! Қара жоним, атрофингда гуллар яна бош кўтаргай, Ёлғизман деб яроланма ўнгу сўллар бош кўтаргай, Ҳимоянгга елка тутиб, қиз- у уллар бош кўтаргай, Оҳуларга ёзилгани то сайдмиди Иродажон? Билсанг қанча ҳасрати бор, дилдорларнинг, гулзорларнинг, Раҳмати бор, зийнати бор ҳар отилган озорларнинг, Худойимнинг нусрати бор, бедорларнинг ва зорларнинг, Китобига битганлари шоҳбайтмиди Иродажон?! Дунёсига тутқазганинг шавқатмиди Иродажон…?!
2021-11-03
http://nodirabegim.uz/archives/3833
Тун заминни аллалайди бешигига, Ой тўлғанур юлдузлари қўшиқ айтгач. Кимлар кириб, ким кирмаган эшигимга — Юрагининг бир парчасин илиб қайтгач, Бир қиз йиғлар — Ўша қизни маним рашким йиғлатади… Бир замонлар кўмиб қўйган сийратимни, Юрагининг чеккасида битта чоҳ бор. Кимлар кўриб, ким кўрмаган суратимни — Ёстиғининг қатларига босиб такрор, Бир қиз йиғлар — Ўша қизни маним ашким йиғлатади… Лаҳзаларда ларзаларга тушар бирдан, У йиғласа, соҳилидан тошар дунё. Кимлар кутиб, ким кутмаган йўлларимдан — Соғинчимнинг изларини териб гўё, Бир қиз йиғлар — Ўша қизни маним ишқим йиғлатади… Шу қиз борки, тонгларимда наво бордир, Мени мендек асрагувчи маъво бордир, Худо бордир, юрагимда Худо бордир, Шу қиз борки… Бирда чин-у, бирда ёлғон рашким ҳаққи, Кўзларига жойлаб олган ашким ҳаққи, Ишқим ҳаққи, ё Худойим, ишқим ҳаққи, Йиғлатмагин, ўша қизни йиғлатмагин! Шу қиз борки, юрагимда Худо бордир… *** Куюнманг… Ва мендан олманг хавотир. Иккимиз учун ҳам маъқули шу иш. Билсангиз, хамирдан суғиргандек қил- Осон… Жуда осон… мени унутиш! У кунларни ўйланг тин олиб бироз, Эски хотиралар бугун асотир. Сизни севмоқ менга Атодан мерос, Сизни севмоқ жуда ширин хатодир… Ишонинг… Мен сизни осмондек севдим, Осмондек оқ тонглар туташди кўзга. Дарёлар оқизган ёмон туш эдим, Энди яхши тушлар учрасин сизга! Исмингиздан бунёд бўлганим — тақдир, Наилож, барини кўраман ундан. Қаергача бора олардик ахир, Қил устида турган севгимиз билан… Сизга ярашади шодлик деган ранг, Бахтдан айланади бошингиз жуда. Асрасам майлими фақат азизам- Сизни юрагимнинг хилватларида?! Она, кимларгадир ичикдим чоғи, Қовоқларим куяр кўзим ёшидан. Дада, узумлар ҳам пишиб қолгандир, Менга атаб қўйинг битта шохидан… Она, сен дамлаган чойлар қаёқда, Менга ҳамроҳ мудом совиган қаҳва. Дада, шаҳар мени қаритди бироз, Қадрсиз умримга битиб сарлавҳа… Қонимни томчилаб ичяпти она, Одамлар нафсидан ортмаган дунё. Дада, тушларимда йўқламай қўйдинг, Тоғдек қалбингдаги доғ эдимми ё? Она, андуҳларни куйламай қандай, Маним жон томирим узса азоблар. Дада, ўлим ҳақда шеър ёзма дейди- Ўлимимни кутиб юрган каззоблар… Она, сизга қандай малҳам бўлардим, Хаста юрагимдан томиб турса қон. Дада, сиз айтгандек ҳалол яшадим, Кўнглим кўчасида отмаса-да тонг… Она, тақдир билан яккама-якка- Шаҳарда бир ўзим олишдим нечун? Мен сиздан бир умр қарздорман дада, Лаҳзаси йиллардан ортиқ бахт учун! Она, ойга қараб мени кўрмасанг, Куюнма. Шаҳарда ой чиқмай қўйди. Дада, қўй. Токларни ўзим кесаман, Мен учун онамни асрасанг бўлди! Она, кимларгадир ичикдим чоғи, Дада, узумлар ҳам пишиб қолгандир… *** Сен бир кун барига қўядирсан чек, Худога соласан икки дунёмни. Суратимни отиб бепарволардек, Ва тўкиб соласан бор дийдиёнгни. Тунлар тўлғонасан оғир сукутдан, Кўзингда кўз очса кўнглимнинг кўзи. Сен мендан иборат, менда мавжудсан, Ҳар дақиқанг ўзим, ҳар онинг ўзим! Ором тополмайсан бир зум тушда ҳам, Чўчиб уйғонасан қоралигидан. Бир умр энтикиб яшайсан эркам, Исмим ва Хотирам оралиғида! Куз бўлсанг, уч ойлик умрингни бирдан, Уч асрга тенглаб қўяди Тангрим. Нима деб нолийсан ахир тақдирдан, Исмингни йўқотиб тентиса умрим?! Аммо кўникишга топасан журъат, Менли кунларингга қўясан тақиқ. Мени эсламаган ҳар бир лаҳзангга, Ҳали кўзмунчоқлар қўясан тақиб! Соямнинг нафаси ўйнар зулфингни, Кипригинг суғорган соғинч ёки ғам? Айт, қандай бузасан кўнгил қулфимни, Бўм-бўш юрагимга қоровул қўйсам?! *** Мен баридан кечдим. Шу сўнгги сўзим, Алмисоқдан қолган юрак ҳам тинди. Маҳкум ҳам, Маҳбуб ҳам, Маҳбус ҳам ўзим, Қай нокас кимсага айланай энди? Мен баридан кечдим. Энди кеч сен ҳам, Эсласам, қонимда югурар титроқ. Бошимни қай битта деворга урсам, Кўксимга минг чандон урар ортиқроқ. Мен баридан кечдим. Энди бу юкнинг, Елкамни тилолмай, жони минг талаш. Аммо оғир экан эски вужуднинг, Бир парча этига юкуниб яшаш! Мен баридан кечдим. Лекин шунда ҳам, Кўзим косасидан тошиб кетди ишқ. О, менга қисматми номсиз дунёда, Номсиз муҳаббатни қучоқлаб ўлиш?! Мен баридан кечдим. Баридан кечдим, Тилимдан отилар энг сўнгги видо. Ҳеч йўқса юракка бошимни қўйиб, Ухлашга сўнгги бор изн бер Худо! *** Энди қайт! Меъёрдан ошди синовинг, Шундоқ ҳам етарди қисматнинг зайли. Ўзимдан ҳам олдин туғилган севгим- Ўзимдан кейин ҳам сени тилайди. Тезроқ қайт, қолгани юракнинг иши, Қолганига юмса бўлади кўзни. Мен қанча чоғланмай айта олмадим- Сен менга айтмаган муқаддас сўзни. Дунё дема менга, дунё ҳам мендек, Бошдан оёқ қадар ботган зулматга. Ўхшайди умримнинг сенсиз дамлари- Бўёқ етмай қолган чала суратга. Фақат қайт, Фақат қайт, вақт деган душман- Узмасидан олдин илинж ипини. Ҳеч йўқса бирровга тушунтириб кет, Муҳаббатсиз яшаш принципини!
2021-09-01
http://nodirabegim.uz/archives/3589
Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен! Яна қайтиб келди гул, баҳорларим. Бинафша лабида ҳанда, табассум, Дилимдан тўкилди дилғуборларим. Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен, Осмоним безатди рангин камалак. Изтироб соп бўлди ғамдай эзилиб, Қўшиғин бошлади ошиқ капалак. Мен яна шеър битдим номингга талай, Ишона бошладим кунлар тонгига. Дақиқалар сайин гуллайди умрим, Қулоғим тутаман ҳаёт бонгига! Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен! Ўзгара бошлади бутун коинот. Кўнгил кишанлардан қутилар, энди Жонсиз туйғуларим қаддин тутар шод! Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен! Юрагим денгизни кўрмади ҳали, Тушимга киради ҳайқириб уммон. Икки орзу ила яшамоқдадир, Икки умид билан озурда бу жон… Қандай туйғуларни қилдим сабабкор, Ё истак бўлмади, ёинки, қистов. Тушимда ранжиди бепаён уммон, Денгиз тўлқинлари – хаёлий синов. Эҳтимол кўникдим барига бугун, Тушларга киритмай ҳаёт рангини. Яшашга ўргатди мени денгизлар, Уммонлар кўрсатди ҳаёт жангини. Ҳануз туш кўраман уларни тинмай, Шовуллайверади тушларимда жим. Денгиз, ранжимагил, уммон, ранжима, Бизни тушунмайди дунёда ҳеч ким… * * * Ит топмас йўлларда изғийди умрим, Кун қаро, тун қаро, наволар қаро. Бир чимдим нур излаб тентийди кўнглим, Зулумот дунёда руҳимдир яро. Қачондир тантана қилади кўнгил, Қачондир ошиён топар ўзига. Булутдай оқарар кунларим бир кун, Тик боқиб яшайман тақдир кўзига. Аммо ҳар тарафда кезинар хатар, Ўзимни чўчитар ўзимнинг соям. Бир нажот ўтинган девона каби, Ўртага чиқади қалб деган қоям. Дўст дедим, дўст бўлди аҳли изтироб, Тун каби кўзимга чўкди залвори. Ишониб яшайман, қаршимда бир кун, Қулайди бу метин ғамлар девори! Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан, Ноҳақ камситишлар учун кечиргил. Сени фаришта деб, шайтон мен бўлдим, Ё ишқи ҳалолим, бахтни ичиргил. Кўзингга термулиб ҳадиксирадим, Ўксиган дилингга нур бўлолмадим. Хаста юрагингга кирган онимда, Сенинг кулгинг учун бииир ўлолмадим… Кечиргил, кечиргил, кечириб қўйгил, Гуноҳга ботган ул изтиробларни. Аслида дард учун туғилган юрак, Ҳали кўп ёзамиз бахт китобларни. Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан, Ранжитган эсам-да, йўлларим тўсдинг. Барини унутиб яшамоқ учун, Юрагим тўрида гул бўлиб ўсдинг! * * * Яшашни ўргандим сиздан кейин ҳам, Севгимсиз сафолар муборак бўлсин! Кўксимда исинган ҳисларим ёлғон, Ёмғирдай тўкилган туйғулар… ўлсин! Барига чидадим. Тугади дардлар, Якунга етгани ростдир йўлларни. Мана, мен излайман бугундан бошлаб, Бахтимга кафолат қўлларни…! Сен ёмғирни яхши кўрардинг, Худди сени севганим каби. Хотирамдан ўчмайди сира, Кулгуларинг кўнгил матлаби. Ёмғир сенга ўхшайди жуда, Ёдга солар ширин дамларни. Бугун яна деразам чертиб, Унуттирди чексиз ғамларни… Ҳалигача хотирамдасан, Ҳалигача ўртайди армон. Ёмғир сенинг овозинг каби, Жаранглайди қулоқда ҳамон. Сен ёмғирни яхши кўрардинг…! Биламан, юрагинг соғинаётир, Ичикиб боряпсан, худди менингдек. Кўксингга қўрғошин қуйилаётир, Томчилаб боряпман мен ҳам сенингдек. Хотиранг дилимда қолган асотир, Руҳимни кемириб боради тинмай, Юракни ғижимлаб ўтар йилларим, Синиқиб боради ҳисларим синмай. Негадир саросар тентийман тунлар, Кезаман хаёлнинг жин кўчаларин. Ҳижрон қуёшида қовжираган қалб, Унута олмайди бахт кечаларин. Оҳ. Яна ўсмоқлаб кетаётир дард, Тиғсиз тилкалайди бағрин висолнинг. Мен каби ишқ дея ўксиган беҳол, Кўнгли ҳам, бағри ҳам ярим ҳилолнинг. Биламан, юрагинг соғинаётир… Бир куни сен чиздинг кузнинг суратин, Унда жон йўқ эди, шамол елмасди. Аслида кўнглимнинг эрка малаги, Сени баҳорларга бергим келмасди. Кузнинг боғларига кирардим маҳзун, Аммо хазонларин тергим келмасди. Мендан ўтинарди ҳар йили, ҳар кун, Сени баҳорларга бергим келмасди. Билардим, билардинг қизғонишимни, Кўзимдан оққани – армон. Селмасди. Карами кенг эрур Яратганимнинг, Сени баҳорларга бергим келмасди. 1. Совуқ. Жуда совуқ. Дилдирайди дил, Қаҳратон қиш каби музлайди қалбим. Негадир кундузлар тундайин қаро, Юкиниб боряпман. Юксалар дардим. Бешавқат тақдирнинг синовими бу? Бахтимни бойладим эҳтимол ўзим. Эрксиз қуш сингари потирар юрак, Қаҳраболар измида қақради сўзим. Ҳаловат излайман. Нажотим Ўзинг, Сўнгида келмоғинг лозим, севгилим. Қандоқ яшаш мумкин, тингламай сўзинг, Кимларга ёраман зориққан дилим…? 2. Ўсмоқлаб кетмоқда дард вужудимда, Елкандай ёйилди СЕНсиз ғамларим. Ваҳима тилкалар жисму-жонимни, Сочила бошлайди жамул-жамларим. Рангсиз туйғуларнинг кўланкасида. Сарғариб бораман йўқликлар аро. Дийдамни қовурар ёввойи ғашлик, Аламлар келади гоҳ мотамсаро… Кўксимда ҳижроннинг тоғлари улкан, Емириб боради мавжудлигимни. Шошилиб яшайман, негадир, билмам, Кўролмас кўзларинг масъудлигимни… 3. Қайтма изларингдан, тилсимларингдан, Ғолибо, мақсадинг мустаҳкам бўлсин. Сўнгсиз курашларда мағлубинг бўлай, Мудом юраккинанг бахтларга тўлсин. Яшайвер, гуллайвер баҳор сингари, Оғриқлар яралсин фақат мен учун. Бахт учун кўксингда гулласин шодлик, Ҳар недан борлигинг, соқиё, устун. Мен эса яшайман, ҳамиша бордай, Ғамларнинг устига чизиқлар тортиб. Сенсизлик бағрига чўкаман мангу, Елкамга айрилиқ юкини ортиб…
2021-01-13
http://nodirabegim.uz/archives/3614
Тангрим, мени “йўқ” де сўраганларга, Манзилимни ўчир юракларидан. Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз, Сира кўринмайин истакларида. Йўқ, қўл силтамадим, тушундим холос, Асли эрта чиқди менинг саводим. Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан! Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим. Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин, Одам бўйи етмас жойларинг борку. Қушларнинг тушига мени яширгин, Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам борку! Юрагим совқотди, назар қил, Эгам, Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ! Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб, Биласан – устимни очгилиги йўқ! *** Кекса кампир ун элар, Келинларни шошириб. Илоҳий тухумларни Оқ супрага яшириб. Йўлларнинг четларида Мактабдан қайтар излар. Сумкада қор, билмасдан Қайтиб келяпти қизлар. Ўзи билмай улғаяр, Нигоҳлар—ўт, камалак. Қизларнинг сийнасини Ўстиради яхмалак. Қорбобонинг бурнини Ғуломқуён еб қочган. Қорнинг жим-жит шовқини Пок юракларга кўчган. Токчаларда гултувак, Меҳмон қиздай жим, ҳайрон. Печка турар гуриллаб, Мезбон чолдай меҳрибон. Уйларнинг мўрилари Қўшни уйга боқяпти. Янги тушган келинчак Қорда гилам қоқяпти. Ёнбошлаб ётар дала, Кетмон таътилга чиққан. —Томдан тушгин, ҳей бола, Авайла, йиқиласан. Урчуқдаги сўзондан Эртак тўқийди кампир. «Муродга етмай» бола Ухлаб қолди барибир. Шундан бери ухлайман, Шундан бери умрим туш. Бу муродли уйқудан Уйғонгим келмас эмиш. Кекса кампир ун элар… *** Қор ялаган шамоллар Ёмғир олиб қайтади. Ёлғиз бўри увуллаб, Тунга сингиб кетади. Бесаранжом, домангир, Инига олов кетган. Жуфти-ю болаларин Номардлар пулга сотган. О, унинг маконини Жони ичра жонини. Замин-у осмонини, Бутун бир ватанини Номардлар пулга сотган Бўри овулга яқин, Қари итлар ҳид олар. Бу овулда бир кучук Туғилмиш — бўри билар. Жондор олар кучукни Кекса чўпон билади. Кечалари яшириб Напрачларга солади. Ғингшийди ҳали гўдак, Бўрининг боласидай. Лек кўзида бир олов Яшиннинг толасидай. Буни бўри сезади, Ҳар тун яқин келади. Бир тўп галварс кўпаклар Сурувга беркинади. Чўпон билар бу тоғда Фақат бир жондор қолган. У ҳам ўлса онаси — Шу тоғлар қасос олгай. Ўқ бўшайди, ҳавода Ажал ҳайрон муаллақ. Пусиниб келар жондор, Ажал қачон бўлса нақд. Бўрининг кўзларига Қараб, чидаб бўлмайди. Ўлса, аламдан ўлар, Йўқ ажалдан ўлмайди. Жондорнинг ҳасратидан Кекса чўпон вайрон, лол: Мен бефарзанд одамман, Кел, менинг бўғзимдан ол. Нигоҳлар сўйлашади, Аламлар бўйлашади, Чол милтиққа суянган, Бўри ғамга таянган. Бир ватандан айрилган, Бир ватансиз қариган. Нигоҳлар тиллашади, Туйғулар сирлашади. Худди қадим дунёдай, Худолар бирлашади. Чол ўртанар, жондорсиз Хосиятсиз бу тоғлар. Бўрининг кўзларида Эгасиз турар доғлар. Мен сўнги одам эмас, Бу эса сўнги жондор. Бўри англар, бу чолнинг Йўқлик деган ками бор. Чол ва жондор тонггача Киприк қоқмай турарлар. Сўнг қорда из қолдириб, Икки томон юрарлар. У чол марҳум. Лек тоғда Ҳануз чўпонлар юрар. Мол йўқотган кишилар Бўри галасин кўрар. *** Тошкент, мен бугун келдим Йўқ “кеча” келганим йўқ. Офтобингдан жон олдим, Ҳали жон берганим йўқ. Остонангга келганда Ёлғонларни ўлдирдим. Ҳузурингга ёнаётган Юрагимни келтирдим. Юрагимни тўлдирди Жайҳуннинг виқорлари. Сенга салом айтдилар Бойсунтоғнинг қорлари. Сени йўқлаб келдим мен, Ҳайратларнинг дастида. Исён қилмоқда булбул Қовурғамнинг остида. Тошкент, уни тинглагил, Ўзинг етгин додига. Хиёбонлар солмоқда Қодирийни ёдига. Анҳорингда балиқлар Ойбек бўлиб “қақшайди”. Хаёл сурган мажнунтол Миртемирга ўхшайди. Тошкент, бахт сўраб келдим Бахт нимадир аслида? Менинг телба сафарим Фақат сўзнинг қасдида. Тошкент, мендан кулмагин, Тошкент, бундай қарама. Майли, шафқат қилмагин, Фақатгина алдама. *** Лаб титрамай, киприк қоқмай, нигоҳ узмай, Ухламасдан, туш кўрмасдан, таъбир тизмай, Асрлардан асрларга томмай, сизмай, Садо бермай, қимир этмай, қадам узмай, Юракларнинг фарёдини билмай, сезмай, Буровдаги қўрғошин руҳ олам кезмай, Ўт куйдирган қанотларни қайта ёзмай, Жим туришда ким ютаркин – шартни бузмай, Турганлардан бир бор ростин сўрарим бор, Кўрганларин кўнглим билан кўрарим бор. Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан, Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан, Дил ташласа алам чиққан у томондан, Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан, Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан, Чумолини алдаб юрган Сулаймондан, Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан, Сукунатдан кар бўп қолган оломондан, Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор, Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор. Кўнглимга тун чўкканда шам ёқолганлар, Парвонанинг доғига жим боқолганлар, Бир оҳига чоҳдан банди чиқолганлар, Қамишларни шамол чалса, йиғлолганлар, Ўзи ёниб, ўзи ўчиб чидолганлар, Ҳур қиз кетиб пайғамбарни туғолганлар, Оппоқ тонгни кўзларида соғолганлар, Ёноғимга, деразамга ёғолганлар, Билмаганим билдиринг-эй, сўрарим бор Кўнглим кўрмоқ истаганни кўрарим бор. Қай асрда оқ суягим топса кулол, Токчасига олиб қўйса, қилмай увол, Бир бағриқон қўлга олса, келмай малол, Ғуборимни, ҳасратимни артиб рўмол, Кўҳна най деб чалар бўлса, вайрону лол: Мени ёқиб ўчирмасдан кетган шамол, Ё офтобнинг назаридан топган камол, Ё ёмғирнинг пардасидан бериб жамол, Ё эснаган юракларда ўлган савол – – Тилларига шеърдай такрор келарим бор, Банди руҳга таскин бериб турарим бор. Манзилим – йўл, йўлим – ҳижрон, борарим бор, Айтарим бор, тиларим бор, сўрарим бор. *Дўл – тегирмоннинг дон солинадиган бўғзи. *** Зебо, қўлларингни олма қўлимдан, Олтин киприкларинг терма йўлимдан, Не истасанг кутгил жунун тилимдан, Фош бўлгим келяпти менинг шу кеча. Зебо, ҳаётимда шамол бўлиб ел, Кўнглим қирғоғига сув ичгали кел, Кийикдай сувга кел, сувлар тубида Тош бўлгим келяпти менинг шу кеча. Армондай эшилган сочинг толлари, Исёнга ўхшайди кўзинг йўллари, Зулфингдан хабардор, кўзингдан огоҳ, Қош бўлгим келяпти менинг шу кеча. Зебо, иқболимга дунё бўйлолмас, Камол камолимга яқин келолмас, Бу жонни олмасанг, бу жон ўлолмас, Лош бўлгим келяпти менинг шу кеча. Эй, ўт, оташингда уч умр кўрдим, Ит умрим соядек ортингдан юрди. Қуш умрим қалбингда қафасда турди, Ошиқ умрим, мана, минг ёшга кирди, Ёш бўлгим келяпти менинг бу кеча. Беш дона оққанддай бешта бармоғинг, Ёмғирли тунимни аста чертади. Зебо, қўлларингни олма. Қўлимдан Шу кеча ҳаётим ўтиб кетади. Зебо, қўлларингни олма қўлимдан, Ҳилолдай термулай тирноқларингга. Бешта ой чиқмоқда битта тунимдан, Беш ой ботиб кетган титроқларингга. Зебо, қўлларингни олма қўлимдан, Фош бўлгим келяпти менинг шу кеча…
2021-01-28
http://nodirabegim.uz/archives/3673
Юрак, битта шеър туғиб бер, шеър дунёси Бахтиёрлик уммонида оқиб кетсин. Мутоладан қўлин силтаб қўйганлар-у Кўнгли нозик шеър аҳлига ёқиб кетсин. Мўралашиб ҳар сатрида қувонч-шодлик Малҳам бўлса оғриқлардан зада дилга. Кўнгилларни овласайди меҳр бериб Ҳатто тиниш белгисиям кириб тилга. То тонггача бедор, мудроқ киприкларим Шабнамларда суғорилган найсондайин. Битта шеър бер тинглаганда яна дунё Гўзаллашиб бораверсин борган сайин. Унда жой йўқ бўлса араз-гиналарга Ўқирманнинг дард-ҳасрати ариб кетса. Не кўзларни ёшлаб, юзга соя солган Ташвишлар ўз ташвишида қариб кетса. Юрак, шундай шеър туғиб бер хаста дилнинг Субҳи содиқ шифосини топиб келсин. Иситмадан алаҳсиган заминимнинг Оёғига дармон бўлиб чопиб-елсин! Юрак, битта шеър туғиб бер… *** Ажиб туйғу солиб қалбга насимлар Аста деразамни чертди бир маҳал. Ярим тун-меҳмоним ким экан дея Чиқсам остонада турибди Февраль. Қуёшли кунларда алами бордай Қовоғини солар осмон чунонам. Энди-чи қаҳратон юраги юмшаб Ишқсиз кўнгилдайин совутмас хонам. Меҳр беролмаган бераҳм ёрдай Унутилиб борар қишдан қолган дард. Ахир қандоқ севмай қўлларинг тутиб Ортинган эргашиб келади-ку Март. Томда сунбулалар баҳорни кутиб Ўтказар кўз-ёши қилиб тунларни. Араздан ёмғирлар ёғдириб шартта Мартга чала ташлаб кетар кунларни! *** Дунёнинг ташвиши елкада Куним кўриб юрибман сизсиз. Дастурхонга ўралган коса Яна кутиб совиди эссиз. Менку энди унутилган ёр Сизни Худо асрасин омон. Фақат йўлга термулган кўзлар «Дадам» дея сўраши ёмон. Қора қаҳва дамлаяпти ким (Оғрийди-ку, бошингиз ахир?) Бахтли эдик қанчалар… Бахтнинг Ортиқчаси бунчалар тахир. Бўйларига бўйлашар армон Дард боламнинг яқин ошнаси. Ёстиғимнинг ярми бўш… Ёлғон Сиз ва Худойимдан бошқаси! *** Йўлларимиз айро тушди-ю ногоҳ Ҳайр ҳам демасдан кетаяпсиз жим. Хавотирим бисёр кийимларингиз Ювиб қора қаҳва дамлар энди ким? Ошиб кетса агар қон босимингиз Хонангиз тутунга тўлса нетаман. Субҳидамда чертиб деразангизни Шамолга айланиб очиб кетаман. Йиғилди ҳаммаси кетмоқликка шай (О, буни кузатиш қанчалар оғир!) Ўзгарарми дея қарори атай Бирдан шаррос қуйиб юборар ёмғир. Ташқари чиқасиз кўзни юмиб чирт Эриниб очилар соябонингиз. «Қайт золим, уволи тутмасми»,-дея Ғўлдираб эргашар жомадонингиз. *** Кўкдан меҳмон бўлиб бир талай тонгда Гўзал фаришталар тушибди оппоқ. Пар тўшакда ётиб туш кўрар замин Кўнгилдайин юмшоқ, кўнгилдайин оқ. Бир-биридан нозик қанотчаларин Авайлаб ўпаман кафтимга олиб. Осмонидан тинмай ризқ элар тангрим Термуламан қанча юмушим қолиб. Шу пайт сим қоқади такрор ва такрор Бошлиғим «Ишга кел» дея урар дўқ. Табиатнинг шундай мўъжизасини Оёғимда эзиб ишга боргим йўқ. Қадамимда чиққан қор ноласидан Девонадай ақл-ҳушдан озаман. Жонига озорлар бергандан кўра Бўшаш ҳақда аризамни ёзаман! *** Қор ёғсайди бугун… Бугун бир ёғсайди эрталабгача Қорсиз кечаларда кетдим совқотиб. Босган йўлларингда тентимасмидим Зора изларингни қўйсам йўқотиб. Ҳар тонг нонуштани дард билан қилиб Чақираман тушда меҳмонга ғамни. Тунда келиб қолсанг қоқилма дея Остонада ёниқ қолдирдим шамни. Бирровга келувдим ўзи шундоғам Сийлади аламлар билан дунёжон. Ҳали гўдакларим кичик жуда ҳам Нечун қайғулари осмон, Художон! Соғинчли кунларни санасам бошдан Сочим толалари етмайди рости. Агар яратилган бўлсам чапидан Наҳот оғримайди қовурғанг ости? Бугун қор ёғсайди эрталабгача… *** Ота, баҳор келди… Азадор чўққилар рўмолин ечиб Лоланинг юзига югурибди ранг. Ҳовлида иккимиз эккан бодомлар Баҳорнинг сирини гуллади қаранг. Чекишни унутиб қўйган мўрилар Тонг чоғи насимлар оғушидан маст. Кел жонимга ўрай, бойчечак гулим Тўқсоннинг бир куни қилмасидан қасд. Ташрифларинг бунча гўзал бўлмаса Йўлимга гуллардан тўшаб поёндоз. Қуёшинг чиройли жилмаяр балки Онам кулгусидан олгандир андоз. Сочларимдай узун қаро тунлари Ўтди. Бунча экан қиш ўчоғи тор. Ота, хавотирман баҳор келса ҳам Нечун сочингиздан эримади қор?
2021-09-02
http://nodirabegim.uz/archives/3714
Мен баҳордан яралганман тонгга интиқ, Фақат бахтдан тўкилади кўзимдан ёш. Бинафша-ю бойчечакдан ифор олиб, Менга исм қўйиб берди бобо қуёш. Мен баҳордан яралганман, қонимда ишқ, Аёз музин эритгувчи олов сўзман. Фарзанд сўраб кўз ёш қилган онам учун, Ёшлигида «лайлак ташлаб кетган» қизман. …шундан бери ҳаёт оғир, етмас чидам, Юрак хаста, дилим хаста, кўнглим ғариб. Рост, чарчадим, гул умримнинг боғларидан Гул ахтариб… Мен баҳордан яралгандим. Қулаяпман! Аёзларга бардош бермай, оҳ, ўртаниб. Мен қишдан то кўкламгача омон қолдим, Ишқ ўраниб… *** Авваллари ўйлардим, Юлдуз ерга тушганда. Бўлиб қолсам қанийди, Лермонтов ё Пушкиндай. Хуллас, шундай хом хаёл, Тарк етмасди ўйимни, Ҳеч қўлимдан қўймасдим, Қалам деган буюмни. Ким бўлардим асл шеър, Излаб Сибир томондан. Қайси шоир улуғроқ, Эркин Воҳид бобомдан. Ҳўп ҳайдаё, ҳўп ҳайда, Oлтариқ томон ҳайда! Oлтариқнинг дарди кенг, Юраги майда-майда. Тенглаштирсам Пушкинга, «Нидо»нинг бир сатрини. Ё урушдан оёқсиз, Қайтган ўғил дардини. Oқ тулпорим, қўшдасан, Хаёлингда Ўшдасан. Менинг каби, мен каби, Сал юраги бўш-да сан. Ўзбекдайин ҳеч бир зот, Шеър ёзмаган турмада. Ё Лермонтов қор ёғса, Пахта териб юрмаган. Ёки туркий тилига, Катта синовлар ёрдур. Азал, азал ўзбекнинг, Уйи пахтасаройдир. Oқ тулпорим, оқ тулпор, Дилимда кўп ғамим бор. Oлтариқ кўриб келай, Болангни қўшиб юбор. Ҳўп ҳайдаё, ҳўп ҳайда, Oлтиариқ томон ҳайда! Oлтиариқнинг дарди кенг, Юраги майда-майда… *** Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади, Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади. Тун бўйи юлдуз териб, ҳамроҳ кутиб бу кўзларим, Интизор йўлига боқдим, айни дам у келмади. Минг хаёлим у томон кетганда ожиз фикрима, Сўз демоққа битта сўз, чалмоққа чолғу келмади. Юзларим кулсин десам ҳеч кулмоғимга йўқ сабаб, Йиғламоққа кўзга ёш такрори дув-дув келмади. Қўлларимдан тутгани қўл келмади айлаб хуноб, Юзларимдан сийпалаб ўтмоққа гису келмади. Неча кунки, ҳафтадирки, кўзга уйқу инмади, Oшиқ Аҳрор кутди мангу, у-чи мангу келмади. *** Бугунми, эртами, вақтлими, кечми, Босган қадамингдан эргашиб борсам. Мен бахтли, у бахтли, бахтиёр кунда Сенга нима бўлди, учинчи одам? Белингни қаттиқроқ боғламадингми? Ё торлик қилдими Худонинг арши? Иккига ажралган бир тақдир томон, Югуриб борамиз қарама-қарши! Ёдингда эмасми васият, ўтинч, Бешикда қолдими онанг сўзлари. Ё бевақт кўксингда синиб кетдими? Меҳнаткаш отангнинг ёлворишлари. Йўқ, қайтиб бўлмайди энди орқага, Захмати улкандир ўн етти йилнинг. Асли бу дунёда яшамоқ эмас, Муҳимдир қандайин яшаганлигинг! Ёз ўтди, куз ўтди, қиш баҳор ҳатто, Бизни ёрлақади бешинчи фасл. Баҳорий гулларнинг ишқидан кечиб, Мен сени кузакда кутдим мутассил. Иккинчи одамнинг парвоси ҳам йўқ, Унга маъносиздир сўқирми, карми! Oдамлар дунёда яшаш учунми? Ё яшаш одам чун яратилганми!? Эсингдан чиқмасин, сен борки, мен бор! Йўқ, хато қидирма севмаганимдан. Кўзим нигоҳингга етмаган кунни, Худога топширдим учинчи одам! *** Қандай дард қўшилган экан лошимга? Oҳлардан кейин оқ босди дилимни. Сен кириб келгунга қадар тушимга, Худо билдирмади ёлғизлигимни. Бир тошлар ёғилди — жоннинг ҳузури, Бардошлар ёғилди жисмимга маним. Қанотимдан кечмоқ учун арзийди, Бошингга бахт қуши бўлиб қўнганим! Не раво кўрилса ризо бўлганман, Сенсиз шодликларга айлама дучор. Меҳрингсиз уйғонган тонгларда бир кун, Дилнинг ўлиб қолиш эҳтимоли бор. Кафтинг чизиғидан ахтарма мени, Топсанг йўқотишинг мумкин дафъатан. Мени дуоларинг остига яшир, Қийналиб кетдим-ку ватансизликдан. Ишқи роҳим менинг, гумроҳим менинг, Англамоқ бахтидан бошқаси шартмас. Қанча яшашимни Худо билади, Қандай яшашимни тушунтирсанг бас! *** Мен қайта тирилдим, хазон шаклинда, Баҳорни ўлдириб, кузакни севиб. Мен қайта тирилдим, тушуняпсанми? …дардга еврилиб. Фурсатга чап бердим, минг йиллик бўлдим, Йилларга сарғайдим, йилларда ўлдим, Мусофир отасин кутиб яшаган, Кичкинтой қизчанинг кўзидек сўлдим… Мен қайта тирилдим, мезон бағрида, Юрак-ла яшашга етаркан кучим. Сен ортга қайрилма, аҳдингдан қайтма.
2021-02-15
http://nodirabegim.uz/archives/3735
…Туманлар шаҳрига совуқ куз келди, Ёмғир ёғаверди муздай ва эзгин. Этни ўяр бўрон увиллаб елди, Намчил хазонларни юлқилаб бетин. Чеккароқ мавзе, бир ошён бадқовоқ, Ғариб жуфтлик яшар арзон хонадон: Яқинда дунёга келган чақалоқ Ва яқинда эрдан ажралган жувон. Тор хона муздайин ҳавога тўлар, Иситиш тизими уйга бегона. Жигарбандин қучиб иситмоқ бўлар Адёлга ўранган муштипар она. Қаранг-а, дунёнинг ишлари ажаб, Ким нега ташна-ю, нега зор эди. Мана шу вужуди қалтираб-қақшаб – Турган аёл қалбан Ижодкор эди… Туйқус у ўрнидан қўзғалди шошиб, Қалин либосларга вужудин тиқди. Аравачага сўнг боласин солиб Тунд, ўшшайган совуқ кўчага чиқди. Ёмғирли изғирин, туриб бўлмайди… Эй, она, жонингдан кетдингми тўйиб: Бу аҳволда ахир юриб бўлмайди, Чақалоқ ҳаётин хатарга қўйиб. Алоҳа бир чироқ кўринди титраб, Ўзига чорлабми кўз қисар ёғду. Жувон шу тарафга йўл олди шитоб, Қаҳвахона эди мўъжазгина бу. Иссиқ… иссиқ ҳаво остонаданоқ, Қайноқ қаҳва бўйи, тамаки дуди. Бирдан “инга”лашдан тўхтар чақалоқ, Бўшашиб кетади аёл вужуди. Оёғи чалишиб кетётган аёл Энг чекка столга бориб чўккан пайт Қаршисида пайдо бўлади дарҳол Назокат тимсоли официант. “Хуш келибсиз…” “Раҳмат”. “Марҳамат, меню, Хоним, ёққанини танланг бемалол”. Қўйиб берсанг кўнгил нелар истар-у, Аммо… имконини билади аёл. “Менга… мумкин бўлса бир финжон қаҳва”, “О, албатта! Хоним, танловингиз соз!” Йигит шод: камтарин буюртма ила Бахтиёр этгандек дунёни мижоз. Аёл аслзода оқсуяк каби Лабини текизиб қўяр финжонга. Қайноққина қаҳва… беҳишт неъмати, Ҳарорат югурар тўнғиган қонга. Жувон кўзларини юмади беҳол, Ёноқларда ўйнар сирли табассум. Ё раббий, қанчалар бахтли бу аёл, Рафторида қанча сурур тажассум. Илҳом фариштаси балки шу лаҳза Жувонни авайлаб бағрига олган, Қулоқчаларига шивирлаб аста Ёзажак сўзларин кўнглига солган. Аёл шошқин олиб аравачадан Бир даста қоғозни – ўз қўлёзмасин, Давом эттиради ҳаяжон билан Биринчи рўмоннинг дастлабки фаслин. Сўзлару жумлалар келади оқиб, Тилсим ҳодисотлар, о, қайнаб-тошар. Қордай оқ қоғозга аёл ютоқиб Барини муҳрлаб қўйишга шошар. Гарчанд ижод асли синоат, афсун, Жунунни англамоқ буткул беимкон – Шундайин илоҳий лаҳзалар учун Яшасанг арзийди дунёда, Инсон! Жувон ёзаверди… Чақалоқ эса Баайни тушуниб она аҳволин, Ором олётгандай иссиқ гўшада Ухлайверди ширин, пишиллаб, сокин. Бешак фаришталар уни ухлатган Ҳарир қанотларин оҳиста елпиб. Қулоғига ажиб эртаклар айтган Бесадо пичирлаб, сассиз тўлиқиб. Деворда осиғлиқ соат миллари Бир-бирин қувгандай чопиб-елади, Тун яримлаб борар, қаҳвахонани Бекитар вақти ҳам етиб келади. Хизматчи йигит минг хижолат ила Жувон қаршисида эгилади ним. “Маъзур тутинг, хоним. Фурсат бўлди-да. Акс ҳолда… Узр, безовта этдим”. Туйқус сесканиб бош кўтарар аёл, Атрофга қарайди дилгир ва ҳайрон. Қайда?.. Нима учун?.. Нега?… Бу не ҳол… Сергак тортиб барин эслайди шу он. “Маъзур тутинг…” Аёл шошиб қўзғалар, Қоғозларни жойлар аравачага. Йигит мижозини эшикка қадар Кузатиб қўяди илтифот ила. “Келиб туринг, хоним…” “О, ҳа, албатта…” “Ташрифингиздан бизга шараф ва эъзоз”. Йигит шод: камтарин буюртмаси-ла Бахтиёр этгандек дунёни мижоз… Аёл… қаерга ҳам борарди, айтинг, Зимистон кўнглига қайда бор ёғду? Кейинги куни ҳам қаҳвахонанинг Очилиш пайтига етиб келди у. Яна сертавозе официант, Яна буюртмага бир финжон қаҳва. Илоҳий туйғулар бағрида сармаст Аёл ёзаверди тинмай бир лаҳза. Яна париларнинг ҳарир қаноти Маъсум чақалоқни эркалар суйиб. Онанинг энг буюк, чин кашфиёти – Бола ором олар фароғат туйиб… Кейинги кун яна, кейин ҳам тайин, Илҳом тинмай сеҳр лойин қоради. Битик варақлари ортгани сайин Фурсат мутаносиб ўтиб боради. Аммо… мулозимлар бир хилмас, ахир, Элчилик-да, турфа феъл-атворлар жам. Бу ғалат машғулот оқибат-охир Энсасин қотирди аллакимнинг ҳам. Гарчанд дахлсиздир ҳар ким ўлчови, Мижоз зоти мудом ҳақдир бегумон. Бироқ шунча вақт ва хизмат тўлови Бор-йўғи қаҳва-ю, уям бир финжон. Бу аҳволда қайдан келарди фойда, Қаҳвахона ахир бизнес бор-йўғи. Бешак, бундай мижоз кўпайган жойда Пасайиб кетади даромад чўғи. Маънодор йўталлар, томоқ қиришлар, Буюртма олар чоғ виқорли малол – Сира таъсир қилмас, у тинмай ишлар, Ўзга дунёларга кетган-ов хаёл. Алоҳа топилди ҳамфикрлар ҳам, Улар бир-бирларин қўллашлар ила, Фурсат топиб кириб бордилар илдам Хўжайиннинг мўъжаз кабинетига. “Шундай, шундай…” деди гуруҳ дарғаси, “Сэр, ўзимизнимас, сизни деб фақат…” “Токай биз хайрия муассасаси – Ўрнидамиз… Қарор сиздандир албат…” Истараси иссиқ, камтар, мулойим, Нигоҳлари нурли кекса жентльмен , Бармоқларда тараб кумуш сочларин Майин кулимсираб қўйди: “Шундай денг… Ойна ёнидаги, чекка столда Кундалик мижозми… Ҳа, хабарим бор. Бу борада сизга илтимосим ва, Изн этингиз, қатъий бир талабим бор. Фунт стерлинг зарур, аммо биз, ҳайҳот, Ҳаммасини фақат пулда ўлчасак, Пул қолар-у, Буюк Ижод, Кашфиёт Лета дарёсига ғарқ бўлар бешак. Мижозни кузатдим ташлаб кўз қирим, Ёнидан атайин ўтиб неча бор. Мени пайқамади… Туйқус тушундим Бизнинг меҳмонимиз – Асл Ижодкор. Ижод бу шуурдан ташқари тилсим, Ижод бу юраклар ҳис этар ҳолки, Умрида ҳеч қурса бундай дардга ким – Бир бора йўлиққан, тушунар балки. Гўзаллик дояси, илоҳий неъмат – Ижод Яратганнинг иноятидир. Мана шу аёлга бахшида қувват Балки Мельпомена ҳимоятидир… Шукрона айтайлик қайта ва қайта – Одми гўшамизни танлабди жувон. Йўқса емакхона камми шаҳарда, Барига иззатли бундайин меҳмон. Бундайин воқелик асли учрар кам Қодир табиатдан туҳфа истеъдод. Бошингизга Биг-Бен қулаб тушса ҳам Чидаб, Ижодкорнинг кўнглин этинг шод Сизнинг даъвонгизни тинглаб, ногаҳон Дилимга хавотир келмоқда босиб: Бу дамлар аслида бизга имтиҳон, Ўта оламизми ундан муносиб? Тушунинг, қаламкаш қалби нозикроқ, Бир сўз ё қарашдан вайрон бўлади. Жиноят бўлмайди бундан ортиқроқ, Чунки унда Илҳом, Ижод ўлади. Хоним бизга қадам ранжида этган Эрта ҳам, индин ҳам, бир йилдан сўнг ҳам, Энг олий мақомда уни қаршиланг, Унутманг: бу ташриф биз учун байрам. Инсонийлик, кўмак аввал бурчимиз, Уни чин юракдан адо этолсак – Бугунимиз ҳамда келажагимиз Олдида юзимиз ёруғ бўлажак. Хуллас, сўзлайверсам фикр мўл, лекин Хоҳишингиз йўқдир нутқ эшитишга. Гаплашиб олдик-ку. Энди-чи, секин, Хонимлар, жаноблар, борингиз ишга”. Андак изза бўлиб қайтишар экан Йўлакда ким биров айлади хитоб: “Барини тушуниб етдим дафъатан, Ахир хўжайиннинг хоббиси китоб”. Ҳамма эслаб қолди, бошлиқ ҳар маҳал Китоб деса ўзин томдан ташлайди. Тонг саҳарда келиб газета, журнал – Ўқиб бўлгандан сўнг ишни бошлайди. Уйини-ку, дерлар, зўр кутубхона Оёқ босишга жой топилмас экан. Гарчанд милён фунтга баҳоланса-да, Бу хазина минбаъд сотилмас экан… Ҳар бир мижоз юксак ҳурматга ноил, Қаҳвахонага бу қонун бегумон. Мазкур гурунгдан сўнг ижодга мойил Аёлни эъзозлаш юксалди чунон. Ёнидан ўтарлар оёқ учида, Ўзаро пичирлаб гаплашишади. Кимдир шовқин қилса, бесас, ўтинч-ла Лабга бармоғини тез босишади. Фақат аёл кўрмай бунинг барини Ўзининг тўлғоғи билан банд эди. Вужуди шу ерда, ва-лекин руҳи Ўзга оламларда орзуманд эди. Кунлар ўтаверди шундай сермазмун, Кунлар ўтаверди шундай сермаҳсул. Гўё туғилажак мўъжиза учун Қаҳвахонанинг бор ходими масъул. …Ниҳоят, ниҳоят юз берди бу ҳол, Битикка қўйилди энг сўнгги нуқта. Осмон, кўз ёшларинг йиғиштириб ол! Замин, айланишдан бир нафас тўхта! Аёл қўлёзмадан кўз узиб илкис Атрофга аланглар эсанкираб, лол. Қайда? Нима учун?… Англолмас, туйқус Самодан қулаган фаришта мисол. Фарзанди ухларди аравачада, Атрофда ҳаётдан мамнун оломон. Енгил кулги, шовур, таниш мусиқа, Столида эса бўшаган финжон. Шунда ҳаммасини эслайди аёл, Кўз олдида барин яққол кўради. Хижолат аралаш қўзғалиб, дарҳол Официантдан ҳисоб сўради. “Келиб туринг, хоним…” “О, ҳа, албатта…” “Ташрифингиздан бизга шараф ва эъзоз”. Йигит шод: камтарин буюртмаси-ла Бахтиёр этгандек дунёни мижоз… Кейин нима бўлган? Кўпларга аён, Жуфон сарфлаганча сўнгги чақасин Ишончга чоғишган ҳаяжон билан Нашриётга йўллар ўз қўлёзмасин. Узоқ куттирмайди жавоби қурғур, Мактубда инглизча назокат, одоб: “О, бизни танлабсиз, минг бор ташаккур, Таассуфки, асар салгина бўштоб…” Аёл маҳзун тортар, аммо кўнглида Қандайдир бир туйғу уни қўллайди, Озгина қарз… Некбин умидлар ила Кейинги манзилга дарров йўллайди. Бу ҳол такрорланди… нақ ўн бир марта, Жавоблар бир тарзда келарди нуқул. Фақат бири қўшган: “Хоним, агарда Бошқа иш қилсангиз бўларди мақбул…” Бари тамом бўлди, умид чечаги Баҳор нурин кўрмай бериб бўлди жон. Алвидо, кўнгилнинг содда эртаги, Алвидо, саробга соврилган имкон. Аммо… Ижодкорни тушуниш қийин, Онгу шуурини бошқарарми қалб? Балки юрак билан ҳис этмоқ мумкин, Аммо ақл билан бўлмагай англаб. Гарчанд таслим бўлмоқ вақти келди-ку, Мужда кутавериб чарчаган ҳар гал, Сўнгги заиф илинж қутқусида у Ўн иккинчи марта қилди таваккал. Узоқ куттирмайди жавоби қурғур, Мактубда инглизча назокат, одоб: “О, бизни танлабсиз, минг бор ташаккур, Таассуфки, асар салгина бўштоб…” Аёл кўзларини юмар инграниб, Қонсиз бармоқларини бурдалар нолон. Наҳот шунча вақти ўтди алданиб, Наҳот ёзмоқ энди мангулик армон. Қоғозга томади аччиқ кўзёши, Чаплашиб кетади ёзувлар, не ҳол… Алоҳа аёлнинг етиб бардоши Мактубнинг охирин ўқийди беҳол. “Хоним, биз тажриба учуноқ майли Чоп этиб кўрамиз уч минг ададда. Зарар кўрармиз бу китоб туфайли… Очиғи, шундайин эҳтимол катта. Бозор-да: талабга яраша таклиф, Рақобат майдони тиғиздан-тиғиз. Ёзуз-чизувларни балки тўхтатиб, Бошқа, даромадли юмуш топарсиз…” Аёл ўқ егандай қалқар ногаҳон, Сўнгги япроқдайин вужуди титрар. Қорайиб кетади баногоҳ осмон, Омонат шуълалар йўқликка йитар. Муздай полга беруҳ қулайди аёл, Ўртанган юракдан сизади ингроқ… Волида аҳволин сезгани мисол Чинқириб юборар ногоҳ чақалоқ. Аёл сергак тортар, қайтади ҳуши, Дилбанди озурда, турмоқ керак, бас. Ахир бу дунёнинг жами ташвиши Гўдак тўккан томчи ёшга арзимас . Жувон фарзандини қучади маҳкам, Қайноқ кўз ёшлари шашқатор оқар. Мактубга илова шартномани ҳам Кўз ёш-ла имзолаб, ортга юборар. Кейин нима бўлган… Кўпларга аён. Бунчалар ширинсан, о, аччиқ ҳаёт! Сенда мўъжизалар мўлдир бегумон, Сенда машаққатлар ажри мукофот. Уч минг адад китоб саноқли кунда Тарқалиб кетгач сўнг қўлма-қўл бўлиб, У ҳаваскор бўлиб ётди-ю тунда, Эрталаб уйғонди юлдузга дўниб. Бозор-да: талабга яраша таклиф… Лаҳза сайин сўров ортгани учун Босмахона бошқа ишин қантариб Фақат шу китобни босар туну кун. Кунлар арифметик кўпайтмага мос Ўтиб борган сари маромда, сокин. Талаб ҳандасавий кўпайтмага хос Ошиб-тошар эди билмайин тизгин. Турли рўйхатларнинг бошида китоб, Эътирофлар юксак: “Шаксиз, бестселлер!”. Шундай қадрланди илҳомли ижод, Шундай қадрланди ҳалол манглай тер. Китоб чет тилларга тез ўгирилар, Дунё ҳайратлардан лолу адодир. “О, қанчалар ажиб фусункор асар!.. Сирли афсунлари оҳанрабодир!..” Асар давомини олмоққа шошган Турнақатор сафда ноширлар илҳақ. Адад энди юз минг, милёндан ошган, Қалам ҳақи шунга муносиб барҳақ. Эсанкиратмади аёлни бу ҳол, Ҳаволантирмади заррача ҳам, йўқ. Фақат ишлайверди яйраб бемалол, Илло шароитдан энди кўнгил тўқ. Чанқоқ ўқувчига у туҳфа этмиш Бестселлер кетидан янги бестселлер, Ногоҳ бўлиб қолди ҳунари ёзиш – Аёллар ичида илк миллиардер! Бу яхши, албатта, жуда ҳам аъло, Азалдан аён-ку, бўш қоп тик турмас. Бироқ ижодкордан сўз кетар асно Моддият биринчи ўринда юрмас. Гарчанд илкидаги бор-йўқ имкони Инсоний ҳисларга қасида фақат, Ҳақиқий Ижодкор мамлакат шони, Миллат ғурурига эврилар албат. Улкан давлатларнинг етакчилари Йўллари тушганда Англия тараф, Адиба билан бир учрашмоқликни Билдилар ўзлари учун деб шараф! Аёл эса ишлар, ёзар тинмайин, Илоҳий онлардан топар ҳаловат. Ақл бовар қилмас улкан маблағин Хайру саховатга йўллайди фақат. Ўшал қаҳвахона… музей, кўп машҳур, Қишу ёз навбатнинг кети узилмас. Адиба ишлаган курсида бир қур Ўтирмоқ барчага эзгу ҳой-ҳавас… * * * Азиз фарзандларим, ўғил-қизларим, Кўзлари чақнаган полапончалар. Сизларга ҳавас-ла боққаним сайин, Қалбим ҳаяжонга тўлар қанчалар. Сўйлаганим асли аёндир сизга, Ҳар нечук, Кулойим чўпчаги эмас. Ул машҳур адиба замондош бизга, Мана шу ҳаводан олади нафас. Фақат олис юртга термулиб баъзан Энтикиб-тўлиқиб қўйганингиз дам, Эсланг ўзимизнинг яқин мозийдан Буюк сабоқ бўлар ҳикматларни ҳам. Эсланг, эл-улусни ҳайратга солиб, – Бундай ҳол учрамас ҳеч даҳр аро – Ҳазрат Навоийни отга мингазиб, Ўзи жиловбардор бўлган Бойқаро. Во дариғ, дунёнинг ишлари ажаб Шоир суворий-у, подшо пиёда! Сўзни бундан ортиқ бўлмагай алқаб, Эъзозлаб бўлмағай бундан зиёда! Томчида акс этар қуёш бегумон, Инсоннинг Ижодга тенгсиз таъсири Шу икки мисолда бўлар намоён, Бири машриқдаю, мағрибда бири… Азиз дилбандларим, сизларга боқиб Дилимда сурур жўш урган маҳали, Шивирлаб қўяман кўксим гупириб: “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…” Сизлар озчиликсиз, шунда ҳам балки Ҳаммангиз бўлмассиз адиб ё шоир. Бироқ мактаб берган сабоқ туфайли Қалбга уруғ тушган ижодга доир. Магар имконингиз кетса юксалиб, Дилда уриб турсин эзгу ният бонг: Асл ижодкорни отга чиқариб Жиловбардор бўлиб қолсангиз не тонг. Ахир асли шу-да кўнгил матлаби, Дурдона китоблар гадоси бўлинг. Ўшал қаҳвахона эгаси каби Мудом Адабиёт шайдоси бўлинг… Шунда натижа юз кўрсатиб, яна Оламга таралар ўзбекнинг оти. Дунё Сўз мулкида қилар тантана Буюк Ўзбекистон Адабиёти.
2020-10-12
http://nodirabegim.uz/archives/3404
Биламан, тушларнинг ўнгги бор, умидлар бўсаси — нафармон. Кўзингга термулиб сўнгги бор, кўнглингга кирмаган чопарман. Нигоҳим сепилган кўчадан заъфарон ҳамдиллар кузатди — Мен сени шом тўккан кечага бир томчи ёш тўкмай узатдим: Боравер, Тақдирга бетма-бет, юзига терс қараб дилимнинг. Кетар чоғ яхшилаб силтаб кет, енгингга ёпишган қўлимни! Қулоқ сол, ўтинчим: боқма, жим!.. Ортингга қарамоқ — ишққа дор. Қайрилма, қайрилма қошлигим, Мен қолдим! Сен энди яхши бор… * * * Энди сенга қайтмоқ кўп маҳол, Йўллар узун, қўллар калтадир. Энди туннинг кўксида малол, Настаринлар уввос тортадир. Тунда тушлар тўшалмайди оқ, Намозшомлар кезмас чаманда. Сенсизликмас, кўнглимни кўпроқ, Сенли кунлар эзди, чамамда. Фақат… Кўзим севарди, ишон, Деразангнинг дарчаларини… Энди қандоқ бутлай қаҳкашон, Юрагимнинг парчаларини?! Сут-саҳарга келмасми малол? Балки… Чиндан, бу тун сўлимдир. Бироқ энди қайтмоқ кўп маҳол, Бироқ энди қайтмоқ — ўлимдир! * * * Тунд осмоннинг ҳасратларига, Замин тутди куракларини. Шунда тарс-тарс ёрилиб кетди, Анор-анор юракларимиз. Кўзларингга боқмоқ истасам, Қабоғимни ёмғирлар эзди. Бу сафар ҳам мен чурқ этмайман, Бу сафар ҳам айтмайсан, сездим. Менга аён эртак охири… Ўзинг айтгин, нима қилайин: Севиб қолдим десам ҳайқириб, Мен севмайман дейишинг тайин! Боқай десам юзингга, ёмғир Қабоғимга берар азият. Бу сафар ҳам мен чурқ этмадим. Бу сафар ҳам жимсан. Хайрият… * * * Шоир шеър ўқир ойнаи жаҳонда, Онага аталган оташин шиғир. Қариялар уйи — совуқ маконни Ҳаял ўтмай тутар унсиз, шўр йиғи… Қариялар уйи — мангу қиш жойи, Ҳар кимнинг ўз қори ўз боши билан… Шўрлик кампир оппоқ сочларин ёйиб, Негадир жилмаяр. Нега?! Ким билар… Лабларида қон йўқ, юзларида ранг, Атрофга аланглар: йиғлар кампирлар, қўлларин дуога очишиб аранг, Ҳаммаси…Шоирни алқаб гапирар! Қақшол қўлларида томири бўртиб, орзиқиб кетади бу заҳил кўнгли. Охир, чидай олмай шеригин туртиб, оҳиста шивирлар: «Бу…менинг ўғлим!..» * * * Муштипар онаси оламдан ўтди… Мана, ўзи келди — қадрдон гўша: тутқичи йўқ пақир, бедарвоза уй… Ҳеч хам ўзгармаган… Ўша уй — ўша… Фақат тут ўрнида беўхшов тўнгак… Шу тўнгакка боқди кўнгли увушиб. Кўрди-ю, чирт этиб узилди ичи: пойгакда ётарди йиртиқ ковуши… Бўм-бўш хонасига кирди эгиб бош, гуппилаб урилди жунрўмол иси… Болишини қучиб, энтикиб йиғлаб, бирдан суратини келди кўргиси… жомадонни очди: минг турфа расм, иккисин суратин излар… Тушар кеч. Туйқус… Мудҳиш армон келар эсига: ахир… бирга сурат тушишмаган ҳеч… * * * Ⅰ Сен билмайсан, она, қабоқларингга, Хорғин-хорғин йиллар ажин суқади. Мен бир қизни дея дил қақшатган тун, Сенинг оёқларинг қақшаб чиқади. Сен билмайсан, она, мендан кўнглинг тўқ, Сен кимни ўйлайсан, мен эсам кимни… Ҳар кеча фош қилиб намозшомгуллар — Билмай гуллаб қўяр гуноҳларимни… Ⅱ Қай кузакка бердинг умрингни, сен айт, Дарддан бўлак бирор не орттирдингми?! Қачондир кўкарган болдирларингга, Пешонамни қўйиб тонг оттирдимми? Ⅲ Оқшомлар йироқдир, оқшомлар узоқ, Бўғинларинг оғриқ беради сим-сим. Сен-ку кўниккансан барига, бироқ, Менинг кўникишга борми айт ҳаққим! * * * … Ва миллион йил бирга бўлишга Севгинг билан қилсанг аҳд-паймон. Ачомлашиб ётганин кўрсанг, Онанг билан боланг ёнма-ён. Қутлуғ дарддан қисмаса, ё Раб, Яшаганинг келмаса малол. Ботаётган уфққа қараб, Кейин ўлсанг бўлар бемалол… * * * Ҳар куни учратар ариқ бўйида, Ўйига ғарқ бўлиб ўтиради қиз. Шунчалар нафиски, Шунчалар нозик, Ялпизга суянса, кўтарар ялпиз! Қиз ялпиз теради, у олма кесак… Бир жуфт сўз келмайди ҳуркак юракка. Фақат баъзан-баъзан хўрсиниб боқар, қизнинг билагини қучган челакка… Сийрак тортган ялпиз-ҳижрондан дарак, Келмай қўяр хилқат… Аламлар қат-қат. Айтмай деса энди ҳаво етишмас, Айтишга… журъат… Челак бўшаб борар… умиди каби, Май ҳам ўтар шошқин, Июн югурар. Бўзйигит чўк тушиб, ҳар тун Худодан, Ялпизга айланиб қолишни сўрар… * * * Ёмғир ёғар… Сўнг тун чўкадир, тун чўкадир мунг билан бирга. Кўзларини чирт юмиб адир, юзларини тутар ёмғирга. Жиққа бўлмай, дея ногаҳон, яшил рўмол танғиб олган ер. Қалдироқлар отади хандон, тун чўкадир, йўқ, мунг чўкадир… Ой нурига бурканиб олиб, ўй сурасан-мен йўқ бўлган ўй. Фурсат ўтмай, қасдма-қасд қилиб, исмим қайта бераверар бўй. Мен йўқ бўлган тушни истайсан, Сен тундан-да чўкиб оғирроқ. Мен ҳақимда оғиз жуфтласанг, хаёлларинг босади бармоқ. Мендан қочиб, охири толиб, унутаман, дея бўзлайсан. Бииир мириқиб ухлашдан олдин, мен йўқ бўлган тушни излайсан. Киприкларинг ачомлашган чоғ, қув хотира солади қутқу. Базўр суриб уларни йироқ, юзларингга тортасан уйқу. Чақмоқларнинг ҳайқириғидан, қирлар бағри кетадир кўчиб. Кейин… сапчиб турасан бирдан, мен бор бўлган тушлардан чўчиб… * * * Йўл пойлаган йўллар тим қаро, Ёмғирларни элар кўк — элак. Сокинликни ичган боғ аро, Куз бақириб йиғласа керак… Дардчил-дардчил дарахтлар ўхчир, Хазонлар тўкади устма-уст. Йўқ, ҳозироқ кетганинг яхши, Ҳа, ҳозироқ қайтганим дуруст. «Кел, бошидан…» демагин фақат, Аввалбошдан эдик-ку айро! Сен беҳадик, мен эса беҳад бўлган бирон кун бормиди ё?! Қалдироқлар ҳар кеч сўраб хун, Сукутларда хуруж қилди, бил! Бизлар вақтни совурдик, тушун, Вақт бизларни совурди — савил. Иккимизга оғриқлар малҳам, Видо-абас, тиғлай олмайди. Энди аҳдин бузганида ҳам, Куз бақириб йиғлай олмайди! Куз бақириб йиғлай олмайди… * * * Бобомнинг чап кўзи кўрмайди, Унга боқиб ачийди жоним. У ҳаммани тўғри деб билар, Ва ўнг дея ўйлар дунёни. Унга боқиб билмай қоламан, На йиғлашни ва на кулишни. Чол шўрликка ҳеч ким айтмайди, Ҳамма гуноҳ чапда бўлишни… * * * Чегарага келиб босар хавотир, Бўғиб борар турғунлик, тинлик. Мен ўз туримнинг энг охирги зоти- Қаноти қирқилган эркинлик! Мен ҳам ачинмайман, сиз ҳам ачинманг, Ачинарли эмас ҳаётим. Ниҳоялаб қолди ичимдаги жанг, Бир кун ўсиб чиқар қанотим. Дийдам қаттиқ эмас, ишончим қаттиқ, Еркўзим осмонга қадалган. Шамол қитиқлайди гўдак қанотим, Чегара…бузиш-чун яралган!..
2020-12-15
http://nodirabegim.uz/archives/3425
Сервиқор либослар сиймин танда хор, Кўркам чеҳраларда жаҳоний малол. Журъатсиз нигоҳлар қалашган қатор Зиналарни босиб чиқмоқда Аёл. Бигиз пошналарга босганича лаб Чўтир остона ҳам инграр бемадор. Ташқарида… Тунни кундузга улаб Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор. Эшик очилади – эгилмас сарв қад, Эшик ёпилади – сарв қад қилт этмас. Худойим-эй, бундай илоҳий талъат Инсон боласига ҳеч насиб этмас… Калит буралади… Муздай манглайин Муздайин кўзгуга босади Аёл – Парда ёпилган сўнг оққуш либосин Юлқиган кампирдан яшринган мисол. Кўзгу хира тортар – аламли нафас, Лаблар пир-пир учар – ўкинч йўлдоши. Зада кўнгил томон милдираб, бесас Қуйила беради аччиқ кўз ёши. Файзсиз уйни муздай сукутга чулғаб Виқор либослари оёқ ости, хор. Ташқарида… Тунни кундузга улаб Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор. Занглаган юраги илвирар, ожиз Ва сўнгги япроқдай титрару беҳол Либослар устига қулайди жонсиз Букчайган, бечора, муштипар Аёл. …Ногоҳ чалинади қўнғироқ. Эшик. Наҳотки У келган… Аёл лол, гаранг… Аёл сарвдай қаддин тутганича тик Муздайин калитни бурайди аранг. Остонада эса қопин орқалаб Янги йил шартини этгудек адо, Телба ҳаяжондан титраб-қалтираб Турар соч-соқоли оппоқ Қорбобо. – Янги йил муборак… Аёл баногоҳ Чинқириб юбориб чекинар ортга, Бу овоз… бу овоз… бу кўзлар… эвоҳ! Наҳот… қайтган бўлса! Бу ахир ўша… Қорбобо остона ҳатлар бежуръат, Сўнг Аёл қошига тиз чўкар нолон: – Мен келдим, азизам, Сен кечир фақат, Сенсиз яшолмайман, ишонгин, ишон… Аёл қалқиб кетар, титрайди, ҳушсиз, Тиёлмай қуйилиб келган кўз ёшин, Туйқусдан бекалом букканича тиз, Йигитнинг кўксига қўяди бошин. Қорбобо Аёлни қучар авайлаб, Лабларидан бўса олар беозор. Ташқарида… Тунни кундузга улаб Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор. Қайдир занг саси. Соат ўн икки. Ҳовлида мушаклар отилар шодон. Бунда қувонч билан қоришган йиғи, Бунда ажрашолмас бир йиллик армон… Алоҳа қучоқдан чиқар Қорбобо, Аёлга тик боқмас, аланглар ночор: – Мен энди кетмоғим керак, алвидо, Менинг ҳали борар манзилларим бор. Аёл… тушунади. Беун бош эгган, Йигитнинг қўлларин маҳкам ушлайди. Мана шу туришда видолашётган Ярадор оққушга жуда ўхшайди… Эшик айбдорона ёпилар чоғи, Хонага сизади муздайин хаёл. Бари тамом бўлди, ўкраб йиғлайди Букчайган, бечора, муштипар Аёл. Мен нима қилардим, не имконимда, Кўксимни чангаллаб бўзлаб йиғлайман. Аёлга уч юзу олтмиш беш кунда – Бир бормас, ҳар кунлик висол тилайман. Ахир… ахир бунга бўлмайди чидаб, Олдинда бир йиллик аччиқ фироқ бор. Ташқарида… Тунни кундузга улаб Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор… —————
2020-12-31
http://nodirabegim.uz/archives/3520
У ҳеч кимдан кутмади карам, Ҳеч ким унга сўзламади сир. Ҳеч кимсага бўлмади қарам, Ҳеч кимсани қилмади асир. Эшитмади ошиқ дилини, Кутмади ҳеч илтифот ёрдан. Ва тўсмади биров йўлини, Биров унга бермади ёрдам. Уни кўрса бўзармайди кўк, Уни кўрса порламас қуёш. У ҳеч кимга ўқ отгани йўқ, Тўккани йўқ ҳеч ким учун ёш. Ахтармади дунёда ҳеч дўст, Қурмади ғам дилларга кўприк. У ҳеч кимга бўлолмади кўз, Ҳеч ким унга бўлмади киприк. Бедил эмас, аммо на дахрий, На беозор мўмин бўлди у – Унда йўқдир тўфоннинг қаҳри, Йўқ чашмани қийнаган туйғу. Юрагида ёнмади олов, Кўзларида порламади нур, Ва на бўлди учқунлар қалов, На чақмоқдай кечирди умр. У дунёдан шундайин ўтди, Йиғламади ҳатто қизлари, Ўғиллари аста унутди – Ўзи билан ўчди излари. Эски ҳайкаллардан воз кечди омма, Янги ҳайкалларни ясади қайтиб. Пойига тўпланди оломон – ҳамма, Пойига йиқилди санолар айтиб. Оммага термулиб Хаёлга толдим – Ҳар замон турлича эътиқод, феъли… Оловга сиғинган исломдан олдин, Ҳайкалга сиғинган қачондир элим. Ўтиб кетди қанча замонлар изсиз, Ўтиб кетди қанча истибдод, қуллик. Ҳамон эл оловдан қўрқади, эсиз, Ҳамон ҳайкалларга қилади қуллуқ. Мени азоблайди Бошқа кўргулик – Ҳали ҳам ҳайкалга бўйсунар омма. Аввалги ҳайкаллар бўлишган ўлик, Ҳозирги ҳайкаллар тирикдир аммо… Муҳаббат – бу кийимдир эски, Энди уни ўтга отаман. Юрагимда занглади сезги, Мен унутдим сени батамом. Тўр сингари ёйма сочингни, Кипригингни қилмагин тузоқ. Бас, бўлмасман беқарор жинни, Бугун қалбим севгидан узоқ. Яноғингдан олмайман бўса, Лабларингдан ичмайман шароб. Изламайман олисда бўлсанг, Кутмайман ҳам йўлингга қараб. Узун тунлар жуда қисқадир, Ҳижрон каби эмасдир узун. Назокатдан улуғроқ қадр, Ғуруримдан пастроқдир ҳусн. Алдолмайди сўзларинг мени, Алдолмайди жодугар кўзинг. Мен ёдимдан чиқардим сени, Тушларимга киряпсан ўзинг… Мени кутар шарқироқ сойлар , Мени кутар мўйсафид сўри. Юрагимга меҳримни жойлаб, Мен бораман, пишганда ўрик. Худди бир нарсани йўқотгандай, Безовтаман шому саҳарда. Мен қишлоқда топмаган қандай Бахтни топдим, ахир, шаҳардан. Бунда назм бисёр лўттибоз, Олифтаю номардга тўлган. Қанча майнавозу тўтибоз Айлантирар бўстонни чўлга. Мен ўзимча одамман гўё, Одаммасдек фақат ўшалар. Тушларимга киради гоҳо Теракзорлар, Тупроқ кўчалар… Билмам, нелар тўсар йўлимни, Асли, юрак шаҳардан тўйган. Ҳамма ишга силтаб қўлимни, Қайтгим келар қишлоққа – уйга. Меров йўқдир асло мендақа, Китоб ўқиб, уқа билмадим. Мен укамга бўлмадим ака, Акамга ҳам ука бўлмадим. То ўлгунча тинчимас одам, Тентирарман ташвишлар аро. Мени кутар мўйсафид отам, Онам мени кутар дилпора… Тунлари номингни қиламан зикр. Неча йил саросар кезиб, ниҳоят Мен сени учратдим – Худога шукур. Дунёга силтаган эдим қўлимни, Хаётдан, яшашдан бўлгандим безор. Раҳматинга олдинг ожиз қулингни, Яхшиям сен борсан, Яхшиям сен бор. Гўё дур сингари ёришди дилим, Не тонг, юрагимни нурафшон этдинг. Яшашни ўратдинг менга, севгилим – Ўзимдан кечдиму Мен сенга етдим. Сен агар хоҳласанг тупроқман, гилман, Истасанг, дарахтдек ўсаман дуркун. Фақат жамолингдан бенасиб қилма, Жоним, Висолингга етарман бир кун. Бир йўлим самодир, Бир йўлим ер, Ишқинг осмонида озодман, эркин. Келгин, қўлларингни қўлларимга бер, Келгин, юрагимга абадий беркин. Давр қуюнида оловман, кулман. Ҳорғин кўзларимга чуқурроқ қара – Хабардор бўл мендан, Бепарво бўлма. Чинордай юксалдим, сарғайдим чўпдай, Мудом юрагимда айрилиқ ғами. Гўё атрофимда инсонлар кўпдай, Гўё атрофимда йўқдай одамий. Гўё юрагимда яшар бир телба, Ҳарчанд сукунатдан излайди паноҳ. У гоҳо беқиёс донишманддир ва Гоҳо бўюнсунмас исёнкор, гумроҳ. Бутун умр сенинг кўйингда ёндим, Гар келсанг, пойингда тупроқман, йўлман. Бир сенга ишондим, сенга суяндим, Хабардор бўл мендан, Бепарво бўлма… Ўзгармаган қишлоқ, жойида, Кўчалар ҳам ўшандай лой, Ўзгармаган… Ўзгармаган уй, тандир, ўчоқ… Фақат кексайибди онам янада, Отамнинг ажини кўпайган фақат…
2021-03-01
http://nodirabegim.uz/archives/3532
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда. (Бутун бир кўчани ёритарми шам!..) Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда Умрида ёруғлик кўрмаган одам. Бўронлар тўхтади, суронлар тинди, Тозара бошлади оламнинг ранги. Борлиққа фусункор сукунат инди, Тўкилиб бормоқда туйғулар занги. Ўй босиб ўлтирар донишманд тоғлар, Дов-дарахт ненидир сезгандай зийрак. Нега ой юзида кўринмас доғлар? Юлдузлар шивири нимадан дарак? Муҳаббат бир тараф, виқор бир тараф, Оҳиста солланар ғунчалар – барқут. Сарак-сарак бўлиб сўзлар тортгай саф – Қутлуғ бир айёмга кўрар тараддуд. *** Ҳақдан келиб турмаса, қайда эди бу сўзлар, Юрак санчиб урмаса, майда эди бу сўзлар. Жунун жўшган чоғларда ўзни андак йиғмасам, Дунёнинг тўрвасига фойда эди бу сўзлар. *** Юборсанг Ўзингнинг ёнингга юбор, Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир. Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор, Номингни айтганга нажот бор ахир. Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим, Бошқани ўйламай, бошқани демай. Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим, Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай. Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан, Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла. Тазарру – мендандир, мағфират – Сендан, Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла. Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй. Тоабад дунёга ишқим тушмасин. Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй – Ўзингдан бошқага ишим тушмасин. Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда, Осий ҳисларимни буткул даф этгин. Вужудим бахшида, Руҳим бахшида, Севгимни Севгингга мушарраф этгин. *** Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли, Сен ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи. Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли, Хуржуни ўзидан катта йўловчи. *** Дунё деганлари шумиди азал – Ҳануз Ҳақ деганнинг қалби чок-чокми? Китоблар қатида жон бермиш сўзлар – Қаерда донишлар талпинган Поклик? Қаёқдан келмоқда шунча касофат? Қабоҳат қаердан, туҳмат қаердан? Қизарган бу кўзлар мунча очофат? Зулму жаҳолатга рухсат қаердан? Нега оқибатни бунча кам ўйлар, Нега залолатга йўл берар Виждон? Нега ўз-ўзига тинмай зулм айлар, Нега соф фитратин бой бермиш Инсон? Масхарабоз тушмас саҳна тўридан, Тубан талабларин қўймас ножинслар. Замин зир титрайди шовқин зўридан, Қудрат касб этмоқда асли ожизлар. Қурушқоқ қалбларда ўлиб-ўлолмай Инграниб ётгандай Тафаккур, Ирфон, Моғор манзилларга яқин йўлолмай Қайларда дийдираб юрибсан, Иймон? Мазлум қонин иси келган нону туздан, Худо ҳаққи, ўла қолсам ошамайман. Нафсингизга хатлаб олган дунёнгизда Яшамайман, Яшамайман! Яшамайман!.. Адашиб юрибсан, бекор юрибсан, Талашиб юрибсан, беор юрибсан, Илашиб юрибсан, безор юрибсан… Шумиди боринг?! Ноқису нодон ул нафсингга қулсан, Аслинда шахссиз шул шахсингга қулсан, Лафзсизликдан бадтар лафзингга қулсан… Шумиди коринг?! Сўзбозлик саҳнида сўзинг қотибдур, Юзсизлик юртинда юзинг қотибдур, Вовайло, ўзингда ўзинг қотибдур… Шумиди оринг?! Не қилсанг, ортингда маломат изи, Ҳаргиз чарчамадинг дил уйин бузиб, Тавбага муҳтождир тавбангнинг ўзи… Шумиди зоринг?! *** …Ўзим суймас ўзимдан юз ўгуртир, Ҳар нағмакор сўзимдан юз ўгуртир. Риёларга риё қўшиб бўзлайман, Бул бетавфиқ бўзимдан юз ўгуртир… Солланиб бозорга отланар сўзлар, Ҳар кўчада ял-ял товланар, ёнар. Аслидан баландроқ баҳони кўзлар, Тинмай муқом қилар, бежо тўлғонар. Кибор расталарда турар терилиб, Кун ўтмай ирийди, ич-ичдан айнир. Томошабоп бўлар бири керилиб, Бошқасини биров сақичдай чайнар. Бичилган фарёдлар, бўғилган бўзлар Хор-хасдек беқадр дунё йўлида. Азал дами ўткир қиличдек сўзлар Ўтмас пичоқ бўлди номард қўлида. Дод солгинг келади, ёлғон чўзилса, Бозорга айланса назму нафосат, Кечаги бокира сўзлар бузилса… Томошабин бўлса аҳли фаросат! Солланиб бозорга отланар сўзлар… *** Алҳазар, кечаги бадният, терсфеъл Тантига айланар битта юмалаб. Нега уйғонишдан қўрқади бу эл, Суяб-суйганлари ётибди талаб. Ботирлар бошида бетиним зуғум, Йўловчи йўлчининг йўлини тўсар. Тўғрилар бир четда ютади заққум, Бебурднинг бўйнига гулчамбар осар. Бир куни кўзлари кетса очилиб, Ким тинглар кечиккан пушмонларини? Ҳамон дўст юзига оёғин қўйиб, Бошига кўтарар душманларини… *** Ҳали замон кўринар қуёш, Юзи сўлғин, кўзи жиққа ёш, Бир кунгина беролмай бардош, Уфқ бағрига қон бўлиб ботар. Майда ҳислар, майда одамлар, Шундайми ҳар жойда одамлар? Одамийлик қайда, одамлар?.. Саволларнинг залвори ортар. Бўзболалар кўзида фириб, Ҳаё йиғлар, ор ҳоли ғариб, Барчинларни овга чиқариб, Алпомишлар ичкўйлак сотар. Бекка бермас сўз бегойимлар, Ўғилми ё қиз бегойимлар, Ўзбек эмас ўзбегойимлар Кўзларини ўйнатиб ўтар. Қарға кўзин қарға чўқир деб, Енгил ёзсанг ҳамма ўқир деб, Ким чиройли чўпчак тўқир деб, Шоирлари лоф уриб ётар… *** Қўлингдан нима ҳам келар, биродар, Ким тинглар пажмурда юрак додини? Сен бошин силамоқ бўлган мазлумлар Яхши кўриб турса ўз жаллодини… Бандаларинг кимга бандадир, Эгам, Шу қадар ёқимли эканми қуллик? Қўймижоз бўлса ҳам, ёввош бўлса ҳам, Қўрққулик, қуллардан ёмон қўрққулик! *** Бор-йўғимиз хато узра хато бўлди, Ёлғизлик ҳам ёлғиз бошга бало бўлди. Ҳар не ўтди, маломатга ҳожат йўқдир, Кўнгил қолди – шу энг улуғ жазо бўлди. Соя солмиш сабримга Соғинч, Саратонда сенсиз совқотдим. Соҳилларда сарғайди севинч, Сирларимни сўзларга сотдим. Сочинг силаб саболар сархуш, Сезмайсанми, сездирмайсанми? Савол сонсиз, ситамлар серпушт, Севмайсанми, севдирмайсанми?.. *** Соғиндим, соғиндим, хумор соғиндим, Кўзимга тўкилди Ойнинг доғлари. Минг бора сочилдим, минг бор йиғиндим, Ҳувиллаб қолмишдир кўнгил боғлари. Майли, келма, майли, тағин куттиргин, Бўйларинг келтирсин шамоллар – қутли. Айрилиқ қўшиғин давом эттиргин, Севгингдан-да суйгун соғинчинг тотли. Қаён боқмай, кўзга чўғлар тегадир, Ҳолбуки, кунларим совумаётир. Негадир, ишқзада юрак негадир Соғина-соғина овунаётир… *** Шу кеча эртагин тугатмаса қор, Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак, Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак, Майлига, кечикса кечиксин баҳор. Эртани ўйлама, чўчима сира, Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди, Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди, Ҳар босган изимиз – биллур хотира. Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини, Оҳиста чекиниб тун пардалари – Юзингда порласа ой парчалари, Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини. *** Кутганинг сенга ҳам интизор бўлса, Сен уни севгандек севолмаса ҳам – Севса, туйғулари беғубор бўлса, Аросат даштида чекмасанг алам. Тизилмаса, майли, йўлингда ҳурлар, Фақат бир нурчеҳра кутса нигорон. Бағишламаса ҳам шаънингга шеърлар, Энг тоза сўзларин айласа эҳсон… Аммо бу ҳаётдир – синов бозори, Ҳаммаси тескари, барчаси ғалат. Сен суйган маҳлиқо бошқанинг зори, Парво қилмаганинг сенга битар хат. Бу аҳли дунёни тушунай қандай, Мудом насияга алишгай нақдни. Кўнгил кўнгил билан ўчакишгандай, Бахтдан тўйганларга илинар Бахтни… Осмон бодроқ тўкди кун бўйи – Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур. Табиатнинг бу кумуш тўйи Бўғотларга улашар ҳузур. Кўпни кўрган оғочлар яна Елкасига олар бор юкни. Ҳали давом этар тантана – Асраш керак ҳар нозикликни Кекса мўри зерикмас чекиб, Лек ҳавони қилмас бемаза. Изғириннинг қалами тегиб, Гулзор бўлиб кетди дераза. Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!.. Хаёлларнинг йўқдир поёни. Ташқарига шошар гўзаллик Шарфга ўраб олиб ҳаёни. Поклик чулғаб борар ҳар ерни, Оқлик инар далаю боққа. Аёзкотиб энг дилбар шеърни Доғ юқтирмай кўчирар оққа… *** На севги, на нафрат, на шодлик, на ғам… Тобора баридан мосуво юрак. Ҳеч нарсага тўлиб бормоқда олам, Бу қандай ишора, бу недан дарак? На ишонч, на исён ва на итоат… Гўё бутун борлиқ бўшлиқ билан банд. Табиат Тангридан кутмас иноят, Дунё борган сари кофирга монанд. На илҳом, на ижод, на амал, на сўз… Баримиз золим-у, баримиз мазлум. Пушмонлар тўзони очирмайди кўз, Ҳозирча умримиз ҳечликка маҳкум. *** …чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт чунки билиб-билмай ниятни буздим чунки еру кўкдан бўлмади нажот чунки ўзим билан келишолмадик жиндаккина ақлим эгмади бўйин имкон ила вақтни бўлишолмадик, чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин чунки изғиб юрар бунда қора руҳ баттар авж олдириб бедов оташни этимни чимчилар совуқ бир андуҳ чунки истамадим осон яшашни чунки… *** …Ҳеч кимсага озор етмасин, Зулм айладим энг кўп ўзимга. Оҳ, ишқилиб, чиқиб кетмасин – Жоним келиб қолди бўғзимга… Эртага бошқача нур экар қуёш – Эртага ҳаммаёқ ёруғ бўлади. Тўкилса, қувончдан тўкилар кўзёш, Еру кўк ғубордан фориғ бўлади. Армон бир доғ мисол йўқолар ўчиб, Булутдай тарқалур диллардан кадар. Омонлик тилайди бир-бирин қучиб Чумолидан тортиб чаёнга қадар. Туйғулар чашмида нурлар ранго-ранг, Кўнглингни ёзасан киройиларга. Чеҳранг очилади қай томон боқсанг, Олам тўлиб кетар чиройлиларга. Бахт қўшиқ куйлайди – ўктам овози, Хуш садо тўлдириб келар самони. Ҳамма тақдиридан миннатдор, рози, Ажрата олмайсан шоҳу гадони…
2020-10-25
http://nodirabegim.uz/archives/3174
Кўзёш ортиб қолди, Тундан ва мендан. Хали изтироб кўп, таскин ҳали йўқ, Юракни бўшатмоқ керак Ҳаётга Дард берган, ўзинг ҳам йиғлашиб юбор! Мен учун бу кеча мендек йиғлагин, Пушаймонлик йиғиси бўлсин у, Афсус бўлсин у. Ўрнимда бўлишни истамай йиғла, Ўзингни кўрсатсин тасаввур кўзгу. Қандай азоб бўлдинг менга, севгилим, Билгин, бўғзингдаги аччиқ бўзим – сен! Кўнолмай, тиёлмай ҳеч ўзингни оқ, Оқиб туш дард бўлиб ўз юрагингга. Иккилан, хадиклан ва албат ўртан, Икки кўзинг тўксин икки хил кўзёш Бири аччиқ бўлсин, бириси ширин Бири қадрим, бири қадрсизлигим. Юлдузларга боқиб, бир лаҳза “уҳ” торт, Лабингда жимирлаб хотира таъми. Барибир мен учун йиғлаётганингни унутма. Барибир мени тўк кўзёшларингда Худдики кўнглимни тўкканинг каби. Кўзёш ортиб қолмасин, Сендан ва мендан. *** Мен қасоскор эмасдим, ишон. Бармоқларим эди тирноқсиз. Мовий бўлган қоним ҳар қачон. Кўзёшим ҳам қалбим шарбати Йиғлаганман соғинчдан фақат Йиғлаганман севганим сари. Бугун эса кўзларинг кўриб Парча қилдим нигоҳларингни Ахир яксон бўлганман, яксон. Бугун эса жуда кў-ў-ўп ўлдим. Қотилингман! Менинг қотилим! …Суратингни пичоқлаб қўйдим… *** Дунё! Синайман дединг, йўғонлашди таъбимиз. Кўнгил деган ёқларда камаймади камимиз. Жон ҳам бунча мевадай ширинлашиб борарми? Жонга жаҳд деб тобора аччиқлашди таъмимиз. Дил нима, учиб тўймас кўксингдаги куккудир, Ширин тушга алданган ғафлат тўла уйқудир. Фақат ишонч ҳақиқат, фақат ростликдир меҳр Алдовлар алдовларга, аламларга улгудир. Билсанг ер ва осмоннинг ўртасида ип эдим. Бандаман-ку ёки мен фариштаман дебмидим? Ахир фақат суйдим-ку, ўз ҳушимга сотилдим, Менинг шу ҳолимга ҳам кулишларинг кўпмиди? Бунча ғами кўп экан дўст қилган маломатни, Бермас экан ҳар кимнинг дилига даромадни. Суякларим синганда келтирдингми зар ковуш Айт, бошимга урайми кечга қолган омадни? Сабрдан тилло бўлдим, тиллодан кўшким қайда? Мана бошим омону, бу бошда ҳушим қайда? Дунёда бекор қолдим, қўлларимни қайтиб бер, Мингта кўз тегиб ўтган ишқ деган ишим қайда? Энди қолган тошларинг бу жонимга юк эмас, Сенга айтиб бермоққа чўпчагим ҳам кўп эмас. Такрорлаб нима қилдим ўлсам ҳам ўлмаслигим Жонимнинг қирқлигига ишончларим йўқ эмас. Кулиб-кулиб ғам берган ғанимимга зафар бер, Жуда ҳам кўп оғриндим, энди бироз сафар бер. Ҳаёт-мамотга келдим ёшликнинг пойгоҳида Ё яшайин ё кечай, хабар бер ё хатар бер. *** Ўнинчи қаватга кўтарилдим жим, Эшигинг олдида қилдим тараддуд. Юракка тақлидан чертди бармоғим, Кўриндинг – қўлингда кўнглимга калит. Кел, дединг, нигоҳинг бироз аразли, Боқдинг кўзларингда шодлик пинҳона. Жим қолдик, хаёллар кетди парвозлаб Сукутни бузмоққа топмай баҳона. Индамай ортингдан эргашдим сассиз, Ранг ҳиди чулғаган хонангга томон. Мен келдим. Ишонмай боқдинг тоқатсиз, Нафас олдирмайди бир дам ҳаяжон… Ёдимдан ахтариб бирор яхши сўз Деразанг олдидан изладим паноҳ. Титратиб юборди бир соҳир товуш Гитарангга тегиб қўлларим ногоҳ. Кейин гуллаб кетдим. Аразлар барбод! Иккимиз куйладик, куйладик узоқ! «Сенга юрагимни олиб берайму Кўкдан олма каби юлдуз терайму…» Йўқ, ишқим. Юрагинг ўзингда бўлсин. Мен шундай беталаб соғиндим сени! Ҳайрон бўлмайсанми фироқдан ўлсам, «Ишқинг ўтида ёндирма мени!..» Қани ҳеч битмаса бу қасам қўшиқ, Кўзимиз жиққа ёш, тилимиз жимдир. Бу телба хаёллар қарс ёпди эшик Менинг эшигимни қоққанда кимдир. *** Эй, маъюс кўз, Эй, паришон Куз! Менга нелар айтмоқ истайсан?.. Хўп, тушундим. Таниш, бу — кўнглим. Булар эса… эски ҳисларим. Совуқ урган гулларим ўша Қурбонлари қайсидир Қишнинг. Менинг дардим, менинг сиримни Нега келди бунчалар билгинг? Йўлларимга тўшаб хазонлар Эргашмагин, юрма изма-из. Деразамга тикилиб тунлар Мени бунча севаверма, Куз! Боқишингдан қўрқаман ортиқ, Сукутларинг доғули бирам. Жимлигингда ўкирар борлиқ Чидаёлмай бўзлайми мен ҳам? Сенга жуда ўхшайман тўғри, Мана, сирим ошкор бўлмоқда. Кўп йиғладим суратимизни Кўриб қолган куним кўлмакда. Гоҳо сенинг руҳинг майлига Кетиб қолгим келар тентираб. Ҳеч ким мени сендай севмаган Мен дунёдан қолдим ётсираб. Эй, ошиғим, дардинг дардимга Борган сари мезонлар боғлар. Ҳувиллайди бизни чақириб Иккимизга қолгандай боғлар. Сен кутасан мени ҳар замон, Тоқатингни қиларсан фидо! Бошингда шу қоп-қора осмон, Эгнингда шу сап-сариқ ридо. Мен бораман! Не бўлса бўлди! Қўлларингга тутарман қўлим! Йиғламаслик шартлари ила Ишқ йўлида кетамиз ўлиб… …Кимдир тарсак тортар юзимга, Гуноҳкордай титрар виждоним. Судраб қайтар мени ўзимга Баҳор билан аҳду паймоним.
2020-04-11
http://nodirabegim.uz/archives/3217
Қалам синган, Шўрлик қоғоз яна ғижим. Сен ёзмайсан, Мен ёзмайман, Иккимиз жим. Оғир сукут, Оғир хаёл, Оғир кечим. Сен ёзмайсан, Мен ёзмайман, Иккимиз жим. Оқшом ойсиз, Тун ёғдусиз қорайди тим, Сен ёзмайсан, Мен ёзмайман, Иккимиз жим. Муаммога фақат ғурур бўлди ечим. Сен ёзмайсан, Мен ёзмайман, Иккимиз жим. Энди ошиқ атайдилар Бизларни ким?! Сен ёзмайсан, Мен ёзмайман, Иккимиз жим. Оғир сукут, Оғир хаёл, Оғир кечим… Бир боқсангиз, дардим давосиз, Тил айланмас бир сўз дейишга. Сиз беназир, сиз бебаҳосиз, Ҳаққим борми сизни севишга?! Ёғду сочиб четлаб кундузни, Ой рашк қилар қуёшдан сизни, Умид қилиб мен ҳам шу ҳисни, Ҳаққим борми сизни севишга?! Васлингиз деб ақлдан озиб, Сокин диллар кетади тўзиб, Ўзи сизга кимлар муносиб, Ҳаққим борми сизни севишга?! Бир телбани — дунёдаги энг, Кўрасизми ўзингизга тенг, Жим турманг, бас, бирор нима денг, Ҳаққим борми сизни севишга?! Бир ихтиёр этай дедимда, Ошиқча йўл тутай дедимда, Олдингиздан ўтай дедимда, Ҳаққим борми сизни севишга?! Гарчи шунча қилсамда сўроқ, Мажбурлашни билмайман бироқ, Мен шунақа сал девонароқ, Ҳаққим борми сизни севишга?! Бемор кўнгил чорасиз қолди, Буни ёйманг бир қизиқишга. Ишқингизни Хақ дилга солди, Ҳаққим борми сизни севишга?! Ё Раб, Ўзинг қўллагин, ҳамда, Ўзинг бергин ирода ва куч. Адоғ кутар ҳали зиммамда, Ота-онам олдидаги бурч. Сездирмайин чексада алам, Йўлларимга нур чироқ ёққан. Ухламаган тунлари онам, Отам мени қийналиб боққан. Кеч кирмайин ботибди, Қуёш ранжибди чоғи. Йиғлагандир. Ортибди, Ойнинг юзида доғи. Мўлтирар умид синиб, Нигоҳи тўла савол. Оғир -оғир хўрсиниб, Оғир ўй сурар хаёл. Оқшом шеър ўқир тинмай, Кўк тебранар бир майин. Мен яна уйқу инмай, Бедор бўлишим тайин… Ўртада ҳижрон ҳакам, Ҳувиллаган бахт боғи. Кел, ахир, соғинчнинг ҳам, Адоғи бор, адоғи. Қувончлар ёғдирсам, ғамни суйдингиз, Кемтикни оғдирсам, камни суйдингиз, Билмайман, ўзи сиз кимни суйдингиз, Менга бир илиқлик туймадингизда, Суймадингиз мени, суймадингизда. Билсангиз, тошдилда унган кўнглим бор, Тирилиб сўнг такрор синган кўнглим бор, Сиз учун ҳар нега кўнган кўнглим бор, Тиғ олиб кўксимни ўймадингизда, Суймадингиз мени, суймадингизда. Тунлари кўзингиз кўкларга тикиб, Бир япроқ тўкилса, минг фиғон чекиб, Саҳарда сабога ҳатто бош эгиб, Мен учун ҳеч ёниб -куймадингизда, Суймадингиз мени, суймадингизда. Оҳ… сизни манзилсиз йўлдайин суйдим, Саҳрода эзилган гулдайин суйдим, Пайғамбарга ошиқ қулдайин суйдим, Нечун сиз ҳеч ёниб куймадингизда, Суймадингиз мени, суймадингизда, Менга ҳеч илиқлик туймадингизда…
2021-03-19
http://nodirabegim.uz/archives/3866
Мен келдим. Ўттиз йил қаридан ошиб, Ўттиз бор заминни қоплади баҳор. Ўттиз бор заминга иситма тошиб, Ўттиз қиш борлиқни қоплаб олди қор. Мен келдим. Тонгдан то кечгача Одамлар қўлида ҳали ҳам кетмон. Чанглари самога ўрлаган кўча Далага мол ҳайдаб кетмоқда ҳамон. Мен келдим. Боболар ўтиб кетибди, Момолар урчуғи ҳамон айланар. Мени таниганлар бир-бир ўтибди, Нотаниш нигоҳлар кўзга жойланар. Мен келдим. Чўкибди уйимнинг қадди, Бир чети қаровсиз, бир чети овлоқ. Менку чопонимга ўрадим қаддим, Ҳар қишда дирдираб чиқади қишлоқ. Мен келдим. Шаҳарлик қизлардан кечиб, Менсиз айтилибди қишлоқда ёр-ёр. Сиз шоир бўласиз деган парининг Энди этак тўла болалари бор. Мен келдим… Деворлар сиқдими, зерикди бироз. Рассом нимадир чизмоқчи бўлди. Сўмкага жойлади бир ўрам қоғоз, Қўлда бўёқ билан шаҳар йўлолди. Баланд биноларнинг қовоғида қор, Ғамгин кафеларнинг эшиклари берк. Шаҳарни бағрига босса ҳам баҳор, Вагонга осилиб кетиб қолган эрк. Рассом тўлғонади юзида ниқоб, Қандай расм чизар журъати билан. У ночор қайтарди қўлларидаги Бўм-бўш кўчаларнинг сурати билан. *** Уч йилда уч дона хат келди ундан, Соғинч тасвирланган уч қоғоз нома. Она қизларини узатаётиб, Ўғлига жўнатди уч таклифнома. Уруш ҳам тугади, тинди суронлар, Ким хафа, ким шодон, кимдир аросат. Ўзи келмагани етмаганидек, Ўғлидан келмади ҳатто қорахат. Почтанинг айбими, ё тирик қолган, Она юрагида яшар бир савол. Урушда боласи изсиз йўқолган, Барча оналарнинг кўнглида завол. Йилларни емирган йилларни кўрдим, Сабр – тирикларнинг ғолибияти. Бир парча умримда англаганим шу, Уруш – оналарнинг мағлубияти! *** Илҳом самосидан тим-тим қуйилиб, Чаманлар шеър бўлар, тоғлар шеър бўлар. Бир шоир оч-наҳор уйдан қувилиб, Шарафлар ер бўлар, шонлар ер бўлар. Туйғуларни қорир сўзларга қўшиб, Умрга айланар ёзилажак шеър. Янги шеърларини ўқийди жўшиб, Мухлисга айланар само билан ер. Ижара… ижара… ижара уйлар, Ғамгин шеърларига бўлади гувоҳ. Орзулар ҳақида тинмасдан куйлар, Дунёдан топгани бир осмон гуноҳ. Қишда юпин юрар, ёз бошпанасиз, Ноширлар босмаган шеърлари билан. ишқий достонларин ёд олар шаксиз, У севган қизлар ўз эрлари билан. Ёлғиз омонатин топширди бир кун, Биров билиб, биров билмай ҳам қолди. Шеърлар вазифаси бўлмасдан якун, Бир шоир дунёдан изсиз йўқолди. Йўқ, йўқ… йўқолмади кўнгиллардаги Шоирнинг шеърлари тилларга кўчди. Билмайман не сабаб хотирадаги Барча гуноҳлари ғубордай ўчди. Саройлар маҳлиё овозасига, Шеърларнинг тикланди шараф ва шони. Баланд кошоналар дарвозасига Ёзилиб қўйилди шоирнинг номи. *** Момоси..и..и Бобоси..и..и Биз бахтиёр яшадик. Совғасини йўқотган Болаларга ўхшадик. Момоси..и..и Бобоси..и..и Дўмбира жилаб ётир. Иккимизга бир бутун Ҳаётни тилаб ётир. Момоси..и..и Бобоси..и..и Соғинтирди боламиз. Тангрига етиб борар Қачон бизнинг ноламиз. Момоси..и..и Бобоси..и..и Келмаяпти Ҳушвақтим. Отни қучиб йиғлайман, Бунча кемтикдир бахтим. Момоси..и..и Бобоси..и..и Вақтим бердим далага. Сабр душманлик қилди, Улгурмадик болага. Момоси..и..и Бобоси..и..и Етдимикан ноламиз. Зов оралаб келаётган Дарё бизнинг боламиз. Момоси..и..и Бобоси..и..и Дунёда ҳам қоламиз. Кўкни тўлдириб учган Қушлар бизнинг боламиз. Момоси..и..и Бобоси..и..и Тушлар бизнинг боламиз. Ҳушвақтимиз келмасдан Қандай қилиб ўламиз. Момоси..и..и Бобоси..и..и *** Момоси, мен Тарлонни Осмонларга беркитдим. Юлдузларнинг қўйнида Кишнаб-кишнаб юрибди. Момоси, мен Тарлонни Армонларга беркитдим. Орзуларнинг бўйнида Нишлаб-нишлаб юрибди. Момоси, мен Тарлонни Музликларга беркитдим. Совуқларнинг бўйида Қишлаб-қишлаб юрибди. Момоси, мен Тарлонни Сўзлигимга беркитдим. Хоинларнинг ўйига Муштлаб-муштлаб юрибди. Момоси, мен Тарлонни Ўзлигимга беркитдим. Ғанимларим бурнини Тишлаб-тишлаб юрибди. Кетиб борар тунда трамвай, Йўловчилар шошар бекатга. Ҳеч кимсадан изн сўрамай, Қамаганман вақтни соатга. Қаҳвахона. Тамаки ҳиди, Маст-аласга қоришиқ олам. Бир бурчакда дунёнинг диди, Ва борлиқни унутган одам. Қаҳвахона устунларига Суянган бу ишқлардан бездим. Тамакининг тутунларига Муҳтожликнинг суратин чиздим. Ўзгармади дунёйи аъмол, Нима ютдим журъатларимдан. Топганим шу бир умр завол, Кўнглим қолган суратларимдан. Қаҳвахона. Рассомлар баҳси, Ким ғолиб, ким мағлуб ўйинда. Суратларда бўртади шаҳси, Дўстларимдан қолган ўринда. Дунёнимас, ҳув, хаёлимнинг Рангларини бирма-бир тиздим. Мусабақа. Мен аёлимнинг Кутаётган кўзларин чиздим. *** Юракни юракка тиркалаб ўтдим, Бир ишқни бир умр эркалаб ўтдим, Дил ёнган гулханга ўт қалаб ўтдим, Ёнгина, ёна-ён, ёнгина, ён-ён. Тобланган ҳанжарни кўксимга тираб, Ўзимга ҳижрону, сенга бахт тилаб, Қара, кўнглим менинг фақат ишқ талаб, Келгина, кела-кел, келгина, кел-кел. Мен қишлоқда туғилганман! Қушдан олганман шаштни, Шамол бўлиб югурганман, «Тўлдириб дала-даштни». Адирлардан ошавериб, Кўчманчи бўлган бобом. Ғамларини ютавериб, Кайвони бўлган момом. Қўй боққанман, от минганман, Ер пойимда айланган. Оғаларим сайлаб, сайлаб, Сулувларга уйланган. Юлдузларни туни билан, Териб чиққан кўзларим. Неча қизнинг юрагида Қолиб кетди сўзларим. Тақдир экан, буни қаранг! Шаҳарда ўтар куним. Шамол бўлиб югурмайман, Ичимга чўкар уним. Уйғонаман, “сут бор” деган, Овоз келар қулоққа. Уф..ф тортаман, шаҳардаман, Кетгим келар қишлоққа. Мен қишлоқда туғилганман! Қушдан олганман шаштни. Шамол бўлиб югурганман, «Тўлдириб дала-даштни».
2021-03-22
http://nodirabegim.uz/archives/3884
Сукунат! Телба сукунат! Телба сукунатга, Қолмади бардош, Маддоҳ дунё мендан, Кечиб борадир. Ортга қадам йўқдир, Ортда қарам йўқ, Умримни ҳар фасл, Ечиб борадир! Кўзим хира тортар, Учар учқунлар, Чирсиллаб узилар, Сабр иплари. Эгилиб боради, Лаҳзама лаҳза, Гуноҳим кўтарган, Иймон кифтлари. Мен хазин қўшиқман, Нолавахш нидо, Жонимни қабариқ, Андуҳлар тилар. Кўнглимда нима бор, Шоҳидсан Худо?! Кўксимда қанотсиз, Бургутлар ухлар. Бир кун учажакман, Беун, бетаъма, Тўшимни қояга, Нақш этмоқ учун. Телба сукунатни, Ҳайқириб, ёриб, Ўзимни, Ўзингга бахш этмоқ учун! У тушида, Куйга айланиб қолганмиш, Ва бир нўноқ машшоқ чалармиш уни. Дарахтларга урилармиш, парча-парча бўлиб, Машшоқ ҳорғин одимлар, жарлик лабида, Тубида вишшиллар илон чаёнлар. Куй қулаб боради, Жисмсиз, Номсиз, Жар тубига тошларга урила-урила. Ҳар бир тошдан бир жаранг, Қўшилар куйга. Ла илаҳаа иллаллоҳ, Ла илаҳаа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расуллуллоҳ! Куй хазинлаша борар, Жарнинг тубига ёйилганича, Ўрала бошлади, Дунёнинг оёқларига. Ҳамма ёқда сукут, Ҳамма ёқ жимлик. Фақат, Тошлар орасига сингиётган куйни, Тингларди борлиқ. Сўнг бир нур, Кесиб ўтди жарлик тубини. Кўкка кўтарилиб кетди, Хазин куй. Лабларини сезди оппоқ тошларнинг, Имконият берилганди нўноқ машшоққа. У тушида куйга айланиб, Қолган эмиш… Кўнгил шаҳид кетди, Ишқ водийсида, Айрилиқ, Интиқлик ўлдирди уни. Оқланмаган ишонч, Бенаф ваъдалар, Хайрсиз қайғулар, Кўнглимда хуни. Жуда ҳам чарчадим, Бари, баридан, Сўниқ нигоҳ билан, Кетаман маҳзун, Кўнгилсиз яшадим, Қанчадир йиллар?! Қотил қисмат турар, Зимдан кулганча, Хазонрез ҳисларга тўлади йўллар. Балки, бари бахтдир?! Севмоқ, айрилмоқ, Қоврилмоқ, Ишқнинг оқ алангасида. Ва ё орзу отли шу тутқун қушни, Умидсиз ўлдирмоқ, Дил қафасида. Балки, шу ҳам бахтдир?! Йиллар ортида, Гўзал ишқ ёдининг изи қолмоғи. Сен учун сўралган дуоларимнинг, Ҳақнинг даргоҳига етиб бормоғи. Унсиз пичирлайман, Тонгдан тонггача, Унга бахт ато эт! Камлик кўрмасин! Кўнглим шаҳид кетган, Ишқ водийсига, Куйган изларимни излаб келмасин. Мен эса, Бахтлиман, Шу кўнгилсиз ҳам… Эски тўндек, Ечиб улоқтирсам! Юракни егувчи, Жаҳл, Ғам, барини. Жоҳил кўзлар, Кўрмай қолар экан, Жаҳл чиққанида, Аёғинг остидан нарини. Жаҳолатда юмилган кўзлар, Наштарга айланиб чаққувчи сўзлар, Оёғинг остини кўрмай қуласанг, Кўксингга уюлган надомат музлар. Зарингга ошино бўлса, Водариғ, Хешу ақрабо-ю, касу нокаслар. Зорингда, Қадрингни ўлчови наҳот, Топталган хаслар. Ҳаёт заҳмин тотиб, Ҳасратга ботиб, Малол келган чоғда, Ҳатто нафаслар. Ёқиб кетгим келар, Барча хотира, Юракда тўнғиган, Барий аламни. Андуҳзорга айланиб, Устимдан кулган, Шайтон уясидай, Тўзғиган, Ғамваш оламни!!! Мени қотилга, Айлантирган-Сен! Мен, Ишқни ўлдирдим. Юракни, Туйғуларни, Бахтни ўлдирдим. Сўнг, Жимгина йиғладим, Тўйиб-тўйиб, Туннинг елкасига бошимни қўйиб. Қотилман-ки, Қурбонларимни, Юрагимни тубига кўмдим. Билармидинг?! Бу қандай оғриқ?! Сассиз ингроқ, Кўз ёшсиз фарёд, Мозорни кўтариб яшаш ғурбатин. Билармидинг?! Тонглар отаверар, Жонимни тўрғайди, Оппоқ оқшомлар. Шундай кечар сенсиз, Қанчалардир йил?! Жимгина яшайди, Ва жим йиғлайди, Ҳеч ким танимаган, Кўнгилсиз қотил! Бахтнинг ёнида туриб, Бахтни соғиндим, Изтиробни қўмсаб, Кўнгилда яшаб, Кўнгилни излаб, Кўнгилни соғиндим. Ҳаммаси бошқача, Ёмғир ва тупроқ, Деразага қадалган жуфт кўз, Соғинилган бахт, Ва кутиб чарчалган кун. Хўрсиниқ, Афсус аралаш орзу, Туйғулар қоришган, Қувилган жимлик. Ҳаммасидан аламлиси, Хаёлга маҳкумлик. Кўзларинг, Нигоҳинг, Ва қимтилган лаблар. Олислашиб борар, Кўзим олдида. Маҳкам қучоқлайман, Телба ғурурни. Чарчайман жуда, Ва тушуниб бўлмас, Мисраларга айланиб, Ёмғирга термулиб, Жим йиғлайман, Дунё, Осуда. Ташқарида эса, Изғийди хаёл, Эски хотиралар, Чангини қоқиб, Ёмғир ёғаяпти майдалаб… Телефонга табрик, СМС келди, Эски сўз, Кўчирилавериб, Бари сийқаси чиққан. Хатоларга тўла, Ғализ, Ношуд, Ҳайф, Топилмалар йўқ, Изтироблар, Узвий сустликни туққан. Эҳ, шунчалар, Ҳиссиз одамлар. Севги изҳор қилар, Шаблондан. Акасини, Отасини, Онасини табриклайди, Шаблондан. Йиғлатади, Юпатади, Ўйнатади, Шаблондан. Боқиманда одамлар, Икки оғзим илинч, Тўкилмайди кўнгилдан. Ўқиганда, Тирилмасдан, Ҳислар ўлар, Бир томчи ёш, Тўкилмайдиям дилдан… Нимадир излайман, Балиқларнинг, Очиқ кўзига қараб, Сўз айтсам, Йиғлаётган гўзал, Парилар қани?! Томирини қурт еб, Чириган дарахт, Суяб турар наҳот, Сўнгги нуқтани. Руҳингни янчийди, Аллоф хаёллар, Булутлар бошидан, Қуюлар олов. Атиргул эканин, Унутган гуллар, Сарғайган баргларин, Қилади ялов. Хаёлларим йиғиб, Ўқийман қайта, СМСнинг таъми, Мазаси қайда? Бир сўқир сўз йиғлар, Телефонимда, Қолган бари сийқа, Қолгани абас. Кўлмакка шўнғиган, Яримта ойдай, Яримта хаёллар, Изтироб эмас. СМС ёзамиз, Робот одамлар, Шаблондан, Охирига имзомиз чекиб, Икки сўз, Қофия, Келтирсак басдир. Илоҳий ўртаниш, Биз учун оғир. Гўзал изтироблар, Бизникимасдир!
2021-03-30
http://nodirabegim.uz/archives/3934
На сен борсан, На ғамзада дил, На дорул Ишқ, на дорул Бақо. Менким, кўнгли умрбод залил, Дардинг қайта ичганим-ичган. Етти олам жам бўлгунча то — Ким руҳимга руҳингни бичган? Ким Лайлига оҳдан берган дарс, Ким Мажнунга қайғудан таълим. Ким жонига яшаб қасдма-қасд, Ким вужудин асраган салим. Кимни асир этган мангу ҳис, Кимни йўқлик қўллари қучган. Ким ўзига келмаган илкис, Ким ўзидан бутунлай кечган? Унинг кўнгли ишқ аҳлига хос, Ғами — телба, ғуссаси — расо. Бир дарвеш бор, Атодан мерос, Қўлларида қақшаган асо. Борми келар йўлингдан белги, Борми кетар йўлингдан бир из. Қайлардасан, сўйла, эй севги, Қайлардасан, сўйла, Ҳавво қиз? Лабларингда қон талашар лаб, Кўзларингда жон талашар кўз. Ва жонингга жонимни хатлаб Қаршинг узра турсам, айт, бесўз, — Қандай тутқун жонимда жонинг, Ким руҳингга руҳимни бичган? Ёлворсамми сен деб, Худонинг Мен ёдидан ўчганим-ўчган. На сен борсан, На ғамзада дил… 1 Қариб бораверар асрим йилма-йил, Милодий муҳаббат, ҳижрий муҳаббат, — Урганчда кун кўрган интизор кўнгил, Бир сени излаган, бир сени, фақат, — Фақат, оғир келган ғамда пишмоқ ҳам, Ўзини ҳар кимга атаб эрта-кеч, Бирдайин қуламоқ, бирдай учмоқ ҳам. Бир шаҳарда яшаб учрашмаслик ҳеч, Бир шаҳарда яшаб айро тушмоқ ҳам. Руҳидан қайғусин айлаб бадарға, Масрурлик қидирган, сўнгра топган ранж Бир йўл кўрсатмаган Ёрга кетарга, Эскирган бўлса ҳам эс кирмас Урганч. Насиб қилолмаган шодлик васлини, Минглаган лаҳзадан ёп-ёлғиз палла. Исмимга қўшмаган Ёрнинг исмини, На Дишон қалъаю, На Ичон қалъа. Мен сени кашф этдим. Йўқ, ундан аввал, Бетоқат кунларнинг сочи оқарди. Умримдан кунларим учди — дарбадар. Энди англаяпман, балки, у маҳал, Ҳисларимни ўқий олмасди шаҳар, Ўғуз лаҳжасида ёмғир ёғарди. Сен унда бедору мен бунда бедор, Сен унда сокинсан ва мен бунда жим. Бу ёлғон умрида бир ҳақиқат бор — Мен сени изладим, мен сени топдим… 2 Ҳузурингга чорла, айни субҳидам, Иккимиз кезайлик бу ерларни то, — Кўнглимга кўнглингдан етти олам жам, Руҳимдан руҳингга йўллар салламно. Кўксингда заррача қолгайми ҳасрат, Ахир кетаверсак ишққа сари биз. Достон қилар эди, бу шаҳар — ҳазрат, Шеърга айланарди юракларимиз. Ҳаётига кириб бамисли офтоб, Қаламидан тўкиб, бир нурни — саҳий. Бизнинг ишқимизга ахир бобма-боб, Бағишлов ёзарди Мунис, Огаҳий. Қисмат бирлаштирган у гўзал дамлар, Қаттиқ бўлажакдир орзуйинг, ахдинг. Қирқ кун шодиёна қилар одамлар, Қирқ кун тантанси тугамас бахтнинг. Бу ёлғон умримда бир ҳақиқат бор — Мен сени изладим, мен сени топдим… * * * Шарифим: Ғамўғли… Борлигим мерос, Жаннатдан бир сакраб тушган Атодан. Ошиқ-маъшуқларнинг қисматига хос, Сен ҳам хатодирсан, мен ҳам хатоман. Ҳаётим: Қоришиқ… Тубсиз хавф-хатар, Руҳимга тегинма — таъқиқ меваси. Яшайман соғинчинг исканжасида. Мунграйман исмингни айтиб ҳар саҳар, Излайман ялдоли кечалар аро, Андуҳинг англами дард лаҳжасида, Кўзларинг — мен билмас, қайғу шеваси. Ўзини тополмас Баҳорлар бу пайт, Ўзини унутар бечора Куз ҳам. Сенга хаёлимни етказарми, айт, Туркона оҳанглар сўйлаган ғуссам. Менга берма, берма мени балоға, Кўксим тўйиб кетар бўлса жонидан. Сенсиз ёлғизликка оғаман, оға, Сенсиз туйғуларнинг саргардониман. Осийман, юрагим бахт истаган кун, Жаннатдан қувилдим… Ишқ — жаннатмаъво. Мени қабул айла, эй дунёю дун, Мени қабул айла, эй Момо Ҳавво. * * * Бродвей. Энг улкан фонус остида, Шошиб борарканман, билдим, шу сафар: Шеър бу — соғинч асли, шеър бу — бир ситам, Узоққа чўзилмас бахтнинг талқини. Оқ-қора суратлар — томошабинлар, Бунда жим кузатар, икки кўзи лўқ. Телба дарахтлар теварагимда Гитара чаларкан эркаланиб, шўх. Ипак ёмғирларга ўранган шаҳар, Ялло айтаётган кўчалар бўйлаб, Сен қайдан билардинг кезмоқ завқини… Сен буни биласан, сен биласан, йўқ… Хаёлинг дўнганда аҳволим ўйлаб — Барча шодликларни йиғиб келасан, Изтироб йўқотар ранггин кўзлардан. Югуриб келасан йўлкалар бўйлаб, Метролардан шошиб чиқиб келасан, Тушиб келасан ҳув автобуслардан. Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди, Бирма-бир оҳиста кафтлар қовушар, Бирма-бир оҳиста лаблар қовушар, Бирма-бир оҳиста тафтлар қовушар… Жим юрсанг, бу бахтмас, хато бўлади, Сен гапир. Бу вақтда шодлик болалаб. Қўлинга тегмоқ-чун фидо бўлади, Ўзини бандидан кесган лолалар. Мен шеърлар ўқийман ёнингда масрур: “Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди… Бағримда уйғонар сочларинг… Бағримда уйғонар… Бағримда…” Гўзал қайғуларда англанган шаҳар Оралаб кўзимдан ёш олиб кетдинг. Озод қушча эдинг, мангу дарбадар — Кўнгил олиб кетдинг, бош олиб кетдинг. Шарафим осийлик, Бор гуноҳим — ишқ, Жазойим — ғариблик, қатлим — ҳар кунлик. Сенга муборакдир биридан кечиб, Бошқа бир осмонга гўзал тутқунлик. На Куз дош беролди, На чидам Баҳор, Бағрим яралади гулдурак, чақин. Сен яхши билардинг — мен абадий хор, Сен яхши билардинг — қиёмат яқин. Дардману, дарддан ҳам ортиқроқ бўлдим, Буюк ҳасратингни яшириб келдинг. Арш остонасида бир тупроқ бўлдим — Сен эса пойимга бош уриб келдинг. * * * Ёмғирлар ёғади сен бор шаҳарга, Ёриқлардан бир-бир сакраб ўтар тун. Умрингни тилайсан дақиқаларга, Умринг — талошми, айт, қисмат — талотум? Мен эса умрингда оний йилдирим, Гумбурлаб-сумбурлаб, чақнаб ўтарман. Бору йўқ ишқимни сенга билдириб, Фақат англамоғинг хоҳлаб ўтарман. Ёмғирлар ёғади сен бор шаҳарга, — Иккимиз борамиз ёмғирларга дўст. Севгилим, бариси рўё, ичикма, Жоним, унутилар бари саҳарда. Ёмғирга қўшилиб майдаланар сўз: “Ижара уйингга, боргин, кечикма…” Панага гизланиб жон сақлайди, жон, Елкаси ивиган минглаб ҳаловат. Одамлар ўзини урар бекатга, Сен эса, кетмайсан, сен эса фақат, Кўкка қўндирасан мовий кўзингни, — Ва кўзимга боқиб тўймайсан менинг. Заминга оқликни тиланар осмон, Ёмғирлар тинмайди, томчилар минг-минг, Йиғиб ололмайман фақат ўзимни, Ёмғирлар ёғади сен бор шаҳарга… Сесканиб қўяди муштоқ бағирлар, Ёмғирлар мавсуми… Январ, феврал, март. Ахир, сен билмайсан, балки ёмғирлар — Кўчада унутиб қолдирилган дард. Ёмғир — бахт. Бахт бизнинг яноқдан ўпди, Ёмғирпўш остида қийналмас жонинг. Сен бор шаҳарларнинг ёмғири кўпми, Ёмғирлари кўпми сен бор дунёнинг? * * * Бу шаҳарнинг мунис кечаларида, Минг қисмат ёзиғи бўлар экан ҳал, — Изғирин изғиган кўчаларида, Бир бор Куз истадим, баҳордан аввал… Феврал охирламай ўрик гуллари, Аёзда қалтирар бетиним дир-дир. Қорлар ёғаётир ва ёғган сари, Баҳор олислашар бизлардан, ахир. Таққа тўхтайману, дейман шу ерда: Масрурлик бормисан, омонмисан-ай. Мен сенинг исмингни куйладим шеърда, Дардим чалсин рубоб, соғинчимни най, — Бахтимни куйлаган дутордан аввал. Совуқ деразага босганча юзим, Ўйлайман. Ёнимда совиган қаҳва. Ўргатарди тирик қолиш сирларин, Ишхона. Мендан талант излаган оға, Бир даста қоғоздек ўз ташвишларин, Уйидан кўчага, кўчадан уйга, Ташиётган одам — бу мен, ҳа, ўзим. Бир маҳал қўнғироқ қилади онам: — Ўғлим, яхшимисан, сиз тараф совуқ. Қалин кийиндингми, ҳавотирдаман. Суратингни кўрдим. Оҳиста кулди. — Келиним тўлишган, кўз тегмасин, кўз. Дейман: — У овқатни ейди завқ билан, Шунга кам еса ҳам дарров бўлар юқ. Ҳазиллашар: — Бизни емаса бўлди, Тўйингдан олдинроқ, ёр-ёрдан аввал. Тўкилиб кетмадим бу қиш ҳам, шукр. Юрагим гуноҳи, кўксимнинг айби, — Ишқ учун ўтларга кирдим ҳар маҳал. Сени ўйлаяпман, ҳа, айни ҳозир, Кўзингга боқсайдим, қўлинг тутсайдим, — Сени учратсайдим, бу қордан аввал. Сени учратсайдим бу қордан аввал…
2021-04-16
http://nodirabegim.uz/archives/3957
Олов ёқилади, Чой ҳам қайнайди. Ва кенг ёзиғлиқ оппоқ дастурхон. Хурмо доналари стол устида, келтириб қўйилган икки бўлак нон. Тун ухламаган! Қия очилган дераза орти- сокин ҳилпирайди дарпарда Дунё сармаст Ҳақнинг пойида, тебраниб қироат қилади шаббода… Кўкда nasheed куйлар ҳижобланган ой, Шабнамдан таҳорат олади майса Тун бўйи уҳламай ялангоёқда, Жаннат кўчасини кезиб келар тонг. Рамазон айтади қушчалар, Сукунат ўқийди энг гўзал сура. Тингланг! Нурга чўмилган Сомоннинг йўли- Малаклар тизилиб тушар маъсумааааа… Ҳовлини қучоқлар мушк-анбар иси гуллар уялади гул эканидан. Бунда тушларида жаннатни кўриб, бир мунис, бир гўзал, бир нурли, (ёлғиз) саҳарлик қилади битта муслима. Қаршисида Худо жилмайиииб турар… *** Ой ёр-ёрларни айтиб чиқади, Осмон гумбазига туташ хотира. Юлдузлар кўзида ёнар муҳаббат, Сиз менинг кўзимдан кетмайсиз сира. Қоронғулик ютар хаёлларимни, Савол бўлиб ёғар шивир ёмғирлар. Фақат сиз ўртаган митти юракни, Тим қора булутлар баттар ғижимлар. Билмадим, ҳалиям надир қисматим Тақдирнинг тошлари бошимни ёрар. Шаъбон ёмғирида ювилсин дилим, Чанг босган туйғулар зора тозалар. Сизни ўйламоқлик энг оғир хато Сизни унутмоқлиқ энг оғир гуноҳ. Сиз канизакларини кўнглини ҳушлаб, Ўзин маликасин севолмаган шох. Осмоним ҳайқиргин йиғланг булутлар Бир ҳайқириқ бўлиб тўлгин дилимга. Момқалдироққа айлангин севгим, Гумбурла эшитил етти иқлимга. Бечора дилимга энди юпанч йўқ, Синмаган чидамни соғинч букади. Ҳали замон яна кўнглим ёритиб, Оймомо ёр-ёрни айтиб чиқади. Сочимни тарайди гул тақар шамол, Фаришталар кулар энг гўзал ўлан. Юлдузлар гувоҳлик беради шу кеч, Сирли туйғуларга никоҳланаман. *** Дод дедим, шу кеча дод дедим Тушунинг одамизот дедим, Исёнкор шамоллар элчидек У энди ҳижрондан шод деди! Аввалим…… охирим, охирим, Кўксимга муҳаббат ўқларин, Бехато қадаган моҳирим. Бу дардлар ичинда тентисам, Сен излаб, сенсизлик фарёд дедим. Юрсаму, йўллардан гул унса. Мен боқсам кўзларинг нур бўлса, Ва сенга элтувчи йўл бўлса, Худо деб Ўзига ёлворсам Бахтларга тўлсайди хотирим. Аввалим… охирим охирим… Кўкламлар кўз очар кўнглимда Бодомзор очади ишқ сирин Кўксимда шеър ҳиди гупиллар. Ичимда яшаган шоирим… Юз бошли айрилиқ келётир, баринга «ўлиииим»деб бақирдим! Қанчалар кучлисан соғинчдан шарт тортиб олсангчи ботирим… Дод дедим, шу кеча дод дедим. Тушунар одами зот дедим. Тушимга кирасан жилмайиб, Мен сени… Умрбод… Умрбод… Умрбод дедим… *** Жимлиги бузилган ҳаво Нафас етишмайди, Ишонч қулади Алвидо деёлган тилинг қотилдир, Кўксимда бир қабр номсиз, қазилар. Ҳур бўлиб бокира, туйғу ўлади. Хўрсиниб қўяди кекса мажнунтол, Бу йўллар ҳеч бири сенга элтмайди, чақирсам шу тоғлар уйғонганида, Исмингни айтмоққа овоз етмайди. Исёнга ундайди, бўғзимдаги ишқ, ютсам мангу уйқу кетаман бадар. кейин ўша эртакдагидек, шаҳзодам хаётга қайтар. Яшаб кетай! Мен қайга юзимни бурсам ҳам Ўзингни кўряпман, ўзимдан кетиб Бир кема узоқлар ичимда, Қирғоқда менсизлик турибди кутиб. Субҳни хўплаган тонг отар, Сой кўзгу тутади қуёшга. Ҳижронинг гул очмиш етти ранг, Сочларинг ивитиб кўзёшга. Нур томчи, ҳур томчи, дур томчи, Ёғади севгимиз йиғлашиб, Висолнинг бармоғи юзингда, тушади сирғалиб, сирғалиб. Сен силтаб ташлайсан, биламан. Сочингни, юзингни артибон! Азизим, кўзингда ёдимни, Бировлар кўрмасин артиб ол! Қирғоқда менсизлик, Бир кема узоқлар ичимда… *** Кўзингиз шотутдек тўкилган умид Юзимга урилди бир ховуч нигоҳ Шамоллар бошига солиб ёпинчиғ Менинг қисматимни куйлар тийрамоҳ! Сиз бу тун ненидур ўйлайсиз жимиб Руҳимни бўғизлаб борар сукунат, Лаҳзалик висолнинг бармоқларидан Тўкилиб боряпти ишқим-омонат. Минг йиллар қаридан шошдим бахт бўлиб Ҳовлиқиб, талпиниб, туртиниб учдим, Ҳориб қўним топган шеър столингизда Учиб кетмоқликка етмади кучим. *** Сендан олисларда Ёмғирга боқиб, Тингламоқ бўламан Томчилар куйини. Ёмғир ҳам ненидир уқтирмоқчидай Эзилиб ёғади тинмай кун бўйи. Бепарво бўлмоққа тиришиб яна Ишга ошиқаман: “бўлма савдойи”. …Мендан олисларда Қайноқ ҳаётда Сен-да ёмғирга боқиб Ўйга олар экансан нени? Минг-минглаб ташвишу ишингдан ортиб Сезармикансан эзгин ёмғирни?.. Сен жимсан… Мен жимман… Фақат ёмғир Куйиниб “сўзлайди” Эски севгини… *** Жудаям олисда, тонглари оппоқ, Бўлган осмонларда яшар у йигит. Мени-чи дилимда поёнсиз қийноқ Кўзига ёш олар кўнгли ғаш булут. Сен эсламайсан, йўқ бирор сабаб, Мен эса соғиниб яшайман ҳар кун. Кўнгилсизим, яшайсан кўнглингга қараб, Сен фақат ўзингни севганинг учун. Бизда араз, кимлар қилар тантана, Бу ёғи не бўлар бизга номаълум, Тан олгинг келмаган ўша гап яна, Сен севгисиз, мен сенсиз яшашга маҳкум!
2021-04-17
http://nodirabegim.uz/archives/3963
Мендан кеч, азизам, мендан кеч, Қалбимиз бўлсада таносиб. Мен сени севаман телбадек Лек сира эмасман муносиб. Билмайсан, кимлигим, о, дилдор, Ёзиғи ўқилмас битикман. Севгингга арзимам, мен — ғаддор, Қўл силтаб кетавер… энтикма(!) Сен ахир бокира, мен эса… Шайтонга қўл тутган малайман. Гар иблис бир авраб “суф“ деса, Виждоним ит каби талайман. Осийман, осийман, осийман… Юким бор елкамга ёпишган. Йўқ энди ёнингга йўлатма, Азалдан тенг-тенгин топишган. Кеч мендан…. Қиш бизнинг севгига бўлганди доя, Фалакда бор эди, на юлдуз, на ой. Фасллар бахтимга солганда соя, Қиш бизга бағридан ажратарди жой. Одамлар ўт ёқиб қиш палласида, Жон сақлаб чиқишса қиш-ла олишиб. Аёзнинг қаҳратон қоқ чилласида Бизлар ёнар эдик ишққа қоришиб. Яшардик кундан кун висолга ташна, Севгига фараҳли изҳорлар айтиб. Ногаҳон кетди қиш бизларни ташлаб, Бир неча йил аро келмади қайтиб. Гўё устимиздан куларди йиллар, Биз қишни кутардик ҳар йил интизор. Соғиниб чарчади ўксиган диллар, Қиш йўқлаб келмади бизларни бир бор. Бу йиллар ортида йиғдик қанча ғам, Бизнинг севгимизга кўз тегди чоғи. Сени тортиб олди яратган эгам, Хазонга айланди муҳаббат боғи… Сени қорсизликдан излаб чарчадим, Тўкилиб бормоқда вужудим бир-бир. Наҳот энди бизнинг севгимиз — қадим, Ўтинаман, жоним, тушларимга кир..! Апрель… Ва ниҳоят… тушимга кирдинг! Сени соғингандим жуда интизор… Ўйғониб далага боқдим: Ё Оллоҳ… «Ташқарида қордир… ташқарида қор.»* *** Шамоллар ўйнаган тупроқ зарраси Ёки ёниб битган дарахт кулиман. Қадамим етган жой — гуноҳ дараси Иблисдан ранг олган зулмат қулиман. Ҳеч бўйин эгмадим кўнгил амрига, Гарчи қалбим ақл ўргатгани рост. Гоҳи қўл силтадим баъри-барига Кўксимда вулқондек тўлғонар қасос. Оёқ боссам майса тикондек ботар, Бўғзимга тиқилар олган нафасим. Тунлари қўйнимда илонлар ётар Қўрқувдан ҳайқирсам, чиқмайди сасим. Қуёш нелигини унутиб қўйдим Тирикжон ачинмас менинг қадримга. Онамнинг бағрига армонлар уйдим Дунёга келтириб қолди жабримга. Падарим қадрини туйдим жуда кеч, Таскин бераолмас менга ҳеч мужда. Фарзандлик бурчимни оқламадим ҳеч, Отам ҳалигача юрар хорижда. Ҳаётдан топганим фақат пушаймон, Фарзимнинг ҳеч бирин этмадим адо. Доим шайтон айтган юмушга шайман, Менинг яшамоққа ҳаққим йўқ, Худо! Тақдир найрангларин бир бор кўрмайин, Қабримга кириб жим ётгим келяпти. Бир куни абадий ботмоғим тайин, Бир бора ТОНГ бўлиб отгим келяпти. *** Умримни харжладим қилмасдан сажда, Бир куни келади муқаррар ҳашр* Не дейман, гуноҳим миллион теражда, Қиёмат кунида қилинса нашр. Барча қилмишимни ўқир бирма-бир, Бунда босиб ўтдим, мен не-не довон. Савоб ишларимга берару ажир, Аммо… гуноҳимга тўлайман товон. Барча гуноҳимга тўлайман товон… Афсуслар ашкимни ичар ютоқиб, Кўксимда улғайди, кар, басир пушмон. Сирот оёғимни куйдирар, ёқиб Учолмам… паноҳсиз, қанотсиз қушман. * * * Висол оғушига талпиниб ҳар кун, Йўлнинг қоматини эгиблар қўйдим. Юракка санчилган муҳаббат аро, Тентираб ўзимни телбага йўйдим. Ким кўрса қилади қўлларин бигиз: У-телба, у-мажнун, ақли ноқис, кам. Бахт-орзу, аслида мен ғамга эгиз, Дардим тинглаб хуноб бўлдику ой ҳам. Айтинг ким билади, кўнгил шевасин? Кимлар ўз қалбига бўлолган қози? Билганимда эди, балки ишқ мендан, Мен ишқдан, эҳтимол, бўлардик рози?! Армон тўлдиражак менинг камимни, Ҳижрон дардларимга ҳамдарддир гўё, Муштдек қалб орқалаб олган ғамимни, Кўтара олмайди баҳайбат дунё!
2021-04-18
http://nodirabegim.uz/archives/3968
Азизим! Тугамаган жанглар ҳали ҳам, Жанглар давом этмоқда ҳамон. Дахшатлидир улар янаям, Бу жангларда ўляпти виждон. Бу жангларда гина ва араз Борган сари авж олаётир. Бу жангларда қанча ҳақпараст, Икки пулга сотилаётир. Бу жангларда кимдир оридан, Ким номусдан ажралаётир. Бу жангларда номардлар бисёр, Бу жангларда кўп эмас ботир. Аммо булар майда йўқотиш, Муҳим эмас ҳатто у қадар. Жангда оёқ- қўлидан ажраб Қайтиб келган қанча жангчилар. Аммо бирор жанггоҳда ҳали, Юрагидан ўқ еса агар Енгиб бундай оғриқ маҳалин Қайтган эмас бирорта аскар. Майли, Айрил шодликларингдан! Айрилгандай оёқ – қўлингдан. Сира кетмам сенинг ёнингдан. Эҳтиёт бўл фақат дилингдан, Юрагингни йўқотишингдан, Ё юракка ўқ отишингдан, Худойимнинг ўзи асрасин! Фақат кўнглинг яраланмасин. (Қолганига Ҳақ берар тўзим) Сен қалбингни йўқотма фақат, Юрагингни асра, азизим! *** Қадамлари оғир мардларми тоғлар? Кўксимдаги майда дардларми тоғлар? Ёхуд киприкдаги гардларми тоғлар? Тоғлар кўҳна эрур, саволлар кўҳна, Тоғлар ёнига бор, ёнимга қайтма. Тил биларлар кўпдир, дил билар қайда? Чол-кампир яшаган кулбалар қайда? Мендайин, мендайин телбалар қайда? Кулбалар кўҳнадир, телбалар кўҳна, Соғлар ёнига бор, ёнимга қайтма. Мендан минг йил аввал туғилган дардлар, Ҳиссизлар қалбидан қувилган дардлар, Қабрман. Ичимга кўмилган дардлар Дил қадар кўҳнадир, ишқ қадар кўҳна, Бахтлар конига бор, ёнимга қайтма. Номарднинг тилида мунғайган сўзлар, Китоблар қатида сарғайган сўзлар, Жимликдан, жимликдан улғайган сўзлар, Нақадар кўҳнадир, нақадар кўҳна, Гар ишқдан сўзласанг ёнимга қайтма. Жим бўлгин! Жим бўлгин! Севдим деб айтма! *** Боғ енгидан тортиб қўйди куз, Дарахтларга тушди ҳаяжон. Сариқ япроқ ерга қўйди юз, Ўз юртида берган каби жон. Пишганини англади олма, Шохдан аста узилиб тушди. Гул япроғи — кўкдаги кема, Ерга секин сузилиб тушди. Пишиб шира олган қовунлар, Дум уздилар тунда пинҳона. Кулча нонлар узилди ногоҳ, Пишганини қилиб баҳона. Мен ҳам кузни интиқ кутгандим, Умидларим кўп эди ундан. Юрагимни кузга тутгандим, Узмоқчийдим кўнглимни сендан. Лекин сендан дил узолмадим, Билдим, йўлим айро тушмаган. Сабабини ҳеч билолмадим, Балки менинг дилим пишмаган. *** Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин, Сиз эса кўзёшин артингиз фақат. Аёл кўзёш тўкиб турган чоғларда, Энг буюк ишларга топади қудрат. Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин, Ахир кўзёшларда қанча ҳаё бор. Аёли йиғлашни билмаган элнинг Ори йўқ, миллатман дегани бекор. Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин, Кўзёш тўка билган аёллар – ботир. Аёллари орсиз бўлган миллатда Ори баланд эрлар ўсмайди, ахир. Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин, Ожизлиги ҳусн қўшсин ҳуснига. Дийдаси қотмасин, қалби қотмасин, Суяниб бош қўйсин ёрин кўксига. Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин, Ва лекин ич-ичдан чекмасин фарёд. Аёл йўқотмасин нафосат ҳиссин Аёл аёл бўлиб қолсин умрбод. *** Уйғонди-ю шошилди ишга, Китоб тўла сумкасин судраб. Сўнг бахт ҳақда сўзлади аста, Бахти тўкис одамга ўхшаб. Кезди синф хонасин мағрур: “Ўтказмангиз умрингиз бекор. О, мазмунга тўла умримиз”. Доскаларни тўлдирди шиор. Ҳамма ёзди: Умр бу – ҳикмат! У ўқиди бари барини. Яхшиямки ўқувчилари Сезмадилар йиғлаганини. Ишдан қайтди. Ўйлаб қолди сўнг, Ҳаётининг мазмуни ҳақда. Тополмади. Аста отди тонг. Ва ҳаммаси бошланди қайта. Оғриб қолдим. Ғамларим, дардим, Шодликларим – ҳаммаси бетоб. Ёстиғимнинг остида ғамгин Иситмалаб ётибди китоб. Оғриб қолдим. Оғриди чунон Орзуларим, бахтларим бари. Тушларимга кирди ўша он, Қишлоғимнинг мусичалари. Оғриб қолдим. Ёндим гўёки, Дардга даво муҳаббат дерлар. Шу тун оғриб чиқди ҳаттоки, Муҳаббатдан яралган шеърлар. Оғриб қолдим. Ҳоридим қаттиқ, Оловланиб боряпман мана. Тугунингга солиб исириқ, Йўлга чиққин муштипар она. Оғриб қолдим. Онажон, шошил, Унутмагин дардга дармонни. Қучиб ётсам шифо топаман, Отам кийиб юрган чопонни. Алдайвергин, мен ишонаман, Қасам ичма осмон, ер билан. Кўнглим топмоқ жудаям осон, Алдаш мумкин битта шеър билан. Мен алдансам ҳеч нарса эмас, Бир шеър ёзсам ўтиб кетади. Бир чиқади жаҳлим қуёшдай, Сўнг қуёшдай ботиб кетади. Қайтаман де, мен ишонаман, Ортиқча сўз айтиб нетасан. Гар алдагинг келса қаттиқроқ, Бир мисра шеър ёзиб кетасан. Из ҳам қолмас гуноҳларингдан, Юрагимга ботиб кетади. Сўнг жилмайиб яшайвераман, Бир шеър ёзсам ўтиб кетади. Мени алда, бошқани эмас, Ёлғонларнинг барин менга бер! Хиёнатни енголмас ўзга, Ахир улар ёзмайди-ку шеър. Мен алдансам ҳеч нарса эмас, Бир шеър ёзсам ўтиб кетади… *** Сени кечирганман сўзимнинг рости, Ўзингни айблашдан тўхта, азизим. Сени тушунганман, сўзимнинг рости, Йиғлай-йиғлай охир кечирган кўзим. Сени кечирганман сўзимнинг рости, Бошингни хам қилма гар мени кўрсанг. Дунёда энг буюк қайғу бу асли Ўзингнинг ғамингни ўзинг еб юрсанг. Сенга айб қўймоққа сира ҳаққим йўқ, Сенга ачинаман, раҳмим келади. Суянмоққа ўзидан ўзга дўсти йўқ, Бўлганларни қандай айблаб бўлади. Сени кечирганман сўзимнинг рости, Ичингда бор ахир олам алами. Фақат ўзин севиб яшайди чунки Дунёнинг энг ёлғиз, бахтсиз одами.
2020-12-11
http://nodirabegim.uz/archives/3276
Оғир портфел кўтарган бола, Истакларга босилган қамчи. Булутларга қадалган кўзим, Япроқларни ўпган илк томчи. Завқланиш ва ел ўпган сочлар, Ёмғирпўшсиз қолиб кетган қиз… Сукунатга очиб қулочлар, Ва ҳайқириб айтилмаган сўз. …Тееез орада ўзгарган дунё, Қўлсоатдан ўзиб кетган вақт. Нигоҳлари сустлашган, гўё Хасталикка чалинган дарахт Сув ҳам чиқмай қўйган булоқларимдан, Олисда жимгина гуллайди даштлар. Сукунат пичирлар қулоқларимга, Қувончли лаҳзалар сўрайди дастхат. Кўзёшлар буғланар, йиғлайман қандай? Бегона ҳодиса бўлмоқда содир. Бир кекса ўлимтик тахлаб қўйгандай, Дунё ҳам недандир олар ҳавотир. Ҳар жисм ўшқирар мендан ташқари, Ҳайқирар жимликнинг ғорчаларидан. Узоқ-узоқларга — ёғдулар сари Боқаман зулматнинг дарчаларидан… Нотаниш ҳислардан сесканади дил, Ўйларим йўқликка ташлайди қадам. Бошқача эмасми, бир тасаввур қил — Зулматдан ёруғлик излаган одам?! Куни кеча кўрдим, кузатдим, Бир ит ҳурди сенга термулиб… Йироқман, азизам, мен сени Ҳилолга ўхшатмоқ феълидан. Аммо бир ҳодиса зарра йўл қўймас, Фикрдан қайтишга ундар бир фурсат — Тунда ойга қараб ҳуриб чиққан ит, Тонгда сени кўриб ҳириллаб турса… Чироқни ўчирдим, Зулмат пайдо қилдим хонамда. Бошига ўт чақдим сигаретанинг: дудланди хотира, дудланди китоблар, дудланди ўпкам. Пуфладим, шакли пайдо бўлди ажалнинг… Ҳаммадан эртароқ уйғониб қўйдим, Кўзларин ишқалаб ётганда тонглар. Ёзларда совқотиб, қишларда куйдим, Балки хато қилдим ҳаётни англаб. Қайси одам боғни хушламас, дейсиз, Ҳеч киргим келмайди заъфарон боққа. Ғамгин чинорларга термулиб ўйсиз, Ҳар кун деразадан боққаним боққан… Бахтиёр оламда юрмасман мулзам, Истиқомат қилиб дарвешлар каби. Кўнглимда дунёни кўтарган бўлсам, Нега оғир ботар бир қизнинг гапи?! Сочалоқ қилишар кўнгил мулкимни, Энг тоза ҳисларни ўртага суриб… Мўйсафид дардини чекиш мумкинми, Ҳали йигирмага кирмасдан туриб?!
2020-11-14
http://nodirabegim.uz/archives/3284
Бир даста гул терди тонгда саралаб, Йўл солди сўнг соғинч, азоб оралаб. Гулзорда қолганди жони тўкилиб, Бир қирга тирмашди толиб, эгилиб. Ортидан судралиб келарди умри, Пойига ёмғирдай ёғарди кўнгли… Ҳаёт, кўзларингни этиб тур пана… Ўғлининг қабрига гул қўяр она. *** Боботоғнинг бошига қор тушди, ота, Ака, дарахтларнинг елкаси бўм-бўш. Одамнинг бир марта ўлиши хато, Ажал кўкрагимда ҳайдаб юрар қўш. Қачондир умримиз жилғалар эди Осмонга ҳайқирган дарё бошланди. Ҳаловат топмайман қайгача энди, Қулфланган сандиқда нима ташланди. Соғинчлар кўзимда тўлғонган ҳумо, Суягимни ёриб чиқади тишдай. Яшайман – ўлчовим муҳаббат, аммо Оғир юмушим йўқ ҳаво ютишдай. Дундан ичкарида, дундан эшикда Йиғлаш фаросатин ҳаммага берсин. Олам оқиб борар улкан қўшиқда Мен жимжит турибман, Худо кечирсин. Кеча – мўлжалимдан ортиб қолган йўл, Бугун – маромига етмаган фурсат. Менинг елкамда ҳам бўм-бўш турган қўл Ичда сўнгсиз ёққан қорлар бор фақат. *** Сени бир кун соғинаман, дўст, Ундан кейин… вақтнинг ҳасрати. Тушуниб ол, кўзёшдаги тус – Жараёнга ичимнинг хати. Осмондаги ой – олтин лаган, Тўртта фасл – борлиққа савол. Бу ёқларда адашиб қолган Одамларга суриниб шамол. Эртак кутган кўнгиллир учун Тиллар сўзга қобарди анча. Кўзларини юмиб турди тун, Ёғиб ўтди ёмғирлар қанча. Ўлимгача ҳаммаси осон, Ўлимгача ҳаммаси қийин. Бизга ёзар қандай дастурхон У ёқда тонг отгандан кейин. *** Баҳорини қиш урган дунё, Ёзларида қуёши йўқ кўк. Кўргазганинг бор-йўғи савдо Тушай десам тегирмонинг йўқ. Кўзларимга тикилган чодир Ўн беш кунда ой алмашмайди. Ҳамма нарса содир бўлар, бир Осмон билан ер туташмайди. Aнглаганим сиғмас баҳога, Камалакнинг Рангидай Қадим- Юнусбалиқ чўккан дарёга Юрагимни отиб юбордим. Елкасига ҳаволар ботган, Илдизига ўсган садаман – Тўрт томони ҳувиллаётган Одам отлиғ вайронадаман. Шомда гуллар гулхан ёқади, Ер айланар бўғини бўшаб. Томиримда оғриқ оқади Исрофилнинг сурига ўхшаб. *** Йўлсиз кетаверсанг бир йўл ахтариб, Бисмилло гулласа сўнгакларингда. Дунёни кўрмасанг киприк кўтариб, Бир У айланса бош чаноқларингда. Дарддан ортиқ бўлса кўкайингдаги, Эгнингдаги фақат тақдир бўлмаса. Қўлни қаритмаса ташвиш кундаги, Ичингдаги бирор азоб ўлмаса. Кунлар тортқиласа салом билмаган, Бир «оҳ»ча ҳам сиринг чиқмаса тандан. Қор, ёмғир, қиров деб ном қўйилмаган Ҳодисалар ёғса осмон томондан. Шундай тенгсиз борсанг бораринггача, Нигоҳидан бошқа ҳеч не сезмасанг. Жонинг азроилни топар онгача Яшасанг, яшасанг, сўнгсиз яшасанг. *** Судраламан, елкамда тоғ бор, Aмаллайман бўғзимда жонни. Кўзларимда алдамчи кибор, Тўйинаман ушатмай нонни. Ерга боқиб кўкни кўраман, Кўкка боқиб ерни кўраман. Шу милёнлаб одам ичидан Шоли, арпа, оқбош ўраман. Дунё азал ёлғонни севар, Дунё азал зарларга ошиқ. Тақдир нима, эй буюк чевар?! Шеър ёзаман – қўлда тол қошиқ. *** Кетгинг келганида кета олсанг шахд, Йиғлагинг келганда йиғлолсанг тўйиб. Одам – тақдирига экилган дарахт, Фасллар ўтади муҳрини қўйиб. Ерда юрганларнинг ҳаммаси собир, Ўтиб келаяпти кўнглини қуршаб. Елкасидан тонглар учади бир-бир Дарахтларга қўнган қушларга ўхшаб. *** Барибир, нимадир кам, барибир, надир кам, Тўкис бўлолмайди аввал, на охир. Кўзларимни юмиб, уфққа тикилсам, Бунда ҳеч нарса йўқ ҳаводан оғир. Шомнинг сукутида кафтларим зада, Жоним келаяпти кўзимга тўлиб. Ҳаммаси ўзгарди, энди оловда Кўнглим ўйнаяпти капалак бўлиб. Қаерда тўхтайди ёлғоннинг запти, Оғримай яшашга яна нима шарт? Ҳозир тўлаётган ойда юрибди Ернинг юрагидан оёқлаган дард. Бугун кўчаларга қараб ўйлайман, Қачон баҳор эди, қачон куз эди. Дунё айбламасин, эртак билмайман, Мурод — лабингдаги битта сўз эди. Борлиқ ўсаверсин бўйи-энига, Оқ-қора кунларга, мана, кўксим — ринг. Фақат… бўйларингни соғинсам, нега Чўкиб борар сенинг ҳар баҳор қабринг?
2020-11-29
http://nodirabegim.uz/archives/3357
* * * Ватан, менинг юрак ипларим Билиб бўлмас самовий қудрат, Самовий бир ишонч туфайли Юрагингга боғланган фақат. Яшаяпман оромдан кечиб, Лаҳзаларни рангга бўяб ман. Бедор тунлар фараҳин ичиб, Суратингни чизгайман, Ватан. Куйларимга эш бўлиб сиймонг, Дил тубидан чиқар отилиб. Ҳар сатримдан кулиб тургай тонг, Юртим, юрсам сенга топиниб. Фахри баланд, меҳри туганмас Бағрингда бир митти инсонман. Тупроғингда улғайдимми, бас, Мен ҳам битта Ўзбекистонман! Англаб қолдим, бураб чизилган роҳим, Бир кун мусаввирни тутади оҳим, Аммо сен тоқатлар қил деган, илм, Мени шу тоқатдан айирма энди. Дилга дарзлар тушди ўйласам элим, Бир кун ўз қаддини тикларми тилим? Эй, сен, эй, қаноат қил деган илм, Мени қаноатдан айирма энди. Атрофларга боқдим эл бўлар деб ким, Меҳрибон кўрмадим, зил кетди кўнглим. Шунда нажот берган – юпатган илм, Мени шу нажотдан айирма энди. Аста-аста ишга ўрганди қўлим, Ҳаром-ҳаришлардан покладим жисмим. Менга ҳаёт берган – яшатган, илм, Мени шу ҳаётдан айирма энди. Бир кун борлигини билдириб руҳим, Деди: эрк, озодлик менинг ҳуқуқим. Руҳимга қанот бахш айлаган, илм, Мени шу қанотдан айирма энди. Энди ҳар тонг эрта бошлайман куним, Толиблик қиламан, нурланар кўнглим. Толибликни одат қил деган, илм, Мени шу одатдан айирма энди. Бир кун кўрсатар-ку ўзимни комим, Мен йўлга тушганман, етмоқ илинжим, Сафар – саодатнинг дарғаси, илм, Мени саодатдан айирма энди. Қимтиниб, энтикиб Сиздан оқ йўл сўраётирман. Мен оғир бир йўлни кўраётирман. Бу йўл Тошкентгами, Московгами Элтгувчи йўллардек Фориғ этилмаган Хавотирлардан. Йўқса этармидим сизни безовта. Оёқларим собит турарлар, Қўлларим бардош-ла беллаша олар, Тилларим ағёр-ла тиллаша олар. Тилим сизники-ку, Сўзларни беҳуда сўзламас улар, Кўзларим сизники, Қамашмас, юмилмас, йиғламас улар. Нечун титраяпсиз, Туйдингизми айрилиқ ҳидин? Қайғурманг! «Шукр!» – денг, «Шукр!» – денг, она Беш йил тақиллатдим мен бу эшикни. Улар шундай яшашар иноқ, Бир-бирларин қилишмас хафа. Гоҳида тонг, онажоним гоҳ Эрта турар ҳар гал, ҳар дафъа. Онам турса алқаб ҳар туннинг Этагини кўзга суртади. Сўнг меҳрибон нигоҳи билан Дугонаси – тонгни туртади. Тонг уйғонар ва ҳар галгидек Хижолати бир лаҳза ортар, Сўнгра эрка қизалоқ каби Ўзин онам кўксига отар. Кун бошланар шундайин фараҳ – Меҳрибонлик, эркалик ила. Юмушга йўл оларлар икков Бир-бирига шодмонлик тилаб… Тонг уйғонса, деразамиздан Секингина келар-у кириб, Уйғотади онажонимни Янги куннинг бўйин уфуриб. Онам туриб ширин жилмаяр, Кулгисида хижолат, раҳмат. Қизалоққа айланар онам Шу илоҳий дамларда фақат. Ҳовли, супа, тўрт дарахт – бир боғ. Онам секин урчуқ йигирар. Деразага қараб қўяр гоҳ, Гоҳ ўзига ўзи гапирар. Истаги зўр келиб гоҳида Дарвозага томон етаклар Ва ноумид қайтар чоғида Маъюс тортиб қолади барглар. Япроқларнинг содиқ унига У жимгина қулоқ тутади. Дарвозага бот-бот кунига Ўзи билмай келиб кетади. Ўтолмайди ҳовлидан нари, Тўрт дарахтга тўлмайди кўнгли – Келар бўлса, барглар сингари Ёлғизлигин билмасин ўғли. Яна сендан узоқда, Кўп хаёлга банд яна, Шеър ёзиб ўтирибман, Сени соғиниб, она. Нечун менга сўйлардинг Тун, ҳилолнинг тилидан? Алпомишга кўз тиккан Қалмоқларнинг элидан? Атрофда тун, тинч ҳаёт Секин-секин оқмоқда. Деразамдан яримта Ҳилол маъюс боқмоқда. Нечун у бунча ғамгин, Безовтадай кезади? Бу кезиш тафаккурим Яра бўлиб эзади. Ерга тушгиси келмай Учиб юрар хазонлар, Кўксимга бош суқмоқда Бошпанасиз армонлар. Сен шоирмидинг, она?! Армонларинг ҳадсиз, мўл. Илғаяпман, ҳаётинг – Мушт бўлиб тугилган қўл. …Демак, кетиш керак. Кетаман. Вокзалга йўл оламан шошиб. Кассаларда одамлар тирбанд, Каъбадай муқаддас кассалар қоши. Кимнидир туртаман, кимдир туртади, Кассирнинг дийдори бир умрлик йўл. Кимнингдир кутмоққа сабри етади, Менда-чи, тугаган. Ва силтайман қўл. -Қаёққа оласиз? -Ўшга. -…(«Минг афсус») -Кечирасиз, балки йўлимиз бирдир? Навбатни мен эмас, чиқарган улус …(«Файласуф экан-ку, йўлда жин ургур») Кассага яқинроқ турган бир содда Талаба йигитга ишора қилиб, Сулҳ таклиф этаман ва ўтиб олдга Орага кираман аранг суқилиб. Кимдир пўнғиллайди ёшлар ҳақида, («Кексайиб туғилган чоғи энағар») Турфа хил нигоҳлар тегар орқадан, Лаънату ва ундан баттари ҳам бор. Пулни узатаман: -Қаршига. Битта. -Общий. -(«Сенинг нафсинг»). Энди, илтимос. У менинг кўзимга боқар, албатта, Қайтими қолади дегандай, холос. Тешиб чиқсин дея мен ҳам кўз билан Билетни оламан плацкартнийга. Ўз-ўзимга оқ йўл тилаб қўяман: Саломат етсак бас, қадрдон уйга. Тошкентдан «Тожик»ка ярим кунлик йўл Эҳтирослар ичра кечади осон. («Қишлоғим, мен сенга қайтяпман буткул, Кўргим келаяпти сизни, онажон!») Она, сочингизга юзимни кўмиб, Соғинчнинг бўйидан тўйиб ҳидлайман. Айтган гапларингиз жойига қўйиб, Сизга деб, сизни деб хизмат қилгайман. Майда деб ҳеч қачон ўгирмасман юз, Сув ҳам келтираман, ўтин ёраман. Қанчалик серташвиш келса келсин куз, Пода боққани ҳам ўзим бораман. Томларнинг қорини курайман ўзим, Мўрини поклайман ҳар гал қурумдан. Ёнингизда юрсам порлагай кўзим – Безовта бўлмасман ўтган умримдан. – Салом! Онагинам! Мана, мен келдим. Ўзимни келтирдим сизга бутунлай. («Сочларидан ўпмоқ учун эгилдим, Сочлари – ёришган саҳардай, кундай»). Бу йўл сўнгги. Бу сафар сўнгги. Битигим битмагай энди. Куй айтиш чанқоғи сўнмас, Аммо кўнгил сазаси синди. Кўнгилда йўл азоби зўр, Вале қайтмоқ хиёнатдур. Ўзим синдиргум созимни, Огоҳ этинг тумонатни. Аҳли ғаммозда ор нетсин, Ажабмасдир, баланд илки. Аларни ҳуркитиб қўйди Менинг кўкка ўрлаган кулким. Модомики, куйлаган эрсам, Овозим афлокдан йитмас. Кўнгилни айладим басдур – Юкинмоқни ихтиёр этмас. Кўнгил – кўнгил. Писанд этмас Ўлимларни. Сиз-чи, ғаммозсиз. Токи, халқ бордир очунда Демак, ул қолмагай овозсиз. Кўнгилда йўл азоби зўр, Вале қайтмоқ хиёнатдур. Ўзим синдирдим созимни, Огоҳ этинг тумонатни. *** Кўнгил ҳаволанар, дод, дейди жисмим, Ер – Ватан, қучоқлаб ёт, дейди жисмим. Кўнгил сенга ағёр, ёт, дейди жисмим, Жисмимнинг сўзидан дил пора-пора. Айролиқ ер билан осмонлар қадар, Жисмим дилга сўзнинг наштарин қадар, Мен кўрмадим бундан буюкроқ кадар, Жисмим ҳар он дилим тортади дора. Тангрим, мадад бер, бу мангу низодир, Жисмим дилга тинмай чуқур қозадир, Жисм ғолиб келса, кўнгил озадир, Туним тийра бўлди, кундузим қора. Кўнгил меникидир, мен ҳам у тараф, Жисмим ҳам бегона эмас-ку, ё Раб. Бу ҳолга бўлмагай бепарво қараб, Қай зот топиб берар бу дардга чора.
2020-09-29
http://nodirabegim.uz/archives/3078
Денгизлар ортига кетдим кўмилиб, Сатҳида кул бўлдим, ивимаган кул. Бир ишқ истар эдим ва битта ёниш Ўтинчим учун. Қайиқлар ўтади юрак чайқатиб Ва осмон гумбурлар, бошланар жала. Севмоқлик энг олий қонунларимга Қурилган қалъа. Нураб бораяпман баҳор йўқ, ёз йўқ. Йилимда мужассам фақат бир фасл. Куз… Юракcиз вужудда гулхан ва олов Ёнар муттасил. Денгизлар ортига кетдим кўмилиб, Сатҳида кул бўлдим, ивимаган кул. Баҳорсиз кунларга ўт қўйиб юбор Муҳаббат учун. *** Кўчага чиқсаму ҳеч ким бўлмаса, Бекатда ўтирсам, кимсасиз, ёлғиз. Узоооқдан кўринса, қувониб кетсам, Мен кутган рақамcиз автобус. Кетсам, барчасига қўл силтаганча, Етсам, манзилимга беғам, бешикаст. Ҳеч кимса чиқмаган бу йўлларимдан Бир девор чиқсаю, бошим урсам, бас. Бош урсам, иқрорлар томса кўзимдан Қаровсиз бу кўнгил бахтга тўлмасми? Гар ортга қайтмасам, ҳисларим учун Гуноҳ бўлмасми? *** Бизлар кимдир учун синовмиз дединг, Юрган йўлимизни синов қилишди. Кимдандир, недандир истаймиз таскин Ва кутиб яшаймиз ойнинг ўн бешин. Сўнг бахтга боқамиз, ҳадик аралаш, Сукунат бошланар, бошланар жимлик. Негадир, билмадим, нима учундир, Ҳисларинг кўнглимга бермайди тинчлик. Мен ортга боқишдан қўрқяпман жуда, Бугундан ҳайиқиб яшаганим рост. Сен ҳам бир дақиқа мен бўлиб айт-чи, Синовлар синовга қандай берар дош? Гоҳ нафас оламиз ноодатироқ, Қуёшга терс бериб, ботмаймиз Шарққа. Ўн беш кун ўтгунча мажбурмиз, дўстим, Ўз ўтимиз ичра ёниб яшашга. *** Денгизман, қирғоғим юракдан нари, сатҳимда болалар чалажон ҳислар. Менинг тубим чексиз, чексизлигимда дилоёқ сузади эркликни истаб. Денгизман… негизим борлиққа бориб тақалар, шивирлашим қўшиқ, жимирлашим рақс. Отамдан, онамдан ўтган бахт менга тўлқини тўхтамас денгиз бўп яшаш. Кўзингда акс этган дардман ё бахтман, ўзига ичиккан соғинчман- ноёб. Бир ишқдан мавжланиб оққан Денгизман, юракдан ташқари қирғоғим дунё. денгизман… *** Сен жим дединг, жим бўлдим, Чўққи эдим, қир бўлдим. Бахт эшигин очганда, «Киринг» эмас, кир бўлдим. Сездингми? Само бўлди юрагим, Дарё бўлди юрагим, Лек жанггоҳга кирганда, Ерга тегди курагим, Эздингми? Аламларни ютардим, Нигоҳларинг кутардим. Бир бор келиб ёнимга, Кет десайдинг кетардим. Бездингми?
2020-02-10
http://nodirabegim.uz/archives/3091
*** Кетдик Қалдирғочнинг мунг тушларига Токи кетмагунча от чоптириб қиш. Бардошинг етмагай, қорсиз осмонлар Руҳсиз ўйларингни айласа тафтиш. Кетдик Тақвимига ўт тушган юртга. Бунда «бугун» лар ҳеч яшамас ҳануз. Шонли эрта(к)ларга сўзсиз андармон Жасадлар яшагай ― тушлари маъюс. Кетдик Болаликни кўмган йил томон, Ғуборсиз нафаслар ― энг гўзал тилсим. Варраги илиниб симёғочларга Йиғлаган гўдакни овутайлик жим. Кетдик Айтилмаган шеърлар қўйнига, Токи ёлғон азон тингламай шу тоб, Мудроқ кўзларингга чўғ қалагувчи Сўзларга қуяйлик чимдим изтироб. Кетдик… *** дан 1. Тоғларнинг бағрига тўкилган осмон, Айт, оғир келдими ер билан дийдор?! Сен кимнинг кўзёши, Андуҳи кимнинг, Кимнинг кўзларидан оққан истиғфор? Ҳайқир, бедилларнинг оқизоқ туши Кўзларингга тупроқ тортганда такрор. Бағрингда ишқсираб тўлғонган тошнинг Сингроқ ўтинчлари келганда малол. Токай, денгизларни кўзлар нигоҳинг, Кўксингда титранар томчилар бунча? Саҳролар қадами етмайди, ишон Уфқнинг манглайига лабингни босиб ўзинг денгизларга эврилмагунча! 2. Бир дам Томири увишар йўлларнинг, (Борлиқ бир фожеъга ҳануз интизор) Юзлари оқарган ҳавога Бир оҳанг чизади қўлларинг. Ёрилар тупроқнинг қақраган лаби ташна илдизларда етилар фиғон. охир бағрин тилка-пора қилган заминдан атрофга сачрайди мовий-мовий қон. 3. Эҳ, бу кўзгу сукунатнинг маҳрига тушган. Илдизида ҳар кун энтикар титроқ. Тўлқинни етаклаб юргиси келар Бироқ… Бироқ, чуқур дарё кўрмайди шиддат Соҳилнинг тизгини қанотинг боғлар. Қачонгача тилинг тушовлаб ўтар зилзилалар туққан манави тоғлар? *** Айтилмаган ҳар иқрорнинг залвори бор Айтмагунча тугамайди сафар, билсанг. Танглайда занг босган асрий сўзларинг айт Куйла, харсанг! Ҳали замин қулоғига чалинмаган бир асрор бор — Таъбирининг кўзи юмуқ. Қамишларнинг томоғига беркитганинг Куйла, қудуқ! Бу даштларнинг ўнги келмас тушлари мўл Ҳар саҳарда кўзлари ёш, минг таассуф. Уйқу билан ҳазил қилган бу қисматни Куйла, Юсуф! Ҳали лабим тегиб-тегмай исён қўпган Етмиш икки томиримни айлаган ром. Бу мавжингда ўзим чўкиб кетмасимдан Куйлагин, жом *** Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?! Ҳаловат суқилиб кирар тобора. Нега андуҳларинг умид рангида Ойнинг ўн бешимас, ўттизи қора. Наҳот, тақвимингда бахтли сана бор?! Ўйлардим: азобга қорилган лойинг. Ҳиссиз шимолдаги дўнг қабрдамас Эркнинг тиғ етолмас кўзида жойинг! О, сен фуқароси эмасдинг Ернинг Ҳисларинг – самовий, маконинг – янглиш. “Сендай юракларни асраб қолмаган Дунёга ҳар куни ўқийман қарғиш”.¹ Туғён умидингда минг битта ямоқ Дафтарим қатида ғам атак-чечак. Эҳтимол, шеърлари кўзга айланиб Сендан ҳамон мактуб кутар Пастернак. Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?… *** Қалдирғоч бўғзига тиқилар баҳор Ер милкин ёрарга ялпиз ҳижолат. Татирми боғларга кўклам, тун бўйи Бир қиз тиззасини қучади фақат. (Шу оқшом чўкади кимнингдир кўнгли) Кеча манглайига битмоқ учун шеър юлдуздан сўз тилар, оҳанги – фурқат. Уф тортиб, сахарда синдирар қалам, сиёҳин илинмас тунлар – бешафқат. (Шу кечда чўкади кўзинг ич-ичга) Қушларга энтикиб тикилади дашт қанотини кўриб қақшар кураги. Дилгир илдизига битта сўз айтмай тун бўйи пиқиллаб чиқар юраги. (Шу кеча чўкади тоғнинг елкаси) Бобонгнинг эртагин эслатар осмон Ёдинг киссасига жим тиқасан қўл. Кафтингга илашмас асов лаҳзалар Энди фақат хаёл — сенда қолган йўл. (Сен эса бехабар, чўкар дўнг қабр) *** Тоғлардан ўрганиш мумкин бемалол: осмонни кифтида тутиб турса-да фитратин сукутга йўргакламоқни. Ва яна мумкиндир жим таскин бермоқ денгизга қадами етмагани-чун, Тўлқинни туш кўриб, оғриса жони. Юпанч бўлиш мумкин ёнида унинг тупроқлар чирмаган илдизи қақшаб, асрий чилласини қарғаган они. Уҳ тортиб қучоқлаш мумкин, бош қўйиб ой бўсасин берган кенг лабларига Одамнинг жунбишга келганда қони. О, уларга ҳасад қилмаслик маҳол Пойига минглаб кас изин босса-да ҳануз тоза қолгай, мағрур забони.
2020-05-10
http://nodirabegim.uz/archives/3099
Кузатганмисиз ҳеч, Қуёшнинг ботишин, Тўққизинчи қаватда туриб… Ёки ишдан қайтар чоғингиз, Одамлар орасида юриб. Ярми қизил, ярми қора, оқ, Сарҳадсиз йўлакка ўхшайди. Нигоҳлар чопқиллаб етса осмонга, Йўлига чиройли гилам тўшайди. Учгингиз келади, ўша гиламда, Сизга яқин турган осмонни қучиб. Юрак олови ҳам, ўчар бир зумда, Булут кўзидаги томчини ичиб. Қайтгингиз келмайди, хаёл юртида, Бир умр қолмоққа тайёр бўласиз. Чиқинг, тўққизинчи қаватга сиз ҳам, Қуёшнинг ботишин кўрасиз. Чайқалади бир бош узум, танасидан Кечмоқликка шайланади тўп-тўп этиб. Отам кўкка ялинади: “Тўкилмагин Болагинам тезроқ келса эди етиб”. Чуғурлашар завқи ошиб қушчаларим, Ўғирламоқ ниятида айланади. Йўлим пойлар отам ҳар кун ҳориб-ҳориб, Ишкомдаги узум каби қийналади. Йиқилади бир-бирларин суяб барглар, Совуқ шамол аямасдан қамчилайди. Кўйлагини ёяди куз боғимизга, Отам эса юрагини ҳовучлайди. Қанчалар югурмай, қанчалар елмай, Шамолнинг йўллари очилиб кетар. Ишкомда қийналиб бир бош узум-эй, Отамнинг кафтига сочилиб кетар. Чойнаклари тўла иссиқ чой, Пиёласи ҳамиша тоза. Она ўзи бир тишлам нон ер, Ичар чой ҳам, мабодо қолса. Орзуланиб кузатар қизин, Ғурурланиб кузатар ўғлин, Отасига ўхшар, деб баъзан, Суф, куфлайди кўксига ўзин. Осмон кулар, кузатиб баъзан, Қуёш эса оловин санчар. Она бағри кенг, осмондан ҳам, Қайтаради меҳрдан ханжар. Болаларин ўтказиб тўрга, У пойгакдан ўрин олади. Бу дунёдан ўтгач оналар, Уй тўрида мангу қолади. Сен кимнинг қизисан, Хиёнат, Қайғу, алам, нафратни. Онангни исмини унутган бўлсанг, Айб фақат муҳаббатдами? Гирдобида қолиб тунларнинг, Рангларида юзларинг куйган. Пўртаналар ичра сездирмай, Сени отанг йўқотиб қўйган. Шундан бери ясаниб тунлар, Ҳар кўнгилга бошинг суқасан. Кириб олиб қалбнинг уйига, Хиёнат-чаларни туғасан. Уларнинг на бешик, беланчаги йўқ, Хўрликлар сийнасин тутиб боқади. Ҳар бир дақиқаси афсусларга тенг, Қонида гуноҳлар юки оқади. Аммо кимдир сени интиқ кутади, Келсанг елкасига опичлаб яшар. Хиёнатни қаттиқ севган одамнинг, Бир кун юзларига тошмалар тошар. Аёл -осмонингда балққан ой эмас, Боғингда кўкарган энг дуркун дарахт. Барги юксакларга туташиб кетган, Уни узолмайин қанча дил карахт. Аёл -тоғлар каби кучга эгамас, Қалби пахтадайин оппоқ ва енгил. Ундан ҳеч нарсани сўрама асло, Унга фақат кўнглингни бергил. Ушлама қўлидан сўрамай йўқса, Хуркак охулардай қочиб кетади. Малика эмас у қасрлар қурма, Кўнглинг кулбасининг ўзи етади. Аёл ерда яшар, фаришта эмас, Кўкка учма сен ҳам, кел ёнида қол. Орзулар эшигин очгин кўрасан, Аёл энг чиройли, энг ширин хаёл. Жуда яхши кўрар ўзини, Баҳор, қиш, куз, гўзал ёздан ҳам. Нима бўпти етмишу саксон, Ошса эди ҳаттоки юздан. Ҳаёт жуда бешафқат дейди, Сўзларини ўраб лофига. Асли ҳаёт боғичин ечиб, Солиб қўяр ўзи қопига. Бошинг тошдан бўлсин, деб алқаб, Боши билан тошни ёради. Ёпиб ёзнинг эшигин шартта, Кузда лойдан хамир қоради. Гоҳо ундан кучли нарса йўқ, Ҳатто тешиб ўтади тоғни. Истаса у гуллатар, аммо, Истамаса қуритар боғни. Дейди зўрман, уриб кафтин кафтига, Пеш қилади кўпни кўрганин. Лекин дўстим билармикан, у, Осмоннинг панасида юрганин. Машина, трамвай, автобус, Унда кетмоқликдан дўстим кўнглинг уз. Нима бўлар яёв борсанг, манзилга? Қара кўча гўзал, ахир ҳозир куз. Барглар сени кутиб, сарғайган кўйи, Йўлакка бағрини бериб ётибти. Бахтинг автобусдан сирғалиб тушиб, Сени хувв бекатда кутиб турибти. Бахтинг ҳам тиғиздир вақтингдай ахир, Кеч қолсанг бошқаси тутиб олади. Тезроқ автобусдан тушиб қол, йўқса, Сени кутиб турмай кетиб қолади. Унинг юраги йўқ, Фақат томири, Бир сиқим тупроққа айланган холос. Баъзан нафас олар, Баъзан эса тин. Сезмайди кундузми, Ёруғми ё тун. Унинг ватани йўқ, Фақат барги бор. Бармоқ теккизсангиз учиб кетгувчи Кўнглининг тубида оғир гарди бор. Ойналар ортидан мўралаб беҳол, Қуёшга интилиб кутиб яшайди. Унга куч бўлолмас, на сув, на хаво, Ўзининг қаддини тутиб яшайди. Қишда уйга кирар, баҳор ховлида, Изғирин елига ўзин отади. Бир қатим нур унга ҳаёт бағишлар, Барглари узала тушиб ётади. Унинг юраги йўқ, Фақат томири. Бир сиқим тупроққа айланган холос. Ёдидан чиқади, гоҳо ҳамманинг, У ёлғиз аёлнинг, Шериги холос.
2020-07-10
http://nodirabegim.uz/archives/3112
Кичик шуъла кўринди кўкда кутилмаганда икки шох аро, шохчаларнинг ўткир учлари ўйиб ўтди нурли пардани, ва уларнинг бошида бу дам баланд, пардай енгил самовот – Ҳавони туй. Ундан анқийди оқ қарағай ҳиди, шубҳасиз жуда ўткир, шамол эсганда ва овози жуда ҳам ғалат худди, худди кинолардаги шамол эсган каби туюлар – Ҳаракатланар соялар. Арқон ғичирлайди ел-ла ҳамоҳанг. Сиз ногаҳон эшитган овоз булбулларнинг овози, балки, нари санар мода қушларни. Арқон ҳаракатланар. Тўрли беланчак Зич боғланган икки қарағай дарахтлари оралиғида. Ҳавони туй, ундаги ҳид бу оқ қарағай ҳиди, шубҳасиз Қулоғингга чалинган сас бу онажоним овозими ё… ёки, ёки шунчаки сокин дарахтларнинг садоси балки, ел ўтганда улар оралаб. Лекин, йўқлик ҳукм сурганда қандай овоз чиқарар шамол?.. Кўзинг тушганида – тоғлар бошида шумтоллар қип-қизил, ғуж мева қилган ва ўша лаҳзада хира кўк узра қушлар кетиб борар – тунги кўчиш бу. Манзара оғриқли ўй берар қалбга, марҳумлар уларни кўролмас энди – бу видо фақат биз тирикларга хос… Қушлар ғойиб бўлар олис кенгликда. Шундан сўнг руҳингни қандай овутсанг нима деб юпатсанг, алдасанг қандай?.. Ҳаёт шундай бўлса шунчаки борлик шунчаки мавжудлик энди кўп оғир… Икки аёл бир шикоят-ла, Келмиш доно қирол олдига. Бу иккиси талашар бирдек ёлғиз битта гўдакни, э воҳ, “меники” дер пул талашгандек! Қирол сезди, бири шубҳасиз Алдар эди қўрқмай Худодан Сўнг у деди боқиб синовчан: “Келинг, уни бўламиз икки – ҳар бирингиз чиқарсиз эга!”… Шундан сўнг у шитобла дарҳол, Қиличини суғурди қиндан. Аёлларнинг бири тап тортмай Кўнди рози бўлгандек бундан… …Дейлик, дейлик шундайин ҳолат Бўлган сизнинг ҳаётингизда – сиз кўрдингиз синглингиз бебош талашганча она меҳрини, бўлмоқ истар ҳатто ўзаро! Сизнинг эса қалбингиз вайрон ва кўнасиз онангиз унинг якка-ёлғиз пуштипаноҳи… Мушфиқангиз билган бўларди қай бирингиз чин фарзанд унга – ахир, инсон чидолмас Она бўлинганда қараб турмоққа… Мен сизга бир нарса айтаман: ҳар кун одамлар ўлишар сўнг бошланади: Дафн уйларида туғилар ҳар кун янги бевалару, янги етимлар… Ва улар ўтирар қўл қовуштириб, янги ҳаёт ҳақда ўйлаш ва кейин қарор қилиш ичра уринганича. Кейинги манзара – қабристон, кимдир умрида илк бора келмоқда бунга. Улар қўрқув ичра йиғлар, баъзан йўқ. Кимдир энгашади улар бошига сўрар нима қилиш кераклигини, Ким эса шунчаки нимадир дейди, баъзан тупроқ сочар очиқ қабрга. Ва шундан сўнг ҳамма қайтади уйга – қайсики тўлган у йўқловчилар-ла. Аёл ўтиради жуда улуғвор, қаршилаб келувчи одам сафини Кимдир қўлин тутар, кимдир қучар жим У эса сўз топиб айтади “раҳмат”, ҳурмат қилишгани, келгани учун. Ич-ичдан, юрагин қаъридан эса хоҳлайди орқада бўлиб қолишни– қабристон, кутиш хонаси ва касалхона… Билар у бунинг ҳеч йўқдир иложи, Аммо, унинг айни ёлғиз орзуси ортда бўлиб қолиш ва нафис, тотли никоҳ кундагидек ажиб илк бўса… Мен бера олмаган у қай бир нарсани сенга бера олар экан от? Қачонки ёлғиз бўлсанг кузатаман мен сени; Ферма орқасидаги кенгликда чопаркансан Қўлларинг кўмилади байталнинг сағрисида, қора аёлникида. Ва ўшанда сезаман сукутинг ёлғонлигин – нафратланган, ижирғанган мендан ва турмушидан. Хоҳлайсан азоблашни ва қийноқдан титрашим – илк висол кечасидек… Аммо, қачонки, сенга боқарканман кўраман – бола йўқ вужудингда… Бўлмаса унда нима? Менимча, ҳеч нима йўқ, бор бўлса, фақат нафрат ва яна мендан аввал ўлиб кетиш истаги. Тушларимда кўраман, қуруқ кенгликлар бўйлаб чопасан от устида ва сўнг ундан тушганча Иккингиз бирга-бирга борасизлар шу зайил Зулматда, аммо сенинг соянг ҳеч йўқдир унда, Аммо, соялар мени таъқиб қилар, сезаман Тун ўтгач кетишади улар қаерларгадир Шубҳасиз, улар ўзин эгасидадир бу дам. Менга қара, ўйлайсан, тушунмайман мен ёки? Ҳаётимиздан сира кетмаяпти, сенингча, бу ахир ҳайвон бўлса?..
2020-10-15
http://nodirabegim.uz/archives/3146
Унинг исми-Осмон, Кўплар наздида. Қароғин қорайтар ойдан ёруғ тун. Жисмин безаб турар кибор қиёфа. Бироқ, Мағрур нигоҳида кўриниб турар, Кўзи саҳросида қақраётган мунг. Кўнглига қўл солар мажнун шамоллар, У-чи? Қалбин ўрар оташ шафаққа. Покиза Ишқ сўрар Парвардигордан, Хаёл рангларини ўрайди оққа. Унга ҳавасланиб тикилади тонг, Сўрар: «Юзларингни чаядими сут?» Уни эса қийнар тобора қаттиқ, Онг-у шуурига санчилган сукут. Тупроқнинг соғинчи яшайди, шаксиз, Кўнглининг минг битта ҳужайрасида. Шунданми, кибриё, мағрур нигоҳи, Мавжланиб туради мунг дарёсида… Унинг кўнгли –Осмон, Кўплар наздида… *** Жимман… Ўлим сукунати чўккан оламда, Хонамда милтиллар сўник мум шами. Юзимда, кўзимда, мазлум жоламда Кўнглим розларининг аламнок таъми… Муаллифман дилим кундалигига, Хотираларимни тўкаман бир-бир. Изтироб чекади- заифам толзор, Собит ёдномадан япроқлар қалқир. Бир пайтлар бошимдан ёғиларди бахт, Армоннинг мен билан бўлмасди иши. Коинотим эди-мағрур дарахтлар, Мен эса сайроқи, шўх Чолиқуши. Ёдимда, болалик, ўсмирлик чоғим, Иттифоқо сенга қаттиқ боғландим. Шомнинг кўзларидан ўпдим баногоҳ, Фалакда ой юзи каби доғландим. Сармаст эдик, тоъле, борлиқ, ифордан, Шодаранг боғимиз иқболга соя. Беҳад мамнун эдик оташ баҳордан, Поёнин билмаса дердик ниҳоя. Бироқ бир кун менинг шодлигим тинди, Кўлага эргашди қўрқинч соядек. Кипригимга хазон тўкилди, инди, Қисматим туғдирди мисли доядек. Қара, мижжаларим тўлдирди ногоҳ, Ёлғонларга дўнган синиқ нигоҳинг. Яхшики вақтида бўлибман огоҳ Билмайин ўтардим пинҳон гуноҳинг. Сенинг сариқ гулинг қанчалар ўғри, Ўғирлади менинг маъсуд дамларим. Ҳижронимда моъне қолдириб кетдим Алданган туйғунинг бутун камларин. Сўнг кетдим… Ишқимнинг қийноғин ютиб, Пешонам урилди қишлоқ пойига. Сенсиз, хотирангсиз, нурсиз қутбнинг Кимса кўрмас, кўз илғамас жойига. Комрон, бахтлидирсан, менсиз, биламан, Балки сен ҳам мендек «бахтли» бахтсизсан. Умидим узолмай қалбим тиламан, Бир бор йўқламоққа дилсиз, шаҳдсизсан. Ўйларсан.. У кунлар унутилмас туш, Гоҳ маъюс, гоҳ қалбни чароғ этади. Сўйларсан… «Чолиқуши англаб бўлмас қуш, Ҳаётим бағридан бевақт кетади». Қайданам билардинг, вафосизлигинг Сабабкори бўлган рутубатларим. Кўзларим тубига чўкиб кетган у Ўзга, ёт элдаги уқубатларим. Вужудим ғурбатнинг бўйидан сармаст, Дарддан тетиклашиб ғайратланаман. Комрон, билсанг, ёлғиз сендангинамас, Сен бор ерлардан ҳам нафратланаман. Дерлар: «Муҳаббатга нафрат-ла ёндош», Недир тиқилади томоқ, бўғзимга. Жоҳил юрагимга соғинчинг адош, Баъзан тушунмайман ўзим ўзимга. Аслида хоҳлардим, мени деб ёнгин, Юрагингни қилгин мен учун тортиқ. Сўнгсиз меҳрим ила дилдан истадим, Мени севишингни мендан-да ортиқ. Аммо… бари хаёл, бари туш, эртак, Кўзларим очаман, яна Сенсизлик. Қалбим совқотганди, сенинг ўрнингга, Мени қучиб олди улкан Ёлғизлик… Кимман… Ҳаёт сукунати чўккан оламда, Хонамда милтиллар сўник мум шами. Юзимда, кўзимда, мазлум жоламда, Кўнглим розларининг аламнок таъми… Балким Сен ҳам мендек хазин аҳдсизсан, Бир бор йўқламоққа дилсиз, шаҳдсизсан. Бахтсизсан… *** Кўнглингизни тақиллатаман, Нурли кавкаб порлаган чоғи. Мустаҳкамми қалб дарвозангиз? Чалай десам… йўқ қўнғироғи. Атрофида куз ҳукмрон, куз, Сариқ, зангор япроқлар учар. «Дилафгорим, бу муҳитни буз», Сўзларингиз кўнглимни қучар. Кўнглингизни тақиллатаман, Юзтубан йиқилар мажнунтол. Бардош отлиғ дўстга муҳтожман, Юрак зарбим уради ночор… Ёнгинамдан ўтиб кетётган, Йўловчи вақт оғир хўрсинар. Кипригимда ўша оғир тош, Кипригимга изтироб инар. Кўнглингизни тақиллатаман… Хазонбарглар балки дилхатдан Тўкилади пойларимга жим. Ва ниҳоят оний қисматдан, Элчи бўлиб чиқар Аллаким. Кўнглингизни тақиллатаман, Кўнглим сим-сим оғриган чоғи. Мустаҳкамми қалб дарвозангиз, Чалай десам… йўқ қўнғироғи… *** Қўрқув нима? Юзин кўрганлар борми… Қалт-қалт титраётган асов тулпорми? Ёки муштдек қалбни нимта-нимталаб Исканжага олган даста озорми? Кузатганмисиз ҳеч қўрққан инсонни, Бировданмас айнан пок виждонидан. Ҳақиқат йўлидан кетаётир у Борар эзгуликнинг ломаконидан. Қўрқув бу-жасорат, чинакам мардлик, Қўрқув-ҳаяажоннинг сархил меваси. У бор, масъулият дилга ҳамдарддир, Юракларга дарддош тили, шеваси. Оғир… бениҳоя, Жуда ҳам оғир. Уйғоқ виждон билан яшамоқ оғир. Олаётган нафасим ҳалолмикан деб, Нафсни таслим этар жафокаш бағир. Мен эса дунёга келгандан буён, Дунёни билмаган эрка йўрғаман. Қалбида кири йўқ, соф одамларнинг Кўнгил оғриғидан беҳад қўрқаман..
2020-08-14
http://nodirabegim.uz/archives/2870